Форма входа

Категории раздела

Мои статьи [30]

Поиск

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 20:28
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Каталог статей


Главная » Статьи » Мои статьи

Ана томоша, мана томоша!

«МАҲАЛЛАДА ДУВ-ДУВ ГАП БЎЛСИН, ДЕЙМАН!»

1Ўзбек болажон, тўйсевар эл. Минг шукурки, тўйни яхши кўрганимиз учун ҳам бошимиз тўйдан чиқмайди. Фарзандимиз туғилса ақи­қаю бешик тўйларга етамиз. Ўғилга суннат, қиз фарзандимизга мучал тўйлари… Никоҳ тўйлари эса элимизнинг фарзанди билан боғлиқ орзу-умидларининг энг олий кўриниши, десам янглишмайман. Бироқ кейинги пайт­ларда орзу-ҳавасларимиз мантиқсиз удумлар билан қоришиб, қадриятларимизда қадр қолмай, азалий одатларимиз молпарастлигимиз чангида лойқаланаётгандек, назаримда. Тўйларимиз дабдаба борасида кимўзар пойгаларни эслатмоқда…

Эркак икки Ўт орасида

«Тўй меники! — деб тутақди эр базм­ни камхаржроқ ўтказишни маслаҳат солган хотинига, — истаганимдай ўтказаман! Биттаю битта ўғлим-а, бошқаларга ўхшаб тўртта-бешта болам бўлса экан, ҳаммасининг тўйида бир-бир армонларимни ўлдираман, десам. Тўй мен қандай хоҳласам, шундай ўтади!»

Эркак тўйни камчиқим қилиб, элдан оширмай ўтказиш ҳақида маҳалла оқсоқолидан огоҳлантириш олганди. Энди нима деган одам бўлди? Хотинининг айтганини қиламан деса элдан уялади, элдан чиқмайман деса хотини дийдиёсини тўхтатмаяпти…

Кам бЎлишни истамайди

- Дугонам телевизорда реклама қиладиган салондан келин кўйлак кийиб, ўша ерда пардозини қилганди, мен ҳам тўйимда ўша салон хизматидан фойдаланаман!

- Жон, болам, ўзи мебелларинг, сарпо-суруғингни деб қарзга ботиб қолдик-ку, энди кўйлагингни даданг­га қандай айтаман? — Она узатилаётган қизига зорланди.

- Дугоналаримнинг олдида уяламан! Улардан нимам кам? Куёв билан келишдик, у ўзига ни­коҳ узуги олади, мен келин кўйлагимни ўзим қиламан…- қиз зарда билан эшикни ёпиб кетди. Она мунғайганча қизининг орқасидан қараб қолаверди…

КУЁВ КЕЛИННИ САЁҲАТГА ОЛИБ КЕТМОҚЧИ

- Айланай, қудажон, тўйни камчиқимроқ, ихчамгина ўтказсак, дегандим.

Куёв томоннинг таклифидан қизнинг ота-онаси елкасидан тоғ ағдарилгандек енгил тортишди.

- Тўйдан кейин келин-куёвни хорижга ўн кунлик тўй саёҳатига жўнатмоқчимиз. Ўғлим «келинингизга ўзим ўқиган юртларни бир кўрсатиб келаман» деяпти. Агар мумкин бўлса, сизлар ҳам сеп-сидирғага деб ортиқча кераксиз нарсаларни кўпайтирмасаларингиз, унинг ўрнига ёшлар айланиб, дунё кўриб келишса, дегандим…

Бахтни мол-дунё билан ўлчамайдиган инсонлар билан қуда тутинаётган қизнинг ота-онаси мамнун бўлишди.

ОртиҚча юк белни

синдиради

Охирини ўйламай дабдабага берилиш оқибатлари кўпчиликка маълум. Чилласи тугамай қарзларини узиш учун хорижга кетганлар, биринчи марта фарзанд­ли бўлганини телефонда эшитганлар, фарзанди тил чиқариб, атак-чечак қилганда эшикдан кириб келганлар, ҳаттоки, тўйга кетган сарф-харажатлар ўрнини тўлдираман, деб келинчак билан бир ой ҳам яшамай хорижга кетиб, темир тобутда қайтганлар қанча… Афсуски, бу ҳақиқатларни инкор этолмаймиз. Шунга қарамай, тўйлар билан боғлиқ бемаъни орзу-ҳавасларимиздан ҳам кечолмаяпмиз…

- Тўй тўйдaй ўтсин, oвoзaси ет­ти мaҳaллaгa eтсин, дeяётганлар эртaсини ўйлaшгa вaқт ёки тафаккур тoпoлмaй қoлдилaр, шeкилли, — дейди андижонлик Хуршидахон Эшонова. — Элни қирқ кeчaю қирқ кундуз тўйдиришга етгулик нeъ­мaтлaрни бир кундa тўкиб-сочиб, исрoф қилиш урфгa aйлaниб бормоқда. Oқибaт, қизи бoр­лaрнинг нoзи қaрзгa aйлaниб, тўй дегани — тaшвиш, ўйлaр йиғиндиси бўляпти. «Фaлoнчининг oрзу-ҳaвaси бoр экaн, тўйи даҳшат ўтди-я!». Бу — эл oғзи­дaги бир нeчa кунлик эрмaк гaп. Эшик oртигa қулoқ тутишгa эса юрaк дoв бeрмaйди. Oтa қaрз, oнa қaрз, кундa кунoрa қaрзини сўрaб кeл­гaнлaр сoни oртсa oртaдики, кa­мaйиши гумoн. Тaғин қиз oртидaн қирқ кун юбoрилaдигaн тoғoрaгa нимa дeйсиз? Нaҳoт, тўкин-сочин тўй қилишгa, «очил дастурхон» ёзишга қурби eтгaнлaрга oилa aъ­зoсигa aйлaнгaн биргина инсoн — келинни боқиш мaлoл кeлсa! Бу бир нeчa йиллик тoртишувлaргa сaбaб бўлиб кeлa­ётгaн муаммо. Лeкин ҳaнуз eчим йўқ…

«Кимлигимни билмоҚчи бЎлсанг, тЎйимга кел!»

