Форма входа

Поиск

Календарь

«  Ноябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Среда, 08.05.2024, 23:25
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Ноябрь » 4 » Ўзбек мўъжизаси
14:05
Ўзбек мўъжизаси
 

Ўзбек мўъжизаси

Азим пойтахт Тошкентдан водий вилоятлари сари йўлга отланар экансиз, Қамчиқ довонидан ўтишингизга тўғри келади. Бирдан қалбингизни ҳаяжон босади, маҳобатли довондан ошиб ўтиш тасаввуридан юрагингиз ҳаприқади. Айниқса, бу йўлни илк бор босиб ўтишга бел боғлаган кишига ҳамма нарса сирли, жумбоқли, мўъжизакор бўлиб кўринаверади. Тўғри, довон йўли қурила бошлаганидан то тугагунича хабарларни мунтазам равишда телевидение кўрсатувлари, радиоэшиттиришлар орқали эшитиб, кузатиб борганмиз ва унда амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан кўп бор ҳайратга тушганмиз. Аммо довондан ўтишдаги ҳаяжон ва ҳайрат бошқача бўлиши табиий. Шунинг учун Оҳангарон тумани марказидаги «Анҳор» емакхонасидан машинамиз йўлга тушиши билан фикру хаёлимиз довонга боғланди. Мустақиллик туфайли туғилган ўзбекнинг учқур оти — «Нексия» қудратли тўши билан ҳаво бағрини ёриб, олдинга интилади. Икки томонда Чотқол тоғ тизмаси тобора юксалиб боради. Машина дам юқорига қараб пишқириб боради, дам пастликка томон шувиллаб учади. Автомобил йўлининг ўнг томони дара, тоғ этакларида қишлоқлар элас-элас кўзга чалинади. Юқорига кўтарилиб борганимиз сари ҳаво совий бошлади, чўққилардаги қорлар қалбимизда илк ҳайратни уйғотган бўлса, аста-секин тоғ этакларигача қор эгаллаган жойлар бошланиши билан ўзимизни қиш ўрталаридаги каби сеза бошладик. Машина ойнасини озгина туширишимиз билан кишини жунжиктирувчи совуқ ҳаво кўксимизга урилди. Гоҳ пастга, гоҳ баландга буралиб-буралиб бораётган йўлда машинамиз елдек учиб боради. Оҳангарон сув омборининг суви ялтираб кўзга ташланади. Яна бир мўъжизага дуч келдик. Ғоят донолик билан яратилган сув омбори бу. Юксак тоғлар бағридан оқиб тушган сувлар дарадан чиқиб кетолмайди. Улар тўпланиб, улкан ҳавзани ташкил этган. Сув манбаи бўлса, одамлар ундан қандай фойдаланиш  йўлини яхши билади. Деярли табиий  равишда пайдо бўлган сув омбори Тошкент вилояти экин майдонларининг қон томирига айланган. Аммо довоннинг эгри-бугри, ниҳоятда равон йўли мўъжизаларнинг мўъжизаси эди. Уни бугунги ҳолатга келтириш учун ҳазилакам меҳнат сарф қилинмаган. Ҳолбуки, асрлар давомида Тошкентдан водийга мана шу йўлдан борилган. Бироқ у пайтларда йўл ниҳоятда тор, сўқмоқлардан иборат бўлган, от-арава, туяларда сафарга чиққанлар машаққат билан узоқ йўл босиб манзилга етиб боришган.  Отабек хаёлимизга келди. Тошкентдан Кумуш васлига етишиш учун неча бор бу йўллардан ўтган. Ойлаб йўл босган, улкан довондан ошиб ўтиш машаққатини чеккан...Тангатопди қишлоғидан ўтар эканмиз, чинакам экзотикага дуч келгандек бўлдик. Баланд тоғ этагидан бир неча юз метр юқорига қараб бирининг устидан бири юксалиб борган қишлоқ уйлари кишини ҳайратларга чулғайди. «Тангалик болалар» фильми айни мана шу қишлоқда суратга олинган экан. Фильмдаги қишлоқ манзаралари кўз ўнгимизда яна бир бор гавдаланди.  Четсув қишлоғи бундан ҳам катта. Қишлоқ уйларининг қурилиши янада ҳайратланарли эди.  