Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 05:24
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2014 » Июль » 18 » АФАНДИНИНГ УЗРИ
09:42
АФАНДИНИНГ УЗРИ

 АФАНДИНИНГ УЗРИ

Профессор Абдуқодир Ҳайитметов ширинсухан, одамлар билан гаплашишни яхши кўрадиган инсон эди. Бир куни домла "Афандининг узри" деган бир ривоятни гапириб берди.

Қадимда бир подшоҳ бўлиб, унинг хос масхарабози бўлган экан. Масхарабознинг вазифаси ҳар доим подшоҳнинг кўнглини, кайфиятини кўтариб юришдан иборат экан. Бир куни подшоҳ ўз малайининг нималарга қодир эканини бир синаб кўрмоқчи бўлибди ва унга шундай шарт қўйибди: "Сен шундай бир иш қилгинки, сўраган узринг қилган ишингдан ҳам ёмон бўлсин..." Подшоҳ амри вожиб - масхарабоз кўп ўйланибди ва охири бунинг уддасидан чиқибди. Подшоҳ кечаси қоронғи, тор йўлакдан ўз ётоқхонаси томон ўтиб бораётган экан, масхарабоз орқасидан келиб, уни маҳкам қучиб олибди. Табиийки, подшоҳ ниҳоятда дарғазаб бўлибди: "Бу нима қилиқ?", - деб бақирибди у. "Узр, олампаноҳ! Мен сизни хотинингиз, деб ўйлабман"...

Бу ривоятни эшитганимга ҳам йигирма йилдан ошибди. Орадан йиллар ўтди, ҳаётимда ҳар хил воқеаларга, ташвишларга, ҳар хил одамларга дуч келдим.

Муҳаммад Раҳимхон Феруз шеърияти билан қизиқиб, уни кирилл имлосига кўчириш ишлари билан банд бўлиб юрган пайтларим эди. Бир куни ҳамкасбларимдан бири мендан тайёрлаётган илмий ишимни уч кунга бериб туришимни сўради. Мен содда қўлёзмамни бериб турадиган бўлдим. Бироқ, олимнинг гап сўнгида: "Буни устозингизга айтмай қўя қолинг", деган илтимоси менга ғалати туюлди... Бу ҳақда яқин бир ҳамкасб опамга айтгандим, у: "Нима учун ойлаб тер тўкиб қилган меҳнатингизни бировнинг қўлига беришингиз керак? Шарқшунослик институтига ўзи борсин, тер тўкиб ишласин, эълон қилинмаган қўлёзмани бировга бермаслик керак..." - деди.

Мен икки ўт орасида қолдим. "Йўқ", десам... Ҳали бу даргоҳда янгиман. У ёш олимларнинг раиси, эртага ишим тушадиган одам. Бунинг устига: "Майли", деб ваъда бериб қўйдим. Ҳар бир нарсани илмий раҳбаримнинг кузатувида ёзиб, рухcати билан матбуотга берардим. Домлага билдирмасдан қилинаётган иш юрагимни ғаш қиларди. Бир-икки кун у-буни баҳона қилиб, қўлёзмани олиб келмадим. Охири сўрайвериб жонимга тегди, олиб келишга мажбур бўлдим.

