Форма входа

Категории раздела

Мои статьи [30]

Поиск

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 21:54
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Каталог статей


Главная » Статьи » Мои статьи

НАЗМ ГУЛШАНИ

Юрагим йиғлайди…

Эй ёр, мени дема – бу жон йиғлайди,
Атиргулни суйсам, райҳон йиғлайди.
Қандай азоб экан ҳаёт йўллари,
Бугун бу йўлларда дил қон йиғлайди.

Эй ёр мени дединг, адо бўлдим-ку,
Севги саҳросида гадо бўлдим-ку,
Сен деб ҳаловатдан жудо бўлдим-ку,
Дилга бўлиб шерик – осмон йиғлайди.

Эй ёр мени дединг, билмадинг лекин,
Ҳисларим сотилди ғанимга текин,
Энди бу дардимга малҳам бўлар ким,
Дардимга даво йўқ – дармон йиғлайди.

Эй ёр мени дединг, тугади ҳаёт,
Юракда ёзилди “телба” деган от,
Юрагимни сотдинг, хотирамни сот,
Юрагим тубида армон йиғлайди.

Эй ёр мени дединг, қараб боримга,
Энди ўксинмагин бу қароримга:
Мени қўй, ёр бўлай танҳо Ёримга,
Ахир ёр бўлмасам, иймон йиғлайди.

Эй ёр мени дема, бу жон йиғлайди,
Атиргулни суйсам, райҳон йиғлайди,
Қандай азоб экан ҳаёт йўллари,
Юрагим йиғлайди, ҳамон йиғлайди …

  Ibrohim Muhammad

Қодирийнинг ноласи

Мозийга қарадим – муҳаббат, вафо,
Замонамга қараб… севмоқлик душвор.
Эй сиз, дилафгорлар, уйғонинг тезроқ,
Алданманг. “Ишқ” деган мароқли туш бор.
Мозийдан бошладим таърифламоқни,
Оқибат – севишим билдириб қўйдим.

Йил ўтур, ой ўтур, қисқарур умр,
Ўтган кунларингни ёшингга қўшиб.
Қувноқсан, шодонсан, кун келса қолур
Бахтиёрлигинг ҳам қайғуга кўчиб.
Шунинг-чун умримнинг гўзал дамларин
“Ўткан кунлар”им-ла тўлдириб қўйдим.

Ўзимни алдадим, алданолмадим,
Балки бу ҳаётда номсиз, ножўя.
Ўзимни кулдирдим, кулдиролмадим,
Севги – комедия? Ёки фожеа?
Майли бу сўзларим унут қилсинлар:
“Кулмадим, йиғладим, кулдириб қўйдим”.

Майли кулса кулсин ҳаёт устимдан,
Сиримни айтайин ёлғиз Худога:
“Ё Раб, не қилайин? Кўзларимда қон –
Бугун мен йўл қўйдим мудҳиш хатога.
Кумуш жондан севган Отабегини,
Қалам-ла Зайнабга олдириб қўйдим.

Бугун ёндирмоқда оташ танамни,
Қандайин кеткизай дарду-аламни?
Қўйдим хотима деб энди қаламни:
Дунёда ёлғизим – Кумушгинамни,
Ҳатто Отабекдан рашк қилиб куйдим,
Ўзим кашф қилдим-у, ўлдириб қўйдим.   

Сохта севги

Сохталик, кўнгилни беҳуда алдаш,
Қанийди, тарк этса бир зум қалбимни.
Ҳақиқий севгига ошуфта руҳим
Нечун англай олмас севги қадрини?!

Нечун севгимизда сафсаталар кўп?!
Бемаъни туйғулар билмас чегара.
Асл муҳаббатга мойил бу қалбга
Нечун қўядирмиз сиртмоқ, панжара?!

Нимага озодмас бизнинг туйғулар?!
Уларни боғлаган арқонлар йўғон.
Нимага юзларда сохта кулгулар?!
Соғинчимиз ёлғон! Севгимиз ёлғон!