Кўксаройдаги йўл четида жойлашган бозор гавжум. Бу ерда одамлар эҳтиёжидаги барча нарсалар топилади. Қишлоқ анчагина катта ва уйлари ҳам бежирим, замонавий кўринишга эга. Мактаб, тиббий хизмат кўрсатиш шаҳобчаси ҳам мавжуд. Икки тоғ оралиғида, автомобил йўлининг пастида, дарада жойлашган қишлоқ уйлари инсон иродаси, матонати нималарга қодирлигини, унинг ўз туғилган ерига садоқати қанчалик буюк эканлигини кўрсатади.  Довон юксалгандан юксалиб бораверди, дара узра эса бири-бирига ўхшаш, бири-биридан ғаройиб қишлоқлар бизни кузатиб қолаверди. Йўлнинг таъмирталаб бўлиб қолган жойлари ҳам довон маҳобатидан қалбимизда пайдо бўлган ҳайратга дахл қилмасди. Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қилган «2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади» мавзуидаги маърузасидаги қуйидаги фикрлар ёдимизга тушди: «...2012 йилнинг ўзида 109 миллион доллар миқдоридаги маблағни ўзлаштириш, 165 километр цемент-бетон қопламали йўлларни фойдаланишга топшириш, жумладан, Қамчиқ довони орқали ўтадиган йўлни реконструкция қилиш мўлжалланмоқда». Албатта бу режалар амалга ошади. Қамчиқ довони йўли бундан ҳам текис ва равон бўлишига шубҳа йўқ. Чунки шунчалик мўъжизалар ярата олган халқимиз яна мўъжизалар яратишга қодир.  Тоғни қоқ ёриб ўтган ер ости автомобил йўли мўъжизаларнинг мўъжизаси бўлиб туюлди. Минг-минглаб темир-бетон конструкциялардан ғоят мустаҳкам қилиб бунёд этилган ер ости йўли электр чироқлари билан нурафшон бўлиб турибди. Бир километрдан ортиқ масофани ҳайрат ва ҳаяжон ичида босиб ўтдик. Кўп ўтмай иккинчи ер ости йўли ҳам ортда қолди. Машинамиз пастликка қараб туша бошлади. — Мана, довон ҳам тугаяпти. Юз километрга яқин йўлни довон ҳудудида босиб ўтдик, — дея изоҳ берди ҳайдовчимиз Шукуржон.Ортимизга қарадик. Баҳайбат тоғлар тўшидаги қорлар ялтираб кўринади. Олдинда эса қордан асар ҳам йўқ. Қиш бағридан баҳорга чиққандек эдик. Тошкентдан бошланган сафаримизнинг нақ уч соати довон йўлида ўтганлиги, бу фурсат бир лаҳзада, кўз очиб-юмгунча ўтиб кетгандек туюлгани бизни қайта-қайта довон йўлига боқишга ундарди. — Ҳар қанча ҳайратланса, қойил қолса арзийди. Ахир бундан ўн йиллар бурун шу йўл автомобилда олти соатда босиб ўтиларди. Ҳозир уч соатга ҳам қолмай довондан ўтиб олинади, — деди Шукуржон бизнинг чуқур ҳайрат оғушига чўмганимизни сезиб. — Ҳа, чинакам мўъжиза яралибди, — дедик.  — Мўъжиза бўлганда ҳам қанақа денг?! Бу — ўзбек мўъжизаси! Ўзбек бирор эзгу ишга аҳд қилдими, албатта унинг уддасидан чиқади. Ҳамиша шундай бўлиб келган. Мулла ака, сиз тарихни яхши биласиз. Тўғри айтяпман-а, бу ҳақиқий ўзбек мўъжизаси! Шукуржоннинг қалбларимизни тўлқинлантирган оташин сўзларига ҳеч бир сўз қўша олмадик. Тўғриси, бирор нима дейишнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Ўзбек мўъжизаси бутун маҳобати билан кўз ўнгимизда ҳамон жилваланиб турарди. Мустақиллик туфайли халқнинг жасорати, яратувчилик, бунёдкорлик қудрати, буюк келажак сари азму шижоатининг яна бир мўъжизасини Қамчиқ  довони исботлаб турарди!.. 
                              Достон МАВЛОНОВ, Навоий-Тошкент-Наманган.
Просмотров: 820 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024