Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 05:16
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2013 » Август » 12 » ИЛОНГА АЙЛАНГАН ҚИЗ
15:46
ИЛОНГА АЙЛАНГАН ҚИЗ
ИЛОНГА АЙЛАНГАН ҚИЗ
6

 Барбар шаҳрининг валиаҳди сарой донишларини чорлаб машварат қилди.

 -Мен кўпдан буён бир нарса тўғрисида таажжубдаман. Окс соҳилининг нариги ёғида шаҳри Ғулғула кун сайин чирой очмоқда. Эшитишимча, у шаҳар жуда обод эмиш. Шаҳарда туну-кун одамлар иш билан машғулмиш. Кеча-кундуз, одамларнинг ғала-ғовури сира қулоғимдан кетмайди. Бизнинг Барбар шаҳрида эса бунинг акси. Боиси нимада?

 -Муҳтарам валиаҳд, бу сирнинг тагига етишимиз керак,-деди вазир, суҳбатдошининг гапини маъқуллаб.

 

-Ғурр-рак, ғурр-рак"- деб тилга кирди мақтанчоқ тўти.

 -Бу нима деганинг, ҳой ғалча тўти?!-деди валиаҳд жаҳл билан. Ҳеч бир кимса тўтининг гапининг маъносини чақолмади.

 Ҳожада тўти тилини билгувчи бир киши яшарди. Чопарлар у зотни бошлаб келишди. Валиаҳд унга:

 -Бу ғалча тўтининг сўзини изоҳлаб бер. Мабодо, мени ўсал қилмоқчи бўлсанг, тилингни суғуриб, патингни мушукка тўзиттираман, уқдингми?

 Тўти ўз сўзини тағин такрорлади.

 -Ҳафа бўлманг, шох, тўти ёмон сўзламади, Зеро у, "Ҳикматлар сандиғи қулфини изла!" деяпти.

 

-Қаерда экан ўша ҳикматлар сандиғининг қулфи-калити?

 

-Тушундим,-деди вазир Бегал.- Биз ўша шаҳарга айғоқчи юборайлик. Қани, бу сирларнинг боиси нимадалигини билиб келишсин.

 Валиаҳд Грандон вазирнинг сўзини қўллади. Ўша тун икки айғоқчи Окс дарёсига шўнғиб Ғулғула шаҳри томон йўл тортдилар.

 Орадан ойлар ўтди. Лекин айғоқчилар қайтмадилар. Валиаҳд ғазабдан жўшиб, Ғулғула шаҳри устига юриш режаларини тузди. Неча-неча суворийлар, жангарилар ойлаб жанг машқлари билан машғул бўлдилар. Жанг олдидан Валиаҳд катта йиғин қилди. Йиғинда аҳли сарой ўз фикрини билдирди. Дабдурустдан тўти тилга кириб:

 -Эй-й, нодон валиаҳд! Сен бошлаган йўл халқингни нобуд қилур. Сен юборган икки айғоқчини икки наҳанг ютиб кетган эди. Сен эса бундан бехабар эдинг. Сув кўрмай, оёқ ялангламоқ шуҳрату шавкат келтирмагай,-дебди.

 -Ҳой бадбахт тўти! Сен шуларни била туриб, нега жим келдинг?..

 

-Шоҳлар доно келадурлар. Сен эса ғазабкор, баткирсан.

 -Ҳой, бир сиқим пат! Ҳаддингдан ошма!!! Шоҳга бундай дейишга қандай тилинг борди?

 -Сенга шуни айтмоқчиманки, Ғулғула шаҳрида ақли расолар кўп яшайди. Халқи кў-ўп косиб, бозорлари ҳамиша обод. Ночорлар боши ҳамиша сийловда. Сенинг халқинг орасида ишёқмаслар кўпайган. Саройингда яхшилар камайган. Ўзгалар ҳақига хиёнат қилишлар, йўқсилларни камситиш, таҳқирлаш авжида. Бу кулфат балосидан дарак. Ўзгаларга хасрат билан эмас, ҳавас билан қараш керак.

 -Ушланг бу бадбахт қушни! Тилини суғириб, этини мушукларга ташланглар.

 Валиаҳднинг буйруғи бажо қилинди. Ҳақ гапни гапирган тўтининг сўзи ёқмади унга.

 Шоҳ Грандон уришни кечиктиришга фармон қилди. Кечалари уйқу олдидан жуда кўп ўйлади. Охири Морбоз хийлагарни чақириб деди:

 -Қани, афсунгар, кучингни ишга сол! Энг гўзал қизларимиздан бирини аждаҳога айлантириб, Ғулғула шаҳрига жўнатасан. У шаҳарни қўлга киритишнинг ягона йўли, энг аввало, шоҳга яқин бўлган аҳли донишманд, маслаҳатгўйларни чақиб ўлдирсин. Сўнг бир ҳамла билан шаҳарни талофатсиз қамал қилиб оламиз.

