Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 04:05
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Июль » 29 » Таманинг йўллари тойғоқдир...
13:50
Таманинг йўллари тойғоқдир...

dollar_160Бу воқеалар турли вақтда, турли жойда ва турлича шароитда рўй берган. Аммо барчасининг мазмун-моҳияти, келиб чиқиш сабаблари ва оқибат-натижалари деярли бир хил. Энг муҳими, уларни ўқисангиз, халқимизнинг "Бировни синамоқчи бўлсанг, амал бериб кўр” деган нақли нақадар тўғри эканлигига, пора еган албатта, панд ейишига яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз. Биз шуни назарда тутиб, бу жиноятлар қандай содир бўлган бўлса, шундайлигича келтирдик. Фақат муайян сабабларга кўра қаҳрамонлар исм-шарифларини ўзгартирдик...

Уч юз минг сўмлик имзо

Пойтахтимиздаги турар жойларни мукаммал таъмирлаш бўйича белгиланган 2010 йилги дастурга Сергели туманидаги бир нечта уй ҳам киритилган, бу ишга шаҳар ҳокимлиги қошидаги "Ягона буюртмачи инжиниринг хизмати” компанияси бош буюртмачи, туман хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари уюшмаси эса буюртмачи этиб тайинлаганди. Шунга кўра, улар режадаги юмушларни бажарувчи пудратчи ташкилотлар билан уч томонлама шартномалар тузишди. Июнь ойида имзоланган битимлардан бирида Оқил Сафаров бошлиқ хусусий корхона зиммасига октябрь ойигача "Ғалаба” кўчасидаги кўпқаватли 27-уйнинг иситиш тармоқларини таъмирлаш ва томига уч қаватли юмшоқ рубероид қоплаш вазифаси юклатилганди. Бироқ орадан ҳеч қанча ўтар-ўтмас, О.Сафаров буюртмани адо этишнинг ғаройиб усулини қўллади. Яъни, томга тўшалган икки қаватли рубероид уч қаватли деб қайд этилган қалбаки далолатнома тайёрлади. Шу асно амалга оширилган ишлар ҳажмига салкам 3,6 миллион сўм қўшиб ёзди. Сўнгра ширкатлар уюшмаси раиси Искандар Рафиқовга учрашиб, "Биз топшириқни уддаладик. Бош буюртмачи шу ҳақда ҳисоботнома сўраяпти. Илтимос, мана бу ҳужжатларни тасдиқлаб беринг”, деди.

Албатта, И.Рафиқов аввалига ножўя таклифга кўнмади. Уй эгалари таъмир сифатидан норози эканликларини эслатиб, пудратчининг илтимосини рад этди. Ҳатто ўша жойга бориб, кўзга яққол ташланиб турган камчиликларни кўрсатди. О.Сафаров ҳақли эътирозлардан кўз юмолмади. Айни чоғда, ғараз ниятидан-да қайтмади. Ахийри И.Рафиқовнинг кўнглига зимдан йўл топиб, ими-жимида 300 минг сўм узатди. Қарабсизки, бир зумда ғўрадан ҳолва битиб, хашакдан ҳашам бичилди. Чўнтагига тушган текин пул тафтидан ийиб кетган И.Рафиқов ҳисоботларга киприк қоқмай имзо чекиб, муҳр босди. Бош буюртмачи эса ана шу сохта ҳужжатларга асосан пудратчи корхонага бажарилмаган ишлар учун ҳам маблағ ўтказиб берди.