Биз гўё ошиқмиз севги бобида,
Гўё ҳеч тугамас муҳаббат фасли.
Гоҳ Мажнун бўламиз, гоҳида Фарҳод,
Билмаймиз Лайли ким, Ширин ким асли.

Чунки йироқдамиз илоҳий ишқдан,
Қабларда шаҳватлар қуриб олган ин.
Шу боис ғамимиз тугамас сира,
Шу боис қалбимиз топмайди таскин.

Бир умр маҳкуммиз сохта севгига,
Ҳақиқатга етмас сабрларимиз.
Ахир эришмасмиз мангу висолга,
Ёнма-ён тушса ҳам қабрларимиз.   (

Буюк “муҳандис”

Бизни мафтун этган муҳташам Эйфел,
Ҳайрон қолдирмоқда инсонни ҳамон:
“Қанчалик азим-а, нуқсони ҳам йўқ,
Буни қурган экан қайси бир инсон?”

Агар сенга айтса биров шуларни:
“Биродар, Эйфелни ҳеч ким қурмаган.
Эйфел ўз-ўзидан пайдо бўлган-у,
Унинг қурувчиси асло бўлмаган.”

Ётиб кулажаксан ушбу сўзлардан,
Устидан куларсан ўша инсонни:
“Бундайин бўлиши асло мумкинмас,
Қурувчиси бордир ҳар бир бинони”.

Ниҳоят, англадинг буюк ҳикматни,
Олам ўз-ўзидан пайдо бўлмаган,
Қурувчиси бордир коинотнинг ҳам,
Инсон ўз-ўзини пайдо қилмаган.

Сўзимнинг сўнгида сенга бир савол,
Озгина фикр қил, қўшмасдан амал:
Қайси бир “муҳандис” қудратлироғ-у,
Эйфел мукаммалми, инсон мукаммал?   


Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Ғофил бўлибман-а мен неча йиллар,
Ёлғон-ла банд бўлди безикр тиллар,
Тоат не билмади оёқлар, қўллар,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Сохта байрамларни орзиқиб кутдим,
Уларни нишонлаб, сизни унутдим,
Ниҳоят ўзимни саждага тутдим,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Билмадим нима фарз, нимадир суннат,
Ёдимга тушмади жаҳаннам, жаннат,
Келмасидан олдин охир қиёмат,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Ҳайвонлар шубҳада қолган тонгларда,
“Бугун қиёматми?” деган онларда,
Уйқуда бўлибман ул азонларда,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Номаи аъмолим бўлганда маълум,
Қанчалар савобдан бўларман маҳрум,
Бўлмасимдан олдин дунёдан марҳум,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!

Чақираман сизни, билмасангиз ҳам,
Сўзимни қулоққа илмасангиз ҳам,
Барибир айтаман келмасангиз ҳам,
Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!  


Ожиз дарахт ноласи

Хазон оралади кўк баргларимга,
Илдизим кемирар қандайин бир куч.
Шамол, қулоқ солгин бу дардларимга,
Мени бу саҳродан олиб кетгин, қуч!

Атрофим чулғамиш сувсиз буталар,
Қуруқ саксовуллар кулар дардимдан.
Ўзларин яшилга буркаш ўрнига
Айирмоқ исташар яшил баргимдан.

Ҳамроҳ қидираман – кўзларим толган,
Шамол, ёрдам бергин қидирмоғимга.
Ҳеч бўлмаса битта яшил барг қолган
Дарахтнинг хабарин бер қулоғимга.

Шамолнинг ўзи ҳам қолган чорасиз,
Довуллар ҳайдашар шамолгинамни.
Биламан уларнинг нияти тайин –
Бута қилишмоқчи бутун танамни.

Кенг саҳро қўйнида кезар довуллар,
Баргларим ҳар томон кетар сочилиб.
Баргларим, кетманглар мендан нарига,
Ахир қоламан-ку тамом ечилиб.

