Форма входа

Поиск

Календарь

«  Март 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Среда, 08.05.2024, 23:18
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2015 » Март » 28 » АДАБИЁТ ДАРСИ
13:59
АДАБИЁТ ДАРСИ

Ҳалима Аҳмедова
АДАБИЁТ ДАРСИ
Эрта баҳор қуёши ҳовлимиз деворини пайпаслайди. Қуёш пайпаслаган девор ёнида офтобрўяда қадим пўстагини остига ташлаб, қуёш нурларини мириқиб “ичаётган” бобом сархуш чайқалади.
Кўзларини юмганча онда-сонда ниманидир хиргойи қилади.
Мен эса ҳовлимиз олдидаги катта ҳовуздан челаклаб сув ташийман. Бугун якшанба. Онам кир ювади. Ўчоққа қўйилган баҳайбат қозоннинг тезроқ тўлишини истаб, челаклаб сув ташийман.
Бирдан эсимга тушади. Эртага мактабимизга комиссия келади. Адабиёт дарсини текширади. Адабиёт муаллимимиз шоира Зулфиянинг иккита узун шеърини ёдлаб, ҳаёти ва ижодини ўқиб келишимизни тайинлаган.
Қозонни тўлдираману челак дастаси эзиб юборган бармоқларимни ишқалаганча дарсхонамга югураман. Сумкамдан шоша-пиша адабиёт китобимни оламан. Аввал уни энтикиб ҳидлайман. Адабиёт китобининг қандайдир ширин ҳиди бор. Уни варақлайман. Шоира Зулфияни топаман. Ичимда ўқий бошлайман:
“Зулфия (Исроилова) 1915 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида туғилган…”
Яна хаёлга бериламан: Тошкент қанақа шаҳар экан? Жуда ҳам чиройли бўлса керак. Қанийди ҳозир ўша шаҳарда бўлиб қолсам… Бобомнинг: “Ҳалима, сигирнинг “мў” лашини эшитмаяпсанми, чанқаганга ўхшайди, югур ҳовуздан сув олиб кел!”, деган буйруқона овози мени ширин хаёллар ичидан олиб чиқади. Бобомга аччиқ қиламан:
– Нима, бу уйда мендан бошқа ҳеч ким йўқми, эртага мактабимизга комиссия келади. Зулфияни ўрганиб боришим керак.
Бобом сергак тортади:
– Қайси Зулфияни?
Донишманд бобомни мот қилгим келади:
–         Шоира Зулфияни-да, нима, адабиётда яна бошқа Зулфия борми?
Бобом ширин жилмаяди:
– Шундай демайсанми? Мен бу шоирани кўрганман, жуда хушфеъл, хушсурат аёл.
Ҳаяжонланиб кетаман:
– Қаерда кўргансиз, бобо?
– Бухорода бўлган бир анжуманда.
– Шеърларини ҳам эшитганмисиз?
– Эшитганман…
Бобом шу дамда кўзимга жуда катта одам бўлиб кўринади. Фахрланиб кетаман. Ва югуриб бориб, ҳовуздан сув олиб келиб, сигирнинг челагига қуяман. Сигир сувни симириб ичиб, яна кўзимга мўлтираб боқади. Демак, ҳали қонмабди. Хуллас, у қонгунча ҳовузга қатнайман. Сўнг яна адабиёт китобига шўнғийман. Шоиранинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларни обдон ўргангач, унинг иккита узун шеърини ёдлашга киришаман:
Она қалби оёққа турса,
Ўғлим, сира бўлмайди уруш!
Биринчи   шеърни   ёдлаб   бўлгач,   унинг   таъсирида   яна   хаёлга толаман.
Онам эса мени:
– Ҳалима, ҳамма челаклар бўш ётибди. Қизим, овқат қилишим керак, тезроқ бўл…
Мен яна яқин дугонамга айланган ҳовузга қараб чопаман.
Хаёлимда Зулфиянинг иккинчи шеъри:
Гўзал тупроқ узра ёйилди оқшом…
Баланд овозда шеърни ёддан ўқийман. Челакда чайқалиб бораётган сувлар мен билан биргаликда бу шеърни ёд ола бошлайди.
Ҳарчанд уринмайин, охиригача ўрганолмайман. Тунда китобдан бош кўтармай ўтирганимни кўрган Онамнинг менга раҳми келади:
– Ухла, қизим, эрта тонгда уйғотаман. Ўшанда шеърингни бирпасда ёдлаб оласан.
– Хўп, – дейман-у равоқда турган дадамнинг қўл чироғини сездирмай олиб, кўрпанинг остида қўл чироқ билан яна ўқий бошлайман.
Онам сўзида туриб, мени эрта тонгда уйғотади. Шоша-пиша юз-қўлимни ювиб, қийғос гуллаган бодом дарахтининг остига бораман. Ва баланд овозда шеърни такрорлайман. Битта-битта тўкилаётган бодом гуллари овозимни олқишлайди.
Бир пайт қўшнимизнинг келини боғимиз деворидан мўралаб, шарақлаб кулади:
– Ҳа, Ҳалима, тушингни сувга айтаяпсанми?
Шеър завқини бузгани учун уни ёмон кўриб кетаман… Ва яна эътибор билан ёдлашда давом этаман:
Буюк мушоира этади давом,
Дўстим, кел сен ҳам…
Охирги марта такрорлаб, уни ёд олганимга ишонч ҳосил қилгач, уйга кириб, апил-тапил нонуштага ўтираман. Сўнг орзиқиб, ажиб орзуларга тўлган юрагимни кафтимга олиб, мактаб томон шошаман.
Мактаб уйимиздан анча олисда жойлашган. Кичик жонимга қамалган ҳислар йўл бўйи потирлайди. Турли-туман дарвозалар қўлини соябон қилиб менга қарайди. Гуллашга киришган ўрик дарахтлари шоира Зулфияни мендан олдин танишини писанда қилгандек мағрур тикилади.
Ва ниҳоят адабиёт хонаси саналган синфимга кириб келаман.
Негадир бугун барча синфдошларим жиддий тортишган. Уларнинг дилидаги ҳаяжонни сезаман. Биринчи дарс – кимёнинг тезроқ ўтишини истайман. Синф хонамизга қатор қилиб осиб қўйилган шоиру ёзувчилар сурати ичидан гўзал шоир Ҳамид Олимжоннинг ёнидаги шоира Зулфиянинг расмига узоқ термуламан. У бир қўлини иягига тираб, жилмайганча менга боқади. У билан хаёлан суҳбат қураман:
– Шоира бўлмоқчиман, шоира бўлиш қийинми?
– Астойдил интилсанг, ниятингга етасан.
– Тошкентни жуда-жуда кўргим келади.
– Ҳали кўрасан. Тошкент чиройли шаҳар.
– Қандай қилиб катта шоира бўлгансиз?
– Шоир бўлиш учун машаққатдан қўрқмаслик керак. Энг аввало, руҳинг бақувват бўлсин!
– Руҳ нима ўзи?..
Кимё муаллимининг мушти партам устига гурсиллаб тушади. Чўчиб тушаман. У менга қараб:
– Руҳ нималигини сендан сўраяпман? Қани, доскага чик, руҳнинг хоссалари ҳақида гапириб бер!
Шунда хаёл ичидаги суҳбат тилимга кўчганини англайман. Доскага чиқиб,   билганимча сайрайман. Биринчи партада ўтирадиган синфдошим Мусо   кафтига руҳнинг формуласини ёзиб, устозга сездирмайменга кўрсатади.
Иккинчи соат – адабиёт дарси.
Синфдошларим қисқа танаффус пайтида ёд олган шеърларини қироат билан бир-бирларига айтишади. Бутун синф хонаси шоира Зулфия шеърларига тўлади.
Ва ниҳоят синф журналини кўтариб адабиёт муаллимаси, унинг ортидан тўрт-беш нафар аёл ва эркаклар кириб келишади. Улар охирги қатордаги парталарга ўтиришади. “Комиссия” дегани мана шулар бўлса керак. Синф хонаси сув қуйгандек сокин тортади. Онда-сонда синфдошларимнинг ҳаяжонли нафаслари эшитилади, холос.
Муаллима мендан кўп нарса сўрайди. Бурро-бурро жавоб бераман. Сўнг эса бирин-кетин икки шеърни ёддан ўқий бошлайман. Шу пайт синфнинг очиқ деразасидан икки қалдирғоч адашиб учиб кириб келади. Болалик билан хайрлашишни истамаётган синфдошларим комиссиянинг борлигини ҳам унутиб, қий-чув кўтаришади. Муаллимамиз уларни тинчлантириб, жилмаяди:
– Қаранглар, ўқувчилар, шоира Зулфиянинг шеърларини қалдирғочлар ҳам яхши кўришар экан.
Мен эса шеър ўқишда давом этаман. Ўша куни адабиёт дарсимиз роса зўр ўтди. Шоира Зулфиянинг синф хонасидаги сурати ҳам буни диққат билан кузатганини сездим. Комиссия ҳам кўнгли тўлиб, хурсанд бўлиб кетди.
Мен шоира Зулфия билан илк бор мана шундай танишган эдим.
Орадан йиллар ўтди. Адабиёт ва шеър сеҳри мени бутунлай асир этиб бораверди. Орзу қилган шаҳрим – Тошкентга ҳам келдим. Ва ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетига ўқишга кирдим. Талабалик чоғларимда шоира Зулфияни кўргим, у билан суҳбатлашгим келарди. Бироқ бу истагим қуруқлик ичида балиқча юлдузни орзу қилишидек туюларди ўзимга.
Ўқишни тугатгач, вилоят газетасида икки йилга яқин ишладим. Шу давр мобайнида шеърларим матбуотда кўп бор чоп этилди. Тақдир тақозоси билан яна Тошкентга қайтдим. Шаҳар кўчаларидан ўзимни излаб юрган кунларимнинг бирида шоира Муҳтарама Улуғова йўлимдан чиқиб:
– Сизни Зулфия опа сўроқлаяптилар, – деди.
Ҳу-ув ўша истагим катталашди. Муҳтарама опанинг ортидан бораяпману дилимдаги ҳаяжоннинг тўлқини кўзимга келади.
Зулфия опа хонадонига кириб келганимизда жуда кўп шоиралар суҳбат қуриб ўтиришарди. Улар орасида Зулфия опа иссиқ юлдузи ва маъсум табассуми билан ажралиб турарди. Опа мен билан кўришиб, пешонамдан ўпиб қўйдилар. Қайсидир бир шеъримдан тўрт қатор айтдилар. Ўша пайтда кўнглим осмон билан қовушди. Ва негадир синфимиз хонасидаги Зулфия опанинг суратини, адабиёт дарсини ва шеър тинглашга келган қалдирғочларни эсладим. Опанинг меҳр тўла нигоҳи, маъсум табассуми ҳануз ўзгармаганди. Йиллар тўфонида бундай тозаликни қандай асради экан, деган хаёл кечди дилимдан. Ҳаётдаги Зулфия опа билан танишувим жуда ширин кечди. Шоиранинг ўша ҳолатини қандайдир илоҳий қўл юрагим деворига чизиб қўйди. Умримнинг ёмғирли, қорли, изғиринли кунлари ўша суратга боқиб таскин топаман, исинаман.
Ўшанда Зулфия опа мен билан хайрлаша туриб, уй телефони рақамини бердилар. Баъзан тортиниб-тортиниб телефон қилардим. Гоҳида юрагим талпиниб турса-да, безовта қилгим келмасди…
Бугун эса…
               Қўнғироқ қиламан
                                           олис самога,
Юлдузлар энтикиб жилмайган маҳал.
Соғинчни хиргойи қилган жон билан
Кимнидир қўмсайман, бўламан маҳтал.
Ҳаёт китобини варақлайди шеър
Ва тонг қадамини кўчирар дилга.
Кўкнинг нафасида, ой туйғусида –
Юрагим айланар ичиккан гулга.
Афсоналар қайтар хаёл юртидан,
Фасллар қаъридан сизилар вола.
Ҳар баҳор Зулфия опага ўхшаб,
Жуда ҳам чиройли кулади лола.
Соғинчнинг кафтига тўкилар кўнглим,
Ўрикнинг қирмизи гуллари мисол.
Боғлар димоғига ҳидлатиб кетар,
Шоиранинг хушбўй ёдини шамол.
Сезаман, шу чоғда олти томондан
Меҳрми, сеҳрми, недир елаяпти.
Хархаша қилади инжиқ юрагим:
Зулфия опани кўргим келаяпти…
Илоҳий бир овоз келар самодан:
– Ватанга боқ, – дейди, – соғинсанг уни.
Ва қуёшга кўрсат томоша қилсин,
Юрак деворингни ҳар куни.
Зулфия жилмайиб боқар самодан,
Мен ўзбекман деган ҳар битта жонга.
Меҳру оқибати, кўрки билан ҳам
У жуда ўхшарди Ўзбекистонга.

Просмотров: 843 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024