Форма входа

Поиск

Календарь

«  Апрель 2016  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Четверг, 09.05.2024, 00:31
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2016 » Апрель » 4 » ТАВБА ҚИЛИШГА КЕЧИКМАНГ, АЗИЗИМ...
15:32
ТАВБА ҚИЛИШГА КЕЧИКМАНГ, АЗИЗИМ...

ТАВБА ҚИЛИШГА КЕЧИКМАНГ, АЗИЗИМ...

Ишингиз юришмай қолса, сабабсиз кайфиятингиз бузилаверса, юрагингизни зулмат қоплаб, ўз-ўзидан ғашланаверсангиз, елкангизни тоғдай юк эзиб турса бу машаққат боисини нимадан деб ўйлайсиз? Қизиқ савол бўлди а? Мен шундай ҳолатга тушганимда ва юрагим “гўшт қиймалагичда туйилаётганида” энг биринчи бўлиб “Кимнингдир дилини оғритганман”, “кимнидир ноҳақ ранжитганман”, “Аллоҳга номақбул бир ишга қўл урганман” деган ўйга бораман. Мулоҳазаларим кимгадир ғалати туюлиши мумкин, аммо дилозорнинг иши йўли очилмайди, иши юришмайди, файзи бўлмайди, буни инкор этиб бўлмайди.
Кўнгил –элчи, дейдилар. Кўнгил – огоҳлантирувчи, дейдилар. Кўнгил- Аллоҳнинг уйи, дейдилар. Биз эса тап тортмай Аллоҳнинг уйини вайрон қиламиз. Аллоҳнинг назаргоҳини синдирамиз. Тағин бошимизга тушган, тушаётган мушкулотларга сабаб излаб ёзғирамиз ҳам. Балки тирикликнинг азал қонуни шудир — одамзод қилмишларини гуноҳ даражасида билмайди. Гуноҳ санамайди кўнгил оғритишни, қалбга озор беришни. Шу сабаб ҳам гуноҳлари елкасини эзиб юради. Кимнидир билиб-билмай ранжитиб қўйганингизда руҳингизда тоғдай оғир юк ҳис қилганмисиз? Ана ўша юк- бир дилга озор берганингиз гуноҳи бўлса не ажаб?..
Бевафо вафо кўрмайди
У яхши ниятлар билан олий ўқув юртига ўқишга кирганди. Эгалламоқчи бўлган соҳаси бўйича етук мутахассис бўлишни орзу қиларди. Талабалик йилларида бир қизга кўнгли тушди. Қизнинг кўнглига йўл топиб, аҳду паймон қилди. Талабалик даври тугаб, турмуш оқимига тушдию, орзулари бошқа, ҳақиқий ҳаёт бошқа эканини англади. Оддий оиланинг фарзанди эди. У танлаган соҳада деярли шаҳзодалар ишлашарди. Яхши мутахассис бўлиш, ўзи танлаган соҳада ишлаши учун унинг ё зари, ё зўри бўлиши керак эди. Таассуфки, унда иккиси ҳам йўқ эди. Фақат биргина имкони бор эди — ё зарли ё зўрли хонадоннинг қизига уйланиши керак эди. Бу фикр онасидан чиқди. У эса муҳаббатини, лафзини ҳимоя қилолмади. “Қўли узун”, бадавлат кишининг қизига уйланди. Кўп ўтмай ишга жойлашди, оддий инсонлар номини айтишга ҳам қўрқадиган даргоҳга савлат тўкиб кириб-чиқадиган бўлди. “Қўли узун” қайнотанинг қинғир ишлари бор экан. Очилиб қолди ва жазога тортилди. Унинг орқасидан “ёғли” ишларга жойлашган ўғли, куёви, қариндош-уруғи борки шубҳа остига тушиб, эҳтиёт шарт ишдан бўшаш ҳаракатига  тушиб қолишди. У ҳам ишдан бўшади. Бир муддат нима қиларини билмай, гарангсиб юрди-да Россия давлатига ишлагани кетди. Қизчасининг энди тили чиқаётганди, хотини иккинчи фарзандига ҳомиладор эди. Шу бўйи уч йилдан кейин юртга қайтди. Аҳволи абгор эди. “Қўли узун” қайнота қамоққа тушмаслик учун бор-будидан айрилган, касалманд чолга айланган, укаси уйланган, сингиллари узатилиш ёшида эди. Бойвачча хотинига йўқчилик ёқмас, Россияда ишлайдиган эридан уялаётганини ҳатто яшириб ҳам ўтирмади. Оиласидаги аҳвол, хотинининг муносабатини кўриб бир кечадаёқ сочлари оқариб кетди. Бир амаллаб тумандаги коллежлардан бирига ишга жойлашди. Биринчи иш куни дарс жадвали билан танишиб олиш ва ишланмасини тасдиқлатиб олиш учун директор ўринбосарининг хонасига кирдию, қаршисида нафрат тўла нигоҳларга бардош беролмай