Форма входа

Поиск

Календарь

«  Ноябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 01:06
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Ноябрь » 4 » Жаҳолатни маърифат енгади
07:21
Жаҳолатни маърифат енгади

Жаҳолатни маърифат енгади

 

Долзарб мавзу

Ҳозирги пайтда жаҳонда кечаётган глобал сиёсий жараёнлар, турли манфаатдор кучларнинг ўз мақсадлари йўлида олиб бораётган геосиёсий ўйинлари оқибатида мустақиллик йўлига ўтган ёш мамлакатларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги катта хатар остида қоляпти. Айниқса, халқаро сиёсатда дин омилидан фойдаланишга урғу берилаётгани бу хатарни янада кучайтирмоқда. Мухолифларимизнинг диннинг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш, ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йўлида фойдаланишга уринишлари тобора авж оляпти. Ғарб давлатларининг ахборот машиналари тинимсиз равишда афкори оммага Ислом динини бузғунчилик, қотиллик, ваҳшийлик, террор дини дея кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Шу жиҳатдан ҳам жамият олдида одамларнинг “диннинг маънавий қадриятлари билан,   шиорлардан, хусусан Исломни қайта тиклаш шиоридан фойдаланаётган муайян кучлар кўзлаётган, динга алоқаси бўлмаган сиёсий ва бошқа тажовузкор мақсадлар ўртасидаги фарқни тушуниб олишларига эришиш” зарурати туғилди.

Бу ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани йўқ. Кейинги пайтларда Марказий Осиё ҳудудида ҳам айрим диний-сиёсий ва экстремистик кучлар динни сиёсийлаштиришга, шу йўл билан одамлар, хусусан ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр бериб интилишмоқда. “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда” китобида айтиб ўтилганидай, “бу ёвуз кимсалар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзларининг ифлос мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бу эса Исломнинг инсонпарварлик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда”. Бундай қабиҳ ҳатти-ҳаракатларнинг  мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигига раҳна солиши, миллатларлараро ва динлараро бирдамликка путур етказиши, одамларни бир-бирига қарши бўлган турли гуруҳларга бўлиб ташлаши, улар орасида фитна ва бузғунчилик ғояларини ёйиши бугун кундай равшан бўлиб турибди.

Бундай кенг миқёсли ва пухта ўйланган хуружларга нисбатан қандай омилларни қарши қўйиш мумкин? Бунинг учун, энг аввало, одамларимизга соф диний манбалар асосида ташқи кучларнинг дин омилидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш учун  олиб бораётган ҳаракатлари моҳиятини очиб бериш керак. Ислом дини зўравонлик, қон тўкиш ёки бузғунчиликка тарғиб қилмаслиги, аксинча, бу дин тинчлик, инсонпарварлик, кенгбағирлик, эзгулик дини эканини кенг тушунтириш лозим бўлади. Аслида бу дин ҳар қандай зулм, қотиллик, бировга озор етказишдан бутунлай холи, энг гўзал ва эзгу амалларни бажаришга чақирувчи соф эътиқоддир.

Мана шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, имон ва куфр масаласи ҳам Исломдаги энг нозик, аҳамиятли масалалардандир. Бир инсоннинг мусулмонлик даъвосида қанчалик ростгўй экани ёлғиз Парвардигоргагина аён. Шунинг учун ҳам, ўтмишдаги кўплаб буюк алломаларимиз, мутафаккирларимиз ўзларича фараз қилишдан сақланишган, муайян бир шахсни кофирга ҳукм қилиш борасида жуда эҳтиёткор бўлишган.

