VatanБоғ

Чиғатой дарвозада бувимнинг боғ ҳовлилари бўларди. Болалик чоғларимда ўша боғга тез-тез бориб турардим. Эски пахса девор, меваси ғарқ пишган дарахтлар, ерга тушиб ётган олма, ўрик, шафтоли… Қандайдир ғалати, сирли бир олам, ўзгача таассурот дунёси эди бу?!.
Эҳтимол, боғ деган сўзни илк бора ўшанда эшитгандирман. Бу сеҳрли сўз бор жозибаси, ҳайратбахш кўлами ила илк бора ўшанда ўрнашгандир ёдимга… Кейинчалик  эртак китобларидан афсонавий боғлар, Боғи Эрам ҳақида ўқидим. Ва, табиийки, боғ деган сўзнинг сеҳр тўла дунёси янаям кенгайиб кетгандай бўлди.
Ҳозир шуни эсласам, ўша бола тасаввуридаги боғ бежиз мўъжизалар олами бўлиб туюлмагандир, деб ўйлайман.Зеро, қанча рамзу тимсол, қанча ҳикмат мужассам  бу мўъжаз сўзда.
Ҳаёт боғи, умр боғи,  кўнгил боғи…



Боғ – ободлик, тўкинлик, ризқ бутунлигининг бир белгиси, шартидай… Зеро, боғнинг энг муҳим жиҳати, маҳсули – унинг меваси, неьмати. Шу боис ҳам соҳибқирон Амир Темур бежиз айтмагандирлар: “Хон бўлсанг-да, боғ ярат, гадой бўлсанг-да, боғ ярат – бир кунмас бир кун мевасини татирсан”, деб.
Лекин, бу тимсоллар орасида ўзгачаси борки, хаёлимга шу тимсол келаверади…
Дунёдаги энг гўзал боғ – Ватан!
Сизу биздай шу тупроқдан бўй чўзган ниҳолларни бирлаштириб, барқ уриб турган поёнсиз бир боғ – Ватан! Қолаверса, эртакдаги боғлар – бу фақат орзу, хаёл, холос. Аммо, айни пишиқчилик кунлари барқ урган боғлар ҳар қандоқ афсонавий бўстондан аълодир. Шу боғларга Ватан бўлган, аждодлар, асрлар барпо этган ва минг шукрки, бугунги авлод ҳам ниҳол қадаётган боғ – шу табаррук Ватан-чи?! Тенги, ўхшаши, азизроғи  борми  ундан?! Асло завол кўрмасин деб, элу юрт бежиз дуо қилмайди-ку мудом…
Балки, шу боис ҳам, Ватан деган муқаддас каломга уйқаш бўлгани учун ҳам, бизга болаликдан сирли, сеҳрли бўлиб туюлар боғ деган сўз…
Жондан   азиз…

 
Народная артистка Узбекистана Малики Ахмедовой проведёт семинар на тему «Жанон буламан деб».
AFISHA.UZ
 

