Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 05:16
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2013 » Август » 5 » ДАБДАБАЛИ ТЎЙ: КИМДА НИМА ЎЙ?
16:46
ДАБДАБАЛИ ТЎЙ: КИМДА НИМА ЎЙ?
ДАБДАБАЛИ ТЎЙ: КИМДА

 НИМА ЎЙ? 
Дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, исроф... Тўйларимиздаги ортиқча «одатлар» қаердан олиняпти экан? Шаҳарда ҳам, қишлоқларда ҳам шу аҳвол. Гўёки айрим «тўйчи»лар учун тўй эмас, ундаги шоҳона расм-русумлару ўзини кўз-кўз этиш муҳимроқдек. 

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг III қурултойида ҳашаматли тўйлар  муаммоси алоҳида кўтарилган эди. Бу борада жойларда амалий ишлар бошлаб юборилган. Хўш, «Камолот»чиларда қандай таклифлар бор? Шу мақсадда биз Ҳаракатнинг ҳудудий кенгашлари раислари орасида экспресс-интервью ўтказдик.


Зафар Ханиязов, Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси:

— Тўй қилишдан мақсад нафақат халққа ош тарқатиш, балки маънавий озуқа беришдир. Масалан, «Келин салом» маросимида тарбиявий аҳамиятга эга панду насиҳатлар айтилади.

Бугунги кунда тўй-маросимларимизнинг маънавий қиёфаси, афсуски, ачинарли ҳолда. Айрим тўйлар «Бош­қаларникидан кам бўлмасин!» «шиори» остида ўтаётгани таассуфли. Юқорида таъкидлаганимиздек, тўйларда  биз серчиқим «замонавий удумлар»ни эмас, асл қадриятларимизни акс эттирувчи удумларни кўрсак, улардан маънавий озуқа олсак, каттаю кичикка бирдек фойдали бўларди.

Кейинги пайтларда қизлар тўйларда «европача» келинлик либосини кийишни одат қилишган. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ярим очиқ либосда даврага кириб келган келинчакларимиз ёш авлодга ибо-ҳаё борасида намуна бўла оладими?! Никоҳ кечасидан олдин ёшлар сайлида ҳам ёшларимизнинг замонавий автомобилларда ўзини кўз-кўз этиб, баъзан йўл ҳаракати қоидаларини қўпол бузган ҳолда «сайр этиши»ни-чи, қандай тушуниш мумкин?

Ҳозир биз Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, Маънавият тарғибот маркази, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда тўй ва бошқа маросимларни ихчам, ортиқча дабдабабозликсиз ўтказиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боряпмиз. Бунда маҳаллалардаги обрўли инсонларнинг ҳаётий тажрибалари кенг оммалаштирилмоқда. Тадбирларда нафақат мутахассислар, балки ёшларнинг ҳам фикрлари тингланиб муҳокама этиляпти. Чунки никоҳ тўйларини ўтказишда ёшларнинг талаб-истаклари ҳам инобатга олинади.

Ҳудудимизда оилаларга фақат ортиқча чиқимлардан бошқа бирор наф келтирмайдиган айрим урф-одатлар мавжуд. Уларни қисқартириш мақсадида маҳалла оқсоқоллари, имом-хатиблар иштирокида турли учрашувлар ўтказяпмиз.

Тўйларни ихчам, ортиқча дабдабабозликсиз ва исрофгарликсиз ўтказишда, аввало, халқимизнинг миллий қадриятларига асосланган тўй маросимларини ташкил этиш ҳамда жамоатчиликка намойиш этиш ижобий самара беради, назаримда.

Шаҳноза Жалилова, Қашқадарё вилояти кенгаши раиси:

— Қашқадарё эли азалдан тўйларни миллий қадриятларимизга мос, ортиқча дабдабабозликларсиз ўтказиб келган. Лекин сўнгги йиллардаги никоҳ тўйларига эътибор қаратадиган бўлсак, ортиқча безаклар ёки янгича урфлар ўйлаб топилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бундан бир неча йиллар илгари келин-куёвлар замонавий русумдаги машиналарда айланишган бўлса, эндиликда айрим шаҳар ва туманларда келин-куёвлар от аравада сайрга чиқишни одат қилишган. Қолган меҳмонлар эса уларнинг изидан машиналарда боришади. Биргина Шаҳрисабз туманидаги тўйларни таҳлил этадиган бўлсак, жуда кўплаб номаъқул ишларга дуч келамиз. Масалан, тўйдан олдин келин томон келин-куёв учун бўшатиб қўйилган уйни безатиши керак. Уйга ҳар хил мебель ва жиҳозлар, гиламу пардалар сотиб олинади. Бу ҳам етмагандек, келин томон куёв хонадонига «Ўғри товоқ» жўнатади. Биргина шу маросим учун қарийб уч миллион сўм маблағ сарфланади. Бундан ташқари, қуда томонларнинг бир-бирларига сарпо жўнатишларини айтмайсизми? Агар жўнатилган сарпо-совғалар бири-бириникидан кам бўлса, жиддий келишмовчиликлар юзага келиши ҳеч гап эмас. Бу каби ҳолатлар ажримларга ҳам сабаб бўлаётганини кўряпмиз. Никоҳ тўйлардаги ортиқча «одат»лар туфайли ҳар иккала томон ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрмоқда.

