СамарқандАлбатта, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада, табиийки, маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Ислом КАРИМОВ

Миллий маънавий-маърифий меросимиз таркиби

Истиқлол туфайли, аввало, маънавий эркимизни қўлга киритдик. Эрк тушунчасига эса миллий маънавий-маърифий меросга муносабат ҳам киради. Миллий маънавий-маърифий меросни халқ, унинг вакиллари яратади. Бунда буюк зотларнинг ҳиссаси ҳамиша катта бўлган. Умуман, элимиз орасидан етишиб чиққан улуғларни ва улар яратган маънавий-маърифий меросни шартли равишда бўлса ҳам тўрт сирага ажратиш мумкин:
1. О л и м л а р яратган мерос.
2. Б а д и и й и ж о д к о р л а р яратган мерос.
3. Д а в л а т в а ж а м о а т а р б о б л а р и яратган мерос.
4. А з и з – а в л и ё л а р яратган мерос.
О л и м л а р яратган мерос бундоқ қараганда, шўро замонида ҳам ўрганилган. Бироқ, у замон мафкураси илм аҳлини икки тоифага, яъни, р е а к ц и о н ва п р о г р е с с и в га ажратган эди. Ана шу мафкура чиғириғидан ўтганларнигина ўрганардик. Имом ал-Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий сингари алломаларнинг номини ҳатто эшитмаган ҳам эдик.
Истиқлол йилларида номлари саналган зотларнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси тадқиқ қилиниб, асарлари нашр этилди. Айримларининг таваллуд тадбирлари кенг миқёсда нишонланди. Улар шарафига Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий анъаналар ва замонавийлик уйғунлашиб кетган қанчадан-қанча меъморий обидалар барпо этилди. Бу жойлар чинакамига муқаддас зиёратгоҳларга айланди.
Б а д и и й и ж о д к о р л а р яратган меросга шоирлар, ёзувчилар, рассомлар, меъморлар, бастакорлар яратган асарлар киради. Тўғриси, эски тузум даврида адабиётимиз бир қадар ўрганилди. Лекин яна ўша-ўша гап.
Биринчидан, р е а к ц и о н деган тамға босилган, айтайлик, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр, Хўжаназар Ҳувайдо, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ва бошқа яна қанчадан-қанча ижодкорлар ҳаёти ва фаолиятини ёритишга сира рухсат бўлмади.
Иккинчидан, п р о г р е с с и в деб ўрганилган шоирлар, ёзувчилар ижоди ҳам фақат шўро мафкураси манфаатларидан келиб чиқиб баҳоланди.
Юқорида номлари қайд этилган ижодкорларнинг асарлари халқ қўлига фақат истиқлол туфайлигина тегди. Улар ҳаёти ва ижоди таҳлилига бағишланган кўплаб тадқиқотлар яратилди.
Д а в л а т в а ж а м о а т а р б о б л а р и яратган мерос ҳақида гап кетар экан, аввало, шуни айтиш керакки, бу тоифа буюкларимизга синфийлик нуқтаи назаридан қаралиб, батамом қора бўёқлар чаплаб ташланди. Шўролар даврида давлат ва жамоат арбоблари, бой одамларнинг бари, қайси асрда, қандай жамиятда яшагани, миллий тарих ва тараққиётда қандай ўрин тутганидан қатъи назар, ёмонотлиқ қилинди. На Жалолдиддин Мангубердини, на Амир Темурни, на Заҳириддин Бобурни халқни адолат ва тараққиёт сари етаклаган деб тилга олиш мумкин эди.
Энди, ҳар йили уларнинг таваллуд тадбирлари ўтказилади, уларга салобатли ҳайкаллар қўйилди. Халқ бу жасур ва мард улуғлари билан астойдил фахрланадиган бўлди.
А з и з – а в л и ё л а р яратган мерос ҳақида гап кетганда, шўро даврида даҳрийлик, яъни, худосизлик мафкураси учун халқни муқаддас динидан, эътиқодидан, авлиё зотларидан маҳрум қилиш бош мақсад қилиб қўйилганлигини айтиш ўринлидир. Чунки, динга қарши кураш баҳонасида миллатга қарши кураш олиб борилган эди.
