Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 04:05
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2013 » Август » 18 » Дунёнинг ишлари
13:33
Дунёнинг ишлари

ОТА

I
Август  осмонини  туйқусдан  қоплаган  ғубор  беҳудага  эмас  экан. Бу  зум  ўтмай  тумонат  оламни  тутган  тўзоннинг  асари  бўлиб  чиқди. Ҳавога  кўтарилган  чангу-гард  кўз  очирай демасди.  Мен  шамолдан  қочиб  қариялар  уйи   рўпарасидаги эски қовоқхонага ўзимни урдим. Қаршисидаги мижозга пиво қуяётган бармен мени одатдагидек илжайиб кутиб оларкан: – Ўртоғингиз  ҳам ичкарида  – деди.
- Қачон келганди ? – деб сўрадим мен.
- Ҳа, у кишими?. – деди бироз паришонхотир бармен. – Тушдан буён шу ерда, Тинимсиз пиво ичяпди. Мен қурт ва бокалга муздек пиво оларканман, йўлакдан ўтиб ичкарига кирдим. Сигарет тутуни ва пивонинг бўйи аралашавериб  аллақандай бежо ва қурама ҳил ҳосил қилган салқиган қовоқхонага ҳар доимгидек мижозлар гавжум ва табиийки, бироз  сершовқин эди. Мен пивохўрлар орасидан ўтиб борарканман, юқори бурчакдаги дераза олдига бармен айтган ўртоғим Шукурни кўриб қолдим. Унинг доимгидек қовоғи солиқ тунд қиёфаси кўп ичаверганидан баттар тундлашган ичидаги  бор дарди ғуссаси юзига тепчиб турарди. Сирасини  айтганда, унинг бор ғаму-дарди яқинда топилган  отаси билан боғлиқ бўлиб, шундоқ ҳам нима қилишни билмай юрган Шукур бундан қаттиқ сиқилар, асаби бузилар, шунинг учун ҳам бор аламини  шу қовоқхонадан,  пиводан оларди. Мана ҳозир хам унинг столи устида ярми бўшатилган  бокалда пиво турар, ўзи эса хаёлга ботганча, папирос тутатарди. Мен унга яқинлашиб борарканман, ниҳоят унинг менга кўзи тушди:
- Бормисиз? – деди у, мен билан қўл олиб сўрашаркан.
- Ишни тугатгач келяпмиз-да,-дедим мен.
- Қани ўтиринг, – деди у. – Ишда нима гаплар?
- Ҳар доимгидик тинчлик, – дедим мен яхшилаб ўрнашиб оларканман.
- Тинчлик бўлсин, келинг шунинг учун олайлик, – деди у. Биз пиводан биргалашиб бироз симирдик.
- Ўзингизда нима гап? – дедим мен унга. – Кейинги пайтларда кўп ичяпсиз. Ҳали ҳам отангиз тўғрисида  ўйлаяпсизми?
- Ҳа, албатта, – деди у ғамгин бир қиёфада. – У ҳақида қарор қабул қилишга қийналяпман.
- Ундан ҳамон нафратланасизми? – дедим мен.
- Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда нима қилардингиз? – саволимга  савол билан жавоб берди у. – Онамга алдаб уйланиб ташлаб кетган ва бобомнинг  ўлимига  сабабчи бўлган инсонни ота дейишим мумкинми? Умри азобда  дунёдан ўтиб кетган онамнинг изтироблари ҳаққи уни кечиришим керакми? Сизга тўғрисини айтайми, мен уни ўлдириш учун излаб  топдим.
У шундай деб олдидаги пиводан бир неча ҳўплам ичди. Ёнида тугаган папироси  ўрнига янгитдан  сигарет чиқарди. Мен унинг сигарет ёқишига гугурт ёқиб тутдим. У сигарет тутунини ичига тортиб ютар ва ташқарига пуфлаб чиқарарди. Мен унга нима дейишни билмас, дўстимга қандай таскин беришни ўйлаб бошим қотарди.Олдимга турган пиводан ичарканман.
- Отангизни кўрдингизми? – дедим мен ниҳоят.
- Йўқ ҳали, – деди у. – Уни олдига ҳали киролганим йўқ.Ўтган гал бу ерга  келганимда қариялар уйидаги масъуллардан бири, менга уни узоқдан кўрсатганди. Мен уни исми-шарифи бўйича тегишли идоралар  орқали излаб  топганимда уни биринчи кўришувимиздаёқ ўлдираман дегандим. Лекин уни узоқдан  кўрдиму, ахир отам-ку деган фикр мени ўйлантириб қўйди. Бироқ барибир  нафратимни енга олмаяпман.
- Энди нима қилмоқчисиз? – дедим мен.
- Мен қариялар уйидаги масъулга ўтган гал отам ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиб бергандим. Шунинг учун у менга уни фақат узоқдан кўрсатганди. Бир қарорга келмагунингизча у билан кўришмай турганингиз маьқул деганди у. Бугун эрталаб ўша масъулнинг ўзи менга қўнғироқ қилди. У билан кўришиб гаплашдик. Отамнинг хонасидан у мана бу биографияни топибди.
Шукур шундай дея муқоваси бироз  унниқиб қолган эски бир дафтарни ёнидаги стулдан олиб, ўртамиздаги  стол устига ташлади.
- Бу қанақа биография ,- дедим мен дафтарни секин қўлимга оларканман.
- Унда отамнинг ҳаёти ёзилган, -деди Шукур. Сиз ёзувчисиз-ку, бу қайдлар балки сизни қизиқтирар. Сиз ўқиб туринг, мен иккаламизга пиво олиб келаман. Қани , бокални бўшатингчи?..
Мен бокалдаги пивомни охиригача симириб унга узатдим. У ўрнидан туриб, бокалларни тутганча барменнинг ёнига кетди. Мен қўлимдаги  дафтарни секин очдим. Унда  ушбулар битилган эди.
