Форма входа

Категории раздела

Мои статьи [30]

Поиск

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 22:16
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Каталог статей


Главная » Статьи » Мои статьи

“НОМУС КУЧИ”


"НОМУС КУЧИ”


Биргина гап, ўйламасдан, ўзини оқлаш учун айтилган бир оғиз гап тақдиримни бутунлай ўзгартириб юбориши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Шу ноҳақ гап ортидан бошимга не савдолар тушмади?! Неларни кўрмади бу бошим…
Ўша кеча сира эсимдан чиқмаса керак. Бир йилдан буён тўшакка михланган қайнонамнинг ёнида ҳали ёшига тўлмаган боламни эмизиб ётардим. Кўзим илинибди. Эримнинг важоҳат билан кириб келганини сезмабман ҳам. Биқинимга тушган тепкидан қичқириб юбордим. Овозимдан болам ҳам қаттиқ чўчиди ва чинқириб йиғлай бошлади.
— Тур ўрнингдан! Йўқол, кўзимга кўринма! Йўқо-о-ол! — важоҳат билан бақирди эрим.
— Қоронғида юриб жин-пин чалдими сени? Нега буни ҳайдайсан? — ёнимни олиб бақирди қайнонам.
— Сизнинг ишингиз бўлмасин! Ўзи билади. Мен тоғда, сиз тўшакда… Бу билганини қилиб юрган экан! Йўқо-о-ол! Ҳаромиларингни ҳам олиб, ҳозироқ чиқиб кет! Ўлдириб қўймасимдан кет!
Мен ҳеч нарсага тушунмадим. Нима бўлаётганини англамасдим. Туш кўраяпман, чоғи, деб ўйладим. Эрим тоғдаги қўйларни шеригига ташлаб келибди. Бугун қандай кун ўзи? Миямда ҳамма нарса чалкашиб ётарди.
— Бугун келадиган кунингизми? — ниманидир аниқламоқчи бўлгандек сўрадим.
— Йўқ! Келмайдиган куним. Келмайдиган кунимда келиб, ўйнашингни ушладим! Чиқ уйдан, йўқол!
— Нима? — қотиб қолдим эримнинг гапидан.
Аммо саволимга жавоб ўрнида яна тепки ва ҳақоратлар олдим. Ўзимга эмас, шўрлик қайнонамга ичим ачиб кетди. Жойидан тура олмайди. Бағридаги невараси уйғонмаслиги учун бир қўли билан унинг бошини қучиб олган, иккинчисини ўғлига силкилайди:
— Ичиб олганмисан? Нега урасан уни? Бўлди қил, боланинг ҳам юрагини ёрдинг!
Шундагина бағримдаги болам йиғидан қизариб, қотиб қолганини билдим. Уни кўтарганча ҳовлига югуриб чиқдим. Ортимдан эрим ҳам ўқдек отилди:
— Қачондан буён кўзимга чўп суқиб юргандинг? — бор овози билан бақирди эрим. — Қачондан буён?
Ўша кеча уйимизда қиёмат қўпди. Ҳамма гапни ота уйимга келгач билдим.
— Мана қизингиз. Менинг бундай хотиним йўқ. Бугун тоғдан тушгандим. Қўйхонамиз олдида Салоҳни ушлаб олдим. Сал нарида Матёқуб ҳам турган экан. «Ҳа, ўғирликка келдингларми?» десам… Улар буни деб келган экан, — эрим менга имо қилди.
— Нима? Қанақа Салоҳ, қанақа Матёқуб? Ўйлаб гапиряпсизми? — эримнинг оёғига ёпишдим.
Бу қандай туҳмат бўлди? Бу не кўргилик? Ота-онам олдида яна бир тепки едим.
— Ўз-ўзидан «хотинингга келдик», демаса керак? — эрим шундай дея чиқиб кетди…