Муаммонинг замирида, бир томондан, миллийлигимизга ёт маданиятлар таъсири ётса, иккинчи томондан, атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан бепарволигимиздир. Чунки биз, катталар мана шундай тўйларнинг ўтишига имконият яратиб бераяпмиз. Ҳаракатнинг Қашқадарё вилояти кенгаши вилоят хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари вилоят бўлимлари, табаррук отахону онахонлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда тўйларни камчиқим ва дабдабабозликсиз ўтказишни тарғиб қилиш мақсадида қатор амалий ишларни бошлаб юборди. Ота-оналар ва никоҳ ёшидаги ёшлар ўртасида «Ортиқча дабдабаларсиз тўйлар қилайлик» мавзуида давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, имконияти бўлмай туриб дабдабали тўйлар қилган оилалар ҳақида таҳлилий кўрсатувлар ҳамда намунали ўтаётган тўйлар тарғиботига доир «Намунали оила» дастурини тайёрлаб, мунтазам равишда маҳаллий телеканалларда намойиш этиш режалаштирилган. Ўйлайманки, бундай чора-тадбирлар тўйларимизнинг ихчам ҳамда файзли ўтишига ўз таъсирини кўрсатади.

Бекзод Исматов, Сирдарё вилояти кенгаши раиси:

— Ота-она борки, топган-тутганини фарзандимнинг тўйига сарфлайман, деган орзу-ҳавас билан яшайди. Лекин бугунги кунда бундай орзу-ҳавас бироз ўзгача мазмун касб этаётгандек. Ҳозир ўтаётган битта тўйнинг тахминий сарҳисоби шундай: келинни олиб келиш учун йигирматагача, баъзан ундан ҳам ортиқ сўнгги русумдаги автоуловлар ёлланади. Битта ана шундай автоуловнинг ижара нархи 65-70 минг сўмни ташкил этади. Демак, йигирмата автоулов учун қарийб 1,5 миллион сўм харажат қилинади. Бу масаланинг фақат бир жиҳати, холос.

Айрим тўйларнинг (масалан, келин-куёв туманда ёки қишлоқда яшаса) шаҳар марказларида ўтказилаётгани ҳам ортиқча харажатни талаб этмоқда. Тўйдан кейин «Чақирди», «Ота кўрди», «Юз очар» каби маросимларнинг ўтказилиши яна харажат билан боғлиқ. Бир кўринишда бу маросимлар  кичкина бўлиб кўринса-да, лекин ташвиши оз эмас.

Тўй-ҳашамлар ва маросимларни ўтказишда дабдабабозлик, исрофга йўл қўймаслик мақсадида вилоятимизда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, жойларда тўй ёки маросим ўтказмоқчи бўлган фуқаролар билан мунтазам равишда профилактик тадбирлар, айниқса, тадбиркорлар, ишбилармонлар, ўзига тўқ оилалар вакиллари билан якка тартибда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда «Бахтли келажак сари қадам», «Маънавий комиллик сари» каби мавзуларда тарғибот-ташвиқот ишлари, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, туман ва шаҳарларда «ақиқа», марҳумлар хотирасига бағишлаб ўтказиладиган «етти», «йигирма», «қирқ», «йил оши», «худойи» каби  маросимларни имкон қадар ихчамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан буён юқоридаги каби муаммоларни бартараф этишда ҳамкорликни янада кучайтириш, айниқса, жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим. Шунингдек, маҳаллаларда истиқомат қилувчи намунали оилалар вакиллари, нуроний кексалар маслаҳатларига амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади.