Роббим, нажот бергин сўлим боғингдан,
Ортиқ чидолмайман  бу довулларга.
Майли, баргим ила йиқитгил мени,
Лекин айлантирма саксовулларга!   


Саловотга шафоат бор, санога эса жаннат

Аё дўстлар, савоблардан ошиб кетди гуноҳлар,
Бас, не учун хотиржамлик? Қани тавбада оҳлар?
Саловоту-сано айтинг, Ҳаққдан сўранг паноҳлар,
Саловотга шафоат бор, санога эса жаннат.

Гуноҳлардан поклаб қалбни, савобга пайванд қилинг,
Фарзлар билан фарзандингиз чин мўмин фарзанд қилинг,
Ёлғонларга асир тилни зикр билан банд қилинг,
Саловотга шафоат бор, санога эса жаннат.

Билурмисиз чин мўминлар одат қилган одатни,
Сизга айтай, биродарим, улуғ бир ибодатни,
Набий алайҳиссаломга кўп айтинг саловатни,
Саловотга шафоат бор, санога эса жаннат.   


Товуққа берилган илҳом

Бани башар ичра юрар бир савол – бирам совуқ:
“Қайси олдин пайдо бўлган – тухумми ёки товуқ?”

Ақли йўғи баҳс қиладир, бири – у дер, бири – бу,
Ақли бори айтадирки, Аллоҳнинг тадбири – бу!

“Товуқмия” деб атарлар баъзи бир инсонларни,
Яхшиларни ахмоқ деб-у, даҳо деб ёмонларни.

Тухумларин босиб ётар, товуқ “ахмоқ” бўлса ҳам,
Жигарбандин кўрмоқ учун, ётар писиб, фикри жам.

Хўш, қаердан англабди у бундайин башоратни,
Ахир ахмоқ дегандинг-ку, изоҳла бу ҳолатни.

Мен айтаман, сен тинглагин, бу ҳолат недан дарак,
Ёлғиз Аллоҳ хоҳиш қилур, кимга қай билим керак.

Товуқдан ҳам нодон чиқдинг, англолмай ҳақиқатни,
Оламга боқ, англагайсан ҳар нарсадан ҳикматни!   

Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Жаҳолату-разолатдан узоқ бўлиб,
Лаззат топдик ибодатдан, Расулуллох.
Ҳаққа банда, сизга уммат бўлдик – шукр,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Баҳонани кўпайтириб, қилдик гуноҳ,
Исломдан бир билим олмай, бўлдик гумроҳ,
Шайтонни-да қилсак ҳамки яқин ҳамроҳ,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Кийим кийдик мақтов учун, чирой учун,
Миннат билан қилдик ёрдам биров учун,
Ғамламасак ҳамки савоб сўров учун,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Уялмадик тубанлигу-иснодлардан,
Узоқ бўлдик тавбадаги фарёдлардан,
Афзал билдик ухламоқни бомдодлардан,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Савоблардан гуноҳларни кўп қилсак ҳам,
Кетин узмай ёлғонларни тўқисак ҳам,
Адо эмас, қазо намоз ўқисак ҳам,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Кичик қорин тўйиб кетди, тақво тўймай,
Ғийбатларни қатор қилдик, тилни тиймай,
Гуноҳкормиз, лек айтамиз тилдан қўймай,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!

Маҳшар куни ошганида азобимиз,
Ҳақ олдида бўлганида жавобимиз,
Етмай қолса жаннат учун савобимиз,
Умидвормиз шафоатдан, Расулуллоҳ!   


Тирикларга йиғлаш

Бир инсоннинг бу дунёдан кетганда волидаси,
Асло кўз ёш тўкмабди у – қотганмикан дийдаси?

Лекин дўсти ароқ ичса, йиғлармиш уввос солиб,
Дўстига кўп йиғи қилмиш, ўлган онаси қолиб.

Одамлар ҳам айтар эмиш: “Бу – бир ахмоқ ё мажнун,
Ўлганга ҳеч йиғламас-у, тирикка йиғлар нечун?