Истиқлолимизнинг уч йиллиги арафасида Ватан ҳақида бир кўрсатув – кинокомпозиция тайёрлашга киришгандик. Композицияни номлаш чоғи анча ўйландик. Шундай бир ном бўлсаки, Ватан деган сўзни айтмай турибоқ, сарлавҳанинг ўзидан Ватан меҳри  намоён бўлса, баландпарвоз хитоблардан йироқ, кўнгилга пайванд, самимий қайноқ сўз бўлса, дедик.
Ниҳоят,  “Жондан азиз” деб номладик кўрсатувни.
Шу табаррук юрт,  муқаддас замин, қалбимизга пайванд шу Ватан жондан азиз эмасми, зеро?!. Аслида, бундай қараганда, жондан азизроғи, ширинроғи йўқдек… Лекин, она боласи, ошиқ ёри учун жондан кечишга тайёр… Ватан ҳам она, ҳам бола, ҳам ёр қиёфасида намоён бўлса, жондан-да, азизроқ эмасми у? Яна ўша машҳур сатр ёдга тушади: “Ватандин яхши ёр ўлмас…”
Ҳа, энг яхши ёр – Ватан!. Биз  асл ошиқ бўла билсак, бас… Асл ошиққа эса ёр учун жонфидолик ҳам шараф, ҳам саодат…“Ватанни севмоқ иймондандир”, деган ҳадиснинг буюк ҳикмати бир қиррасидир бу… Яна бир жиҳати , қалбимиз, жонимиз минглаб нозик ришталар, қайноқ томирлар ила шу азиз юрт билан чамбарчас боғланиб кетганки, баъзан жон ва Ватан тушунчаларини бир-биридан айро  тасаввур этиш ҳам қийин… Жисмимиз ва қалбимизни ифода этгувчи “Жон ва тан” деган сўзларни сал тезроқ  айтсак, “Жон Ватан” бўлиб янграши ҳам бежиз эмасдир шу боис…
Шу азиз Ватаннинг эрки, озодлиги, бахти йўлида не-не мард ўғлонлари, не-не гулгун қизлари жон фидо этганини, жондан кечганнини эслар эканмиз, улар олдидаги бурчимиз, қарздорлигимиз яққол аён бўлади. Бизларни ўстирган, бешигимиз ва онамиз бўлмиш шу муқаддас ошённи, унинг эрку озодлигини энди кўз қорачиғидек авайлаб, келажакка омон етказиш бурчи – ворислик ҳисси уйғоқ бўлади томирларимизда… Шу боис ҳам жонимиздан азизроқдир бу муборак маскан, жондан азиз Ватан!.

Ватанни англаш

Ватанни англаш унинг муқаддаслигини англашдан бошланади, назаримда… Худди онанинг муқаддаслигини англагандек… Бутун вужудимиз, томирларимиз, қонимизу жонимиз билан бу муқаддасликни ҳис этгандек…
Ватан таьрифида кўп сўзлар айтилган. Айтилмоқда. Ва келажакда ҳам айтилиши муқаррар. Зеро, ҳар бир авлод, ҳар бир инсон,  аввало, ўзини англаш учун ўз қалбига, ўз илдизларига боқаркан, шу тариқа, Ватанни ҳам теранроқ, чуқурроқ англай бошлайди. Демакки, ҳар бир янги кун Ватан ҳақидаги янги бир ҳикматни англашимизга имкон беради.Ўзимизни чуқурроқ билиб борганимиз сари она юрт, ота макон, киндик қони тўкилган тупроқ, бизни аждодлар билан боғлаган руҳий-маьнавий ришталар ҳақида ҳам кўпроқ ўйлай бошлаймиз. Ҳазрат Навоий айтган: “Жон риштаси” – қалбимизни шу азиз ва муқаддас Ватан билан боғлаган жон томири ҳақида фикр қиламиз. Ва, энг аввало, англаган ҳақиқатимиз, муқаддас деган калом бўлади.
Она муқаддас.
Бешик муқаддас.
Ватан муқаддас…
Муқаддас хилқатларни эса инсон ғоят авайлайди, азиз билади, уларга гард юқтирмасликка интилади. Кўз қорачиғидек асрайди. Буюк аждодларимиздан бизга ибрат ва мерос бу хислат.
Ҳалоллик, покликни билиш, қадрлаш…
Оқ йўргак, оқ сут, оқ ювиб-оқ тараш… Бу сўзларни бари халқимизнинг қалби, руҳияти, бутун борлиғини намоён этгувчи тимсолларга айланган. Зеро, поклик, ҳалол ризқ, покиза турмушни ҳар недан баланд қўяди халқимиз. Имон-эьтиқоди, тарихи, турмуш тарзи, бир сўз билан айтсак, қалби покдир шу боис…
Шу покликка Ватандир бу юрт,
Табаррук юрт, муқаддас Ватан!
Ватанни англаш – унинг муқаддаслигини англашдан бошланаркан…

