Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 02:39
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2013 » Август » 20 » Cаломат Вафо: эротик ёзувчими?
23:04
Cаломат Вафо: эротик ёзувчими?


Cаломат Вафо: "Мен эротик ёзувчи эмасман. Мен энг миллатпарвар ёзувчиман"

Сўнгги янгиланиш 22 апрел 2013 - 14:48 GMT

Саломат Вафо ўзбек китобхонлари дилидан ўрин олган замонавий ёзувчилардан бири

Меҳмонимиз - таниқли ёзувчи Саломат Вафо.

Саломат Вафо "Фарида", "Ўзини излаётган аёл", "Кўнгил фариштаси", "Тилсим салтанати", "Оворанинг кўрган кечирганлари", "Поезд", "Муқаддас манзил", "Устюрт", "Тутилган ой" ва бошқа асарлари билан ўзбек китобхонлари тилига тушган.

Унинг 2004 йилда нашр қилинган "Тилсим салтанати" романи Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси қаршилигига учрасада, "Йилнинг энг яхши романи" деб тан олинган ва рус тилига ҳам таржима қилинган.

Китобда Орол денгизи бўйида яшаган жангчи аёллар - амазонкалар жамиятидаги эркак-аёл муносабатлари тасвирланади. Унга қаршиликлар эркак ва аёл ўртасидаги интим муносабатлар тадқиқ қилинганлиги учун юзага келган.

Ёзувчининг яна бир мубоҳасали асарларидан бири "Поезд" ҳикоясидир.

Ҳикоя Ўзбекистонда чоп этилувчи "Маърифат гулшани" газетасининг ўтган йил февраль ойида чиққан сонида қаттиқ танқид остига олинди.

"...изм"лардан "Ҳирсизм"га ёҳуд адабиётдаги ахлоқсизликлар" номли мақола муаллифи Дилфуза Комилова ёзувчини "аёлликнинг дилбар дунёсига путур" етказишда айблайди. Муаллиф, шунингдек, ҳикоядаги гиёҳвандлар орасида юз берадиган ўзаро суҳбатни ўзбекчиликка қилинган ҳақорат дея талқин қилган.

"Маърифат гулшани" газетасидаги мақоладан

"Икки-уч исқирт гиёҳванднинг қилиқлари билан ўлчанадиган бўлганми ўзбекча психология?! «Асар»ида бир бетайиннинг тилидан «гигиенани билмайди», дея бутун бошли халққа иддао қилаётган, хунук қилиқлардан тап тортмайдиган, меровсифат «қаҳрамон»ига қориликдек мўътабар мартабани тақаб, мазах қилаётган муаллиф ўзининг миясидаги «ахлат»ларни бир тозалаб олиб, кейин қўлига қалам олса, маъқул бўларди."

"Поезд" ҳикоясида бош қаҳрамон Сабоҳат Камолнинг поездда узоқ сафари чоғида кўрган-кечирганлари тасвирланади. Бош қаҳрамон совуқ вагонлардаги хамроҳларининг қилиқларидан қочиб бошпана топишга уринади. Асардан фоҳишалар, гиёҳвандлар, бетоб қори билан суҳбатлар, мурдалар ва тушидаги она образлари ўрин олган.

Саломат Вафо мазкур танқидий мақолада қўлланилган иборалардан норози бўлиб, маънавий зарар даъвоси билан Тошкентда маҳкамага шикоят қилган.

Ёзувчининг айтишича, маҳкама иши икки бора тўхтатиб қўйилган. Кўп ўтмай "Маърифат гулшани" газетаси буткул ёпилган. Маҳкама иши натижасиз қолмоқда.

Адиба 1962 йил 20 январда Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Тошкент Давлат Университетининг журналистика факултетини тугатган.

У 1997 йилдан бери Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" каналида катта муҳаррир бўлиб фаолият юритиб келмоқда.

2004 йилда "Пахта иши" кўрсатуви учун адиба "Энг буюк ва энг азиз" йиллик мукофотига сазовор топилган.

Саломат Вафо тингловчиларимиз ва сайтимиз ўқувчиларидан келган саволларга жавоб берди.