 Афсунгар Барбар шаҳридаги энг хушрўй қизларни ҳузурига чорлади. Юзлаб қизларнинг орасидан Сулув исмли қизни танлади. Қизга одамдан илонга, илондан одам тусига кириш дуоларини ўргатди. Уни бир неча бор синаб кўрди.

 Ёз. Ҳарорат иссиқ. Қумга оёқ боссанг, жизиллаб куйдиради. Тонг отар маҳали қиз оппоқ илонга айланиб, қирғоқ томон ўрмалаб, сувга шўнғиди. Қамишзорларни оралаб қирғоққа чиқди. Шу орада қуёш қип-қизил доирасимон бўлиб атрофга шаффоф ёғдуларини сачрата бошлаган эди. Қиз инсон қиёфасига кириб, шаҳар томон юрди. Қай томонга юришини, кимнинг хонадонидан бошпана топишни ўйлади. Сўраб-суриштириб бозорга келди. Томошалар қилди, ширинзабонлик билан у-бу савдо қилди.

 Косибларнинг қўли-қўлига тегмас. Темирчилар турли иш қуроллари ясаб, дўконларнинг пешонасига ярақлатиб илиб қўйибди. Одамларнинг хурсандчилиги, бозорларнинг маҳсулотларга сероблиги мамлакат шоҳининг адолатли ҳукмронлигини билдириб турарди. Қиз бу манзараларни диққат билан кузатар экан, ўзича" Қойи-ил! Буни қара-я. Ҳамма ўз касб-кори билан машғул. Дилозорликни учратмадим. Кўзи тўқ халқнинг шоҳи адолатпеша келади, деганлари рост экан. Лекин бизнинг валиаҳд Грандон ўлгудек ҳасадчи. Эл-юрт фаровонлигини кўра билмас шоҳлардан. Одамлар ишёқмас. Бозорлар хувиллайди. Емак учун меваю-сабзавот, қовун-тарвуз кабиларни учратолмайсан",-деди.

 Қиз Ғулғула шаҳридаги ободончиликлар, одамларнинг меҳнатсеварлигини кўриб, ҳавас билан яна илонга айланиб, тонг маҳали Барбар шаҳрига қайтди. Мамлакат шоҳи Грандонга кўрган-кечирганларини мақтаб-мақтаб сўзлади. "Эй-й, аҳли сарой! Бир шаҳарки, кўриб дилинг яйраб кетади. Бозори обод. Емак учун ҳамма нарса мухайё. Зардўзу косиблари кўп, темирчи косиблари қиличу найза, қалқон, совут, деҳқончилик иш қуроллари ясаб, дўконлари пештоқига ярақлатиб илиб қўйишибди. Одамларини бекор турганини кўрмадим..."

 -Бас-с, етар! Жо-онимга тегди мақтовларинг. Қани донолар, тўпланинглар. Мажлис қилайлик. Барбар шаҳрини Ғулғула шаҳрига айлантирамизми? Ёки Ғулғула шаҳрини Барбар шаҳрига айлантирамизми? Марҳамат!...

 Анча фурсатли маслаҳатлардан сўнг вазир Ғазо:

 -Ғулғула шаҳрини Барбар шаҳридек ялонғоч қилмоқдан осони йўқдир,-деди.

 -Бунга қандай қилиб эришмоқ керак? Қизнинг айтишига қараганда, улар қурол-аслаҳа, ҳарбий жиҳатдан устун, бизни мағлуб қилиб, юртимизни ишғол қилишлари кўриниб турибди...

 -Душманни мағлуб қилишнинг йўллари кўп. Бу бобда ҳийла ишлатмоқдан ўзга чорамиз йўқдир.

 -Хў-ўш-ш!..

 -Сеҳру жоду, афсунгарнинг қуроли бизни ғалабага элтади. Қизни заҳарли илонга айлантириб, шоҳ саройидаги фозил, ҳақгўй амалдорларни чақтириб ўлдирмоқ керак.

 Кўрибсиз, сардорсиз қўшин тўзиб қолади.

 Вазирнинг маслаҳати шоҳга манзур тушди. Афсунгар ила қизни яқинига чорлаб:

 -Қани, афсунгар, санъатингни ишга сол. Сен, қизим, бу ишни бажарувчиси, ваъда қилган бир сандуғ тиллони ишни қойил қилгандан сўнг олурсан. Сизларнинг бу қаҳрамонлигингизни аждодларимиз унутмайди.