Тўй-маросимларда сархил мевалар, қиммат ширинликлар ва писта-бодомларни ижарага олиб, дастурхонга қўяётганлар ҳам бор.

Бир тўйда шу ҳолат билан боғлиқ жуда ҳам хунук ҳодисага гувоҳ бўлгандим. Дастурхон атрофида ўтирибмиз. Кексароқ ёшдаги онахон официантга хориждан келтирилган мевани кўрсатиб кесиб беришини сўрадилар. Ресторан хизматчиси совуққина илжайганча меваларнинг ижарага олинганини, дўконга қайтарилиши кераклигини айтди. Ўша пайтда хижолатдан кўзлари ёшланган онахонга қараб юрагим увишди. Одамлар сохта обрў илинжида кўнгилларни вайрон қилиб нимага эришмоқчи бўлишяпти?..

Тўйларда дастурхон ёзиб эҳтиёжмандларни, боқувчиси йўқ­ларни тўйдириб савоб олишни тафаккур қиладиган ақлимиз яхши кунимизда ўзига тўқ, обрўли инсонларни таклиф қилиб шуҳрат топиш ҳаваси билан банд бўлади. Ваҳоланки, «Дастурхонларнинг энг гуноҳлиси бойлар даъват этилиб, фақирлар чақирилмаган тўй дастурхонидир», дея марҳамат қилинади Ҳадиси шарифда.

«БиЗ каммизми?»

- Фарзанд ширин, у билан боғлиқ орзу-ҳавасимиз янада ширин,- дейдилар бухоролик фахрий ўқитувчи Назокатхон Пўлатова.- Биз хўжайиним билан узоқ йиллар фарзанд кўрмаганмиз. Бирин-кетин қизли, ўғилли бўл­дик. Қизим туғилганида бешик тўйи қилганмиз. Ўғилларимизга ҳам жуда дабдаба билан, ҳаддан ташқари сарф-харажатга қолиб суннат тўй қилдик. Ўшанда дадасининг яқин дўстлари «Ортиқча харажатларнинг нима кераги бор? Қариндош-уруғ, ёр-дўст йиғилишиб, болаларнинг қўлини ҳалолласангиз бўлди. Тўйга атаган пулингизга яхшиси, шаҳардан уй олиб қўйинг, фарзандларингизнинг эҳтиёжига сарфланг. Эрта бир кун ўқиш, иш учун мусофир шаҳарга борса ижарада сарғаядими?» деганида жаҳлимиз чиққанди. Тўй ўтиб, эртаси куни ҳовли-жойни йиғиштиришга тушганимда хато қилганимизни, исрофга, уволга йўл қўйганимизни тушуниб етдим. Аммо кеч эди…

«Ҳозир Ҳамма шундай Қиляпти»

- Тўйлардаги дабдабага аёлларнинг нокерак, ортиқча харажат ва бош оғриғига сабаб бўладиган «орзу-ҳаваслар»и таъсир қилаяпти, — дейди қашқадарёлик юртдошимиз Баҳром Йўлдошев.- «Шу харажатнинг нима кераги бор, камхаржроқ қила қолсак-чи» десангиз гапиравериб, қулоқ-миянгизни қўлингизга олиб беради. Топиб олган гаплари «Ҳозир ҳамма шундай қиляпти!» Ҳамма билан нима ишинг бор, кўр­панг­га қараб оёқ узатсанг-чи, деб ҳам қутулолмайсиз…

Тўй бошладингизми, юртдош? Муборак бўлсин! Мурод кунига етганингиз, дастурхон ёзиб эл-юртга ош беришга етишганингиз қутлуғ бўлсин! Лекин… орзуларингиз ушаладиган кунга дабдаба, ортиқча сарфу харажат билан тадорик кўришни бошлабсиз. Камтарга камол дейдилар. Бахт кўз-кўз қилинмайди, замондош. Бироз мулоҳазакор бўлиш, дабдабага берилиб манманлик қилмаган маъқулмикан? Қолаверса, исроф, увол бор. Сизга синов учун берилган бойликка кибр қилишингиз ношукурлик аломати эмасми?

Мулоҳазаларимизни ақл ўргатиш ёки тўй тараддудидагиларни қўрқитиш учун иншо қилмадик. Хулоса, ўзингизга ҳавола.

 

МЕЪЁР  УНУТИЛГАН ЖОЙДА ТАРТИБ БУЗИЛАДИ

 

 

 

Тўй. Бу сўзнинг замирида халқимизнинг энг ширин орзу-умидлари мужассам. Ҳар биримиз учун бу сўз азиз, шу сўз билан боғлиқ умидлар, ишонч ва қатъиятлар муқаддас. Шунинг учун ҳам  муқаддаски, айнан шу куни ота-она ўз фарзандининг камолига, орзу-ҳавасига етишади. Бир-бирига талпинган  икки кўнгил оила деб аталган муқаддас даргоҳга жуфтлашиб қадам  қўядилар, қалбларидаги бир-бирига ишонч, қатъият қаршисида тиз чўкиб, ҳам шаръий ҳам расмий никоҳланадилар. Энг яхши неъматларни тўй дастурхонига қўямиз, энг чиройли либосларимизни шу куни – тўйда киямиз. Меҳмонлар қадамига жонлик сўйилиб, дошқозонларда ширин таомлар пиширилади, шу қутлуғ кунга атаб янги уй жиҳозлари сотиб олинади, уйларимизга янги гиламлар тўшалади. Хуллас, тўй куни жамики эзгу орзу-ҳавасларимиз тантана қилади.

