Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 01:06
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2013 » Август » 18 » БЕОЗОРЛИК НИҚОБИДАГИ ХАВФ
13:31
БЕОЗОРЛИК НИҚОБИДАГИ ХАВФ
БЕОЗОРЛИК НИҚОБИДАГИ ХАВФ

Мавзуга қайтиб
Газетамизнинг шу йил 14 феврал (7-(315)) сонида эълон қилинган «…изм»лардан «ҳирсизм»га… Ёхуд адабиётдаги ахлоқсизликлар» номли мақолани барча муштарийларимиз ўқиган эдилар. Мақола кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди, жонкуяр юртдошларимиз ушбу мавзу юзасидан мактублар, телефон қўнғироқлари орқали ўзларининг холис фикр-мулоҳазаларини, мақолага муносабатларини билдирдилар.
Мақолада ижоди бир қадар муҳокама қилинган ёзувчиларнинг ҳам исталган оммавий ахборот воситалари орқали муносабат билдиришга ҳақлари бор эди. Лекин бу муносабат 2012 йилнинг 15 март куни Ўзбекистон ҳақидаги нохолис фикрлар жарчиси бўлган «Озодлик» радиоси мухбирига интервью бериш орқали билдирилганлиги ҳақида бизга хабар келди. Ёзувчи Саломат Вафо ва таҳририятимизга: «Мендан газета орқали кечирим сўралишини ва раддия берилишини талаб қиламан. Раддия ўзимнинг ёки ўзим танлаган холис адабиёт мутахассисининг имзоси билан берилиши лозим», дея такаббурона талабнома жўнатган Ҳабиб Темиров жаноблари «Озодлик» радиосининг Шуҳрат исмли мухбирига (гўёки жабрдийда, туҳматга қолган одам сифатида) дардларини дастурхон қилибдилар.
Нохолислик билан, бир ёқлама тарзда тайёрланган бу эшиттиришдан сўнг бизда мавзуга қайтиб иш кўришга эҳтиёж сезилди.
Ҳар бир халқ ва ҳар бир жамиятнинг ўзига хос маънавий тарбия тизими бўлади. Ўз устида маънавий тарбия олиб бормаган миллат келажагини бой беришга маҳкумдир. Маънавий тарбия чуқур маъноли тушунча, унинг кўлами кенг. Маънавий тарбияда адабиёт, санъат турлари, тарихий анъаналар, миллий қадриятлар, ахлоқ-одоб тушунчалари, халқнинг ўзига хос хислатлари, албатта ҳисобга олинади. Ҳеч бир авлод миллий маънавиятни янгитдан яратмайди, балки ўз аждодлари томонидан яратилган маънавий бойликларни мерос қилиб олади.
Қайси халқ ўзлигини сақлаб қололмас экан, унинг мустақиллиги, озодлиги ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Шунинг учун ҳам Президентимиз «Миллий қадриятларни асраш керак», деган ғояни қайта-қайта уқтиришдан чарчамайди.
Огоҳ бўлишимиз керакки, бутун дунёда инсон қалби ва онги учун шиддатли кураш кетаётган бир даврда, бизнинг руҳиятимизга нисбатан қилинаётган маънавий-мафкуравий экспансиянинг усуллари ва йўллари ҳам тобора «маданийлашиб», нозиклашиб бормоқда. Ёвузликлар, ахлоқсизликлар, ёлғончиликлар, хиёнатлар чиройли бир тарзда тарғиб қилинган кинофильмлар, сериаллар орқали, радиоэшиттиришлар, газета-журналлар, бадиий асарлар орқали, интернет тармоғи ва бошқа йўналишлар орқали узлуксиз тиқиштирилаётгани – бизнинг миллий тушунчаларимизни барбод этишга, ёшларимиз ахлоқини дурагайлаштиришга, дунёқарашини бузишга қаратилган тажовуз эканини кўриб, билиб турибмиз. Айрим кучлар томонидан «демократия тарғиботи» шаклида амалга оширилаётган ишлар Ғарб турмуш тарзини тўғридан-тўғри тиқиштиришга айланиб кетаётгани ҳам сир эмас. «Демократия», «эркинлик» ниқоби остида беҳаёлик, уятсизлик, шафқатсизлик, зўравонлик каби ғайриинсоний тушунчалар «экспорт» қилиняпти. Миллатнинг яхшилик ва ёмонлик, оқ ва қора, савоб ва гуноҳ, рост ва ёлғон ҳақидаги азалий тасаввур ва тушунчаларини ўзгартиришга уринишлар бўляпти.