Истиқлол даврига келиб эса, Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида қайд этганидек:
“Мамлакатимиз ҳудудида мавжуд бўлган тўрт мингдан зиёд моддий-маънавий обида умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган…”

Маънавиятимиз ва маърифатимизнинг истиқлолга қадар бўлган даврдаги аянчли аҳволи ва бунинг сабаблари

Бир юз ўттиз йил мобайнида жафокаш халқимиз миллий мустақиллиги ва тарихий давлатчилигини йўқотиб, мустамлака асоратида яшади. Аввал чор Россияси, сўнг эса қизил империянинг беадад зуғумларини кўрди. Чекмаган азоби, кечирмаган уқубати қолмади.
Халқнинг жаҳон тамаддуни (цивилизацияси) равнақига улкан ҳисса бўлиб қўшилган бағоят бой тарихи топталди. Миллат ўз кечмишидан мосуво қилинди. Халқ ўз тарихи қолиб, ўзгалар тарихини ўрганишга мажбур этилди. Миллий тарих одамларга фақат ва фақат қора бўёқлар чапланган ҳолда ўргатилди. Шу тариқа, сенлар қолоқ, маданиятсиз эдинглар, биз келиб, маданият тарқатдик, биз сенларни одам қилдик, деган иддаога, писандага ҳар лаҳзада дуч бўлдик. Йиллар ўтиб, одамлар шунга кўникиб, бу ғирт ёлғон талқинларга ишониб ҳам қолган эди.
Мустамлакачилик сиёсати халқдан етишиб чиққан тарихий шахсларга муносабатни издан чиқарди, миллатнинг ўз аждодлари билан фахрланишига, биз шундай улуғ зотларнинг фарзандлари бўламиз, дейишига сира йўл қўймади. Кўп улуғ одамлар номига мағзавалар тўкиб, улар ҳаёти ва фаолиятини истаганча қоралаб кўрсатди, айримлари ҳақида, ҳатто, оғиз очишга имкон бермади.
Тилимиз таҳқирланди. Ҳатто, зўр бериб ҳозирги тилимиз эски ўзбек тилининг бевосита давоми эмас, у батамом янги тил, дея талқин этилди, сўз бойлигимиз камбағаллаштирилиб, тилимизга бўлар-бўлмасга русча-европача сўзлар тиқиштирилаверди. Оқибатда, газета-журнал, радио-телевидение тили билан табиий халқ тили орасида катта тўсиқ пайдо қилинди. Ўзбек тили хонаки тил, уй-рўзғор тили даражасига тушиб қолди. Рус тилини билганлар кўп имтиёзларга эга бўлди, айрим тоифалар ўз тилимизни билишни маданиятдан орқада қолиш, қолоқлик ҳисоблади. Ўзбек тилида сўзлашмайдиган, ҳатто, бу тилни билмайдиган ўзбеклар тоифаси пайдо этилди.
Ўзбек халқи маънавий-маданий меросдан тўла баҳраманд бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Меросга муносабатда тамоман мустамлакачилар нуқтаи назари ҳукмрон бўлди. Коммунистик мафкура ўз чиғириғидан ўтган асарларнигина ўрганди, уларни ҳам ўз ғаразли мақсадларига мослаб, аксарият хато талқин этди. Мероснинг катта қисмига қўл теккизишга, улар ҳақида оғиз очишга йўл қўймади.
Ўзбек миллий урф-одатлари, халқ анъаналарига қарши муттасил кураш уюштирилди. Миллийликни йўқотиш амалда замонавийлик, илғорлик тарзида улуғланди. Халқ ўз аждодлари анъаналари асосида яшашга, лоақал, тўй-маросимларини кўнгилдагидек ўтказиш имконига эга бўлмади. Миллий байрамлар, оилавий маросимлар яшириқча ўтказилар, ҳукмрон сиёсат бундан хабар топса, очиқ-ошкор жазо чоралари кўрар эди.
Коммунистик сиёсат, энг аввало, миллатнинг зиёлиларига қарши ҳужум бошлади. Халқни айнан ақлли, тафаккури кучли вакилларидан жудо қилишни ўзининг асл мақсади янглиғ билди. Инқилоб баҳонасида бойларни синф сифатида йўқотиш шиори остида мамлакатнинг не-не ақлли, кучли, тадбиркор, дунё кўрган одамлари ноҳақ қирғинга дучор этилди.
