Форма входа

Категории раздела

Мои статьи [30]

Поиск

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 23:04
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Каталог статей


Главная » Статьи » Мои статьи

ЭРТА НИКОҲ ёхуд бахтсизлик гирдоби

ЭРТА НИКОҲ

ёхуд бахтсизлик гирдоби

Мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, айниқса, қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашлари учун барча шарт-шароит яратилган. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Зеро, бугунги кунда қизлар, яъни бўлажак оналарни оила қуришга жисмоний ва руҳий жиҳатдан тайёрлаб бориш, пировардида соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Айтиш жоизки, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим жойларда ота-оналар хоҳиш-истаклари, ўйланмай қабул қилинган қарорлари туфайли қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари учраётгани кишини ташвишлантиради. Яқинда Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрининг Наҳшаб маҳалласидаги хонадонлардан бирида ҳам шундай ҳолат кузатилди. Эндигина 9-синфни тамомлаётган қизни қариндошига узатаётган ота-онанинг "сири” фош бўлиб, маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракати билан тўй тўхтатилди.
— Бу, албатта, ҳар биримизни чуқур ўйга солди, — дейди "Наҳшаб” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муаззам Кароматова. — Ўтган даврда маҳалламизда икки маротаба ана шундай ҳол кузатилиб, унга чек қўйилган эди. Очиғини айтиш керак, айрим ота-оналарнинг никоҳ, оила тўғрисидаги юзаки қарашлари натижасида ҳали ҳаётда муносиб ўринга эга бўлмаган, ҳам руҳан, ҳам жисмонан оила қуришга тайёр бўлмаган қизлар тақдири аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактаб ва маҳалламизда тарғибот-ташвиқот ишларини изчил йўлга қўйдик. Ота-оналар ва ёшлар билан алоҳида суҳбатлар ташкил этилиб, фарзандларининг таълим олишлари, ҳунар эгаллашлари зарурлиги, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий томонлари атрофлича тушунтирилмоқда. Ҳозир маҳаллада 6544 нафар аҳоли, шундан 3950 нафар хотин-қиз ўтказилаётган тадбирларнинг аҳамиятидан хабардор қилинган.    
Чироқчи туманидаги "Fаллакор” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари томонидан вояга етмаган қизнинг унаштириш маросими тўхтатилди.
Туман ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитаси, прокуратура, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси, бош имом хатиблар билан олиб борилган ишлар натижасида "Сувлуқ”, "Чувуллоқ” фуқаролар йиғинларида шунга ўхшаш эрта никоҳларнинг олди олинди ва ушбу оилалар фарзандлари 12 йиллик мажбурий таълимга жалб этилди. Умуман, вилоят бўйича маҳалла маслаҳатчилари, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари, ИИБ вакиллари ва тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан жами 45 нафар қизнинг эрта никоҳига чек қўйилди.
— Маҳалламизда қизларни барвақт турмушга беришнинг олдини олиш, уларнинг ўқиши ва касб-ҳунар эгаллашлари борасида зарур чора-тадбирлар белгиланган, — дейди Чироқчи туманидаги "ўаллакор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурилло Кенгбоев. — Натижада маҳаллада қизларни эрта никоҳлаш ҳолатлари вақтида аниқланиб, олди олинмоқда. Чунончи, бу йил мактабни битираётган 55 нафар битирувчи, шу жумладан, 35 нафар қизнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилиб, йигит-қизлар касб-ҳунар таълимига тўлиқ жалб этилмоқда.
Қиз бола нозик гулга қиёсланади. Бу бежиз эмас. Шундай экан, унинг тақдирига лоқайд муносабатда бўлиш миллат келажагига эътиборсизлик билан баробардир. Шу боис юртимизда оилаларда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг қарор топтириш, репродуктив саломатликни асраш  масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.    