Орамизда Ғарб маданиятини қаттиқ ҳимоя қилувчи ғарбпараст элитани, интеллегенцияни шакллантириш эвазига ўз мақсадига эришишни ният қилган кучлар машҳур кишилар – санъаткорлар, ёзувчилар, олимларни ўз тарафига оғдириш, уларни Ғарб маданияти ва ғарбона турмуш тарзининг тарғиботчилари, ҳимоячиларига айлантиришга уринмоқдалар. Бунда консюрмеризмдан, яъни ўз миллий анъаналаридан кечиб, ғарбона турмуш тарзини ўзлаштирганларни, ғарб андозалари асосида яшовчиларни жамиятнинг машҳур ва таниқли қатлами сифатида кўрсатиш усулидан фойдаланмоқдалар. Лекин бизда жинси кийиб, пицца еб, CNN янгиликларини киприк қоқмай кўрадиган, Ғарбдаги эркин (аслида тийиқсиз), сиртдан ялтироқ ҳаётни зўр бериб мақтайдиган, ўз ижодига очиқ тўшактасвирларни тап тортмай олиб кирадиган одам – «замонавий шахс», «замонавий ижодкор», деб ҳисобланмаслигини ё билмайдилар ёки билсалар ҳам тан олмайдилар. Асл ўзбек учун Ғарбдаги юз эллик қаватли бинодан кўра Улуғбек мадрасаси йўлагига ётқизилган битта тошнинг, миллион долларлаб даромад топадиган, овози ўткир Ғарб қўшиқчисининг олтин дискка муҳрланган қўшиғидан кўра «Муножот»нинг, гамбургеру чизбургерлардан кўра бир бурда ширмой ноннинг қадри баландроқ эканини тан олгилари келмайди.
Миллий тарбияда «арзимайдиган нарса йўқ»
Маънавий ҳаётимизни издан чиқаришга қаратилган жиддий хатарлар аксарият ҳолларда ошкора кўзга ташланмайди, уларни ҳамма ҳам билавермайди. Лекин агар улар вақтида бартараф этилмаса, кейин кеч бўлади. Бу хатарларнинг энг каттаси -      Ғарб оламида кенг тарқалган, эркинлик ниқобидаги ахлоқсизлик фалсафасидир. Бу иллат инсониятга ақидапарастликдан кам зарар етказмайди.
«Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» рисоласида ахлоқсиз ғояларни ёйиб, халқни маънавий жиҳатдан бузишга интилишлар мафкуравий таҳдид сифатида кўрсатиб ўтилган. Демак, «кишиларга бузуқ ғояларни тарғиб қилиш, уларда одамийликка зид сифатларни қарор топтиришга бўлган ҳар қандай уринишларни ғоявий таҳдид деб баҳоламоқ керак» («Миллий ғоя ва раҳбар масъулияти», Тошкент. 2007 йил. 517-бет).
Ўтган мақолада бугунги кун адабиётида, тўғрироғи айрим ёзғувчилар асарларида ахлоқсизликлар тасвирига зўр берилаётгани ва бу масалада тартибга солиш тизимини яратиш эҳтиёжи кун сайин етилиб келаётгани айтилган эди, шу заҳоти демократияни байроқ қилиб, «эркинлигимиз бўғиляпти», «цензура таклиф қилиняпти», дея аюҳаннос соладиганлар топилди. Айримлар бўлса, бу бузилишларни «оддий ҳол», «эътибор беришга арзимайдиган нарса» сифатида баҳоладилар. Биз ана шу «арзимас нарса»нинг айни арзийдиган нарса эканини, миллий тарбияда майда-чуйда нарса бўлмаслигини, ўзбек халқи ахлоқсизликни табиий бир ҳол деб қабул қилишга асло тоқат қила олмаслигини таъсирлироқ тушунтириб беришга масъулмиз. Зеро, бугунги замон ҳеч нарсани ҳаспўшламай, ҳамма нарсага очиқ кўз билан, реал қарашни талаб этмоқда. Бундан ташқари, ўтган мақолада биз бир-иккита ижодкорнинг асари ҳақидагина баҳслашмаган эдик, баҳс анча жиддий масала устида – мустақил юртимизнинг мустақил адабиёти тўғрисида борган эди.
Навоийнинг бешигини тебратган эл адабиётни тушунмай қолиши мумкинми?!
Ғарбона маданият бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган ахлоқий қадриятларимизга зид бўлгани учун ҳам уни халқимиз қабул қилмайди. Аммо ҳали ўз ҳаётий ўрни шаклланиб улгурмаган ёшларимиз ҳақида бундай дейиш мумкин эмас. Чунки уларда ёт ғояларга нисбатан ижтимоий иммунитет ҳали заиф. Ғарбпарастлар айнан мана шу жиҳатларни кўздан қочирмайдилар.
Юртимиздаги Америка Қўшма Штатлари элчихонасининг «Дўстлик» номли ўзбек тилидаги нашрининг 2010 йил март санасидаги саҳифасида шундай ёзилади:
«2004 йилда чоп этилган ҳамда ўзбек адабиётида эркак ва аёл ўртасидаги интим муносабатларнинг аёл ёзувчи томонидан тадқиқ этилиши билан янгилик бўлган «Тилсим салтанати» романи муаллифи Саломат Вафо яқинда бутун дунё ёзувчиларига мўлжалланган дастурда иштирок этиб қайтиб келди. Айова университетида ташкил этиладиган ушбу дастур дунёга машҳур бадиий ижод дастурининг таркибий қисмидир… «Бадиий ижод» дастурининг «Орзудаги адабиёт» семинарида у «Тилсим салтанати» романини муҳокамага қўйди. Китобда Орол денгизи бўйида яшаган жангчи аёллар – амазонкалар жамиятидаги эркак-аёл муносабатлари тасвирланади. Ўзининг айтишича, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси роман нашр этилишига қаршилик қилган, чунки замонавий адабиётнинг зарур унсурларидан бўлган тақиқланган мавзулар тадқиқи анъанавий ўзбек адабиётига хос эмас.