тиззаси букилиб қолди. У бир пайтлари аҳду паймон қилгани, кўнглини забт этгунга қадар оёқларига тиз чўкканию сўнг бебурдларча “Иложим қолмади, мени кечир” дея хайр-хўшни насия қилиб кетганида ортидан боши эгик қолган қиз эди. Фақат энди у аввалги масъума, бевафолик қурбони бўлган озордийда қиз эмас, ҳаётда ўз ўрнини, бахтини, обрў-эътиборини топган аёл, она ва ўқитувчи эди. У аёлнинг юзига қараёлмади. Қарашга ботинолмади. Елкасини эзаётган юк бошини кўтаришига халал берарди. Юрагини “Бахтли экани юз-кўзидан билиниб турибди, мен шарманда бўлдим, бевафога ҳеч нарса вафо қилмас экан” деган ўй ўртайверади, ҳар гал кўзи унга тушганида букчайиб қолаверади...
 Мулоҳаза: Бу ҳикоя қаҳрамонига ўхшаганлар қанча экан, дунёда? “Дилозордан Худо безор” деган ҳикмат мағзини чақмаганлар, дунё деворига нима отса охир-оқибат у ўзига қайтишини мулоҳаза қилмайдиганлар озмунча эмас, афсуски. Қалби қаттиқ, дийдаси тошларнинг тилидан учган заҳарли ўқлар қанчадан қанча юракни яраламоқда. Бегоналарни қўяверинг, ўз туғишган жигари, қавм-қариндоши, ҳатто ота –онасининг дилини оғритиб, ҳануз гуноҳини англамаганлар, тавбага кечикаётганлар қанча экан?
Дилозор — гуноҳкор
—    Икки болам ҳам ногирон, дея бўзлайди боласини шифокор кўригига олиб келган жувон. – Қайсар эрим отаси билан тортишиб қолганди. Ўшанда янги тушган келинчак эдим. Эрим қайинотамнинг гапига қулоқ солмай, эски дарвозахонани бузиб, янги, ҳашамдор дарвоза қурдирди. Негадир қайнотам бунга рози бўлмаганди. Ўғлидан қаттиқ ранжидию, ҳовлининг бошқа томонидан ўзига кичик эшик қурдириб, ўша ердан кириб-чиқадиган бўлди. Ўғли билан гаплашмай қўйди. Орада қайнонам иккимиз сарсонмиз. Биринчи гўдагим ногирон туғилди. Эри иккимиз қариндош эмасмиз, уруғимизда ногирон туғилган ё туққани йўқ. Сабабига ҳамма ҳайрон эди. Қайнонам юм-юм-йиғлаб ўғлига отаси билан ярашишни ёлворди. Эрим бўйин эгмади. Иккинчи фарзандим ҳам ногирон туғилди. Бирининг бир оёғи калта, иккинчиси гапиролмайди. Эримнинг топгани дўхтиру табибдан ортмаяпти. “Дадангиз билан ярашинг, гуноҳ болаларимизга уряпти” десам жаҳли чиқади. Ҳатто болаларимизнинг ногирон туғилганига ҳам отасини айбдор ҳисоблайди...
—    Тақдир экан, турмуш қурмаганман,- дейди қиз ўпкаси тўлиб, кўзлари ёшланиб,- шаҳарда ишлайман. Ижара уйимни алмаштиришга тўғри келди. Танишларимдан бири ижарага қўядиганларни топибди, телефон рақамини беришганди, суҳбат мобайнида ижарачи аёл “Ҳммм, ёлғиз аёлмисиз?.. Бир ёлғиз аёлни қўйгандим, суюқоёқ чиқди-да” деди тап тортмай. Юрагимга наштардай ботди бу гаплар. Овозимнинг борича йиғладим, шўрпешонамни, бу жирканч дунёни қарғаб йиғладим. “Ёлғиз” дегани, “бир ўзи яшайди” дегани  суюқоёқ, бузуқ дегани эмас-ку? Наҳотки, кап-катта хотин гапираётган гапининг маънисига тушунмаса? Тағин қиз ўстираётган экан, Худодан қўрқмадимикан шундай дегани? Одамлар эртасини унутиб қўйган. Келажакни ўйлаш деганда айримлар фақат пул жамғариш, дунё молини йиғиб-теришни ўйлайдилар. Келажагини ўйлаган одам кўнгилларни обод қилади, қалбларга яхшилик, меҳр уруғини қадайди. Айрим инсонларни кўриб “эссиз инсон деган мақом, эътироф” деб ўксинади, киши...
Чеҳраси очиқ, хушхулқ инсонлар
