Форма входа

Поиск

Календарь

«  Март 2015  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Среда, 08.05.2024, 13:05
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2015 » Март » 28 » ОНАМНИНГ САБОҚЛАРИ
13:53
ОНАМНИНГ САБОҚЛАРИ

Уйимизда ўғил ўсяпти


     ОНАМНИНГ САБОҚЛАРИ


P1260829

Мактабдан қайтиб, уйда ишдан бўш қолган пайтларим онам дарров қўлимга китоб тутқазарди. Ўтган асрнинг 60-йиллари қишлоқларда электр чироқлари бўлмасди. Бўлса ҳам бир-икки соат ёнардию кейин ўчарди. Шунинг учун тунлари керосин чироқ нурида китоб ўқирдим. Онам эса ҳамма ишлари тугагандан кейин китоб ўқишга киришарди. Унинг қачон ухлаб, қачон турганини билмасдим. Китобларни қишлоқ, туман кутубхоналаридан олиб келарди. Буни китобларнинг илк варақларига қўйилган муҳрлар ва белгилардан билиб олардим. Ҳар бир китобни ўқиб бўлганимдан кейин унинг мазмуни ҳақида суҳбатлашардик. Баъзи асарлар маъқул бўлмай чала-чулпа ўқисам, дарров билиб оларди. Китобни қўлимга қайтадан тутқазарди. Тўлиқ ўқиб чиқмагунимча қўймасди. Баъзан: “Бу китоб ёки асар менга ёқмади, шунинг учун ўқигим келмаяпти”, деб норозилик билдирмоқчи бўлсам, “Китобни тўлиқ ўқимасдан туриб унинг яхши ёки ёмонлигини қайдан била қолдинг, аввал ўқиб чиқ, кейин фикрингни билдирасан”, дерди. 13 ёшимга қадар китобхонлигим ана шундай кечган. Кейин онам мени китоб ўқишга мажбурламайдиган бўлди. Китобхонлик кундалик одатимга айланди. Ўша пайтларда онам менга: “Ўқиган китобларингдаги одамлар биз билан яшаётган одамларга ўхшайдими, уларнинг ҳаёт тарзи бизларнинг кундалик ҳаётимизга яқинми, нега китоблардаги қаҳрамонларнинг баъзилари яхшию, айримлари ёмон, мана шуларнинг сабабини билишга интил”, – дея талаб қўярди.
Ўша пайтларда онамнинг китобхонлигига, мени ҳам китоб ўқишга мажбур қилишига ҳайрон қолардим. “Мактабда бор-йўғи етти йил ўқиган, умрида қишлоқдан, жилла борса туман марказидан нарини кўрмаган, меҳнатдан боши чиқмаган онамнинг қалбида китобга меҳр қандай уйғонган экан”, деб ўйлардим. Қишлоқ аёлларининг ўзлари китоб ўқишлари у ёқда турсин, мабодо фарзандларининг китоб ўқиётганини кўриб қолса: “Китоб ўқиб мулла бўлармидинг, ундан кўра иш қил”, дея жеркиб ташлашларини кўрганим учун онамнинг менга китобхонлик учун имкон яратиб беришининг сабабини англамасдим. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Бизга яқин жойда ота томондан бувамнинг синглиси – Розия аммам яшарди. Аммамнинг эри урушдан қайтмаган, ёлғиз ўғли жангдан оғир ярадор бўлиб қайтиб, вафот этган, ҳайҳотдай уйда бир ўзи яшарди. У кишининг катта боғи бўлиб, олма дарахтлари кўп эди. Улар пишиб етилгач, қариндош-уруғларга ёки қўни-қўшниларга илтимос қилиб уларни тердириб, бозорда соттирарди. Бир куни аммам олмаларнинг энг яхшиларидан уч челакни тўлдириб, велосипедимга юклаб мени туман марказидаги бозорга жўнатди. Савдо-сотиқни билмаганим учун растадаги қўшни чолнинг ёрдами билан олмалар сотилди. Аммам бор пулни олиб келишимни қаттиқ тайинлаганига қарамай, олманинг пулига бир челак китоб сотиб олдим. Аммам аввалига олма сотиб келганим учун мени алқади. Қилган ишларимдан хабар топгач, бор аламини тўкиб солди. Унинг бақир-чақири авжига чиққан паллада яширинча онамга кўз ташладим: юзида англаб бўлмас бир ифода зоҳир бўлса ҳам, кўзларида қувонч порлаб турарди. Унинг қилган ишимдан ич-ичидан мамнунлигини сезиш қийин эмасди.
