Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 00:48
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Июль » 30 » МЎЪТАБАР ҚАДРИЯТЛАР
08:46
МЎЪТАБАР ҚАДРИЯТЛАР

МЎЪТАБАР ҚАДРИЯТЛАР

Тупроғига митти оёқчамиз илк бор жизиллаб теккан қутлуғ маскандан гоҳ турмуш эҳтиёжлари, гоҳ хизматдаги бурчимиз сабабли анча вақт йироқ кетишга мажбур бўлишимиз мумкиндир.

Аммо тирикчилигинг қаерда яхши ўтса, жонинг қай муҳитда кўпроқ ҳузур топса — ҳақиқий Ватанинг ўша жой, дейдиганларнинг юраги нимадан ясалганини сира тушунолмайман.
Қадим-қадимдан ўзбеклар "юрт”га ва "тил”га "она” сўзини қўшиб айтишади. Бу бежиз эмас, ёт элат вакилларига бирон-бир миллатнинг салобату мавқеи, аввало, маҳаллий аҳоли ўз юртига эгалик қилишга нечоғли қодирлигида, ўз тилини қанчалик қадрлашлигида яққол кўринади. Шу иккисига онадек азиз, онадек табаррук деб қарай олган, жон-жондан меҳр қўйган халқгина миллатман дейишга ҳақлидир. Ушбу омилларнинг лоақал бирида сал кемтиклик сезилдими, демак, бу ўлканинг пойдевори бўш, бу элнинг эртаси омонат.
Ўз юртига эгалик шукуҳи, биринчи галда, руҳий кўтаринкилик, маънавий  ички ҳузур тарзида намоён бўлади. Жаҳонда ўз номинг, ўз ўрнинг борлиги, пайти келса, не-не довруқли мамлакатлар ҳудудида ўз мадҳиянг янграб, ўз байроғинг ҳилпираб туриши ғурурингга ғурур қўшади, дилингга роҳатбахш сурур бўлиб қуйилади. Ахир кечагина буларнинг бари биз энтикиб-энтикиб эшитишни истаган, лекин биров овоз чиқариб айтишга ботинолмайдиган ёқимлидан ёқимли эртак эмасмиди?!
Инсонда Ватанга муҳаббат туйғуси нимадан бошланади, деган саволга миллион киши миллион хил жавоб беради. Бу — табиий ҳол. Болаликдан бошлаб биримизга теграмиздаги у нарсалар, биримизга бу нарсалар нафосатли, қадрли кўриниб, онгимизга нақшланиб бораверади. Савол берган кишига ҳар биримиз ўзимизга тегишли нақшлар ҳақида сўзлай  бошлаймиз. Мана шуларнинг барини жамласак, умумхалқ муҳаббати она-юртдаги ҳар бир нарсага тааллуқли эканига иймон келтирамиз.
Биргина мисолни айтай: кўча эшигимизнинг ёнида каттакон бир тош бўлар эди,  дадамиз қўли бўшаганида баъзан ана шу тошга ўтириб, бирон-бир қўшни ёки йўловчи билан гурунглашишни ёқтирарди. Дадамиз вафот этгач, орадан неча йиллар ўтиб, бир куни ўша тошни эслаб қолдим.  Шундай катта тош қаёққа ғойиб бўлди? Янги дарвоза қуришда олиб ташлашганмикин? Ҳозир қаерда экан?
Олдин томорқамизга кириб, ҳаммаёқни кўздан кечирдим, тополмадим. Сўнг ён қўшнилардан суриштиришга тушдим, биргалашиб ҳовлилардан ахтариб кўрдик, ҳеч қаерда йўқ. Қўшниларнинг саволи бир хил — нимага керак бўпқолди ўша тош? Жуда катта, усти текисгина эди, кўчага қўйсак, ўтириб-нетиб турардик-да, деб кулимсирайман, холос. Охири Деҳқон тоға ўз ҳовлисидан каттароқ бир тошни олиб чиқиб, мана шунда ўтириб турармиз, деб кўчага қўйиб қўйди. Миннатдорчилик билдирган бўлдим, бироқ менга бу эмас, бир пайтлар дадам ўтирган япалоқ тош кераклигини, мен ҳам айнан ўша тошнинг устида ўтиргим келаётганини қўшнимга айтолмадим. Мана сизга шу ўлканинг кўнгилга яқин бўлиб кетган биттагина табаррук тоши!
Бувимиз раҳматли "невлай” (қаёқдан билай), "бурушта” (нуқул), "кекач” (кеканглаб, олифталаниб турувчи), "бетёғи” (крем), "тўкинди” (ахлат) сингари одми гапларни кўп ишлатарди. Ҳозир ҳам қишлоқдаги суҳбатларда шу сўзлардан биронтаси қулоғимга чалиниб қолса, китоб ўқиётиб ўта жозибали жумлага дуч келгандек этим жимирлаб кетади. Мана сизга болаликдан жон-жигингизга ўзбекчасига чирмашиб кетган уч-тўртта жайдаригина сўзнинг сеҳрли таровати!