Шунинг учун ҳам кексаларимиз ҳар доим дуога қўл очганларида: топган-тутганинг тўйга буюрсин, ҳар кимни тўйларга етказсин, - дея улуғ ният қиладилар.

Мамлакатимизда халқимизнинг маънавий қадриятлари, орзу-умидларига қиёсан ҳар йилга эзгу бир ном берилишида ҳам ҳикмат бор. 2012 йилнинг "Мустаҳкам оила йили” деб номланиши ёш оилаларнинг моддий фаровонлиги, маънавий камолотига ишора бўлса, 2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб аталиши миллатимизга хос гўзал анъаналар янада такомиллашган, қадриятлар қадр топган оилаларнинг ободон, тўкис ҳаётини таъминлашга қаратилган улуғвор режалар, йилимизга монанд Дастур ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётгани билан ҳар биримиз учун азиздир.

"Обод турмуш йили” Давлат Дастурига мувофиқ турмуш қураётган ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Тўй эса ёшларимиз учун мустақил ҳаётнинг гўзал остонаси. Бу кун ҳар бир қалб учун азиз, муқаддас. Аммо ана шу тўйнинг ҳам асрлар давомида шаклланган ўз қонун-қоидалари бор. Миллатимизга хос бўлган тутумлар, удум ва урф-одатларни кўпни кўрган кексаларимиз жуда яхши биладилар. Чунки улар тўйга тадорик кўришда меъёрга риоя этганлар, исрофгарчиликдан тийилганлар. Айниқса, келин туширишда меъёр, тежамкорлик кекса авлод вакиллари учун энг мақбул таомил ҳисобланади. Ана шу таомил асосида файзли ўтган тўй ниҳоятда бадастир, гўзал удумларимиз, мумтоз маънавий қадриятларимизнинг намойишига айланади. Икки ёш кексаларнинг оқ фотиҳаси билан оила остонасига қадам қўядилар.

Яқин-яқинларгача туманимизда келин тўйлари бошқа  вилоят ва туманлардагига нисбатан анча файзли, ибрат тамойиллари асосида ўтказиларди. Ортиқча дабдабаларсиз, овоз кучайтиргичларсиз, қуда-қудағайларнинг келишувлари асосида ўтган тўйлардан олам-олам таассуротлар қоларди қалбимизда. Айниқса, икки томон келишуви асосида икки ёшга қилинадиган сарпо-суруқларнинг миллий менталитетимизга уйғунлиги кўнгилларга манзур эди. "Келин салом”, "келин кўрар”, "иш буюрар” каби тўй кунги ва тўйдан кейинги удумлар ниҳоятда чиройли, ихчам ўтказиларди. Тўйдан бир кун олдин ўтказиладиган қиз йиғинлари худди Абдулла Қодирий тасвирлаган Кумушбибининг қиз йиғинига монанд бўларди. Келин бўлмишнинг дугоналари йиғилиб, қошларига ўсма, қўлларига хина қўйишарди. Рақсга тушиб, қўшиқ ва лапарлар, айтишувлар айтиб, шеърхонликлар қилишарди. Ҳатто ўз орзуларини кичик-кичик саҳна кўриниши тарзида намойиш этиб, келин қизнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб, ўзлари ҳам тўй баҳона очилиб-сочилиб, яйрашарди.  Бундай тўйларни катта ёшдаги онахонларимиз, акахонларимиз ҳамон соғинч билан эслайдилар. Боиси, чиройли ўтган бундай тўйлар улар учун ўз умрларининг гўзал манзилига айланиб, хотира кўзгусида нурафшон кун сифатида муҳрланиб қолган. Бугунги тўйларимиз-чи? Бугунги тўйларимиз отчопарда от сураётган чавандозларнинг пойгасини эслатмайдими? Афсуски, кўпчиликнинг дилини хуфтон қилиб, асабини эговлайдиган ҳолатлар тўлиб-тошиб ётибди бугунги тўйларимизда. Асосан барчамиз учун оддий нарсадек туюладиган тўйга санъаткор чорлаш масаласи аслида бугунги тўйларимиздаги энг долзарб масалалардан бири саналади. Нега десангиз, бир неча йиллаб тўйига тадорик кўрган одам ўз хонадонида ўтказиладиган тантанани ўзига маъқул ва мақбул кунга белгилаш имкониятидан маҳрум. Ҳа, худди шундай! Тўй кунини тўйга таклиф қилинадиган санъаткор "белгилайди”. Санъаткорнинг бўш вақтларидан келиб чиқиб тўй куни  белгиланади. Таассуфлар бўлсинки, баъзан санъаткорнинг жавобини, тўғрироғи, "бўш куни”ни кутиб, режа қилинган тўй вақти бир-икки кунга, ҳатто бир ҳафтага чўзилиб кетади. Тўй эгаси: "бор-ей”, деб тўйига бошқа санъаткорни чорлай олмайди. Сабаби, бошқалари ҳам "банд бўлишади” ёки ёшлар элда "юриб тургани”дан бошқасини хоҳлашмайди. Тўй эса истанг-истаманг санъаткор белгилаган кунгача сурилаверади, тўй эгаси санъаткорнинг жавобини кутаверади. Санъаткор эса озгина нафсини тийиб, тўйчини хурсанд қилишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Бу ҳам майли, фалон минг сўм пул эвазига, ўз  "қадрини ошириб” тўй кунини ўзи белгилаб, хизматга бел боғлаган санъаткорнинг ҳеч жонини қийнамай, "тоққа чиқмай дўлана териб” кетишига нима дейсиз? Қўшиқларни бемалол фонограмма орқали "ижро этиб”, даврани "қасир-қусур”, "банг-бунг”, "гуп-гуп”ларга тўлдириб берган санъаткорнинг аудио тасмадан нима фарқи бор?

Тўйларимиздаги яна бир кўнгилни хира қиладиган нарса бу – ёшларимизнинг "тўй сайри” маросимидир. Аввало шуни минг истиҳола билан айтмоқчимизки, ёшларимиз томонидан "гулянка” деб аталаётган бу маросим ҳаётимизга қандай кириб келгани ҳақида ҳеч ким тугал бир фикр айта олмайди.