Онамнинг китобга ўчлиги сабабларидан бирини орадан кўп йиллар ўтгач билдим. Қишлоққа борганимда мактабда рус тилидан сабоқ берган устозим Амина опа билан учрашиб қолдим. Амина опа татар анийлардан бўлиб, салкам 80 ёшни қоралаб қолганди. У киши ёшлигида Қозондами, Уфадами рус тилидан яхши сабоқ олган, уруш йилларида тақдир зайли билан қишлоғимизга келиб қолган экан. Мулойим, меҳрибон, ҳаммага онадай бўлиб қолган бу опа мактабда салкам олтмиш йил муаллимлик қилган, нафақат мени, онамни ҳам ўқитган экан.
– Онанг жуда яхши ўқирди, зийрак, одобли қиз эди. Араб, лотин, кирилл алифбосида қийналмай ўқирди. Қўлидан китоб тушмасди. Ўша пайтларда қишлоқ мактабларга Тошкент, Самарқанддан катта олимлар келиб, яхши ўқувчиларни ўқишга танлаб кетарди. Онанг ҳам ана шундай олий ўқув юртида ўқиш учун танланган ўқувчилардан бири эди. Афсуски момонгнинг қаршилиги туфайли ўқий олмади. Олий ўқув юртида ўқиш онанг учун армон бўлиб қолди. Шунда ҳам китобдан кўнгил узмади. Унинг менда ўндан ортиқ китоблари қолган. Ўқиш учун омонат олган эдим. Шуларни сенга берсам…
Мана, столим устида онамдан ёдгор китоблар терилиб турибди. Навоий, Машраб, Бедил, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳийнинг арабий имлода тартиб берилган қўлёзмалардан иборат китоблари, Ойбек, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор асарлари, Пушкин, Толстой, Войнич, Лермонтов, Некрасовнинг таржима жилдликлари, яна география ва тарихга оид рисолалар… Уларни қўлга олсам саҳифалар бағридан онам термулиб тургандек туюлади. Онамдан мерос ўтган китобхонлик туфайли уйда озми-кўпми китоб йиғдим. Болаларим – тўртта ўғлимни ҳам ёшлигидан китоб билан дўстлашишга, китобхонликка ўргатдим. Улар китобга, илм-фанга меҳрлари туфайли олий ўқув юртларини тугатишди. Ўз соҳаларининг яхши мутахассиси бўлиб етишишди. Ҳатто ҳозир ҳам улар турли соҳа вакиллари бўлишларига қарамай, столлари устида ёки ёстиқлари остида, албатта, китоб бўлади. Оилада китоблар ҳақида баҳслар, мунозаралар бўлиб туради. Эндиликда бу жараёнга невараларим ҳам қўшиладиган бўлиб қолди. Яхши китоблар инсон учун ҳамиша энг яхши дўст, тафаккур қаноти, ҳаёт йўллари ҳақида сабоқ берувчи ибрат мактаби бўлиб келган. У одамни ўйлашга, фикрлашга ундайдиган, унинг қалбида яхшилик, тўғрилик, самимийлик, ҳақиқатпарварликни қарор топтирадиган қудратли куч ҳисобланади. Шунинг учун менда, мен орқали фарзандларим, невараларимда китобга нисбатан чексиз муҳаббат уйғота олган онамдан доимо миннатдорман.
Баъзан давраларда: “Отам бундай деб насиҳат қилганди”, “Онам ундай дея маслаҳат берганди”, қабилидаги фикрларни эшитиб қоламиз. Тўғри, ҳаётда ҳар кимнинг ўз йўли бор. Биров кимнингдир тажрибасидан сабоқ олади, яна кимдир ота-онасининг насиҳатига амал қилиб, ҳаёт йўлини танлайди. Лекин менга онам бирор насиҳат қилганини, одоб ёки тарбия хусусида сўз айтганини эслай олмайман. Агар бирор иш қилишим лозим бўлса, ўша ишни онамнинг ўзи бошларди. Мен аста-секин унинг ёнига қўшилардим. Икки-уч бор шу ҳолат такрорлангандан кейин бу ишни қилиш