Форма входа

Поиск

Календарь

«  Март 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Среда, 08.05.2024, 22:25
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2015 » Март » 28 » ГУЛ ЎССА ЕРНИНГ КЎРКИ, ҚИЗ ЎССА ЭЛНИНГ
14:13
ГУЛ ЎССА ЕРНИНГ КЎРКИ, ҚИЗ ЎССА ЭЛНИНГ

Бош муҳаррир минбари
ГУЛ ЎССА ЕРНИНГ КЎРКИ, ҚИЗ ЎССА ЭЛНИНГ

Қизи бор хонадоннинг файзи, таровати бўлакча. Қачон эшик қоқсангиз, ҳовлидаги саришталик, ободликдан баҳри дилингиз очилади, нафис гулу райҳонларнинг муаттар ифори кўнгилларни равшан қилади. Қизларимиз сизга пешвоз чиқиб, ўнг қўлини кўксига қўйганича тавозе билан уйларига таклиф қилишади. Ўз қўллари билан тайёрлаган пишириқларию таомлари билан сийлашади. Улардан тотинмагунингизча сизга рухсат беришмайди. «Келиш меҳмондан, кетиш мезбондан», дейишади чиройли жилмайиб…
Сизнинг хонадонингизда ҳам нафис бир гул ўсяпти. Унинг йил, ой сайин эмас, кун сайин кўркамлашиб бораётган гулгун чеҳрасига, сарвдек қоматига, сумбатдек бўйларига боқиб, кўзингиз қувнайди. «Илоё, бахти ҳам чиройидек бекаму кўст бўлсин. Эл-юрт корига ярайдиган фарзанд бўлиб улғайсин» дея эзгу ният қиласиз. Қизингизни момомерос шарқона одобу ахлоқ, андиша ва ҳаё каби фазилатлар билан зийнатлайсиз, ҳунарли қиласиз, маънавий камолотга етаклайсиз. Уларга бўлган меҳрингиз, кўрсатаётган эътиборингиз ниятлар ижобатини, нурли манзилларни яқинлаштиради.
Гул ҳам, гиёҳ ҳам меҳрдан яшнайди. Бугун қизларини нафис гулдек ардоқлаб, меҳр билан парваришлаб, уларнинг таълим-тарбияси, тил ўрганиши, мусиқа ва спорт билан шуғулланиши учун вақтини ҳам, нақдини ҳам аямаётган ота-оналарни кўриб, беихтиёр 80 йиллардаги мактаб даврларимиз ёдимга тушади.
Раъно исмли яқин бир дугонам бўларди. Билимга чанқоқ, интилувчан бу қизнинг одобига, чиройига барчамиз ҳавасманд эдик. Устозларимиз унинг келажакда яхши ижодкор бўлишидан умидвор эдилар. Ўзи ҳам келажагини адабиёт, шеъриятсиз тасаввур қила олмасди. Шеъриятдан сўз очилса, кўзлари бошқача чарақларди. Оиланинг кенжаси бўлгани учунми, ота-онаси уни ўзгача меҳр билан суюшар, еру кўкка ишонишмасди.
10 йиллик ўрта мактабни тамомлагач, деярли, барча синфдошлар олий ўқув юртларига ҳужжат топширдик. Дугонамнинг уйидагилари эса тўй ҳаракатига тушиб қолишди. Яхши жойдан совчи келибди. Дадаси Раънонинг, аввал ўқий, деган илтижоларини тингламай (балки, азалдан келаётган «тезроқ эгасига топшириб, қутулиш» анъанасидан четга чиқа олмай) 17 ёшида энг яқин дўстининг ўғлига узатиб юборди. Серфарзанд оилага бош келин бўлган дугонамнинг беғубор қалбидаги не-не умидлари армонга айланди, оппоқ орзулари шеърий дафтарларида қолиб кетди. Ачинарлиси, тўрт нафар фарзандидан ҳеч бирининг тўйини кўра олмади. Эрта турмуш, ораси яқин туғуруқ ҳолатлари, рўзғорнинг оғир юмушлари беиз кетмади, оғир хасталикка чалиниб, оламдан ўтди.
«Қиз боланинг ўқиши шарт эмас. Мана мен, қизларимни қанддек асраб, ўз эгаларига топширдим. Оталик бурчимни, вазифамни бажардим. Керак бўлса эрлари боқиб олишади-да» дея бошқаларга ҳам шундай йўл тутишни маслаҳат берадиган дугонамнинг дадаси фарзанд доғини кўтара олмади…