Хўш, бундай маросим аввал ҳам тўйларимизда бор эдими ёки оврўпача тўйларга тақлидан пайдо бўлганми?

Кекса авлод вакилларининг эътироф этишларича бундай маросим аввал ҳам бўлган, лекин бошқачароқ, ҳатто яқин-яқинларда ҳам бу чиройли удум никоҳ тўйларимизга ўзгача файз, ёш-у қарига бирдай хушнудлик бағишлаган. Бу маросим ҳозирги кўринишдан мутлақо бошқача, миллий урф-одатларга мос равишда бўлган. Яъни, авваллари келин аравада, кейинчалик машинада янгалари ва дугоналари қуршовида узатиб борилган. Йўл  бўйи бахт ва муҳаббатни, гўзал ҳаётни мадҳ этувчи қўшиқ ва лапарлар куйланган.

Афсус ва надоматлар бўлсинки, агар бугунги тўйларимизда ёшларимиз "гулянка” деб аташаётган маросимни юқоридаги каби тўй сайли дейдиган бўлсак, бу "сайл”нинг турган-битгани ғалвадан бошқа нарса эмас. Агар бу маросимни ёшларимиз рус миллатидан ўзлаштирган бўлсалар керак, деган фикрга борсак таассуфки, рус тилида "гулянка” термини кичкина зиёфат, ўтириш маъносини англатади. Бундан кўриниб турибдики, русларда тўй сайли "гулянка” дейилмайди. Уларда биздаги "гулянка” каби тартибсиз сайрнинг ўзи ҳам йўқ. Қолаверса, рус тилидаги "гулять” – сайр қилмоқ маъносидаги сўздан "гулянка” термини, тўғрироғи, туманимиз лаҳжасида тўй маросими учун жаргон сўз яратилган дейишга эса ҳеч бир асос йўқ. Чунки  русларнинг ўзлари тўй маросимларида "гулянка” деган атамадан умуман фойдаланишмайди. Тўй сайлида бизнинг ёшларга ўхшаб ивирсиб юришмайди. Тўйларимизга бўлса-бўлмаса ҳар хил бўлмағур одатларни тиқиштириш шартми? Бинобарин айнан ана шу "гулянка”лар кўпчилик тўйларимизда ҳар хил можаролар ва жанжалларнинг чиқишига сабабчи бўлмоқда.

 Барчамиз яхши биламиз, 1998 йилда Президентимизнинг тўй ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ Фармони, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида”ги Фатво ва туман ҳокимининг "Туманда аҳоли тинчлигини сақлаш, тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарори матбуотда эълон қилинди. Ушбу  муҳим ҳужжатларда тўй, маросимларни тартибли, ортиқча чиқим ва дабдабаларсиз ўтказиш, атрофдаги одамлар ҳол-аҳволини ҳисобга олиш, ўзини кўз-кўз қилиш, шухратпарастлик ва манманлик ҳолатларига барҳам бериш борасида зарур қоидалар, йўл-йўриқлар кўрсатилиб, вазифалар белгилаб берилди. Ўша йиллари туманимизда тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш борасида анча ибратга лойиқ ишлар амалга оширилган эди. Қиз йиғинлари, келин ва суннат тўйлари  анча ихчам, ортиқча дабдабабозликдан холи ўтказилишига эришилганди. Аммо...

Фуқаролар йиғинлари раислари ва маслаҳатчилар, халқ назаридаги мутасадди раҳбарлар бизни маъзур тутсинлар-у кейинги йилларда тўйларимизда бир-бировни менсимаслик, исрофгарчилик, юқорида тилга олганимиз "гулянка”лар  сабаб бўлмағур жанжаллашишлар, автоҳалокатлар содир бўлмоқда. Ваҳоланки, 2010 йилнинг 6 январь санасида "Туманда аҳоли тинчлигини сақлаш, тўй, маърака, оилавий тадбирлар ва бошқа маросимларни ўтказишни тартибга солиш  тўғрисида” туман ҳокимининг Фармойиши қабул қилиниб, ушбу ҳужжатда тумандаги барча ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарлари учун мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида зарур кўрсатмалар берилди.

Ажабланарлиси шундаки, ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарлари ушбу  кўрсатмалар бўйича бир-икки ойгина ишга "жиддий” киришиб кетдилару, белгилаб берилган қоидаларга риоя этиб, вазифаларини бажарган бўлишди, холос. Юқоридаги фармойишга мувофиқ тўйлар (айниқса, келин тўйлари) ҳар қандай дабдабадан холи, тўй сайри учун фақат иккита машина ажратилиб, қиз йиғинлари ихчам, фақат келиннинг дугоналари иштрокида ўтказилиши, бўлғуси келинпошшалар никоҳ либосини ижарага олиб эмас, ўзлари учун янгидан тикдириб, миллийликни сақлаган ҳолда кийинишлари кўрсатилганди. Ҳали айтганимиздай, фуқаролар йиғинлари раҳбарлари елиб-югурган бўлишиб, барча ишни номигагина йўлга қўйдилар, холос. Юқоридан кўрсатма олиб ишлашга ўрганган, тўғрироғи, ўзлари мустақил иш қилишга журъатсиз оқсоқоллар бу борадаги талаб қилинган тартиб-қоидаларни аллақачон унутиб юборишган, дейишга аосимиз бор. Марҳамат!

