ТЎРАБЕКХОНИМ
Қадим бўстонлар сабоси
Ривоят
Қадим Урганчда Одилшоҳ подшонинг яккаю ягона Тўрабек хоним исмли қизи бор эди. Тўрабек хоним ўн саккиз ёшга тўлгач, ҳусну малоҳатининг довруғи оламга ёйилди. Узоқ-яқин юртларнинг шаҳзодаларидан, хонваччаю бекзодаларидан Тўрабек хонимга совчилар кела бошлади. Бироқ шоҳ қизи барчасини рад этиб, қайтараверарди. Ниҳоят, у ошиқларига шундай шарт қўйди: «Кимки ғазал айтишувда ғолиб келса, пойга ўйинида ҳар қандай рақибни енгадиган моҳир чавандоз бўлса, қиличбозликда унга тенг келадигани топилмаса, мен шу йигитники бўламан». Лекин ҳеч ким маликанинг шартларини адо этолмади.
Кунлардан бир куни Марв юртининг подшоси Тўрабек хонимнинг таърифини эшитиб, унга ғойибона ошиқ бўлиб қолди. Унинг исмини Султон Санжар дер эдилар. Сон-саноқсиз лашкарга эга бўлган бу шоҳ ҳеч тинч ўтирмас, доим ўзга юртларга кўз олайтирар эди. Султон Санжар Тўрабек хонимга уйланиш мақсадида Хоразм подшосига туя-туя мол-дунё билан совчи юборди. Одилшоҳ бу кутилмаган таклифдан ўйланиб қолди: «Агар «йўқ» жавобини берсак, Султон Санжарнинг лак-лак лашкари бор, уруш бошланиб, бегуноҳ одамларнинг қони бекорга тўкилади».
Сарой Амулозимлари иккига бўлинди. Айримлар: «Уруш қилмайлик, қизингизни Султон Санжарга бера қолинг», дейишса, баъзилар: «Урушамиз!», дейишди. Подшо эса қизидан маслаҳат сўради. Тўрабек хоним ҳеч нарса демасдан Султон Санжарнинг мактуби орқасига: «Аҳмоқ ўзини матар, кучингни майдонда кўрсат», деб ёзди ва совчиларнинг юзига қора сурттириб, Хоразм тупроғидан ҳайдаб чиқарди. Султон Санжар бундай жавобдан жуда ғазабланди, сон-саноқсиз лашкарларини олиб, Хоразмга юриш қилди. Хоразм юртига яқинлашганда, Одилшоҳнинг аскарларига дуч келди. Лашкарлар ўртасида кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган жанг бўлди. Иккала томондан ҳам жуда кўп одамлар ҳалок бўлди, лекин Султон Санжар енголмади, ноилож ортига қайтди.
У замонларда Амударё Туямўйин билан Питнакнинг ўртасига келганда иккига ажралар (бири ҳозирги йўли, иккинчиси кунботарга қараб, қум ошиб Улли (Каспий) денгизига бориб қуйилар) экан. Султон Санжар худди шу ерга етганда: «Шу манзилга тушинглар, чодирлар тикилсин!» деб буйруқ берибди. Ўзи отидан тушмай, Амударё қирғоғига қараб бораверибди. Дарё сувининг икки қоя оралиғидан сиқилиб ўтадиган тор жойига келиб тўхтабди-да, ўйга чўмибди. Эртаси куни барча лашкарларига: «Дарё сувини тўсиш керак, Амунинг суви Ўзбойга қараб оқсин, Хоразмга бир қатра ҳам сув кетмасин. Тоғдан тош кесиб, тўғон қилинглар!» дея амр этибди. Минг-минг аскар кечаю кундуз тоғдан тош кесиб, тўғон ясабди. Уч ой деганда Амударёнинг суви боғланиб, Ўзбойга қараб оқибди. Дарёнинг суви қургач, Хоразм аҳолисининг аҳволи танг бўлибди, боғу экинзорлар қуриб, юртда қаҳатчилик бошланибди. Шунда элнинг улуғлари йиғилишиб, Одилшоҳнинг олдига боришибди: «Подшоҳим, эл-юртнинг аҳволи танг бўлиб қолди, юртда қаҳатчилик бошланди. Бундан кейин аҳволимиз не кечгай! Қизингизни Султон Санжарга бериб, юртни бу офатдан қутқармасангиз бўлмас!»