II
Бу қариялар уйида нега тушиб қолганлигимнинг тарихи жуда узоқ. Мен энг аввало ёшлигимни, яна ҳам тўғрироғи болалигимни эслайман. Ўшанда тахминан беш-олти ёшларда эдим. Сўқори тоғларига яқин кичкинагина қишлоқда яшардик. Отам, онам, мен ва укам биргаликда умргузаронлик қилардик. Босқинчилик замонлари авж олган нотинч замонлар эди. Отам Мелиқул оддий деҳқон, эртадан-кечгача далада ишларди.  Дарвоқе, бор-йўқ бисотимиз учта отимиз эди. Шу учта отимиз борлиги учун отам қишлоқда ғурурланиб юрарди. Ҳар ҳолда пиёда эмас, отлиқ эдик-да. Лекин шу отлар туфайли оиламиз тинчлиги, менинг эса тақдирим ўзгариб кетди. Ўша кун кечагидек эсимда. Ғира-шира кечки пайт эди. Шом вақти эмасми, масжиддан сўфининг овози келарди. Одатдаги ёз туни, атрофдан чигирткаларнинг чириллаши тинмайди. Отам биз билан айвонда овқатланиб, чой ичиб ўтиргандилар. Бирдан ҳовлимизда кимлардир бемаҳал бостириб  кирганлигини сезиб қолдик. Улар тўғри отхонага қараб йўл олаётганди.
- Кимсизлар?- деди отам, айвондан ҳовлига югуриб чиқаркан.
Мен айвондан туриб уларнинг икки киши эканини кўрдим.
- Сени нима ишинг бор кимлигимиз билан,- деди улардан бири.
- Менинг ҳовлимга бостириб киришга сенларга ким ҳуқуқ берди? – деди отам баттар ғазаби қўзиб.
- Бизга сенинг отларинг керак, – деди уларнинг иккинчиси. Отам уларнинг  йўлини кесиб ўтиб, отхонани эшиги олдида туриб оларкан:
- Йўқолинглар бу ердан  ҳозироқ, – деди.
- Қани, қоч бу ердан, – деди улар икки кишилашиб отамга ёпишишаркан. Отам уларнинг ҳар икаласини ҳам қулочкашлаб жағига солди. Улар апил-тапил отамга ташланишди. Онам уч ёшли укамни кўтарганча улар томон югурди. Босқинчилар отамга бирваракайига икки тарафдан ташланиб  уни  ура  бошладилар. Онам ажратаман деб уларга чанг солган эди, босқинчилардан бири онамни шундай урдики, у укам билан биргаликда уч-тўрт метр нарёққа отилиб кетди. Буни кўрган отам қўлларида ерда ётган қандайдир калтакни тутганча, босқинчиларга зарб билан ташланаркан, онамга:
- Рисолат отларни ечиб юбор, – деди.
Онам йиғлаётган укамга ҳам қарамай, отхонага отларни ечиш учун чопиб кирди. Мен айвондан бу ерда нималар бўлаётганини англай олмай, нима қиларимни билмасдан дир-дир титраб, йиғлаб турардим. Отамни калтак кўтарганча босқинчиларни аёвсиз ураётганини  кўрарканман, бир маҳал, нимадир ярқ этиб кетди. Бу қилич эди. Босқинчилардан бири уни отамнинг бошига қараб сермаган эди. Отхонадан отлар кишнаганча чопиб чиқиб кетаркан, отам шилқ этиб ерга йиқилди. Онам фарёд солганча, у томонга қараб югурди. Босқинчилар эса, қоронғуда отларнинг кетидан  чопиб кетди. Шунда мен ҳам онамга қўшилиб отамнинг  олдига чопиб бордим. Қилич отамнинг қулоқ чаккаси оша бўйнининг ярмигача кесиб кетган, у жон талвасасида  онамга нимадир демоқчи бўларди. Мен унинг қўлини ушладим. Отам менинг қўлимдан маҳкам сиқди. Онам унинг бошида дод-фарёд солиб йиғларди. Отамнинг кўзлари катта-катта очилганча бирдан жони узилди. Буни кўрган онамнинг йиғиси баттар авжига чиқди. У менга ва укамга ҳам қарамасдан отамни қучоқлаб йиғларди. Ҳамма жойи қон отам кўзлари юмуқ ҳолда энди жимгина ётарди.
- Укангни айвонга олиб бор, – деди онам, сал ўзига келганидан сўнг.-Энди отангдан ажралиб қолдик.
Мен онамни айтганини қилдим. Йиғлаёган укамни айвонга олиб ўтарканман, уйимиздаги дод-фарёдни эшитиб, қўни-қўшнилар бизникига чиқишди. Афтидан улар нима бўлганлигини кўришган, шу сабаб онамга ёрдам беришгани келишганди. Улар онамга уйда жой  ҳозирлашини, отамни ичкарига олиб кирмоқчи эканликларини айтишди. Мен ва укам қўрқувдан нима қилишимизни билмасдан йиғлардик. Қўшниларимизни аёлларидан бири бизни бошқа уйга олиб кириб овутишга ҳаракат қиларди. Эркаклар отамни ҳокини уйга олиб кириб  жойлаштиргач:
- Биз қишлоқ оқсоқолига  айтиб қўямиз. Қариндош-уруғларингизга хабар қилинг. Эрта тонгдан аза очасизлар, – деди.
Ҳамма тарқалгач, уйимиз ҳам, қалбимиз ҳам бўм-бўш бўлиб қолди. Онам кечаси билан  отамнинг бошида ўтириб чиқди. Мен укам билан нариги уйда ухладим. Уйимиз ичма-ич  эмасми, эшикни очиб қўйган онам ҳар замонда:
- Халилжон болам, қўрқмай ётаверинглар мен отангизни олдида уйғоқ ўтирибман, – дерди.
