Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 04:52
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Июль » 29 » ОТАНГГА БАЛЛИ! БОБОНГГА БАЛЛИ!
13:56
ОТАНГГА БАЛЛИ! БОБОНГГА БАЛЛИ!

Анатолнинг отасига раҳмат!

Ёхуд юзта шиферни қандай ундирганим хусусида
...Шеригимнинг номини эшитиб, хотинимнинг кўзларидаги беғубор тонг ўрнини тун эгаллади.
— Келиб-келиб, ўша Гажур билан боряпсизми? Ишингиз битса, берди худо, битмаса... 
Мен унинг гапини ҳазилга бурдим:
— Битмаса, урди хотин!

classic_books-041007

— Сизга нуқул ҳазил бўлса! — деди у қўлидаги кўк челакни кўтариб, оғилхона томон кетаркан. — Сигир соғадиган пайт бўлди. Пайтида соғиб олмаса, боласи эмиб қўйиши мумкин. Унда бола-чақанинг ризқи қийилади.
Бироздан сўнг кўчадан Гажур аканинг хирилдоқ овози эшитилди:
— Бу қайси бедавонинг иши? Ҳай-ҳай, бу нимаси-я?!
Нима гап? Биров билан яна тортишиб қолдими? Ташқари чиқдим. Гажур ака чиқинди уюми ёнида турар, қўлида чанг босган қалин китоб. У мени кўриб, баттар тутоқди:
— Қаранг-а, уйингизнинг олдида, нақ бурнингизнинг остида шундай ажойиб асар... ҳалигидақа... хароб бўлиб ётса-я! Қаёққа қараяпсиз ўзи?!
— Битта-яримта бефаросатнинг иши бўлса керак-да! — дедим "мендан ва болаларимдан кўрмасин” деган ўйда. Бундай пайтларда унга гап уқтириш бефойда. Пулини олинг, кийимини кийинг, энг яхши кўрган отига мининг, ғиринг демайди, аммо унинг кўз олдида китобга тегманг ёки китобни улоқтира кўрманг, нақ балога қоласиз. Келиб-келиб, менинг уйим олдида чиқинди ичидан китоб чиқиб турса-я! Энди "ёғлиқ-ёғлиқ” гапларга чидаймиз-да. Илож қанча. Гажур ака кир китобнинг варақларини силар экан, лаби-лабига тегмай жавради:
— Бизникилар қачон одам бўлишади? Эсиз китоб-а! Сатқаи китоб кет. Уларга машина, дача, дўллар бўлса, бас: ейишса, ичишса, кайфу сафо қилишса, мақтанишса, сассиқ-сассиқ кекиришса бўлди!
— Нервингизни бузманг, ака! — дедим уни юпатмоқчи бўлиб.
— Одам деганда ақл бор-ку! — баттар тутақди у. — Калла нега берилган? Бўйинда кўтариб юриш учунми ёки... шунақа расво ишлар қилиш учунми?! Бу бедаволарга қачон ақл киради ўзи?! 
Гап-сўзимизни хотин эшитмасин деб яна уни юпатишга чоғландим:
— Бедаволарга гап уқтириб бўладими, ака! Қўйинг, беҳудага юрагингизни қийнаманг!
— Сиз бунақа деманг! Ҳечам бунақа деманг! — қўлини пахса қилди у. — Уларга бепарво бўлсангиз, ҳаммаёқни расво қилишади.
Бу гапдан энсам қотиб, индамай қўя қолдим: ўзи жавраб-жавраб тинчийди. Кун ҳам қизий бошлади. Марказга салқинда етиб олиш керак, иккинчи томони, гап-сўзни кўпайтирмасдан бу ердан тезроқ даф бўлган маъқул.
Гажур ака жавраганча ортимдан йўлга тушди. Жавраса жаврайверсин: тил, оғиз уники, чарчаса, ўзига қийин. Битта китобни деб, асабни шунчалик бузиш шартми?! Китоб "жинниси”... қизиқ одамлар бор-а!
Унинг китобга ўчлигини бутун қишлоқ билади. Уйида ҳам аллақанча китоби бор. Асар муаллифларини, ундаги ҳатто кичик-кичик воқеаларни ҳам кеча кўрган тушидай тез эслайди. Бало одам. Қўшнимиз Исмат фермернинг гапи билан айтадиган бўлсак, "калласи нақ компьютернинг ўзи”. Билмаган нарсаси, қилмаган иши йўқ. Даласида ҳам кутубхона ташкил қилган. Тўрт йил олдин қирқ гектар ер олиб, фермерликни ташкил этиб, 37 одамни иш билан таъминлади. Қизиғи шундаки, гажурлигига бориб, уларни ҳам китоб ўқишга ўргатди. Қишлоқда: "Китоб ўқимайдиган одамни Гажур ака ишга олмайди”, деган гаплар ҳам тарқалган эди. Лекин унга тан берганман. Шийпонга бориб кутубхонасини кўрдим. Нақ вазирнинг хонаси дейсиз: гард йўқ, поллар ойнадай ярақлайди, жавонларга китоблар дид билан қаторлаштириб терилган. Атлас кўйлак кийган қизча қўлидаги оқ дока билан китобларни артиб юрарди.
