Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 00:48
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Июль » 29 » БОЙЛИК ДЕБ БОЛАСИНИ БОЙ БЕРАЁТГАНЛАР
14:00
БОЙЛИК ДЕБ БОЛАСИНИ БОЙ БЕРАЁТГАНЛАР

БОЙЛИК ДЕБ БОЛАСИНИ БОЙ БЕРАЁТГАНЛАР

Печать

 

Фарзанди тарбияга муҳтож "тарбиячи”
Қизим мактабдан янги гап топиб келди:
— Севаранинг ойиси Туркияга ишлагани кетибди. Ўша ёқдан дугонамга қимматбаҳо телефон юборибди, — деди ҳаяжонланиб. Унинг сўзларига унчалик эътибор бермай, кулиб қўяқолдим. Аммо қизимнинг синфдошига ҳаваси борган сайин ортар, унга онаси нималар юборгани ҳақида гапириб чарчамасди.
Бир куни у:
— Ойижон, сиз ҳам Туркияга ишлагани боринг. Кейин менга ҳам телефон жўнатасиз, — деб қолди. Шунда у билан жиддий суҳбатлашмасам бўлмаслигини тушундим. 
— Ойиси Туркияда бўлса, бу ерда дугонанг ва акасига ким қараркан? — дедим қизимни саволга тутиб.
— Бувиси. У Севараниям, акасиниям ҳечам уришмас экан. Шунинг учун Севара хоҳлаган ишини қилади. Мактабга кўп пул олиб келади.
Бир куни қизимнинг устози қўнғироқ қилиб, ота-оналар мажлиси ўтказаётганини, албатта боришим кераклигини айтди. Ишдан рухсат олиб, мактабга бордим. Чақирилган ота-оналарнинг деярли барчаси синф хонасига йиғилганди. Мажлис бошланганда ўқитувчи:
— Севаранинг уйидан ким келди? — деди ота-оналарга юзланиб.
— Мен, — деди орқа партада ўтирган кекса аёл. — Бувиси бўламан.
— Ойиси ёки дадаси келса яхши бўларди.
— Дадаси эрталаб ишга кетиб, кеч қайтади. Ойиси Туркияга ишлагани кетган. Нима гапингиз бўлса, менга айтаверинг. Келиним тез-тез қўнғироқ қилиб, болаларининг аҳволини сўраб, билиб туради.
— Келинингизнинг кетганига неча йил бўлди?
— Икки йил.
— Нима иш қилади?
— Тарбиячилик. Бир одамнинг боласига қарайди.
— Набирангизнинг тарбиясидан кўпчилик ўқитувчилар нолишяпти. У мактабга кийиб келиш мумкин бўлмаган кийимларда келади, ёшига муносиб бўлмаган тарзда юзига турли бўёқларни чаплаб олади. Мактабда қўл телефонининг мусиқасини баралла қўйиб юради. Ўтган куни танаффусда директор уни тўхтатиб, тартибга чақириш мақсадида насиҳат қилса, Севара унга: "Ота-онам олиб берган телефондан истаганимча фойдаланаман”, деб гап қайтарибди. Мактабнинг ўз қонун-қоидалари бор. Тўғри, телефондан фойдаланиш тақиқланмаган, аммо ўқувчилар дарс пайтида ёки мактаб ҳудудида уни ўчириб қўйишлари шарт. Илгари ҳам мен кўп бора Севара билан гаплашганман, насиҳат қилганман. Менимча, набирангиз сизнинг гапингизни ҳам назар-писанд қилмайди. Синфдаги қизлар кўр-кўрона Севарага тақлид қилиб, ундан ўрнак олишяпти. 
— Қизим, сизни тушунаман. Болаларга тарбия бериш қийин масала. Мен ҳам қийналиб кетдим, — набираси ҳақидаги ножўя сўзларни эшитган онахон кўпчилик олдида бироз мулзам бўлиб, оилавий шароитини тушунтиришга ҳаракат қилди. — Келинимга: "Бировнинг боласига тарбия бергандан кўра, келиб ўз болаларингга қара”, деб неча бор айтдим. Афсуски, қулоқ солмаяпти. Болаларини бировдан кам қилмай деб ўзга юртларда юрганмиш. Ахир буларнинг усти бут, қорни тўқ бўлгани билан ота-она меҳрини, тарбиясини кўрмай ўсяпти. Мен бир кампир бўлсам. Қўлимдан нимаям келарди?