Таълим-тарбия, ахлоқ-одоб борасида миллий хусусиятлар мутлақо инобатга олинмади, ёшларни ўз миллатидан нафратланадиган, ўзбек тилидан ор қиладиган этиб тарбиялашга уринилди.
Мустабид, маъмурий-буйруқбозлик тизими одамлар эркини бўғиб, уларда ижодкорлик, бунёдкорлик, интилувчанлик фазилатларини йўқотди, ўзбек халқи онг-шууридан Ватан тушунчасини сиқиб чиқаришга ҳаракат қилди.

Истиқлол туфайли амалга оширилган улуғвор ишлар

Истиқлол Ўзбекистон олдига мустақил миллий давлат тузиш, эски тузумдан тамоман воз кечиб, янги – бозор иқтисодига асосланган ҳуқуқий демократик жамият барпо этишдек икки муҳим вазифани қўйди.
Тарихга муносабат кескин ўзгариб, бу борада, тамоман янгича муносабат шакллантирилди, ўтмишга халқнинг пойдевори, унинг келажагини таъминлаб берувчи қадрият сифатида қараладиган бўлди. Ўз тарихимизни ўзимиз ўрганишга киришдик. Тарих бугунимиз ва келажагимиз учун чинакам сабоққа айланди. Халқнинг тарихий илдизлари қанча чуқур бўлса, келажаги ҳам шунча буюк бўлади, деган оқилона ақидага амал қилинадиган бўлди. Истиқлол даври тарихини яратишга киришилди. Уч минг йиллик ўзбек давлатчилиги тарихининг ёритилмаган саҳифалари ўқила бошланди.
Тарихий меросга муносабат кескин ўзгарди. Коммунистик мафкура тақиқланган қанчадан-қанча асарлар тадқиқ қилиниб, нашр этилди, улар чинакам халқ мулкига айлантирилди. Бу борадаги ишлар мунтазам равишда давом эттириляпти.
Тарихий шахсларга муносабат ўзгарди. Алишер Навоий (1991), Баҳоуддин Нақшбанд (1993), Мирзо Улуғбек (1994), Амир Темур (1996), Имом ал-Бухорий (1998), Аҳмад ал-Фароғоний (1998)нинг таваллуд саналари жаҳон миқёсида ўтказилди. Бу тантаналар ўзбек халқининг чинакам байрамига айланиб кетди.
Муқаддас динимиз, эътиқод эрки ўзимизга қайтди. “Қуръон” таржимаси, Имом ал-Бухорий саралаган тўрт жилдлик “Ҳадис”лар мажмуи, қанчадан-қанча диний китоблар босилиб чиқди. Қанчадан-қанча масжидлар қайта обод этилиб, уламолар ихтиёрига топширилди, кўплаб янги масжидлар қурилди, Марказий Осиёдаги энг йирик ибодатгоҳ – Бухоройи шарифдаги Масжиди Калон батамом қайта таъмирланди. 1999 йили Тошкент Ислом университети ташкил этилди, унда замонавий дин мутахассислари тайёрланади. Рамазон, Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Ҳаж ва умра зиёратлари учун қулай шароитлар яратилди. Мустақилликнинг ҳар йилида ўртача тўрт мингдан ошиқ мусулмон ҳаж зиёратини адо этяпти.
Тилимиз тамоман янги мавқега кўтарилди. Унинг давлат тили сифатидаги нуфузи ошди. Истиқлол йилларида у муттасил бойиб, такомиллашиб боряпти. Ўзбек тилида чиқаётган газеталар, журналлар, китоблар ва бошқа нашрларнинг, радио ва телевидениенинг тили кун сайин сайқалланиб, жило топаётгани, халққа яқинлашаётгани сир эмас.
Таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга, уни миллий анъаналаримиз ва бугунги илғор замон талабларига жавоб берадиган янги бир поғонага кўтаришга киришилди. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури қабул қилиниб, 1997 йилдан буён уни ҳаётга татбиқ этиш изчил суратда олиб бориляпти. Истиқлол йилларида талай янги олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, умумтаълим мактаблари ташкил этилди, эскилари замон талаблари асосида таъмирланди. Бу жараён жадал давом этяпти. Ўзбекистонлик йигит-қизлар дунёнинг илғор давлатларида таълим оляпти, малака оширяпти. Таълим тизимини ислоҳ қилишга онгни ўзгартириш, янги замон кишисини тарбиялаш, ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий омили сифатида қараляпти.