Фақат 2010-2011 йиллар давомида ҳамда 2013 йилнинг январь ойида туманимизда ўтказилган келин тўйлари (фақат келин тўйлари)да рўй берган тартибсизликлардан ўнлаб кишилар жабр кўриб, ҳатто бир неча киши вафот этганлигини афсуски, қайд этмай ўта олмаймиз. Тўйлар билан боғлиқ тартибсизликлар, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, ҳатто жиноий жавобгарлик билан боғлиқ хунук ҳолатлар Қиличбой ҳамда Қипчоқ овулларининг марказларида, Дўрман овулида кўпроқ қайд этилаётгани ачинарлидир. Хусусан, Қипчоқ овулида яшовчи фуқаро Сардор Матназаров 2012 йилнинг 23 март куни "гулянка” пайтида аслида акасига тегишли бўлган автомашинани бошқариб бораётиб, "Тўлқин” овулида яшовчи Расул Жуманиёзовни уриб юборган. Натижада Расулбек оғир тан жароҳати олиб туман касалхонасига тушган. Худди шундай автоҳалокатни содир этган манғитлик Расул Ибодуллаевнинг айби билан Гулмира Дўсимова исмли йўловчи оғир тан жароҳати олиб, ойлаб азоб тартишга мажбур бўлди.

Бундан ташқари, туман ИИБ ҳузуридаги автомототранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоида ва меъёрларига амал қилишни назорат этиш бўлинмаси томонидан тақдим қилинган маълумотларга қараганда туман ИИБ  йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси томонидан 2012 йил давомида ўтказилган тадбирлар давомида 6 нафар ҳайдовчи "тўй сайри” маросимига фуқаролар йиғинлари раҳбарининг рухсатномаларисиз чиқишган. Бу ҳам етмагандай, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солиб, гуруҳ бўлиб ҳаракатланганлар. 2012 йилнинг декабрь ойида эса спиртли ичимлик ичиб "тўй сайри”дан қайтаётган ёшгина бир йигит автоҳалокатга учраб, ҳаётдан бамаврид кўз юмган. Ваҳоланки, 2010 йил 6 январь санасида қабул қилинган туман ҳокимининг "Туманда аҳоли тинчлигини сақлаш, тўй, маърака, оилавий тадбирлар ва бошқа маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги фармойишининг бир бандида тўйда ва тўйдан олдин ичкиликбозликка барҳам бериш, яна бир бандида эса келиннинг куёвникига келиш вақти белгиланган, тўй сайрида иштирок этадиган машиналар сони иккитадан ошмаслиги ва ҳайдовчилар фуқаролар йиғини раҳбариятининг махсус рухсатномаси асосида ҳаракатланишга ҳақли эканлиги қайд этилган.

Белгилаб қўйилган мезонлар бузилгани, йиғин оқсоқоллари масъулиятни унутганлари боис, юқоридаги каби салбий ҳолатлар тез-тез содир этилмоқда.

Юракларни ларзага соладиган энг хунук ҳодиса Дўрман овулида содир этилди. Яъни, бир яхши инсон элга дастурхон ёзди, очилиб-сочилиб, тўй берди. Аммо бир нокаснинг бадбинлиги боис, тўй азага айланди. 2012 йилнинг 27 октябрь куни тўйга келган хеш-ақраболардан бири – қўшни вилоятдан келган меҳмон, ўз иззатини билмаган Ўктам Ўрозметов исмли шахс маст ҳолда шовқин кўтариб, барчанинг асабини бузди. Тўйда  "келин келди” даврасини бошқариб турган саломчи йигит Илҳом Қурбоновнинг бошига темир хаскаш билан уриб оғир тан жароҳати етказди. Оқибатда Илҳом Қурбонов ҳушига келмасдан касалхонада вафот этди, тўй фожиали якун топди.

2013 йилнинг 26 февраль куни эса Манғит-Қипчоқ йўлининг "Чойкўл” овули ҳудудида шахсан ўзимиз гувоҳ бўлган "гулянка” (тўй сайри) маросимида содир  бўлган автоҳалокат ҳам гулдай бир йигитнинг ёш умрига зомин бўлди, бир неча киши оғир тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилди.

Афсус ва надоматлар билан қайд этамизки, Қиличбой ва  Қипчоқ овуллари маркази, "Қангли” овули ҳамда Манғит шаҳрининг айрим маҳаллаларида ўтказилаётган тўй-маросимларда тартибсизликлар, спиртли ичимлик ичиб, маст-аласт шовқин кўтариш ҳолатлари тез-тез содир бўлаётгани ғоят ташвишли ҳолдир.

Шу ерда ҳақли бир савол туғилади:

Тўй-маросимлар ва бошқа оилавий тадбирларни меъёрида, исрофгарчиликсиз, шовқин-суронсиз, ортиқча дабдабабозликларсиз ўтказиш борасида ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарларига қачонгача юқоридаги каби йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилиши керак? Ахир халқ орасида, маҳаллада айнан шу раҳбарларнинг ўзлари ҳам яшашади-ку! Ўзлари раҳбарлик қилаётган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқ орасида миллий урф-одат ва удумларнинг замонага мос, ҳар қандай дилхираликлардан холи, ихчам тарзда ўтказилишига нега фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари бош-қош бўлишмаётир?

Бундай саволларни қўйишга ҳам етарлича асосларимиз бор. Тўй-маросимларни тартибли ўтказиш билан боғлиқ Президент Фармони, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Фатвоси ҳамда  туман ҳокимининг қарор ва фармойишларига яна бир бор эътиборингизни жалб этамиз. Сабаби, ушбу ҳужжатларнинг барчаси моҳиятан бир эзгу мақсадни ифода этади. Яъни, аҳоли тинчлигини сақлаш, фаровонлигини таъминлаш, бир-бировга ҳурмат ва меҳр-оқибат тамойилларига амал қилиш. Лекин минг афсуски, туманимизда камдан-кам фуқаролар йиғинлари оқсоқолларигина бу тамойилга амал қилмоқдалар, холос. Хусусан, Жумуртов шаҳарча фуқаролар йиғини, "Арна бўйи”, "Хизр эли”, "Аёқчи”, "Бўз сув”, "Дарё бўйи”, "Назархон” Манғит шаҳрининг "Ойбек”, "Чордара”, "Олмазор” маҳаллаларида оқсоқоллар, профилактика нозирлари, посбонлар, маслаҳатчиларнинг кенг жамоатчилик билан ҳамкорликлари боис, тўй ва маросимларнинг меъёрида, тартибли ўтказилишига эришилмоқда. Лекин туманимизда биз номларини тилга олмаган ўнлаб  маҳаллаларда, назаримизда оқсоқоллар юқоридан янги бир кўрсатма бўлишини кутиб ўтиришганга ўхшайди. Кўпчилик йиғин раислари ўз ваколатларидан келиб чиқиб ишлашнинг уддасидан чиқа олмай, ўта журъатсиз, мустақил фикрга эга бўлмаган оқсоқол эканликларини намойиш этмоқдалар.