Қонунан ёндашганда, ҳокимият ва бошқарув асосларини емириб, унинг мавқеига путур етказувчи бу жиноят ке­йинчалик юзага қалқиб чиқди. Жорий йил бошида бўлган судда И.Рафиқов тамагирлигини тан олмади. Аммо унинг пора эвазига расмий ҳужжатларга қасддан ёлғон маълумотлар ва ёзувлар киритиб, давлат ва жамоат манфаатларига зарар етказгани ҳамда ўзига ишониб топширилган ўзганинг мулкини жиноий шериклари билан бирга талон-торож қилгани назорат ўлчови хулосаси, ҳужжатли тафтиш далолатномаси ва бошқа далиллар асосида тўлиқ исботини топди. Шунга кўра, унга нисбатан уч йил муддатга мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқини чеклаш ва олти йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Алқисса, нафсини жиловлай олмаган раис атиги 300 минг сўмлик мўмай пулни деб ўзини ўзи бадном қилди.

Давринг кепти – сур, бегим, жиғилдонингга сиққанича – ур, бегим!

Қашқадарёлик Ҳакимали Қамбаралиев республика миқёсидаги нуфузли тиббий-илмий муассасанинг вилоят филиали директори сифатида ишга киришгани ҳамоно нафсига эрк берди. Аниқроғи, бор куч-ғайрати ва кўп йиллик тажрибасини жамоа фаолиятини янада яхшилашга сарфлашдан кўра, чап чўнтагини қаппайтиришни афзал кўрди. Устига устак, "Осилсанг, баланд дорга осил!” деган нақлга амал қилиб, қамровни жуда кенг олди. Раҳбарлик фаолиятининг иккинчи ҳафтасида филиал гаражи бошлиғи Аброр Файзиев ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари мутасаддиси Бахтиёр Соиповни ҳузурига чорлаб, дебочасига иккисини лавозимидан бўшатиш билан обдон қўрқитди. Сўнгра сал ҳовуридан тушиб, ошкора савдога ўтди. "Агар ишда қолишни истасанглар, менга ҳар ойда минг доллар бериб турасанлар!” деди.

Табиийки, иссиқ ўрнини совитишни хоҳламаган ходимлар қалтис шартга кўнишди. Таниш-билишлари ва қарин­дош-уруғларидан қарз-ҳавола кўтариб, директорга октябрда 1 миллион сўм, ноябрда 1000 доллар узатишди. Илло, нав­батдаги ойга келганда аҳволлари танг­лашди. Шу боис "кафсан”ни ўзларича 1 миллион сўмга туширишди. Ҳакимали эса тушумнинг чўғи камайганини сезиб, бирдан тутақиб кетди.

– Ҳов, қурумсоқ! – деди пул тўла елим халтани Аброр томон отаркан, заҳарли илондек вишиллаб. – Ман санларга минг доллар деганман. Бунинг кам! Так что, сизларга икки соат муҳлат. Шу вақт ичида ё минг доллар топиб келасанлар, ёки ўз хоҳишларинг билан ишдан кетиш ҳақида ариза ёзасанлар!

Аросатда қолган ходимлар тағин бировлардан қарз олиб, айтилган пулни хуфтонда директорнинг уйига элтиб беришди. Бундан руҳланган Ҳакимали янги ой бошида уларга қўнғироқ қилиб, "фармони олий” берди: "Эсларингдан чиқмасин, декабрнинг "моянаси” 15-числода қўлимга тегсин!”

Бу буйруқ ҳам беками кўст адо этилди. Фақат... фақат бебилиска пулнинг ҳузурини кўриш тамагир директорга насиб қилмади. Негаки, у ўша куни 700 долларни ўз хизмат хонасида пора тариқасида олаётганида ашёвий далиллар билан ушланди...