Халқнинг руҳи тикланди, миллий ғурур, ватанпарварлик, фидойиликнинг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди, ҳар бир фуқаронинг ўзини шу Ватаннинг фарзанди деб ҳис қилиш тарзи кучаймоқда. Давлатимиз рамзлари – Байроқ, Герб, Мадҳиянинг аҳамияти ортиб, улар кишиларимиздаги Ватанга садоқат ҳис-туйғулари ифодачиси бўлиб боряпти.

Мерос ва қонун

Миллий мерос, аввало, қонунлар орқали муҳофаза қилинади.
Миллий меросни муҳофаза қилишга қаратилган қонунлар (кенг маънода бунинг таркибига қонуности ҳужжатлари ҳам киради) иккига бўлинади:
Халқаро қонунлар;
Миллий қонунлар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида шундай деб ёзилган:
“Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар.
Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”.
Ўзбекистон халқининг меросини миллий мерос деб аташ ҳам мумкин. Чунки бир халқ яратган ва аждодлардан-авлодларга қолдирилган бойликлар миллий мерос дейилади.
Шу маънода, ўзбек халқи – буюк халқ. Элу элатларнинг буюклиги эса шу миллатга мансуб аҳолининг умумий сони, шу халққа тегишли миллий давлат ҳудудининг катта-кичиклигига қараб белгиланмайди. Бунда ҳар бир халқнинг жаҳон тараққиёти, инсоният равнақига қўшган улуши инобатга олинади.
Бу жиҳатдан юртимиз дунёнинг қадимдан илм-фан, ишлаб чиқариш, маданият, адабиёт, санъат ва бошқа кўплаб соҳалар юксак даражада ривож топган маконларидан бири ҳисобланади.
Миллий меросимиз Конституциямизда т а р и х и й, м а ъ н а в и й ва м а д а н и й меросга ажратилган.
Т а р и х и й м е р о с га мамлакатимиз ҳудудидаги қадим шаҳарлар ёки уларнинг қолдиқлари, ер ости қазишмаларида топилган осори атиқалар, санъат асарлари, ишлаб чиқариш қуроллари, ўтмишда яратилиб, ҳозиргача сақланиб қолган меъморий обидалар ва ҳоказолар киради.
М а ъ н а в и й м е р о с деганда, халқнинг тили, дунёқараши, урф-одатлари, маросимлари, анъаналари, байрамлари, қадриятлари, диний эътиқод ва удумлари тушунилади.
М а д а н и й м е р о с тил, адабиёт, санъат асарлари, кийиниш маданияти, урф-одат, анъана, қадриятлар, илм-фан соҳасида яратилган тадқиқотлар, китоблар, кашфиётлар, ишланмалар, ихтиролар, янгиликлар сингари сираларни қамраб олади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Ўрол Ҳайитовнинг “Маданий меросимиз – йўлчи юлдузимиз” (“Миллий тикланиш”, 2010 йил, 28 апрель) мақоласида бу икки турдаги қонунларнинг асосийлари санаб ўтилган. Мавзу тақозоси билан биз ҳам уларни келтириб ўтишни маъқул кўрдик.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Фан, таълим ва маданият масалалари билан шуғулланадиган ЮНЕСКО ташкилоти бор. Умумбашарият меросини асраб-авайлаш бу ташкилотнинг бевосита вазифалари сирасига киради. Шунинг учун ҳозирги пайтда ЮНЕСКОнинг мана бу беш ҳужжати халқаро миқёсда амал қилиб келяпти:
– Ҳарбий можаролар пайтида маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида Конвенция (1954 йил, 14 май);
– Маданий меросни ноқонуний олиб кириш, олиб чиқиш ва мулкни бошқаларга беришнинг олдини олиш ва таъқиқлаш тўғрисида Конвенция (1970 йил, 14 ноябрь);
– Бутунжаҳон маданий ва табиий меросни сақлаш тўғрисида Конвенция (1972 йил, 16 ноябрь);
– Сувости маданий меросни сақлаш тўғрисида Конвенция (2001 йил, 6 ноябрь);
– Номоддий маданий меросни сақлаш тўғрисида Конвенция (2003 йил, 17 ноябрь).