Шундай қилиб, тонг отириб чиқдек. Саҳарга яқин қишлоқ оқсоқоли ва унинг ёрдамчилари келди. Оқсоқол ёрдамчилари  унинг топшириғига биноан бизнинг қариндошларимизга отамнинг  фожеасини етказишга кетишди. Гўяндалар айтиб йиғлашни бошлашди. Онам мен ва укамга чопон ва дўппи кийгазиб, белимизга белқарс  боғлаб қўйди. Тез орада отам ва онамнинг қариндошлари, қўни-қўшнилар ва қишлоқ аҳли йиғилди. Кейин йиғи-сиғи, дод-фарёд остида бегуноҳ отамни қабрга қўйиб келдик. Отамни қабрга қўйиб келишда оиламиздан фақат мен бордим. Дафнда аёллар иштирок этмайди, шунинг учун онам бормади, укам эса хали кичкина ва мурғак бир бола эди. Отамни дафн этиб қайтарканмиз, қишлоқ оқсоқоли:
- Ҳали улғайсанг, сенга отангни душманлари кимлигини айтаман, – деди. Лекин бу гапга ўша пайтлар эътибор қилмагандим. Мени энди отасиз яшаш изтироби қалбимни тирнарди. Мен шундай қийналдим, шундай қийналдимки, вақт бармоқлар орасидан  қўйилаётган қумдек оқиб ўтди. Мактабдаги йилларим, ота-оналар мажлисларида отамнинг қатнашмаслиги, одамларнинг орқаравотдан «Мелиқулнинг сағири» дейишлари ҳамма-ҳаммаси мени отамни ўлдирганларга нисбатан нафратимни улғайтириб борди. Бўйим етиб, йигит бўлиб қолганимда, қишлоқ оқсоқолининг отамни душманлари ҳақидаги гаплари эсимга тушди. Бу вақтда оқсоқол анча кексариб қолган, уйида кексалик гаштини  суриб ётарди. Мен уни уйига излаб бордим. Чолга ваъдасини эслатдим. Аввалига у бундай ваъда берганини эслолмади, сўнг:
- Буни сенга мен айтганимни ҳеч ким билмаслиги керак, – деди.
- Ваъда бераман, – дедим мен.
- Отларингни ўғирлаганлардан бири кейинчалик босқинчилиги бошига етиб, милициядан  қочаётганида жарга қулаб ўлди. Лекин отангга қилич сермагани ҳали ҳамон тирик, – деди у.
- Сиз уларни қаердан биласиз? – дедим мен.
- Қишлоқ оқсоқоли бўлган даврларимда мен кўп нарсадан хабардор эдим. Босқинчилик замонларида отангни ўлдирганларини  уларнинг ўзлари ҳар хил давраларда маст бўлган чоғлари айтиб беришган. Менга буни улар билан ўтирган одамлар  айтиб берганди.
- Отамни ўлдирган одам ким? – дедим мен.
- Унинг исмини Қурбонали кўккуз дейишади, – деди оқсоқол. – Эшитишимча, ҳозир у Оқсувдарё бўйидаги ўрмонга яқин ерда яшаркан. Қандайдир асаларичилик билан шуғулланар эмиш. Шуни орқасидан яхши пул топармиш. Ҳозир босқинчилик йилларидаги эски одатини ташлаб туппа-тузук бўлиб қолган дейишади. Хўш, у сенга нега керак бўлиб қолди?  Ё,  ундан ўч олишни ўйлаяпсанми?  Агар шундай ўйлаёган бўлсанг,  бундай фикрни хаёлингдан чиқариб ташла. Агар унга бирор шикаст етказсанг, билиб қўй,  қамалиб  кетасан. Биров-бировни сўрамайдиган илгари  замонлар энди ўтиб кетди. Қасос оламан деб ҳаётингни  барбод қилма. Ўтган ишга  салавот болам.
- Мен фақат унинг кимлигини билмоқчи эдим, – дедим оқсоқолга. -Майли мен энди борай.
Оқсоқол билан  хайрлашиб унинг олдидан чиқарканман, мен барибир отамнинг қасосини  оламан, деган фикр хаёлимдан кетмасди…
III
Мен оқсоқол айтган Оқсувдарё бўйидаги ўша қишлоқни топиб бордим.Аввалига шу атрофдаги қишлоқларда мардикор ишлаб Қурбонали кўккуз ҳақида у бу нарсаларни суриштириб билдим. У ҳақиқатдан ҳам шу атрофдаги бообрў одамлардан биттаси экан. Уни яқин йилларда хотини оламдан  ўтибди. Хотинидан ёлғиз ёдгораси бор экан. У ўша бўйи етиб қолган қизи билан дарё ва ўрмон атрофидаги асаларичилик ширкатида умргузаронлик қиларкан. Мен уларга ишчи керак ё керакмаслигини суриштириб билдим. Билишимча, арзонроқ ишчи бўлса, у йўқ демас экан. Бу менга айни муддао эди. Эртасигаёқ, тўғри унинг уйига иш сўраб бордим. Дарвозасини унинг қизи очди оқбадан, кокиллари ўзига ярашиб турадиган навниҳол бир қиз:
- Келинг сизга нима керак , – деди у. Унинг ҳусни  малоҳатини кўриб, бир муддат саросимада тутилиб қолдим.
- Менга… Отангиз… керак эди, – дедим зўрға. У жилмайди – да:
- Ота сизни бир йигит чақиряпти, – деди.  Бир маҳал ичкаридан яғриндор чол Қурбонали кўккўз чиқиб келди.
- Нима гап? – деди у менга қовоқ билан хушламайгина боқаркан. – Мен сизни хўжалигингизга иш борми? – деб сўраб келгандим.
- Бор, – деди  у. – Фақат арзон тўлайман. Асаларичиликни тушунасанми?
- Ҳа, бунга уқувим етади, – дедим мен. – Билмайдиганларимни бир ўргатиб қўйсангиз бўлди.
- Яхши. Қаерликсан ўзи? – деди у. – Бу ерликларга ўхшамаяпсан?..
- Мен чўлликман, – дедим ,ўзимни Сўқори тоғларига яқин қишлоқдан эканлигимни яшириб. – Мардикор ишлаб юрибман. Бу атрофда доимий иш фақат сизда борлигини эшитиб бу ёққа келдим.
- Ҳа, то кузга қадар, менда иш кўп, – деди у. – Яхши ишласанг яна қўшимча ҳақ тўлайман, ёмон ишласанг огоҳлантирмасдан ҳайдаб юбораман.
- Талабларингизга мен розиман, – дедим. – Насиб бўлса сизнинг ишончингизни оқлайман.
