Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 03:45
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Июль » 28 » Пешонамдаги нур
17:25
Пешонамдаги нур
Пешонамдаги нур

PDFБосмаE-mail

Кўз олдимга инсонларни келтирдим. "Миясиз” яшаётганлар кўп эди, бироқ барибир миялари бор эди уларнинг. Ҳеч ишлатилмаган "яп-янги” миялари!..

 

Мен алжирай бошлагандим. Энди ётиб ухлашим лозим...
Меҳмонхонадан кундузги соат ўн бирлар атрофида чиқдим. Энг аввал уйга бориб болаларимни кўришни ўйладим. Ичимга чироқ ёқса ёришмас даражада ғамгин эдим. Бу ҳолатда болаларимга кўринишни истамасдим. Шу боис аввал дўхтирга боришни маъқул кўрдим. 
Кечагига нисбатан анча сокин ҳолатда эдим. Дўхтиримнинг сўзларини диққат билан тингладим. Миямдаги шиш пешона тарафимда экан. Шиш ўта қалтис ерда жойлашганидан, уни оператсия қилиш имконсиз эмиш. Ҳаттоки Оврўпа ва Америка тиббиёти ҳам бу муаммо қаршисида ожиз экан.
Мен Оврўпагаям, Америкагаям бормадим.
Аввал Истанбулга, у ердан Анқарага ўтдим. Бир ҳафта ичида мутахассислар ёрдамида рентген суратларини чиқартирдим. Барча профессорларнинг хулосаси Закийбекники билан деярли бир хил эди...
Шундай қилиб, бир ҳафта давом этган югур-югурларимдан кейинги фарқ, қолган олти ой умримдан яна бир ҳафтанинг камайгани эди!..

