Форма входа

Категории раздела

Мои статьи [30]

Поиск

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 00:18
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Каталог статей


Главная » Статьи » Мои статьи

Комилжон Отаниёзов ҳақида хотиралар

Комилжон Отаниёзов ҳақида хотиралар. "Мен бугун кетарман ишқинг йўлина!...”

 

komiljon-otaniyozov-vert

Ҳаётимиз давомида кимнидир яхши хислатларга эга инсон сифатида ёдга оламиз. Ўтганларнинг хотираси бизга гоҳида ҳаётда қандай яшаш лозимлигини ҳам эслатади...

Комилжон Отаниёзов ҳам нафақат истеъдодли санъаткор, балки инсонларга яхшилик қилишдан толмайдиган, халқ учун хизмат қилган фидойи инсон эди. "Комилжонни кўрсам, худди Амударёни кўргандек бўламан” деган эди буюк мусиқашунос олим, академик Юнус Ражабий. Биз ушбу битикларни ҳам буюк ҳофизни яқиндан билган, унга чин дилдан мухлислик қилган инсонларнинг хотиралари асосида тайёрладик.


"Қўшиққа айланган ҳаёт...”

"Мен Хоразм телевидениесида 35 йил телемуҳандис сифатида фаолият юритганман, -  дея эслайди ҳофизнинг ашаддий мухлисларидан бири, фахрий телемуҳандис Озод Аташев. -  Кўпинча улуғ санъаткорнинг концертларида овоз ёзиб олиш вазифаси зиммамга юклатилар эди. Баъзан қўшиқ оҳанрабосига берилиб, ҳатто техникани унутиб қўярдим. Кўпинча бир қўшиқни қайта-қайта – 4-5 маротаба куйлаганларига ҳам гувоҳ бўлганман.

Комилжон ака камтар ва шинаванда инсон эди. Ҳаммага беғараз, бир хил муомалада бўлар, саҳнада ҳам томошабинларни ўзига ром этарди. Бир суҳбатда эса журналистлардан бири савол берди: "Оғир қўшиқларни кўп айтасиз, бу соғлигингизга таъсир қилмайдими?”. Устоз "Мен шу қўшиқлар билан туғилганман, улар бағрида ўсганман, шу қўшиқлар билан ҳаётман”, деб жавоб бергандилар. Ўша пайтлари Комилжон аканинг саломатлиги анча ёмонлашган, ҳатто, шифокорлар куйлаш у кишига хавфли эканлигини ҳам таъкидлашган. Шунга қарамасдан, устоз санъаткор умрининг охиригача, қўлида сози билан халққа хизмат қилди. Ҳаётни тарк этгач эса қўшиқлари ҳофиз умрининг давомчисига айланди...”

 

"Биз шундай яшадик...”

Комилжон оға нафақат буюк ҳофиз, беқиёс санъаткор, балки меҳридарё инсон, ибратли оила бошлиғи ҳам эди. Бу ҳақда ҳофизнинг умр йўлдоши, марҳум Имсиной ая Полвонованинг хотираларига мурожаат қиламиз:


"...Комилжон ака доимо яхши кайфиятда юрардилар, тўй ёки концертлардан ярим кечаси қайтасалар ҳам уйда яна ижодни давом эттирардилар. У кишининг бирор марта ухлаб қолганларини эслай олмайман, кўпинча тонггача куй басталардилар. Биринчилар қаторида менга ҳам эшиттириб, фикр сўрардилар. Янада унумли ижод қилишларини истаб, кўпинча илиқ фикрлар билдирардим.

Комилжон аканинг концертларига кўп маротаба борганман. Томошабинларнинг ҳамиша ҳофизга ҳурмат ва садоқат билдиришларидан жудаям севинардим. Шундай буюк инсоннинг умр йўлдоши бўлганимдан фахрланардим.

Комилжон ака санъатни севган, қўшиқларсиз яшай олмайдиган ижодкор эди. Ҳатто фалаж бўлган пайтларида шифокорлар у кишига қўшиқ куйлашни таъқиқлаганларида ҳам Тошкентда концерт берганлар. Хавотирда ўтирганман, "чиқмай қўяқолинг” деганимда, "Йўқ, саҳнада кўринмаган, халқдан айро тушган куним – ўлган куним”, дегандилар.

Армон нима эканлигини иккаламиз ҳам яхши билардик, беш ёшли қизчамиз Дилоромнинг вафоти иккаламизнинг ҳам дилимизни ўртаб, куйдиргани ҳақиқат. Фарзанд доғи ёмон экан, Комилжон ака бу доғу ҳасратни ўз қўшиқларида куйлади”.