Янги давр келди. Ҳаётга, қизларимиз, аёлларимизнинг ҳаётда тутган ўрнига бўлган қарашларимиз, муносабатларимиз ўзгарди. «Қиз бола бировнинг хасми. Тенги чиқса текин бер», «Қизингни қанча барвақт узатсанг, қайнонасининг измига шунча тез тушади» каби ақидалар эскирди. Бугун қизларимизга бўлган эътибор ўғил болаларга кўрсатилаётган эътибордан кам эмас. Уларнинг билим олиши, саломатлиги, маънавий, касбий ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга аён. Хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, қишлоқ жойларида меҳнати ва ўқиш шароитларини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар изчил олиб борилаётир. Юрт кўрган юртдошларимизнинг таъкидлашларича, қизларимизга кўрсатилаётган бундай эътибор, эъзозу эҳтиром бошқа ҳеч бир давлатда йўқ экан. Фан, таълим, адабиёт, санъат, спорт соҳасида алоҳида ютуқларни қўлга киритган қизларимизни рағбатлантириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофотининг ўхшашини бошқа бирор юртда учратмаймиз.
Турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган 13 нафар аёлнинг Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, 212 нафар қизнинг Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлгани, шубҳасиз, хотин-қизларга билдирилган ишонч ва рағбатнинг, кўрсатилаётган ғамҳўрликнинг самарасидир.
Бугун нафақат ота-оналар, балки қайнотаю қайноналар ҳам қизларимизнинг зиёли, ҳунарли бўлиши учун қайғуришаётгани, келинлари билимли, соғлом фикрли, маънавиятли бўлсагина авлодлари давомчилари бўлмиш набираларининг келажаги ишончли қўлларда бўлишини англаб етганликлари қувонарли ҳолдир.
Яқинда автобусда икки дугонанинг суҳбати қулоғимга чалиниб қолди:
–Дугонажон, ўғилчалик бўлибсан, табриклайман! Ўқишларни ҳам бошлаб юбордингми дейман-а?
–Раҳмат! Ҳа, ўқишга ҳам тушиб кетдим.
–Қийналмаяпсанми?
–Ўқишни бир йил кейинроқ битирарман, дея фарзанд парвариши учун бериладиган бир йиллик таътилга чиқмоқчи эдим, қайнонам унамадилар. Болага ўзим қарайман, сиз ўқишингизни давом эттиринг. Бошқа ўқиш бўлганда ҳам майли эди. Сиз бўлажак шифокорсиз, яъни, инсонларнинг ҳаётига масъулсиз. Шунинг учун дарс қолдирмай, пухта билим олишингиз керак, дедилар…
Ҳар бир ота-она ўғил-қизида гўзал орзулари рўёбини кўришни истайди. Бунинг учун фарзандларимиз, айниқса, қизларимизнинг ҳам қалбига қулоқ тутайлик. Ўн икки йиллик мажбурий таълимни тамомлаган қизингиз, яна ўқийман деса, унга хайрхоҳлик билдиринг, қизиқишларига қанот бўлинг.
Чунки ўқиган қизнинг нони бутун бўлади. Оиланинг устуни – турмуш ўртоғига иқтисодий жиҳатдан тиргак бўлаётганидан қувонади. Қалбида мутелик туйғуси эмас, ўз-ўзидан қониқиш, ўзига нисбатан ҳурмат ҳисси уйғонади. Биз орзу қилаётган мустақил фикрли, довюрак болаларни дунёга келтиради.
Демак, қиз боланинг ўқиши, маърифатли бўлиши шахсий манфаат учунгина эмас, катта манфаатлар – ижтимоий манфаатлар учун ҳам керакдир.
Меҳр-муҳаббат оғушидай иссиқ ёз келди. Кўча-кўйда, олийгоҳлар олдида ҳужжатларини кўтариб, ўқиш орзусида юрган қизларга кўзимиз тушяпти. Улар эртага юртимизга бугунгидан-да жозибадорроқ чирой ато этувчи маърифат боғининг меваларидир. Қизингиз бу чиройли боғни орзуласа, интилса, дуога қўл очинг.
Шояд, мохир журналист бўлиб, сўзлар эмас, мисралар орқали бахшиёна усулда кўрсатув олиб борадиган Гулхидахондек «Олтин қалам» миллий мукофоти соҳибаси бўлса ёки ўзбек қизлари орасидаги биринчи Халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминовадек юртимиз довруғини дунёга ёйса! Қизингизни билимли, ҳунарли қилиб узатинг, китобли сарполар билан «Бахт қасри»га кузатинг. Шундагина ота-оналик саодатига эришасиз. Зеро, Ҳадисларда ҳам: «Уч қизни катта қилиб турмушга узатган кишига жаннат эшиклари очиқдир» деб ёзилган.

Просмотров: 1023 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024