 Шоҳнинг сўзлари афсунгар ва қизнинг руҳини қанот ёздирди. Қиз қалбидаги меҳр ўрнини қотиллик, айёрлик хислатлари эгаллаб олди. Илонга айланиб, Ғулғула шаҳрига келганида чошгоҳ эди. Мамлакатнинг ҳар гўшасида катта сайил. Шаҳар эса бошқача гўзаллик оғушида. Байрамона руҳда безатилган. У катта йиғиннинг устидан чиқиб қолди. Йиғинда ўтирган бир момадан сўради:

 -Мома бу қандай шодиёнаки, одамлар шоду хуррам?

 -Бугун қиш билан хайрлашиб, илк Наврўзни қутламоқдамиз. Бу Наврўз шодёнаси. Буни мамлакатимизда бир хил қабул қилишган. Ҳозир улуғ шоҳимиз аркомлари билан ана шу анжуманда қатнашиб, халқ билан Наврўзни нишонламоқда. Бу бизнинг мамлакатимизда ҳар йили одат тусига кириб қолган. Нима, сен бундан бехабармисан? Ё бу ерлик эмасмисан?

 Қиз довдираб жавоб қилди:

 -Мома, йўловчиман. Ҳалап даштидан келаётиб, карвонимиз довулда тўзиб, очликдан ҳар томонга тарқаб кетдик. Отам савдогар эди. У кишини йўқотиб қўйдим. Саргардонлик машаққатларини кўп тортдик.

 Мома меҳмон қизни қизлар даврасига чорлади. Наврўзнинг энг яхши таомлари, сумалаклари билан сийлади. Сайиллар тугагач, мома унга:

 -Борар жойинг борми? Энди қай юртларга йўл тортмоқчисан?

 -Билмадим, бу ёғига нима қилишга ўйланиб қолдим.

 -Юр, қизим, уйимга олиб кетай. Бизда меҳмонни атойи улуғ дегайлар.

 Мома меҳмон қизни қизлар билан таништирди. Улар бир хонада тонг оттирди. У беш-олти кун моманинг хонадонида қолиб, уй-юмушларига чаққон-чаққон киришиб кетар, мома билан яқиндан танишиб, шоҳ саройига хизматкор бўлишга маслаҳатлар солиб қолди.

 -Бу-жуда қийин масала. Шоҳ саройида жуда ишончли, асосан, шу ерлик синалганлар хизмат қилади.

 Мома шоҳ канизакларига бош эди. Гарчанд ёши анчага бориб қолса-да бу аёл шоҳнинг ишончини оқлаб келганди. Шу боисдан ҳам илон қиз ундан фойдаланишга, ўз шоҳи томонидан буюрилган қабоҳатни амалга оширишни мақсад қилиб олади.

 Бир куни қиз эрта азонда кўча ҳовли супираётганида бир неча хушрўй кийинган кишиларни шоҳ саройи томон кетаётганига кўзи тушиб қолди. У ҳовлига кирар экан, момадан: "Беш-олти шаҳзодалардек кийинган кишилар шоҳ саройи томон кетишди.Улар кимлар?"- сўради.

 -Вазирлар, шоҳ маслаҳатгўйлари одатга кўра барвақт жойларига борурлар...

 Сулув эртаси ҳам кўча супириб турганида яна шу ҳол юз берди. Момани имлаб:

 -Кеча ҳам шулар эди.

 Олдинда бораётган ўнг қўл вазири, сўлдагиси чап қўл вазири. Ўртада валиаҳднинг пирлари. Орқадагилари дунёда донғи кетган мунажжим, мўйлови сабза урган йигитни валиаҳд мирзабоши қилиб олдилар. Мамлакатимизнинг осойишталиги, ободончилиги мана шу доноларнинг шоҳимизга кўрсатаётган саъй-ҳаракатлари билан. Ҳойнаҳой, сени улар нега қизиқтириб қолди?

 Шоҳ саройи билан қизиқишдан лаззат топаман. Ахир, мунажжиму файласуфларнинг сўзларидан қониқишга нима етсин. Улар тўплаган сўз мулки хазинаси нималарга қодирлигини ҳозир гапириб бердингиз...

 Шу топ қизнинг хаёлига шоҳнинг сўзлари садо берди: "Катта дарахтни қулатишдан олдин унинг новдаларини, илдизларини қирқиб ташламоқ керак. Кучли мамлакатни енгмоқ учун, аввало, шоҳ атрофидаги ростгўй фозилларни, донишмандларни, мунажжимларни йўқотмоқ даркор. Шуларсиз шоҳ чорасизликдан таслим бўлади. Ана шунда мамлакатни хароб қилмоқ осон кечади. Сен илонга айланиб, ана шу айтганларимизни бажо қилмоғинг шарт..."

 Қиз шу онлардан бошлаб шоҳ саройида хизмат қилаётган донишманд, маслаҳатчиларининг уйлари қаердалиги билан қизиқиб, ишга киришди. Уларни саройдан қачон қайтиши ва қай томонга тарқаб кетишини кузатар, ўзича режалар тузарди. У орадан бир ҳафта ўтиб, кампирдан кетишга маслаҳат солди. "Мома тузингизни кўп едим. Энди менга рухсат беринг. Бирор карвонга эргашиб уйимга кетай",-деб қолди.