"Ишлар яхшими?” сўрадим ундан. "Яхши!” дея ийманиб жавоб қилди у. "Ойлик етарлими?!” "Етарли, ака!” — унинг мамнун оҳангидан англадимки, маоши, иши уни қониқтиради. Ҳозир сариқ чақага ишлайдиган аҳмоқ йўқ. Одамларнинг кўз-боши пишиб, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қиладиган бўлиб қолишди. 
Яна шуни биламанки, Гажур ака қўл остидагиларни китоб ўқийсанми-йўқми, деб сира қийнамайди. Бу ерда муҳитнинг ўзи шунақа: китобни севмайдиган киши келиб қолса, орадан кўп ўтмай китобхонга айланади. 
Бас, шундай экан, бу одамнинг даладаги ишлари қай аҳволда деб сўрарсиз: тўрт йилдирки, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилади. Бу ўринда гапни кўпиртираётганимиз йўқ. Қайси далага қанча ўғит, қанча сув керак? Ҳаммаси олдиндан белгилаб, ҳисоб-китоб қилинган... Гажур аканинг ўзи ҳам қараб турмайди, иш кийимларини кийиб, тандирдай қизиб турган далада кетмон чопади, эгатларга сув тарайди, керак бўлса, тракторни ҳам ўзи бошқариб кетаверади.
Қурилиш базаси ёнига етиб келганимизда, у ҳалигача шаштидан тушмаган, ҳамон ахлатдан топилган китоб ҳақида жавраб келарди:
— Китобни олибсан, ўқибсан, номард. Ахлатга ташлаганинг нимаси?! Ҳай, худодан қўрқмаган ношукур-а!
Унга қараб ичим ачийди. Ундан кўра шиферни ўйласа бўлмайдими?! Иккимиз ҳам баҳорда пойдевор ташлаб, уй қуришни бошлаб юборган эдик, девор кўтарилди, тахталар қоқилди, шиферга келганда эса ўзимиз "қоқилдик”. Икки ойдан буён базага қатнаймиз, ана келади, мана келади билан шифердан дарак йўқ. Куз бошланиб қолди, ҳадемай қор-қировли кунлар ҳам бошланиб қолса, дардимизни кимга айтамиз?! 
Қора ойнали уйчадан шоп мўйловли, қоровул чиқди. 
— Шифер келмади, бирров телпон қип қўйсайла бўларкан! Овора бўпсизлар-да яна!
— Уф! — дедим мен. — Қачон келади? Келадими ўзи?!
— Ке-ла-ди, албатта, келади, хотиржам бўлинг! — Мени ишонтиришга уринди қоровул. — Пақат документла тўғри бўлмаётган экан.
Гажур ака бош чайқади:
— Ўв, қоровул ака, бошлиғингиз қанақа латта одам?! Рас эплолмас экан, бизга айтмайдими?! Бизни шерик қип борсин ўша шипер заводига! Ўша завод директори китоп-питоп ўқир ахир! А... тилини топар эдик ўша бедавонинг! 
Мен индамадим.
Гажур ака яна жавради: 
— Далада иш кўп-да! Далада!.. Иш қайнайди, бошдан ошиб ётибди, бўлмаса, ўзим Тошкан тушиб, шарт бир вагонини келтирар эдим.
Иккаламиз бозорга кирдик. Ҳарқалай, марказга тушдик, болалар қўлга қарайди, майда-чуйда олиш керак.
Кимдир номимни тутиб чақирди:
— Садиржон! 
Ортимга қарадим: оҳори тўкилмаган дўппи кийган, жигарранг костюм-шимли, озғин киши мен томон халлослаб келаётган эди.
— Танимадингиз шекилли?! — деди у кела солиб мен билан қўшқўллаб кўришаркан. — Карим акаман, касалхонада бирга ётган эдик.
Эсимга тушди: бурноғи йили юракнинг мазаси қочиб, касалхонага тушган ва уни ўша ерда кўрган эдим. Жуда хасис одам. Иккита китобни мендан қизғанган эди. Бир куни жуда зерикдим. Қўшни палатада унинг ёлғиз ўзи ётарди. Кўпинча китоб ўқирди. Мен ундан иккита китоб сўраб олдим. Китоблар бир-икки кун столим тортмасида ётди. Фурсатини топиб ўқийман деган эдим. Учинчи куни китобларини сўраб келди. Қизғанчиқ экан, дея ундан хафа бўлдим ва ўша заҳоти китобларини қайтариб бердим. Уч-тўрт кундан кейин у касалхонадан чиқиб кетди. Ўшандан буён уни кўрмаган эдим.
