Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 01:28
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2014 » Июль » 22 » Бўлғуси жуфтингиз кимнинг авлоди?
08:44
Бўлғуси жуфтингиз кимнинг авлоди?

Бўлғуси жуфтингиз кимнинг авлоди?

 

Келин-куёвнинг “таги”ни суриштириш муҳимми?

«Наслини суриштирдингизми?», «Қандай одамларнинг фарзанди экан?», «Тагли-туглимикан?» деган гаплар қуда-андачилик ришталари боғланаётганда кўп айтилади.

Халқимиз азалдан ота-боболари хотирасини муқаддас тутган, етти пуштини яхши билган. Бу эса оилавий анъаналарни ҳурмат қилиш, ўзига хос оилавий урф-одатларга риоя қилишни англатган. Шундай одамлар борки, қишлоғи, маҳалладошларининг ҳам етти авлодини яхши билади. Кўпчилик қуда-анда бўлмоқчи бўлса, улардан бўлғуси қариндошларининг насл-насабини суриштиришади. Хўш, бу шунчалик муҳимми? Насл суриштириш қанчалик аҳамиятли? Бу хусусида айрим юртдошларимизнинг фикрларига қулоқ тутдик.

Гулора АҲМАДЖОНОВА, 50 ёш, Тошкент шаҳри:

— Ҳозир келин танлашда ота-онасининг «таг-туги»ни суриштиришда ҳам қарашлар бироз ўзгаргандек. Чунки қуда бўлишдан олдин наслни эмас, кўпроқ ота-онаси қаерда ишлашини, мол-давлатини суриштиришяпти. Яна бир қизиқ ҳолат: олдинлари келин излашда маҳалладан сўрашарди. Ҳозир эса аёллар келин излаб ишхонама-ишхона изғишади. Қизнинг одоб-ахлоқини, муомаласини, юриш-туришию, кимнинг қизи эканлигини ишхонасидан билишади. Ахир ишхона номи билан ишхона-ку, у ерда нари борса уч йиллик танишлар ишлайди. Маҳалла эса барибир маҳалла. Келин ёки куёв бўлмишнинг туғилганидан вояга етгунига қадар гувоҳ бўлган маскан ҳисобланади.

Насиба ая, 78 ёш, Жомбой тумани:

—  Наслни суриштириш қадимдан халқимизга хос бўлган одат. Насл тоза бўлса, оила мустаҳкам бўлади. Қизга совчи келганида, аввало, куёвнинг аждодлари аниқланса, худди шундай куёв ҳам қаллиқ танлашда қизнинг наслига катта эътибор қаратса, бу туғиладиган фарзандларнинг соғлом, кўркам, фаросатли бўлишида жуда муҳим. Бироқ кейинги пайтлар бу нарсага эътибор бироз сусайгандек, назаримда. Кўпчилик ўзлари соғлом бўлса, оила қурса бўлади, деб ҳисоблаб хато қилади. Чунки оила қуражак ёшларнинг «палаги» тоза бўлсагина насл «айнимайди».

Сарвар ОТАБОЕВ,40 ёш, Янгибозор тумани:

— Отамиз болалигимиздан етти авлодни билиш шартлиги ҳақида кўп гапирардилар. Гоҳ момом, гоҳ отам ўтган аждодларимизнинг исмларини, ким бўлганликларини айтишга ундашарди. Бундан ташқари, отам негадир борди-келдида ҳушёр эди, қуда-анда бўлмоқчи бўлган кишисини обдан сўраб-суриштирарди. Айниқса, қариндошлар орасидаги қуда-андачиликка ҳеч қачон йўл қўйилмаган.

Ҳамза МАМАТАМИНОВ, 35 ёш, Урганч шаҳри:

— Турмуш ўртоғимни бир кўришда ёқтириб қолганман. Унинг юзига қарабману, қўлига қарамабман. Аҳду паймон қилиб бўлгачгина, унинг қўл панжасида туғма нуқсони борлигини билдим. Фарзандларим ҳам нуқсон билан туғилиши мумкинлиги ҳақида кўплар огоҳлантиришди. Бироқ ота-онам қиз томоннинг насли тоза бўлгани учун қарор қабул қилишни ўзимга қўйишди. Кўп ўйладим ва уйландим. Ҳозир уч фарзандимиз бор. Худога шукр, ҳаммасининг тўрт мучаси соғ.

Етти пуштни билиш, келин ёки куёв танлаганда, дўст тутинганда авлод суриштирилиши қанчалик муҳим? Бунга мутахассислар нима дейди?