 -Уйингни соғиндингми? Ҳа, қизим, ҳар кимнинг уйи, ватани ўзига азиз. Туғилган замин-она бешик. Майли, ой бориб, омон етиб ол ватанингга. Бизни ҳам эслаб тур, қизалоғим,-дея мома, унга оқ йўл тилаб, бир неча кунлик емак билан кузатиб қолди.

 -Раҳмат сизга, мома,-дея қиз шаҳарни тарк эта бошлабди.

 Қиз кампир берган емаклик тугунни яхши жойга яшириб қўйди-да, сўнг илонга айланиб, мақсади сари киришди. Унинг илк ўлжаси шоҳнинг пири бўлди. Пир кечаси ёзнинг салқинида ташқарида ухлаб ётарди. Илон фурсатни ғанимат билиб, унга икки бор оёғидан заҳар солди-да, жуфтакни ростлаб қолди. Заҳар секин-аста унинг оёғидан бадани узра тарқаб, кучли оғриқ бера бошлади. Чол оғриққа чидаб беролмади. Хотини уйғониб, чироқни ёқди. Қўрқиб, ҳаяжон ичра:

 -Болаларни уйғот. Куним битган кўринади. Шоҳ саройига зудлик билан боринглар,-деди.

 Ўша онда қўни-қўшнилар оёққа турди. Шоҳ саройига югуришди. Шоҳ табибларини бошлаб пирнинг уйига келди. Чол жон талвасасида эди. Шоҳ отдан тушиб, пирининг ёнига ўтирди. Бошини кўкрагига олиб сийлади.

 

-Нима бўлди, пирим? Бу нима кўргилик?!..

 

Табиблар пирнинг дардини қидиришди.

 

-Илон икки марта ўткир заҳарли ниш урган. Анча маҳал бўлган,-деди бош табиб.

 

-Давосини топинглар!

 

Табиблар кўп уринди. Бир томонда кучли дуогўйлар кучларини кўрсатиб, пир дардига малҳам бўлишди.

 

Шоҳ эртаси саройга донғи етти иқлимга кетган морбозларни ҳузурига чақиртирди. Улар ҳеч нарсадан бехабар, "Нима юмуш экан?"-деб бир-бирларига маъноли боқишарди.

 

-Бу мамлакатнинг шоҳи менми ё сизларми? Нега нотинчлик содир булаётгандек? Шу сўзларим қулоқларингга қўрғошиндек қуйилсинки, мабодо, бирорта фуқаром илонлар заҳридан нобуд бўлгудек бўлса, авлод-аждодинг билан қириб ташлайман.

 

-Нима гап бўлди, валиаҳд? Фақуру фуқароларимизнинг тан-жони бизнинг маҳлуқларимиздан жабр кўргудек бўлса, биз жазога мустажибдурмиз.

 

-Кеча пиримизга сизнинг маҳлуқларингиздан қай бири бир бора икки ниш солибди.

 

-Пир яхшиларму?

 

-Ҳайриятки, сақлаб қолдик. Энди сизларга айтар гапим бор. Сизларга уч кун муҳлат, маҳлуқларинг бирла суҳбат қуринглар. Улардан қай бирлари не сабабдан бу қабиҳ ишга қўл урди. То шунинг ибтидосини билмас эканмиз, тинчимиз қочаверади.

 

Беш морбоз мамлакатнинг беш томонига тарқаб кетишди. Маҳлуқларини суҳбатга тортиб, катта мажлис қилдилар. Лекин маҳлуқлардан ҳеч бири бундай нопок ҳаракат қилмаганларини айтишди. "Агар мамлакатимиз фуқароларига зарар қилгудек бўлсак, нонкўрлик қилган бўламиз. Мабодо, шундайлари бўлгудек бўлса, биз ўзимиз уни қонунларимизга кўра жазолаймиз", деди илонлар шоҳи.

 

Ҳаёт шу зайлда кетаверди. Орадан уч ой ўтди. Бу хабардан илон қиз ҳам хабардор эди. Қиз қиёфасини ўз ҳолига қайтариб, сарой кўчасидан ўтаётганида мўйловлари сабза урган йигитга дуч келиб қолди. Қиз чиройи йигитни ўзига қаратди. "Ё тавба! Қизми бу ё малак. Бунчалар сулув-а?!"-деди, кўнглидан ўтказиб.

