Форма входа

Поиск

Календарь

«  Ноябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 04:05
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Блог


Главная » 2014 » Ноябрь » 1 » Сафар Кокилов. Ҳажвиялар
16:57
Сафар Кокилов. Ҳажвиялар

Сафар Кокилов. Ҳажвиялар

Ўқилди: 137

Hodja Nasreddin 1ТУШУНМАСА ҚИЙИН

Катта бир корхонага раҳбар бўлиб кўтарилган бир дўстимга босиқлик билан гина қилдим.
– Хафа бўлманг-у, биродар кейинги вақтда қобилиятсиз, кўрсавод одамларни ишга олиш кўпайди. Ахир бунақада келажак нима бўлади?
Дўстим бир қизариб, бир бўзарди-да, зарда билан деди:
– Эҳ, раҳбар бўлиб кўрмагансиз-да, гапираверасиз, мен нима қилай ахир? Осмондан шалпиллаб тушганим йўқ-ку. Шу ернинг одами бўлсам. Менинг ҳам ака-укам, тоға-жияним, уруғ-аймоғим бор. Сизга ўхшаган ошноларнинг сон-саноғи йўқ. Ўшалар билан яшашим, тўй-маъракада бирга ўтиришим керак. Шундай бўлгач, илтимосларини бажармай иложим қанча?
– Ҳа, унчалик экан, ҳеч бўлмаса ишга олаётганда имтиҳон қилинг, синанг. Ишни эплашига кўзингиз етгандан сўнг, ишга қабул қилинг-да. Бўлмайдиганини “мана синадик, бизга тўғри келмади, бошқа иш топсин” деб, қайтаринг.
– Ҳе, ошнажон-э, раҳбар бўлиб кўрмагансиз-да, билмайсиз. Тўсатдан юқоридан қўнғироқ жиринглаб, таҳдидли овозда “фалончини юборяпмиз, ишга жойлаштиринг” дейишса, ғиқ этолмай қоларкансиз. Қани, олмай кўринг-чи… Ҳар куни тафтишчиларни юбориб текширтираверади, текширтираверади, раҳбар бўлганингизга пушаймон бўлиб кетасиз. Беайб парвардигор ахир! Мен ҳам бу лавозимда уч-тўрт йил ишласам деган умидим бор. Юқоридаги акалар кўнглига қараганим яхши эмасми?
– Ишончингизни оқлай олмаган ўша чаласаводлардан тилхат ёздириб олинг. Ўзингизни оқлаш учун… “Мен синовдан ўта олмадим. Ўзим айбдорман” деган мазмунда…
– Ҳе-е, гўдак боланинг гапини гапирасиз-да, ошна. Раҳбар бўлиб ишламагач шу-да. Эй, шундайлари борки, фамилиясини ёзганда тўртта хато қилади, хати ажи-бужи, ишимизнинг моҳиятига-ку умуман тушунмайди. Лекин ўлса ҳам ундай тилхат ёзиб бермайди. Бети безрайиб, кўзи бақрайиб тураверади. Орасига тушганлар эса, “Ҳа энди ўрганиб кетади-да, ҳамма ҳам бирдан одам бўлмаган-ку. Қоқилиб, суриниб яхши бўлади-да. Ўзингиз одам қилиб беринг”, деб эзмаланиб тураверади. Олмай кўринг-чи. Керак бўлса устингиздан шикоят ёзади, “ўзининг уруғларини ишга олади, бизни олмайди, пора сўраяпти ва ҳоказо” деб…