— Йўқ-э, нималар деяпсиз? Танидим, Карим ака! — дедим ўзимни оқлаган бўлиб. — Яхшимисиз? 
Карим ака мен билан сўрашаркан, Гажур аканинг қўлидаги китобга кўзи тушиб, афти буришди:
— Китобни расво қипсиз-ку, биродар!
Кулгим қистади. Карим ака ҳам Гажур акага ўхшаб китоб "жинниси”га ўхшайди. Ҳозир роса қизиқ гаплар бўлса кераг-ов. 
Гажур ака китобни силади:
— Буни мусорнинг ичидан топдик, биродар!
Карим аканинг кўзлари ўйнаб кетди:
— Қайси бемазанинг иши бу?!
Мийиғимда кулдим. "Ўхшатмасдан, учратмас”. Буларнинг гаплари ҳам бир хил: биттаси "бедаво” дейди, иккинчиси "бемаза”. Топганини қаранг!
Карим ака китобга қўл узатди:
— Кимнинг китоби экан? 
Гажур ака худди ёш боладек қизғаниб, китобни ёнига яширди. 
— "Уч мушкетёр” экан.
— Сиз уни нима қиласиз? Бир ўқиб ташлаб юборасиз. Бунга муқова қилиш керак. Йўқолган варақларини компьютерда териб тиклаш керак.
Гажур ака ҳам сўзини бериб қўядиганлардан эмас. 
— Бе, нима деяпсиз. Ҳозир уйга борган заҳоти бунга муқова қиламан. Ўқиб чиққач, даладаги кутубхонамга қўяман.
— Далада ишлайдиган одам ҳам китоб ўқийдими? Чарчаб келиб ухлаб қолишади-ку!
— Бизникилар унақа эмас! — бошини сарак-сарак қилди Гажур ака. — Шунақа китобларни ўқишганки... ишонмасангиз, бир кун даламга ўтинг!
Карим ака Гажур аканинг қўлтиғидан олди:
— Китобларингиз кўпми? 
— Жуда кўп.
— Бариси эски бўлса керак-да?! Далада ишловчилар кир қўллари билан ушлаб, расво қилишмайдими?!
Гажур ака хохолаб кулди:
— Балки уларни эшакка тескари минишади, деб ўйларсиз?!
Карим ака дув қизарди:
— Қўйсангиз-чи?! Жинниманми, шундай деб ўйлайман. Сўрадим-қўйдим-да!
Биз хайр-хўшлашиб кетмоқчи эдик, Карим ака уйга борамиз, деб ёпишиб олди. Бундай одамларни тушунса бўлади: дилига яқин киши топилди дегунча ўзларини қўярга жой тополмай қоладилар. Мен "нима қилдик?” деган савол назари билан Гажур акага қарадим. У жилмайди. Демак, рози. Бошқа жойга деса, ўлигини судраб ҳам обориб бўлмасди... Гурунг-гурунг билан Карим аканинг уйига бордик. Топган-тутганини олдимизга қўйди, ош қилди. Еб-ичдик. Лекин Гажур акамизнинг кўзи аланг-жаланг бўлиб турди, уни таом эмас, кўпроқ Карим аканинг китоблари қизиқтираётгани аниқ эди. Ниҳоят, у тараддудланиб сўради:
— Сизда том-помлар борми?
— Бор.
— Қанақалари бор?
— Навоий, Самуел Смайлс, Ойбек, Жек Лондон, Теодор Драйзер... Шулар! Сизда ҳам том-помлар борми?
Мени яна кулгим қистади. Буларнинг гапларини четдан кузатган кишининг энсаси қотиши тайин. Ҳатто "иккисининг ҳам томи кетган”, деб ўйлаши мумкин.
— Бор... бизда том-помларнинг зўри бор! — деди Гажур ака димоғини кўтариб.
Карим ака унга яқинроқ сурилди:
— Қанақалари бор?
— Менда сизда йўқлари ҳам бор. Масалан, менда Ричард Стил, Франсуа Рабле, Жозеф Киплинг, Дени Дидро, Анатол Франс, Абул Фаражлар бор.
Карим аканинг кўзлари пирпиради:
— Зўр-у!
Гажур ака гавдасини кўтарди. Унинг мағрур қарашларида "Сиздан зўр эканманми?”, деган маънони ўқиш мумкин эди.
Карим ака:
— Менга Анатол Франсни сотмайсизми? — деб сўради.
