Форма входа

Категории раздела

Мои статьи [30]

Поиск

Статистика


Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 00:25
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Каталог статей


Главная » Статьи » Мои статьи

Дабдабали тўй: кимда нима ўй? Тўй, тўйдай бўлсин …ми?




Ўзбекистон расмий матбуотида 

дабдабали тўй яна асосий мавзулардан

 бирига айланмоқда.

 Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, сўнгги пайтларда марказий ва ҳудудий газета-журналларда кимўзар маросимлар ҳақида қаторлар мақолалар эълон қилинди.  – Охирги икки ой ичида марказий нашрларда тўйлар ҳақида кетма-кет танқидий мақолалар чиқаяпти. Масалан, "Халқ сўзи” газетасида "Тўй – маънавиятимиз кўзгуси”, "Маҳалла”да "Тўй дабдабаси бахт кафолати эмас”, "Туркистон”да "Дабдабали тўй: кимда нима ўй?”, "Даракчи”да "Дабдабали бешик тўйлар ҳақида”, "Маърифат гулшани”да "Одамлар нима деркин?”, "Иқбол”да "Оилаларимиз мустаҳкам, ҳаётимиз тўкис…ми?” мақолалари чиқди. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Матбуотда янги кампания бошланди, шекилли, – дейди ўз исмини ошкор қилмаган маҳаллий журналист.

Озодлик хабар беришича, мамлакат расмий агентлиги тарқатган ва 20 апрел куни қатор марказий нашрлар кўчириб босган материалда ҳам тўй ва маърака маросимларини ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани танқид қилинади.

Тўйлар ҳақида қонун керак…ми?

Расмий агентликка хос бўлмаган кескинроқ руҳда ёзилган мақолада дабдабали тўй ўтказиш "расм-русумни деб мол-жонини гаровга қўйиш” сифатида қораланади.  "Тўйдан кейинги иқтисодий қийинчиликлар ёш оила бахтига зомин бўлаётгани” таъкидланади. "Қулоғимизгача қарзга ботсак-да, обрў учун қозон-қозон гуруч дамлаймиз. Автомашиналардан карвон тузиб, маҳаллада дув-дув гап қилгимиз келади. Энг қиммат ресторанда базм уюштириб, танишу нотаниш, маст-аласт оломоннинг хурмача қилиқларини виқор билан томоша қиламиз”, дейилади мақолада.

Воқеан, ЎзА – мамлакат расмий агентлиги орқали тарқатилган қарашлар ҳукумат позицияси сифатида қабул қилинади.  Мазкур мақолада тўй, маърака ва маросимларни ўтказишнинг "қонуний асосларини яратиш” заруратига ишора қилинади.  Гарчи материалда бу таклиф кенг очиқланмаган бўлса-да, расмий агентлик тўйлар ҳақида махсус қонун қабул қилишга чақирмоқда, дея тахмин қилиш мумкин.   Бироқ маҳаллий таҳлилчиларга кўра, тобора кўпайиб бораётган дабдабали тўйларни алоҳида қонун қабул қилиш билан ҳам изга солиш амримаҳол.  Негаки, президент фармони ҳам, мамлакат мусулмонлар идорасининг фатвоси ҳам тўйларни тартибга келтира олмаётгани айтилади.

 

"Фармонни бузаётган амалдорларнинг ўзи”

"… лавозимини суиистеъмол қилаётган раҳбарлар, оёғи ердан узилган, манманликка берилиб кетган ҳавойи мансабдорларнинг номақбул ҳаракатлари маҳаллаларда, истиқомат жойларида соғлом муҳит бузилишига сабаб бўлмоқда, оддий одамларнинг нафсониятларига тегмоқда, уларни адолатга, умуман давлат ҳокимиятига ишончига зиён етказмоқда. Мазкур интилишларнинг носоғлом мусобақага айланиб кетиш ҳоллари дабдабали тўй-ҳашамларни ўтказишга қурби етмаган ор-номусли кишиларни оғир аҳволга туширмоқда”.

