Форма входа

Поиск

Календарь

«  Март 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Среда, 08.05.2024, 21:11
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2015 » Март » 28 » БАХТ ДУНЁСИГА ОЧИЛГАН ЭШИК
14:06
БАХТ ДУНЁСИГА ОЧИЛГАН ЭШИК

Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз


БАХТ ДУНЁСИГА ОЧИЛГАН ЭШИК


Тўй — ота-она муроди, яқинлар дийдорлашуви.
Тўй — энг яхши тилаклар, энг эзгу дуолар айтиладиган кун.
Шунинг учун хайрлашув онларида:
— Тўйларда кўришайлик! — деймиз.
Кимдандир миннатдор бўлсак:
— Топганингиз тўйга буюрсин! — дея алқаймиз.
Гап-сўзларимиз, хатти-ҳаракатларимиз, турмуш тарзимизга разм солсак, тўй — ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллаганини кўрамиз.
«Икки ёшнинг бахт оқшоми», дея таъриф бериладиган никоҳ тўйларимиз ва у билан боғлиқ барча маросиму урф-одатлар маънавиятимиз, маданиятимиз саҳнасидаги манзаралар эканини дил-дилимиздан ҳис қиламиз. Шунинг учун, яъни халқимизнинг маданий, маънавий даражасини намоён этувчи мезонлардан бири бўлгани учун тўйларни чиройли ўтказиш масаласига истиқлол даврида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қабул қилинган Фармойиш ва қарорлар, ишлаб чиқилаётган Дастурлар асосида тўй-ҳашамларни ўтказиш анча тартибга тушди. Маҳалла оқсоқоллари, фаоллари, маслаҳатчилари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раисларининг саъй-ҳаракатлари, оммавий ахборот воситаларида изчил давом этаётган тарғибот-ташвиқот туфайли «қудалар келишуви» деб аталаётган янгича урф вужудга келди. Анъаналар, урф-одатларни керак, нокеракка ажратиб, ортиқча сарф-харажатларсиз, пешона тери билан топилган маблағ ўринли харжлаб қилинаётган бундай тўйлар ҳар жиҳатдан ибратга лойиқдир.
ЯНА БИР ИБРАТ
Гулҳаё олий ўқув юртига имтиҳон топширди. Шартномавий тўлов асосида ўқишга қабул қилинибди. Ота-онасининг шартига кўра, грант билан ўқишга кирса, ўқийди, бўлмаса, турмушга чиқади. Гулҳаё нима қилсин? Шарт-шарт-да. Тўй тараддуди бошланди. Гулҳаё куёв бўлмиш йигит билан учрашди. Ўқиш орзуси ушалмагани учун қизга тўй ҳам аҳамиятсиз бўлиб кўринди. Индамай розилик берди. Тез орада тўй ҳам бўлиб ўтди. Ихчам, ортиқча дабдабасиз ўтган тўй Гулҳаёга ҳам, ота-онасига ҳам у қадар ўтиришмади. Куёв томон , қизнинг ота-онасига сепни катта қилишига, ҳашамдор мебеллару жиҳозлар олишга йўл қўймади. «Ўзимизда етарли, ортиқча харажат керак эмас». Келиннинг уйига дабдаба билан «Лимузин» келмади. Тўйда машҳур санъаткорлар навбат кутиб қолмади. Чарлару бошқа урф-одатлар ҳам ихчамгина ўтди. Ҳолбуки, куёвнинг оиласи ўзига тўқ хонадонлардан эди. Гулҳаё «турмушда ҳам омадим келмади…», деб ўйлаяпти.
Аммо унинг омади келган эди. Маданиятли, узоқни кўзлайдиган оилага келин бўлганди. Бу тўйнинг учинчи куниёқ маълум бўлди. Нонушта пайтида қайнонаси унга бир қоғоз тутқазди. «Қизим, биз шартнома пулларини тўлаб келдик, энди ўқишга бораверсангиз бўлади».
Кейин билдики, Гулҳаёнинг ўқишга кирганини билган бўлажак қайнонаси Саодат опа уни ўқитиш учун тўй ҳаражатларини қисқартирибди…