Буларнинг бирини дунёдаги энг кўркам мармар тошга, иккинчисини жаҳондаги энг қудратли тилга алмашишга ким ҳам рози бўларди? Булар — муқаддасдан муқаддас тушунчалар, уларни ҳеч қачон бошма-бош алмашувга ёки кимошди савдосига қўйиб бўлмайди.
Тирикчилик ташвишларига берилиб, баъзан ён-атрофимизда юз бераётган ўзгаришларни унча пайқаёлмаймиз, пайқаган тақдирда ҳам, уларнинг қадр-қимматини чуқурроқ таҳлил қилиб кўришга гоҳо вақтимизни қизғанамиз, шекилли.
Ёзувчилар уюшмасининг бир гуруҳ аъзолари яқинда Фарғонада бўлдик. Айрим мумтоз ва замонавий адибларимиз билан боғлиқ қутлуғ саналарни нишонлаш тантаналари вилоятда ўтказилаётган "Китоб байрами” тадбирларига қўшилиб кетди. Бир қараганда, буларнинг бари азалдан бор бўлган йиғинлардек туюлади. Аммо бир четдан боқиб, синчиклаб кузатилса, киши энди тамоман ўзгача замонда яшаётганини туйқус сезиб қолади.
Ие, илгари буларнинг бари бошқача эди-ку. Бўйинларига қизил мато ўраб олган болалар қўлини саллотдек пешонага тираб турарди, атроф дабдабадор империяни, унинг орденбоз арбобларини шарафловчи шиорлар, суратли плакатларга тўлиб-тошган бўларди. Қайсидир раҳбар бегона тилда сайраб, тантанани очиб берарди. Бошқа тилдаги матнда гимн ижро этиларди...
Энди эса ҳаммаси оддий ва табиий: болаларнинг ҳаракати эркин, бирлари адиблардан дастхат олишга интилса, бошқалари ёйма дўкончалардан китоб харид қилиш билан банд.
Дарвоқе, китоблар... Сотувдаги китобларга кўз ташларкансиз, янгича даврда яшаётганингизни янада ёрқинроқ англайсиз. Илгарилари исмини фахрланиб тилга олиш мумкин бўлмаган  Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Хоразмий, Фарғоний, Беруний каби улуғларимиз ҳақидаги рисолалар, қиссаю романлар, асарларини чоп этиш тақиқлаб ташланган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат,  "хурофий сарқит”ларга йўйилган Яссавий, Ҳувайдо, Рожий каби алломаларимиз китоблари пештахталарни тўлдириб турибди. Энг қувонарлиси, дўкондан харид қилинганлардан ташқари, вилоятдаги очиққўл ишбилармонлар мактаб, лицей ва коллежлар кутубхоналарига бир миллиард 250 миллион сўмликдан зиёд китобларни тортиқ этишибди. Барака топкурларнинг ҳимматига минг тасаннолар бўлсин, дегинг келади!
Тўғрисини айтиш лозимки, аввалги даврда ҳам кутубхоналарга китоблар мўл-кўл тарқатиб бориларди. Аммо ҳозиргидан фарқи шуки, уларнинг аксариятини империя доҳийлари, шунингдек, Чапаев, Пархоменко, Лазо, Павлик Морозов, Зоя Космодемянская, Абдулла Набиев, Майна Ҳасанова янглиғ эски тузум яратган бўрттирма қаҳрамонлар тўғрисидаги асарлар ташкил этар, маҳаллий муаллифларимиз қаламига мансуб китоблар ҳам, асосан, шу мавзуга оҳангдош эди. Орада мумтоз адибларимиздан айримларининг асарлари ҳам учраб қолар, улар "эпақалилари” сараланган, ҳатто, таҳрир қилинган тарзда хўжакўрсинга нашр этиб туриларди.  Ўзбекнинг ўз ўтмишидан, ўзининг буюк аждодларидан ғурурланишининг барча йўллари имкон қадар тўсиб ташланганди.
Бугунги Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарларини кўриб, бир томондан, кўзингиз қувнайди, иккинчи томондан, руҳингиз кўтарилади — ана энди оламдаги истаган мамлакатингиздан меҳмон чақираверинг, улардан бирор жойимиз кам эмаслигимизни ўз кўзлари билан кўриб қўйишсин. Кўчалар кенгайтирилиб, икки чети боғ ва гулзорларга айлантирилган. Бири-биридан кўркам бўлган осмонўпар бинолар қаторида вайронликдан қутулиб қайтадан таъмирланган қадимий обидалар алоҳида ҳусн тўкиб турибди. Қишлоқларнинг файзига файз қўшилаётганига амин бўлиш учун бундан беш-олти йил олдинги манзарага таққослаб кўришнинг ўзи кифоя. Энг чекка ҳудудларда ҳам жаҳон андозалари асосида қурилган лицей ва коллежлар, замонавий ва кўркам стадионлар, спорт заллари, ҳашаматли тўйхоналар, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчаларига дуч келасиз.