Бу халқаро қонунларнинг аксариятида маданий мерос тушунчаси таркибига адабий мерос ҳам киради, алабатта.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида миллий меросга муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида Марказий Осиёда туғилиб ўсган, жаҳон илму фани, маънавияти, адабиёти ва санъати равнақига муносиб ҳисса қўшган қирқ олти нафар буюк зотларнинг номлари тилга олинади. Энг муҳими, китобда улар ҳаёти ва фаолиятини, меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш борасида мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар ҳам эсланади.
Ана шу зотларнинг ўн саккиз нафари бевосита адабиёт аҳли ҳисобланади. Муаллиф Рудакий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Махтумқули, Абай, Тўқтағул, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов номларини маънавий мерос яратган буюк қалам соҳиблари сифатида тилга олади, улар ҳаёти ва ижодига муносиб баҳо беради.
Муаллиф наздида, энг буюк жасорат – маънавий жасорат. Китобда маънавий жасорат намунасини кўрсатган уч шахс – Яҳё Ғуломов, Зулфия ва Озод Шарафиддинов ҳақида алоҳида тўхталинади. Буларнинг икки нафари ҳам аҳли адиблардан ҳисобланади.
Китобда номлари фахр билан зикр этилган Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Исҳоқхон Ибрат, Лутфихоним Саримсоқова, Ҳалима Носирова, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроевлар фаолияти ҳам адабиётга бегона эмас эди.
Шахсга ҳам, миллатга ҳам, халққа ҳам, аввало, маънавиятига қараб баҳо берилади. Чунки маънавият – инсоннинг инсонлигини белгилайдиган, уни бошқа жонзотлардан устун қилиб турадиган жамики фазилатлар мажмуидан иборат.
Бутун дунёда бир мезон баҳслашиб ўтирилмасдан қабул қилинади – халқлар, мамлакатлар, давлатларга аҳолисининг сонига, эгаллаб турган ҳудудига, ҳатто, моддий бойликлари умумий миқдорига қараб эмас, айнан, башарият тамаддунига қўшган маънавий ҳиссасига кўра баҳо берилади.
Мамлакатимиз ҳудудининг катталиги жиҳатидан дунёдаги икки юз давлат орасида эллик бешинчи ўринда туради. Ўзбекистонимиз – Италиядан бир ярим баробар катта. Аҳоли сонига кўра, қирқ иккинчи ўринга эга. Аммо халқимиз жаҳон тамаддуни равнақига қўшган ҳиссаси бўйича жуда олдинги ўринлардан бирига даъвогарлик қилади. Шу нуқтаи назардан, биз, шубҳасиз, буюк халқмиз. Чунки ҳар қандай мамлакат ёки халқ ҳавас қилса арзигулик улуғ меросимиз бор. Айниқса, мустақиллик йилларида буни борлиқ олам тан олди.
Б и р и н ч и д а н, шу йиллар мобайнида изчил равишда: “Ҳеч кимдан кам бўлмаганимиз”ни дунёга исботладик.
И к к и н ч и д а н, бу бизга: “Ҳеч кимдан кам эмасмиз”, деган ғояга қатъий амал қилишимиз учун буюк асос бўлиб хизмат қилди.
У ч и н ч и д а н, бу икки асос: “Ҳеч кимдан кам бўлмаймиз ҳам”, дейишга, шунга интилиб, шунга эришишнинг йўлларини излаб яшашга ундади.
“Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида ана шу уч фикр бўртиб туради, мантиқий тарзда асослаб берилади.
Истиқлол йилларида тарихга янгича муносабат шаклланди. Бу эса халқимизнинг жаҳон тамаддуни равнақига қўшган муносиб ҳиссасини холисанилло баҳолаш, у билан фахр-ифтихор қилиш, ғурурланиш, энг муҳими, шу шонли тарихга муносиб бўлишга интилиш имкони қўлга кирди. Бу, албатта, маънавиятнинг ўзак масаласи саналади.
Тарихга муносабат замирида доимо тилга, динга, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарга, аждодлар ҳаёти ҳамда фаолиятига, қисқа қилиб айтганда, меросга муносабат ётади.
Шундан ҳам кўриниб турибдики, мозийга нигоҳ ташлашнинг бошланиши амалда маънавиятга муносабатнинг ўзгарганидан далолат беради.
Тарихда ўтган улуғ аждодларимизга муносиб бўлиш, улардан қолган буюк меросни қадрлаш барчамизнинг зиммамиздаги муҳим масъулиятдир.