Ассалому алайкум, Саломат опа. Сизда ёзувчи болалик даврида қандай шаклланган? Менга табиатни, инсонларни тасвирлашингиз ёқади. Қизалоқ вақтингизда қандай эдингиз, роса синчковми? Болалингизни тасвирлаб беринг. Раҳмат. Оллоҳдан узоқ умр тилайман.
Шарофат Авазова, Канада

Саломат Вафо: Катта раҳмат. Менинг болалигим ҳақидаги жавобларим кўпинча эшитгувчиларни бироз ҳайратга солади, чунки мен болалигимда жуда ёмон қиз бўлганман-да. Ёмон десам бўлмайди, нима десам экан, қайсар, ўжар бўлганманми дейман-да. Уйимизда олти фарзанд вояга етган. Худога шукур, ҳамма ака-укаларим ўқиб, олий маълумотга эга бўлишган. Раҳматли онажоним қишлоқ муаллимаси, фуқаролар уюшмасининг раисаси бўлганлар. Ўша даврнинг илғор аёлларидан бўлганлар, от ҳам минганлар, машина ҳам ҳайдаганлар. Онам Хоразмнинг мағрур бир аёли бўлганлар. Онажоним биз кичиклигимизда кўп ишлаганлар. Биз болалигимиздан, ўзингиздан қолар гап йўқ, қишлоқнинг барча меҳнатини кўриб улғайганмиз. Хоразмда тонг жуда эрта отади, қишлоқ одамлари қуёш билан уйғонишади. Мен болалигимда Орол денгизига бориб кўрмаганман, лекин ўзим кўрган қумлар, Амударё, Султон Вайс тоғи, ёнимиздаги чексиз далалар - ҳаммаси руҳиятимга таъсир қилган. Билмадим, инсоннинг ижодкорлиги болалигидан маълум бўладими. Отам Матёқуб ота, умрлари узоқ бўлсин, ҳозир 75га кирганлар, айтардилар "Саломат, сан нима учун бошқалар қизиққан нарсаларга қизиқмайсан?" Ҳамма сингилларим тўқувчилик қилишарди, жўрроплар (пайпоқлар) тўқишарди, гуллар ўстиришарди-да, мен ҳеч нарса қилмасдим-да. Мен китоб ўқирдим. Отамнинг назарида мен дунёдаги энг қайсар, бетга чопар қиз бўлганим учун, жуда кўп калтак еганман. Ҳозир ҳам эслаб, кулишамиз. Пастда менга умуман жой бўлмасди, сингилларим кўриб дарров чақиб беришарди "Ана опам китоб ўқияпти иш қилмасдан" деб. Мен улардан бекиниб, хоразмча "учак" дейди, томга чиқиб олардим. Томда бекиниб ўтирардим, онам бечора чақирсалар ҳам, индамасдан китоб ўқиб ўтирардим. Узр, батафсил эслаяпман, балки бу олис-олисда яшаётган юртдошларимиз учун қизиқарлироқдир. Чунки мен ҳам, тўппа-тўғри Саломат Вафо бўлиб, яхлит, мукаммал одам бўлиб осмондан тушмаганман. Мен минг-минглаган ўзбек аёллари, қизлари кўрган-кечирганларини кўрганман, қилган меҳнатларини қилганман, далада ишлаганман... Бир воқеани эслайман, тандирга олов ёқ дейишган. Лекин, китоб ўқиб ўтириб тандир эсимдан чиқиб кетибди. Қишлоқда бир тоғора хамир оширилади, кўп нон ёпилади, Хоразмнинг чўраклари. У хамир ачиб, ошиб, тошиб кетган. Мен эса китоб ўқиб ўтираверганман. Бир маҳал, дунёнинг бахтсизлиги менга бўлиб, отам қаердандир келиб қолганлар. Хамирни олиб бориб беришни айтишганда, қарасам, ўт ёқмаганман. Отам иккаламиз мучалдошмиз - улар ҳам йўлбарс. Шундоқ қўлимдаги библиотекани китобини олиб, гуруллаб ёнаётган оловга ташлаворганлар-да. Бу бутун умр эсимдан чиқмайди. Кўзёшларим билан оловни атрофида айланганман. У ерда ҳам мени калтаклашган, қочиб юрганман... Хуллас, мана шундай воқеалар кўп бўлган.