Тошлардаги гуллар

Баҳор чоғи тоғу тошларга чиқиб, табиат чиройидан баҳраманд бўлган кезларингиз, ажиб манзарага гувоҳ бўласиз. Гувоҳ бўласиз-у, кўнглингизда бир савол уйғонади.
Қандай қилиб улкан тошларнинг бағридан  гуллар униб чиқади? харсангу қояларни ёриб, ушоққина чечаклар бош кўтаради? Тоғу тошлар, ваҳшат жарликлар қўйнида гўёки нур таратиб, нозик ғунчалар ўсади.
Шу замин меҳридан унгандек улар… Ҳароратидан, қуёшидан, саховатидан унгандек… Шу юрт тупроғининг ранго-ранг хислатини ўзида жамлаган ва кўз-кўз этгандек бу чечаклар…
Гўзалликнинг мангулигига, эзгуликнинг пойидорлигига, муҳаббатнинг боқийлигига ишорадек…
Тошларида ҳам гул унади бу юртнинг…
Тошларининг ҳам гул тилида айтгувчи ўз қўшиғи бор. Тингласанг, кўнглинг ўсадиган қўшиғи…
Баҳор билан уйғонади бу гуллар… Қандайдир бир ички қувват, куч-қудрат бор шу мўьжаз жисмда… Тоғларнинг шамолу тўзонига, ёмғиру қорига, изғиринига дош бериб, яна қуёшга интилиб, жилмайиб тураверади. Шу табассум кўнгилга шуьладек кириб борса, ғуборларни аритиши тайин. Шу гўзалликни кўриб, дили яйраса  ёмонликка, ёвузликка қўл урадими одам?!.
Сиру синоати шундадир бу чечакларнинг… Шу боис ҳам тошларни-да, қояларни-да, ёриб чиқар…
Ахир, гўзалликнинг, эзгуликнинг йўлини тўсиб бўладими?!.

Тўла ўқилмаган китоб

Саёҳатдан ҳикмат топмоқни истайди инсон!
Юртимиз бўйлаб қанча кўп кезсак, саёҳат қилсак, шунча кўп ҳикмату ҳақиқатни англар эканмиз. Чунки, бу тупроқнинг ҳар заррасида бир тарих, бир асотир бор. Кўҳна ва табаррук китобга ўхшайди бу тупроқ…Дунёнинг ҳеч буржидан топилмас ўз китобимизга…Халқнинг неча минг йиллик маданияти, маьнавияти, хотираси яшаяпти унинг саҳифаларида… Ҳаттоки, кимсасиз кўринган биёбону адирлар, кўҳна харобалару тепаликлар, тоғу тош, қояларга боқиб ҳам ҳис этиш мумкин буни… Биргина мисол… Навоий вилояти Оқтоғ-Қоратоғ қояларидаги расмларни олайлик. Бу расмларнинг тарихи олис мозийга бориб тақалади. 5000 дан 7000 йилгача бўлган давр билан ўлчанади уларнинг тарихи…
Бу расмларда, илмий тил билан айтганда, петрографларда аждодларимизнинг идрок ва тафаккур олами намоён бўлади. Уларда фақат расмлар эмас, жуда кўп рамзлар, тимсоллар акс этган.
Қуёш рамзи, боқий дунё, табиатнинг мангулиги, навқиронлик рамзи булар…
Дунёни англаш, мушоҳада кўлами бизни лол этади. Шу билан бирга, кундалик турмуш лавҳалари, ов манзаралари акс этган бу расмларда…
Қачон чизилган бу расмлар? Ким чизган уларни? Балки бир неча авлод ижоди маҳсулидир бу? Келажакка йўлланган бу мактубларда яна қанча сиру синоат бор…
Ўқий олдикмикин уларни?
Ўқисак, тарихимиз, аждодларимиз ҳақида буткул янги оламларни кашф этармиз…
Ҳа, чиндан-да кўҳна ва табаррук китобга ўхшайди бу тупроқ…
Тўла ўқилмаган китобга…

