Она тилимиз кўп асрлик тараққиёт йўлини босиб ўтиб, бугун дунё эътироф этадиган даражада юксак нуфузга, халқаро обрў-эътиборга эга бўлди. Бу, энг аввало, Ватанимизнинг мустақилликка эришгани, истиқлол йилларида муҳтарам Президентимиз она тилимиз равнақи учун хизмат қиладиган муҳим тарихий қонунлар ва қарорлар қабул қилгани туфайлидир. Бундан чорак аср муқаддам зиёлиларимиз, халқимиз орасидан етишиб чиққан чинакам ватанпарварлар саъй-ҳаракати билан она тилимизга давлат тили мақоми берилиши ҳақида қонун қабул қилинди.
Ўта мураккаб ва зиддиятли бир даврда она тилимизнинг нуфузини ошириш йўлида ташланган дадил қадам тарихий эврилишларнинг дебочаси бўлди. Кўп ўтмай, Ватанимиз сиёсий мустақилликни қўлга киритди. Бу эса она тилимизни ёт таъсирлардан ҳимоя қилиш, луғат таркиби ўз ички имкониятлари ҳисобига бойиб боришини таъминлаш, асоссиз равишда истеъмолда бўлиб келаётган, она тилимиз табиатига мутлақо ёт сўзлардан қутулиш учун зарур шарт-шароит яратди. 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган қонун қайта таҳрир этилди. Ҳар йили ушбу сана мамлакатимизда катта маданият байрами сифатида нишонлаб келинади. Бу тилимиздан ғурурланиш, уни ҳар қандай ёт таъсирлардан ҳимоя қилишда ҳар биримизнинг фидойилик кўрсатишимиз, равнақи учун зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этишимизни англашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Она тилимизнинг дунё миқёсида обрў-эътибор қозонишида буюк шоиримиз ҳазрат Алишер Навоийнинг хизматлари бебаҳо эканлигини таъкидлаш жоиз.
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур,
дея фахрланган эди бобомиз. У ана шу турк улусининг она тилида беш достондан иборат муаззам "Хамса" асарини, тўрт девонда мужассам "Хазойин ул-маоний" деб номланган шеъриятнинг барча жанрларини қамраб олган беназир адабий обидани яратди. Шу билан бир қаторда, ҳазрат Навоий туркий ва форсий тилларни чоғиштириб, туркий тилнинг имкониятлари форсий тил имкониятларидан ҳам бойроқ эканлигини исботлаган тилшуносликка оид "Муҳокамат ул-луғатайн" асарида тилимизни энг юқори шуҳрат чўққисига кўтарди. Бобокалон шоиримизнинг туркий тил, миллатимиз ҳақида айтган ҳар бир сўзи, шеърий байтлари орқали унинг нақадар ватанпарвар, миллатпарвар, фидойи инсон эканлигини ҳис этамиз.
Шоҳу тожу хилъатиким, мен томошо қилғали,
Ўзбаким бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас,
байти қайси миллатдошимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини жўштирмайди?! Навоийнинг она тилимизга бўлган фидойилиги, жонкуярлиги, келажак олдида масъулиятни чуқур ҳис этиши бизнинг давримизда зиёлиларимизнинг она тилимиз равнақи учун чинакамига қайғуриши учун туртки берганлиги шак-шубҳасиз. Буни таниқли адиб ва адабиётшунос Аҳмад Аъзамнинг куюнчаклик билан айтган мана бу фикрларида ҳам кўриш мумкин:
"Ҳали-ҳануз халқ оғзаки ижоди, достонларимиз луғати йўқ. Шева, шевалараро луғатлар яратилмаяпти, яратилаётган бўлса-да, дунё юзини кўрганича йўқ. Туркий тилларнинг қиёсий, солиштирма, аралаш луғатлари йўқ. Буларсиз она тилимизга қандай яқинлашамиз? Албатта, олма пиш, оғзимга туш эмас, уларни излаш, устида ишлаш керак".
Адабиётшунос олимнинг куюнчаклик билан айтган бу фикрларида жон бор. У тилимиздаги муаммолар ҳақида тўхталиб, уларни бартараф этиш учун ҳар биримизда масъулият ва мажбурият ҳисси бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Ваҳоланки, она тилимиз гўзаллигига соя ташлайдиган нуқсонларга кўр-кўрона йўл қўймоқдамиз. Турли реклама ва шиорлардаги матнларда масъулиятсизлик билан йўл қўйилган хатоларга дуч келамиз. Лотин ёзувига асосланган, ўзбек алифбосида яратилган матнларда бундай хатоликларнинг учраётганлиги ачинарлидир.
Тарихий манбаларда ўзбек уруғлари ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилади. Она тилимиз ана шу уруғлар тиллари замирида шаклланган ва ривожланган. ХVI-XVII асрларда яратилган турли манбаларда, чунончи, "Таворихи гузиде нусратнома", "Шайбонийнома", "Меҳмонномаи Бухоро", "Тарихи Абулхайрхони", "Бобурнома", "Абдулланома", "Шажараи турк ва мўғул", "Туҳфат ал-хони", "Мажмуа ат-таворих", "Насабномаи ўзбек" ва бошқа асарларда 92 ўзбек уруғларининг номлари келтирилган. "Меросимиз илдизлари" рисоласида "Мажмуа ат-таворих" асарида берилган ўзбек уруғлари рўйхати келтирилган. Бу рўйхатда минг, юз, қирқ, жалойир, сарой, қўнғирот ва олчиндан тортиб, оқилон, қари, ёбу, тарғил, фахр, авғон, рамадон, уйши, ўғлон, қавчин сингари уруғ номлари бор.
Хуллас, она тилимиз узоқ тарихий тараққиёт йўлини босиб ўтиб, бугунги кунда давлат тили мақомига эга бўлган, дунё миқёсида жаранглаётган баркамол тиллардан биридир. Уни янада бойитишимиз, софлигини сақлашимиз лозим. Бунинг учун она тилимиз ҳақида мудом қайғуришимиз, фидойилик кўрсатишимиз, зиммамиздаги масъулиятни ҳис этмоғимиз шарт.
Абдуҳамид ХОЛМУРОДОВ,
филология фанлари доктори, профессор.