* * *

Измирга қайтгач, соч-соқолимни тартибга келтиртирдим-да, бир даста гул олиб уйга йўл олдим. Оиламдагиларни касаллигимдан воқиф қилишни истамасдим. Закийбекни ҳам бу хусусда огоҳлантириб қўйгандим. Эшик олдига келганимда эса юрагимнинг ҳаяжондан потирлаб ураётганини янада қаттиқроқ ҳис қилдим. Ўзимни қўлга олишга уриниб бир муддат туриб қолдим, сўнг қўнғироқни босдим. Эшикни Ширин очди.
–    Ассалому алайкум!..
"Ассалому алайкум” дегач, "Хуш келибсиз, ҳаётим!..” дея секингина шивирлади.
Жилмайдим. Қўлимдаги гулларни узатар эканман, "Хуш кўрдик!” дедим.
Гулларни олаётиб кўзлари қувончдан порлаб кетди. У орамиздаги бундай илиқ муносабатлардан беҳад севинарди. Ва буни меҳр-муҳаббат ифшоси дея қабул қиларди. Ҳақиқатда ҳам шундай эди. Аёлимга бўлган севгимни шоирона ширин сўзлар билан ифодалашни уддалай олмаганимдан, менга ҳам гуллар воситасида изҳор қилиш осонроқ эди.
Энди кечки овқатни ейиш учун тўпланиб ўтиришган экан. Биринчи бўлиб ўғлим Қутсал пешвоз чиқди. "Ассалому алайкум, полвон!” дедим. "Ваалайкум-ассалом, дадажон!” дея қўлимни ўпди. У билан шундай саломлашишни ёқтираман. Ўғлимда боболаримиздан мерос қолган урф-одатларимизни кўришни истардим. 
–    Ассалому алайкум, дадажон! Хуш келибсиз!
Бу майин овоз қизим Асмоники эди. Суюкли онажонимнинг исмларини қўйгандик унга. "Хуш кўрдик султоним!” дея бағримга босдим уни. Уйимизнинг султони эди у.
–    Хўш қандайсан, султон?– эркаладим.
Жавоб бермади. Ширингина жилмайиб, мени ўпиб қўйди. 
Биргаликда овқатланиш хонасига кирдик. 
Бир-икки луқма ейиш билан кифояландим-да, болаларимни кузата бошладим. Илгари болаларимга қараганимда келажакка оид нарсалар ҳақида хаёл сурардим. 
Суюкли қизим катта бўлса, онасидек, ҳатто онасидан-да оқила бека бўлади. Уни ўзим турмушга узатиб, бениҳоят гўзал, шинам уй олиб бермоқчи эдим. Бир қучоғимда набирамни олиб, иккинчи қўлимда қизимни қучганча сайрга чиқишни орзу қилгандим!.. 
Арслон ўғлим Қутсални эса, билимли, тарбияли ишбилармон қилиб етиштирмоқчи эдим. Барча ишларимни унга топширганимдан кейин, улкан бир яхта қурдириб, дунё бўйлаб икки-уч йиллик саёҳатга чиқмоқчи эдим!.. Бироқ, барчаси тугаганди!..
Болаларимга қарар эканман, олти ойдан нарёғини кўра олмасдим!.. 
Олти ой сўнггидаги манзара эса, менинг орзуларимни остин-устун қилиб юборган эди. "Юрагим пора-пора бўлди!..” деганларнинг аҳволи менимча худди шундай бўлса керак, қалбим вайрон бўлган эди. Рўпарамда овқатланаётган икки фарзандимни эмас, оталаридан эрта айрилган саккиз ва ўн бир ёшдаги етимларни кўрардим!..
Ғалати бўлиб кетдим. Бўғзимга аччиқ бир нарса тиқилиб қолгандек туюлди. Бутун юзимга ҳарорат ёйилган, ич-ичимдан тошиб келаётган қайноқ бир нарса кўзларимни тўлдираётганини ҳис қилдим.
Йиғлаётгандим!.. Оғзимни бекитганча дарҳол ўрнимдан турдим. 
"Негадир кўнглим беҳузур бўляпти”, дея ўзимни ваннахонага урдим. Эшикни бекитишим баробарида кўз ёшларим селдек қуюлди. Неча йиллардир йиғи не эканини унутган менингдек бахтиёр инсон тўйиб-тўйиб йиғлардим... Овозимни босишга нечоғлик уринмай, ўкраб-ўкраб йиғлардим... Ташқарига эшиттирмаслик мақсадида ваннадаги жўмракларни охиригача очиб юбордим. Тепадан фавворадек отилиб тушаётган сувнинг остига кийимларим билан кирар эканман, нима қилаётганимни фаҳмлашдан ожиз эдим... Шиддат билан оқаётган сув кўз ёшларимга қоришиб юзимни юварди. 
Менга нима бўлди, не кўйга тушдим?..
Ҳа, ваннада икки букланиб ўтирганча сел бўлиб йиғлаётган бу одам ¬¬¬– кўпчилик унга ҳасад қиладиган ва унинг ўрнида бўлишни исташган бир жаноб, катта ишбилармон киши бўлган – Салжуқбей эдим!..
Машинамда Ғозийамирга, яъни фабрикага қараб йўл олдим. Энди нима қилишим кераклиги ҳақида ҳали бир қарорга келмагандим. Бундай қарорга келгунимга қадар худди ҳеч нарса бўлмагандек, эски яшаш тарзимни, одатий бўлган ишларимни давом эттирмоқчи эдим.
Албатта бу ташқи кўринишим эди!..
Ички дунёмда эса, аллақачон қиёмат қўпган, қиёматдан кейинги сукунат ҳукмрон эди гўё!..
Истасам ҳам, истамасам ҳам тўхтовсиз ўлим ва ўлишим ҳақида ўйлар эдим! Ҳамма нарсага ана шу ўлим тушунчаси билан ёндашар, ҳар бир нарсани ўлим тушунчасидан келиб чиқиб мушоҳада қилар эдим. Фабрикага боргач, ўзимдаги бу ўзгаришни янада аниқ ҳис қилдим. Гўё бошқа бировнинг фабрикасига киргандек эдим! Атрофимга боқарканман, иш хусусида ҳеч қачон бундай беғам, бепарво бўлганимни эслай олмайман. Ҳеч нарса қизиқтирмай қўйганди. Етти минг беш юз кишига мўлжалланган Белчиқа буюртмаси икки кун ўтган бўлишига қарамай, ҳануз тайёр эмасди. Сабабини ҳам сўраб ўтирмасдан "ҳечқиси йўқ”, дедим. 
Қўл остимдагиларнинг ҳайрати кўзларида намоён эди! Илгари бундай ҳолатда ҳаттоки сабабли бўлса ҳам ўта талабчанлигим туфайли ходимларимни жазосиз қолдирмасдим. Фабрикада узоқ вақт айланиб юрдим. Илгари ишчилардан кўра қилинган ишларга кўпроқ эътибор берардим. Энди эса мени иш эмас, ишчилар кўпроқ қизиқтирар, уларни яқинроқдан танишга ҳаракат қилардим. Ҳеч бири бошқасига ўхшамас, ҳар бири бир олам эди. Сўнгги ўн йил ичида инсонлардан анча узоқ яшаганимни ҳис қилдим. 
"Элликта ишчи, юзта ишчи олинг”, дердим ходимлар билан шуғулланадиган ёрдамчимга. Буни гапирар эканман, кўз ўнгимда фақатгина бир гуруҳ жонзотлар намоён бўларди.
"Мен учун ишлайдиган ҳамда мен туфайли кун кечирадиган бир гуруҳ инсонлар!” 
Ҳолбуки, ҳар бири ўзга бир олам эди уларнинг!..
Ишчиларимга нисбатан кишилик назари билан эмас, руҳият эътибори ила қарарканман, зеҳнимнинг ўзга-ўзга инсон типлари билан тўлганини ҳис қилдим. Ҳам фабрикани айланар, ҳам ўз-ўзимга "Ишчилар жуда кўп экан-ку!” дердим. 
Ишлаётган бир ишчидан сўрадим:
-    Ким учун ишлаяпсан?
У бир муддат нима дейишини билмай ҳаяжонланиб турди-да, сохтакорона бир кулгу билан "Сиз учун, жаноб!..” дея жавоб берди.
Беномус ёлғончи!.. Айтган сўзи тўғри эди бироқ, ўзи ёлғончи эди. Унинг жавобини эшитган бир неча ишчилар ҳам кулимсирашди. Юзида кулгу акс этмаган биргина ишчига кўзим тушаркан, унинг ёнига бориб сўрадим:
–    Исминг нима?
Ўйлаб ҳам ўтирмасдан жавоб берди:
-    Ишчи.
Унинг бу жавоби менинг кулгимни қистаган эди. Айни саволни унга ҳам бердим:
-    Сен ким учун ишлаяпсан? 
Бағоят хотиржам ва жиддий қиёфада жавоб берди:
-    Оилам учун...
Бу жавоб менга ниҳоятда маъқул келганидан бир озгина ўйланиб турдим-да, бошимни қимирлатганча "Жуда соз” дедим. 
Пастдан юқори қаватга чиқарканман, ўринбосарим ҳаллослаганча ёнимга келди ва:
-    Жаноб, "Юлдуз” гуруҳининг вакиллари келишди, сиз билан кўришмоқчи эканликларини билдиришяпти. Янги сезонга оид шартнома тузишни маслаҳатлашишмоқчи экан,– деди.
Янги сезонгача саккиз ой бор эди!.. Янги сезон бошланган вақтда мен икки ойлик маййит бўламан, мен билан қандай қилиб шартнома тузишлари мумкин?! Қўлимни силкиганча "Қўявер”, дедим. Ўринбосарим ҳанг-манг бўлиб қолди. Сал ўзига келгач:
-    Жаноб, ўзингизга маълум, бу гуруҳнинг кўрсаткичи жуда юқори,– деди дудуқланиб.
-    Биламан, сенга қўявер дедим-ку,– дедим бепарво оҳангда.
-    Улар билан учрашмайсизми?
-    Насиб қилса, янги сезонда!..
Бироқ, насиб қилишидан ҳеч ҳам умидим йўқ эди. Эшикка йўналарканман, қўшиб қўйдим:
-    Бу ҳафта ишчиларга ҳадя сифатида қўшимча маош тарқатинг.
Унинг эси оғиб қолаёзди. Чунки, қўшимча маош ҳақида унча-мунча бошлиқ гапириш у ёқда турсин, хаёлидан ўтказишни ҳам хоҳламайди. Ишчиларга бериладиган қўшимча маош ҳисобига маҳсулотнинг таннархи ошиши аниқ эди. Эркин рақобат бор ерда таннархни ошириш эса, ақлга сиғадиган иш эмасди. 
Ташқарига чиқдим. Ҳайдовчим машина ёнида кутиб турарди. Машинага ўтирмадим. Бир оз боғ айланмоқчи эдим. Аввал қоровулнинг ити ёнига бордим. Қопоғон экани кўриниб турса-да, ажойиб итга ўхшарди. Уч-тўрт йил олдинги воқеа ёдимга тушди. Дала ҳовлимиз боғида бир итимиз бўларди. Етти-саккиз ойлик бўлган итга бежиримгина уя қурдиргандик. Итга бир неча бор овқат бераётиб, боғ девори оша қирқ-қирқ беш ёшлардаги кишининг биз томонга диққат билан қараб турганига кўзим тушди.
Итга қараб турармиди ёки пиширилган гўштгами, билолмадим. Эртаси куни яна айни манзарага гувоҳ бўлдим. Унинг ёнига бориб, "Тинчликми?” дея сўрадим. Бошини секингина ёнига эгганча "Шундай ўзим...” деди. Сўнгра ийманибгина:
-    Жаноб, шу итнинг ўрнига мени боғласангиз, тун бўйи то тонгга қадар қўриқчилик қиламан. Зарра қадар хавф сезишим билан овоз бераман...– деди.
Ҳайрат ичра унга қарадим. Кўзларимдан кўзини олиб қочди. Хижолати ортганидан бўйнини букди. Сўнг паст овозда илова қилди:
-    Хоҳласангиз, ҳураман ҳам...
Шундагина унинг ҳазиллашаётганини тушуниб қолдим. Қаҳ-қаҳ уриб куларканман, ҳазилга ҳазил билан жавоб бергим келди:
-    Итнинг уясида жой йўқ, бироқ, товуқхонадан топилади. Тухум қўя оласизми?– дедим.У кулгидан икки букилиб қолади, дея тахмин қилгандим. Лекин, у ҳасрат тўла кўзларила менга бир бор тикилди-ю, ортига бурилганча илдамлаб кетди...
Ҳа... Ҳар бир инсон ўзга бир олам. 
Фабриканинг орқа тарафига келганимда кўзим энг аввал масжидга тушди. Ўн кун олдин икки ракат намоз ўқигандим унда. Яна Аллоҳни эсладим. Кейинги ўн кун ичида қачон Аллоҳни эсласам, дарров фикримни бошқа тарафга буришга ҳаракат қилар, Аллоҳни эслашни истамасдим.
Аллоҳдан хафамидим? Рости, хафа бўлгандим!.. Гарчи, "Қуён тоғдан ранжибди аммо, тоғ бундан бехабар эмиш”, деган иборани билсам-да, барибир Аллоҳга қарши исён, норозиликка ўхшаган туйғулар ич-ичимда мавжуд эди. Очиғини айтсам, бошимга тушган бу дардни ҳеч шубҳасиз, Аллоҳдан деб билардим. Бу Аллоҳнинг бир тақдири эди!..
Яхши, бироқ нимага айнан шиш, бошқа бир хасталик эмас?
Ва нимага айнан мен? Ўз жонига қасд қилган, ёхуд ўзини ўлдиришни истаган қанчадан-қанча одамлар қолиб, нега айнан мен?
Имонсиз, амалсиз шунча инсонлар бўла туриб, нега мен?.. Рамазонларда рўза тутмаганмидим!.. Таробеҳ намозларига бормаганмидим!.. Фақирларга ёрдам бермаганмидим!.. Ақлимни таниганимдан бери қайси жума намозини қолдиргандим!.. Ва қаршимда турган шу масжидни ҳам динимнинг, имонимнинг амри билан қурдирмаганмидим!.. У ҳолда, нега-нега энди мен?
Бу саволлар остида эзилдим. Маъюс нигоҳларимни яна масжидга тикдим. Беҳудага масжид қурдирган эканман, деган фикр ўтди миямдан!.. Ўша лаҳзада бу фикрни тўғри ҳам, нотўғри ҳам деёлмадим. Аммо, бу хато эди!.. Қайсидир сабаб билан бир кун барибир ўламиз. Бир масжид қурдириш ва унда икки ракат намоз ўқиш, пушаймон бўладиган иш эмасди. Охират ҳаётида, ҳисоб кунида ўзимизга фойда берадиган амаллар эди булар. Шуларни ўйларканман, таҳорат олишга ва шу масжидда яна икки ракат намоз ўқишга қарор қилдим. Таҳоратга тайёрланарканман, ичимдан бир овоз: "Ғурурсизлик қиляпсан. Бошқаларга ўхшаб, сен ҳам ожизлик қиляпсан!..” деди.
Жавоб бермадим. Балки тўғридир... Бир пайтлар кимсан Салжуқбей бўлган мендек одамнинг энди оддий одамлардан ҳеч қандай фарқи қолмаганди. Ортиқ бу ҳақда ўйлашни истамадим. Ҳам "Ҳар ишда бир ҳикмат бордир”, дейдилар. Балки, бу хасталикда ҳам мен учун бир хайр бордир...
Бу сўзимга ўзимнинг ҳам ишонгим келмасди. Ўлимда қандай ҳам хайр бўлсин? 