– Наҳотки виждонингиз қийналмаса?
– Виждон? Қийналади, албатта. Лекин нима қилай, чидаймиз-да. Э-э, – у қўл силтайди: – Бора-бора ўрганиб кетаркансиз-эй. Раҳбар бўлиб ишламагансиз-да, буни барибир тушунмайсиз…
– Билмадим, билмадим. Лекин мен бундай қилиб ишлай олмасдим. Ишини топширардим.
– Ҳа-а, раҳбар бўлиб ишлаб кўрмаган одам шундай дейди-да. Бир ишлаганингизда эди, ҳечам шундай демасдингиз. Аввало сиздай фикрлайдиганларни икки дунёда ҳам раҳбар этиб кўтаришмайди. Қолаверса, елиб-югуриб, ўртага неча-неча одамларни солиб, керак бўлса, қуруғидан чўзиб, раҳбар бўласиз-у, арзимаган нарсага осонгина бўшаб кетаверасизми? Асло! Талашиб олгач, чидайсиз барига. Мослашасиз. Раҳбар бўлиб ишламаган қаёқданам билсин буни. Бизга ҳам осон тутманг, дўстим.
– Унда нега раҳбар бўлиб ишлашга қизиқасиз?
– Ҳе-ҳе-ҳе. Соддасиз-да, дўстим, соддасиз.
– Хўп, биз билмасак, сиз айтинг-да. Раҳбарликнинг нимаси яхши?
– Раҳбарлик ҳам бир касбда, ошна. Ахир кимдир раҳбар бўлиб корхоналарни бошқариши керак-ку. Қолаверса, фақат иш эмас, давраларнинг тўри, иззат-икром ва чўнтак дегандай…
– Э-э, гап буёқда денг. Шахсий манфаат биринчи ўринда демайсизми?
– Ҳа, шунақа гаплар. Раҳбар бўлиб ишлаганингизда эди, бунақа бемаъни саволларни бериб ўтирмаган бўлардингиз.
– Ҳе, бундай раҳбар бўлгандан бўлмаганим яхши.
– Ҳе-ҳе-ҳе. Ишкомдаги узумга бўйи етмаган тулки “пуф, сассиқ” деб кетган экан. Ҳамма гап сизнинг раҳбар бўлиб ишламаганингизда. Тушунмайсиз. Сизни ҳам бир йил, йўқ, йўқ, бир ойгина бирон катта ташкилотга раҳбар қилиб сайлашса жойимни бермайман деб, оёқ тираб, курсига ёпишиб олган бўлардингиз. Ҳе-ҳе-ҳе. Хоҳлайсизми, мен орага тушиб, бирон ерга раҳбарликка гаплашаман…
– Сиздай бўлиб ишлаш учунми? Йўқ. Хоҳламайман.
– Ҳе-ҳе-ҳе. Раҳбар бўлиб кўрмагансиз-да, шундай деяпсиз. Сиз аввал бир бўлиб кўринг-чи…
– Йўқ. Бундай ишлашга виждоним йўл қўймайди.
– Ҳе-е, яш-шанг! Ана энди ўзингизга келяпсиз. Сиздек ҳақиқатчи, келажак учун қайғурадиган, виждонли кишилар виждонига доғ тушурмаслик учун ўзини авайлаб, раҳбар бўлишни хоҳламаса, кимдир ишлаш керак-ку. Демак ўз-ўзидан бизга ўхшаган раҳбарликка қизиқадиганлар ишлайди-да бу ерда. Ҳе, ошнам-эй. Яна тағин келажак, келажак дейсиз-а. Сиз биз раҳбарларни ҳеч қачон тушунолмайсиз. Чунки раҳбар бўлиб ишламагансиз-да, дўстим!