 

Илон қиз ўз шоҳининг ҳукмини бажариши шарт эди. Шунга монанд иш тутди. Бир кечада шиддат билан уч нафар сарой уламосини заҳарлаб ўлдирди. Бир ҳафтада етти баҳодирнинг жони узилди. Шоҳни турли ўйлар қийнарди. Еттинчи кун тун алламаҳал бўлганида, ойнинг сутдек ёруғида Мирзабошининг уйига кетди. Ташқаридаги сўрида суқсурдай пахлавон ширингина туш оғушида ухларди. Илон унинг боши узра ҳалқумини шишириб, термилиб турарди. "Сенга жуда раҳмим келаяпти. Ой юзинг ой нурида мунчалар шўъла солиб кўнглимни эритмаса. Ҳо-о-о!. Ажиб дунё бу!!! Кимдир эрта, кимдир кеч кетади. Эй йигит, тезроқ ҳушингга келсанг-чи. Ё бир ниш уриб жонингни олайми? Негадир, сенга ҳамла қилишга қийналаяпман,"- дея йигитнинг оёқ томонига ўтди. Муздек совуқ думи йигитнинг оёғига тегиши билан уйғониб кетди. Тилсиз қотил ўлдирилмади. Ўзини ҳушёр тутиб, гулзор оралаб жўнаб қолди.

 

Йигит ҳозиргина кўрган тушини эслади. Тушида ҳасса ушлаган бир нуроний кимса, ўнг қўли билан соқолини сийпаб: "Тура қол, паҳлавон. Қаршингда Дажжол, найзасини сенга ўқтаб турибди. Ҳаётинг хавф остида, бўталоғим..."-дер эди.

 

Ўрнидан турди. Одамларни атрофига тўплади. Не бўлса, не махлуқ учраса, ўлдиринглар!-деб хитоб қилди. Бу шов-шувлар шоҳнинг қулоғига етиб келди.

 

Шоҳ саройида яна катта машварат бошланди.

 

-Эй, аҳли сарой! Етти кунда не-не уламолару донишмандлардан ажралдик. Шаҳримизда бир сир борга ўхшайди. Пирга заҳар солмоқ илоннинг иши. Во ажаб, бугун мирзабошига ниш урмоқ ниятида бўлган. Қани, морбозлар, сизлар нега жим қолдинглар? Сенларга ҳукмим шулки, ана шу дажжол махлуқни топиб, ҳузуримга келтирмас экансанлар, уч кундан сўнг бошларинг кундада, болаларингни битта қолдирмай ўтда ёндираман.

 

-Хўп, бўлади,-дея уч морбоз уч томонга бўлиниб, илонлар шоҳига шоҳнинг бу гапларини етказишди. Илонлар шоҳи вазиру маслакдошларини тўплади. Ғорларга наъра солишиб, жамийки ўз маҳлуқларини тўплашди.

 

Илонлар орасида қози калони бўларди. У ўз махлуқларини назорат қилар, ёвузликка бошламас эди. Сардорлардан буни қаттиқ талаб қилар эди. Илонлар шоҳи ўз аҳилларини тўплаб деди:

 

-Шаънимизга яхши гаплар айтилмаяпти. Биз ёвузликдан буткул воз кечиб, яхшилик сари онт ичганмиз. Лекин бир сирли шарпа борга ўхшайди.

 

Илонлар орасида фолбини бор эди. У ойнада ер юзида бўлаётган ҳодисаларни кўриб турарди. Илонлар шоҳи унга ҳукум қилди.

 

-Ҳой, афсунгар! Қани, санъатингни ишга сол-чи?! Нимани сўзлайди?

 

Афсунгар шоҳнинг амрини бажо қилди. Қараса, Ғулғула шаҳрининг дарё соҳили бўйида бир совуқ маҳлуқ жон сақламоқда. У уч кун ҳам ойнадан кўзини узмади. Бегона маҳлуқ жуда талвасада эди. У бу янгиликни шоҳга етказди. Шоҳ у бадбахтни тутиб келишга фармон қилди. Чопқирлар душман сари отланди. Афсунгар ойнадан кўз олмасди. Сезгир нобакор тузоққа илинаётганини пайқади. Дарё қирғоғига бир шўнғиб гўзал қизга айланди.

 

Сир очилди,-деди афсунгар шоҳига.

 

-Қани гапир! Не сир бор?

 

-У гўзал қизга айланиб, шаҳар томон йўл тортаяпти.

 

-Етар, афсунгар!..

 

Сардорга: "Чопар юбор, қайтсинлар! Инсон зотига зарар етказмасликка қасамиёдимиз бор. Бу сир вақти етиб ошкор бўлур," деди.

 

Афсунгарлар шаҳарга, шоҳ ҳузурига қайтдилар. Илонлар шоҳи билан бўлган жамики сир-синоатларни етказишди.

 

Сулув шаҳар кўчаларини айланиб, моманинг уйига келди. У келганида оқшом чўкаётган эди. Дарвоза қоқиб, остона хатлади.

 

Ит хуриб дарвоза томон боғланган жойидан ташланарди. Мома дарвоза томонга кела бошлади. Не кўз билан қарамасин, ўша сулув қиз жилмайиб турарди.

