Форма входа

Поиск

Календарь

«  Апрель 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 00:48
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2014 » Апрель » 12 » 61-дақиқани кашф этинг
16:16
61-дақиқани кашф этинг

61-дақиқани кашф этинг

 

«Ноёб» имконият

Кабиса йили арафасида бир дўстим ғалати гап айтиб қолди:

— Бу йил барчамиз учун омадли бўлиши аниқ. Негаки, ҳаёт завқидан кўпроқ баҳра олишимиз, улгурмаган  ишларга улгуришимиз, бир-биримизга меҳр улашишимиз учун нақ тўрт йилда бир марта келадиган катта имконият — умримизга «қўшимча» бир кеча-кундуз ихтиёримизга берилган. Умримизнинг ана шундай олтин кунлари, соатлари, дақиқаларини асрайлик!

Унинг бу сўзлари анча вақтгача хаё­лимдан кетмай юрди. Инсон табиати қизиқ-да! Наҳотки, «ҳаёт зав­қидан кўпроқ баҳра олиш...» учун тўрт йилда бир келадиган кунни кутиш шарт бўлса?! Ахир йил, ой, кун, соат, дақиқа сингари тушунчаларни биз, инсонлар ўзимиз ўйлаб топмаганмизми?! Вақт деганлари қумсоат шишасига қамалган қум ёхуд осилганича тинимсиз чайқалишга маҳкум «капгир» эмас-ку?! Вақт — ўжар, қайсар, шафқатсиз... Биз ўзимизча кашф этиб олган тақвимлар, турли-туман шаклдаги катта­-кичик соатлару секундомерлар, ҳатто, сониянинг миллиондан бир улушини-да бехато ҳисоблашга қодир энг мукаммал ўлчагичлар ҳукмига бўйсунмай, жимгина «оқиб» бораверади. Аллақандай «чиқ-чиқ«, «ку-ку», «жиринг-жиринг»ларгина бизни огоҳ этиб туради бундан.

 

Умр «цент»лари

Ҳамкасбим иш айни қизиган пайти «сотка«сида ким биландир узоқ гаплашди. Ёнгинасида ишлаётганим учун унинг сўзларини эшитмасликнинг иложи йўқ эди. Афтидан шунчаки «валақлашди», холос. Бир маҳал ҳамсуҳбатига хайр-маъзурни насия қилиб, телефонини ўчирди-ю, мониторига тикилиб қолди.

— Нақ ўн дақиқа гаплашибман, — деди менга юзланиб. — Эсиз, йигирма цент...

Қизиқ! «Центлари»га ачинади-ю, олтиндан қиммат вақти елга совурилгани ҳақида ўйламайди ҳам. Ахир, умримиз дақиқалари мобиль атама билан айтганда, «секундлаб нархланадиган тариф»да эмасми?! Уни цент­лаб ўлчаб бўладими?

«Вақти йЎқ»

бекорчилар

Қиш — «танбал» фасл. Кун калта. Кечалар узундан-узун.

Печкада тараша чирсиллаб ёнади. Хонтахта атрофида тўрт қўшни. Шоир айтганидек, ўртада шам, кулдон, совиб қолган чой... «Кун ўтиши керакми?! Қаҳратон аёзда далага чиқиб кетмон чопмайсан-ку?! Фермернинг «отпуска«си шу-да...»

Ора-сира гурунг ҳам авжига чиқади:

«Қиш совуқ келиб, уйлар анча совиб қолди-да...»

«Кўчанинг бошидаги омонат кўприкда кеча яна трактор тойиб кетибди...»

«Ўғилча бекор ётибди. Ўқишдан «йиқилиб» келувди...»

«Ўн йиллардан бери азоб беради-да, шу белоғриқ. Ҳеч кетмайди...»

Ана шу тахлит нолиганча соатлаб вақтларини ўлдириб ўтиришаверади. Ҳолбуки...