менинг вазифам эканлигини англардим. Уйга сув керак бўлса, челак остонада пайдо бўлар, ўтин зарур бўлса, болта йўлакка қўйилар, мол-қўйларга ўт учун ўроқ устунга санчиларди. Хуллас, ҳар бир ишнинг ўз белгиси бор эди. Онамнинг қаттиқ гапиргани ва бировга бақирганини эшитмаганман. Ҳар бир нарсани кимга бўлмасин ётиғи билан тушунтирарди. Бировни чақирмоқчи бўлса, ёнига бориб, астагина “ака” ёки “ука” дея мурожаат қиларди. Ўртоқлари билан бақириб гаплашаётганимни эшитса: “Нима, жарчимисан, намунча дунёни бошингга кўтардинг?!” деб қўярди. Шу гапнинг ўзи мен учун етарли бўларди. Бирор айб иш қилиб қўйсам ҳам онам бақирмас ёхуд қўлига калтак олиб жазо бермас эди. Жазонинг ўзига хос йўлини ўйлаб топарди. Ёшлик – бебошлик. 7-синфда ўқирдим. Бир куни мактабга бориб, дарсларга кирмай стадионда копток тепганман. Иккинчи кун ҳам шу аҳвол такрорланганди. Мактабдан, аниқроғи, стадиондан уйга келиб, далага ишга кетганман. (У пайтлари мен тенгиларнинг ҳаммаси далада меҳнат қиларди.) Ўқитувчим эса мени касал бўлиб қолган деб ўйлаб уйга келган. Онам ва ўқитувчим ўртасида нима гап бўлганини билмайман, лекин эртасига эрталаб онам мен билан бирга мактабга отланди. Онамдан бунинг сабабини сўрагандим: “Ишим бор”, деб қўя қолди. Ўша куни онам дарсларим тугагунча мактабда ўтирди. Эртасига яна она-бола иккаламиз мактабга кетдик. Шу куни мактаб директори синфимизга кириб: “Икки кун стадионда копток тепганинг, ўқиш ўқимаганинг онангни икки кундан бери сарсон бўлаётганига арзийдими? деб танбеҳ берди. Синфдошларимнинг мени калака қилишлари авжига чиқди. Онамнинг мен билан мактабга келиши сабабини ана шунда англаб етдим. Учинчи куни онам яна мактабга бормоқчи бўлганда, бундай қилманг, деб ялиниб-ёлвордим. Ҳамма айбни бўйнимга олдим. Онам индамади. Юзимга бир қараб, кейин уйга кириб кетди. Кечқурун эшик олдида важоҳат билан тоғам пайдо бўлди.
– Агар ўқигинг келмаса, мактабни йиғиштир, эртадан бошлаб далада ишлайсан! Опа, сиз мактабда нима қилиб юрибсиз шу тентакнинг кетидан эргашиб, – дея онамга танбеҳ берди. Жаҳлини босолмаганидан юзимга шапалоқ тортди. Тарсакининг зарбидан 2-3 кун юзим қизариб юрди. Мактабга бормай десам, онамнинг кўз қарашларидан ўзимни қўярга жой тополмайман. Борай десам, синфдошларимнинг масхаромуз гапларидан бош кўртаролмайман. Ўшанда тоғамнинг шапалоғи ҳам, тенгдошларимнинг калакалари ҳам орадан кўп ўтмай эсимдан чиқиб кетган. Лекин онамнинг мен учун чеккан азияти бутун умрга қалбимда оғриқ бўлиб қолди. Ана ўшанда ўзимга ўзим ҳеч қачон нотўғри иш қилмасликка ва ёлғон гапирмасликка сўз берганман. Буни қай даражада уддаладим ёлғиз Оллоҳга аён. Лекин онамдан мерос бу сабоқ кейинчалик оиламнинг ёзилмаган қонунига айланди.
…8-синфда ўқирдим. 