Оллоқул Худойбердиев, Сурхондарё вилояти кенгаши раиси:

— Ҳаракатнинг Сурхондарё вилояти, шаҳар ва туман кенгашлари тўй-ҳашамлардаги дабдабабозликни қисқартириш ҳамда турли сунъий «урф-одат»ларни бартараф этиш мақсадида мутасадди ташкилотларни жалб этган ҳолда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқди. Белгиланган чора-тадбирлар доирасида Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, имом-хатиблар ҳамкорлигида ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида ФҲДЁ органларига ариза топшираётган бўлғуси келин-куёвлар учун ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари ўқувлар ташкил этилмоқда. Бундай тадбирларда уларга, асосан, тўйлардаги дабдабабозлик ва исрофга йўл қўймаслик юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.

Вилоятда кеч соат 24:00 га қадар давом этаётган кечки базмлар эндиликда 21:00 гача қисқартирилади. Кундузги сайлларда кўчани тўлдириб юрадиган замонавий машиналар сонини 30-40 тадан беш-саккизтагача, шунингдек, «куёв навкар»лар сонини ўттизтадан ўнтагача, келин томонга борадиган вакиллар сонини элликтадан йигирматага, тўққиз товоқдаги тўққиз хил таомларни иккитагача, сарпога бериладиган қўшимча жиҳозлар сонини 10-15 тадан 1-2 тага камайтириш кўзда тутилган. Бу борада маҳаллаларда, аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда суннат тўйлари муносабати билан берилаётган кўпкари ўйинларида қўйиладиган шоулоқлар: от, туя, автомобиль каби совринларни ихчамлаштириш юзасидан давра суҳбатларини ўтказяпмиз. Шу мақсадда оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланишни режалаштириб қўйдик.


Алишер Норбоев, Самарқанд вилояти кенгаши раиси:

— Ҳар бир ота-она фарзанд ўстириб вояга етказар экан, тўй қилай, фарзандларимнинг бахту камолини, саодатини кўрай, дейди. Лекин ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди. Бунинг сабабларидан бири, ёшларнинг никоҳ тўйларини дабдабали, ортиқча сарф-харажатлар билан ўтказишидир. Сир эмаски, бугун мана шундай катта маблағ эвазига ўтказилаётган тўйлар кўплаб ота-оналарга моддий қийинчилик туғдирмоқда.

Кексаларимизнинг айтишича, бўлажак куёв оиласининг яхши яшаши учун қаср эмас, оддийгина уй, кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган рўзғор буюмлар, келинчакка эса бир ёки икки бош-оёқ сарпо тайёрлаган. Тўй куни эса қурби етса битта қўй сўйиб, етмаса бир қозон ош дамлаб маҳалла оқсоқолларига уйланаётганини маълум қилиб келинни олиб келганлар. Афсуски, барчамиз ҳам бугунги фаровон ҳаётимизнинг қадрига етаётганимиз йўқ. Ўғил уйлантириш учун қанчадан-қанча сарф-харажатлар, ортиқча урф-одатлару, маросимлар ўтказиляпти. Бу икки ёшнинг бахтли бўлиши учун кафолат бўла олмайди-ку, ахир.

Бугун мана шундай масалалар юзасидан Ҳаракатнинг Самарқанд вилояти кенгаши томонидан тўйларни камчиқим, ортиқча дабдабабозликларсиз ҳамда миллий қадриятларимиз доирасида ўтказилишига эришиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, амалий учрашувлар ташкил этилмоқда. Ўтказилаётган тўйларда эса санъаткорлар сонини тўрт-бешта эмас, балки бир-икки нафардан оширмаслик, «Келин салом», «Талбон» (куёв чақирди) маросимларини алоҳида-алоҳида эмас, никоҳ тўйига қўшиб ўтказиш белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари вилоят мусиқа ва драма театри актёрлари, санъат коллежи талабалари ҳамда вилоят телерадиоканали ҳамкорлигида бу борада ёшларга ижобий таъсир қиладиган мавзуга оид махсус роликлар тайёрланмоқда. Шунингдек, Мустаҳкам оила йили муносабати билан кам таъминланган, чин етимларнинг вилоятда намунали тўйларини ўтказиш режалаштирилган.

Ушбу иллатларга, аввало, ёшларимизнинг ўзи, мустақил, соғлом фикр билан қарши турмоғи лозим. Шундагина кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

Маҳмуд Асомов, Тошкент шаҳар кенгаши раиси:

— Тўйларни дабдабали ўтказиш муаммоси пойтахтда, айниқса, ўткир. Кузатувларга кўра, дабдабалар уч ҳолатда кўзга ташланади. Биринчиси, тўйга тайёргарлик жараёни. Тошкентда ёшларнинг фотиҳа тўйларига қўша-қўша тоғоралар жўнатиш урф бўлган. Қалин пули эса уч минг АҚШ долларигача етаётгани маълум. Қолаверса, келин уйини безатишда ўта қимматбаҳо мебель жиҳозларини сотиб олиш каби ортиқча дабдабалар мавжуд.