Гажур аканинг ингичка қошлари чаённинг думидек хунук қайрилди:
— Мен ҳеч қачон китоб сотмайман!
— Хўп дея қолинг!
Мен тараддудланиб гапга қўшилдим:
— Карим ака, агар шифер топиб берсангиз рози бўладилар!
Гажур ака мени силтаб ташлади:
— Шифер топиб берсалар ҳам сотмайман!
— Менда шифер бор! — деди Карим ака қувониб.
Мен Гажур акага қарадим:
— Хўп десангиз-чи?
— Йўқ, хўп демайман! — қовоғини уйди у.
Хотинимнинг: "Зап одам билан боряпсиз, битган ишингиз ҳам битмайди”, деган гапи эсимга тушиб, баттар жиғибийрон бўлдим. Гоҳида хотиннинг гапига ҳам қулоқ солиш керак. Энди бу ҳангомани эшитса борми, умр бўйи жавраб ўтади. 
— Ака, хўп десангиз-чи?! Иш битиб турганда, оёқ тирашингиз нимаси? Қанақа одамсиз ўзи?! — дедим қақшаб-қалтираб.
У менга совуқ қаради.
— Ҳарқалай, фаришта эмасман!
Кўнглим ланғиллаб ёнди. Бу қанақа одам ўзи? Ҳозиргина ўламан саттор, шифер керак, деб турганди. Энди бу нимаси?
Унинг жавобини эшитиб, Карим аканинг афти куйиб кетди. Анатол Франсни қўлга киритмагунча тинчимаслиги аниққа ўхшаб турарди. У бизни кутубхонасига олиб кираркан:
— Мана, кўринг, хоҳлаганингизга алмаштираман! — деб жовдиради.
Гажур ака кенг кутубхонага, жавондаги китобларга бир-бир кўз югуртириб чиқди. 
— Яхши-и!.. Жуда зўр! Иҳм... Кутубхонамиз деярли ўхшаш экан! — деди жиддий ҳолатда. — Ҳаммасини ўқиб чиққанмисиз? — сўради кейин.
— Ўқиб чиққанман! Мен буларнинг ҳаммасидан дарсда фойдаланаман!
Уларга қараб турарканман, кўз олдимда хотинимнинг буришган қиёфаси гавдаланиб, қулоқларим остида унинг: "Яна қуруқ келдингизми?” дея шанғиллаган товуши эшитилиб, юрагим қисилаёзди.
Карим ака тараддудланди:
— Хўш, нима қилдик?
— Нимани нима қилдик?! — деди Гажур ака бепарво оҳангда.
"Э худо, — дедим ичимда, — шу гажур, гапга кўнмас бандангга инсоф бер!”
Карим ака унинг қўлтиғидан олди:
— Анатол Франсни-да!
Гажур ака:
— Айтдим-ку! — деди яна ўша бепарво оҳангда.
— Бирон йўли бордир! — дея гапга қўшилдим.
— Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг йўли бор! — деди Карим ака бироз ҳовлиқиброқ.
Карим ака Гажур акага юзланди:
— Бўпти, мен шиферни сизларга сотаман, сиз эса Анатол Франсни вақтинча бериб турасиз!
— Энг яхши таклиф! — дедим мен Гажур ака айниб қолмасин деган хавотирда.
— Сизда қанча шифер бор? — сўради у.
— Нимайди? — Карим аканинг диққати ошди.
— Шиферингиз шеригимга ҳам етса, розиман!
— Қанча шифер керак сизларга?
— Саксон бештадан! — дея шарт жавоб қилдим мен.
Карим ака яйраб кулди:
— Иккалаларингга бемалол етади, ортиб ҳам қолади: менда икки юзта шифер бор! 
"Хайрият! Худога шукр!” Мен енгил нафас олдим.
— Эртага машина билан келиб олиб кетамиз!
Кўчага чиқдик. Мен Гажур акага касалхонадаги воқеани гапириб бердим ва Карим акани ўта хасис одам экан, деб ўйлаганимни яширмадим.
Гажур ака кулдилар:
— Китобсеварлар ёмон одамлар эмас! Уларни тушуна билиш керак фақат! Тушуна билиш учун уларга йўлдош бўлиб кўриш керак!
Бу мен учун янги гап эди. Энди хотиним ғиринг деса, оғзига боплаб ураман. Шунча илм олиб, ўқиб-ўрганиб, шу гапнинг ёдга келмаганига ҳайронман! Эй, хом сут эмган банда! Дарвоқе, ўша Анатол Франс деганларининг ҳам отасига раҳмат! Ахир у ёзган китоб туфайли янги иморатнинг томи ёпиладиган бўлди-ку!
Тўлқин ҲАЙИТ 
Просмотров: 977 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024