Шундай қилиб мен у билан келишиб олдим. Ўша кунни ўзиёқ Қурбонали кўккўз мени асаларичилик хўжалигига олиб борди. Унинг хўжалиги дарё ва ўрмон бўйидаги ям-яшил водийда эди. Бу ер шунчалик хушҳаво эдики, кўриб баҳри дилинг очиларди. Менинг қиладиган ишим унинг асалариларига ҳеч ким тегмаслиги учун кўз-қулоқ бўлиб туриш, вақти-вақти билан йиғилиб қолган асалларни қаторасига тизилиб ётган инлардан йиғиштириб олишга Қурбонали кўккўз ва унинг қизига ёрдам беришдан иборат эди. Бошқа маҳаллар унинг хўжалигидаги картошка ва помидорларни парвариш қилар, бедаларини уриб, ғарам қилиб ғамлар, хуллас, шу далада нима иш бўлса шуни қилардим. Мен ишлаб юрарканман, шу ердаги шийпонда уни қандай қилиб мавф этиш ҳақида ўйлардим. Мени борган сари икки хил туйғу юрагимни қамраб борарди. Бири азалдан кўнглимда тугиб юрганим Қурбонали кўккўзга бўлган нафратим бўлса, иккинчиси эндигина қалбимда уйғонаётган муҳаббатим эди. Мен ана шу нафрат ва муҳаббат орасидан ўзимга йўл қидираётган бир инсон эдим. Бири мени зулмат сари, иккинчиси ёруғлик томон тортарди. Агарда ўшанда  Диёра йўлимдан чиқмаганида эди, мен аллақачонлар Қурбонали кўккўздан отамнинг қасосини олган бўлардим. Бироқ унга бўлган муҳаббатим отамнинг душманига нисбатан менинг нафратимни босди. Диёра ҳар куни бўлмаса-да кунора менинг олдимга келиб турарди. У ҳар келганда менга шириндан-ширин таомлар пишириб келарди. Ишлаб турган бўлсам:
- Келинг, овқатланиб олинг, – дерди у. – Иш қочиб кетмас.
- Сиз пиширган таомни  жон деб ейман, – дердим мен.
У хандон отиб куларди.  Менинг юрагимдаги туйғу, унинг қалбига ҳам кўчиб ўтаётганлигини мен сезардим. Мен гапирганда унинг оқиш юзлари уятдан қизариб бўзарар, бироқ ич-ичидан каминага нисбатан майли борлигини мен илғардим. Бир куни асалариларни асалларини ёғоч бочкаларда жойлаштираётганимизда у менга:
- Сизнинг шарофатингиз билан бу йилги асаллар бирам ширин туюлмоқда, – деб қолди. – Асалариларимизга нектар йиғиши учун қайси гулзорларни тавсия қилдингиз?..
- Сизни гулзорларингизни-да,- дедим мен. – Агар инсон  эмас, асалари бўлганимда фақат сизнинг гулзорингиздан  нектар йиғардим.   У жим бўлиб ерга қаради. Мен идишдаги асални бочкага соларканман:
-  Диёра, сизга тўғрисини айтайми? – дедим.
- Нимани? – сўради у.
- Асалари нектарсиз яшай олмагандек, мен сизсиз яшай олмайман, -дедим. Кутилмаган бу журъатимдан Диёра уялиб жим бўлиб қоларкан, мен вазиятни қўлдан бой бермай:
- Мен отангиздан қўлингизни сўрамоқчиман, – дедим. – Фақат сиз мен тарафда бўлсангиз бўлди.
- Хўп, – деди у секингина ва тезгина юриб менинг олдимдан кетиб қолди.
Шунда мен Диёранинг кўнглини забт этганимни тушуниб етдим. Бундан қалбим нашъага тўлди. Ора-сира у билан учрашиб, кўришиб турадиган бўлдик. Охир-оқибат шунчалик яқинлашиб кетдики, мен уни пана-пастқамда ҳатто қучоқлаб ўпадиган одат чиқардим. Бир куни шундай ҳоллардан бирида Қурбонали кўккўз бехосдан бизни кўриб қолди. Эҳтимол қизининг менинг олдимга серқатнов бўлиб қолганлигини пайқаб, яширинча пойлаб юргандир. Ким билсин, ҳар ҳолда у иккаламизни шундай алфозда қўлга туширди. Унинг ранги аввалига оқариб, тили калимага келмай қолди. Сўнг ўзига келиб олгач, қаттиқ қаҳри қўзиди.
- Йўқол бу ердан ярамас, – деди у. – Сенга ишонгандим, қизимни йўлдан урганинг  нимаси?!
- Мен уни яхши кўраман, – дедим  дадил. – Унга уйланмоқчиман.
- Эй, яланоёқ, ўзингни ким деб ўйлаяпсан?.. – деди у. – Менинг мардикорга берадиган қизим  йўқ.
Қурбонали кўккуз оғзига тўғри келган гаплар билан мени хақоратлай бошлади. Шунда менинг ҳам қоним қайнади, бироқ ҳозир ўзимни босишим кераклигини яхши тушунардим. Бахтимга Диёра ҳам шу куни менинг тарафимда бўлди. У отасига мени севишини, мендан бошқа ҳеч кимга тегмаслигини баралла айтди. Шунда менинг кўзларимда ўт порлади. Ўзимни ғолибдек ҳис қилиб, бу жангда мағлуб бўлган Қурбонали кўкўзга юқоридан боқдим. У қизидан буни кутмаганидан  меровланиб, нима қиларини билмасдан бир муддат Диёра иккаламизга анграйганча тикилиб қолди-да, сўнг кутилмаганда шартта бу ердан кетиб юборди. Биз ҳайрону-лол шу ерда қолавердик. Диёра ниҳоят отасини хафа қилганлигини тушуниб пиқ- пиқ йиғлай бошлади:
- Менинг ундан бошқа ҳеч кимим йўқ, – деди у. – Мен эса уни қаттиқ хафа қилиб қўйдим.
- У буни тушунади, – дедим мен. – Йиғламанг ҳаммаси яхши бўлади. Юринг унинг олдига борамиз.
Қурбонали кўккўзни излаб,  улар яшайдиган уйга бордик, бироқ у ердан уни топа олмадик. Кейин асалари хўжалигини, дарё ва ўрмон атрофларидан уни қидирдик. Ахийри Оқсувдарё бўйидаги тошлоқ соҳилда уни кўриб қолдик. У ўзи билан ўзи қолиш учун бу ерга келган, хаёлга ғарқ бўлганча,  мунгли бир қиёфада шу ерда ўтирарди. Бизни кўрса -да, бир муддат гўё ўзини кўрмаганга солиб ўтираверди. Ахийри тилга кириб:
- Қачондан буён шундай юрибсизлар? – деди.