"Рост билан ёлғон ораси...”

Мен бугун кетарман ишқнинг йўлина

Гира юзли моҳижоним, *хўш энди

Бошимни қўймишам меҳнат тошина

Ширин сўзли зулфи торим хўш энди...


Бу санъаткорнинг энг сўнгги қўшиғи, аслида унинг энг сўнгги сўзлари эканлигига ким ҳам ишонарди? Балки соғлом инсон бу туйғуни бошдан кечирмас. Аммо уни ўлим билан тириклик орасида муаллақ қолган бемор ҳар нафаси орқали ҳис қилади. Хасталик азоби ижодкор руҳини бир қатор баландга кўтаради. Рост билан ёлғон орасидаги фарқни аниқ кўриб, ҳаётда ҳалол ва тўғри яшаш муҳим эканлигини ўргатади.


К. Отаниёзовни икки марта операция қилган тиббиёт фанлари доктори, профессор Саид Аъзамхўжаев ўз хотиралари:

"Комилжон ака 1956-57 йилларда Тахтапулдаги шифохонада терлатма касали билан ётиб даволанган. Бир ярим ойдан кейин касали оғирлашгач, шифокорлар уни Жуковский номидаги шифохонага жўнатишади. У ерда ўт пуфаги олиб ташлангач, Комилжон акада қандли диабет хасталиги аниқланади. 1969 йили оғир асабий касалликка учраб, инсульт бўлган ҳофиз даволанишлардан сўнг яна ижодга  қайтди. Бироқ, ўнг қўлида касаллик асорати қолганди. Шунга қарамасдан, қўлига торни олиб, уни чалишдан тўхтамаган санъаткорнинг миясига яна қон қуйилгач, қанд касаллиги кучаяди.

Комилжон ака умрининг 20 йилини беморликда ўтказган, тўртта операциясини бошдан кечирган. Бироқ, шунча хасталик, унинг азоблари санъаткорнинг ижодига, жўшқинлигига ўз таъсирини ўтказа олмади. Унинг руҳан тетиклиги, касбига бўлган садоқати ҳар қандай касалликни ҳам енгишга қодир эди”.


Дард устига чипқон

Афсуски, шунча касалликларга бардош бера олган инсон туҳмат маломатини енга олмади. "Муштум” журналининг 1963 йил 2- сонида босилган танқидий мақола устозни қаттиқ руҳий изтиробга солди. "Ҳозир К.Отаниёзовга қўшиқ матни қанақалигининг аҳамияти қолмади. У киши шунчаликка бориб етдиларки, саҳнада ҳам, телевизорда ҳам хотинларнинг ашуласини айтаверадилар. 

"Тоҳир ва Зуҳра” достонидан

Зуҳра билан боғда кезган чоғингда

Моҳин отлиғ бу дилдоринг унутма...

деб айтиладиган Моҳин қўшиғини қандай қилиб эркак киши куйлаши мумкин?! К.Отаниёзов айтаяптиларми, демак, мумкин эканда... ”

Бундай киноя ва ҳақоратли сўзлар ниши санъаткорнинг юрагига ўқдек қадалди. Ўша даврда достонлар асосан эркаклар томонидан ижро этилганлиги сабабли К.Отаниёзов ҳам шу қадимий удумга амал қилган эди. Бироқ, буни бошқача талқин қилган айрим кимсалар санъаткорни ҳақоратлаб, хаста кўнглини яна изтироб билан тўлдиришга интилган эдилар.


"Мени отамнинг ёнига қўйинглар”

Комилжон аканинг Тошкентдаги ҳовлисида чой ичиб ўтирганимизда созандалардан бири, доирачи Отаназар Абдалниёзов кириб келди, - дея эслайди фахрий журналист Абдулла Юсупов -  Саломлашиб, ҳол аҳвол сўрашгач, гап орасида "Ваҳобжон ака оламдан ўтибдилар” деди.

Ўзбекистон халқ артисти Ваҳобжон Фаёзов устознинг энг яқин дўсти эди. Қўллари қалтираб, пиёладаги чой бир қалқди, устоз кўзи ёшланди. Юзига фотиҳа тортиб, бошини эгиб, бир муддат жим қолдилар. Сўнг марҳумни қайси қабристонга дафн қилишларини сўрадилар. "Мен ўлсам отамнинг ёнига дафн этинглар, сизларга васиятим шу”, дедилар.