Сенда номус борми ўзи, шуми оқибат, ҳайҳот,
Онанг ўлди, лекин дўстинг юрибди мана – ҳаёт”.

“Биродарлар, билсангизди онамнинг ҳаётини,
Бахт келганда шукрини-ю, дард келса саботини.

Ҳар қадамда билар эди ўзлигин ожиз банда,
Шул сабабдан ибодатни қиларди – қилмай канда.

Иншааллоҳ, обод бўлса онамнинг охирати,
Бундай буюк неъмат учун йўқ йиғининг ҳожати.

Лекин дўстим ўлиб бўпти тириклик чоғидаёқ,
Иймон кетар бу ҳолатга йиғламайин мен қандоқ?!”

Ҳа, азизлар, замонимас ўлганларга йиғлашнинг,
Тирилмайди, фойдаси йўқ – юрак бағир тиғлашнинг.

Асли, йиғлаш лозим бўлди тирик виждонсизларга,
Ҳам уларга, ҳам сизларга, ҳамда биз “азизлар”га!  


Дўстимга савол

Дўстим деб сақладим мудом ёдимда,
Йўқладим ҳаттоки дуо-додимда,
Шодон вақтимда ҳам бўлиб ёнимда,
Ёмон кунимда ҳам асқотурмисиз?

Ортимдан гапирса бир неча одам,
Туҳматлар дастидан кўзим бўлса нам,
Менинг тарафимни олмасангиз ҳам,
Ғийбатим қилмасдан жим кетурмисиз?

Меҳрин аяганда қадрдонларим,
Нуримни йўқотса зимистонларим,
Сўлиб битганида гул, райҳонларим,
Жонимга малҳамдек хуш ботурмисиз?

Ғанимларим мендан келганда ғолиб,
Ортиқ курашмоққа қолсам гар толиб,
Ақалли бир марта ёнимни олиб,
Уларга қарата тош отурмисиз?

Қалбим қора бўлса ғубору-гарддан,
Руҳим хаста бўлса бундайин дарддан,
Нажот бўлмаганда бирор ҳамдарддан,
Мени бу ғафлатдан уйғотурмисиз?  


Жигарбандим (Онаизор тилидан)

Сен кезган кўчада ёғди оппоқ қор,
Қара қандай нафис, қандай беғубор,
Лекин бугун менда фақат ёдинг бор,
Айтгил, жигарбандим, қаерлардасан?

Изларинг ўрнини қоплабди қорлар,
Наҳотки келмайди энди баҳорлар,
Сен ётган беланчак ўзига чорлар,
Айтгил, жигарбандим, қаерлардасан?

Осмонни тўлдириб учар қарғалар,
Айрилиқ куйига тинмай йўрғалар,
Қаҳратон қалбимга ҳижрон ўт қалар,
Айтгил, жигарбандим, қаерлардасан?

Қалбим зулматини ёритмас қуёш,
Маъюс кўзларимда қалтирайди ёш,
Зулматда ҳам сени излаб мен – бебош,
Айтгил, жигарбандим, қаерлардасан?

Танамни тарк этар аста ҳарорат,
Вужудим ер остин айлар иморат,
Кел, энди қабримни қилгин зиёрат,
Айтгил, жигарбандим, қаерлардасан?  

Ибрат

Мени бир дам тингланг, қадрдонларим,
Бироз савол сўргум, аё, сизлардан.
Бугун кўп умматда ҳаё йўқ, ахир,
Ибрат олдикми ё ҳаёсизлардан?

Бугун дунё учун куйдиг-у, ёндик,
Ёлғонлар дарёсин сувига қондик,
Ваъдалар бердиг-у, лек тезда тондик,
Ибрат олдикми ё вафосизлардан?!

Танни ёпар аранг яримта мато,
Ёки бойлигига етдими хато,
Аврат ёпган, ҳатто, Ҳаввою-Ато,
Ибрат олдикми ё ридосизлардан?!