"Кал ота”нинг касофати

Шоядбек Ғуломов узоқ синовлардан сўнг йирик вилоятнинг статистика бошқармаси раҳбари этиб тайинланди. Тайинланди-ю, саъй-ҳаракатлари ва феъл-атвори тубдан ўзгарди. Инчунин, йил адоғида ўз корхонасига тааллуқли ҳисоботларни олиб кетиш ниятида келган "Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг бўлим мудири Ғанижон Тўраевга ҳужжатлар ҳали тайёр эмаслигини айтиб, қўли билан алланечук ишора қилди. Ғанижон унинг мақсадини тушунмади. Кейинги гал ҳам шу ҳолат так­рорлангач, шубҳага борди-ю, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора эшигини қоқди. Кўп ўтмай бошқармага чўнтагида митти магнитофон билан кириб борди. Бундан бехабар бошлиқ одатдагидек мижғовлана-мижғовлана, тағин бармоқларини шиқир­латди. Ғанижон ҳам фурсатни қўлдан бой бермади, унга томон энгашиб, оҳиста сўради: "Қанча?” Шоядбек ўнг қўлининг бешала бармоғини кишибилмас ёйиб кўрсатди. "Кал отадами?” деган саволга жавобан эса, овоз чиқармай, бош ирғади.

У индинига яна қабулига келган мижози қўлидаги пулни кўргач, сас-садосиз мамнун жилмайди-да, кўзлари билан бурчакда осиғлик турган костюми томон имо қилди. Ғанижон сўзсиз топшириқни сўзсиз адо этиши биланоқ эшик ланг очилди-ю, ичкарига "кутилмаган меҳмонлар” кириб келишди. Уларни кўриб, бошлиқнинг дами ичига тушиб кетди...

Фирибгар "даллол”

Жиззахлик Саид Қодиров обрўли тиббиёт бирлашмасида оддий бўлим мудири бўлиб ишларди. Бинобарин, соҳа вакилларини тизимдаги мансабдорлик лавозимларига тайинлаш ваколатига эга эмасди. Лекин кунларнинг бирида собиқ таниши – ҳамширалар малакасини ошириш билим юрти ўқитувчиси Муниса унга маоши дуруст бўлса, бирор шифохонада ўз ихтисослиги бўйича ишлаш ниятида эканини айтиб қолди. Бу гапдан Саид илкис ҳушёр тортди. Хаёлидан "Унинг ҳожатини чиқариш баҳонасида пулини олсаму, бир-икки "оборот” қилиб, фойда орттирсам, қандоқ бўларкин?” деган фикр ўтди. Лаҳза ўтмай, ҳавойи орзу қатъий қарорга айланди. У суҳбатдошига қарата: ”Хоҳласангиз, мен бу борада бирлашма бошлиғи билан маслаҳатлашиб, сизга ёрдам беришим мумкин”, деди.

Муниса унга ишонди ва келишилган куни қўнғироқ қилиб, натижасини сўради.

– Табриклайман, синглим, ишингиз ҳал бўлди! – деди Саид шодон оҳангда. – Эрталаб хўжайинга учрашдим. У киши сизни поликлиника бош врачи қилиб та­йинлашга розилик берди. Фақат бунинг учун "кўки”дан бешта чўзишингиз керак экан.

– Нима?.. – Фавқулодда талабдан Мунисанинг бошидан ҳуши учди. – Беш минг доллар демоқчимисиз?

– Ҳа-ҳа, шундай! Нақд бешта думалоғидан. Бундан ташқари, яна иккита шарти бор.

– Қанақа шарт? – Муниса тишини тишига босиб сўради.

– Бунисини эртага ишхонамга келсангиз, қулоғингизга айтаман.

Муниса ўзи орқаваротдан бағоят ҳурмат қиладиган одамдан бунақа иддаолар чиқишини мутлақо кутмаганди. Шунданми, алламаҳалгача ҳазин ўйлар оғушида қолди. Охири тегишли идорага бориб, ҳамма гапни рўй-рост айтди. Эртаси куни туш пайти эса ўзига берилган жажжи овоз ёзиш мосламасини ишлатган кўйи шифохона остонасидан ҳатлади. Уни ўз кабинетида хушнуд қаршилаган Саид дарҳол муддаога ўтди.

– Кеча эслатганимдек, "катта”га беш минг доллар берасиз. Ўз навбатида, холис хизматим учун каминани ҳам қуруқ қўймассиз, деган умиддаман. Менга кўп эмас, шу... 500 доллар бўлса, кифоя. – У бир лаҳза сўзлашдан тўхтаб ютиниб олгач, сўзида давом этди. – Аммо, айтиб қўяй, фақат шу билан қутулмайсиз. Иш бошлаганингиздан кейин хўжайинга ҳар ойда "пулли салом” бериб турасиз.