"Поезд" ҳикояси ҳақида

"Эсингизда бўлса, у ерда беш-олтита купелар бўлади. Ўша купеларда ҳаётнинг ҳар хил қатламини кўрсатишга ҳаракат қилганман. Инсон жамиятда ўз ўрнини топиши жуда оғирлигини кўрсатишга ҳаракат қилганман."

Би-би-си: Нон ҳам бошқача ёпилган бўлса керак, оловдаги китоб билан.

Саломат Вафо: Ҳаа, китобдаги бир-бир ёнган қиёфалар, қалблар у нонни жуда бошқача қизартирган бўлса керак. Ундай воқеалар кўп бўлган. Мен абсолют идеализмнинг тарафдори эмасман. Шунинг учун, бир бахтсиз болалик бўлди деб айтолмайман-ку, қандайдир бошқача яшашни истаган оддий бир ўзбек қизининг болалиги. Ўша қишлоқдан қочиб кетиш учун ҳатто бир марта нина ютворганман. Ўсмир эдим ўшанда. Шундай қиз бўлганман. Ўзим инсоннинг ҳаётига қасд қилувчи омиллар билан кўп шуғулланганман, лекин, онам бечора айтардилар "Санинг жонинг қаттиқ экан, ҳеч ўлмагансан, энди умринг узоқ бўлса керак" деб. Узр, шу тафсилотларни айтаяпман, "мен тонгларни сут-қаймоқлар билан кутардим" деган чиройли гапларни айтмасдан. Хоразмлик аёллар бироз очиқроқ, бироз қўполроқ бўлади-да, лекин вақт ўтган сари тоғларни, қуёшнинг нурини тепага кўтарилган сари одамлар кўрганидек, мени ҳам асарларимни ўқиб, одамлар менинг қалбимни, дунёмни мухлисларим англаган бўлса керак, деб ўйлайман.


Саломатхон сиз Хоразмда туғилгансиз. Шу маънода ўша ерда туғилган ва бугун орамизда бўлмаган Баҳодир Содиқ, Матназар Абдулҳаким¸ Уллибиби Отаева каби ижодкорлар ижодига муносабатингиз. Иккинчи савол¸ Хоразмда туғилган аммо ундан кетиб қолган Омон Матжон¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Баҳром Рўзимуҳаммад каби шоирларнинг республика масштабига чиқиш ва яҳши менедж қилиниб обрў топиши сизнингча маҳаллий биқиқ муҳитда дарахт камол топмайди деган муждани берадими. Раҳмат ойбика.
Полвон Жумми, Хива Полвонëп

Саломат Вафо: Матназар оғанинг шундай сатрлари бор:

Теграмда айланди неча фасллар,
Неча бир асрлар шамолдек елди.
Мен кўнгилма-кўнгил, мен қалбма-қалб
Сени кўриш учун ўтмиш қаъридан келдим.

Мен устозимиз Матназар Абдулҳаким, Уллибиби Отаевалар билан гаплашганман, суҳбатлашганман. Уллибиби опа Хоразмнинг ҳақиқий сиймоларини намоён қилган аёл эдилар. Жуда қалблари катта шоира эдилар. Бугун орамизда бўлмаган шоир ва ижодкор дўстларимизга Худонинг раҳмати ёғилсин. Мен ҳамиша устозларимиз олдида, айниқса Хоразмнинг улуғ бир файласуф қалб эгаси, Хоразмнинг буюк фарзанди Матназар оғанинг ижоди қошида таъзим қиламан, чунки у кишининг ижодини ўқиб биз, масалан, Баҳром Рўзимуҳаммад, ўзим, мендан кейин келаётган Гўзал Бегим, Гўзалой Матёқубова, Даврон Ражаб ва бошқа яна кўплаб шоир ёзувчилар, узр шулар ҳозир эсимда борлари, устозларнинг ижодларини ўқиб, Омон Матжоннинг ижодларини ўқиб камолга етганмиз. Матназар оғанинг ҳатто Хоразмча ёзилган шеърлари бор:

Юр идазора, жилли бўлоли,
Идазора гетиб жилли бўлоли.

