Форма входа

Поиск

Календарь

«  Март 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Среда, 08.05.2024, 16:26
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2015 » Март » 28 » АЗИЗ БЎЛИШ ИЛМИ
14:00
АЗИЗ БЎЛИШ ИЛМИ

АЗИЗ БЎЛИШ ИЛМИ
Турсуной СОДИҚОВА
Қизим, сенга айтаман…
Азиз бўлиш илми
Бутун дунё эркаклари шарқ аёлларини салкам афсонавий пари тарзида тасаввур этадилар. Ғарбнинг манман деган шоирлари ҳам уларга дилбар мисралар бағишлаб ўтгани ҳақиқат. Турган гапки, оламда чиройи ҳушни оладиган гўзаллар кўп, аммо бизнинг қизлар бундай машҳурликка, асосан, юксак иззат-нафслари, иболари билан сазовор бўлганлар. Миллий кўйлаклар гўёки муборак парда, қадду қоматларни ёмон кўздан асраб туради. Қизларимизнинг энг катта ютуғи сиру малоҳатларини яширин тутишларида!
Маҳбуба ўзини ва туйғусини қанча пинҳон сақласа, ошиқ унга шунча интилаверади! Қизойим, фаҳм этдингми, жисму жонни либос аталган парда остига олмоқ бу – илм! Бу – ўз қадрини кўтариш, азиз бўлиш илми! Момолардан қолган аёллик илми!
Пардоз ҳақида
Ҳар бир халқнинг удумида қоғозга ёзилмайдиган тақиқ ва тавсиялари бор. Бизда ҳам шу. Масалан, пардоз фақат келин бўлгандан бошлаб буюрилади. Оналаримиз ҳам: “Қиз боланинг ўз ҳусни ўзига етади, менинг остонамда одми юр. Эсон-омон бош эгангга топшириб олай, ҳамма ясан-тусанингни ўша ерда қилаверасан!” деган гапни тинмай айтардилар. Ҳатто ўзига тўқ хонадон қизлари ҳам турли-туман кийинавермас, қиммат матоларни-ку қиз бола зоти устига олмас эди. Ҳамма орзу-ҳавас келинликка қолдириларди.
Ёшлигимизда кўз таниш қизларни бирдан пардозу башангликда кўриб қолсак, дарров “Ие, тўйи бўлипти-да!” дея пичирлашардик. Келинлик мушдеккина қизларни мисли олтиндай ярақлатиб юборар, назаримизда, куёвнинг ҳовлисига оддийгина бўлиб кирган қиз у ердан эртаклардаги парига айланиб чиқарди! Бу бир мўъжиза эди! Томларга чиқиб, дарахтларга тирмашиб, келинчак бор ҳовлига мўралар, баҳона топиб кириб, келин саломлардан ҳузурланардик! Келинлик қизларимизнинг умрида бир келадиган ороланиш фасли! Ойланиш, қуёшланиш фаслидир! Шунинг учун ҳам уни баҳорга қиёс этадилар. Шунинг учун ҳам унга кўзи тушган заҳоти кексаю ёшнинг юзи нурланади. Ҳатто қўғирчоқ кўтарган қизалоқдан: “Катта бўлсанг, ким бўласан?” деб сўрасангиз, “келинчак бўламан!”, дея жавоб беради…
* * *
Қизларнинг ихлос қўйган пардози ўсма қўйиш эди. Фалончиникида яхши қоладиган ўсма бор деса, нариги маҳаллаларга ҳам ўтиб кетардик! Ҳайит-арафаларда завқу шавқ билан қўлларимизга хина қўярдик. Юзимизга кечқурунлари қатиқ суртиб, тут пишиғида тут билан оқартирар, аммо ҳаргиз упа-элик ишлатмасдик. Суртгимиз келарди, лекин уялардик. Талаба бўлгач, бебошлик қилиб, қоидани озгина буздик, лекин ўшанда ҳам билинмасин деб, олдин ўсма қўйиб, қаламни унинг устидан юргизардик. Лаб бўёғини эса қўлимизга олмаганмиз! Қиз бола учун лаб бўяш уят иш ҳисобланган. Мабодо, сафимизда битта-яримта ошириб пардоз қиладигани чиқиб қолса, дарҳол унинг шаънига “келин бўлгиси келибди-да!” деган писанда илинарди. Бу жуда оғир гап эди! Юрагининг тубида турган келинликка етиш илинжини сездириб қўйиш қиз бола учун жуда уятли эди, ғоят уятли эди!