МЕН ЙЎҚМАН

– Нега аптекачилар дори сотишади-ю, чек беришмайди? Бу ҳақда истеъмолчиларни ҳимоя қилиш қўмитасига шикоят қиламан. Танобини тортиб қўймасам бўлмайди…
– Қўйинг, дўстим, сизнинг обрўингизга ярашмайди аризабозлик. Буни барибир кимдир ёзади. Фақат сиз эмас. Қўйинг, – деди меҳрибон дўстларимдан бири.
– Бу нима деган гап, а?! Ойлик маошларни нега вақтида беришмайди? Тағин пулимизни “оборот” га қўйиб, фойдаланиб юрган бўлишса-я… Прокуратурага учрашмасам бўмайди…
– Сиз қўйинг. Аралашманг. Катта одамсиз, обрўингизга ярашмайди. Буни текширадиганлар бор… – дейди бир адвокат дўстим, менга ариза ёзиб бериш ўрнига.
– Бу нима деган гап? Маҳалладан бериладиган нормадаги ун билан ёғни вақтида беришмаса-я. Аралашмасам бўлмайди…
– И-и-и, сиз аралашманг, гап бўлади. Шундай обрўли одамнинг куни шу норма ун билан ёғга қолибди-да деб одамлар кулишади. Қўйинг-эй… –дейди эндигина ишдан келиб турган ўқитувчи хотиним.
– Касаба уюшмаси раисининг бир пўстагини қоқиб қўяман.
– Ҳе нима қиласиз ўзингизни ёмон кўрсатиб. Барибир фойдаси йўқ… –
дейди мен билан бир хонада ўтириб ишлайдиган ҳамкасбим.
– Кўчамиз бошида турадиган Самад пиённинг чакагини ўчириб қўймасам юрган эканман…
– Вой болажоним, безорига тенг келиб нима қиласиз. Сизга ярашмайди. Қўйинг болам… – дейди олдимни ўраб саксонга кирган онам.
– Ўғлимнинг дарсини текшириб, ўқитувчиларнинг ўзини бир имтиҳон қилиб келмасам бўлмайди…
– Йў-ўқ, йў-ўқ, бормайсиз, энди бир камингиз шу мактабни текшириш қолувдими. Қўйинг, ўзим шуғулланаман, – дейди хотиним.
– Томорқага нега сув очмадинг, экинлар қуриб қолибди-ку. Молларга ҳам қарамай қўйдиларинг… – бақираман ўғилларимга, қўлимга толдан хивчин олиб.
– Ҳой, нима қилаяпсиз? Ўзингиз тушунган одам бўлиб, болаларни урасизми? Ҳозир ўзим сув бераман молларингизга. Сиз тек ўттиринг-э… – дейди хотиним икки қўлини ёйиб, олдимни тўсаркан.
– Куёвим қизимни ноҳақ хафа қилибди. Гаплашиб қўймоқчиман…
– Э-э, қўйинг, сиз аралашманг. Эр-хотин уриши дока рўмол қуриши –
дейди қудамиз.
Ишхонада-ку сал томоқ қириб қўйсам ёки мажлисларда гапирай деб қўл кўтарсам-ку, бўлди, дарров елкамни силашиб, оғзимни “тикишади”.
Бора-бора мен шунга ўргандим. Уни-буни кўрсам – кўр, анча-мунчани эшитсам – кар бўлдим-қолдим. Оғир-босиқ, индамас одамга айландим. Энди мени ҳеч нарса қизиқтирмайди. Биров мени йўқлаб келмайди, дардини ҳам айтмайди. Ишга бораман, уйга келаман. Мажлисларда жимгина ўтириб, кечаги газетани варақлайман. Кўчада ким нима қиляпти; бировни уряптими, сўкяптими – ишим йўқ, кўрмагандай ўтиб кетавераман. Ҳеч кимга ҳалақит бермайман. Менга сув, ҳаво ва қуёш бўлса бас. Яна нима ҳам керак одамга бу дунёда? Тўғри-да. Бир коса овқат билан қорнинг тўйса. Бир сидра кийим-бош авайлаб кийсанг қирқ йилга етади. Бошингда уйинг, ишхона ва китоб тўла хонанг бўлса, яна нима керак сенга? Ётмайсанми китобингни ўқи-и-иб. Бобом айтгандай “жонингни боқиб”. Бақириш, туртиниш, кимгадир ниманидир исбот қилишнинг нима кераги бор. Шу пайтгача сенсиз ҳам бўлган, қурилган, ўйлаб топилган, бундан буён ҳам шундай давом этаверади. Ҳеч зиқ бўлманг!Ўтиринг, ўпкангизни босинг! Ҳаммаси яхши бўлади, қўйинг, сиз аралашманг! Ана шунда юз йил яшайсиз. Қолаверса, ўлганингиздан сўнг ўзингиздан “бу яхши одам эди” деган ном ҳам қолдирасиз. Ишонинг менга. Тўғри-да, бир умр бош кўтармай фақат китоб ўқишни билган одам тўғрисида ким ҳам ёмон дер эди. Мана шунақа, дўстим! Китобингни ўқи! Мен ҳам ҳозир уйга кираман-у, қўлимга навбатдаги китобни оламан. Бир сатр ҳам ёзмайман. Мени биров сўраб келса, йўқ денглар. Мен йўқман! Ҳа, ҳа! Мен йўқман, тамом-вассалом!..

Просмотров: 1012 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024