Шундай достонларидан парчаларни биламан. "Мани қалбим Қолажиқдин ёноди" деганлар. Хиванинг ёнида Қолажиқ туз кўли бор. Ўшани образный қилиб берганлар. Афсус, жудаям ёш кетдилар. Шу одамлар ўз яратган асарлари билан миллат қалбида жуда катта қасрлар қуриб кетганлар, уларни қадимий Хоразмнинг гужумига ўхшатаман. Бу буюк асрларга таътигулик гужум, унинг соясида ҳали кўп одамлар ўтиради, авлодлар ўтади. Мен устозларимиз ижоди қошида ўзимни жуда масъулиятли ҳис қиламан. Келаётган авлодларимизга уларни албатта яхши ўқиб, ўрганишини тавсия қилардим. Энди, маҳаллий муҳитда ижодкорлар ўсиб етишолмайдими, деган саволингизга келадиган бўлсам, ўйлайманки, маълум бир маънода Хоразмнинг жўғрофий жиҳатдан узоқлиги ҳам бунга таъсир қилса керак-да. У ер ўз ҳолича бир юрт, ўзга бир ўлка-да. Ўзининг ёзилмаган қонунлари ўша жазирама саратони ва қаҳратон қишига ўхшаган. У ерда яшаш ҳам, ижод қилиш ҳам қийин. Айниқса, бугунги бозор иқтисодиёти талаблари ҳукмрон бўлган ҳаётимизда ўша ўлкаларда яшаб ижод қилиш, айтайлик, бир аёл киши учун осон эмас. Ҳозир ҳам кўплаб дугоналаримиз, масалан, Ёзувчилар Уюшмасининг раиси Гавҳаржон Ибодуллаева бошлиқ бир-иккита шогирд қизлар, шоир укаларимиз борки, Хоразмда туриб ижод қилишади. Уларга осон эмас. Лекин, Хоразм халқининг табиатига ҳам боғлиқ бу. Масалан, матбуотида, телевидениесда маълум даражада, Тошкентга, ё бошқа вилоят газета-журналларига қараганда, очиқлик, танқидий кўз билан қараш бор. Бир борганимизда телевидениесини кўриб ҳайрон қолгандим. Уларнинг телевизион журналистлари милиция маҳкамасини олиб танқид қилишаётганди. Орол муаммоси бўйича ҳам долзарб масалаларни кўтариб чиққанлар. Бизнинг тенгдошларимиз, Баҳром Рўзимуҳаммад, мен, ва олдинроқ Омон акалар университетни битирганимиздан кейин тақдир тақозоси билан қолиб кетганмиз. Мен кечки бўлимда ўқиганман. Ўзингиз биласиз, қишлоқдан қочиш тарафдори бўлганим учун, қочишга муваффақ бўлганман. Кўп одам ташлаб кетган ўқишни, ўша пайтлар кечки ўқиш жуда қийин бўларди. Шуларга қарамасдан, чидаб, ҳалиги, Хоразмча айтганда, йиқилиб-сурилиб, ўзим йиғлаб, ўзим туриб, кейинроқ ишлаб, ўқиганман.

"Ўзимни эротик ёзувчи деб ҳисобламайман.. Мен ҳам бошқа ижодкорлар, шоирлар сингари, "тонг, шафақ, кўз ёш, муҳаббат, айрилиқ" деб ёзиб ўтираверсам бўларди, лекин, ахир кимдир айтиши керак-ку бу дардларни, армонларни. "

Би-би-си: Хоразмда ижод қиладиган шоир ва ёзувчиларни санаб ўтдингиз. Демак, ўсиб етишиш учун Тошкентга келиш шарт эмас, демоқчимисиз?

