Форма входа

Поиск

Календарь

«  Март 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Четверг, 09.05.2024, 03:17
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2015 » Март » 28 » Имкониятлар иллатга айланмасин…
14:14
Имкониятлар иллатга айланмасин…

Бугуннинг гапи
Имкониятлар иллатга айланмасин…

Кўпқаватли уйларнинг ҳовлисидаги майдончада болакайлар яйраб ўйнашяпти. Бундан  “унумли” фойдаланган икки ёш она қўлидаги телефонининг имкониятлари ҳақида сўзлайди… Блутс, интернет, “Одноклассники.ru”, “Whatsapp”, “Facebook.сom”, СМС, ММС, фотодизайн, ўйинлар ва бошқалар.
Қўшни келинларга ҳавасим келди. Уй-рўзғор юмушларидан, болаларидан ортиб, замонавий технологияларни ўзлаштиришаяпти…
Бугун юксак тафаккур ва техника замонида яшаяпмиз. Ўзгаришлар, янгиликлар силсиласи марказида электрон ахборот тарқатиш воситаси – интернет турибди. Глобаллашув жараёнининг таъсири кундалик ҳаётимизда ўз аксини топмоқда. Айни пайтда орамизда бирор интернет сайтлари профили ёки шахсий электрон почтаси мавжуд бўлмаган кишилар жуда кам. Бу ўзгаришлар инсон камолоти, унинг манфаати, бахту саодати йўлида хизмат қилаётгани қувонарли. Аммо ҳар бир ижтимоий ва ҳодисанинг ижобий, салбий томонлари бўлганидек, айрим ҳолларда бунинг акси бўлаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.
–Бундан чамаси беш-олти ой илгари ҳамкасбларимдан бири электрон почта очиб беришимни илтимос қилди, – дейди информатика ўқитувчиси Маъфура Соатова. – Ўғли хорижий давлатда таҳсил олаётганини билганим учун, ота-да, фарзандини соғинганда ҳол-аҳвол сўрашиб туради, дея, раъйини қайтармадим. Яқинда у ҳайратланиб гапириб қолди: “Ўғлим билан икки оғиз гаплашдим. Орадан ҳеч фурсат ўтмай, почтамга хат келибди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин ўқидим: “Исмим Сарвиноз, ёшим 21да, талабаман. Келинг дўстлашайлик”, – деб ёзибди. “Келиб-келиб отанг тенги эркак билан дўстлашасанми?” Аввалига кулдим, кейин куйдим. Демак, “Интернетда танишибди” деган турли қулоқ қоқди гаплар, миш-мишлар бежиз эмас экан-да, – дейди ҳамкасбим.
Бугун “Одноклассники.ru”, “Whatsapp”, “Facebook.сom” сингари ижтимоий сайтлар одамлар орасида оммалашиб, кўпчиликни ўзига оҳанрабодек тортмоқда. Айниқса, “замонавий”ликни ўзича тушунадиган Сарвиноз сингари айрим ёшлар бирор тахаллус билан профил очишга ишқибоз.
– Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолаётганларнинг аксарияти юзма-юз мулоқотда ўз фикрларини истаганларидек баён эта олмайди, – дейди олий тоифали амалиётчи психолог Муборакхон Маҳмудова. – Энг ташвишлиси, таниган, танимаган одамлар билан турли сайтларда мулоқот қилиш, аввалига уларга шунчаки вақт ўтказиш учун қилинган оддий ишқибозликдай туюлади. Сўнг бундай мулоқотлар улар учун руҳий эҳтиёжга айланади. Яъни, ким биландир гапиришмаса, тура олмайди. Бундай кайфият уларни ўқиш ёки иш билан боғлиқ масъулиятдан чалғитади. Ачинарлиси, турли сайтларга боғланиб қолиш шунчаки шахс доирасида қолиб кетмайди, оилаларга ўрмалаб киради.
– Бир кун тушликда ҳамкасбим овқатланиш баробарида телефонидан кўзини узмай алланималарни ўқиб, интернетда оилали, икки фарзанди бор бир аёл билан гаплашиб туришини, энди уни учрашувга таклиф қилмоқчи эканлигини айтиб қолди. – дейди Дилшод исмли бир йигит (исми ўзгартирилди). – Мен электрон сайтларга умуман қизиқмайман. Аммо кейинги вақтларда аёлим Лоланинг ҳам бўш қолди дегунча қўлидан телефони тушмаяпти. “Уни бир текшириб кўришим керак …” деган шубҳа уйғонди кўнглимда.