Аммо бугунга келиб буюк аждодларимиз анъаналари унутилди, бир-икки китобни ўқиб олиб ўзини мужтаҳид санайдиган, кишиларни бўлар-бўлмасга кофирга чиқарадиган оқим ва фирқаларнинг вакиллари пайдо бўлди. Бундай оқим ва фирқалар (масалан, “Ал-ҳижра ват-такфир”, “Ихванул-муслимин” каби) имон ва куфр масалаларида ўта журъатли бўлиб кетишган. Исломни ҳали чуқур ўрганмаган, етарли билим олмаган баъзи ёшларимиз уларга кўр-кўрона эргашиб, залолат ва жоҳиллик йўлига кириб кетишмоқда. Шу ўринда “Нега шундай бўляпти”, “Уларнинг хатоси нимада”, “Муаммонинг ечими борми” деган саволлар туғилиши табиий. Ушбу мақоламизда ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Аллоҳ таоло Ўз бандаларини сўзларнинг энг гўзалига, фойдалисига эргашишга чақиради: “Бас, (эй Муҳаммад), Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 17-18-оятлар). Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам инсонлар яхши амаллар қилишга, ёмонликлардан қочишга чақирилади: “Мусулмон ким – унинг қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши. Мўмин ким – бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган киши. Муҳожир ким – гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган киши. Аллоҳ йўлида мужоҳид ким – нафсига қарши курашишга киришган киши”; “Умматим ҳеч қачон залолатли ишларда бирлашмайди”; “Инсонларга яхшиликни ўргатувчи кишига Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳллари, ҳатто уялардаги чумолию денгиздаги балиқлар ҳам салавот айтади”.

Динимизнинг ана шу кўрсатмаларидан чекиниб, адашган фирқаларга эргашиб кетган ёшларимиз жоҳилликлари, диннинг асл моҳиятини англаб етмаганлари оқибатида имон ва куфр масаласида бир неча хатоларга йўл қўйишади. Келинг, ана шу хатоларни батафсил кўриб чиқайлик:

Бизнингча, улар йўл қўяётган хатоларнинг биринчиси юқоридаги масалага енгил-елпи қараш, бунда шошма-шошарлик қилишдир. Бирор шахс ёки бутун бошли жамиятни куфрда айблаш ёки кофирга чиқариш ўта қалтис иш бўлиб, бунга кўр-кўрона муносабатда бўлиш ярамайди. Чунки бунинг ортида куфрга чиқараётган ёки чиқарилаётганлардан бири учун даҳшатли оқибат ётибди. Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Киши ўз биродарига “эй кофир!” деса, (куфр) иккисидан бирига қайтади”. Ҳадисдан кўриниб турибдики, ўзгани кофирга чиқариш оддий ҳақорат сўзи эмас, аксинча, бировнинг тақдирига аралашиб, ўз охиратини бой бериб қўйиш эҳтимолини туғдириши мумкин бўлган хатарли масалалардан бири экан. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳаби уламолари бошқа мазҳабларнинг олимларига қараганда “такфир” (куфрда айблаш, кофирга чиқариш) масаласига кўпроқ аҳамият беришган. Бу ҳақда ёзилган асарларнинг биринчиси мисрлик олим, ҳижрий 768 йили вафот этган Муҳаммад ибн Исмоил ибн Маҳмуд Бадр Рашид Рашидий қаламига мансуб бўлса, унинг “Куфр сўзлар” номли мазкур асарига биринчи бўлиб ҳанафий олимлардан аллома Алийюл Қорий муфассал шарҳ ёзган.

Хатоларнинг иккинчиси Аллоҳ буюрмаган ишларга вақтни беҳуда сарф этишдир. Мусулмон кишининг дунё ва охиратда ўзига наф берадиган амаллар билан шуғулланиши мақсадга мувофиқдир. Қироат илмининг машҳур имомларидан Имом Шотибий бундай дейди: “Шариатда эътироф этилган илм, яъни Аллоҳ ва Унинг Расули мақтаган илм – бу амал қилишга ундовчи илм бўлиб, у ўз эгасини хоҳиш ва истакларга эргашувчи эмас, балки илмига мувофиқ юрувчи қилади”. “Такфир” эса, ҳеч кимга фойда бермайдиган, аксинча зарарига ҳужжат бўладиган манфаатсиз ишлардандир. Ахир, Аллоҳ таоло бизларни бирор шахс ёки жамиятнинг камчиликларини излашга, уни кофирга чиқариш учун умр бўйи ҳужжат тўплашга буюрмаган-ку! Бу ҳақиқатни ҳар ким ақида илми устозларидан аниқлаб олса бўлади. Ачинарлиси шундаки, бу каби ишлар билан шуғулланиб юрган ёшларнинг аксари имоннинг энг муҳим масалалари, намоз, рўза, закот каби ибодатнинг асосий шартлари борасида етарли илмга эга эмаслар. Улар ҳатто Қуръоннинг энг қисқа сураларини тажвид қоидаларига биноан ўқиб бера олишмайди, ҳадиснинг асл матнларига “тишлари ўтмайди”.

