Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 01:59
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2013 » Август » 12 » О, НИЛУФАР!
15:45
О, НИЛУФАР!
Уйингизга бошқа бормайман, ДАДА!» деганман.....
 




Нилуфар УСМОНОВА табиатан қувноқ, бир гапириб ўн куладиган, ичида гина сақламайдиганлардан. У интервью жойига шахдам қадамлар билан кириб келиб, суратга тушиш жараёнида ҳаттоки ерга ўтириб олганча турли ҳолатларга тушиб бера бошлади. Кўзларида ёниб турган олов ўрнини суҳбат чоғида фақат бир марта, ҳозирги турмуш ўртоғини йўқотиши мумкинлиги ҳақида гапирганидагина хомушлик эгаллади. Бу хомушликни у дарҳол қатъият билан енгиб, суҳбатни яна хуш кайфиятда давом эттирди: 

— Суянчиқларим?! Йўқ, мен кимгадир суянишни, юкимни туширишни ёқтирмайман. Ўз кучимга ишонибгина яшашни шиор қилиб олганман. Ёнимда эса мени доим тушунадиган, умрим давомида ёлғизлатмай ҳамроҳ бўладиган йўлдошим бўлишининг ўзи етарли. 

«БОБОМ набирасини хафа қилдирмасди» 

Бобом — болаликдан бизни томорқада чопиқ қилишни, кўчат экиб суғоришни ва иш билан иштаҳа очишни ўргатган инсон. Биринчи турмуш ўртоғимдан аразлаб, уйларига борганимда менга, «куёв бола ҳали ёнимга келсин-чи, унга набирамни хафа қилиш қанақа бўлишни кўрсатиб қўяман!» деган. У келганида эса дастурхон ёздириб, «Тошкентдек узоқ жойдан йўл юриб келдингиз. Қорин ҳам роса очиққандир, мана бу овқатлардан дарров еб олинг», деганча меҳмон қилганди. У киши ҳеч қачон кимгадир қаттиқ гапира олмасди. 

«Уйингизга бошқа бормайман, ДАДА!» деганман...» 

Дадамнинг бошқа оиласи бор. У ерда иккита укам ва бир синглим бор. Бир неча йил аввал дадам билан муносабатларни тикладим. Уйларига меҳмон бўлиб борганимда, ош еб ўтирсак, кичкинагина сингилчам дадамнинг тиззасига ўтириб олганча юзларини сийпалаб ўйнаб ўтирди. Бироздан сўнг чарчаб, дадамнинг тиззасида ухлаб қолди. Менинг эса томоғимга нимадир тиқилиб қолгандай бўлди. Бу хўрликми, рашкми, билмадим... Балки ўзимда шу нарса бўлмаганига дадамни қизғангандирман... Аммо ўша воқеадан кейин дадамга «уйингизга бошқа бормайман...» дегандим. Ҳозир бу қилиғим болалик эканини, дадам ҳам шахсий ҳаётини қуриши керак бўлганини яхши тушунаман. Бунинг учун дадамдан асло хафа ҳам эмасман. Аммо нима қилай, улғайсам ҳам барибир боламан…

«ЎҒИЛЛАРИМнинг бири қизиқувчан, бошқаси шўх-шаддод» 

Ўғилларим Саидазимхон ва Иброҳимхон. Каттаси саккиз ёшда, аммо ақллилиги билан катта одамни ҳам мот қила олади. Жуда қизиқувчан, ҳамма нарсани суриштириб, тагига етиши керак. Дам олиш кунлари набираларини хиёбонга сайр қилдиргани олиб борадиган дадамга бир куни шундай савол берибди: 

— Буважон, сизда яна учта бола бор-а? 

— Ҳа. 

— Юлдуз бувимда эса биттагина ойим бор. Болаларингиз шундоғам кўпчилик бўлса, бир-бирлари билан зерикишмайди. Нега битта ўзи бўлган ойимга кўпроқ эътибор бермагансиз? 

Унинг бу саволига жавоб беролмай қолган дадам «ўғлингнинг саволлари катта одамни мот қилади-я...» деганди. 

Кичкинтойим эса энди бир ярим ёшга тўлди. Роса ҳаракатчан, қўрқув нималигини билмайди. Бир куни иш билан бироз чалғисам, аввал диваннинг тепасига, ундан деразага чиқиб, ҳовли тарафдаги токчада эмаклаб юрибди. Шунақа қўрқиб кетдимки… У эса парвойи палак, менга қараб, қиқирлаб кулади. 

Бир пайтлар турмушидан ажралган онам «менинг ҳам уйимда суянишим мумкин бўлган эркак киши бўлармикан...» деб ўйланган экан. Ҳозир уйда онам билан тўрт эркакнинг ичида қолганмиз: иккимизнинг турмуш ўртоқларимиз ва ўғилларим! 