Биз юқорида тўйларимиздаги санъаткорлар ва "гулянка”лар билан боғлиқ тартибсизликлар ҳақида тўхталдик. Лекин келинпошшаларимиз "никоҳ либоси” деб кийиб чиқадиган либосларга ҳам бир назар ташламай ўта олмадик. Чунки тўй эгасини қийнаб қўядиган муаммонинг энг асосийси мана шу никоҳ кўйлаги билан боғлиқ.

- Яқинда туманимиздаги ўзига тўқ бир хонадонда қиз йиғинда бўлдик, - дейди нафақадаги муаллима Гулсара опа Камолова, - эртага куёвникига узатилиб кетадиган қизнинг қиз йиғини номдор бир  тўйхонада ўтди. Хотин-халаж, бола-бақра, ёши катта эркаклар билан ёш-яланглар аралаш-қуралаш, шовқиндан бош айланадиган даражадаги "қиз йиғин”! Келин бўлмишнинг эгнидаги либосдан  тўғриси, биз уялдик. Тўйидан бир кун олдин ота-онаси, ака-ука, опа-сингиллари олдида ярим-яланғоч кийиниб олган қизнинг эса парвойи палак. Эгнига этаги тандирдай, орқаси белигача, ҳатто кўкракларининг ярми очиқ оқ либос кийиб, ўртадан чиқмай рақсга тушиши, бу ўйин даврасида 60 ёшдан ўтган ота-онаси, ота-онасининг дўстлари, ҳатто раққосанинг устидан пул сочиб ўйинга тушаётган 80 ёшни қоралаб қолган момо ва буваларининг ҳатти-ҳаракатларидан чарчаб, тўйхонани тарк этдик. Билсак, шу куни келин бўлмиш қизгинанинг эгнидаги либосни бир миллион сўмга, ижарага олишган экан. Бир миллионга, фақат икки соатга-я! Яна ижарага, ўзиники эмас! Боз устига либосда на миллийлик бор, на нафосат. Ачинарли томони шундаки, кўйлакнинг фасони, дизайни ўзбекчилигимизга ҳам, шариатимизга ҳам асло муносиб эмас...

Опанинг куюнчаклик билан айтган бу гапларида жон бор. Агар масаланинг моддий томонига эътибор берадиган бўлсак, 1000 000 сўм пул бир бойвачча учун чўт эмас. Лекин ўртамиёна оила-чи? Бундай оила узатилаётган қизга шунча пулга ижарага никоҳ кўйлаги олиб бера оладими? Албатта, йўқ. Шуни эътиборга олган ҳолда  қабул қилинган туман ҳокимининг қарор ва фармойишларида келин қизларимизнинг ижарага никоҳ кўйлаги кийишларига тамоман барҳам бериш зарурлиги қайд этилганини барчамиз яхши биламиз. Айнан ана шундай ижарага кўйлак олиб кийиш оқибатида, ижара пули можароси боис  қуда-қудағайлар ўртасига низо ва жанжаллар, аразлар аралашганини ҳам яхши биламиз. Лекин шундай бўлса-да ҳамон фалон минг сўмга ижарага никоҳ либоси кийиш ҳолатига барҳам берилаётгани йўқ. Ваҳоланки, бир неча киши томонидан кийилган никоҳ либосининг соғлик ва гигиенага зид эканлиги тиббиёт нуқтаи назаридан аллақачон ўз исботини топган. Қолаверса, туман газетаси орқали қайта-қайта кийилган никоҳ либоси орқали касаллик юқтирган келинлар ҳақида мунтазам равишда мақолалар, халқнинг асосли эътирозлари ёритилиб борилмоқда. Буларнинг барчаси туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб борувчи мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, айниқса ёшлар ташкилотлари, маҳалла оқсоқоллари, имомларининг зарур хулоса чиқаришлари учун етарли асос бўла олмайдими? Албатта ,бўла олади!

Фақат бунинг учун масъулларимизнинг бир озгина вазиятдан чиқиб ишлашлари, дадил ва журъатли бўлишлари кифоя. Бизнинг  мақсадимиз эса ҳамиша холис. Тўй эгаси тўйини эмин-эркин, ўзи хоҳлаган кунда ўтказса, санъаткорлар эса ўзларини бозорга солавермай, камтарроқ бўлишса, деймиз-да. Шунчалик манманлик кўчасида юришсалар-да Давлат солиқ идораси томонидан жиловлари тортиб қўйилмаётган санъаткорлар ҳам меъёрни унутмасалар. "Тўй сайри” деган турган-битгани моддий ва маънавий зарардан иборат маросимни кўчалар бўйлаб сафга тизилиб юрувчи тартибсиз  машиналар колоннасидан ҳақиқий ўзбекона тўй сайрига айлантириш ҳақида бир ўйлаб кўриш керак эмасмикан? Ёшларимиз тўй сайрида  битта ё иккита машинада баҳаво бир жойга бориб дўстлари билан хурсандчилик қилишса, ўйнаб-кулишса, юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатлар умуман юз бермасмиди? Энг муҳими, ана шу номаъқул маросим учун кетадиган маблағ тежаларди, тўй эгаси бир муаммодан халос бўлиб, кўнгиллар хотиржам бўларди.