- Бироқ «Шарқ» нашриёти «Тилсим салтанати»ни нашр этди ва у, айниқса, ёш ўқувчилар (!) орасида машҳур бўлиб кетди. «Йилнинг энг яхши романи» деб тан олинди ва рус тилига ҳам таржима қилинди, – дейди Саломат Вафо».
Эркак ва аёл ўртасидаги интим муносабатлар тадқиқ қилинганлиги учун нашр этилишига қаршилик қилинган бу асарнинг «ёш ўқувчилар орасида машҳур бўлиб» кетиши бизнинг хавотирларимиз, куйинишларимиз бежиз эмаслигини тасдиқламаяптими?
Ҳар қандай қудратли давлат ҳам ўз халқининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирган ўқ илдиз асосида бунёд бўлади. Ўзбек халқининг ўзига хослигини акс эттирувчи ўзак, ўқ илдиз – бу юксак ахлоқдир. Агар мана шу негиз (қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар) рад этиладиган, тан олинмайдиган бўлса, асл маънавият сиқиб чиқарилиб, унинг ўрнида мутацияга учраган «маънавият» пайдо қилиниши ҳеч гапмас. Кейинги йилларда давлатларни маҳв этишнинг шу усули урчиб бормоқда. «Биз барча олтинларимизни, моддий бойликларимизни кишилар онгини ўзгартиришга йўналтирамиз, – дея ёзган эди америкалик олим Аллен Даллес. – Инсонлар онгида бошбошдоқлик уруғларини сепиб, уларнинг қадриятларини сохта қадриятларга алмаштириб қўямиз ҳамда бу сохта қадриятларга ишонтиришга киришамиз. Аста-секин бутун бир халқнинг ҳалокати, ўзликни англашнинг йўқолишига гувоҳ бўламиз. Чунки биз шу халқнинг маънавий илдизларини қўпориб ташлаган бўламиз» (В.Лисичкин, Л.Шелепин. «Третья мировая информационно-психологическая война», Москва, 1999).
«Озодлик» радиоси орқали «Мен эркин ижодкорман, нимани хоҳласам шуни ёзаман» деяётган Саломат Вафонинг ҳам бу ҳақиқатларни билмаслиги мумкин эмас. Бу ёзувчи бундан 12 йил олдин «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 32-сонида босилган «Ёшлар насри ўз йўлидан боради…» номли мақолада: «Бугунги жаҳон адабиёти биз ишонган, ўрганган эстетик қарашларга асосланмайди, у тақдир ва қисмат курашларидан безган, миллийлик чегараларидан чиқиб кетганига кўп бўлган», дея ёзган эди. Унинг охирги йиллардаги ижодини кузатар эканман, ёзувчи ўзи айтмоқчи «миллийлик чегараларидан чиқиб кетган» жаҳон адабиётига ҳавас қилган, адабиётда миллийлик чегараларини бузиб ўтишни ижобий ҳол сифатида баҳолаган экан, деган фикрга келдим. (Лекин жаҳон халқлари адабиётининг ҳаммаси ҳам «миллийлик чегараларидан чиқиб кетган» эмас!).
Саломат Вафо «Озодлик» радиоси мухбирининг саволларига жавоб берар экан, мени адабиётни тушунмасликда айблаб, «Агар «Поезд» ҳикоясини тўғридан-тўғри тушунилса, мақолада айтилган маъно келиб чиқади… Бу ҳикояни тушуниш учун киши фалсафа, тасаввуф, символизмлардан хабардор бўлиши керак», деди. Мутахассислигим филолог бўлгани ҳолда, мен ўзимни адабиётни тушунмайдиганлар сирасига қўшмайман. Эҳтимол, модернистлардан бўлган Саломат Вафо ва унинг ғарбпараст издошлари (минг бор узр, одобдан бўлмаса ҳам, айтишга мажбурман) кап-катта кишининг жамоат транспортида баралла ел чиқариши ва аёл кишининг поездда қайт қилиши-ю, иштонини ҳўллаб қўйиши тасвирларининг берилиб баён қилинишидан қандайдир «фалсафа» топар, аммо ақли бутун одам бадахлоқ қилиқлар билан на фалсафани ва на тасаввуфни боғламайди! Ҳарқалай, элга кулги бўлишни истамаган одам тасаввуфдаги рамзларни бу ҳикояга аралаштирмагани маъқул.
Интервьюда «Мен ҳар қандай одам эмасман, мен Саломат Вафоман!» дея ўзига баланд баҳо берган адиба (гўё Саломат Вафо деган ном бирор унвон ёки исталган ишни қилиш мумкинлигига имтиёздек!) «Мен нима қилайки, менинг ёзганларимни англашмаса…», «Ижодкорлардан бири айтганидай, «қачон халқ бўлади бу оломон»…» каби иддаолар қилди. Нима, халқ «оломонсан» деган иддаога дучор бўлмаслик учун ўзбек адибасининг эркак ва аёл ўртасидаги интим муносабатлари тасвирини адабиётга бемалол олиб киришига, аёл боши билан ҳирсий саҳналарга, яланғоч тасвирларга зўр беришига кўникиши, унинг асарларидаги ёқимсиз тимсолларни «ўзимизнинг қиёфамиз» дея қабул қилиши керакми?!
