Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 03:01
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Июль » 29 » КАТТАЛАР ЭРТАГИ
13:58
КАТТАЛАР ЭРТАГИ

КАТТАЛАР ҲАМ ЭРТАК ЎҚИЙДИ

Печать
Болаликда ҳеч ким билмайдики, катта бўлганларнинг деярли барчаси болалик онларига бироз фурсатга бўлса-да қайтишни орзуқиладилар-у, лекин бунинг иложини тополмайдилар. Болаликнинг энг нашидали лаҳзаларидан бири эртак ўқиб завқланганимиз эмасми? Ҳозир ҳам эртаклар бисёр, лекин ўша болаларча беғубор завқ-шавқ қолмаган биз катталарда. Аслида эса катталар учун ҳам эртаклар йўқ эмас. Бу эртаклар наинки онг-шууримизда ҳаёт мазмун-моҳиятини шакллантиради, балки болаларни тарбиялагандек, биз катталарни ҳам тарбиялайди, йўлга солади. Уларни турли манбалардан топиб ўқиш, бировдан эшитиш ёки ён-атрофдагиларни синчковлик билан кузатиш орқали кашф қилиш ҳам мумкин. Катталар учун мўлжалланган эртаклардан бир шингилини сизга ҳам илиндик.

Тилакка зор тиланчи
Кунлардан бир куни тиланчи бир йигитчанинг йўлини тўсди. У ҳеч бир сўз демай, йигитчага қоқшоқ қўлини чўзиб, тиланди.
Йигитча шошиб қолди, дарҳол чўнтакларини кавлаштирди. Аксига олиб, унинг ёнида на ҳамёни, на бирон қимматга эга буюми бор эди. "Асл шойидан тикилган дастрўмолимни бераман”, деган ўйда яна чўнтакларини ағдарди. У бугун уйидан жуда шошиб чиққан, ҳаттоки, дастрўмолини олишни ҳам унутган экан. Йигитча бу ҳолдан қаттиқ хижолат бўлди, беихтиёр ҳамон ўша алфозда турган тиланчига қўл узатди, унинг қуришиб, чангакдек қотган панжасини икки кафти орасига олиб маҳкам сиқди ва маҳзун жилмайиб, шундай деди:
— Айбга буюрмайсиз, биродар, ёнимда ҳеч вақо йўқ эди. Мен садақа ўрнига сизга яхши тилак айтмоқчиман: илоҳим, бундай забунликни тарк этиб, хайр-садақа эмас, меҳнат эвазига яшаш сизга тезроқ насиб этсину, кейинги сафар учрашганимизда сизни ўктам ва кўркам бир ҳолда кўрай.
Тиланчи нурсиз кўзларини йигитчага тикди, унинг қиёфасидаги самимийликни кўриб ёрилган лабларида ним табассум зоҳир бўлди. Тиланчи ҳам йигитчанинг қўлларини сиқиб қўйди ва шундай жавобқайтарди:
— Раҳмат сенга, дўстим. Муродингга ет! Бу дунёда икки калом ширин сўз, самимий тилак, даъват ҳаммага керак. Аслида буям бир хайр-садақа!
Шундан сўнг ҳар иккиси ҳам ўз йўлига равона бўлишди.

Муроса
Бир эр-хотин ўттиз йил аҳил, тинч-тотув яшадилар. Турмуш қурганларига ўттиз йил тўлган санани фақат икковлон уйда, осуда нишонлашга қарорқилишди. Хотин эри жуда ёқтирадиган таомни тайёрлади — шўрва пиширди.

 

Таомни сузаётганида одатдагидек, энг катта, ёғликкина гўшт бўлагини эрининг косасига солди. Кейин бирдан хаёлига шундай ўй келди: "Шундай бахтли кунда шу ёғликкина гўштни ўзим еяқолсам-чи? Ахир ўттиз йилдан буён кунда-кунора шўрва пишираману, ўзим ёқтирган ёғли гўшт бўлагини эримга илинаман. У еяқолсин, эркак киши, кўп меҳнат қилади, бақувват бўлсин, дейман. Бир сафар ўз истагимни қондирсам, нима қилибди?” У эрига бошқа гўшт бўлагини, ўзига эса ёғли бўлакни солди-да, шўрвани сузиб келтирди.
Таомни еб бўлгач, эр хотинига:
— Ширингина шўрва учун сенга катта раҳмат, хотин. Айниқса, менинг косамга ёғсиз гўшт бўлагини солганинг яхши бўпти. Ёғли гўштни жуда ёмон кўраман, — деди.
Хотин бу гапдан ҳайрон бўлиб, дарҳол эрини сўроққа тутди:
— Унда нега шунча йилдан буён буни менга айтмагансиз? 
— Сен ҳам менга ўхшаб ёғсиз гўштни хушласанг керак, деб ўйлагандим...

Тақдир измида
Бир қишлоқда уч опа-сингил яшар экан. Уларнинг каттаси ўтакетган ялқов, дангаса бўлиб, ҳаттоки бирор хасни жойдан жойга олиб қўйишга-да эринар экан. Ўртанчаси рўзғор ишларини бироз эпларкану, лекин феъли ҳаддан ташқари заҳар-заққум бўлганидан ҳеч ким билан чиқишмас экан. Кенжа қиз эса ҳам кўнгли очиқ, ҳам меҳнатсевар, яна икки опасига жуда меҳр-шафқатли экан. Кун келиб, опа-сингилларнинг уччови ҳам бўй етибди. 
Бир куни тонгда улар яшайдиган уйнинг эшиги олдида арава пайдо бўлибди. Унда нотаниш бир хотин ўтирган эмиш.
— Сен кимсан? — сўрашибди опа-сингиллар.
— Мен Тақдирман. Бу ерга сизларни бўлажак турмуш ўртоқларингга етказиш учун келдим.