Учинчи хато бу каби нозик масалаларга ҳали уларнинг шартларини мукаммал равишда ўзлаштирмай туриб киришиб кетишдадир. “Куфр” сўзи, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, исталган пайтда, дуч келганга қарата айтиб юбориладиган сўз эмас. Буни имонли мусулмонга нисбатан қўллаш енгилтаклик, калтабинлик ва жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Ислом тарихида бундай ишга илк бор қўл урган хаворижларни ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Бундай нодон ёшлар Қуръон ўқиса, тиловатлари бўғзидан нарига ўтмайди”, дея сифатлаганлар. Мана шу гапнинг ўзиёқ барча замонларда ҳам уларга эргашувчиларнинг Қуръон оятлари ва ҳукмларини чуқур идрок эта олмасликларига ишорадир.

Исломда “Ал-яқину ла язулу биш-шак” (Аниқ нарса шак-шубҳа билан йўқ бўлмайди) деган қоида бор. Яъни, ҳар бир нарса ҳақида аниқ ҳужжат-далил билан ҳукм чиқариш керак. Ушбу қоидага кўра, бир мусулмоннинг  олган таҳорати шак-шубҳалар билан бузилмайдиган бўлса, унинг бутун имони ва мусулмонлик сифатига қандай қилиб гумон-тахминлар сабабли тил теккизиш мумкин? Мазкур қоидага биноан, агар унинг имонда тургани аниқ бўлса, жони ҳам, моли ҳам бошқаларга ҳаромдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) вадо ҳажида: “Ушбу шаҳарда (Маккада), ушбу ойдаги (Зул-ҳижжа) бугунги куннинг (арафанинг) ҳурматлангани (ҳаромлиги) каби қонларингиз, молларингиз ва ор-номусларингизга тажовуз қилиш ҳам бир-бирларингизга ҳаромдир. Шоҳидлар шоҳид бўлмаганларга етказсин”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Шундай бўлгач, “замона алломалари” қайси ҳужжатга кўра бегуноҳ мусулмонларни кофирга чиқариб, уларни қатл этишга фатво беришяптийкин?!

Биз бу мулоҳазаларимиз билан Исломда умуман “куфр, такфир” деган тушунчалар йўқ, демоқчи эмасмиз. Чунки баъзи оят ва ҳадисларда у ёки бу амал куфр деб аталгани Ислом таълимотларидан бироз хабари бор кишига яхши маълум. Лекин мусулмонларимиз бу борада жиддий фарқли томонлар борлигини яхши англаб олишлари керак. Бу ҳам бўлса, бирор амални “куфр” дейиш билан ўша амални содир этган муайян шахсни кофирга чиқариш ўртасида катта фарқ бор. Фикримизни Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадислар воситасида далиллашимиз мумкин. Имом Бухорий ҳазрати Умардан (р. а.) ривоят қилган ҳадисда келтирилишича, “Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида Абдуллоҳ исмли киши келтирилиб, ичкилик туфайли дарра урилди. Сўнг яна бир куни келтирилиб, яна дарра уришга буюрилди. Шунда тўпланганлар ичидан бир киши: “Эй Аллоҳ, уни даргоҳингдан (раҳматингдан) йироқ қил, жуда кўп келтирилди”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уни лаънатлама, чунки мен уни Аллоҳ ва Унинг Расулини севишини биламан”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда ичкилик туфайли жами ўн кишини лаънатлаган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) худди шу ишни қилган муайян бир кишини лаънатлашдан қайтариб турибдилар.