Вилоят раҳбарлари ва тегишли соҳаларнинг бошлиқлари деярли бутун тадбир давомида иштирокчиларга йўлдошлик  қилишди, бизга қўшилиб оддий меҳнаткашлар билан қизғин суҳбатлар қуришди, кўпларни қизиқтираётган ёки ташвишга солаётган масалаларга доир саволларга батафсил жавоблар беришди. Бу суҳбатлардан маълум бўлдики, халқимиз, аввало, тинчликни,  юртдаги бунёдкорликлар давом этаверишини, турмушимизда адолат доим бош мезон бўлиб туришини хоҳлайди, лоқайдлик, ноаҳиллик элга фақат ғурбат келтиришини хориждаги айрим юртларда юз бераётган воқеалар мисолида тобора теран англаб етишмоқда.
Буларнинг бари — яхшилик аломати!
Болалар адиби сифатида фарзандларимиз ҳаётига оид воқеаларни алоҳида эътибор билан кузатиб бораман. Куни кеча Бухорода ўтказилган Универсиада мусобақаларини, катта спорт олами сари дадил парвоз қилаётган чайир ўғил-қизларимиз шаҳдини зангори экран орқали томоша қила туриб, ўтмишдаги бир воқеа эсимга тушиб кетди. Акрам деган укам футболни жуда яхши ўйнарди, тўққизинчи синфда ўқиётгандаёқ водий биринчилигида қатнашаётган Олтиариқ командаси мураббийи уни таркибга қўшиб олганди, "Бу боладан зўр футболчи чиқади, уни махсус спорт мактабига беришларинг керак”, деб дадамга уқтиргани-уқтирган эди. Бир куни укамни вилоят футбол мактабига етаклаб бориб, мутахассисларга кўрсатдим. Мураббийлардан бири чимрилиб туриб, агар тўпни ерга туширмасдан оёғида ўттиз марта ўйнатолса, у ёғини ўйлаб кўрамиз, деди. Укам тўпни гоҳ оёқда, гоҳ елкада, гоҳ бошда уриб ўйнайверди, ўйнайверди, ҳисоб элликтадан ошганида мураббийнинг тоқати тоқ бўлиб, тўхтатди. Бу боладан футболчи чиқадиганга ўхшайди-ю, лекин русчани билмас экан, мактабга ололмаймиз, деди. Ўшанда бу гап менга шунақанги алам қилгандики!
Мана, энди ҳаммаси ўз қўлимизда, отамиздан қолган усулда кураш тушиб, онамиз сўзлаган тилда машғулот ўтказиб ҳам дунё майдонларига гуркураб чиқиб бораяпмиз. Илгари 70 йил давомида боксда ўзбеклардан биргина Руфат Рисқиев жаҳон чемпиони бўлган бўлса, энди қисқа вақтда бундай йигитларимиз кўпайгандан кўпаймоқда, ҳатто, олимпиада ғолиблари ҳам бор.
Хўш, булар ниманинг шарофати? Кеча қайси тўқайда эдиг-у, бугун қайси гулшанни яшнатиб юрибмиз? Бор-йўғи, йигирма икки йилгина одимлаган шу йўлимиздан оғишмай бораверсак,  умидимиз ғунчалари бўлмиш фарзандларимизни яқин келажакда не мақомдаги ёруғ манзиллар кутаётганини тасаввур этиш унчалар қийин эмас.
Шулар ҳақида ўйлаганимиз сайин, китоблари ҳам, қўшиқлари ҳам тотлидан тотли тилингга туташ бўлган жонажон юртингга нисбатан меҳринг янада товланаверади, ҳаммамиз елкама-елка туриб, бор кучу идрокимизни фарзандларимизнинг эртанги саодатини асрашга сарфлашимиз ўта муҳимлигини, бу — биз, ота-оналарнинг бугунги кундаги энг олий бурчимиз эканлигини ёрқинроқ ҳис этиб бораверамиз. Бунақада "она-Ватан” ва "она тили” қаторига "келажак”ни ҳам қўшиб, уни "она келажак”, деб атагинг келади.
Она юртимиз эркини,  она тилимиз кўркини, она келажагимиз нурини боламизга пиёладаги тиниқ сувдек эҳтиётлаб элтиб узатиш, илойим, ҳар биримизга насиб этаверсин. Фарзандларимизга биздан қоладиган энг қимматли мерос аслида мана шулар эмасми?!

Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.

Просмотров: 870 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024