Саломат Вафо: Йўқ, ундай демоқчи эмасман. Бизнинг энг кўзга кўринган ижодкорларимиз - Матназар оға, Ошиқ Эркин, Гавҳаржон бор... Биласизми, ҳатто Ёзувчилар уюшмасидаям, вилоятлардаги маҳаллий шоир-ёзувчилар ижодига, маълум бир даражада, иккинчи даражали деб қаралади-да. Тошкент энди марказ бўлганидан кейин, ҳамма шу ерда, танқидчилар ҳам, радио ва телевидение, матбуот нашрлари, нашриёт уйлари шу ерда жойлашган. Бу ерга келган ижодкорлар осонроқ юзага чиқа олади. Вилоятларда юзага чиқиш қийинроқ. Мен очиғини айтишим мумкин, жуда-жуда талантли ёш қиз-йигитлар бор, нафақат Хоразмда, бошқа вилоятларда, Қорақалпоқда, Қашқадарёда. Ижодкор ҳеч қаерда осон яшамайди. Уларнинг йўл чиптасига ҳам пули йўқ. Келиб қандай яшайди бу ерда? Қаерда туради улар? Шу тарафлари билан айтсам, бугун юзага чиқиш янаям қийинроқ деб ўйлайман.


Ассалом Саломат опа! "Поезд" ҳикояси нима мақсадда ёзилган? Умуман адибда мақсад бўлиши керакми ёки мақсадсиз ҳам асар битса бўладими? Бир суҳбатда "танқидчилар тўғри тушунмабди" дегансиз. Ўзи бу ҳикоянгизда қандай символика бор? Масалан, охиридаги она образи нимадан ишора? Сизга ижодий ютуқлар тилаб,
Ҳосият, Борнмут, Британия

Саломат Вафо: Билмадим, дунёда 6-7 миллиард одам яшайдиган бўлса, уларнинг биронтаси қалб ва тақдир маъносида бир-бирига ўхшамагани сингари, ёзувчилар ҳам бир-бирига ўхшамайди. Мен "Поезд" ҳикоясини яратишда олдимга бирон бир мақсад қўймаганман, мен мана шуни очишим керак, деб. Ўйлайманки, у шунақа бир ҳолатки, маълум вақтларда маълум нарса дунёга келади, фарзандга ўхшаб. Символика ҳақида айтадиган бўлсам, мен дунёда дарбадар кезиб юрган бир аёл, дунёда ўз жойини топа олмаётган аёлни кўрсатганман. Эсингизда бўлса, у ерда беш-олтита купелар бўлади. Ўша купеларда ҳаётнинг ҳар хил қатламини кўрсатишга ҳаракат қилганман. Инсон жамиятда ўз ўрнини топиши жуда оғирлигини кўрсатишга ҳаракат қилганман-да. У реал нарса эмас, символика қилиб олганман. Она образи эса кўпгина ҳикояларимда бор, Онани мен бутун миллатларни, аёлларни бирлаштирадиган символик образ маъносида оламан, баъзан Ватан қиёфасида оламан. Бизда кўпинча "Ватан, ватан" деб қизил бир нарсага айлантириб юборишган, лекин у Ватан умуман бошқа-да, у Ватан инсоннинг қалбида яшайдиган, унинг шахси, инсонлигини ва барқарор оёқда туришини таъминлайдиган, таянч нуқтаси бўладиган манзил деб олганман-да.


Ассалом алайкум. Сиз ўзбек адабиётидаги "Илк эротик ёзувчи" деган "унвон"дан фахрланасизми ёки уяласизми? Адабиётимизга бундай йўналишни олиб киришдан мақсадингиз нимада? Хусусан, АҚШнинг Айова Университети сайтида чиққан "Ўзбекистонда эротик адабиёт" мақолангиздаги фикрлар, хусусан бир асарингизда ёритилган очиқ саҳналарни санъатга йўйганингиз мамлакатимизда Маънавиятга асосланган жамиятнинг ривожланишида қанчалик муҳим, деб ўйлайсиз?
Масуд Маҳсудов