Ҳулёнинг олдига бордим. 
Кейинги кунлар ичида ўйлаб кўриб, у билан ажрашишга қарор қилгандим. Ўлмасимдан олдин унга бир нарсалар қолдириб, кейин "умр дафтаримнинг бу саҳифаси”ни ёпишни истардим. 
Мени ҳаяжон ичра очиқ чеҳра билан кутиб олди. Тўғриси, ҳамиша шундай кутиб оларди! Ишларим бор эканини, узоқ қололмаслигимни айтдим. Эътирозли нигоҳлар билан қаради, аммо бир сўз демади. Гапиргани билан ҳеч нарса ўзгармаслигини яхши биларди. Чунки, қаерда, қанча қолишимга ўзим қарор берардим. Чой дамлаб келишини сўрадим. Чой ичарканмиз, ўн беш-йигирма дақиқа у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Сўнгра, оҳисталик билан ажрашишимиз кераклигини айтдим. 
Аввал ҳайрат, сўнгра кўз ёшлар... Ҳақиқатдан йиғларди, бироқ, нима учун йиғлаётгани менга қоронғу эди. Ҳулёдан фарзандим йўқлигидан илк бора севиндим.
-    Нега бундай қарорга келдингиз,Ширин опа шуни хоҳлаяптими?.. 
-    Йўқ, бу гапни қаердан олдинг? Ахир у сени билмайди-ку!
Ширин ростдан ҳам билмасди. Билмадим, негадир унга айтмагандим... Зотан, Ҳулё билан турмуш қурганимизга икки йил бўлганди. Никоҳимизни ўқиган имом домла билан гувоҳлик қилган бир нечта яқинларимиз биларди, холос. Бошқа ҳеч кимга айтмаган, айтишни истамагандим.
Никоҳимизни эсладим. Шаръан уйланганим боис, шаръан ажрашишимиз лозим эди. Унга қарадим-да, "Сенинг жавобингни бердим!” дедим. Бу сўзни бир марта айтиш керакмиди, ёки икки мартами, аниқ билмасдим. Ҳар эҳтимолга қарши яна бир бора такрорладим:
- Сенга жавоб! 
Кўз ёшларини артаркан, сўради:
-    Бу нима деганингиз, нега менга жавоб бўларкан?– деди.
-    Биз шаръий никоҳ билан турмуш қурганмиз. Ана шу никоҳ ҳозирги айтган сўзларим билан бузилади. Энди менинг хотиним эмассан,– дедим. 
Бироқ, гапларимга аҳамият бермасдан, дераза оша олисларга тикилганча хаёлга чўмди. Менимча, бирга ўтказган онларимизни эслаётган эди. Иккимиз ҳам бу муносабатларимиз муҳаббатга эмас, ўзаро манфаатдорлик асосига қурилган эканини билардик.
Бу қайғули ажралиш онларининг узоқ давом этишига тоқатим йўқ эди. Чўнтагимдан сотиш ваколатномаси билан бирга банкда унинг номига очдирган ҳисоб дафтарини олдим-да, узатдим ва:
-    Шу уй билан мана бу ҳисоб дафтари сенга,– дедим.
Бир муддат жим қолди. Хафалиги бир оз тарқагандек эди. Сўнгра бўғиқ овозда "Кераги йўқ”, деди. Қўлимдагиларни стол устига қўярканман, "Мен шуни хоҳлайман. Бир-биримизга кўп ҳаққимиз ўтди”, дедим.
-    Нима, бу тўловми? Бирга ўтказган яхши кунларимизнинг бадалими?– сўради.
Қўлимнинг орқаси билан юзига уриб юборгим келди. Фоҳишаларнинг гапини гапирган эди. Ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим. Ғазабланганимни билди. Ақлини йиғиштиришга уринаркан,”Кечиринг, нима деганимни билмай қолдим!..”деди. Сўнгра бир фурсат тин олгач давом этди:
-    Ростдан ҳаммаси тугадими?..
-    Ҳа...
-    Бироқ, сабабини ҳамон айтмадингиз!..
-    Ҳа деб, такрорлайверма. Мени биласан!..
Ҳаммасини тушунгандек, бошини қимирлатди. 
Кетишга тайёрланарканман, "Энди ҳечам кўришмаймизми?” деди. Бошимни сарак-сарак қилиб,”Йўқ!” дедим. Эшикни очиб, четга ўтди. Мендан яна нимадир сўрамоқчи, аммо нима эканини билмаётганга ўхшарди.
-    Бундан кейинги ҳаётим ҳақида... бирор маслаҳат бермайсизми?..– деди.
-    Мутлақо ўласан! Шуни эътиборга олиб яша!..– жавоб бердим.
Юз ифодаси бир онда ўзгарди. Кўзларимга қўрқув билан қаради. Ким билсин, қандай хаёлга борди. Уни ўлдиришим ёхуд ўлдиртиришим мумкинлигини ўйлади, назаримда. 
-    Тушунмадим?.. Нега бундай ҳукм чиқаряпсиз!..– деди қалтирабгина.
–    Бу ҳукмни мен чиқарганим йўқ, – кўрсатгич бармоғим билан юқорига ишорат қилдим-да,– яшатадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам У!– дея жавоб бердим. 