Адиба интервьюда «Ўзбек адабиётида ҳаё, андиша ўзбек аёлини безайдиган тож сифатида кўрсатиб келинган, менинг асарларимда эса ундай эмас», деган гапни айтди. Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам, маънавият бешиги бўлган юртда яшайдиган, ор-номусни, ҳаё ва андишани ҳар нарсадан юқори қўядиган бутун бошли халқ унинг кўзига «оломон» бўлиб кўринаётгандир?
Ижодкор бирор асар яратдими, бас, ўйлаб кўриши шарт: бу асарни нега яратди, кимга мўлжаллаб, нима мақсадда яратди, у кимларнинг қўлига бориб етади, таъсири қандай бўлади…
Навоийнинг бешигини тебратган эл адабиётни тушунмай қолиши мумкинми?! Ўз адабиётига суқилиб кираётган бегона, бешарм ғояларни қабул қилмайдиган халқни фақат ғараз ниятлиларгина айблайдилар. Ўз қадриятларини ҳимоя қилаётган халқларни «қолоқ», «замондан ортда қолган», «халқ бўлолмаган оломон» дея айблаш – демократия ғоясидан шунчаки восита сифатида фойдаланадиган, ўзга мамлакатнинг миллий хусусиятлари, менталитетини бир пулга олмаган ҳолда, у ерда «чегараланмаган эркинлик ғояси» – тийиқсизликни тарғиб этувчи ғаразгўйлар ва уларга хизмат қилувчиларга хосдир.
Саломат Вафонинг асарларига (жумладан, «Тилсим салтанати» романига ҳам) сўзбоши ёзган Қозоқбой Йўлдошнинг кўплаб ижодкорлар ҳақидаги мақолалари жамланган «Ёниқ сўз» китобида адиба ижодига қуйидагича баҳо берилган: «Саломат Вафо асарларида сўзни авайлаб, пуфлаб ишлатмайди. Куйдирувчи сўзни ҳам, музлатувчи сўзни ҳам ўрни келса, аямай қўллайверади. Шунинг учун ҳам унинг қаламидан чиққан тимсоллар бир қадар совуқроқ, бирмунча ёқимсизроқ бўлади ва шу жиҳати билан… кишининг эсида узоқ сақланиб қолади. Сараланмаган оғриқли сўзлар эсдан чиқмайдиган образ яратишга хизмат қилади. Саломат ҳикояларига одамнинг чанг-чунгини қоқиб, ғижимларини текислаб киритмайди». Буни мақтов деб тушуниш керакми ёки танқид дебми? Майли, Саломат Вафо асарларига «одамнинг чанг-чунгини қоқиб, ғижимларини текислаб» киритмасин ва буни «замонавий адабиёт»нинг талаби деб тушунтираберсин ҳам, лекин айтса уят бўладиган гапларни, одамнинг ўта шахсий, (кечирасиз-у) фақат ҳожатхонада қилиши керак бўлган ишларини, ҳирсий тасвирларни адабиётга олиб киришига унга қайси «йўналиш» йўл берди, ким ҳуқуқ берди?!
«Озодлик» радиоси орқали Саломат Вафо: «Менинг ютуқларим кимларгадир ёқмаяпти шекилли», «Бу газета ва унинг ортида турган кучларга нисбатан, албатта чора кўриш керак», дея ваҳима кўтарди. «Озодлик» мухбири учун бу гаплар айни муддао, у ҳам дарров: «Сиз чет элларда ўзбек адабиёти ҳақида танқидий фикрлар билдиряпсиз, шунинг учун ҳам танқидга нишон бўлдингиз», дея «фол» очди. Нақадар аҳмоқона хулоса!
Менинг ўзим 2000 йилларда Саломат Вафо ижодидаги ўзига хосликлардан бир қадар завқланар эдим. Унинг ўша йилларда ёзилган «Сукунат туни» ҳикоясида модерн йўлнинг миллийликка таянган ҳолда қўлланганини ёқлаганлардан бири бўлган эдим. Лекин энди Саломат Вафо андиша пардаси ортида қолиши керак бўлган нарсалар тасвирига ўтган экан, унинг ижодига бўлган муносабатимни қайта кўриб чиқишга ҳаққим бор ва шундай қилдим ҳам. Бу ўринда, адиба «газета ортида турган кучлар» ҳақида хаёлий васвасага берилиб, ваҳима қилмаса ҳам бўлади.
Мақсадимиз – хавфдан огоҳ этиш!
«Озодлик» радиосига интервью берганлaрдан яна бири – ўтган мақолада ижоди танқид қилинган «ёзувчи» Ҳабиб Темиров бўлди. (Маъзур тутасизлар, бу кишига нисбатан ёзувчи сўзини қўштирноқсиз ишлатсак, асл ёзувчиларга нисбатан инсофсизлик қилган бўламиз).