Саломат Вафо: Шу саволни олдин ҳам мана шу йигит, мухлисимиз менга берганлар, эсимда бор. Раҳмат саволлари учун, ўшанда ҳам бемалол жавоб берганман. Ўзимни эротик асарлар намоёндаси деб билмайман. Мен очиқ айтишим мумкин, мен бир ўз фикрини реал баён қилиш имконига эга бўлган одам, потенциал фикр, интеллектга эга бўлган одам сифатида айтмоқчиманки, ўзимни аёл ёзувчилар ичида ҳам, эркак ёзувчилар ичида ҳам энг миллатпарвар ёзувчи ҳисоблайман. Реал ҳаётимда ҳам, ижодимда ҳам шундай муаммоларни кўтариб чиққанман, ҳали ўқиб кўришар. Мен яратган асарлар ичида "Устюрт", "Номсиз кема", "Эртакка айланган кун", "Арғимчоқ", "Муқаддас манзил" каби жуда-жуда кўп ҳикояларим борки, мен уларда миллатнинг, Ўзбекнинг дардини, Совет мамлакатлари бўлингандан кейин чегараларнинг ҳар ёғида қолиб сочилиб кетган, жуда шўриш бир қисматларга эга бўлган, онасининг ўлигига етиб бориб уни кўма олмаган миллатнинг армонларини ёзган одамман. Ҳатто ўша томонлари билан ҳам мени кўпинча, аёл кишига хос бўлмаган қарашларим билан, устозим Одил Ёқубов рус ёзувчиларга қиёслаганди. "Саломатнинг прозасида русларнинг шафқатсиз бир прозаси бор" деб айтгандилар. У пайтда мен жуда ёш қизча эдим. Ундан кейин янаям ёвузлашиб кетган бўлсам керак. (Кулади) Ўша Айовада қилган нутқимга келсам, бизга Айовага боришдан олдин 6-7та мавзулар беришганди. Ўшалар ичида шу эротик мавзу ҳам бор эди-да. Менимча, шунинг учун ажратиб олишганки, шарқ аёлининг эротика ҳақида фикр билдириши уларга жуда ҳам эриш туюлган-да. У-бу мисоллар келтиргандим. У ерда мен бошқа яна бешта бўлимга жавоб берганман, нима учундир ўша эротика мавзусини алоҳида олишган. Интернетда мавжуд бўлган мақола бутун ижодим давомида менга, маълум бир даражада, қарши дастак бўлаяпти. Мен дўстлар буни тушунишлари керак деб ўйлайман. Инсон, ижодкор одам ҳамма жараёнларни босиб ўтиб кўриши керак. Совет даврида ижод қилган ўзбек аёли одоб, ҳаё, андишадан иборат ҳаёт эгаси деган ижодкорлардан менинг фарқим бўлармидики, агар яна ҳамма нарсани пардалаб, безаб кўрсатганимда? Бошқача фикрлайдиган одамлар ҳам бўлиши керак жамиятда. Ҳамманинг фикрини бир қолипга солиш жудаям қийин. Плюрализм бўлиши керак жамиятда. "Тилсим салтанати"да ҳам символлар билан ҳикоя қилганман, ундаги воқеалар эрадан олдинги тўртинчи, учинчи асрда бўлиб ўтган. Шунга ҳам эътироз билдиришган. Ўзбек адабиётининг устунлари бўлган танқидчиларнинг биронтаси менга ундай унвон бермаган, лекин. Узр, укамиз, билмадим, сал шошдиларми ё бошқами. Майли, ўзларининг фикрлари... Мен ҳам бошқа ижодкорлар, шоирлар сингари, "тонг, шафақ, кўз ёш, муҳаббат, айрилиқ" деб ёзиб ўтираверсам бўларди, лекин, ахир кимдир айтиши керак-ку бу дардларни, армонларни. Олис Орол бўйларида қийинчиликлар билан яшаётган аёллар, челак кўтариб сув қатнайдиган, уйида гази йўқ, электри йўқ, қиш бўйи азоб чекадиган, чироғи, ўтини йўқлигидан қийналадиган одамлар дардларини... Бу йил масалан, Хоразмнинг ўтган 20 ичидаги тарихида биринчи марта газнинг ўрнига деб кўмир тарқатилган. Газ умуман бўлмаган. Нечта миллион-миллион эркакларимиз, аёлларимиз тирикчилик ваъжидан Ўзбекистондан ташқарида минг хил қийинчиликларга чидаб, болам-чақам деб меҳнат қилишаяпти. Мен шуларни ёзганман. Жуда кўп ҳикояларим қаҳрамонлари - шу одамлар. Жуда кўплари ҳалок бўлишаяпти, ўлишаяпти. Яқинда ўзимнинг 20 ёшли меҳнат қилишга борган жияним Москвада поезд уриб ҳалок бўлди. Булар ҳам халқнинг армонларини ташкил қиладиган нарсалар.