Никоҳ либослари билан боғлиқ муаммо бизнингча, энг жиддий муаммодир. Бу ҳақда нафақат тўй соҳиблари, балки шу ҳудудга масъул шифокорлар, профилактика нозири, маҳалла оқсоқоли, имом ва маслаҳатчи, ҳатто эл катхудолари, кайвони оналаримиз ҳам яхшилаб ўйлаб, хулоса чиқаришлари жоизга ўхшайди. Чунки либос – одамнинг маънавий қиёфасини белгилайди. Айниқса, никоҳ либоси. Жуда қадим-қадимдан унинг тоза ва оҳорлилиги, миллийлиги муҳим ҳисобланган. Шуни эътиборга олган ҳолда тикувчи-дизайнерларимиз миллий менталитетимизга мос ва муносиб никоҳ либосларини яратсалар, бу борада туман хотин-қизлар қўмитаси бошчилигида никоҳ либослари дизайни йўналишида танловлар уюштирилса мақсадга мувофиқ бўларди. Туманимиздаги никоҳ либосларини ижарага бериш билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг ишини тартибга солиш, уларнинг ишида янгиликлар яратиш пайти етди, деб ўйлаймиз.

Тўйлардан олдин бўлиб ўтадиган сийноқ, кенгаш каби маросимларни оилавий тадбирга айлантириш жоиз. 50-60 нафар, балки ундан-да ортиқ кишини йиғиб, спиртли ичимлик ичиб, тўй маслаҳатини қилиш шартми? Ахир тўйга кимга ва қанча одамга айтилишини тўй эгасининг ўзи яхши билмайдими? Бутун маҳаллани йиғиб, ичкиликни ўртага қўйиб маслаҳат оши бериб, ортиқча харажат қилишнинг нима кераги бор?

Шу ўринда ҳурматли Президентимизнинг: "...Қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият енгилмас кучга айланади”, - деган ҳикмат ва қудратга тўла сўзларини келтирмай ўта олмаймиз. Ахир тўй – инсоният билан бирга туғилиб, миллион йиллар давомида сайқалланиб, шаклланган маънавий ёдгорлигимиз. Бу табаррук маънавий қадриятимиз билан боғлиқ удумлар ва тутумларни ўзимизга мос,оиламиз иқтисодига муносиб тарзда ўтказсак, аввало кўнглимиз обод бўлмайдими? Ахир кўнгилдаги ободлик – оила, маҳалла, она Ватан ободлигига тимсол эмасми, азизлар. Қолаверса, ҳар жиҳатдан яққол намоён бўлғуси ободликда юксак маънавият акс этиб турмайдими?

Қуръони Каримнинг "Исро” сурасида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай деганлар: "... исроф қилувчилар шайтоннинг биродарлари”дир , яна, Ҳадиси-шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан:

"Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб-ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар”.

Яна бир бошқа Ҳадиси-шарифда: "Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир”, - дейилса, тежамкорлик хусусидаги ҳадисда: "Тежамкор киши ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”, - деб таъкидланади.

Демак, Аллоҳнинг амри, ризоси билан никоҳлари тушиб, тўй бўлаётган хонадондаги тартибсизлик, исрофгарчилик ва манманлик ҳолатлари муқаддас динимизга ҳам ёт иллатлардандир. Шундай экан, меъёрни унутмайлик. Меъёр бор жойда тартиб бўлади. Тартиб эса осойишталик мезонидир. Ҳаётимизда осойишталик ҳоким экан, оилаларимизда фаровонлик, ободлик барқ уриб тураверади. Бизнинг мақсадимиз ана шудир, азизлар.

Робия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

www.amunews.uz веб-сайтимухбирлари.

Тўйлар ҳақида ўйлар

    7440FA52-B426-4321-BEFE-C33F434A5A15_w268_r1_cx0_cy4_cw0Тўй миллий қадрият, асрий анъана.   ўзини танигандан бошлаб тўй ҳақида ўй суради. Қизи туғилганда ақиқа оши тарқатса ҳам, ўғли ўйнаб кўчага чиқадиган бўлганда суннат қилдиришга киришса ҳам, фарзандлар улғайиб бўй етганда уларни уйлантираётган ёки турмушга узатаётганда ҳам тўй қилади. Ёхуд неварали бўлишганда бешик маросими, ўзининг ярим асрлик умрию пағамбар ёшига етгани, етмишга етиб, саксондан сакрагани, тўқсон билан тўқнашиб, юз билан юзлашгани ва ҳоказо… Ҳамма-ҳаммаси учун дастурхон ёзиб, элга тўй бериши керак.

      “Инсон ҳаётга бир марта келади. Шундай экан, бир марта берилган ҳаётда кундалик такрорий ташвишлардан фарқли ўлароқ, фақат бир марта рўй берадиган бахтли воқеалар, муҳим саналар кенг миқёсда нишонлашга, тўй қилишга арзимайдими?” деган эътирозларингизга ҳеч эътирозим йўқ. Тўй – шодлик, хурсандчилик, тантана. Ўзбекнинг хурсандчиликлари кўп бўлсин, илоё… қарийб ўттиз миллионлик катта элнинг шодликлари, тантаналари, тўйлари  ҳам катта бўлади.   Аммо… исрофганчиликлари ҳам… Эътирозим ана шундан.