Албатта, мен танқид қилинганлардан бу мақолам учун раҳматлар ёки гулдасталар кутган эмасман. Лекин, бу «ёзувчи» ҳам айбини тан олиш бир мардлик эканини тан олмайдиганлар хилидан экан. «Мен асарларимда ахлоқ-одоб доирасидан четга чиқмаганман, менга туҳмат қилишди» дея ўзини «Озодлик» орқали оқламоқчи бўлган бу одамнинг асарларида ахлоқсизлик тарғиби юқори даражада эканлигини яна бир мақола орқали таъкидлаб ўтиришни ҳайф билдик. Лекин «Маърифат гулшани» газетаси Ҳабиб Темировга ҳеч қандай туҳмат қилинмаганлигини, мақолада айни ҳақиқатлар баён қилинганлигини аниқ фактлар асосида суд орқали исботлаб беришга ҳам тайёр эканини билдирамиз. Бу одамнинг ёзганлари ахлоқ нормаларига зид эканидан ташқари, уларда адабий-бадиий қоидаларнинг бузилгани, жумлалар тузишдаги бемаъниликлар, сўзларни ноўрин ва палапартиш, асл маъносига эътибор бермаган ҳолда қўллаш, тасвирларда ортиқча юкнинг кўплиги билан адабиёт талабларига умуман жавоб бермаслиги ҳам ҳақиқат ва агар Ҳабиб Темиров жаноблари исбот талаб қилсалар, бу ҳақиқатлар исботи билан тегишли жойларга тақдим этилади. (Шу ўринда азиз ўқувчиларимизга Ҳабиб Темировнинг «асар»лари биринчи бор танқид қилинмаётганини, аввалроқ ҳам адабиётшунос олимлар томонидан рад этиб бўлмас далиллар билан, мақолалар орқали танқид қилинганини маълум қиламиз).
«Озодлик» радиосининг мухбири эшиттиришда бу «ёзувчи»ни салкам даҳо сифатида талқин этиб, «Китоб дўконларида Абдулла Қаҳҳор, Мурод Муҳаммад Дўст кабиларнинг асарлари сотилмай ётгани ҳолда, Ҳабиб Темировнинг китоблари битта қолмай сотилиб кетяпти» деган гапларни айтди. Бу айёрликка лаққа тушган Ҳабиб Темиров жаноблари «Мен ўзимнинг шундай машҳур ёзувчи эканимни, тўғриси сиздан эшитиб турибман» дея, ҳаяжонланишдан тийилолмай қолдилар. Билмайдиларки, «Озодлик»нинг ўзи туғилиб ўсган юртига тош отишдан завқ топадиган, ўз ватани шаънига иғво уюштириб бериш эвазига қорин тўйдирадиган мухбири бу гаплари билан «ўзбеклар ахлоқсизлик баён этилган китобларни қўлма-қўл қилиб ўқимоқдалар», дея жар солмоқчи бўлди.
Эшиттириш давомида Саломат Вафонинг «Шуҳрат» деб мурожаат қилишидан билдикки, бу мухбирнинг исми шундай. Ўша Шуҳратнинг Ҳабиб Темиров билан қилган савол-жавобидаги мана бу ўринларга эътибор беринг:
«- Габриэл Гарсиа Маркеснинг асарларида одам ўқишга уяладиган саҳифа-саҳифа жойлар бор, «Римлик аёл» деган асар бор… Лекин сизни ахлоқсизликлар ҳақида ёзади, дея танқид қилишяпти. Қуюшқон торайибдими?…».
- Шундай! – бу Ҳабиб Темировнинг жавоби. Бу ғарбпарастларга бир ҳақиқатни тушунтириб қўйишга мажбурмиз:
Шарқ ва Ғарб адабиёти ўртасида адабиётшунослар яхши биладиган ва кўп таъкидлашадиган, «кўрга ҳасса бўлгудек» бир фарқ бор: Шарқда адабиёт («адаб» сўзидан олинганлигига кўра) ахлоқ-одобга чорловчи, яхшиликка, гўзалликка, эзгуликка хизмат қилувчи восита. Ғарб литератураси эса асло Шарқ адабиёти сингари эмас. Литература сўзининг келиб чиқиши лотинча «литера» – «ҳарф» сўзига бориб тақалади. Шунга кўра, литература – ҳаётни ҳарфлар, сўзлар ёрдамида ифодалаш, яна ҳам тўғрироғи «ёзилган нарса» деганидир. Номланишнинг ўзидаёқ шунча фарқ!
Шарқда адабиёт маълум бир чекланиш ва меъёрларга эга, яъни асарлар андиша, ахлоқ-одоб чегараларидан чиқмаган ҳолда битилади ва шу жиҳати билан      Ғарб адабиётидан устундир. «Литература»да эса бу меъёрлар амал қилмайди, чекловлар йўқ. Мисол учун олсак, Ғарбда ароқнинг кайфи ҳақидаги шеърлар ёки қадаҳ сўзлари санъат даражасида берилиши, ҳирсий туйғулар ҳақида бемалол достон ҳам ёзилавериши мумкин, лекин Шарқ адабиётига бу нарсаларни тиқиштириш – бориб турган одобсизлик, ўқувчига нисбатан ҳақорат, беписандлик ҳисобланади.