«Биринчи турмуш ўртоғим» 

Бу борада кўп интервьюларда гапирганман. Очиғи, у ҳақида ҳозир бирорта маълумотга ҳам эга эмасман. Кечалари иситмалаган болага қараб, шифокорма-шифокор югурган эмас. Энди ўғлим улғайганида, бир маромга тушган ҳаётимда пайдо бўлишининг ҳожати йўқ, менимча. Лекин барибир биринчи турмушим тажриба бўлганига ачинмайман. Уни ҳақиқатан ҳам севгандим. Муҳаббатимиз меваси бўлган ўғлим эса ҳозир ёнимда. Асосийси шу. 

«Мен унга фақат бахт тилайман!» 

«Тарона Рекордс» компаниясига энди келган пайтларим у билан умуман тил топиша олмасдим. Бир-биримизга акс иш қилишга уринардик. Масалан, менга келганда у журналистлар билан бўлиб ўтадиган интервьюларни атай эрталабки соат тўққизга белгиларди. Ухлаб қолсам, раҳбарларга устимдан шикоят қиларди. Мен ҳам аламимдан чиқмай қўймасдим. Тўй хизматларига борганда атай катта ёшдаги санъаткорларнинг навбати келишини пойлаб туриб, унга «бориб уларга «ҳеч нарсани билмайман, ҳозир Нилуфар Усмонова куйлайди», деб айтгин», дердим. У рустабиат йигит эмасми, вазиятни тушунмай, бориб айтганимни қилиб, гап эшитиб келарди. Ёнимга келиб, «нега мени койиб беришди?»деб сўраса, индамай елка қисардим. Бир қанча вақтдан кейин у билан дўстлашиб қолдик. Кейин ярим йилча дўстона учрашиб юрдик. Энг қизиғи, иккаламиз ҳам ўз-ўзимизни «биз бор-йўғи дўстмиз...» деб алдардик. 

Унинг шунчалик меҳрибон ота бўлишини тасаввур ҳам қилмаган эканман. Болалари у учун биринчи ўринда! (Кулиб)У ишда менинг директорим бўлса ҳам, уйда ўзимга-ўзим директорман. 

Бир нарсага ҳайрон қоламан: кимгадир меҳр қўйганингиз заҳоти бошқалар ҳам унга қизиқиш билан қарай бошлайди. Бошқа касбда ҳам шундайми, билмадим, аммо санъаткорлар ичида шунақа экан. Бундай пайтларда мен ғуруримни ерга уриб, муносабатларни ҳал қилишга тушмайман. Ақл билан иш тутганча рақибамни турмуш ўртоғимнинг қўли билан четлаштираман. Бунда унга нисбатан уйғонган рашк ҳиссини билдирмаслик муҳим. Йўқса, аҳамиятсиз бўлган оддийгина қараш, биргина хушомад ҳам эркак кишида бегона аёлга қизиқиш уйғотиши мумкин. Муносабатларимиз бошланганида у бўйдоқ, мен эса турмушдан ажрашган аёл эдим. (Хомуш тортиб) Ҳаётда яхши кунни ҳам, ёмон кунни ҳам кўрдим. Шунинг учун ҳам вақти келиб, бошқа аёлни севишини тушунса, унга тўсқинлик қилмайман… У менга бахтиёр кунларни совға қилди, мен ҳам унга фақат бахт тилайман. Уни йўқотишдан қўрқмайман. Чунки ёнимдан кетган тақдирда ҳам мен у учун энг яхшиси эканлигимни тушунишига ишончим комил. 

«Болалигимда фақат ўғил болалар билан ўйнардим» 

Болалигимда табиатан ўғил боласифат бўлганим учунми, фақат ўғил болалар билан ўйнардим. Қизлар каби хола-хола ўйнамаганман. Менга қўғирчоқ ҳам олиб беришмаган. Фақат бир мартагина онамга «Отчопар» буюм бозорида қопда ўйинчоқ сотаётган сотувчи аёлдан йиғи-сиғи қилганча қўғирчоқ олдирдим. Ўша пайтнинг ўзида қўярда-қўймай битта пистолет ҳам олдирдим. Уйга келдиму ўша заҳоти қўғирчоқни боши, қўли, оёғини танасидан айириб, синдирдим. Ўша-ўша қўғирчоқ олиб беришга тақиқ қўйилди. Шундан кейин жониворлар менинг асосий ўйинчоқларимга айланганди. 

Маҳалладаги болалар билан рус қўшнимизнинг машинасини чала-чулпа ювиб бериб, пул ишлардик. Кейин сомсахонага бориб, ишлаган пулимизга «Ғиждувон сомса» олиб ердик. Тўп суриш, велосипед учиш энг яхши кўрган машғулотларимиз эди. Улғайиб, аёлларга нисбатан эркаклар билан дўстлашиш ҳақиқатан ҳам осонроқ эканлигини тушундим. Ортиқча араз, майда-чуйда гапларга ҳам ҳожат қолмайди. Ҳозир ҳамкасбларим орасида ҳам эркак дўстларим жуда кўп. Айниқса, Жаҳонгир Позилжонов билан муносабатларимиз жуда илиқ. Ўзи Жаҳонгирнинг турган-битгани ҳангома. Кўришиб қолсак борми, роса кайфиятим кўтарилиб кетади.
Просмотров: 765 | Добавил: lenger | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024