Кампирлар ҳадикмай қошин юладир,
Ўлими яқин, лек тинмай куладир,
Момолар дуоси ширкка тўладир,
Ибрат олдикми ё ялмоғизлардан?!

Ғийбатга шай турар ҳамиша товуш,
Бугун зикр учун овозлар хомуш,
Эрталаб бомдодда азонлар тинмуш,
Ибрат олдикми ё садосизлардан?!

Қуръон навосига маҳлиё эдик,
Дунёни ёритган бир зиё эдик,
Бугун сакинатни бир рўё дедик,
Ибрат олдикми ё навосизлардан?!

Инсоният умрин тамом хорлаган,
Ўзларин “зўр даҳо” деб такрорлаган,
Жаҳаннам сарига мудом чорлаган,
Ибрат олдикми ё худосизлардан.

Келинг, таъмир этиб бу қусурларни,
Қалбдан юлиб ташлаб ёт унсурларни,
Этагидан ушлаб меросхўрларни,
Ибратни олайлик ҳақ воизлардан. 

Ана шундагина ютармиз, бешак,
Ҳеч қачон юрмасмиз хато излардан.
Ана шундагина биз уларданмас,
Улар ибрат олар бизу-сизлардан.   


Йиғлаб қоласиз

Дўстларим, бир гапга қилсам ишорат,
Тағин чулғамасин қалбингиз ҳайрат,
Балки кимгадир бахт, кимгадир ҳасрат –
Орангиздан кетсам, йиғлаб қоласиз.

Бугун тўкиб солдим аламларимни,
Писанд қилмадингиз каломларимни,
Куйдириб қоғозу-қаламларимни,
Йўқотгач, ортимдан сўзлаб қоласиз.

Ҳақ сўзни гапирсам, ёлғон дедингиз,
Гўштимни ўлакса ҳолда едингиз,
Қадримни қандоқ ҳам билар эдингиз,
Эртага ортимдан сизлаб қоласиз.

Ҳайҳот, илмадингиз гапим қулоққа,
Сизни бошлармидим чўлу-овлоққа,
Бас, фурсат тугади, энди у ёққа
Сафарга отлансам бўзлаб қоласиз.

Балки сиз учун йўқ заррача қадрим,
Барига розиман, тилайман сабрим.
Бир кун келар ҳали, ўшанда қабрим
Тополмай саргардон излаб қоласиз.   

Йиғлатган ҳадис

Бухорий ривоят қилган бир ҳадис
Қалбимни жумбишга келтирди ғоят.
Бутун вужуд ила тингланг, дўстларим,
Абу Ҳурайрадан ушбу ривоят:

Пайғамбар1 дедилар: «Бир кун тушимда
Жаннат боғларини қилдим зиёрат.
Қарасам, гўзал бир қаср олдида
Бир аёл қилмоқда эмиш таҳорат.

«Бу қаср кимники?» сўрадим ундан,
«Умарники» деган жавобни илдим.
Умарнинг рашкини эслаб, шу заҳот,
Ўзимни қасрдан узоққа олдим».

Шундай деб пайғамбар тугатди сўзин,
Бутун мажлис аҳли тўкдилар кўз ёш.
Абу Ҳирр2 йиғлади, Умар йиғлади,
Йиғлади ким бўлса Набийга диндош.

Вужудлар титраган шу оний дамда
Умар бир сўз айтди, чекиб қалбда оҳ:
«Мен фақир сиздан ҳам ўша қасрни
Рашк қилар эдимми, ё Расулуллоҳ».

Шу ерда бу ҳадис топар интиҳо,
Балки демоқчисиз: «Бунда не ҳикмат?»
Гар билсангиз эди Умарнинг ҳолин
Келмасидан олдин унга ҳидоят.

Бир пайтлар Набийни ўлдирмоқ учун
Қўлига қиличин олиб чиққан ким?!
Энди-чи, Набийнинг битта сўзи-чун
Кўз ёш денгизида аста оққан ким?!