Адабиётнинг барча санъат воситаларига таъсири ниҳоятда катта. Жумладан, кино санъатига ҳам. Ғарб литературасида чекловлар йўқлиги, онгдан, кўнгилдан ўтганини пардаламай, бемалол ёзилавериши мумкинлиги учун ҳам, катта асарлар асосида яратилган Ғарб фильмларида шаҳвоний саҳналар очиқдан-очиқ акс эттирилаверади. Шунинг учун ҳам, улар ҳар қанча юксак режиссёрлик ва актёрлик маҳорати асосида, миллион долларлаб маблағ сарф этиш ҳисобига суратга олинган, бир неча номинациялар бўйича «Оскар»га лойиқ кўрилган бўлмасин, бизнинг бу фильмларга ижобий муносабатда бўлишимизга шарқона одобимиз, ахлоқсизликнинг руҳиятимизга сингмаслиги монелик қилиб тураверади.
Жумладан, Жованни Боккаччо қаламига мансуб, Европа уйғониш даври адабиётининг дастлабки насрий асари «Декамерон» ҳам жаҳон адабиёти дурдоналаридан саналади. «Аммо «Декамерон»да тасвирланган «ахлоқ», «эҳтирос», «ҳирс», «муҳаббат» тушунчалари Шарқ дунёсига мутлақо тўғри келмайди. Асарда тасвирланган ҳаётдан ўқувчининг кўр-кўрона нусха кўчириши эса уни ахлоқий тубанликка олиб келиши шубҳасиз. Чунки асарда тасвирланган ҳаёт ҳаё ва уят тушунчаларидан йироқ бўлган, аксарият ҳолларда биологик ҳирсга асосланган яланғоч муҳаббатни тараннум этади. «Декамерон»нинг Европа Уйғониш даврини белгилаб берган ва унга даъват этган буюк асар эканини эътироф этган ҳолда, унинг Европа ахлоқий муҳити учун маълум маънода андоза вазифасини ўтаганини қайд этиш лозим… Тутқунликдан кейинги эркинлик инсонлар юзидаги ҳаё пардасини йиртиб ташлади. Эндиликда инсоният мазкур ҳолатидан қутулиш чорасини топишдан ожиз, тизгин аллақачон қўлдан кетган, вақт эса бой бериб бўлинган», дейилади «Миллий ғоя ва раҳбар масъулияти» китобида (374-бет). Бизнинг ахлоқсиз саҳналар тасвири кўпайиб кетган «асар»лар ҳақида бонг уришдан мақсадимиз ҳам шу хавфни англатиб қўйиш эди!
«Истасангиз буни талаб денг, истасангиз қонун деб атанг!»
Шу ўринда атоқли адабиётшунос олим ва адиб Озод Шарафиддиновнинг мана бу фикрларини келтиришни жоиз деб билдик:
«Ҳеч қайси ёзувчига янги замонда «фалондай жанрда, писмадондай мавзуда ёз», деган маънода фармойишлар ёки кўрсатмалар бериб бўлмайди – бу масалада мустақиллик туфайли ҳамма ижодкорлар эркинликка эришди. Бироқ, мен юз фоиз аминманки, мустақил юртнинг адабиёти, албатта, битта хусусиятга эга бўлмоғи шарт. Шартгина эмас, мажбур! Истасангиз буни талаб денг, истасангиз қонун деб атанг – ихтиёр сизда. Лекин нима десангиз ҳам, шуниси аниқки, мустақиллик адабиёти бадиий жиҳатдан жуда юксак даражада турмоғи, у том маънодаги санъат бўлмоғи, бетакрор нафосат ва тенгсиз гўзаллик унинг етакчи белгиси бўлмоғи керак. Токи бизнинг адабиётимизга мурожаат қилган, унинг намуналарини қўлига олиб ўқийдиган китобхон кимлигидан, ёшу қарилигидан, дунёнинг қайси бурчагида яшаётганидан қатъий назар, бу адабиётдан чексиз эстетик завқ ола билсин; бу асарлардан нафақат унинг шуури, ақли, балки қалби, туйғулари ҳам баҳра олсин…».
Адабиётимизни «литературалаштириш»га уринаётган ва ғарбона руҳдаги «асар»ларини бир-иккита пулпараст нашриётларда чоп эттириб, уч-тўрт ғарбпараст одамларнинг мақтовидан қувониб, ўзига керагидан ортиқ баланд баҳо бериб юрган ёзғувчилар Ғарбнинг эмас, айнан Ўзбекистоннинг нонини еяётганларини, шу заминда бемалол, хотиржам яшаётганларини унутмай, неча асрлик муқаддас ахлоқий қадриятларга эга ўз халқини «оломон» деб аташ – халқ юзига оёқ қўйиш эканини, ўз халқи болаларининг ахлоқини издан чиқарадиган «асар»лар битиш – бориб турган кўрнамаклик эканини вақтида англаб олсалар, яхши бўлар эди.
Ғаразгўйларнинг талвасаси
«Озодлик» радиосининг ўша Шуҳрат деган мухбири Ўзбекистондаги адабий муҳитни таҳлил қилишдан олдин, мунаққид билан журналистнинг фарқини ажратиб олса, маъқул бўларди. Буни фарқлашга фаросати етмагани учун ҳам, мени эшиттириш давомида нуқул «мунаққид» деб атади. Яна саводсизларча: «Мен Дилфуза Комил деган мунаққид ҳақида эшитмаган эканман. Агар Озод Шарафиддинов даражасида бўлганида эшитган бўлардик», деб ҳам қўяди. Албатта, эшитмайди-да. Негаки, Ўзбекистонда Дилфуза Комил деган танқидчи йўқ. Агар бу мухбир ўз эшиттиришини холис тарзда тайёрлашга уринганида, унда холис фикрларни беришга ҳаракат қилганида эди, албатта биз билан ҳам боғланган, ҳеч бўлмаганда мутахассислигимиз билан қизиққан бўларди. Лекин интервью давомида мақоланинг «Маърифат гулшани» газетасида босилгани ҳақида ҳам лом-мим дейилмади.