2,5-3 ойлик пахтадан кейин мактабда энди ўқиш бошлаган пайтларимиз. Бир куни ўқитувчиларимиздан бири мени ва яна иккита ўқувчини дарсдан чақариб, икки кун ғўзапоя теришга жўнатди. Изғирин, совуқда мактабга бормай ғўзапоя тердик. Бундай ноҳақликдан ранжиб вилоят газетасига шикоят хати жўнатдик. Оқибати нима бўлганини билмадик, лекин ўша ўқитувчимиз бу хатни ёзганим учун калтаклади. Уйга келиб онамга бор гапни айтдим. Онам одатдагидай яна индамади. Эртасига эрталаб ўша ўқитувчининг олдига мени олиб борди. Мен учун кечирим сўради. Кейин мени ҳам ундан кечирим сўраттирди. Кечқурун уйга келганда онамга: “Ахир ўқитувчи айбдор-ку!” дедим. Онам менга қараб: “Нимага айбдор? Сенга ёмонлик қилишни ўргатмаган бўлса, бирор ёмон йўлга бошламаган бўлса, иш буюрса айбдор бўладими? Устоз ҳаммадан улуғ бўлади”, деди. Ўшанда мен ўзимни ҳақман, деб ўйлаганман. Лекин орадан анча йиллар ўтиб, катта ўғлим рус тили фанидан таълим берадиган муаллимининг танбеҳига чидай олмай унинг синфидаги хонаки гулларга кислота қуйгани яна бир ўғлим сабоқ бериш ўрнига бошқа ишлар билан шуғулланган ўқитувчисини ҳақорат қилгани учун устозларидан кечирим сўраганимда онамнинг нимага шундай қилгани сабабини чуқурроқ англаб етдим. “Инсон ҳар қандай шароитда ҳам меҳр-мурувватини, яхшилигини ўзгалардан аямаслиги керак”. Онам англатган бу ҳаёт ҳақиқати мен учун ниҳоятда муҳим сабоқ эди.
Халқимизда “Бир болага етти қўшни ота-она” деган нақл бор. Бу миллатимиз учун фарзанд, бола тарбияси ҳамма нарсадан муҳим эканлигини англатади. Бугунги кунда эса бир болага нафақат етти қўшни, балки бутун маҳалла, илм маскани, жамоат ташкилотлари – барчаси масъул. Аммо шунга қарамай ёшларимиз орасида билиб-билмай жиноятга қўл ураётган, бебошлик қилаётган, енгил-елпи ҳаёт йўлига қадам қўяётган, тарбияси болалар ҳам учраб турибди. Бунинг сабаблари кўп. Лекин энг асосий сабабларидан бири ота-онанинг фарзандига яхши тарбия бера олмагани. Оилада етарлича тарбия олмаган бола мактабга борганидан кейин бу ердаги таълим, тарбия асосида маълум даражада ўзгариши мумкин. Аммо у тарбияли болага айланиб қолмайди. Аксинча, ундага тарбиясизлик аломатлари яққолроқ кўзга ташлана бошлайди. Чунки оилада хоҳлаган ишини қилишга одатланган бола мактабдаги ўзига хос тартиб-интизом қоидаларига бўйсинишга мажбур бўлади. Шу сабабли дастлаб унинг кўнглида норозилик туғилади. Бу норозилик аста-секин исёнга айланади. Дарсларга қатнашмасликка, устозларининг айтганларини қилмасликка интилади. Ўқитувчиларидан дакки эшитса ёхуд жазоланса, ота-онасига шикоят қилади. Бундай ҳолларда баъзи ота-оналар фарзанди “ҳимояси” учун мактабга чопади. Бола тарбиясида хатоликка ана шунда йўл қўйилади. Ота-онаси томондан ҳимоя қилинган бола: “Мен ҳақ эканман, тўғри иш қилган эканман”, деб ўйлайди. Аввалгиданда кўпроқ шўхлик қилади, одобсизлик йўлларига кириб, жиноят кўчасига кирганини билмай қолади. Бундай пайтда ажабтовур ҳолат юзага келади: Бола ким биландир жанжаллашгани ёки жиноят йўлига киргани учун ўқитувчи айбдор деб топилади, мактаб маъмурияти, маҳалла қўмитаси, маҳалладаги тартиб-назорат таянч пункти ва бола тарбиясига масъул бўлган бошқа ташкилотлар ўз ишига совуққонликда, бепарволикда айбланади. Ўша боланинг ота-онаси эса бу ўринда жабрдийдага айланишади. Ваҳоланки, улар бу жараёнда энг асосий айбдордирлар. Демак, фарзанд тарбиясининг асоси энг аввало, оиладан бошланиши керак. Бу оддий ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим.
Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бор. Бола ҳам шундай. Шунинг учун ота-она оилада боласига яхши тарбия бермоқчи бўлса, аввало, ўзлари одоб-ахлоқ, самимийлик, ростгўйлик, ҳалоллик, одиллик, покизалик, ҳурмат-эътибор, бошқаларга яхши муносабат, оила тутиш, илм-маърифатга интилиш ва инсон ҳаётида муҳим бўлган барча соҳаларда ибрат бўлиши керак.