"Навоийни тушуниш ҳақида бизда кўп мунозара бўлади. Яъни, Навоийни тушуниш учун, Навоий омма даражасига тушиши керакми ёки омма Навоийни англаши учун Навоий даражасига чиқиши керакми?"

Ассалом Алайкум Саломат опа! Саволим қуйидагича. Сизнинг ёзаётган асарларингиз хозирги замон билан уйғунликда акс этади. Айтингчи нега ҳозирги пайтда тарихий асарлар кам ёзилаётир. Бунга адибларимизнинг ақли, ҳохиши ёки яна бошқа нарсалар етишмаслиги деб ўйлайсизми???
Ҳожиаҳмад, Тошкент

Саломат Вафо: Тарихий асарларнинг кам ёзилишига сабаб, биринчидан ҳозир ноширларимиз сотиладиган асарларни чоп қилишади-да. Шунинг учун ҳам, кўп ёзувчиларимиз тарихий асарлар ёзишмайди. Бозорбоп, бозор талабига мос келадиган, саргузаштларни акс эттирган асарларни яратишади. Тарихий асарни ёзиш қийинроқ. Кўп машаққат чекилади. Тарихий маълумотларни ўрганиб чиқиш керак бўлади. Лекин, шунга қарамасдан, маълум бир тарихий асарлар яратилаяпти ўзбек адабиётида. Масалан, Муҳаммад Али устозимиз томонидан, ё бошқа ёзувчилар, масалан, Машраб ҳақидаги тарихий асарларни ўқиганман.


Ассалом алайкум, Саломат опа! Аввало ижодингизга барака тилайман. Саволим шуки, ҳозирги адабий жараёнга умумий қандай баҳо берасиз? Нима учун Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар"и даражасидаги ёки ҳеч бўлмаса Ўткир Ҳошимовнинг "Икки эшик ораси" даражасидаги асарлар яратилмаяпти? Ўткир Ҳошимов эндигина асарларини чоп этганида Абдулла Қаххорнинг унга ёзган мактуби, оқ фотиҳа берганлигини биламиз. Нима учун шундай ярқ этиб чиқаётган ёзувчилар кўзга ташланмаяпти?
Шохжаҳон, Сеул, Жанубий Корея

Саломат Вафо: Менимча, бундай дейиш тўғри эмас. Ўзбек адабиётида яхши асарлар яратилаяпти. Абдулла Қодирий, устозимиз Ўткир Ҳошимов ижодини айтадиган бўлсак, уларнинг асарларини кенг омма тушуна олади. Бизнинг адабиётимизда кейинги даврларда сюрреализм, абсурд, яна ўша психологик тадқиқотга эга бўлган, лозим бўладиган бўлса, постмодерн деган йўналишларда асарлар яратилаяпти. Булар инсоннинг бевосита руҳий оламини тадқиқ қиладиган асарлар. Кўп ёш ёзувчиларимиз бу йўналишда экспериментал тадқиқот маъносида асарлар яратишаяпти ва улар жуда муваффақиятли чиқаяпти, деб ўйлайман. Масалан, Назар Эшонқул, Исожон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихон, Зулфия Қуролбой қизи, Меҳринисо Қурбонова, кўп дўстларимизнинг асарларини айтишимиз мумкин. Назарнинг "Маймун етаклаган одам" ҳикояси ва Исожоннинг жуда бир жозиба билан, халқона ёзилган ҳикояларини бемалол жаҳон адабиёти намуналари билан тенглаштириш мумкин... Навоийни тушуниш ҳақида бизда кўп мунозара бўлади. Яъни, Навоийни тушуниш учун, Навоий омма даражасига тушиши керакми ёки омма Навоийни англаши учун Навоий даражасига чиқиши керакми? Шундан келиб чиқиб, бу масалага ҳам, интеллект, бадиий савия, дид жиҳатидан ёндошиш керак. Лекин, ўйлайманки, яқин орада ўзбек адабиётимизни дунё танийди ва тан олади.

Просмотров: 1152 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024