"Алсанжоқ” кўчаларида эдим.
Ҳулё ҳақида бошқа ўйлашни истамасдим. Ортимдан эшикни бекитгандан кейин, ҳеч шубҳасиз дарҳол ҳисоб дафтарини кўздан кечирган ва унда ёзилган маблағни кўрар-кўрмас, барча изтиробларини унутган бўлиши керак. "Аллоҳ ҳидоят берсин. Яратганнинг Ўзи ёрдам берсин!..” дея пичирладим.
Лекин, лекин менинг айбим нима эди!.. Барча эркаклар етишишни истайдиган Ҳулёдек гўзал аёлдан уч-тўрт оғизгина сўз билан видолашгандим!.. Майли, нима бўлса-бўлди. Бир оз афсус чекдим, аммо қаттиқ қайғурмадим. Чунки, бу гўзал аёлга нисбатан юрагимда ҳеч қандай туйғу, ришта қолмаганди. Бир нарсани янада яхшироқ англаб етдимки, дунёда бир қанча нарсалар саломатлик туфайли, ўлимни унутишлик билан бошқача маъно касб қилади. Бироқ, ўлим билан рўпара келиш, ўлим ҳақ эканини англаб етиш, улкан бир ўчирғич янглиғ барча маъноларни ўчириб ташлайди!..
Шундайки, сўнгра ҳеч нарса қолмайди! Қонуний Султон Сулаймон нақадар тўғри айтган:
”Йўқ эрур давлат жаҳонда,
Бир нафас сиҳат киби...” 
Ёки сал бошқачароқмиди, унутдим...
-    Амаки, йўл беринг, ўтайлик!..
Орқамга ўгирилдим. Икки қўли билан иккита қизни қучиб олган йигитча йўл бўшатишимни сўрар эди. Қизлардан бирини қўйворса, бемалол ўтиб кета оларди. Бироқ, бундай нияти йўқлиги кўриниб турарди. Ёнидаги қизларни кўрсатиб:
–    Уларни қўйворсанг, қочиб кетадими?–дедим.
Қизлар кулди. Йигит эса паст кетмаслик мақсадида:
–    Уйдаги хонимчангга ақл ўргатасан. Йўлдан қочасанми, ёки ёрдамлашиб қўяйми?– деди.
Аввал жаҳлим чиққандай бўлди. Сўнгра кулдим.”Мен сенга бундан ҳам осонроқ йўлини ўргатаман”, дедим-да, қўйнимдан рухсат билан олиб юрадиган тўппончамни чиқариб:
– Шу қурол билан мени от-да, сўнг устимдан ўтиб кетавер!– дедим.
Қизлар тўппончага кўзлари тушиши билан дод солиб қочишга тушишди.
Йигит қўрқа-писа ортига одимлар экан, бир қўлини кўтарганча:
–    Кечиринг, ўтинаман кечиринг!..– дерди.
Хафа бўлдим.
Бундай қилмаслигим керак эди. Четроққа ўтиб йўл берсайдим, балки яхшироқ бўлармиди.
Йўлимда давом этдим.
Бир пайтлар мен ҳам шу йигитга ўхшардим.Аммо бизнинг замонимиздаги ёшлар
катта ёшдагиларга ҳурмат ва одоб билан муносабатда бўлишарди. Баъзи катталарга тегажоқлик қилиб, улар билан айтишиб қолардик. Аммо ҳозиргилар ўзларини бизга тенг деб билган ахмоқ ёшлардир.
"Севинч” қандолат дўконига келгандим.
Ўтирайми, ўтирмайми деб турганимда шомга азон айтила бошлади. Азон овози етмиш-саксон метрча нарёқдаги "Алсанжоқ” масжидидан келаётганди.
Бир пас ҳаракатсиз турдим!..
Ўзимга-ўзим "Бориб бир шом намозини ўқисаммикин” дедим. Ўз фикримдан ўзим ётсирадим!..Менга нима бўляпти, ўлимдан қўрққанимдан диндорга айланяпманми? Бу туйғу, бу фикр менга хуш келмади. Яхшиси уйга кетақолай.
-Ҳой такси...