Юртим гиёҳлари

Муқаддас Ватанимизнинг ҳар тошу гиёҳи азиз, ҳар зарраси табаррук. Бу шунчаки баландпарвоз гап эмас. Сал чуқурроқ ўйласак, атрофга теранроқ назар ташласак, бу гапнинг исботи шундоқ намоён бўлади. Биргина мисол. Униб-ўсганимиз, киндик қонимиз тўкилган шу она юрт тупроғини олайлик. Қанча хислат, қанча ҳикмат мужассам унда… “Бу тупроққа ҳаттоки таёқ қадасанг ҳам гуллаб кетади”, деган гапда муболағадан кўра, кўпроқ ҳайрат бордир балки…   Она замин, табаррук замин қудратига ишорадир ё… Меҳри, саховатига ишорадир… Ватан тупроғининг ажиб хислати унинг мўъжизаларида намоён. Ҳаммамиз ҳамиша кўрган, билган мўъжизаларида… Бутун юрт бўйлаб сочилиб ётибди улар. Энг муҳими, бу тупроқ мўъжизаларидан ҳамиша шифо ва дармон етиб туради инсонга.  Биргина гиёҳларида қанча сиру синоат бор…
Дунёнинг энг хушманзара ерларидан қолишмайдиган сўлим масканлар, тоғу тошлар кўп юртимизда. Ана шу тоғу тошлар бағрида дунёда кам учрайдиган гиёҳлар унади. Сон-саноқсиз гиёҳлар… Неча дардга даво гиёҳлар… Ҳар бирининг ўзгача хислати бор. Баъзиси кун ёруғида кўринса, баьзиси ой ва юлдузлар шуъласи остида кўринади. Шунинг учун ҳам халқ табобатидан бохабар кишилар кечалари тоғу тошларни кезиб, меҳригиё деб аталувчи гиёҳга бир белги боғлаб қўйишаркан. Айтишларича, тунда ўзидан нур таратаркан бу гиёҳ…
Балки, ҳаёт нуридир бу…
Ибн Синодек буюк аждодларимиз, ҳакиму табиблар бу гиёҳларнинг хислатини кўп яхши билишган. Минг дардга шифо топишган ундан… Бу гиёҳлар мисоли шу азиз Ватаннинг, шу юртнинг бутун меҳрини, ҳимматини, саховатини, қалб ҳароратини худди қуёш нурлари каби шимиб, сўнг, мисоли бир булоқ бўлиб, шифо булоғи бўлиб, тупроқ тубларидан сизиб чиқади.Ушоққина жисмида катта қувват, ҳаёт қуввати билан униб чиқади. Зомин ва Оқтошда, Бахмал ва Нуротада, Чортоқ ва Чимёнда, Мироқи ва Бойсунда, қўйингки, бутун Ўзбекистонда кўп бундай гиёҳлар… Ўзгача бир рамзу тимсол бордек уларда…
Ҳаёт… Умид… Саховат…
Ўзбек тупроғининг бағридан фақат шундай гиёҳлар унади.