     Очиғи, бу мавзуда ёзмаган журналисту бош қотирмаган зиёли одам  кам топилса керак.   Бу масала ҳатто давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Тўйлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олиш, кимўзарчиликка барҳам бериш, тўю тантаналарни ортиқча сарф – харажатларсиз, ихчам, чиройли ўтказиш ҳақида қарорлару  қанча-қанча хужжатлар бор. Балли! Лекин…  сезиларли  бир натижа кўринмаяпти. Нега?  Ижро таъминланмаяпти! Қандай қилиб таъминлансин, ахир, аввало давлат идораларида ишлаётган мансабдор шахсларнинг ўзлари  халқнинг кўз ўнгида  дабдабали тўй қилиб, одамларнинг кўзини ўйнатиб, ақча дардида ўзбекона андишани ҳам четга суриб бир-бирига навбат бермай талашаётган артистларнинг бошидан жарак-жарак пул сочиб ўтирган бўлса?!  Амалдорларнинг ўзлари бу борада бош-қош бўлиб, халққа “ибрат” кўрсатаётган бўлишса?! Оддий авом уларни кўриб, “Тўй қилсанг, ана шундай тўй қил экан-да, бир умр эсда қоладиган бўлсин!” дея ўзини ўтга-чўққа уриб, ўлиб-тирилиб, дўппи бошга тор келишига қарамасдан тиришиб-тирмашиб, дабдабали тўй  орзуси билан ёниб ётибди. “Бор товоғим, кел товоғим”, олмоқнинг  бермоғи бор. Вазирнинг таниши бўлиб, тўйига қатнашган  лавозимдор одам эртага ўзи ҳам шундай катта зиёфат беришни режалаб қўяди.  Қиз узатаётган ёки ўғил уйлантираётган ҳокимнинг хотини аёлларнинг ҳавасини келтириб, “мени кўриб қўйинглар”, дегандек ке-е-рилиб турса, бу дабдабали туйда иштирок этишга муяссар бўлган дугоналарининг бари баҳсдан қолгиси келмай, эрини эговлашга тушиши турган гап. Ёки прокурорнинг боласи  оддийгина туғилган кунини қандай дабдаба билан нишонлаётганини кўрган ё эшитган тенгдошлари уйга келгач, уз ота-онасидан худди шундай иззат-икромни талаб қилиб колиши тайин. Қовун ковундан ранг олаверади: амалдорлардан        ўртаҳоллар, ўртаҳоллардан эса камбағаллар… Қани энди одамларнинг қон-қонига сингиб  бораётган бу кимўзарчиликка нуқта қўйиб кўринг-чи.

      Мансабдорларнинг-ку, бир умр  эсда қоладиган тўй  ўтказиши, эҳтимол, ўзларига татиётгандир. Чунки, амалдорнинг тўйига  ҳеч ким қуруқ келмайди, “топган гул, топмаган бир боғ пиёз…” демайди, ўзидан чиқса хўпи хўп, йўқса бировдан карз олиб бўлсаям, катта пул  топиб, хушомад ила яхши кўриниш мақсадида “тўйнинг бир томонини кўтариш”  учун келади. Шундай қилиб, амалдор тўй қилса, янада тўйинади, янада бойийди. Мансабига яраша катта-катта тўёналар билан чўнтаги баттар қаппаяди. Давлатнинг ойлигига кўз тикиб, бирнави ҳаёт кечираётган ўртаҳол одамлар ёки бирор ишга жойлашишнинг ҳам йўлини топа олмай зўрға кун ўтказаётган камбағал оилалар тўй қилса-чи. Бундайларнинг тўйига ҳеч ким катта тўёналар билан келмаган, келмайди ҳам. Мансабдорларнинг тўйларига “қарашиш”, “хизмат қилиш” учун борганлар бемансабнинг тўйига беписандларча “қани, кучи нимага етаркин”, дея  четдан томоша килиш ё бўлмаса “хизмат қилдириш”, уйнинг  тўрида ўтириб олиб буйруқ бериш, топганини талаш, ҳатто “қаттиқлик қилмай сал эрисанг-чи бундоқ, шу ҳам тўй бўлди-ю…” дея уялтириш, кўпнинг олдида изза қилиш учун борадиганлар ҳам топилиб қолади. Агар  ҳаётга чуқурроқ ва теранроқ назар ташласангиз, ўзингиз ҳам худди шундай ёки шунга ўхшаш манзараларнинг устидан чиқасиз. Аслан ориятли келган содда ўзбек худди шу оғзига кучи етмаганларнинг изза қилишларидан чўчиганлиги  учун  қарз-қавала қилиб бўлса ҳам элга дурустроқ дастурхон ёзишга, эсда қоларли тўй қилишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади ва кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқади ҳам! Фақат тафовути шундаки, аъёнларнинг тўйлари дабдабаси билан эсда қолади, авомники эса  асасаси билан.    Чунки, айтиб ўтганимиздек, авомнинг тўйини ҳеч ким “кўтаришмайди”. Ўртамиёна ё камбағал ҳолига  бутун бошли тўйни унинг ўзи “кўтаради”!  Натижада эса чиндан ҳам бир умр эсда қоларли изтиробларни бошдан кечиради. Уни изза қилиб, тўйнинг тепасида туриб  еб-ичиб кетганлар эса “ҳей, биродар, тўйга деб олган қарзларингни тўлашга қийналмаяпсанми, қарз деган қаттиқ савдоларни ўйлай-ўйлай қон босиминг ошмаяптими ўзи, дори-дармонга-да пулинг кетиб, дармонинг баттар қуримаяптими, аҳволинг нечук”, дея кўнгил сураш у ёқда турсин,  қайтиб қорасини ҳам кўрсатишмайди. Мана сизга кимўзарчиликнинг хунук оқибатлари!

        Хуллас, тўйлар ҳақида ўйлар кўп. Гарчи бу мавзу эски бўлса ҳам  ҳар бир янги тўйда юзага келаётган янгидан-янги   машмашалар, хангомалар, дабдабалар, асасаю васвасаларни том-том китоб қилиб ёзсангиз ҳам тугамаса керак. Демак, бу мавзуга қайта-қайта қайтаверамиз…

 

  Шамсия ХУДОЙНАЗАРОВА 

Категория: Мои статьи | Добавил: lenger (20.08.2013)
Просмотров: 1143 | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024