Орадан икки ҳафта ўтди. 
Мен ҳали ҳам бир қарорга келолмагандим. Ақлимга биринчи бўлиб, дунё бўйлаб саёҳатга чиқаман-да, ер юзининг нариги чеккасигача бораман, деган фикр келди. Жумладан, доктор Закийбек ҳам худди шундай яшашимни тавсия қилганди. Оҳ, жоним садқа бўлсин! Шунақаям бемаъни фикр бўладими?! Ўлими яқин эканини билган қайси одам бемалол яшай олсин! Тонгда осилишини билган маҳкум, тунни роҳат-фароғатда ўтказиши мумкинми? Қатлга ҳукм қилинган маҳкумларнинг сўнгги истаклари сўралганда, баъзилари гўштли овқат беришларини илтимос қилармиш!..
Фа субхоналлоҳ!.. 
Улар ё, ақлдан озган, ёхуд даҳшатдан ўзларини йўқотиб қўйган бўлишлари керак. Бир неча соатдан кейин ўлишини билатуриб, у овқатни қандай қилиб чайнай олади, бу луқмани қандай ютаоладилар?!. 
Дунё бўйлаб саёҳат қилиш тушунчаси жуда тез фурсатда жозибасини йўқотди. Бегона юртларда, нотаниш инсонлар орасида ўлиб кетишни истамасдим. Шунингдек, бошқаларга ўхшаб Миср пирамидалари ёки Амазонка ўрмонларини ёхуд Багам оролларини эмас, болаларимни кўришни, кўпроқ уларнинг ёнида бўлишни хоҳлардим. 
Мен учун дунёдаги энг азиз икки нарса, Асмо билан Қутсал эди.
Жуда кичик бўлгани учунми, ниҳоятда ширин бўлгани учунми билмайман, қизимни қаттиқроқ яхши кўрардим.”Оҳ менинг султоним!” дедим ичимда. 
Хўш, мен энди нима қилишим керак эди? Ҳеч нарса бўлмагандек, ишга борар ва ҳеч нарса билмагандек уйга келардим. Бироқ, ҳеч нарса бўлмагани йўқ эди-ку!
Ҳамма нарса, ҳамма нарса ўзгарган эди. Атрофга қарадим, мол-мулкимни, бутун бойлигимни кўз олдимга келтирдим. Барча тўплаганларимнинг бозор қиймати кеча қанча бўлса, бугун ҳам худди шу қийматини йўқотмагандек эди, бироқ, бир хил эмасди! Ҳаммасида бир маънавий ўзгариш содир бўлганди, гўё. Илгарилари "Мен, мен”, деганимда, ич-ичимда "тип-тирик” бўлган шу бойлигим, давлатимни қасд қилардим. Ва менлигим шу бойлигим билан бутунлашгандек, обрў-эътибор қозонгандек туюларди. Энди-чи? Энди эса, ҳаммаси чаппасига айланиб кетган, йўқ-йўқ, ўлиб битганди!..
Ич оламимда мол-мулким, давлатимнинг жонлилигидан асар ҳам қолмаганди. Энди, "Мен, мен” деганимда қасд қилган нарсам кичрайиб-кичрайиб, ўлимга маҳкум ожиз, паришон инсон ҳолига келганди!..
Ўзгарган мен эдим! Менинг ўзим ўзгарган ва мен билан бирга ҳамма нарса ўзгарган эди! Салгина вақт олдин мен ястанганча ўтирган қимматбаҳо курси ҳамон ўша-ўша эди, бироқ унда ўтирган киши ўзгарганди. 
Курсидагининг кўзлари очилган эди! 
Курсида ўтирган Салжуқбей, узоқ йиллардир қаттиқ ишонч билан боғланган ва уни абадий дея ўйлаган курсининг денгиз узра сузаётган икки бўлак ёғочдан бошқа нарса эмаслигини, у билан бирга ўзи ҳам дунё денгизида чайқалиб турганини энди фарқлаб етганди! 
Биргина тўлқинга дош беролмайдиган, биттагина тўфон олиб кетадиган курси эди бу! Зеро, зиғирнинг уруғича келадиган кичик бир тўлқин кўзга ташланган ва сония сайин йириклашиб, унга томон тобора яқинлашаётган эди!..
Ҳа… Зиғирнинг уруғича келадиган бу кичик шиш ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборганди!
Қўлларимга, оёқларимга қарарканман, улар кўзимга гўшт парчаси бўлиб эмас, гўё тупроқдек кўринарди. Ҳозир тирик бўлган, қимирлаб турган қўлим, бир йилдан сўнг тупроқ бўлар эди!.. Юзимни ва кўзларимни эса, ўйлашни, хаёл қилишниям истамайман! Мовий кўзларим зеҳнимда мовийлигича қолишини хоҳлайман!.. Гарчи, бунинг иложи бўлмаса-да.
Оғир бир юкнинг остидан чиқиб кетолмасдим. Бутун жисмим билан тупроқ бўлишимни биламан ва мен билан бирга бус-бутун бир инсонни ерга кўмган кичкина шишим ҳам тупроқ бўлади!..
Шиш… Ҳатто номи ҳам хунук! Худди”Ўлиш” дегандек эшитилади!.. 
Шу онда у миямда эмас, қўлимда, ҳовучимда бўлса эди, қозиқ тишларимла парчалаб, озиқ тишларимда янчиб, сўнгра ерга туфлаб ташлардим-да, оёқларим остига олиб эзган бўлардим!.. Кафтимда ушлашим, сиқиб сувини чиқаришим мумкин бўлган кичик бир нарса ҳамма нарсани ўзгартириб юборганди!