Қулоқларингда бўлсин, ойим:
– Оёқларинг остини жаннат деб баҳолайдилар, кийинишларингда, кўринишларингда унинг ҳиди анқиб турсин. Умрингнинг поёнигача уйда юрсанг ҳам, кўзларингга сурма тортиғлиқ, қошларингда ўсма, чаккангга райҳон қистириғлиқ бўлсин!
– Атрофдагиларнинг кўзини зериктириб бир кийимни кунда кияверма.
– Қиммати баланд бўлса-да, рангингга мос тушмаса, у либосни харид қилма.
– Оёқ, бош, устки кийимларнинг рангида бир-бирига мутаносиблиги бўлсин.
– Этаги ёки кийимининг чоки сўтилиб юрадиган аёл – эпсиз ва завқсиз аёл, унинг қўлидан келадигани – борни йўқ қилиш!
– Матонинг ёки кийимнинг ярашмайдигани йўқ, у шудсиз, зеҳнсиз аёлнинг қўлига тушсагина хунуклашади!
– “Моданинг кетидан қувламанг, унинг ўзи қайтиб келади”, деган гап бор. Кийиб зериккан кийимларингни тозалаб, игна билан расолаб, узилган тугмаларини қайта қадаб, сув қоғозларга жойлаб, силаб-сийпаб олиб қўй, сандиқнинг бир четида ёта турсин, ҳаш-паш дегунча у яна русум бўлади, биров совға қилгандаккина бўлади!
Соч ҳақида:
– Соч турмаклаш ҳам санъат: очиқ қулоқ камдан-кам аёлга ярашади, яхшиси, қулоқнинг тепа қисмини соч тагига қистириб олган маъқул.
– Қиз боланинг елкалари таранг, орқалари тахтакачдай туриши керак. Нигоҳинг ерда бўлсин, аммо ғоз юр! Агар қаддингни шундай асрашни билолмаган бўлсанг, курак суякларинг чиққанроқ бўлса, сочингни майда ёки иккита ўриб ташлаб ол. Айбинг беркилади.
Қизлар дўппи киймай қўйгандан бери бозорларда асл ироқи дўппилар сотилмай қўйди. Дўппиларнинг “қулинг ўргилсин” нусхаларидан кий, бошингда Ўзбекистон ярақлаб турсин! Миллатнинг бўлажак онаси сифатида “дўппи” деб аталган дурдонамиз фақат саҳналарда қолаётганидан безовта бўл! Биз аёл сифатида шу қадриятларимизни фарзандларимиз қалбига сингдириб кетмасак, миллатнинг ҳақига хиёнат қилган бўламиз! Оналикни эплолмаган бўламиз!
Агар қош-кўзинг қуюқ бўлмаса, кўринишингдан кўнглинг тўлмаса, аммо сочинг яхши бўлса, гўзал қилиб ўрдир-да, дўппи кий, етмаган чиройингни ўша тўлдиради!
Хуснинг тўкис бўлмай, унинг устига сочинг ҳам кам бўлса-чи? Ҳечқиси йўқ. Сочингни бироз шишириб, орқангга европача чиройли турмаклаб, дўппи кийиб олсанг, ойдай бўласан! Зар дўппилар барчага, айниқса, буғдойи юзлиларга бирдай ярашавермайди. Бизнинг ироқи дўппиларимиз чаман рангида бўлгани боис, ҳамма юзни очади.
Менинг сочим узун эмас, белимдан эди-ю, аммо қалин эди. Ташлаб олсам, ўрими ёзилиб кетавергани учун, дўппининг устидан чамбарак қилиб олардим. Ўша пайтдаги суратларимга қараб туриб, ҳавасларим келади…
Андижонда қизлар келин бўлса, сепига ўнтагача дўппи солинар эди. Тошкентда эса энг катта ва гавжум бозор – дўппи бозори бўлар, қиз бола номи борки, дўппи тикишни билар ва албатта, дўппили юрарди. Ёши 25 – 30 га кириб қолган қизлар ҳам дўппи киярди, дўппи турмушга чиқмаганликнинг белгиси эди.
Болалигимдаги байрамларни эслайман: қизлар кўчаларни тўлдириб, кўйлакларига дўппи рангларини мослаб кийиб ўтиб қолишса, уларга кўзи тушганнинг юрагида бодомлар гуллаб кетарди!

Просмотров: 1186 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024