Соддалигим шу жойда менга жуда панд берди. Орадан бир ҳафта ҳам ўтмасдан бу одам газетада шу қўлёзмадан фойдаланган ҳолда катта бир мақола эълон қилди. "Мақолани ўқидингизми? - деб сўради мендан қўлёзмани бермасликни маслаҳат қилган ҳамкасбим. - Ўзбошимчалик қилиб, ўзингизга шунча панд бердингиз. Майли энди, бўлари бўлди, бундан кейин пишиқроқ бўлинг", - деди у куйиниб. Ҳали буниси ҳолва экан. Бир йиллик меҳнатимнинг маҳсули - Феруз шеърларининг сайланма нашри қўлимга теккан, хурсандчиликдан осмонда юрган пайтларим эди. Ҳамкасбларим орасида ҳам обрўйим бир поғона ошгандек, ниҳоятда шод эдим. Эрталаб ишга келсам, илмий раҳбарим мени ўз олдига чақириб: "Бугунги "Адабиёт ва санъат" газетасини олдингизми?" - деб сўради. - "Йўқ", деган жавобимга: "Нашриёт қўлингизга қанча китоб берган?" - деб қайта савол берди. - "Еттита", - дедим. - "Кимларга бергансиз?" Бир-иккита катта домлаларнинг исмларини айтдим. Домла жим турди-да: "Мана буни ўқиб чиқинг", - деди газетани менга узатиб. Мен ўзимнинг кабинетимга кирдиму, газетага кўз ташладим. Водариғ, унда мендан қўлёзмани сўраб олган олимнинг китобимни танқид қилиб ёзган мақоласи чоп этилганди. Мен шошиб-пишиб уни ўқиб чиқдим. Бундай пасткашликни ҳаётимда биринчи бор кўриб туришим эди. Мақола жуда шошма-шошарлик билан ҳали китоб юзини кўрмай туриб, ўз қўлим билан берилган қўлёзмани таҳлил қилиш асносида ёзилган эди. Унга қўлёзмани бераётганимда: "Бу охирги вариантими?" - деб сўраганди. "Ҳа!" деганимдан қаноат ҳосил қилиб, қўлёзмадаги бир-иккита имло хатоларини асос қилиб китобни танқид қилганди. Бироқ, унинг хабари йўқ эдики, қўлёзма яна бир олим томонидан кўздан кечирилган. Қўлёзмани нашриётга топшираётган пайтимда куюнчак бир ҳамкасбим, фидоий олим Алимулла Ҳабибуллаев: "Қани синглим, менга ишингизни беринг-чи, бир кўриб берай, бу шундай қийин ишки, қанча синчиклаб текширсангиз ҳам барибир хато ўтиб кетаверади", - деганди.

Мақола эгаси танқид остига олаётган хатолар китобда тўғриланган эди. Кўнгли беғубор одамни яратганнинг ўзи қўллаб-қувватлар экан. Мен мақолани олиб, домламнинг олдига кириб, воқеани айтдим. Домлам: "Мендан бемаслаҳат яхши иш қилмабсиз. Бу сизга бир сабоқ бўлсин, бундан кейин ҳар кимларга ишонаверманг", - деб танбеҳ бердилар. Шу куни танқидчи ҳар доимгидек катта портфелини кўтариб, хонага виқор билан кириб келди. Унга қайрилиб қарамадим, саломлашмадим ҳам. Мендан садо чиқмаганидан сўнг у бир куни ёлғиз ўзим ўтирган пайтимда хонага кириб:

- Гулсара, сиз мендан хафасиз, биламан. Мен шу мақолани ёзишга мажбур бўлгандим, - деди.

- Ие, ким сизни мажбур қилган эди? - дедим кутилмаган бу гапдан.

- Хотиним сиздан рашк қилавериб, ўзиниям, мениям еди, - деди у мунғайган ҳолда.

- Э, бу гапингиз жуда қизиқ бўлди-ю, қанақа рашк? Ҳеч қаерда ҳеч гап йўқ, сиз билан шунча вақт бирга ишлаб, бирон марта ёлғиз гаплашиб кўрмаган бўлсам? Нимага рашк қилади? - ўзимни тутолмай унга қаттиқ гапира бошладим.

- Менинг ҳам жонимга тегди, - деди у жуда тушкун ҳолатда. - Ҳозир ҳам қон босими ошиб, касалхонада ётибди. Уйимиз ғалвадан чиқмай қолди. Тўғрисини айтсам, китобингизнинг мақтайдиган жойлари кўп, бироқ мақтолмадим, - деди уялмасдан.

- Олий даргоҳда қандай қилиб ёшларга дарс беряпти бу аёл шу даражадаги кир кўнгли билан? Оилангиз ноаҳил бўлса, аламини бировлардан олманг-да. Аслида худо феъллларингизга яраша тақдир берган экан, сизларга, - дедим.

Тўғри, ўтиб кетган гапларни қўзғаш билан энди ҳеч нарса ўзгармайди. Бировнинг юз марта қилган яхшилигини унутиш мумкин экану, аммо бир марта қилинган ёмонликни эсдан чиқариб бўлмас экан.

Тавба! Бу кишининг қилган ишидан ҳам сўраган кечирими кўнглимни оғритди. Унинг бу иши менга худди юқорида ҳикоя қилганим афандининг узрини эслатди.

Кечирмаслик ёмон, уни кечирдим. Аммо, бу мунофиқлик эсимга тушса, ҳанузгача юрагимга оғриқ киради. Ким бўлишидан қатъий назар, барчага инсоф берсин.

Гулсара Убайдулла қизи

Просмотров: 834 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024