Қизиқ, шу дарддан қутулолсам, олдингидек саломатлигим қайтса, яна аввалги ҳолимга қайтармидим? Дунё яна кўзимга олдинги жозибасида кўринармиди? Бу савол мени ўйлантириб қўйди! Ҳақиқатдан нима қилган бўлардим? 
Эҳҳ... Ҳаётим аввалгидек давом этишига ишонмайман. Негаки, мен ўлим нима эканини бир оз бўлса-да, англаб етгандим. Олти ойлик умрим балки, олти йил, балки ўн олти йилга узайиши мумкин, бироқ натижа ўша-ўша!.. 
Нега бу ҳақиқатни аввалроқ англамаган эканман-а? Ёки илгари ўлишимни билмаганмидим? 
Билардим, фақат ўлимнинг нима эканини англаёлмаган эдим... Бу ҳақиқатни тушунадиган ҳолатда эмасдим. 
Ҳолбуки, онамни ҳам, отамни ҳам ўзим кўмган эдим!.. Отамни қабрга олиб кетаётиб, қалбдан отам учун ғам чекар, ақлим эса, фабрикага келган охирги буюртманинг таннархини ҳисоблаш билан банд эди!.. Қабристондан қайтаётганимда эса, барча ҳисоб-китобларни битириб олгандим!..
Қаердан ҳам билибман? У пайтлар ўлимни оддий, табиий бир ҳолат дея қабул қилардим. Ҳамма "Ўлганнинг ортидан ўлинмайди”, дерди. Бу ҳақиқатдан ҳам жуда тўғри эди, қолганлар ўлган билан бирга кўмилмайди-ку!
Э, воҳ!.. Мен нақадар бадбахт одам бўлган эканман... 