1975 йил 5 ноябр куни тушдан кейин қор ёға бошлади. Устоз санъаткорнинг вафоти ҳатто осмонни ҳам йиғлатгандек эди гўё. Йиғлай- йиғлай устоз тобутини самолётга жойладик. Урганч аэропорти майдонига йиғилган тумонат одамни кўриб, Имсима опа "Булбулигўёнгиздан айрилиб қолдингиз”, дея ўкириб йиғлаб юбордилар. Биз устознинг тобутини қўлма қўл кўтариб, васиятини бажо келтирдик. У кишини Шовот туманидаги Иморат бобо қабристонига дафн этдик”.


"Мурувватли инсон эди...”

(Отаназар Абдалниёзов (доирачиси) хотиралари)

"Устоз вафотидан кейин унинг маъракаларини ўтказишга бош қош бўлдик, - дея эслайди ҳофизнинг доирачиси Отаназар Абдалниёзов. -  Аяни ортиқча қийнамаслик чорасини кўрдик. Устознинг омонат дафтарчасида 32 000 сўм пули бор экан. Уни ҳам олиб бўлмасди. Бу жамғармани машина ҳарид қилиш учун сақлаган эканлар. Устознинг концерт дастурларида ёки тўйларда бирон мартаям пул сўраганларини кўрмаганман. Пул йиғадиган одатлариям йўқ эди. "Қора кунга деб йиғиш керак деганимда”, "Ўладиган дунёда мол дунёга ҳирс қўйма, бугун топганингни ўртага қўй, кўпчилик билан е, ортганини бева бечораларга бер”, дердилар.  Одамгарчилиги юқори бўлган устоздан жуда кўп нарсаларни ўрганганман. "Ҳалол е, тўғри яша, муҳтожларга кўмак бер,” деган насиҳатларни кўп таъкидлардилар”.


"Масофа билмаган санъат”

Санъаткорнинг мухлисларидан бири, янгибозорлик  Тўрабек Бўронов ҳам у киши билан боғлиқ бир воқеани ҳикоя қилганди:

"У пайтлар ёш йигит эдик. Қонимиз қайноқ, санъатга ишқимиз кучли... Комилжон Отаниёзов фалончини тўйига келармиш деб эшитсак, укам ва ўртоқларим билан тўй куни ўша хонадонни топиб борардик.

Бир куни Гурландаги бир тўйга Комилжон оға келаркан, деб эшитдик. Дадамиздан яширинча уйдан чиқиб, укам иккаламиз 40 км. йўлни яёв босиб тўйхонага борганмиз. Болалигимиз борда, йўлда ботинкамиз тош кўчада ейилмасин деб, уни ечиб, ялангоёқ юрганмиз.

Ўша тўйда Комилжон ака ўз созандалари билан даврани айланиб юриб қўшиқ айтган, тўй якунида эса хонадон эгаларига ўртадан тушган пулни тўёна қилган эди. Ҳозир тўйларда навбат талашаётган ёки тўйдаги хизматлари учун ўзига нарх белгилаган хонандаларни кўрсам ғашим келади. Улар шундай буюк санъаткордан нафақат ижодда, балки, одамгарчилик борасида ҳам ибрат олишса қани эди...

Ҳанузгача тўй-тантаналарда "Муборак тўй” қўшиғи янграганида Комилжон акани ёдга олишимиз табиий. Ҳар бир ўзбек хонадонидаги энг бахтли кунларда бу ўлмас қўшиқнинг такрор-такрор жаранглаши  буюк истеъдод эгасининг умри давом этаётганидан далолатдир.     

 

Санъаткор ҳақида:

1917 йил 20 июлда Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида таваллуд топган.

1935 йили Урганч ўқитувчилар тайёрлаш билим юртини тугатиб, бошланғич таълим фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритган

1936 йилдан туманларда ташкил этилган театрларда фаолият юритган

1949 йилда "ЎЗбекистон Республикаси халқ артисти” унвони билан тақдирланади

1964 йилда Туркманистон халқ артисти унвонини олди

1968 йили Қорақалпоғистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди

2000 йилда "Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланади

Мусиқа ижодкорлиги соҳасида 100 дан ортиқ куй қўшиқларни яратган

"Комий”, кейинчалик "Комил” тахаллуслари билан шеърлар ёзган

58 ёшида Тошкентда вафот этган
 

Наргиза БЎРОНОВА,

 

журналист  

Категория: Мои статьи | Добавил: lenger (29.07.2007)
Просмотров: 1880 | Рейтинг: 1.0/10
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024