Қодир Аллоҳ бергач унга ҳидоят,
Кўриб қўйинг энди Умарнинг ҳолин.
Оламга нур бўлиб келган бу ҳақ дин
Тубдан ўзгартирди унинг жамолин.

Сўзимни тугатгум ушбу лаҳзада,
Мен билмам қанчалик олдингиз ибрат.
Лекин билиб қўйинг нопок инсонни
Иймон ўзгартирар фақат ва фақат!   


Қабрдан келган нидо ...

Бугун ҳасратдаман, изтиробдаман,
Қабримда на бўй бор, на бордир эни.
Ягона ўтинчим сўрайман Сендан –
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!

Умримни совурдим ел-шамолларга,
Берилдим сафсата, хом хаёлларга,
Бугун юзим тутдим минг заволларга,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!

Кўзимни яратдинг, лекин кўрмадим,
Ҳақ йўлни эшитиб, унда юрмадим,
Умрим бўйи ухлаб, асло турмадим,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!

Бугун ҳаётимнинг зиёси сўнмиш,
Қоп-қора қарғалар қабримга қўнмиш,
Танимни юлажак тиконлар унмиш,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!

Тақвони эгнимга қилайин либос,
Барча гуноҳлардан бўлайин халос,
Ягона ўтинчим – Сендан, илтимос,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!

Не йўқотар эдим, қилсам ибодат,
Наҳотки, шунчалар босибди ғафлат,
Алам билан сўрай фақат ва фақат,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!

Танимни бир кўринг – қоп-қора кўмир,
Баданим нимталар қизиган темир,
Оҳ, афсус, берилмас қайтатдан умр,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!

Аллоҳим, изн бер, қабримни ўяй,
Иймон лаззатини қалбимда туяй,
Бир бора бошимни саждага қўяй,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!  


Туш (Муслима танишимга)

Тунда туш кўрибман, азим дарёмиш,
Ҳайбат-ла айланар эмиш чархпалак.
Осмону-фалакнинг ўртасида мен
Аросатда қолиб, эмишман ҳалак.

Атрофда сокинлик сурармиш ҳукмин,
Дарахтлар шивирлаб, қурармиш суҳбат.
Неки бор ўзи-ла овора, лекин
Чархпалакда эмиш диққатим фақат.

Шундай тез айланар эмиш чархпалак,
Нохосдан мени ҳам тортиб кетганди.
Энди биргаликда айланар эдик,
Қўрқув вужудимни асир этганди.

Ёрдамга чақирдим овоз борича,
Лекин қутқаргани келмади ҳеч зоғ.
Наҳот юз ўгирди мендан дўстларим,
Наҳот яқинларим шунчалар узоқ?!

Наҳот ҳаётимда қолмади мазмун,
Наҳот айблар ила ғарқ бўлиб кетгум?!
Наҳотки ўлимим яқин шунчалар,
Наҳот калимамни айтолмай ўтгум?!

Ортиқ чидолмадим, қолмади мадор,
Қўлим чархпалакдан сирғалиб кетди.
Ҳавога учдим-у, пастга отилдим,
Вужудим тўлқинлар зарбин ҳис этди.

Чўкиб борар эдим дарё тубига,
Умидим ягона Аллоҳдан эди.
Охириги нафасим қолган дамимда,
Кимдир сув юзидан нимадир деди.

Шу пайт бармоқларим сезди арқонни,
Осилиб чиқволдим дарё юзига.
Бу инсон ким экан дея қарасам,
Арқон турар эди қўлларингизда.

Бу тушнинг ҳикмати кўп эрур балки,
Аниқ бир сабабни этмадим ишғол.
Ғофил дўстингизга ташлаганингиз,
Ҳидоят арқони бўлган эҳтимол.  

Бир эн мато

Мана ўша мен кутган дунё,
Осмонида кўринмас тиргак.
Меҳмон бўлиб келганим ҳамон,
Ўрадилар танимга йўргак.