ЎЗИМИЗ ТЎҚИГАН ТЎРЛАР
Ҳа, тушунган инсонлар ҳаёт йўлларида мана шундай мезонларга таянадилар. Лекин тўйга ҳозирланаётган ҳамма хонадонда Саодат опадек оқила аёллар борми? Агар бўлганида, биз тўй мавзусига такрор-такрор қайтармидик? Анъанавий тарзда келаётган, «замонавий» орзу-ҳаваслар билан бойитилган ёки қайси бир миллатларга тақлидан никоҳ тўйларимизга кириб келаётган урф-одатларни кўриб, ўзимиз тўқиган тўрларга тобора қаттиқроқ ўралиб-чирмашиб бораётганимизга гувоҳ бўламиз.
Андижонда (яна водий тарафлардаги баъзи ҳудудларда) «мазар еди» деб аталган бир одат бор. Унга кўра, қиз узатган хонадондан куёв тарафга қирқ кунгача уч маҳал йўқлов юборилади. Эҳтимол, қачондир янги ҳаёт бошлаган, жисм-жонида ўзгариш содир бўлаётган ёшларга мадад бўлиш маъносида камхаржроқ оилага қиз берганлар бу одатни бошлаб бергандир.
Келинг, мулоҳазага киришмасдан аввал рақамларга мурожаат қилайлик:
Истиқлол йилларида аҳоли жон бошига тўғри келадиган гўшт истеъмоли 1,3 баробарга, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 карра, картошка 1,7 баробар, сабзавотлар 2 марта, мевалар 4 баробарга ошган. Бу мутахассислар томонидан мақбул ҳисобланган меъёрдан кўпдир.
Бугун бозорлар, супермаркетлар расталарини тўлдириб турган авваллари бўлмаган кўплаб неъматлар дастурхонларимизни безамоқда.
Мадомики, шундай тўқчилик, тўкислик даврида яшаётган эканмиз, куёвнинг уйига эрталаб сомса, патир, қаймоқдан тортиб асал (кейинги йилларда бу саноққа қуюлтирилган сут, кофе, турли ширинликлар ҳам қўшилган)гача юбориш шартмикан? Тушда, кечликда яна иссиқ овқат … Бир кун ош, бошқа кун мантии каби тансиқ таомолар…
«Қиз чиқарган хонадонга қирқ йил тегма», деган нақл қайда-ю, камайиш ўрнига кўпайиб бораётган «мазар еди» ғавғолари қайда?
Бу қизнинг ота-онасига нописандлик шунингдек, куёвнинг ориятига тушган доғ эмасми?
Ёки бўлмаса, Жайҳун бўйи тарафларда янгидан урфга кирган «гулянка» деган (номини қаранг!) ғаройиб одатга эътиборимизни қаратайлик. ФХДЁ бўлимига расмий никоҳдан ўтишга кетаётган ёшлар ўнтача машинага ўтириб, карвон бўлиб олишар экан. Тўхтовсиз сигнал чалиб, пойга қилаётган машиналар кабинасидан ярим белигача чиқиб шампан виносини очаётган йигитлар, қадаҳлар жаранги — ҳаммаси қўшилиб, «гулянка»нинг умумий манзарасини ташкил қилади.
Расмий никоҳдан кейинги кафедаги ўтириш, санъаткорлар ташрифи, машиналар учун кетган маблағлар бир тўй харажатига яқинлашиб қолмайдими? Тўйдан аввал «тўйча» ўтказиш қанда моҳият касб этади? Тўй — икки ёш ҳаётининг дебочаси. Эртаги турмушида уларга кўп нарса керак бўлади. Бирини ўйламай сочиб, тўйдан сўнг иқтисодий танг аҳволга тушиб қолган хонадонлар йўқми? «У кам, бу кам» деган ғиди-бидилар баъзи ҳолларда оилавий ажралишларга олиб келаётгани ҳам сир эмас.
Ҳар бир вилоятнинг тўй-ҳашамлар борасида ўзига хос чиройли удумлари, одатлари бор. Лекин ўша чиройга соя ташлаётганлари ҳам кам эмас.