 

ertak normal

 

Тақдир уч опа-сингилни аравасига ўтқазиб, йўлга тушибди. Бир қишлоққа етиб келиб, катта далада завқ-шавқ билан меҳнат қилаётган алпқомат йигитни кўришди. У бир вақтнинг ўзида ерни ағдарар ва уруғ қадарди. Бирор фурсат тин олган пайтида эса қишлоқдошларининг бузилган асбоб, иш қуролларини созлашга ҳам улгурарди. Бу ерлик одамлар йигитнинг ниҳоятда меҳнаткашлигини айтиб, тинмай мақташарди. Тақдир дангаса ва ишёқмас тўнғич қизни шу йигитга хотин қилиб берибди.
Икки опа-сингил Тақдир билан йўлда давом этиб, яна бир қишлоққа етишибди. Бу ерда юмшоқ феълли, очиқ кўнгил,қалби меҳр-муҳаббатга тўлиб-тошган, барчага бирдек меҳрибон бир йигит яшарди. Одамлар, ҳаттоки жониворлар ва дов-дарахтлар ҳам унинг меҳр-саховатидан баҳраманд эдилар. Тақдир ўртанча — бадфеъл ва тил-забони заҳардек аччиқ қизни ана шу йигитга раво кўрибди. Тақдир энди кенжақизни олиб, йўлида давом этибди.
Кейинги қишлоққа етганда кўрдиларки, нураб, қулаб тушаёзган хароба уй олдидаги кўлмакда ғирт маст бир йигит юзтубан ётибди. Ҳаммаёқ бесаранжом, иркит вақаровсиз. Тақдир аравасини шу ерда тўхтатди ва хушфеъл, меҳнатсевар кенжа қизга деди:
— Мана шу йигит сенинг эринг бўлади.
Кенжақиз қаттиқ хафа бўлиб, Тақдирга ёзғирди:
— Нега бунчалик адолатсиз бўлмасанг?! Ахир мен ҳам оқила, ҳам меҳнатсевар қиз бўлсам. Ана, ишёқмас ва бадфеъл бўлса ҳам опаларимни қандай яхши йигитларга рўбарў қилдинг. Нима, менга муносиб бошқа йигитлар йўқми?
Тақдир кенжа қизга шундай жавоб қилди:
— Сенга муносиб йигитлар минглаб топилади. Уларнинг ҳар қайсиси ҳам сени бахтли қила олади. Лекин маст-аласт бўлиб балчиқда чўзилиб ётган манави аҳмоқни сендан бошқаси одам қилолмайди. У сенинг тенгинг эмасдир, аммо унинг тенги фақат сенсан.
Уч опа-сингил тақдири ТАҚДИР измида шу тариқа тақсимланган экан.

Ичкари ва ташқари
Бир эр-хотин ҳашаматли, икки қаватли янги ҳовлига кўчиб ўтишди. Эртаси куниёқ хотин иккинчи қаватдаги айвон ойнасидан пастаккина қурилган кичкина ҳовли-жойда яшайдиган қўшни хотинни кўрсатиб эрига деди:
— Анавини қаранг,қўшнимизнинг хотини кир ювибдию, тоза қилолмабди — дорга ёйилган кийимларнинг ранги очилмабдиям. Кир ювишни билмайдиган аёллар ҳам бор-да, тавба...
Орадан икки кун ўтиб, яна шу гап-сўзлар такрорланди. Бу сафар хотин аввалги сўзларига "Балки,қўшни хотин арзон совундан ишлатар, шунинг учун кирларни тозалаб юволмаётгандир. Ўзим унга яхшигина маслаҳат беришим керакка ўхшайди”, деб қўшиб қўйди.
Ҳар сафар қўшни бека кир ювиб дорга ёйганда хотин ҳашаматли уйининг айвонида туриб уни рўзғор ишларига эпсизликда айблаб гапирадиган бўлди. 
Бир куни айвон ойнасидан қўшни ҳовли томонга қараган хотин ҳайратланганча эрига деди:
— Наҳотки! Қаранг-а, қўшнимиз ниҳоят кирни тоза ювишни ўрганибди-да. Бу сафар дорга ёйилган нарсалар топ-тоза...
Эр ҳам айвон деразасига яқинлашди вақўшни ҳовли томонга назар ташлади. Кейин хотинига бир қарадию, айвонни тарк этар экан бамайлихотир оҳангда деди:
—Бугун саҳарда уйқумқочди. Айвондан қуёш чиқишини томоша қилмоқчи бўлдим. Қарасам, деразамиз ойналари шу даражада кир бўлибдики, қуёш нури у ёқда турсин, қўшнининг ҳовлиси ҳам ғира-шира кўринди. Азбаройи ғашим келганидан, ойналарни ўзим ювиб қўйдим...
Ҳаётда ҳам мана шундай — ҳамма нарса дунёга қараган пайтимизда қалбимиз ойнасининг қай даражада тоза эканига боқлиқ! Ўзгалардан кирқидиришдан олдин ўша ойнамизни тозалаб олишни эса кўпинча ёддан чиқарибқўямиз.

Мавлуда ҚОСИМОВА 
Просмотров: 884 | Добавил: lenger | Рейтинг: 3.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024