Форма входа

Поиск

Календарь

«  Март 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Четверг, 09.05.2024, 01:42
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2015 » Март » 28 » ҚАЙНОНАЛИ КЕЛИН…
13:39
ҚАЙНОНАЛИ КЕЛИН…

Оила иқлими
ҚАЙНОНАЛИ КЕЛИН…
Биз азалдан жамоа бўлиб яшашга мойил халқмиз. Шунинг учун оилалар тарихи, қайнона-келин муносабатлари ҳам жуда узоқ ўтмишга бориб тақалади. Уларнинг ўзаро муносабати билан туғилган ибратли воқеалар том-том китоб бўлади. Лекин замонлар ўтган сайин авлодлар янгиланади. Даврга қараб оилавий муносабатлар ҳам ўзгаради. Кеча: “тўғри”, деб ўйлаган ҳаётий хулосаларимизни баъзан бугунги кун нуқтаи назаридан бошқача баҳолашга тўғри келади.
Яхши ниятлар билан қиз ўстираётган, уларни оилага тайёрлаётган оналар ҳам қайнона-келин муносабатларидаги собит ва ўзгарувчан жиҳатларни теран ҳис этишлари даркор. Чунки: “Қизим куёвим билан яшайди, куёвимга ёқса, бас”, деган тушунчада озгина ноқислик бор.
Оиланинг мустаҳкам, оилавий ҳаётнинг тинч-осуда бўлиши учун келин қайнонага ҳам ёқиши зарур. Бир она билан қизининг ўртасида кечган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилар эканмиз, ундан оналар ҳам, қизлар ҳам ўзларига керакли фикрларни олади, деб умид қиламиз.
Қиз: Орзуларимни сўраяпсиз… “Ниятларингни айт, келган совчилар билан суҳбат чоғида, балки, керак бўлар…” деяпсиз. Майли, бўлажак турмуш ўртоғимнинг ота-онаси, опа-сингиллари бўлсин. Мен у кишининг кўнгли бутун бўлишини истайман. Лекин тўйдан кейин ота-онаси билан бир уйда эмас, алоҳида яшагим келади. Қайин-бўйинларимга хизматдан қочмайман, лекин ўзимни эркин ҳис қилгим келади.
Тўйдан кейинги илк кунларданоқ:
— Қайнонам нима дер экан? Қайнотам нима дер экан? — дея уларнинг қош-қовоғига термилгим, ҳадик, ҳаяжон ичида яшагим келмайди. “Қарилик гашти”, дейсизлар-ку. Худди шундай, мен ҳам инсон умрида бир марта бўладиган янги келинлик гаштини сургим келади… Янги либослар кийгим, ўзимга қарагим, турмуш ўртоғимни меҳр-муҳаббатим дунёсида яйратгим келади… Гапларимни андишасизликка йўйманг… Сўраганингиз учун айтдим…
Онаси: Қизим, албатта, орзуга айб йўқ. Сен оилага ўз деразангдан қарабгина шундай фикрларни айтяпсан. Сен қайнонага, энг аввало, “она” деб қара. Келиннинг қадамини текширувчи, ҳар бир хатти-ҳаракатингга тош-тарози қўювчи, сал айб иш қилса, жазоловчи сифатида тасаввурга ўрнашган “қайнона” тимсолига чизиқ торт.
“Мен ёқтирган йигитни оқ ювиб, оқ тараган, оғзидаги ошини унга илинган, дуо билан ўқишга, ишга кузатган, кечгача зурриётини кўзлари интизор кутган, кўрганида кўнгли қувончларга тўлиб кетган онанинг олдига боряпман”, деб ўйла. Ўйларингни сев, ўйларингни ҳурмат қил…
Шунда чин уйингнинг тилло остонасини босмасдан мақсад қилган: “Алоҳида яшайман”, — деган хаёлдан воз кечасан.
Келинлик қиз болалик эмас. Бу оламнинг ўз қонун-қоидалари бор. Сен бу қонун-қоидаларни қайнонанг мактабида ўқийсан, ўрганасан. Акс ҳолда келин сифатида саводсиз бўлиб қоласан ва турмуш бир куни сенга «2» баҳо қўйиши мумкин:
— Ойижон, чой ичинг, — дея зарҳал пиёлада эгилиб, чой тутганинг;
— Ойижон, кўйлагингизни дазмоллаб қўйдим, — дея илтифот кўрсатганинг;
— Ойижон, сиз ёқтирган таомни пиширдим, — дея чиройли қилиб сузиб келганинг — булар хизмат эмас, қайнонанинг меҳр булоғи кўзларини очадиган воситалардир.
Сен чиройли кийиниб, учиб-қўниб хизмат қилганингда, қайнонангнинг кўнгли яшаради:
“Меҳнатларим роҳат бўлди”, деган мамнунлик ҳиссиёти пайдо бўлади кўнглида. Ҳаёт, дунё, одамлар кўзига яхши кўринади.
Наҳот, сен шу эзгуликка сабабчи бўлишни истамасанг?
Қайнонанинг гап-сўзлари, қўни-қўшнилар билан борди-келдиларида йиллар синовидан ўтган, инсонга қадр бергувчи қадриятлар бор. Қайнонадан олмасанг, сен бу қадриятларни қайси мактабда ўрганасан?
Ҳомиладорлик, бошқоронғилик, ёш оналикнинг машаққатларини қайнонага суянсанггина, осон енгасан…
Қайнонангнинг ёши улуғ, сен ундан бўлак яшашни истамасанг ҳам, қачондир тақдир сени ундан ажратади. Ўша дамда:
— Ёнларида бўлолмадим, дуоларини ололмадим, — дея армонда ўртангувчи келинчаклардан бўлмаслик учун: “Бўлак яшагим келади”, деган орзуни кўнгил дафтарингдан ўчир…
Қиз: — Ойижон, гапларингиз кўнгил дафтаримга нақшланди. Мен ҳали узоқ-узоқ бу фикрлар ҳақида ўйлаб юраман… Сиз билан бу мавзудаги суҳбатимни давом эттиришга эҳтиёжим бор экан… Аввалдан бу муаммо ҳақида сўз очганим учун узр-ку, … лекин ҳар қандай “мактаб”га ҳам ҳозир “ўқувчи” маълум тайёргарликдан ўтгандан сўнггина қабул қилиняпти.
Мен ҳам асосий “мактаб”га бормасдан аввал сиздан яна бир дарс олсам… Аслида бу савол ҳам сабоқдош дугоналаримнинг ҳаётларидаги муаммоларидан келиб чиққан… Бир дугонам яқинда фарзандли бўлади. Ойиси:
“Бешик тўйига сарпо-суруқ ҳозирлаш осон эмас. Эрингдан озми-кўпми пул олиб, менга бериб тур”, — дебди. Дугонам гоҳ яширинча, гоҳ сўраб, эридан пул олиб онасига бера бошлабди. Бу сир бир куни ошкор бўлибди. Ўша кундан буён қайнонаси дугонам ҳақида:
“Ёлғончи, қўли эгри экан”, деган хулосага бориб, тўнини тескари кийибди. Ахир, дугонам ўша пулларни кўчага сочаётгани йўқ-ку. Онаси бир куни шу уйга —қайнонасининг яқинлари олдида олиб келади-ку. Иззат-обрўни қайнона олади-ку. Нега қайнона дугонамнинг дилини оғритади? Бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак?
Она: — Мен гапимнинг аввалида ҳам айтдим. Қайнона — она. У ёлғонга муносиб эмас. Умуман, ёлғон аралашган ҳар қандай ҳаёт оғу қўшилган ошга ўхшайди. Қайнонанинг дилини оғритган нарса келинчакнинг оилага алдов олиб кираётгани. “Менинг онам бунча сарпо қилди”, дея кўпчилик ичида мақтаниш учун эрининг чўнтагига қўл солаётгани.
Агар дугонанг ўз вақтида: “Ойижон, бешик тўйдаги сарполар кўпнинг кўзига тушади. Онам сизнинг иззат-обрўингизни олиб бериш учун ҳаракат қиляптилар. Аммо қўллари бироз калталик қиляпти”, дея қайнонасининг олдидан ўтганида, балки, қайнона:
“Қизим, мен одамларнинг гап-сўзларига у қадар эътибор қилмайман. Ўзим нимани тўғри деб ўйласам, шуни қиламан. Сиз ҳам онангизга айтинг, ортиқча уринмасинлар”, деган бўлармиди? Агар қайнонасининг талаби катта бўлса ҳам, дугонанг:
“Ойижон, мен сизни тушунаман. Орзу-ҳавасингиз бор. Лекин менинг онам яқинда синглимни узатди, ортиқча сарф-харажатни чўнтаги кўтармайди”, — дея мулойимлик билан шароитни тушунтирганида, балки, қайнонанинг бу қадар жаҳли чиқмасди.
Қизим, Аллоҳ тақдир қилиб, бир куни қайсидир яхши хонадонга келин бўласан. Зинҳор базинҳор қайнонангдан пинҳон иш қилиб, дилини оғритма.
“Келиним менга ишонмайди, шунинг учун сир яширади”, деган шубҳа ҳам қайнона дилига тошдек оғир ботади.
Қиз: — Ойижон, тўғрисини айтсам, “қайнона” сўзининг ўзида салобатли, кишини чўчитадиган нимадир бордек эди. Сизнинг юракдан гапирган гапларингиз туфайли бу сўзга, бу номга нур тушгандек бўлди. Иссиқ, самимий бир кўриниш олди. Раҳмат сизга, ойижон!..
Таҳририятдан: Она билан қизнинг ораси жуда яқин. Бошқанинг тилидан эшитганда оғирроқ туюладиган гаплар она-қиз суҳбатида у қадар малоллик бермаслиги мумкин. Ҳар бир расида қизнинг дилида онадан сўрайдиган саволлари бўлади. Бу саволлар фақат қайнона билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин.
Масалан, келинлик остонасида турган бир қизимиз:
— Баъзи қайноналар келинининг ортиқча ясан-тусан қилганини, пардоз-андозини ёқтирмас экан. “Ўғлимнинг олдига товусдай бўлиб чиқма!” дер экан. Ўғли эса:
— Сени доим чиройли кўргим келади, — дер экан. Хўш, келинчак кимнинг айтганини қилсин? — дея савол йўллабди. Бу саволнинг жавоби кўплар учун қизиқ. Лекин айнан шундай саволга қизининг бахтини ҳаммадан кўра кўпроқ истайдиган оналарнинг жавоби қандай?
Янги рукнимизда энг яхши савол-жавобларни эълон қиламиз. Айниқса, айнан шу бугун қизларнинг тили учига келиб турган саволлари жавобига алоҳида аҳамият берамиз. Ёзинглар, кутамиз.

М.САЪДУЛЛАЕВА.

Просмотров: 888 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024