 

-Ҳай-ҳай! Тушимми, ўнгимми? Нега туриб қолдинг, қани, ичкарига кир! Ўз уйингдек-ку. Нега тортинаяпсан, сингилларинг ҳам ҳали замон қўй-эчкиларни ўтлоқдан ҳайдаб келади.

 

Улар дилдан сўрашишди.

 

-Кўп кутдим. Карвон қайтмади. Сизларни жуда соғиндим.

 

-Энди мени қизим бўла қол. Яхши йигитларимиз кўп. Турмушга берамиз,-деб кулди мома ҳазиллашиб.

 

Сулув моманинг уйларини елиб-югуриб, саранжом-саришта қилиб юрарди. Кунларнинг бирида саройдагилардан икки киши моманинг уйига совчиликка келишди. Мақсадларини айтишди.

 

-Рўзвон мома, саройимизда мирзабоши қизингизни ҳуснини, оқиллигини кўриб, ошиқ бўлиб қолибди. Қўл сўраганга "йўқ" демассиз,-дейишди.

 

Эшик орқасидан қулоқ тутиб, бу гурунгларни эшитиб турган қизнинг кўнгли очилиб кетди. Мома қизнинг розилигини олишлиги ва кейинги хафта пайшанба куни келишларини айтиб, ширинтилгина кузатиб қолди. Ўша оқшом нонуштадан кийин мома қиз кўнглига қулоқ солди.

 

-Саройимизнинг мирзабошиси сенга кўнгил қўйибди. Ҳойнаҳой, кўчамиздан ўтган-кетганда ойдек рухсорингга нигоҳи тушган экан-да. У ҳам сендек беғубор хусн-малоҳат эгаси. Иккингиз бир-бирларингизга узук кўзидексизлар.

 

Қиз ибо билан ердан кўз узмай:

 

-Сиз нима десангиз, шу бўлади,-деди.

 

Бир ойнинг ичида уларнинг тўйи бўлди. Йигит эса шундай парирухсор ёри борлигидан шод эди. Кунлари шу зайлда хурсанчилик билан ўтаверди. Зулфи Юсуфнинг отаси бир куни ўғлига:

 

-Ўғлим, анчадан буён кузатаман, негадир рангинг сўлғин. Нима сир-синоат ўтмоқда танангда? Хўш, гапир-чи! Нима сир экан у?

 

-Таним соғ, қувватим дуруст. Лекин бир нарсадан ҳайратдаман. Келинингиз билан тўшакда ётганимда таним совий бошлайди. Билмадим, тангрини мукофоти шу бўлса, ажабмас.

 

Ота ўғлининг бу суҳбатидан бир нималарни англаган бўлди ва маслаҳат қилди.

 

Сенга, бир-икки қиладиган насиҳатларим бор. Танингни совий бошлашининг тагида бир сир борга ўхшайди. Сен шу хотинингни бир синаб кўр...

 

-Нега?!

 

-Хўп-де-да-а! Ўзингни ухлаганга сол. Майли, хуррак ҳам торт. Ишончига кир. Сени ухлатиб, нима иш билан машғул бўлаётганини англа. Сўнг бир маслаҳатга келурмиз.

 

Отанинг бу сўзлари йигитни ўйга толдирди...

 

Ўша оқшом ёш келин-куёв жуда хурсандчилик қилишди. Йигит хотинининг кўнглини овлади. Ўзини чарчаганга олиб, кўзларини оҳиста юмиб, хуррак ила уйқуга ғарқ бўлган бўлди. Тун ярмида қиз оппоқ харир кийимларини ечиб, кўрпанинг остига яширди. Сўнг оппоқ илонга айланиб, киши билар-билмас сирғалиб, қаёққадир ғойиб бўлди. Шу кетишда роса ҳаяллади. Тонг отай деганда, яна ўз ҳолига қайтиб, оппоқ ҳарир кийимларини кийди. Эрининг ёнидан секин жой олди. Унинг танаси қизнинг танасига тегиши билан бадани совуқ ҳисни англади.

 

Эртаси қуёш найзаларини ҳар томонга отиб кўтарила бошлади. Қаёқлардан дод солиб, йиғининг овози эшитилади. Кўчада кимдир кимга кимнингдир қазоси етгани тўғрисида айтиб, "бандачиликда" деб тасалли бериб гапириб борарди. Йигит ҳам саройга жўнайман, деб турганида, отасининг ҳолидан хабар олгани ўтган эди. Салом-аликдан сўнг, ота сўради:

 

-Бу оқшом нима сир юз берди, бўтам?