Қўшиқ

Инсон қалбининг бор туғёнлари, ҳолати, кечинмаю зарблари, ҳайрату нидосини тўла ва яққол ифодаловчи, акс эттирувчи бир мўъжиза бор дунёда… Миллати, дини, ирқи, бой-камбағаллигидан қатъи назар, дунёдаги барча инсонларга бирдай таьсир қилувчи, кўнгилларни жунбушга келтирувчи мўъжиза…
Бу мўъжизанинг номи – қўшиқ…
Ахир, инсон гўдаклигиданоқ қўшиқ билан ошно бўлади. Она алласининг нурли оҳанггига ғарқ бўлади-ю, йиғидан тўхтаб, аста уйқуга кетади. Қалбига она меҳри, муҳаббати – алласи ила одамийликнинг,  эзгуликнинг ёруғ шуъласи кириб боради.  Сўнг, бутун умри давомида ҳамроҳ бўлади қўшиқ унга… Фақат ҳар умр фаслида ўзгача шакл, ўзгача руҳдаги қўшиқ… Инсон бу оламдан ўтар пайти яқинларининг йиғиси ҳам уни кузатиб қолаётган сўнгги қўшиқдир балки… Олимларнинг кузатишларича, бола  ҳомилалик пайтидаёқ куй-қўшиқдан таьсирлана оларкан. Қизиқ, инсон ҳали туғилмасиданоқ қўшиққа боғланса, ошно бўлса…
Лекин, қўшиқнинг энг улуғ хислати – унинг кўнгилга шундай енгиллик, осонлик билан кириб бориши, туйғуларни уйғотиб, юракни сел қилиши, демакки, инсонни: поклик, яхшилик, эзгуликка чорлашидир. Инсон вужудига руҳ ҳам куй таьсирида осонгина кира қолган, деб бежиз нақл қилишмайди-ку, ахир…
Куй, қўшиқ таьсирида сел бўлган юрак ёмонликни, ёвузликни ихтиёр эта олармикин? Ишонгингиз келмайди.  Буларнинг барини сири, назаримда, қўшиқнинг муаллифида…
Зеро, қўшиқнинг муаллифи – ишқ, муҳаббат… Қўшиқ ишқдан яралади. Ишқдан туғилади. Шу боис ҳам бир-бирига уйқашдир бу икки сўз… Яратганнинг илоҳий бир неьматидир балки, қўшиқ, оҳанг, наво… Шунинг учун ҳам, кўнгилга бир лаҳзада сингиб, ёритиб юборар руҳингизни… Ҳаттоки, ҳазин оҳанглар ҳам юракда ҳаяжон ва бедорлик деган уйғоқ ёруғликнинг юз очишига сабаб бўлади-ку.  Бахт, висол, хуррамликнинг ифодаси бўлмиш шўх, шодон қўшиқларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Қанча завқ, сурур, қувончга тўлади қалбингиз бундай қўшиқлар таьсирида… Меҳрдан яралган қўшиқларни тинглаб, кўнглимиз ҳам меҳрдан обод бўлади. Она меҳри, фарзанд меҳри, ёр меҳри, элу юрт меҳри, Ватан  меҳри… Шу азиз юртнинг бор таровати,саховати, муруввати, муҳаббати.  Бир сўз билан айтганда, қалбини намоён этади бу қўшиқлар…
Кўҳна Самарқанднинг муаззам майдонида янграётган қадим Шарқнинг ҳикмат тўла тароналари ҳам Ватан осмонида  қанот ёзиб, кўнгилларга ўзгача сурур ва ёруғлик бахш этса, не ажаб?!. Бундай чоғда, “қўшиқлари асло сўнмасин азиз юртимизнинг” дегим келади.  Қалбларга меҳр ва ишқ зиёсини улашиб янграйверсин!..

Ирода

“Инсонни маҳв этиш мумкин, аммо, уни енгиб бўлмайди”. Хемингуэйнинг машҳур “Чол ва денгиз”  асаридаги бу ҳикмат, энг аввало, инсон иродасини улуғлаб айтилган қўшиққа ўхшайди. Ирода мадҳиясига ўхшайди.
Зеро, инсонни енгилмас қиладиган куч, заҳмату машаққатлар сўқмоғидан истиқбол сари ундайдиган ғайрат, ҳар қандай оғир дамда энг яқин дўст, таянч, суянч  бўла олгувчи қудрат –  ирода экан.
Одам боласи умри давомида шодлигу қувончни ҳам, ранжу ташвишни ҳам кўп ва хўп кўриши аён ҳақиқат. Неларни кўрмайди, ҳасаду хусумат,  маломат тошларидан  неча бора ёрилмайди бу бош… Муҳаббат, омад ва бахтдан неча бор  кўкка етади…
Ёрилган бошнинг ҳам, ахир, бир кун кўкка етишига сабаб бўлгувчи яна ўша ирода экан…
Қандай кучли ҳислат, қудратли фазилат у?
Қайдан қувват олади ироданинг илдизи? Қадимгилар айтмоқчи: зарданми ё зўрданми? Зар ҳам, зўр ҳам ўткинчи, Ирода эса боқий экан, унда қайда унинг илдизи? Қўлдаги давлатдамас, дилдаги давлатдадир…
Ҳа, ироданинг илдизи дилнинг давлати бўлмиш имон-эътиқодда, асл маьнавиятда, дейишади.
Ирода – халқнинг жон томири, қаддини тик қилиб турган умуртқаси! Халқни халқ қиладиган ҳам ирода. Аслида, истиқлол ҳам халқимиз иродасининг меваси, маҳсули экани аён-ку!..
Вулқонлар ҳақидаги ҳужжатли фильмда бир вулқоншунос: “Бу ҳарорат, бу алангадан ҳаттоки темир ҳам эриб кетади. Инсоннинг эса териси куяди, кўчади ва вақт ўтиши билан ўрнига янгиси чиқади. Демакки, бу оташ темирни эритиб юбориши мумкин, лекин, инсонни енголмайди”, деганди.  Инсонни ана шундай метин қилган хислат,  энг аввало, ирода бўлса керак…
¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬
Нақш