Мен унга ҳаммасини рўй-рост айтиб бердим. Диёра отасидан уялиб бироз нарироққа кетди. Сўзимнинг охирида:
- Мен Диёрага уйланмоқчиман, – дедим. Қурбонали кўккўз менга синиқ термиларкан, ночор бир ҳолга тушгандек:
- Ота-онангни совчиликка юбор, – деди. – Мадомики, қизим сенга тегишни истаркан, менинг қаршилигим йўқ.
Мен сирим очилиб қолиши мумкинлигини ўйлаб:
- Кечирасиз, – дедим унга. – Менинг отам  дунёдан ўтган.
- Унда онанг келаверсин, – деди у. Мен нима дейишимни билмай:
- Мен ёлғизман, – дедим. – Онам ҳозир биз билан яшамайди.
- Нима етиммисан? – деди у. – Ваҳ пешанам қурсин.  Ёлғиз қизимни сендек  ялангоёқни танлаганини қара.
Мен унга индамай қараб туравердим. Ахир ҳозир унга онам ва укам тўғрисида айтолмасдим. Айтсам,  уни ўлдиришимга тўғри келарди. У мени кимлигимни билиб қолса, шунча вақт бу ерда юрганларим бекор кетарди. Шу боис унга ҳеч нарса билдирмадим. У мени ўзи ўйлагандек етим деб ўйласа ўйлайверсин. Мен ундан ўч олиш ҳақида ўйлардим.  Лекин қандай, менинг  шунга бошим қотарди. Унинг қизига уйланиш фикри юзага чиққач, миямга бир режа ярқ этиб урилди. Аввал уни қизига уйланаман, кейин даҳшатли тарзда интиқом оламан. Лекин бу даҳшатли интиқом  қандай бўлишлиги ҳали менинг хаёлимда йўқ эди. Бу орада Қурбонали кўккўз Диёра иккаламизнинг тўйимизни ўтказиш тараддудига тушиб қолди. Мен унга ўша кун Диёра иккаламизнинг ўртамизда никоҳдан ташқари  бир муносабат бўлганлигига шаъма қилган эдим. Шунинг учун у эл-юрт олдида шарманда бўлмаслик учун ҳам мени тезроқ қизига уйлантиб  қўйиб ичкуёв қилиб олиб қолиш тараддудига тушган, табиийки, бундан мен ва Диёра хурсанд эдик. Мен Диёрага ҳам, онам ва укам, ҳамда отамнинг фожеали ҳаёти ҳақида  ҳеч нарса айтмагандим. Диёра ва  унинг отаси мени ёлғон биографиямга ишонишган, мен буни отамнинг руҳи мени  қўллаётганлигига  йўярдим. Токи тўйга қадар шийпонда яшарканман, тунлари юлдузларга қараб  отамнинг  руҳидан имдод сўрардим. Ниҳоят мен ниятимга  эриша бошладим. Августнинг охирларида, Диёра иккаламизни тўйимиз бўлиб ўтди. Қишлоқ аҳли менинг етим эканлигимни, мардикор ишлашга келиб Қурбонали кўккўзнинг қизини йўлдан урганлигимга, шунинг учун кўккўзнинг ноилож ўз ёнидан тўй қилиб қизини берганлигини  атроф-жаволибга  ёйди.  Ихчамгина тўй, бир кунда ўтди, кетди. Шундай қилиб, мен кимсан, Қурбонали кўккўзнинг куёви бўлиб қолдим. Энди шийпонда эмас, кўккўзнинг уйида яшардим. Унинг қизи билан келин-куёвлик гаштини сурардим.  Диёра мени чин юракдан севар, менга жон-жонидан ишонарди. Бироқ унга эришганимдан сўнг,  ишқимнинг хумори босилгач, менинг юрагимни тубида чўкиб қолган эски нафратим яна ёдимга тушди. Бир неча маротаба тушларимга отам кириб чиқди. Назаримда,  у мендан хафадек эди. Шунда мен бу ерга нега келганимни нихоят тушуниб етдим. Ўзимга-ўзим бир неча маротаба, мен Диёрани бахтли қилиш учун эмас, Қурбонали кўккўзнинг жонини олиш учун бу ерга келганман дедим. Ундан қандай қилиб даҳшатли интиқом олиш ғояси менда ана шунда туғилди. Унинг қизи Диёрага   уйланганим бунда айни муддао эди. Албатта уни ўлдириш менга кўп қийинчилик туғдирмасди. Фақат бу ошкор бўлса, қишлоғимиз оқсоқоли айтганидек мен қамалиб кетишим мумкин эди. Шунинг учун мен сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган режа  тузишим лозим эди. Ана шундай режани ниҳоят ўйлаб топдим. Ўша куни мен Диёрани уйга қолдирдим-да, ўзим ўрмон ва дарё бўйида жойлашган асаларичилик  хўжалигига келдим. Диёрага уйланганимдан сўнг, мен  бу ерга кам келадиган одат чиқаргандим. Сабаби, Қурбонали кўккўз менга сени тўйингни қилиб бердим, деб менга иш ҳақимни бермаган, бу нарса мени бу ерга доимий келмаслигимга баҳона  бўлган эди. Фақатгина Диёрани ранжитмаслик учунгина ора-чора бу ерга келиб  кетардим. Қолган кунлари қишлоқ чойхонасига чиқиб узукун қарта ўйнардим. Фақат оқшомларигина Диёранинг ёнида бўлардим. Шунинг учун асаларичилик хўжалигига қараш  Қурбонали кўккўзнинг яна, тўлиқ ўзининг зиммасига тушди. Ўша куни асалари уяларидан асал йиғиштирадиган кунимиз эди. Мен Диёрага асал йиғишда отангга ёрдам бергани бораман дегандим. Шунинг учун устимга шинел  кийиб келган, асал йиғишда ишлатиладиган қўлқоп ва  юз-ниқобларимни биратўла олиб келгандим. Мен хўжаликда келганимда ҳали Қурбонали кўккўз келмаганди. Мен