 

-Сиз айтгандек, ўзимни роса уйқуга кетганга олдим. Тун ярмига етганда, кийимларини ечиб, аллақандай дуоларни пичирлаб ўқиб, оппоқ илонга айланди. Сўнг орқасига бир қараб, сирғалганича аллақаерларгадир ғойиб бўлиб кетди. Тонг пардасини энди кўтара бошлаганида, ўз ҳолига қайтди. Оҳиста шивирламасдан кийимларини кийиб, менинг ёнимга чўзилди. Шу он таним муздек нарсага тегиб кетгандек сесканиб кетдим.

 

-Ҳаммаси тушунарли,ўғлим. Кунда бир одам ўз-ўзидан тўсатдан ўлаётганининг сириям мана шунда. Табибларнинг айтганига қараганда, бемаврид ўлганларнинг сириям мана шу қотилнинг ишидир. Бунга мен юз маротаба аминман. Энди бир иш қиламиз. Бу сирни ҳеч кимга айта кўрма. У сезиб қолади. Шундай иш қилайликки, у тузоғимизга осонгина илинсин...

 

-Ёрдам беринг, нима қилай?

 

-Менга бир сир аввалдан аён. У билан турмуш қурганингга уч ойдан ошаяпти. Лекин у сираям оловга яқин бормайди. Нон ёпиш, овқат қилиш ҳамон онангни гарданида. Бугун бир иш қиламиз. Уйда нон узилган. Сен унга хамир қориб, нон ёпишини буюрасан. Тандирга нон ёпаётганда шундай шиддаткорлик билан икки сонидан маҳкам тутиб, калласи бирла тандирга тиқасан. Фақат сездирма. Эҳтиёт бўл. Ана шунда шаҳар бошидан бу қора булут тарқайди. Одамлар тунлари хавотирсиз ухлайди.

 

Ота-бола ҳайрлашиб, ишлари сари тарқалишди. Йигит уйига келиб, хотинига деди:

 

-Сарой маликалари ҳам ўз эрларига қўли бирла андак емаклик қилурлар. Эр-хотинлигимизга ойлар ҳам гувоҳдирларки, нозик қўлинг билан кулча ҳам қилганинг йўқ. Онам бетоблар. Бордонда нон ҳам тугабди. Демоқчиманки, бугун маззали патир ёпиб, бизни бир шодлантирурсан.

 

Ноз бирла киприкларин ўйнатиб турган Сулув:

 

-Майли, мен хамир қоргунимча, сиз ўтин териб келиб, тандирни қиздиринг, шундай кулчалар пиширайки, бир умрга таъми оғизларидан кетмасин.

 

Келин хамир қоришга, йигит эса ўтин теришга кетди. Йигит тандирга ўт қалаб, нон ёпишга ҳозирлади. Сўнг бир саватга ростлаб жойлаштирилган кулча хамирини кўтариб келиб, хотинининг олдига қўйди.

 

-Марҳамат, бекам! Бу ёғи сиздан,-дея ўзини бир-икки қадам орқага олди. Сулув билакларини куйдирмаслик учун енгича кийди. Сўнг рапида устига кулча хамирни қўйди. Бошини орқага тортиб, узалиб, енгича билан рапидани тандирга олиб бораверди. Шу чоғ йигит куч олиб, унинг бели ва оёғидан даст кўтариб, тандирнинг ичига тиқди. Устига оғир темир қопқоқни қўйиб босиб турди. Қиз "дод!" солиб, баҳайбат илонга айланиб, этлари куйиб, тандирни тарс ёриб қоча бошлади. Бироз юраркан ғазабга ботиб: "Агар бу мукофотингни олдиндан билганимдамиди... Эҳ, аттанг! Ҳалиям билиб қолдинг, йўқса шаҳрингни ютар эдим",-дея шиддат билан дарё томон қоча бошлади.

 

Қаҳрамонларимизнинг саргузаштларига шу ерда нуқта қўйиб турайлик. Энди гапни Барбар мамлакатининг шоҳ саройидан эшитайлик.

 

Валиаҳд Грандон саройда айш-ишрат қуриб, гапдон тўтидан фойдаланарди. Тўти Сулув қизнинг Ғулғула мамлакатидаги саргузаштларидан эринмай сўзлаб берарди.

 

-Хў-ўш, доно тўти! Энди нима янгиликлардан бизни хабардор қилурсан?

 

Тўти безовталаниб тилга кирди.

 

-Эй, мамлакат ҳукмдори! Бадкирликнинг охир заволи бордир, деган доно хикматни эшитганмисан?

 

-Эй-й, чайналмай гапирсанг-чи? Нима бўлибди?!