Ўлганнинг кетидан ўлинмайди, бироқ ундан олинадиган бирор сабоқ, ибрат наҳотки бўлмаса? Отам сингари ўзим ҳам албатта бир кун келиб ўлажагимни англаб, ўлимнинг мутлақо ҳақ эканини эътибордан қочирмаган ҳолда яшасам, бир қанча маззуларда баднафсимга насиҳат қилсам, бўлмасмиди? 
Бечора онажоним!..
Бечора отажоним!..
Энди ўйлаб кўрсам, ичига қарамасдан, балки қарашни хоҳламасдан бир чуқурга кўзимни юмганча, ташлаб юборган, кўзимни юмиб кўмиб юбораверган эканман, уларни!.. На ўлимнинг не эканини тушунганман, на ўлишимни англаганман...
Қабристонни ва ундаги қабрларни бошқаларга тааллуқли дея хаёл қилган эканман. Минглаб қабрларнинг ёнидан бир кун келиб менинг ҳам қабрим жой олишини, мен ҳам бир чуқурни тўлдиришим мутлақо ҳақиқат эканини ўйлаб ҳам кўрмаган эканман!..
Олаётган ҳар бир нафасим, босаётган ҳар бир қадамим мени ўз чуқуримга томон олиб кетаётганини эътибордан қочириб яшабман.
Ўлим, мен билган, аммо англаёлмаган, қандай маъно касб этишини ҳис қилолмаган бир ҳақиқат экан!.. Буни шу онга қадар заррача бўлсин, фаҳмламагандим... Оловнинг не эканини билатуриб, ҳароратини ҳис қилмаслик, балки уни билатуриб, совуқ дея хаёл қилишдек ахмоқлик, ақлсизлик ичра эканман.
Худди шу инсонлар сингари:
"Албатта бир кун ўламиз”, дейишларига қарамай, ҳали ўлимларига жуда узоқ вақт бор, ҳали узоқ яшаймиз дея хотиржам юрган;
шу хотиржамлик соясида ўлимни мутлақо унутган;
бирни икки, иккини тўрт, тўртни саккиз қилиш пайида юрган;
ўлимсизлик дарахтининг ягона меваси ўлароқ кўрганлари пулни нима қилиб бўлса ҳам қўлга киритиш мақсадида, бойиган сари(!) бойишга жаҳд қилган;
Аллоҳни мижозларининг чеклари билан эслаб, "Иншааллоҳ, натижаси бўлади. Иншааллоҳ...” зикрини қилган;
Шамолдай шовуллаб, шоша-пиша уёқдан-бу ёққа югурган шу инсонлар сингари!..
Ҳаётни ейиш-ичиш ва фақатгина яхши яшашдан иборат деб билган бу ғафлатга ғарқ бўлган инсонлар ҳеч шубҳасиз, ўлимнинг нима эканидан мутлақо бехабар эди.
Ана шу ғафлат уйқусида бўлганлардан бири мен эдим ва уйқудан уйғониб кетгандим. Уйғонгандим, бироқ ғафлатим мудроқларидан ҳали бутунлай халос бўлолмаганимдан, тасодифан бошидан зарба еган кишидек ўзимга келолмасдим!..

Кеча бир муддат телевизор томоша қилдим. "2000 йилда Дунё” номли бир кўрсатув бор эди. Мени қизиқтирмади. 2000 йилдан ва 2000 йилдаги дунёдан менга нима фойда?! Бошқа каналда Фенербағченинг чемпионлиги ҳақида гапирилаётган эди. Бу ҳафтадаги матчдаям ғолиб чиқса, чемпионликни қўлга киритармиш! Неча йиллардан буён Фенербағченинг ашаддий фанати бўлишимга қарамай, бу хабар мени қизиқтиролмади. Менга деса, ҳаваскорлар билан ўйнамайдими, деган фикр ўтди, хаёлимдан. Телевизорни ўчирдим. 
Бу орада қизим ёнимга келди. Хомуш кўринарди. Сабабини сўрасам, "Дадажон, икки кундан буён бошим оғрияпти”, дея жавоб берди. Турган еримда қотиб қолдим! Икки кундир боши оғриётганмиш!.. "Негадир ваҳимага тушдим”, деёлмайман, чунки нега эканини яхши биламан. Дарҳол доктор чақирдим. Текширувдан сўнг, бир нечта дори ёзиб берди ва хасталик у қадар жиддий эмаслигини айтди. 
–    Доктор! Оғриқнинг сабаби нима? – сўрадим, ҳар хил хаёллардан қутилолмай.
–    Жаноб, бош оғришининг кўплаб сабаблари бор. Қизимиз бир оз шамоллабди, шунга оғриган бўлиши мумкин,– деди. 