 Мен ҳар доим шогирдларимга “Ҳақиқий ибодат бу — инсонларнинг қалбига озор етказмаслик, инсонларни, уларнинг кўнглини авайлаш, яхши амаллар, хайрли ишлар билан руҳни катталаштиришдир” деб уқтираман. Шогирдларим сўрайдилар: “Устоз, руҳи катта инсонларни қандай таниб олиш мумкин?” “Руҳи катта инсонларнинг юзи нурли, истараси иссиқ, кўзларида меҳр балқиб туради. Гаплашгингиз сари гаплашиб тўймайсиз улар билан. Яна шуниси билан уларни таниб олиш мумкинки, Аллоҳ руҳи катта инсонларни машаққатли, азобли йўлга ташлаб қўйиб синаса-да, барибир Ўзи уларни қўллайди. Мушкуллари ўйламаган ердан ечим топади. Руҳи катта, кўнгли кенг кишиларнинг дўстлари, меҳрибонлари кўп бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам улар ёлғиз қолмайдилар” дея тушунтираман. Шогирдларим мен таърифлаган инсонларни атрофдан излаб юрар эканлар. Баъзан яхши инсонларни учратишса “Устоз, сиз айтган руҳи катта инсонни топдим” дея қувончи ичига сиғмай, тўлиб тошиб келишади. Мен нега шогирдларимга қайта-қайта бу гапларни гапираман, чунки улар ёш, тасаввури бокира, дунёқараши тоза, беғубор. Улар шундай ёшдаки, айни дамда фитратига нимаики чизсангиз, тасвирингиз гўё тошга ўйилган битикдек ҳеч қачон ўчмайди. Ҳамма гап тарбияда, болаликда ўргатилган одобу ахлоқда. Болага у жуда ёшлигидан инсон кўнгли Яратганнинг назаргоҳи, кўнгилларни оғритиб гуноҳкор бўладиганларга азоб-уқубат муқаррарлигини уқтириб бориш керак. Ана шунда у улғайгани сари яхшиликни чеҳраси очиқ, хушрўй ва хушхулқ кишилардан кутадиган ва ўзи ҳам шундай инсонлар сафида бўлишга ҳаракат қиладиган бўлиб бораверади.
Гули Намозова, филолог
Асл ибодат- кўнгилни авайлаш
  Инсонларнинг айби, нуқсонини масхаралаб кулиш, мазах қилиш ва лақаб қўйишдан тийилмаган кимсалар нафақат ўзининг қандай тарбия кўрганини кўрсатиб қўяди, балки ўзини ўзи азобга гирифтор қиладиган золим ҳам бўлади. Шундай ҳадиси шариф ривоят қилинади: “Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир”. Кўпчилигимиз мусулмонликни даъво қилиб, чиройли гапларни гапиришни қойил қиламиз. Аммо мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаром эканини, асл тақво шу илоҳий садога амал қилишдалигини, мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далил бўлишини мулоҳаза қилмаймиз. Зотан,мўмин- мусулмонлар бир-бирларига биродардирлар, чин мусулмонлар бир-бирига зулм қилмайди, таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди.  Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир. Унинг руҳий-маънавий олами бой, иймонли, диёнатли бўлса, унинг қадр-қиммати ҳам шунча ошади, даражаси шунча юқори бўлади.
Дунёга келдингми, бир кун кетиш бор. Оқибатнинг хайрли, осон бўлиши солиҳ амалларимизга, атрофга бўлган муносабатимиз, меҳр-муҳаббатимизга боғлиқ. Шарқона одоб- ахлоқ тамойилари ҳам инсоний тушунча чегараси доирасида комил инсонни ўз атрофидагиларга доимо меҳр-мурувватли, мунис-меҳрибон, ўзгаларнинг ҳожатларини чиқарувчи бўлишга чорлайди. Инсонликнинг асл моҳияти ўз кўнглини тоза тутиб, ўзгалар кўнглини асраб-авайлашда экан, бир-биримизни чиройли амалларга, сабр- қаноатли бўлишга  даъват этайлик! Гуноҳларнинг кўпайиши хотиржамлик, ризқ-насибага ҳам дахл қилиши  кўп таъкидланади. Кўнгилга озор бериш, инсонларни норози қилиб гуноҳкор бўлиш ва бу гуноҳ важидан ўзини машаққатга қўйиш, инсонлар ва Аллоҳ назаридан қолишдан асрасин барчамизни. Яхши инсонларнинг номи саналаётганда бизнинг исмимиз энг аввалида келтирилсин. Зотан, шунинг учун Яратган инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратмадими?..

 

Умида АДИЗОВА 

Просмотров: 850 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024