Одилшоҳ қизини чақиртирибди ва бор гапни унга айтибди. Тўрабек хоним бир оз ўйланиб турибди-да, отасига қараб: «Отажон, мен элу юртнинг тинчлиги учун ўзимни қурбон қиламан. Амунинг сувини қайтармасам, қизингиз эмасман. Энди қайта кўришмасмиз, хайр, отажон, ҳайр, эл оғалари», дебди-да, узоқ сафарга отланибди. Элнинг бошига тушган офатни қандай даф қилишни билмай, боши қотган Одилшоҳ ёлғиз қизининг истагига қаршилик қилмабди.
Тўрабек хоним қирқ канизаги билан узоқ ва машаққатли сафарга чиқибди. Лекин ўйлаб қўйган режасини ҳеч кимга айтмабди.
Султон Санжар гўзал маликани кўриб, ўзини йўқотиб қўйибди. У Тўрабек хонимнинг ёнига келиб, қўл қовуштириб салом берибди. «Қани, маликам, отдан тушсинлар, саройда дам олсинлар, узоқ йўл азоби сиздек нозик қизни жуда толиқтириб қўйгандир», дебди. Бироқ Тўрабек хоним Султон Санжарга қараб амирона: «Мен сенинг олдингга ёлғиз ўзим келдим, сен шуни истаган эдинг. Юрт хароб бўлмасин, халқ офатдан қутулсин, сен тўғонни бузишга буйруқ берасан. Тўғон очилиб, сув яна ўз йўлидан оқсин, шунда сен билан қоламан», дебди. Султон Санжар яна илтифот билан уни отдан тушишга ва саройга кириб, бироз ором олишга ундабди. Тўрабек хоним эса барибир унамабди: “Мен ўз халқимга, Амунинг суви ўз йўлидан оқмагунча узангидан оёғимни узмайман, деб қасам ичганман. Чўллаб, қақраб ётган ерлар яна сувга тўймагунча, боғлар яна гуллаб-яшнамагунча мен от устидаман”, — дебди.
Маликани ўз сўзидан қайтара олмаслигини билган Султон Санжар аскарларига тўғонни бузишни амр этибди. Тўғоннинг бир томони озроқ очилган экан, тўлиб-тошиб турган Аму суви бор кучи билан бирдан ҳайқириб, тўғонни уриб, бирпасда тош-қумларни, қирғоқларни ювиб кетибди. Тўғондан ном-нишон ҳам қолмабди. Тўғон вайрон бўлиб, Аму ўз йўли билан оқа бошлаганда малика ўзи минган учқур биясига қамчи босибди. Султон Санжар: «Бу қиз нима қилар экан?» деб ҳайрон бўлиб қолаверибди.
Тўрабек хоним Мавр юртига келаётиб қирқта энг яхши қулунли бияни танлаб, Хоразмдан Султон Санжар турган ерга қадар бир манзил-бир манзил узоқликда бияларнинг қулунларини алмаштириб боғлаган эди. Тўрабек хоним минган бия қирқинчиси бўлиб, унинг боласи ўттиз тўққизинчи манзилда қолдирилганди. Шу боис бия қуш каби ўз кулуни томонга қараб учибди. Султон Санжар қизнинг орқасидан қирқ нафар йигитни қувдирибди. Лекин улар маликага ета олишмабди. Шундай қилиб, Тўрабек хоним ўз халқини сувсизликдан қутқариб қолган экан.
|