«Яшаш қаерда яхши бўлса, шу ер мен учун ватан», деб юрганлар тоифасидан бўлмиш бу Шуҳрат деганлари эшиттириш давомида Ўзбекистондаги адабий муҳитни, мустақиллик даври ёш ижодкорларини лойлаш учун бор маҳоратини ишга солишга уринди. Юртимиздаги айрим ҳолатларни ўз қаричи билан ўлчаб, шарҳламоқчи бўлаётган бу мухбир бунақа ҳаракатлари билан ўзининг ва «ҳамфикр»ларининг талвасада эканини кўрсатиб қўйганини ўзи англадимикин? Ҳа, ғаразгўйлар талвасада! Ўзбекистон матбуотидаги демократия, ҳурфикрлилик, танқидга кенг йўл берилаётгани бундайларни жазавага солмоқда. Негаки, уларнинг тош отишга, иғво қилишга, ёмонлашга баҳоналари камайиб бораётир.
Четдан туриб «демократия, демократия» деб оғиз тўлдираётганлар бизга келганда бир ҳақиқатни айтгилари келмайди: демократия – бу ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш эркинлиги, дегани ҳамдир. Бизни бу ҳақиқатдан бехабар деб ўйлашса керак-да.
Умуман олганда, Европанинг барча демократик давлатларининг ҳар бири ўз миллий руҳи, анъаналарини ҳам сақлаган. Кўпгина катта давлатларда, (масалан, Япония, Корея, Малайзияда) демократик тузум миллий ва диний-эътиқодий удумлар негизида амал қилади. Шубҳасиз, бизнинг юртда ҳам шундай бўлишига интилмоқдамиз. Юртбошимизнинг барча саъй-ҳаракатларида, асарларида бунга алоҳида эътибор қилиниб, миллий ахлоқ-одобни мустаҳкамлаш учун жаҳд қилинаётир. Юртимизда демократик давлат қуришнинг ўзига хос йўли танланган, демократиянинг «ўзбек модели» яратилган.
Фикрларимизга четдан туриб истеҳзо билан қарагувчиларга   Ғарбнинг битта файласуфи айтган гапни айтай: «Менинг муштим эркин ҳаракатланиши мумкин, лекин унинг эркинлигини ёнимдаги одамнинг бурни четлаб туради». Ҳа, бу Ғарбда машҳур қоида. «Озодлик» орқали вайсайдиганлар бу қоида билан ҳам бир танишиб қўйсалар бўларди.
Шу ўринда бир савол туғилади: ўз ота юртидан, улғайтириб, ҳаётга йўлланма берган қавм-қариндошларидан, халқи, миллатидан бегоналашиб, ўзга юртларда ўз ватанига ёмон қараш қилиб юрган БЕГОНАларнинг бизнинг юртдаги ҳодиса ва ўзгаришларни, воқеликларни тафтиш қилишга, баҳолашга нима ҳаққи бор?! Бундайлар Ватанга нима хизмат қилиб қўйгандики, дунёнинг у чеккасида туриб олиб, бўлар-бўлмас иғволар, туҳматлар тарқатади, ишимизга бурун суқади?! Маслаҳатимиз, ойнага қарасинлар-да, ўзларига савол берсинлар: СЕН ЎЗБЕКИСТОНГА КИМСАН?
Мана шу саволга жўяли жавоб тополсалар, майли, катта гапиришсин, йўқса, …!
Сўнгги сўз: Юртимиз бор ҳолича – ютуқ ва камчиликлари билан бизники! Биз уни яхши кўрамиз! Яхши-ёмон кунларида бағридамиз, қўлимиздан келганича унга хизмат қилаяпмиз. Энг асосийси, «Ватан менга нима берди?» деб эмас, «Мен Ватан учун, унинг келажаги учун нима қила оляпман?» – дея, ўз фаолиятимизни сарҳисоб қилишни унутмай яшаяпмиз.
Адабиётдаги камчиликлар ҳақида четдагиларга ҳасрат қилаётган юқоридаги каби ижодкорларимиз ҳам унутмасинларки, бу камчиликлар ўзимизники. Бизга аждодларимиздан дунёни лол қолдирган, тоза ва мукаммал адабиёт мерос қолган. Уни шу ҳолича асролмаётган эканмиз, демак айб ўзимизда. Бу камчиликларни ҳеч ким четдан келиб бартараф этиб бермайди. Ҳарқалай, ахлоқсизликнинг боши берк кўчаларига кириб қолган Ғарбнинг биздан бошқа ташвиши ҳам бордир?..
Халқимиз «уйдаги гапни кўчага ташиган одам шарманда бўлади», дейди. Бунинг исботини ҳаётда кўп кўрганмиз.