учун бу айни муддао эди. Мени режам ўйлашимча, жуда ҳам даҳшатли эди. Эрта тонг эмасми, ҳали асалариларнинг ҳаммаси уяларидан учиб чиқишга улгурмаган, инларидан тинсиз овоз чиқарарди. Мен навбатма- навбат уларнинг инларини беркитиб чиқа бошладим. Тахминан элликдан ошиқ асалари уялари оғзини маҳкам  чим билан беркитдим. Сўнг уяларни бетартиб силкилай бошладим. Безовталанган асаларилар инларида бетартиб учиб, ташқарига чиқа олмай ғунғуллашар, агар уя оғзи очиб юборилса инни очган кишини аёвсиз чақиши турган гап эди. Мен аста-секинлик билан бу ердан йироқлашдимда, шу атрофдаги бўталар орасига беркиндим. У хўжаликка яқинлашиб келиб обдон атрофни кузатди. Яқинда қўйган мошгуруч соқолини силаб, асалари  уяларига яқинлашаркан, бирдан ҳайрон бўлиб тўхтаб қолди. Уни эътиборини  уялари беркитилган асалари инлари тортганди. У асалариларни яна қўзғаб  чайқатилганидан бехабар улардан бирини чимини тушириб уя оғзини очди. Шу маҳал бирдан асаларилар галаси индан чиқиб унга ёпиша кетди. Биргина инда камида юздан ортиқ асалари бўлишини мен билардим. Арилар Қурбонали кўккўзга ёпишаркан, у ўзи билан ўзи бўлиб қолган, дод солиб афт-ангорини таталарди. Шунда мен ўрнимдан туриб ишга киришдим. Қўлқоп, шинел ва ниқобларимни кийиб ёпиқ қолган ариларнинг инларин  ҳам бирин-кетин очиб, ўзини  арилардан ҳимоя  қилаётган Қурбонали кўккўз томонга қараб югурдим. Менинг ортимдан минглаб арилар визиллаб учиб тармашар, бироқ менинг шинел ва ниқоб ва қўлқопларим мустаҳкам ҳимоя қилиб турарди. Мен югурганча Қурбонали кўккўзни маҳкам қучоқлаб олдим. Ариларнинг минглаб галаси бизни қуршаб олди. Қурбонали кўккўз томонга келганимда аввалига у мени ўзини қутқариш учун келаётган халоскор деб ўйлади чоғи, уни қучоқлаганимда:
- Куёв мени қутқар, – деб фарёд солди.  Сўнг, менинг ортимдан минглаб ариларни келганини ва уни қўйиб юбормасдан маҳкам қучоғимда тутиб турганимни кўриб, қўлимдан чиқиб кетишга уринди. У қўлимдан чиқиб дарё томонга қочишга уринар, мен эса уни қўлимдан чиқариб юборишни  истамасдим.
- Ярамас аблаҳ, нима қиляпсан ўзи? – деди у менга жон талвасасида.
-Аблаҳ деб сени айтишади, каззоб – дедим мен. – Нима мени танимаяпсанми?
- Куёв ақлингни еб қўйганмисан?..  Мени қўйиб юбор, ахир ҳозир ўлиб қоламан, – деди у.
- Асло, – дедим мен ва шу маҳал қалқиб ерга йиқилдим. У жон-жаҳди билан мени уриб йиқитганди. Қурбонали кўккўз  дарё томонга чопиб борар, ариларни катта бир қисми  унинг ортидан эргашган, бир қисми эса,  менинг атрофимда шинел ва қўлқопимга урилар, баъзилари кўзимга ўзини урарди. Мен кўзимни қўлим билан тўсганча Қурбонали кўккўз ортидан қувиб етдимда уни чалиб йиқитдим. У ерга гурсиллаб қулади.
- Мақсадинг нима ўзи ярамас,-деди у яна.
- Овозингни ўчир, – дедим мен унга таҳдиднамо боқиб. – Энди ўлиминг яқин қолди. Мен қасос олиш учун бу ерга келганман.
- Кимсан  ўзи? – деди у, энди ариларга ҳам беэътибор менга синчков нигоҳ соларкан.
- Сен каззоб, учта от учун бегуноҳ  ўлдирилган отам – Мелиқулнинг ўғлиман. Эсладингми? – дедим мен. -Мен ўша ўлим учун сендан қасос олгани келдим. Мана шу даҳшатли интиқомни сен учун мен уюштирдим. Сени мана шу арилар чақиб ўлдиради.
У яна ўрнидан туриб қочмоқчи бўлди. Мен уни оёғига тепиб ерга қулатдим. У минглаб ариларнинг чаққанидан беҳол бўлиб, ерга ётиб қоларкан, зўрға:
- Мен ўлимимга розиман. Қилган ишим учун жазойимни олдим. Лекин қизимнинг тақдири нима бўлади? – дея менга умидвор боқди.
Мен қаҳ-қаҳ уриб куларканман:
- Қизинг ўзингга сийлов, – дедим. – Унинг менга кераги йўқ. Уни ташлаб кетаман.
Шу маҳал Қурбонали кўккўз қўлида катта бир тошни олганча ётган жойидан зарб билан менга итқитди. Мен буни кутмагандим. Тош нақ  пешонамга  келиб урилди. Зарбанинг кучидан гандираклаб ерга қуладим. Кейин нима бўлганини билмайман. Кейинчалик  касалхонада кўзимни очганимда мен ўшанда ҳушимдан кетганлигимни билдим. Врачнинг айтишича, ропа-роса ўн беш кун беҳуш  ётибман. Хотиним Диёра мендан хабар олиб турибди. Мен врачдан қайнотамнинг  нима бўлганлигини сўрадим.
- Сиз ҳозир бу ҳақида ўйламанг, – деди врач. – Қайнотангиз ўша куниёқ жон берган. Энди сизни асраб қолишимиз керак. Миянгизни жароҳати жуда ҳам жиддий. Ҳозир сизга ҳеч нарсани ўйлаш мумкин эмас.
- Яхши, – дедим мен. – Хотиним Диёрани кўрсам бўладими?..