Бир дўстим бор. Эр-хотин иккиси ҳар томонлама барчага ибрат бўларли олим одамлар. Иқтисодий жиҳатдан етишмовчилиги йўқ. Лекин болалари… Катта ўғли бойлик топиш илинжида илмий ишини чала қолдириб, ўзини бозорга урди. Қизи икки фарзандини ташлаб, хорижда пул топиш билан банд. Иккинчи ўғлининг оиласида тинчи йўқ. Уч-тўрт йилда болаларини етим қилиб, қайта уйланди. Учинчи ўғилнинг номи талаба, ўзи бозорда даллол. Ана шу дўстим яқинда кўнгил ёриб қолди: “Мен ҳам, хотиним ҳам яхши пул топардик. Бироқ топаётган пулимизга қаноатланмасдик. Янада кўпроқ пул топиш йўллари ҳақида суҳбатлашардик. Деярли ҳар куни оила даврасида суҳбатимиз пул ҳақида бўларди. Биров зориқиб пул сўраб келса, бермасдик. Уй-жой, машина, дала ҳовли, юксак унвонлар… фикри ҳаёлимиз шуларда эди. Мана, ҳаммасига эришдик. Болаларимизнинг олим бўлиб етишишларини орзу қилардик. Афсуски, бунга эришолмадик. Ўйлаб қарасам ўз хатти-ҳаракатларимиз билан фарзандларимизни мол-дунёга ҳирс қўйган кимсаларга айлантирибмиз. Тарбия дегани, энг аввало, ота-она ибрати экан, аммо буни кеч англадик…”.
Унинг гапини тинглаб ўтириб кўз олдимга онам келди. Бизлар ҳам – она-бола иккимиз кўп нарсаларни орзу қилардик. Лекин онам ҳар бир ишни амалга оширишдан олдин уни тарозига солиб пухта ўйлаб, кўришни маслаҳат берарди. Тарозисининг бир палласида яхшилик, иккинчи палласида ёмонлик деган сўз турарди. Бир ишни бошламоқчи бўлсам: “Сен қилмоқчи бўлган яхши ишнинг оқибатида ёмонлик йўқми, унинг бошқаларга зарари тегмайдими? Ана шуни ҳисобга ол! Бировга зарари тегадиган, ёмонликка йўл очиб берадиган ишни қилма!”, дерди онам. Энди билсам, онам нафақат ҳар бир ишни, балки ҳар бир сўзни ана шу тарозида тортиб айтган экан. Бугун болаларимга бирор сўз айтмоқчи ёки иш буюрмоқчи бўлсам, онамнинг ушбу сабоғи хаёлимда жонланади.
Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг биринчи босқич талабаси эдим. Қишнинг охирлари. Онам касал эди. Ҳаётдан кетишини билгани, қўлимга ўзи асраб юрган нарсаларни тутқазди. Суратлар, ҳужжатлар, яна бошқа нарсалар… Улар орасида кўк муқовали бир дафтар ҳам бор эди. Унда онам менга айтмаган, лекин айтишни ният қилган фикрлар ёзилганди. Улар орасида шундай бир ривоят ҳам келтирилган: “Бир инсон фарзанд тарбияси борасида донишманддан маслаҳат сўрабди. Донишманд унга: “Фарзандингизга беш ёшгача подшоҳдек муносабатда бўлинг. Беш ёшдан ўн етти ёшгача қулдек меҳнат қилдиринг, ўқитинг, сафар қилдиринг, ҳаётдан таълим беринг. Ўн етти ёшдан кейин дўстдек кўринг. Ана шунда уни келажак турмуш йўлларига тоблайсиз”, дебди.
Аждодлардан мерос тарбия ҳақидаги ушбу ривоят ёзилган бу дафтар ҳамон столим устида турибди. Уни фарзандларим ўқиганми, йўқми, билмадим. Лекин бир нарса аниқ. Онам нафақат мен учун, балки ўзи кўрмаган, билмаган, келажакда туғиладиган невараларининг тарбияси учун ҳам қайғурган экан. Онамнинг сабоқлари менинг невараларимга ҳам мерос бўлиб қолишини истайман.

Камол МАТЁҚУБОВ

Просмотров: 924 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024