Муҳаммаджон БОСИМОВ, Республика Скрининг маркази шифокор-генетиги, олий тои­фали шифокор:

— Агар биз тўрттагача авлодни билсак, туғилажак болада қандай касалликлар такрорланишини айта олишимиз мумкин. Касалликларнинг олти-етти хил ирсийланиш тури бор. Уларнинг айримлари ота-онасида бўлса такрорланади, айримларда такрорланмайди. Инсон ота-онасидан муайян хусусиятларни олади. Доминант, яъни ошкора устунлик қилувчи белгилар тўғридан-тўғри ота-онадан фарзандга ўтади. Агар фарзандга ўтмаса, демак, ке­йинги авлодда бу умуман йўқолиб кетади. Яширин белгилар эса ташувчи вазифасини ўтайди. Ҳозирги кунда куйиш ва жароҳатдан ташқари барча касалликларнинг келиб чиқиши ирсиятга бориб тақалади. Қариндошдан кўра бегона билан оила қуришнинг фойдаси шуки, генлар орқали насл сурадиган касалликлар кам учрайди. Инсонда 35 мингта ген бор, уларнинг ҳар бири мутацияга учраб, касалликни келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари, ташқи муҳитнинг таъсири натижасида ота-онада бўлмаган касалликлар фарзандда пайдо бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бизда ҳозир фақат хромосома касаллигини ҳомиладорлик пайтида аниқлаш мумкин. Агар отада касаллик ташувчи бўлса, бу қизида, онада бўлса ҳам қизида, ҳам ўғлида намоён бўлади. Бир-бирига касаллиги ўхшаш, яъни эшитмайдиган ёки кўзи ожизлар бир-бири билан турмуш қурмаслиги керак. Агар уларнинг генлари ўхшаш бўлса, унда боласи ҳам худди шу касаллик билан туғилиши мумкин.

Ичиш, чекиш, наркомания, ҳомиладорликдаги янги хас­таликлар ирсий касалликларнинг ривожланишига олиб келади.

Шомирза ТУРДИМОВ,  фольклоршунос олим:

—   Ўзбекларда 92 уруғ бор. Бу қадимдан ижтимоий-иқтисодий муҳитдан келиб чиққан. Маҳмуд Қошғарий асарларида ўғузларнинг 24 уруғи ҳақида келтиради.

Яқин-яқинларгача ҳам насл жиҳатдан ўзидан паст бўлган уруғларга қиз ҳам берилмаган, келин ҳам олинмаган. Ҳозирги кунда эса ҳамма нарса аралашиб кетди. Чунки воқелик тез ривожланяпти. Уруғ суриштиришга эса вақт қолмаяпти. Аммо халқда «Қарийсан, қартасан, асли зотингга тортасан» деган гап бекорга айтилмаган. Чунки генетик хотира орқали узатилган ахборот қайсидир авлодда инсоннинг хусусиятларига таъсир ўтказади.

Бир одам ўғлига ўлимидан олдин насиҳат қилибди. «Агар уйлансанг, онасини суриштир, эгри йўлга юрмайдими, туя олсанг, зотини суриштир, кечувда чўкмайдими?»

Отасининг ўлимидан сўнг ўғил уйланибди. Келиннинг онасини суриштирибди, ях­ши дейишибди. Туя олибди, онасини суриштирибди, кечувда чўкмаган дейишибди. Вақт ўтиб ўғил сафарга кетибди. Қайтиб келаётганда сотиб олган туяси кечувда чўкибди. У бориб туя сотган одамдан бунинг сабабини сўрабди. Шунда у одам «онасининг онаси кечувда чўкарди», — деб жавоб берибди. Ўғил уйига қайтиб, яна сафарга отланибди. Аммо айрим сабабларга кўра уч кунда уйига қайтиб келибди. Келса, хотини бегона эркак билан базму жамшид қилаётган экан. Шунда у хотинининг онасини яхши деганларга иддао қилибди. Улар эса унга «онаси яхши эди, аммо онасининг онаси шундай эди» деб жавоб беришибди.

Демоқчиманки, қондаги феъл икки-уч авлоддан кейин ҳам уйғонади. Насл шунинг учун суриштирилади. Дўст танлашда ҳам шунга эътибор қаратган маъқул. Халқда «Қўй кўрмаган бўлса ҳам, қий кўрган бўлсин», — деган мақол бор. Авлодида сотқинлар чиқмаганми, садоқатлими? Чунки бу каби хусусиятлар ҳам қондан «ахборот» олади.

Ҳикмат: «Ўғилларим, набираларим ва қариндошларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат ишлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насаби, одоб-ахлоқи, етти пуштини суриштирдим»

Амир Темур

 

 

Гўзалой МАТЁҚУБОВА,

«Оила даврасида» мухбири

Просмотров: 967 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024