«Ит ҳуради – карвон ўтаверади». Юртбошимиз таъкидлаганларидек, «Биз демократик жамият барпо этиш мақсади сари қадамларимизни кимгадир яхши кўриниш, кимгадир ҳисобот бериш ва сохта обрў топиш учун эмас, аввало, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган манзилга босқичма-босқич ривожланиш йўли билан етиб бориш учун қўймоқдамиз. Ана шу йўлимиздан асло қайтмаймиз.
Шу билан бирга очиқ айтиш керакки, Ўзбекистонни олиб бораётган мустақил сиёсатидан қайтариш, кимгадир қарам қилиш мақсадида четдан туриб ички ишимизга аралашиш, турли ниқоблар остида бизга қарши тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш сиёсатини мутлақо қабул қилмаймиз» (Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият. «Халқ сўзи», 2005 йил, 8 декабр).
Дилфуза КОМИЛ

Baxtiyor Karimov

Бир пайтлар Бальзак ижодкорларга қарата: "Сизлар жуда эҳтиёт бўлинглар чунки сизлар давр руҳини яратасизлар деганди” Бу фикр орқали адабиётнинг асл азалий моҳияти аён бўлгандек бўлади. Зеро, ҳақиқий ижодкор йўлчи юлдуз сифатида иносниятнинг йўлини ёритиб, унга олам ва одам ҳақиқатининг маънавий сирларини англатиш керак бўлади. Шундагина уни ҳақиқий маънодаги санъаткор ёхуд ижодкор дейишимиз мумкин бўлади. Яқин ўтмишни эслайлик Айтматовнинг "Асрга татигулик кун” асари чиққандан сўнг Болтиқбўйи республикалари ёшлари биз манқурт эмасмиз деган шиорлар билан намойишга чиқишганди. Чунки, Айтматов каби ёзувчилар даврни уйғота олди унинг мудраб ётган қалбига таъсир эта олди. Дилфуза назарда тутган ёзувчилар адабиётнинг азалиятга хос моҳияти ва унинг инсоният олдидаги маъсулияти билан умуман ҳисоблаша олмайдилар. Улар давр руҳини юксалтириш ўрнига уни тубанлик сари етаклайди холос. Улар ҳақиқаттан ҳам ёзувчи сабаби улар ёза оладилар воқеликни бадиий жиҳатдан тасвирлай оладилар айнан шу саводхонликлари туфайли ҳам қалам аҳлидан деб биладилар. Жамиятдаги интим муносабатларни бадиий образлар воситасида тасвирлаб асарлар ёзиш бу инсониятга қарши жиноятдан ўзга нарса эмас. Ёзувчи ўзини ёзади деганларидек улар ҳам ўзларини ёзадилар. Улар теварак атрофларидаги кишиларнинг ҳоҳ ҳалол ҳоҳ харом бўлсин шаҳвоний муносабатларига ўз ҳукмларни ўқир эканлар билмайдики аслида эҳтирос оловида ёнган қаҳрамонлар ўзлари эканини. Шундай экан нима кераги бор экан бу иккиюзламачиликни. Адабиётни эротик тасвирлар майдонига айлантириш яъни бу каби асарларнинг оммавийлашиши Ғарб порнографиясидан ҳам хавфли. Чунки, порнографияда интим муносабатлар реал кўрсатилади. Унда фаҳш бор лекин образ йўқ. Адабиётдаги фаҳшнинг тасвири эса баддий хусусияти билан инсон онгида ўчмас из қолдиради.
Саломат Вафони ўқиганман. Эсимда унинг "Тилсим салтанати” романи ўзбк романчилигидаги илк аёл ёзувчи иддаоси билан нашр этилганди. Орол бўйида амазонкалар яшагани хусусидаги жуда катта тарихий ҳақиқатни ҳали ҳам хазм қила олмадим. Униси ҳам майли адабиётни хусусиятидан келиб чиқадиган бўлсак ижодкор қайсидир маънода бу борада ҳақлидир. Лекин, асар феминизм талвасасида ёзилганлиги кўрниб турибди. Энг аянчлиси ўзбек романчилигида аёл ёзувчи томонидан ёзилган илк асар шундай бўлганлигидан фахрлангандан кўра ор қилган афзал. Ундан ташқари унинг баъзи ҳикояларини ўқиб шуни тушундимки ёзувчи ўзининг онг ости эврилишларини паталогик тасвирлаган. Хулоса ўрнида айтмоқчиманки адабиёт ёзувчининг шахсий иддаолари ва кечинмаларидан иборат эмас балки умуминсоний ҳодисадир. Агар у умуминсоний хусусиятга эга бўлмас экан уни чоп этиш ўта оғир жиноятдир.
Reply

Xurshid Daliyev

Ватанга оёқ қўйишлик назаримда Бебисмиллоҳ бинога келган одамдан чиқадиган пасткашлик бўлса керак деб ўйлайман. Саломат Вафо, Ҳабиб Темиров каби ўз халқини тубунликка чорлайдиган, уят, ҳаё пардаларни кўтаришни мақсад қилганларни адабиётдан қувиб солиш керак. Ва шундай бўлади ҳам. Онасини Учқўрғондан кўрсатиб қўйиш керак ғаламисларга. Ҳайф ўша бетамиз, бетайин, беъмани, бир тийинга қиммат "ёзувчиларга”. Дилфуза Комил сизга чексиз раҳмат.
Просмотров: 1012 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024