 

-Мусибат! Сулув қизнинг сирлари фош бўлди. Ҳамма ёқда у учун тузоқ ташланган эди. Ҳатто Ғулғула мамлактининг жамийки жонзотлари сен бошлаган нотинчликка сўнгги нуқтани қўйишга шайланди. Сулув қиз кулча ёпаман деб турганида, унинг сирларидан хабар топган эри саксовулнинг яшнаб турган қўрига ташлади. У тандирда куйиб хароб бўлди. Сулув илон қиз ўлди. Куйиб ўлди. Доду фарёд солиб ўлди. У ҳозир дарёга етолмай, ярим йўлда баданидан қўланса ҳид таралиб, қузғунларга ем бўлмоқда. Эй нодон ҳукмдор, билгинки, ўзгалар юртига кўз олайтирганнинг ҳоли шу бўлур такрор. Ҳеч вақт нодонлик доноликдан устун бўлмаган.

 

-Нима, нима дединг? Сен шум хабарчиними!.. У ўлмайди. Сеҳру жоду билан яшайди.

 

-Унинг сеҳру жодуси йиртилди. Бахиллик, баттоллик ҳасад йўлида қилинган ҳар бир уриниш самарасиз бўлгай. Сенинг халқинг дангасаликни ўзига касб қилиб олган. Меҳнатнинг таги роҳат эканлигини унутиб қўйган. Сен мамлакат хукмдори бўла туриб, атрофингдагиларни ростлик, меҳр-шафқат, мамлакат, халқнинг фаровонлиги йўлида ёниб яшашга сафарбар этолмадинг. Бу эса сенинг ҳукмронлигингнинг бесамарлигидан нишона.

 

-Бас қил! Етар!!! Жо-нимга тегиб кетди, донолигинг. Тўти, энди сенинг тилсиз суратингни кўраман. Ҳой ясовул, қафасдан тўтини келтир! Бошини танасидан жудо айлаб, гўштини сихга тортинглар. Хуморидан чиқай-й!

 

Тўти нелар деб оҳу фиғон қилмасин ясовуллар уни қафасдан олиб, шоҳнинг кўзи олдида бошини танасидан жудо қилдилар. Шоҳ ошпазини чақириб, деди:

 

-Ол, мана бу ликопдаги гўштни. Мен учун маззали емак-шу!

 

Ошпаз қўлини кўксига қўйиб, тўтининг гўшти турган ликопни олиб, ошхонаси томон равона бўлди Шоҳ Грандон ошпази тайёрлаб келган таомни зўр иштаҳа билан тамади қилди. Сўнг телбанамо сўзлай бошлади.

 

-Эҳ, тўти, тўти! Бор-йўғинг бир ошам емаксан-у, довруғинг саройимни титратади-я! Қани, эндиям сайраб кўр-чи? Қутилдим, сендек маҳмадонадан. Ўйламай гапирган оғримай ўлар, деганлари шу! Келиб-келиб, шоҳ билан ўйнашасан-ми?

 

Ўша оқшом шоҳ базми алламаҳалгача давом этди. Шоҳ Грандон ўзига-ўзи ошириб бино қўяр. Сарой аҳли уни кўкларга кўтариб мақташарди.

 

У ўша кечаси билан туш кўриб, алаҳсираб чиқди. Тўтининг доно-доно насиҳатлари қулоқлари узра акс-садо бериб турарди. "Эҳ, нодон шоҳ! Сенинг қисматингда яхшилик нишоналари ёзилмаган. Шу сабабли ҳам мамлакатинг қашшоқ ва ғариб яшайди. Бошингдаги тождан малайикалар, ҳуру-парилар аллақачон йироқлашиб бўлган. Менинг муштдек этим ичиндга чаён каби ўрмалай бошлайди. Суякларим ханжар бўлиб бутун аъзоларингга санчила бошлайди...дерди тўти ғойибона. Тушнинг давоми жудаям қўрқинчли бўлди. Сулув қиз дастлаб парилардек осмондан ерга қўниб, шоҳнинг ҳузурига келиб: "Гул эдим, япроғимдан айирдинг. Қалбимдан ибо малоҳатларини юлиб олиб, қонхўр, ваҳший, турқи совуқ махлуққа айлантирдинг. Қанчалар бегуноҳларнинг жонига қасд қилдим. Тандирда кабоб бўлганимда, гарчанд илонга айланган бўлсам-да, жизиллаган қўрда бутун танам ёнмоқда эди. Энди илонга айланиб сенинг юрагингга сўнгги заҳримни тўккани келдим. Ахир, қилмиш қидирмишсиз қолмаган-ку..." деб ҳамла қиларди...

 

Шоҳнинг ичига, бир томондан, тўтининг суяклари ханжар бўлиб санчилса, иккинчи томондан илон ичида тўлғаниб, ўрмалаб юрагига заҳрини тўкарди. У бу холатлардан азоб чекар, дод солиб тўлғанарди...

 

Эртаси қуёш етти газ кўтарилибди ҳамки, шоҳ ўрнидан турмаган. Хотинлари уйғотгани кирсалар, шоҳ Грандонининг танидаги жон узилган экан...

 

 

Турсун МАҲМАДАЛИЕВ

Просмотров: 1080 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024