Қайдан келар бу сокин наво,
Юрагимга солар зўр санчиқ.
Бу аллани мендан қизғанар,
Бешигимни ёпган ёпинчиқ.

Сониялар ортда қолдириб,
Улғаяман кун ўтган сайин.
Ғамлаяпман нафсим қондириб,
Қорнимга ош, танимга кийим.

Ортда қолар шоҳона либос,
Ортда қолар зебу-зийнат ҳам.
Лаззатларни дунёга отиб,
Қидираман эгнимга кафан! 


Қайдан топай муслима қизни?

Бўйдоқликнинг тугади вақти,
Енгил-елпи ишқнинг суҳбати,
Уйланишнинг келди фурсати,
Қайдан топай муслима қизни?

“Мана бундан чиқар зўр келин,
Хижолатдир ҳатто ой – тўлин”.
Рекламани, бўлди, бас қилинг,
Қайдан топай муслима қизни?

Ерга боқар қаро кўзлари,
Иймон сабаб нурли юзлари,
Оят, ҳадис – айтган сўзлари,
Қайдан топай муслима қизни?

Гар билсангиз айтинг бериё,
Қалб қаъридан сочилсин зиё,
Манзил беринг, кезайин дунё,
Қайдан топай муслима қизни?

Хабар беринг атроф, ёнларга,
Бухорою-Шош томонларга,
Уйланмайман таннозхонларга,
Қайдан топай муслима қизни?

Уйланиш ҳам келмоқда малол,
Наҳот, ҳаё топмоқда завол,
Сизга берай жиддий бир савол,
Қайдан топай муслима қизни?  

Кафанга ўранглар тирик чоғимда

Кафанга ўранглар тирик чоғимда,
Токи ҳис қилайин ўлим шиддатин.
Нафасим тиқилиб, бўғзим бўғсин-у,
Нафсим унут қилсин дунё лаззатин.

Кафанга ўранглар тирик чоғимда,
Токи англаб етай бойлик фитнасин.
Тупроқ ҳам сепинглар тўймас кўзимга,
Токи кўмиб турсин кўзим ширасин.

Кафанга ўранглар тирик чоғимда,
Қаттиқ ўранг, сиқиб бор танларимни.
Уйқуда кучайиб, тоатда толган,
Дангаса, эринчоқ баданларимни.

Кафанга ўранглар тирик чоғимда,
Борар манзилимга элтиб қўйингиз.
Бу ёруғ дунёда анча яшадим,
Бир кеча тунай-чи зулматда ёлғиз.

Йўқ-йўқ, чидолмадим, бу ўзи не ҳол,
Тайёр бўлмабман-ку ҳали ўлимга.
Кафандан ечинглар танимни дарҳол,
Жойнамоз беринглар тезроқ қўлимга.  


Мен севгига ишонмай қўйдим

Покиза ишқ кўрмоқда завол,
Сохта севги топмоқда камол,
Агар бўлса муҳаббат шу ҳол,
Мен севгига ишонмай қўйдим.

Ёлғон эрур ўлан, хонишлар,
Номигадир куйиб ёнишлар,
Бир кун севиб, бир кун тонишлар,
Мен севгига ишонмай қўйдим.

Сўлиб битган севги лоласи,
Сохта эрур юрак ноласи,
Ичидадир ҳамма оласи,
Мен севгига ишонмай қўйдим.

Мен бир ошиқ севгидан куйдим,
Азобидан, етар, бас, тўйдим,
Чин муҳаббат мавжуддир, бироқ
Мен севгига ишонмай қўйдим.

Эй Иброҳим, севма инсонни,
Фақат севгин буюк Раҳмонни.   


Мени эслайсизми?..

Оқар сувлардайин оқсаму кетсам,
Бу дунё ҳаётин аста тарк этсам,
Алқисса, ўлимнинг шарбатин тотсам,
Мени эслайсизми атиги бир бор?

Баргларим тўкилиб, бўлса хазонлар,
Олисларга суриб кетса тўзонлар,
Дуога қўл очиб, айтиб азонлар,
Мени эслайсизми атиги бир бор?