— Соғлом никоҳ учун турмуш қуришнинг энг қулай даври қизларда 20-22 ёш, йигитларда эса 23-25 ёшни ташкил этиши мақсадга мувофиқ, — дейди вилоят "Она ва бола” скрининг маркази шифокори Нодира Икромова. — Қизларни эрта турмушга бериш бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки бу даврда улар ҳали ўсмирлик даврини бошдан кечираётган, ўта таъсирчан, физиологик жиҳатдан тўлиқ ривожланмаган, жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлашмаган бўлади. Натижада фарзанд кўриш учун тайёр бўлмаган ёш организмда ҳомиладор бўлиш ҳолатлари кечикади ҳамда бу келгусида оиланинг ажраб кетишига олиб келиши мумкин. Ё аксинча, эрта фарзанд кўриш ёш она ва ундан туғилажак бола соғлиғига ҳам хавф туғдиради. Бунда ҳомила тушиши, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, экстрагенитал касалликларнинг авж олиши, гўдакнинг нимжон ривожланиши, эрта ва нисбатан кам вазнда туғилиш ҳолатлари кўпроқ учрайди.
— Психологик жиҳатдан олиб қаралганда, 17 ёшли қизларда кўпинча ҳали болаликка хос қарашлар сақланиб туради, — дейди Қарши давлат университетининг психология кафедраси доценти Мавлуда Файзиева. — Шу боис уларда оилавий муносабатлар ва жамиятдаги ҳодисаларга нисбатан эмоционал, романтик қарашлар кучлироқ, 18 ёшда эса бу жараён тўла шаклланиш босқичида бўлади.
Ана шу нуқтаи назардан айтганда, эрта турмушга бериш қизларни нафақат жисмонан мажруҳ қилади, балки уларга руҳий жиҳатдан салбий таъсир ўтказади. Чунончи, ёшларда оилага, катта ёшдаги кишиларга ва умуман, маълум бир маънода уни қуршаб турган муҳитга нисбатан салбий муносабатни юзага келтиради. Айни чоғда мутахассислар томонидан ёшларни оилавий муносабатларга кўниктириш, уй-рўзғор юмушларига ўргатиш ва уларнинг бу ҳақдаги тушунчаларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилаётгани ҳам бежиз эмас.
Дарҳақиқат, оила мустаҳкамлиги, аввало, ота-онанинг масъулиятига, уларнинг фарзанд тарбияси ва хонадонда соғлом муҳитни шакллантириш билан боғлиқ қарашларининг якдиллигига бевосита боғлиқ.
— Кузатувларимиз асосида айтадиган бўлсак, жисмоний ва маънавий-руҳий, тиббий камолга етмаган қизларни эрта турмушга бериш айрим оилавий низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир, — дейди "Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Юлдуз Равшанова. — 2012 йилда 149 та ариза бўйича оилаларда ажралиш кузатилган бўлса, шуларнинг 138 нафари ёш оилаларни ташкил этади. Оилалар бузилишига, аввало, қайнона-келин ўртасидаги муносабатларнинг қийин кечиши, ёш ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги бурч ва масъулиятини унутиб қўйиши, оила қуришга тайёр бўлмаган қизларни шошмашошарлик билан эрта турмушга узатиш ҳолатлари асосий сабаб бўлмоқда.
Буларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари аъзолари шу масалалар юзасидан кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, чунончи, маънан ва жисмонан етуклик даврида оила барпо этишнинг афзалликлари, эрта турмуш қуриш эса аксинча, оила келажагига салбий таъсир этиши хусусида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.
Мухтасар айтганда, эрта никоҳнинг олдини олиш ва қизларни касб-ҳунар коллежларига тўлиқ жалб этишни таъминлаш мақсадида вилоят, туман ҳокимликлари хотин-қизлар қўмиталари ҳузурида, шунингдек, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳуқуқ-тартибот органлари иштирокида алоҳида комиссиялар тузилган бўлиб, ушбу соҳадаги тарғибот ишлари кучайтирилмоқда. Таълим муассасаларида ўтказилаётган ўқув-семинарлар, учрашув ва суҳбатларда ФҲДЁ бўлимлари мудиралари, тиббиёт ходимлари, диний идоралар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан ёшларга мамлакатимизда оила ва никоҳ муносабатларининг қонуний асослари, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, оиладаги соғлом турмуш тарзи ҳақида кенг билим ва тушунчалар берилмоқда. Албатта, ушбу саъй-ҳаракатлар ёшлар орасида эрта никоҳнинг олдини  олиш ҳамда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилади.  

Аҳад МУҲАММАДИЕВ



Источник: http://xs.uz/index.php/madaniat/manaviat/5071-erta-nikoh
Категория: Мои статьи | Добавил: lenger (30.07.2013) W
Просмотров: 991 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024