–Бир куни турмуш ўртоғим уйга важоҳат билан кириб келиб: “Мен сенга ишонардим. Жуда ичингдан пишган экансан, – деб қолди. Айбим нима эканлигини билолмай ҳайрон эдим. Кейин билсам, турмуш ўртоғимнинг бир дўсти: “Мана, аёлингнинг расми, “Одноклассники.ru”да профили бор экан”, деган экан. Айбдор эмаслигимни исботлай олмай турганимда жияним меҳмонга келиб қолди. Балки, бу қил устида турган оиламни сақлаб қолиш учун тақдирнинг менга бир иноятидир. Унга вазиятни тушунтирдим. Шу заҳоти интернет кафедан сўнгги икки ойдаги мулоқотлар рўйхатини чиқариб келди. Ишонасизми, айнан шу соатда менинг номимга очилган профилда кимдир мулоқот қиларди. Барча воқеани ўз кўзи билан кўриб, гувоҳ бўлган турмуш ўртоғим ноҳақлигини тушунди…
Афсуски, бугун ана шундай воқеалар сабаб ҳаёти остин-устин бўлиб кетаётган оилалар йўқ эмас. Айниқса, турли сайтлар орқали қилаётган зарарли ташвиқотлари воситасида ёшларимизни тўғри йўлдан адаштириб, боши берк кўчаларга олиб кираётганлар ҳам борлиги ачинарли ҳолдир.
Режиссёр Ҳилол Насимов “Одноклассники.Уз…” фильмида жамиятимизнинг ана шу оғриқли нуқтасига мурожаат қилгани бежиз эмас.
–Ҳар гал юз-кўзларида ҳаяжон балқиб, расман оила қуриш ниятида келган ёш келин-куёвларнинг хурсандлигига шерик бўлиб қувонсак, оилавий ажримларга гувоҳ бўлганда, дилимиз оғрийди, – дейди Тошкент шаҳар, Олмазор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Дилора Сулеманова. –Айрим оилавий ажримларга эр ёки хотиннинг турли сайтларга боғланиб қолиши орқали улар онгини заҳарлаётган шубҳа, гумонлар сабаб бўлмоқда…
Кимгадир олисдаги қариндоши билан боғланиш, яна кимнингдир тафаккур даражасини оширишда қўл келаётган мазкур сайтларда бугун айрим “уддабурон ташкилотчилар”нинг “ташаббус”лари билан турли беҳаё лавҳалар, бепарда сўзлар ҳам “уя” қурмоқда.
– Таассуф, бугун инсон қўли билан яратилган техника имконияти туфайли содир бўлган воқеа-ҳодиса ҳақидаги ахборот, турли фото, видеотасвирлар зумда интернетдан жой олади ва бутун дунё бундан хабардор бўлади, – дейди Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежининг радио-телевидение бўлими бошлиғи, иқтисод фанлари номзоди Мавлон Турсунов. – Буни қаранки, кўп ўтмай айнан шу ахборотларнинг сара”лари мобиль телефонларда пайдо бўлади. Ваҳолангки, бугун кўча-куйда, интернет кафеларда телефонларга мусиқа, клип, ўйин ва бошқа тасвирларни ёзиб берувчи “тадбиркор”лар ҳам оз эмас. Фарзандларига хотирасига жуда кўп маълумотларни сиғдира оладиган энг сўнгги русумдаги телефонларни олиб бераётган ота-оналар уларга, интернетдан мақсадли фойдаланишини ўргатсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Таълим муассасамизда бу борада тизимли ишларни йўлга қўйганмиз. Хусусан, ўқувчиларнинг билимларини янада бойитишлари учун айни соҳага доир маълумотлар базаси шаклланган электрон сайтларга йўналтирамиз. Чунки бугун ёшларимиз орасида ўқиш, ўрганишни сабаб қилиб турли ижтимоий сайтларга кираётганлари ҳам бор. Бундай вазиятларда бор масъулият ота-оналар зиммасига тушади: фарзандларига нисбатан эътиборни сусайтирмасликлари лозим.
Ахборот олиш имконини ошириш, жадаллаштириш мақсадида ташкил этилган интернетдан дунёқарашини кенгайтириш, фикрларини чархлаш учун фойдаланаётган ёшларимиз ўз тенгдошларини ҳам турли ёт таъсирларга берилмасликка чақирсалар, айни муддао бўларди. Зеро, қуш тилини қуш билади, деган нақл бор халқимизда. Ёшлар ўз тенгдошларига кўпроқ ишонишади.
Юртимизда маънан ва жисмонан етук авлоднинг камолоти, бахту саодати, фаровон келажаги йўлида жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилаётир. Фарзандларимизни миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт ғоялар таъсиридан асраш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган.
Зотан, маънавияти юксак, орзу-ҳавасларини ақл билан бошқарадиган инсон енгил-елпи ҳою-ҳавасларга берилмайди, ҳар бир нарсада меъёр бўлиши кераклигини яхши англайди. Шундагина имкониятлар зарарли иллатга айланмай, инсоният бахту саодати йўлида хизмат қилади.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА

Просмотров: 1038 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024