Ростдан ҳам бош оғриғининг минглаб сабаби бўлиши мумкин эди. Аммо менинг ақлимга келгани, мени қўрқитгани ягона, биттагина сабаб эди.
Докторнинг сўзларидан кейин анча енгил тортгандай бўлдим. Ўзимни қўлга олишга уринарканман, "Бошимдаги шишнинг менда эмас, қизимда бўлишини хоҳлармидим?” дея ўйладим. Бу хаёлдан титраган юрагим қаъридан бир фарёд юксалди:
"Аллоҳ асрасин!..” Бу фарёд юрагимдан тилимга кўчди”Аллоҳ асрасин!..” Қизимни, султонимни маҳкам бағримга босдим!.. Шишимни пешонамга, қизимни қучоғимга олганча, ич-ичимдан Тангри Таолога дуолар қилдим...
Кўнглим тўлиб кетди. Қалбимни юмшатган нарса меҳр-шафқат туйғуси эди. Отанинг, онанинг фарзандига нисбатан ҳис қиладиган энг кучли икки туйғудан биттаси бўлган раҳмдиллик эди бу!..
Ҳақиқатдан ҳам болаларимизни ҳатто ўзимиздан ҳам қаттиқроқ яхши кўрамиз, уларга ўзимиздан кўра кўпроқ ачинамиз... Ва бу туйғулар ҳақиқатдан ҳам гўзал эди.
Севги ва меҳр-шафқат! 
Яхши, аммо бизларга ана шу меҳр-муҳаббат туйғусини берган Аллоҳ-Таоло бизни севмайдими, бизга бизчалик раҳми келмайдими?! Агар ҳақиқатдан ҳам бизни севса, бизга марҳамат кўрсатса, у ҳолда пешонамдаги шу дард, балони нега берди менга? Ахир мен эндигина ўттиз етти ёшдаман-ку! Ўлиб кетсам, икки норасида болам етим бўлиб қолмайдими? Суюкли аёлимни бева, ширин-шакар фарзандларимни етим қилиб қўядиган бу Илоҳий тақдир, ҳақиқатдан ҳам марҳаматли тақдирми?
Агар мен бўлганимда эди, агар менда раҳмдиллик туйғусидан бир озгина бўлганда эди!..
Тўхтадим! Тўхтаб қолдим... Ўйлай бошладим!.. Хў-ў-ш, мен бўлганимда,нима қилган бўлардим, мен?! Бу ер абадий қолинадиган дунёми? Ёки, яхши билан ёмон ажратилиб, яхшилар роҳатга етиштириладиган Жаннатми? Охиратдаги Жаннатни дунёга кўчириб, дунёни абадий манзил қилармидим?! Булар нақадар аҳмоқона хаёллар эди!
Ҳамма нарсани биладиган, ҳар ишни ирода-идора қиладиган ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи!
У ҳолда, нега Унинг хоҳишига қарши чиқиб, норози бўляпман? Нега Унинг тақдиридан хафа бўлиб, исён қиляпман? Имон келтирганим, ҳақиқатдан ишонганим Аллоҳ-Таоло бизларга абадий дунё ҳаётини ваъда қилган. Ваъда қилиб, Ўз ваъдасидан қайтганмидики, мен Ундан хафа бўлсам!
Албатта йўқ! Зотан Раббимиз бизга бу дунёнинг абадий эмаслигини, ҳамма инсон албатта бир кун келиб ўлажагини билдирмаганмиди?! Шубҳасиз, билдирган эди, бироқ билган борми? Билган билан англаган борми?
Шу инсонларга қаранг!.. Оламларнинг Парвардигори уларни яратиб қўйиб, барчасига "Албатта ўласиз”, дея буюрмоқда, бироқ тинглайдиган одам йўқ! Чунки, одамларга Аллоҳнинг буйруғидан кўра дўхтирларнинг гапи тезроқ таъсир қилади, гарчи уларнинг сўзлари хато бўлса ҳам! Мабодо бир дўхтир бир кишига "Яқинда ўласан!” деса, у хаста ўша заҳоти салкам ўлаёзади! 
Ва ана ўшандагина англайдилар, тушуниб етадилар ўлимнинг нима эканини!

Ўйлаяпман, беморлар ва шифохоналар ҳақида фикр юритяпман. Хасталар ҳамда хастахонада улар ётадиган ўринларни кўз олдимга келтиряпман! Ётоғига узалганча, дардининг изтиробидан қийналаётган инсонларнинг аҳволларини тушунишга уриняпман. Уларни қанчалик англасам, шунчалик ачиняпман, бу бечора хасталарнинг ҳолига. Чеккан изтиробларидан чарчаган кўзларла шифокорга термулиб, ундан биттагина мусбат сўз эшитиш илинжида бутун вужуди қулоққа айланиб, ўзларига берилган дорини гўё обиҳаёт ичаётгандек ихлос билан ичаётган бу бечоралар нима қилса-қилсинлар, Илоҳий тақдирни ўзгартиришга кучлари етмайдиган ўлим маҳкумлари эди улар! 

                                                                                

. Маҳмуд Олакош
Просмотров: 770 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024