Ушбу иқтибос Ўзбекистон президентининг 1998 йил 28 октябрида имзолаган фармонидан олинган. Мазкур фармон қабул қилиниши ортидан тўйларда ортиқча сарф-харажатларни чеклаш зарурлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўп ва хўб гапирилди.  Лекин, кузатувчиларга кўра, орадан салкам 14 йил ўтса-да, ҳали ҳам ушбу фармонни бузаётганлар асосан давлат мансабдорларининг ўзи ва улар ҳимоясидаги бойлар бўлиб қолмоқда.  Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Мавлуда Қобулованинг расмий агентликка маълум қилишича, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла” жамғармаси ва Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимлари ҳамкорлигида тўй ва бошқа маросимларнинг ўтказилишини назорат қилиш гуруҳи ташкил этилган, маросимларни камчиқим ўтказиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилган.  Бироқ яна айнан шу агентликнинг тан олиб ёзишича, "Маддалаб кетган бу хасталикни даволашга, бизни аждаҳодек комига тортаётган бу иллатга қарши курашишга кучимиз етмайди”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2002 йил 28 декабрда эълон қилган "Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида”ги фатвода дабдабабозлик шариатга зид экани уқтирилган.  Таҳлилчиларга кўра, диний идора фатвосига ҳам кўп-да аҳамият қаратилмаётир. Битта тўй учун йиллаб тер тўкиш керак. Ўзбекистонда тўй қиламан деб иқтисодий муаммолар гирдобига ботиб қолаётган фуқаролар сафи кенгайиб бораётгани янгилик эмас. Бу борада ҳам сиёсий, ҳам диний тарғибот авж олганига қарамай, ўзбекистонликлар тўй учун ҳатто қарз олиб бўлса-да, жарақ-жарақ пул сарфламоқда. Ўрганишларга кўра, айни пайтда Тошкент шаҳридаги энг қиммат ресторан ва тўйхоналар бир киши учун 150 минг сўм атрофида ҳақ олади. Одатда, ўзбек тўйига камида 300 чоғли одам чақирилади. Мазкур рақамлар чўтга солиб кўрилса, ойига ўртача 300 минг сўм топадиган фуқаро Тошкентдаги катта ресторанда 300 кишига тўй бериш учун 45 миллион сўм сарфлаши маълум бўлади.

Агар ўша тўй соҳиби маошга қаноат қиладиган юпқақўл одам бўлса-чи? У "элдан қолмай” битта маросим ўтказиш учун қозонни тўнкариб қўйиб, 10 йилдан ошиқ пешона тери тўкишига тўғри келади.  Социологлар хавотир билан таъкидлаётганидек, дабдабали тўйлар мамлакатдаги ижтимоий нотенгликни янада кучайтириб, аҳолининг асосий қисмини ихтиёрий қашшоқликка етакламоқда.

Мушкулотдан чиқиш йўли борми?

Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида ишлаган Мурод Қуролов ўта дабдабали тўй бергани учун қамалган эди.  Расм-русумлар юкидан қадди дол бўлган ўзбекистонлик аксар аҳоли мол-мулкини кўз-кўз қилиш учун тўй ўтказаётган амалдорларни шу тариқа қаттиқ жазолаш зарур, деб ҳисоблайди.  Айни пайтда, маҳаллий социологлар матбуотдаги тўйларга қарши кампания, хўжакўрсин танқиддан фойда йўқлигини таъкидлайдилар.  Уларга кўра, кераксиз харажатларга барҳам бериш учун, аввало, халқнинг тафаккури ўзгариши лозим.

"Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй”

Тўй ва маъракалардаги исрофгарчилик мавзуси бир асрдан буён ўзбек матбуотидан тушмай келмоқда. Ўз даврида жадид маърифатпарварлари зарарли одатлардан оғриниб қалам тебратган.

Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий бундан 50 йил олдин "Тўй” номли шеърида шундай ёзганди:

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй, 
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй…

Туркистон маърифарпарварлари отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий эса "тўй, азо исминдаги икки қаттол душман”ни қоралаб, "Биз ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто ойлар ила ишдан қолурмиз.  Эй, халқ! Эй, мусулмонлар! Биз на учун Худо ва Расулни сўзиға, ўзимизни нафъимизға амал қилмаймиз? Биз девонами?” дея хитоб қилганди.

Manba: http://www.12.uz/uz/#uz/news/show/comments/9157/

Категория: Мои статьи | Добавил: lenger (20.08.2013)
Просмотров: 730 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024