Водий тарафларда янги келинчак тушган хона деворларинг тўрт тарафига гир айлантириб осилган, тўрт фаслга мослаб тикилган бош-оёқ либосларни кўрганда, бош айланиб, кўз тинади.
— Вой-бў, роса зўр-ку! Кўйлаги, шиппаги, сумкасининг рангигача бир хил…
— Пальтонинг ўзидан учта, — деган ҳайратомуз гаплар қулоғингизда қолади.
Хўш, кейин-чи? Ота-она рўзғордан сиқиб ёки қарз кўтариб харид қилган бу кийим-кечаклар эртага урфдан қолгач, ёшлар уларни киядими? Сандиқзада бўлиб, куяга ем бўлиб ётмайдими?
Бугун олқишу ҳайратга сазовор бўлган либосларга кетган маблағ сувга оққан бўлмайдими?
Ёки Қашқадарё, Сурхондарё тарафларда келинчакнинг уйини ясатиш учун қилинаётган тах-тах кўрпа-кўрпачалар ҳақида нима дейсиз?
Буюмларни қўя турайлик, пойтахт ва унинг атрофларида яқин-яқингача фотиҳа тўйларида қуданикига нари борса, 4 хил овқат жўнатиларди. Кейинги пайтларда (Фотиҳа тўйини ихчамлаштириш долзарб масала бўлиб турган бир пайтда) қудалар бир-бирлариникига патнисда пишган қўзичоқ жўнатишяпти.
Бунақа пойга кетаверса, эртага нима бўлади?!
ЯНА РАҚАМЛАРГА МУРОЖААТ ЭТАМИЗ.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яшаётган ҳар учта оиланинг биттаси шахсий енгил автомобилга эга. Юртимиздаги ҳар 100 та оилага ўртача 80 та музлаткич, 146 та телевизор тўғри келмоқда. Баъзи оилаларда икки-учтадан телевизор бор. Шунингдек, аҳолининг кир ювиш машинаси, пилесос, микротўлқинли печлар, шахсий компьютер ва бошқа зарур воситалар билан таъминланиш даражаси ҳам ортиб бормоқда.
Агар тўй-ҳашамлардаги юқоридагидек нокерак урф-одатлардан воз кечсак, бу рақамлар салмоғи яна ҳам ортади.
…Яқинда маҳалламиздаги ёшлардан бири ўзаро суҳбатда:
— Фалончи акам (гап ўша менга ҳамсуҳбат йигитчанинг мактабдош акаси ҳақида кетяпти) севган қизига: «Менга турмушга чиқасизми?» дея таклиф қилиш учун 20 миллион сўм сарфлади. Кафе хизматчилари, мусиқачилари кун бўйи фақат шу икки севишганга хизмат қилишди. Гулдастанинг ўзи 500 минг, тақдим этган узуги эса 10 миллион тураркан, — деди…
Аслида европаликларга хос бўлган бу одат бизда эндигина айрим янги ўзбек бойлари орасида урф бўлмоқда. Эҳтимол, ёш суҳбатдошимнинг гапида андак муболаға бордир. Акаси 20 миллион эмас, 10 миллион сарфлагандир.
Лекин биз энди қадростлаётган миллатмиз. Иқтисод билан боғлиқ ҳал қилиниши керак бўлган талай муаммоларимиз бор. Шундай экан, ҳар бир сўмимизни жой-жойига сарфлашимиз маъқул эмасми? Уларни шундай харжлайликки, ўзимизга ё моддий ё маънавий бойлик шаклида қайтсин.
Қиссадан ҳисса: Биз аксарият ҳолларда давр тўлқинларида юзага чиқаётган нуқсонларни четдан бўлаётган таъсирлар билан боғлаймиз. Агар ўзимиз тўқиган тўрларга ўралашмасак, ҳар бир қадамимиз, хатти-ҳаракатимизни ақл торозусида ўлчаб яшасак, четдаги таъсирлардан ҳадиксирашимизга ҳожат қолмасди.
Зеро, «тўй» дегани елиб, югуриб, ҳориб-толиб, борингни сочиб, ҳаётдан тўй дегани эмас, фарзандларинг қувончига шерик бўлиб, бахтга тўй, деганидир.

Анвар ҚУЛМУРОДОВ,
«Олтин қалам» миллий
мукофоти совриндори.

Просмотров: 962 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024