- Ҳа, албатта, – деди врач. – У келган заҳоти ёнингизга киритаман. Ҳозир бироз дамингизни олинг чарчагансиз.
Мен унга бошқа нарса демадим. У олдимдан чиқиб кетгач, яна уйқуга кетибман. Бир маҳал хонам очилганидан уйғондим. Караватим ёнида бояги врач, хотиним Диёра ва яна аллақандай киши турарди.
- Мана, хотинингиз келди, – деди врач. Мен Диёрага қарадим. Унинг кўзлари ҳалқоб-ҳалқоб ёшга тўлганди.
- Тузукмисиз? – деди у йиғлаб.
- Ҳа, – дедим мен, унга мискин боқарканман. Врач хотинимни ёнида турган кишини кўрсатиб:
- Бу киши терговчи, – деди. – Сизга бир-иккита саволи бор экан.
- Яхши, – дедим мен унга. – Саволларингизга бажонидил жавоб бераман. Терговчи:
- Қурбонали ота, нега сизни тош билан урди? – деди.
- Тош билан, – ҳайрон бўлгандек ўзимни тутдим мен.
- Сизни бошингизга, урилган тошда унинг қўл излари бор – деди терговчи. – Буни инкор этмасангиз керак?..
- Ҳа, тўғри, – дедим мен. – У мени тош билан урди. Бироқ нима бўлганда ҳам у мени қайнотам. Менинг унга сира ҳам давойим йўқ.
- Кечирасиз, ўртоқ фуқаро, – деди терговчи жиддийлашиб. – Лекин қайнотангиз оламдан ўтган. Арилар нега унга ташланишди.
- Мен қаёқдан билай буни, – дедим мен.
- Буни сиз билишингиз керак, – деди у. – Бу вақтда, сиз атайин химоя кийимида бўлгансиз.
- Ҳа, шундай – дедим мен. – Чунки ўша куни биз арилар инидан асал йиғмоқчи эдик. Асал йиғиш пайтида биз доимо шунақа кийинамиз.
- У тўғри айтаяпди, – гапимни хотиним тасдиқлади. Терговчи:
- Унда нега уришиб қолдинглар, – деди.
- Кечирасиз, оиламизни ички ишларига аралашиш сизнинг ваколатингизга кирмайди, – дедим мен. – Бу англашилмовчилик туфайли эди.
- Қанақа англашилмовчилик экан? – нигоҳини менга тикди терговчи.
- Арилар қутириб кетганига қайнотам мени сабабчи деб ўйлади. Мен қандай сабабчи бўлишим мумкин. Яна нима саволингиз бор. Мен ҳозир жавоб беролмайман.
- Беморимни уринтириб қўйишингизни истамайман, – деди врач, мени қўллаб-қувватлаб.
- Унда яхши, – деди терговчи. – Мен эртага олдингизга яна бир бор келаман…
Шундан сўнг, у ташқарига чиқиб кетди. Врач уни кузатгани ортидан чиқди. Мен палатада хотиним Диёра билан ёлғиз қолдим.
- Отам ва сиз ўртангизда ўзи нима бўлди? – деди Диёра кўзига ёш олиб.
- Мени бунда сира ҳам айбим йуқ, – дедим мен. – Асал йиғишда ёрдамлашиш учун у ерга боргандимда қутириб кетган арилар отангни талаётган экан. Мен унга ёрдам бериш мақсадида шинел ва ниқобларимни кийган кўйи у томонга чопдим ва уни арилардан ҳимоя  қилиб дарё томонга олиб боришга ҳаракат қилдим. Бироқ у ариларга қутиртирадиган нима бердинг дея менга тўсатдан ташланди ва тош билан мени урди. Тошнинг зарбидан ўша ерда йиқилганимни биламан, бошқа ҳеч нарсани эслай олмайман.
- Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим,- деди Диёра осонгина менга ишониб. – Шу кўрсатмаларингизни терговчига ҳам айтинг.
- Хўп, – дедим мен. – Ҳаммасини айтиб бераман.
Эртасига терговчи келгач, хотинимга айтган гапларимни унга такрорладим. У менга яна бир-нечта савол берган  бўлди.  Бироқ хотиним ундан бу ишни ёпишини ва мени тинч қўйишини сўрагач, у мени бошқа безовта қилмади. Шифохона врачи мени яхшилаб даволагач, хотиним Диёранинг ёнига қайтдим. Асорат заҳмидан  ҳали буткул қутилмаган бўлсам-да Қурбонали кўккўздан даҳшатли ўч олганимдан ва буни жуда силлиқ бажарганимдан ич-ичимдан бахтиёр эдим. Энди Диёра билан яшашим мумкин эди. Аммо бу уйда узоқ яшай олмаслигимни кўп ўтмай тушуниб етдим. Мени бу уйда Қурбонали кўккўзнинг арвоҳи таъқиб этаётгандек эди чамамда. Ёлғиз қолдим дегунимча у кўзимга кўринаверарди.  Мен буни хотинимга айтдим. У яна мени врачларга кўрсатди.  Китоб туман шифохонаси врачлари менга Самарқанд, ё, Тошкентга невропатологияга бориб даволансангиз яхши бўлиб кетасиз дейишди. Менинг даволанишим учун хотиним билан маслаҳатлашиб асалари хўжалигини бошқа бир кишига сотиб юбордик. Чунки  невропаталогияга даволанишим учун менга каттагина пул керак эди. Асалари хўжалигини сотишимдан тушган пулни бир қисмини хотинимга қолдириб, ўзим Тошкентга жўнадим. Хотиним Диёрани ҳам олиб келсам бўларди, бироқ  унинг  ҳомиладорлигини назарда тутиб, уни уйда қолдиришга қарор қилгандим. Тошкентга келгач, невропатологияда даволандим, бир муддат турли саноторияларда дам олдим. Қаерда бўлсам хотинимга хат ёзардим, у эса менга жавоб ёзарди. Телеграмма алмашиб турардик. Бироқ ундан олисда эмасманми, уни отамнинг душманини қизи эканлигини унутолмасдим. Отамни ўлдириб онамни ва укам иккаламизни отасиз қолдирган Қурбонали кўккўзнинг даҳшатли интиқомини охиргача олишим керак деган қайсар фикр мени йўлдан адаштирди.  Мен Қурбонали кўккўзнинг  нафақат тирикликдан айиришни истагандим, мен ахир бунга эришгандим, уни арвоҳини ҳам тинч бўлишини истамасдим. Бунинг учун Диёрани қанчалик ёқтирмай, уни ташлаб кетишим лозим эди. Мен охир-оқибат ана шундай қарорга келдим. Унга телеграмма юборишни тўсатдан  тўхтатиб қўйдим. Саноторияда дам олиб ўзимга келгач, тўғри уйга,  онам ва укамнинг ёнига кетдим. Уларга бўлган воқеяни батафсил айтиб бердим. Мен мардикор ишлайман деб уйдан чиқиб кетгач, орадан бир йил ҳам  ўтмаси, ана шундай натижа билан уйга қайтиб келдим. Онам ва укам менинг ишларимдан ҳайрону-лол қотиб қолишди.