Халқнинг қалби, қалб гўзаллиги унинг саньатида яққол намоён бўлади. Аждодларимиз гўзалликни ғоят теран ва нозик ҳис қилишган. Бу ҳолат минглаб саньат дурдоналари қатори муҳташам меьморий обидалар, кошинлару нақшларда ҳам ўз аксини топган. Хусусан, нақшларда… Аслида, нақш саньати тарихи инсониятнинг бадиий маданияти каби қадимийдир.
Юртимизда саккизинчи-ўнинчи асрларда тасвирий саньат бир қадар ривож топмай, унинг ўрнига нақш саньати кенг тараққий этди, гуркираб ривожланди. Бугун ўша асрлардан ёдгор нақшларга боқарканмиз, тенгсиз чирой, беназир гўзалликдан ҳайратга тушамиз. Бироқ,бу гўзалликнинг туғилиши осон бўлмаган. Чунки нақш саньатининг ўз қатьий қоидалари бор: тақсим ва бўлаклар аниқ ўлчамда, уйғун, ранглар дид билан танланган, ўзаро мутаносиб бўлиши лозим.
Бу нақшларнинг номлари ҳам худди ўзларидай гўзал, бетакрор, жозибали: “Кундал”, “Меҳроби”, “Чоргул”, “Шобарг”, “Ойгул”, “Занжира”… Худди қўшиққа, сирли мусиқага ўхшайди бу нақшлар, уларнинг номлари ҳам…
Юртимиздаги  ҳар бир ҳудуд, воҳа, водийнинг нақш саньатида ўз аньаналари, мактаби, йўналиши бор. Ҳар бири ўзига хос. Ва бир бутун ҳолда камалакдай сержило манзара яратади. Худди юртимиз гўзаллигидай…
Бу нақшлар рамзу тимсолларга бой. Қуёш рамзи, қуёш акси, пахта гули, анор гули, узум барги… Бу тимсолларни кўп санаш мумкин. Бир бутун ҳис этсак, мазмун – моҳияти жуда чуқур: ҳаёт, ҳарорат, ишонч, тўкинлик, эзгулик ва умид…
Мангу эзгулик, мангу яхшилик умиди… Қайдан ва қандай яралмиш бу гўзал тасвирлар? Хаёлот маҳсулими у? Идрок, тафаккур мевасими? Бундай гўзалликни яратган халқнинг қувваи ҳофизаси қанчалар юксак, нақадар гўзал, диди қанчалар нозик бўлиши керак. Аслида, халқ қалбидаги гўзаллик шу нақшларга кўчиб, ўзини намоён этаётгандир. Халқ қалбидан чизги олгандир бу нақшлар… Айтганимиз, мангу эзгулик, мангу яхшилик умидидан чизги олгандир… Шунинг учун ҳам завол кўрмас, боқий, барҳаётдир.

“Шарқ юлдузи” журнали 2012 йил, 2 сонидан