– И-я, ҳали бунақасиям борми? – Муниса энди росманасига ажабланди.

– Бўмасам-чи! – Саид унга истеҳзоли кулиб боқди. – Ахир сиз кимсан – бутун бошли поликлиника раҳбари бўласиз. Демакки, доимий тушумга эга чиқасиз. Унинг бир қисмини "катта”га илинсангиз, асло кам бўлмайсиз.

– Шунақа денг... – Муниса ўйчан қиёфада оғир сукутга толди. Анчадан сўнг хокисоргина бўлиб тилга кирди. – Майли, розиман. Фақат мениям битта шартим бор: беш минг долларни лавозимга тайинланганим ҳақидаги буйруқ имзолангандан кейин бераман.

– Э, йўқ! – Саид унинг гапини оғзидан олди. – Ахир, биласиз, азал-азалдан мушук текинга офтобга чиқмайди, ҳатто маймун ҳам насияга ўйнамайди. Ҳозир эса қуруқ ваъда билан иш битадиган замон эмас. Демоқчи бўлганим, тезроқ отни қамчилаб, "соққа”сини олдиндан бермасангиз, мойли жойдан қуруқ қоласиз. Тушундингизми?!.

– Тушундим! – Муниса тақдирга тан берган одамдек ўрнидан базўр қўзғалди.

Жума куни у "ҳожатбарор” мудир хонасида 5500 доллар билан ҳозир бўлди. Саиднинг кўрсатмаси бўйича "хўжайинга аталган омонат”ни стол устига қўйган маҳали остонада тезкор гуруҳ ходимлари-ю холислар кўринишди, тамом-вассалом!

Судда Саид бирлашма бошлиғи билан Мунисанинг илтимоси хусусида умуман гаплашмагани, пулни эса ўзи вақтинча ишлатиб, фойда орттириш, кейин "Иш битмади” дея қайтариб бериш мақсадида олгани аниқланди. Шунга кўра, жабрланувчини алдов йўли билан пора беришга ундаб ва бошқа шахсга бериш учун деган баҳонада кўп миқдорда пул олишда айбдор деб топилди. Пировардида қилмишига яраша жазоланди.

ХУЛОСА ЎРНИДАТаажжубланарлиси, бу тамагирлар ёш эмас, аллақачон қирқ-элликни қоралаб қўйишган. Ҳар бирининг гулдай оиласи, қўша-қўша фарзандлари бор. Яна денг, ҳаммаси олий маълумотга эга тажрибали мутахассис, оқу қоранинг фарқига яхши борадиган кишилар. Шунинг учун ҳам кўпчилик ишончини қозониб, раҳбарлик вазифасига тайинлангандилар. Бироқ амал курсисига ўтирганларидан кейин негадир айнидилар. Таъбир жоиз бўлса, шайтон васвасига учиб, нафс қулига айландилар. Пировардида йиллар оша мисқоллаб топган обрўларини саноқли дақиқалар ичида ботмонлаб ҳавога совурдилар. Ўз шаънларига асорати осонликча битмас доғ тушириб, оила аъзолари ва қариндош-уруғлари юзини ерга қаратдилар. Модомики, шундай экан, улар келгусида эл аро бемалол бош кўтариб юра олишармикин, виждон азобидан қутулишармикин? Жилла қурса, порахўрлик гуноҳлар эшигини очадиган иллат эканлигини, унга ружу қўйган кишининг икки юзи қора бўлишини тушуниб етишармикин?

Бизнингча, бу ҳақда нафақат адашганлар, балки барчамиз биргаликда чуқурроқ ўйлаб кўрсак, фойдадан холи бўлмайди.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

Просмотров: 793 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024