Мавсумдан сўнг улардан бири вақти мўл бўлса ҳам даладаги тараша-ю, ғўзапояни уйига опкелишга «улгурмади». Яна бири йиғим-теримдан сўнг санаторийда даволанаман, деб қаттиқ қасдланувди. Даромад-ку яхши бўлди. Аммо «пулни бекорга совуриб зарил кептими?! Белга кепак қиздириб боссаям оғриғи қолаяпти-ку?!...»

Фермернинг таътили шуми? Бу одамлар қачон росмана ҳордиқ чиқаради? Қачон зиёрату саёҳатга чиқади? Қачон малака, тажриба оширади? Қачон шартнома муносабатларини тартибга солиб олади? Қачон китоб, газета ўқийди? Қачон боласининг кундалигини текширади? Қачон йўлни таъмирлайлик, кўприкни тузатайлик, трансформаторни алмаштирайлик, деган ташаббус билан маҳалла идорасига чиқади?!

Сўраб кўрсангиз, жавоб аниқ:

«Э-э-э... Вақт қани?!»

...Хонтахта атрофида ғийбатсифат гаплар авжга чиқади. Вақт деганлари эса печкадаги сўнгги тараша сингари чирсиллаб ёнаверади.

 

Ҳисоблашишга мажбурмиз

Ҳамсуҳбатимга газетада эълон қилинган вақтни бошқариш ҳақидаги мақолани ўқиб бераяпман:

«Куннинг охирида эртага бажаришингиз лозим бўлган асосий ишларни ёзиб чиқинг ва уларнинг ҳар бирини бажаришга қанча вақт кетишини ҳисоблашга эринманг. Келаси куни ҳар ўн беш дақиқада бажарган ишларингизни ёзиб боринг. Иш кунининг охирида ёки эртасига бажарган ишларингиздан қайси бири мўлжалдан ортиқ вақт олганини, вақтни йўқотиш билан боғлиқ кутилмаган вазиятлар қандай қилиб юзага келганини таҳлил қилиб чиқинг ва вақтни беҳуда сарфламаслик учун нима қилиш лозимлиги хусусида ўйлаб кўринг...»

— Эҳ-ҳе, — деб юборди оромкурсида эснаб ўтирган ҳамсуҳбатим. — Бекорчи одам керак экан-да бунга. Буларни ёзишга озмунча вақт кетадими?!

— Айнан шунинг учун ҳам, — дедим унга кетган вақтимга ачиниб. — Сизга ўхшаганларга «кун бўйи қилган ишингни ёзиб бер», дейилса, қалам тишлаб қолишларингиз аниқ...

 

Кунларимиз шунчаки бЎшлиқ эмас!

«Бўш вақт» тушунчаси негадир менга анчайин ғализроқ туюлаверади. Худди «бўшлиқ» деган сўз билан оҳанг­дошдай... Ахир, мазмунли ҳордиқ, мутолаа ёки спорт билан шуғулланиш ёхуд дўстлар, яқинлар билан дийдорлашишга сарфланган вақт асло «бўш» эмас. Менимча, вақтидан тўғри фойдалана олмайдиган, пала-партиш одамдагина бўм-бўш вақт бўлади. Бундай одам ҳаётдаги мақсадини ўзи ҳам тушунмаса керак. «Маънавий бўшлиқ» дегани ҳам айнан шу тоифа кишиларнинг онгида илдиз отади...

Дарвоқе, сўзимизни кабиса йили ҳақидаги фикрлар билан бошловдик. 29 февраль кўпчиликка йилнинг «қўшимча» 366-кунидек туюлаверади. Агар чин дилдан истасак, бундай «қўшимча» кунга ҳар йили, ҳар ойда, ҳар ҳафтада эришишимиз мумкин. Вақтимизнинг «қул»ига айланмасдан, уни тўғри режалаштиришга одатлансак, кифоя. Шунда бизда 61-дақиқа, 25-соат ва ниҳоят «ҳаёт завқидан кўпроқ баҳра олиш учун қўшимча кун» доимо бўлади.

 

Нуриддин ЭГАМОВ, Қарши шаҳри

http://od-press.uz/дан олинди.

Просмотров: 740 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024