Сўнгги дам кўзларим бўлганда маҳзун,
Юзимда ним қотса майин табассум,
Ёнимда ўтириб, ўқиб чилёсин,
Мени эслайсизми атиги бир бор?

Хотиралар бир-бир кўздан ўтганда,
Гоҳида кулдириб, гоҳ йиғлатганда,
Барча танишларим, оҳ, унутганда,
Мени эслайсизми атиги бир бор?

Қарашга ҳолим йўқ ўнгу-сўлимга,
Қўлингизни беринг совуқ қўлимга,
Токи тик боқайин энди ўлимга,
Мени эслайсизми атиги бир бор?

Келинг, сўнгги бора боқинг кўзимга,
Фақат ҳеч йиғламанг айтган сўзимга,
Қарамасангиз ҳам майли юзимга,
Мени эслайсизми атиги бир бор?

Қаранг булутлардан ёғар оппоқ қор,
Энди менга армон – янаги баҳор,
Нега йиғлаяпсиз? Йиғламанг сира,
Қани кулиб беринг менга сўнгги бор.

Сўнгги ўтинчимни қилайин изҳор,
Мени эслаб туринг дуода бир бор.  


Орзуларга кўмилар кўнгил

Оппоқ кўчаларда ёққанида қор,
Булутлар севгисин қилганда изҳор,
Майин ифори-ла келганда баҳор,
Орзуларга кўмилар кўнгил.

Айрилиқдан чекмасак қайғу,
Кўзлардан келмаса томчи сув,
Ўлмаса севгидек пок туйғу,
Орзуларга кўмилар кўнгил.

Тўхтамаса умрдек бозор,
Дўст дўстидан кўрмаса озор,
Дийдорга дил бўлса интизор,
Орзуларга кўмилар кўнгил.

Омон бошлар ҳеч кўрмаса ғам,
Босиб турса оёқлар қадам,
Яшаб турса то тирик одам,
Орзуларга кўмилар кўнгил.

Юракларда бўлса сир-асрор,
Ўз ёрини кутса интизор,
Бутун умр чекмаса озор,
Орзуларга кўмилар кўнгил.

Адашмаса йўлидан инсон,
Покланишга берилса имкон,
Ёмонликдан қолмаса нишон,
Орзуларга кўмилар кўнгил.

Гар бор экан дилда номус, ор,
Музламаса ҳаётдек анҳор,
Токи қалбда иймон экан бор,
Орзуларга кўмилар кўнгил.

Кулиб юринг доим, азизам,
Тўхтамасин уриб турган дил.
То дунёда сиз бор экансиз,
Орзуларга кўмилар кўнгил.   

 

Севдим, севганимдан тонмоқлик нечун?!

Севги нелигини билмасдим олдин,
Бугун муҳаббатни бўйнимга олдим,
Ниҳоят, ишқни тан олди Иброҳим,
Севдим, севганимдан тонмоқлик нечун?!

Севги не, сўрсалар, қотарди бошим,
Юз буриб кетардим, чимириб қошим,
Бугун муножотга топдим сирдошим,
Севдим, севганимдан тонмоқлик нечун?!

Муҳаббат нелигин аслин билволдим,
Уни юрагимга муҳр қилволдим,
Лафзини қулоққа маҳкам илволдим,
Севдим, севганимдан тонмоқлик нечун?!

Маҳбубим, мен сенга айлай муножот,
Бир сенинг ёдингсиз ҳар лаҳзам барбод,
Бугун қалб уйимни айлабон обод,
Севдим, севганимдан тонмоқлик нечун?!

Сенинг севгинг сабаб кам изтиробим,
Мудом ором олар кўнгил харобим,
Ўлгунча бир сени севаман, РОББИМ,
Севдим, севганимдан тонмоқлик нечун?!  

Ibrohim Muhammad.

Категория: Мои статьи | Добавил: lenger (12.04.2014)
Просмотров: 733 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024