— Хе-е, сендек қиз ўстирганни… — энди отам ғазаб билан менга ташланди. Яхшиям, онам бор экан:
— Ўлдириб қўясиз-ку! Шундоқ ҳам моматалоқ бўлмаган жойи қолмабди.
Кечаси билан ўйланиб чиқдим. Салоҳ билан Матёқуб… Салоҳ эримнинг синфдош ўртоғи. Матёқуб унинг амакиси. Улар нега бунақа деди? Нега бизнинг уйга келган? Энди нима бўлади? Одамлар эшитса нима дейди? Юрагим ортига тортиб кетди. Тонг отмасайди…
Менинг айтганим бўлармиди? Бир зумда бутун қишлоққа гап тарқабди. Буни кечқурун отам бор овози билан бақирганидан билдим:
— Менинг ундай қизим йўқ! Айт, йўқолсин уйдан! Кўчада бош кўтариб юролмай қолдим…
Бир соатча уйда бақир-чақир бўлди. Сўнг онам кўзлари қизариб-шишиб кириб келди:
— Қирилиб ўлгур, сен кимга тортдинг? Етти пуштимда бузуқ бўлмаган. Бундан кўра ўлсанг бўлмасмиди? Ерга тиқдинг ҳаммани…
— Онажон, мен берган оқ сутингиз каби покман! Эримдан бошқа одамнинг қўли теккан эмас менга! Ҳеч бўлмаса сиз ишонинг, жон она…
— Ўл, она! Она бўлмай мен ўлай… Бўлмаса шунча гап қаёқдан чиқди? Отанг уйдан қувяпти сени! Адойи тамом қилдинг-ку, бизни! Ҳеч бўлмаса, бизни, сингилларингни ўйламадингми? Отинг чиқди, энди сингилларингни биров сўраб келармиди?
Еру кўк бошимда айлана бошлади. Эй Худо бу не кўргилик, не синов? Ўз онам ишонмайди менга… Отам уйдан қувди… Қандай ҳавас қилгулик оилам, турмушим бор эди. Бир зумда, бир сонияда йўқ бўлди. Ичимдан вулқон сингари алам отилиб кела бошлади. Қандай қилиб ўша Салоҳиддиннинг уйига борганимни билмайман…
— Ҳа-а-а, «Бу гаплардан кейин Салоҳнинг хотини кетгандир. Шу пайтгача қўйнига кирдим, энди уйига ҳам кирай», деб келдингми? Кўрсатиб қўяман сенга, бировнинг эрига кўз сузишни… — қорамни кўриши билан унинг хотини сочимга ёпишди.
Ё Аллоҳ, нега одамлар бу қадар ишонувчан, нега бу қадар тез қарор чиқаради? Кечагина шу аёл билан дугона эдик. Эримнинг синфдош ўртоқлари тез-тез йиғилиб турарди. Биз аёллар ҳам қуруқ қолмаймиз…
— Сизлар севишиб турмуш қургансиз-да, барибир эрингизнинг муносабати бошқача… — доим менга ҳавас қиларди у. Бугун эса… Мен Салоҳиддин акага «Нега туҳмат қилдингиз? Оилам бузилиб кетяпти, ахир», дея ҳақиқат тиланиб келгандим. Афсус…
Бу ишим бошимга баттар ғавғо олиб келди. Эртасига синглим онамга йиғлади:
— Ойи, анув қизингиз кеча уйдан чиқиб кетган пайт Салоҳ ўғриникига борибди. Хотинига «Кет, бу ерда мен яшайман», дебди. Бугун мактабда ҳамма шуни гапирди.
Синглим «Салоҳ ўғри», дедими? Ҳа, у оти чиққан ўғрилардан эди-ку! Эрим уни қўйхона олдида ушлаган. У ўзини оқлаш учун… Югуриб онам ва синглимнинг олдига чиқдим:
— «Салоҳ ўғри» дедингми? Ҳа, Салоҳиддин ака ўғ… — гапим оғзимда қолди. Онам юзимга шапалоқ тортди:
— Бетинг қурсин! Унинг отини эшитиб, уялмай югуриб чиқдингми? Юзсиз!
Хўнграб юбордим. Зор йиғлаб онамнинг этагига ёпишдим:
— Она, ҳеч бўлмаса сиз менга ишонинг! Онажон, биргина сиз мени эшитинг. Кеча бошқа нарса учун боргандим…
Ҳеч ким мени тингламасди. Ўз яқинларим ҳам кўчадаги миш-мишларга қул, мендан ҳатто ҳазар қилишади…
Бутунлай тушкунликка тушиб қолдим. Уйдан чиқмас, оғзимга ҳам бирор егулик олмасдим. Бечора эмизикли болам қорни тўймай ғингшийди. Атрофимда айланиб йиғлайди. Ноилож яна сутсиз кўкракка ёпишади.
— Болам, бу дунёда фақат сенга керак бўлиб қолдим. Уям бўлса мана шу қоринчанг учун. Агар сен ҳам… — уни бағримга босиб юм-юм йиғладим. — Сенда нима гуноҳ? Агар сенинг уволингга қолсам, бундан баттар аҳволга тушаман-ку…
Томоғимдан ҳеч нарса ўтмаса-да, шугина гўдагим, ўғлим учун мажбуран у-буни оғзимга солдим. Уч яшар қизим бобоси ва бувиси билан андармон. Унинг хаёлида биз меҳмонга келганмиз. Лекин шу мурғак гўдак ҳам қайнонамни ўйлаб қўяди:
— Ойи, ўзимизнинг уйдаги бувимга ким овқат беради? Уйга кетмаймизми?
Қайнонамни ўйлаб мен ҳам эзилдим. Бечоранинг аҳволи не кечди экан? Қайнопамми, қайнсинглимми келиб қараб тургандир? Биз қачон уйга кетарканмиз? Эрим ҳаммасига ойдинлик киритгач, келиб олиб кетар… Ҳа, олиб кетади. Ҳар доимгидек, «Мен бир олов бўлсам, нега сен жим турдинг?» деб койиб қолса ҳам керак…
Афсус, ундай бўлмади. Қандай қилиб бир ҳафта ўтганини билмай ҳам қолибман. Уйдан чиқмай ўтирганим учун ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Агар қизим келиб…
Шу гапни эшитдим-у, ақлу-хушимдан айрилдим. Қизалоғим чопқиллаб келиб нима деди денг. Ҳали ҳеч нарсага фаҳми етмаган қизгинам ўзида йўқ хурсанд:
— Ойи, дадамнинг тўйи бўларкан. Бизам борамиз, а?
— Қаердан олдинг бу гапни? — вужудимда қалтироқ турди.
— Кичкина холам айтди. Дадам қўйхонадаги қўйларимизни сотибди. Энди тўй қиларкан. Ур-е, бизникида тўй бўлади…
Телбаларча синглимнинг олдига бордим:
— Бу гапни қаердан олдинг, Мунис…
Синглим менга ижирғаниб қаради:
— Уйланади-да! Қараб ўтирадими? Дўкон орқасидаги Ҳайдар аканинг қизига уйланаётган экан…
Бутун танамдан жон чиқиб кетаётгандек бўлди:
— Йўқ, унақа қилмасин…
Шу гап оғзимдан чиқди-ю, хушимдан айрилдим. Кўзимни очганимда уйда бир ўзим ётардим. Уйдагилар шу қадар мендан юз ўгиришгандики, ҳатто ўзимга келтиришмабди, келишимни кутишмабди ҳам. Ор дегани, номус дегани шунчалар бешафқат қилиб қўяркан-да? Ҳозир ўлиб қолсам ҳам қарашмасди, балки… Сал нарида ўғлим пиш-пиш қилиб ухларди. Дунё ғамидан, ноҳақликларидан бехабар болажоним мазза қилиб ухлаяпти. Эмаклаб унинг бошига бордим. Биргина у тинглайди мени:
— Болам, даданг уйланяпти. Биздан бутунлай юз ўгирди даданг. Сен уни ҳатто бир бор «дада» дейишга улгурмадинг… Ҳайдар аканинг қизига уйланаётганмиш… У қариқиз. Эр чиққанига шукр қилгандир-да! Ҳеч ким мени, мен ҳам майли, сизларни ўйламади. Тирик етим бўлиб қоляпти-ку, демади…
Бирдан кулгим қистади. Тавба, одамлар ҳам қизиқ. Бир оғиз гапга ишониб нималар қилишмайди? Ҳа-а-а, бу номуснинг кучи… Анув Салоҳ ўғри «Ўртоғининг боқилган қўчқорларини ўғирлагани борибди», деган гапдан номус қилиб, менга туҳмат қилди. Яқинларим «Қизи бузилиб кетибди», деган гапдан номус қилиб, ҳолинг не дейишмайди. Эрим ҳам «Хотини «юраркан» деган номусга чидолмай, ҳафта-ўн кун ичида уйланиш тараддудига тушди. Бу кулгили ҳолатдан хандон отдим… Мазза қилиб кулдим. Сал ўтмай онам югуриб кирди:
— Нега куласан, аҳмоқ? Жин-пин чалдими, ё?
— Жин ҳам ҳазар қиляпти-ку, мендан, — дедим зўрға ўзимни кулгидан тийиб. — Мендан юз ўгирмаган мана шу болам қолди фақат. Уям ҳали ҳеч нарсани тушунмайди-да, тушунган куни юзини буради. Ўшанда ҳолим нима кечади, менинг? Мен нима қиламан, энди? Усиз қандай яшайман? У уйланяпти, она…
Йиғлаб юбордим. Тўйиб-тўйиб йиғладим.
— Вой, ўлмасам… Вой ўлай… Отас-и-и-и, қизингизнинг эси оғиб қолди… — йиғимга онам жўр бўлди.
— Нима бўлди? — отам ҳам хавотир билан югуриб келди.
Баттар йиғладим, уввос солиб йиғладим. Озгина, бир чимдим меҳрга, эътиборга қанчалар зор бўлдим-а! Шу пайт кутилмаганда отамнинг ортидан эрим кўринди. Уни кўрдим-у, «Куёв, қариқизнинг эри», деган фикр миямга чақмоқдек урилиб, кулгим қистади. Ичимдагилар тилимга кўчди:
— Куёв келди! Қариқизнинг эри келди-и-и…
Энди кўзларимда ёш билан кула бошладим. Тавба, жинни бўлдим-қўйдим. Инсон шундай қилиб жинни бўлганини ҳам билмай қоларкан-да!
— Ўзингни қўлга ол, тинчлан — ота-онамга ҳам парво қилмай мени қучди у. Кўзлари ёшга тўлди: — Бугун онам Матёқубни чақиртирибди. Йиғлаб, «Келинимга ишонаман, доим менинг ёнимдан жилмасди. Унинг наслида бунақа иш қиладиган йўқ. Бўлмайди ҳам. Бир оиланинг бузилишига, невараларимнинг етим бўлишига жим қараб тураверасанми, тўғрисини айт», дебди. Матёқуб айтдики… ўша мен тоғдан қайтган тунда улар боқувга боғланган қўчқорларни ўғирлагани келган экан… Шу гапни эшитдим-у, сизларини олиб келгани югурдим…
— Боламни жинни қилиб бўлиб, энди олиб кетишга келдингизми, куёв! — отам бирдан ғазаб отига минди.
— Хавотир олманг ота, ўзи даволатиб олади энди… — мен ҳамон дунёнинг ишларидан кулардим…

НАРГИЗА УСАНБОЕВА ёзди

 

Категория: Мои статьи | Добавил: lenger (12.08.2013)
Просмотров: 821 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024