"Доллар”га қара, сувга тушиб кетмасин!”
Болаларга дам олиш куни истироҳат боғига олиб бораман, деб ваъда бериб қўйгандим. Эрталаб кийиниб, уйдан чиқишга ҳаракат қилиб тургандик, эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Эшикни очсам, остонада узоқ қариндошим Комил ака уч нафар боласи, хотини билан кулиб турибди. Анчадан бери кўришмаган қариндошларимнинг ташрифидан хурсанд бўлдим.
— Келинойинг Тошкентни айлантириб келинг, деявериб қулоқ-миямни қоқиб юборди. Пулни белга тугдигу, йўлга чиқавердик. Энди, қариндош, ўзинг бир шаҳарни айлантирасан-да. 
— Ўзимиз ҳам айланишга бормоқчи бўлиб тургандик. Келганларинг яхши бўлди. Баҳонада болалар бир яйрашади, — дедиму, қариндошларни олиб йўлга тушдим.
Истироҳат боғи гавжум экан. Болалар арғимчоқларни кўриб, шошиб қолишди. Қариндошимнинг бир боласи югураман деб йиқилиб тушди. Шунда у хотинига:
— Мен сенга боладан кўзингни узма дегандим-ку, — деди. Келинойим болани бағрига босиб юпатди. Сув бўйига яқинлашганимизда болалар қийқирганча анҳор томон чопа бошлашди. Шунда қариндошим "Долларга қара, сувга тушиб кетмасин!” деди хотинига. Болага долларнинг нима алоқаси бор экан, деб ҳайрон бўлдим. Болалар арғимчоқ учишаётганда ҳам эр-хотин "кенжатой”ларидан кўз узишмади. 
Қариндошимнинг болажонлигига қараб ҳавасим келди. 
— Қанийди, барча оталар фарзандларига сиздай ғамхўрлик қилишса, — дедим келинойимнинг олдида мақтагандай бўлиб.
— Э, жиян нимасини айтасан?! Бу болани катта қилгунимизча сочимиз оқариб кетди. Олти ойлигида ота-онаси бизга ташлаб, Россияга ишлагани кетишган. Ҳар ойда 100 доллардан пул юбориб туришади. Бировнинг омонати, бу бола. Бирор кор-ҳол бўлмасин, деб жонимиз ҳалак. Ўзимизнинг болаларимизни ёмғирда қолдирсак ҳам, буни папалаб катта қиляпмиз. Ундан келаётган даромад ҳам бир коримизга яраб турибди.

Ота дуосини ололмаган келин
Водийга хизмат сафарига кетаётиб, бир савдогар аёл билан ҳамроҳ бўлиб қолдим. Суҳбатлашиб довондан ошиб қўйганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Гап орасида у қуйидаги воқеани ҳикоя қилиб берди:
— Дугоналаримдан бири: "Жиянимни турмушга узатяпман, тўйга боринглар”, деб қолди. Қизнинг ота-онаси беш йилдан буён Россияда ишлар экан. Улар сердаромад ишни қўлдан чиқариб юбормайлик деган мақсадда қизларининг тўйини ўтказишни синглисидан илтимос қилишибди. Дугонам ва эри тўйга бош-қош бўлишди. Келин учун ҳамма нарса бадастир. Аммо ота-онанинг ўрни шундай пайтларда билинар экан. Куёвнавкарлар "Ёр-ёр” айтиб тўйхонага кириб келишди. Одатимизга кўра йигитлар бир овоздан "Куёв ўтирмаяпти!” дея уч маротаба қичқиришди. Йигитлар тик туриб, қайнонанинг даврага чиқиб келишини кутишди. Аммо қайнонадан дарак бўлавермагач, даврада саросималик бошланди.
— Бу уйнинг катталари борми ўзи? — деди бетоқатроқ бир йигит. Одамларнинг кайфиятини туширмаслик учун бошловчи микрофонни қўлига олиб, она ҳақидаги шеърлардан ўқий бошлади. Жўралари олдида мулзам бўлган куёв бошини қуйи эгиб олганча даврани зимдан кузатар, қайнонасининг тезроқ бўй кўрсатишини кутарди. Бир пайт қариндош аёллардан бир-иккитаси 55-60 ёшлардаги қўшни аёлни мажбурлагандай етаклаб саҳнага олиб чиқишди. Онахон микрофонни қўлига олиб, бироз каловланиб турдию, сўнг келин-куёв ҳақига чиройли сўзлар билан дуо қилиб, ўтиришга рухсат берди. Созандаю хонандалар томонидан янграган шўх куй-қўшиқлар даврага яна жон киритди. Бояги саросималик ўрнини хурсандчилик эгаллади. Тўйнинг биринчи қисми тугаб, келинни куёв томонга олиб кетиш пайти келди. Оқ либосдаги келинни дугоналари уйдан ҳовлига олиб чиқишди. Одатимизга кўра қиз бола ўзга хонадонга отасининг оёғига бош уриб, ундан дуо олиб кетади. Аммо ўша куни дуо бергувчи ота узоқда эди.
Биз ота-оналар яхши ниятда фарзанд тарбиялаймиз, ҳаётимизнинг энг гўзал онларини уларга бағишлаймиз. Кексайганимизда болаларимиздан меҳр кўриш учун меҳр берамиз. "Менинг қизим зўр шифокор бўлади, ўғлимдан яхши ҳуқуқшунос чиқади”, деб таъкидлашдан, уларнинг яхши одам бўлишга ундашдан чарчамаймиз. Аммо... фарзандининг қувончли дамларида бирга бўлмаган, тоби қочганда тепасида турмаган, ўзга юртларда бойлик илинжида юриб, балоқат остонасида турган дилбанди сирларини кимга айтишни билмай, хато қилаётганда тўғри йўлга солмаган, қизи ўзга хонадонга падарининг оқ фотиҳасини олмай кетаётган ота-оналарни ким деб аташни билмадим. 
Нигора РАҲМОНОВА
Просмотров: 796 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024