- Сендан қўрқгулик экан, болам, – деди онам. – Энди нима қилмоқчисан?
- Ҳеч нарса,- дедим мен. – Ҳозирча укамни уйлантиринг. Мен бу воқеалар хотирамдан ўчиб, ўзимга келмагунимча шундай юра турай.
Мана шунга ҳам ўттиз йил бўлибди. Бу воқеа ҳамон хаёлимдан ўчгани йўқ. Укам оила қуриб, ҳозир ўғилларини уйлантирадиган бўлиб қолган. Мен эса бошқага уйланиш учун Диёрани унутолмадим, минг афсуски, ўша даҳшатли интиқом туфайли Диёрани ёнига ҳам қайта олмадим. Шунинг учун ҳаётимни қолган қисмини ўтказиш учун мана шу қариялар уйига келдим…
IV
Биография ана шундай хотима топган эди. Мен уни ўқиб чиқарканман, ёнимда ўртоғим Шукур мени жимгина кузатиб ўтирар, ҳар замон, ҳар замонда пиво ичиб, папирос тутатарди.
- Жуда ҳам ғамгин ва аянчли ҳикоя экан, – дедим мен, биографияни стол устига ташларканман.
- Қани пиводан олинг, – деди Шукур. – Бош кўтармай ўқиганингизга қараганда жуда қизиқиб қолган кўринасиз.
- Ҳа, – дедим мен. – Агар рухсат берсангиз мен бу воқеани жон деб ҳикоя қилиб ёзган бўлардим.
- Ҳикоя қилиш қочмас, – деди Шукур. – Лекин мен нима қиламан?.. Қандай қарорга келаман?.. Онамнинг ҳаётлари изтироб билан ўтишига у сабаб бўлди. Уни кечира олмасам керак.
- Ҳа, сизни тушунаман, – дедим мен пиводан секин ҳўпларканман. – Аммо уни ҳақиқий отангиз эканлигини унутманг.
- Ҳамма гап шунда-да,- деди Шукур. – Мен кимни танлайман. Отамними, агар уни кечирсам, бу онамнинг руҳига  хиёнат эмасми?..
-  Ахир ўша Қурбонали кўккўз деган бобонгиз, отангиз Халилнинг отаси  Мелиқулни ўлдирган- ку?.. Ахир у ҳам сизга бобо бўлади, – дедим мен. Шукур ўйланиб қоларкан:
- Ҳа, бу гапингиз ҳам тўғри, – деди. – Бироқ мен барибир қандай қарор қабул қилишга қийналяпман.
-  Сиз барибир отангизни кечиришингиз керак, – дедим мен. – Тўғри, у бироз ошириб юборган. Аммо уни барибир кечиринг.
- Нимага бундай деб ўйлаяпсиз? – деди Шукур пивосидан ҳўплаб бокални стол устига қўяркан.
- Энди шу пайтга қадар нима бўлган бўлса бўлиб ўтди, – дедим мен. – Ўтган ишга саловот. Сиз ана шу оилавий қасосни қурбони бўлиб қолманг. Шундоқ ҳам мана икки бобонгиз ва онангиздан айрилдингиз. Энди якка-ю ягона яқинингиз – отангизни асраб қолинг. У ҳам дунёдан ўтиб кетса, кейин ўзингизни кечира олмайсиз. Кейин бир умр виждон азобида қоласиз.
Шукур бу сафар ҳеч нарса демади. Биз жимгина пиволаримизни ичиб тугатдик.
- Энди кетсам ҳам бўлади, – деди у. – Сизни ҳам роса бошингизни қотирдим.
- Ҳечқиси йўқ ,- дедим мен. – Майли турдик.
Биз ўрнимиздан қўзғалиб йўлакка чиқдик. Шукур бармен билан ҳисоб-китоб қилгач ташқарига йўл олдик. Тўзон тинган, аммо қариялар уйи рўпарасидаги кўчани шох-шаббалару барг-хазонлар билан тўзитиб ташлаган эди.
- Қаёққа кетамиз,- дедим мен, Шукурга синовчан тикиларканман.
- Уйга-да, – деди у. Сўнг бирдан фикри ўзгариб: – Сиз уйингизга кетаверинг, мен қариялар уйига кириб чиқаман, – деди.
- У ерда нима қиласиз шу ҳолингизда, – дедим мен, уни фикридан қайтаришга уриниб. – Ҳали ҳам отангиздан қасос олмоқчимисиз?
- Нима, озгина пивога мени маст бўлиб қолди деб ўйлаяпсизми?- деди Шукур. – Мен қариялар уйидаги маъсул шахсга мана бу биографияни бериб қўймоқчиман. Яна у билан гаплашадиган бир гапим бор.
- Яна қанақа гап? – дедим мен, у билан хайрлашиш учун тўхтарканман.
- Мен отамни бу ердан олиб кетмоқчиман. Шунга қандай ҳужжатлар кераклигини ўша масъул шахсдан сўраб билмоқчиман.
- Ростданми?- дедим мен, қулоқларимга ишонмай. – Уни ростдан ҳам кечирдингизми?
- Ҳа, – деди у мен билан қучоқлашиб хайрлашаркан. – Уни ростдан ҳам кечирдим. Ўз отамни кечирмасам, мен қандай фарзанд бўлдим…
ШЕРЗОД КОМИЛ ХАЛИЛ
Просмотров: 1189 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024