Иккинчи ҳолат тўй кунида намоён бўлади. Сўнгги пайтларда шаҳарда «ЗАГС» маросими қайта жонланди. Бунда ўнтагача машиналар карвонининг тизилиб юришидан ташқари, тўйхонага келин-куёвнинг ўзи машина ҳайдаб келиши одат тусига киряпти. Устига-устак, никоҳ кечасидан кейин шаҳар бўйлаб айланишлар уюштирилади. Тўғри, ёшларнинг Мустақиллик майдони ёки Шаҳидлар хотираси хиёбонига бориши жуда яхши. Аммо кўпинча бундай сайрларда улар ўзларини одобсиз тутиб, шовқин-сурон солишларини оқлаб бўлмайди. Қолаверса, бугун никоҳ тўйлари маънавият кечасидан кўра кўпроқ беадаблик кечасига айланиб қолаётгани бор гап.

Учинчи ҳолат никоҳ кечасидан кейинги урф-одатлар билан боғлиқ. Охирги йилларда пойтахтда «чарлар» (чорлар)ни сезиларли равишда камайтиришга эришилган эди. Афсуски, бугун чарларилар яна қайтиб келяпти. Уларни ихчам ўтказиш ўрнига, одамларимиз яна санъаткор чақириб, шоҳона дастурхонлар безатишга ўтиб олишган. Шунда ҳам муаммоларнинг барчасини санаб ўтаётганимиз йўқ.

Жорий йилда «Камолот» ЁИҲ Тошкент шаҳар кенгаши тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда ортиқча дабдабабозлик ҳамда исрофгарликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди. Унга кўра, йил давомида барча олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида календарь режа асосида ёшлар билан давра суҳбатлари ташкил қилинади. Тадбирга Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий маркази, Адлия, Маданият ва спорт ишлари бошқармалари, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари мутахассислари жалб этилмоқда.

Бундан ташқари, биз оила қуриш остонасида турган бўлажак келин-куёвларга мурожаатнома тайёрладик. Уни барча ФҲДЁ органлари, шоҳ кўчалар ва хиёбонларга осиб қўйиш мўлжалланган.

Ҳозир қўлимизда Тошкентдаги барча тўйхоналарнинг рўйхати мавжуд. Йил давомида «Камолот» фаоллари шу объектларга чиқиб, тўйларнинг ўтказилиш ҳолатини ўрганишади. Олинган маълумотлар асосида таҳлилий материаллар тайёрланиб, тегишли ташкилотларга етказилади.

Никоҳ тўйлари ва бошқа маросимларни ихчам ўтказиш бўйича маҳаллаларда жамоатчилик кенгашларини шакллантиряпмиз. Маълумки, маҳалла фуқаролар йиғинларида бу бўйича махсус комиссия аввалдан мавжуд. Жамоатчилик кенгаши комиссияга кўмаклашиши кўзда тутилган. Қолаверса, кенгаш таркибига таълим муассасаларидаги «Камолот» ЁИҲ бошланғич ташкилотлари етакчилари ҳам киради.

Тўйдаги дабдабалар юзасидан Ҳаракат тасарруфидаги «Бунёдкор» ёшлар телеклуби билан ҳамкорликда телевизион ток-шоу лойиҳасини ишлаб чиқдик. Унинг ишчи номи «Фикрлар чорраҳасида» деб аталади. Ток-шоуни икки ҳафтада бир маротаба эфирга узатиш режалаштирилган. Худди шу лойиҳани FM форматида, яъни радиомулоқот шаклида ҳам амалга оширмоқчимиз.

Юқорида таъкидланган фикр-мулоҳазалардан ҳам маълумки, ҳудудларимизда ўтказилаётган тўй-маросимларда ортиқча дабдабабозликка йўл қўймаслик, миллий анъаналаримизга ёт бўлган «одатлар»га барҳам бериш бугуннинг муҳим масалаларидан бирига айланган. Газетамизнинг кейинги сонларида ушбу мавзуга яна қайтамиз.


Рустам ЮСУПОВ,


«Turkiston» мухбири
Прикрепления: Картинка 1
Просмотров: 879 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024