Ёки Қуръонни “махлуқ” дейиш куфр эканига Аҳли сунна вал жамоа иттифоқ қилган. Айнан шу масалада оғир синовларга учраган мазҳаббоши имом Аҳмад ибн Ҳанбал бирор кимсани ушбу сўз туфайли кофир ё муртад бўлди, хотини талоқ, қони ҳалол бўлди, демади. У аксинча одамларни шу залолатга бошлаган ҳукмдор (халифа) ҳаққига истиғфор ва дуолар қилди. Агар уни кофир ҳисоблаганларида оят ва ҳадисга мувофиқ уни дуо қилишлари мумкин бўлмас эди. Имом Аҳмад ва у каби алломаларни Аллоҳ берган чуқур илм, ўткир идрок ва фақиҳлик бундай ишлардан сақлаган эди.

Мусулмон кишини бирор гуноҳи ёки билмасдан қилган хатолари учун кофирга чиқариш ёки кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган ўлкаларни “куфр диёри” деб аташ динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Буюк мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифанинг (раҳматуллоҳи алайҳ) ақидага оид “Фиқҳул акбар” китобида баён этилган қуйидаги фикрларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз, гарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам. Башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини ҳам олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз. Уни фосиқ мўмин деб аташ мумкин, фақат кофир деб эмас”.

Мазҳабимизда мўътабар саналган “Дуррул мухтор” ва унинг шарҳи “Раддул муҳтор”да бундай ёзилган: “Ислом диёри фақат мана бу учта шарт тўпланганидан кейингина куфр диёрига айланади: 1) Аҳли ширк ҳукмлари юртилиши билан (шу жойнинг ҳошиясида: “Мушрикларнинг ҳукми ошкор юритилиб, мусулмонларнинг ҳеч бир ҳукми юритилмаганидан кейин куфр мамлакати бўлади”. Демак, мусулмонларнинг ҳукми ҳам, кофирларнинг ҳукми ҳам юритилган диёр куфр юрти саналмайди; 2) Ислом диёри куфр мамлакатларига қўшилиб, бирлашиб қолса; 3) мамлакатда бирор тинч ва хавфсиз мусулмон қолмаса”.

Ушбу уч шартнинг ҳаммаси бир мамлакатда топилса, у жой куфр мамлакатига айланади. Агар биттаси ёки иккитаси топилиб, бошқаси топилмаса, Ислом юрти бўлиб қолаверади. Ислом ҳукмлари деганда фақат сиёсий ҳукмлар эмас, жума ва ҳайит намозларини барпо қилиш, муфтий ва қози сайлаб, унга эргашишни буюриш, ҳаж сафарига шароит яратиб бериш каби ҳукмлар ҳам тушунилади. Чунончи, юқоридаги китобда ёзилганидай, “Дорул ҳарб (куфр юрти) мусулмонларнинг жума ва ҳайитларига ўхшаган ҳукмлари юритилиши билан Ислом юртига айланади, гарчи у ерда кофирлар бўлса ҳам ва Ислом мамлакатига қўшни бўлмаса ҳам”.

Замонамизнинг машҳур алломаси доктор Юсуф Қаразовий бир мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга қуйидаги жавобни берган: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши керак”.

Бу далилларга инсоф билан ёндошадиган бўлсак, мамлакатимиз Ислом диёри эканига, мусулмонларимизнинг бари мусулмон раҳбарлар қўл остида эканига асло шак-шубҳа қолмайди. Мамлакатимизда диннинг аксарият ҳукмларига амал қилинмоқда, юрт раҳбарлари ўзларининг мўмин эканларини баралла айтиш билан бирга, ўзгаларни Исломда собит туришга, бошқа динларга қўшилиб кетмасликка тарғиб қилиб туришибди. Демак, бу юртни жоҳилият даврига ўхшатиб куфр диёри дея аташга, халқини куфрда айблашга ҳеч қандай асос йўқлиги очиқ аён бўлиб турибди.

Кўриниб турибдики, инсон илмни қанчалик чуқур эгалласа, дин таълимотларини теран англайдиган бўлса, бир масалага киришишда, воқеликка баҳо беришда ва хулоса чиқаришда шунчалик эҳтиёткор, эътиборли бўлади. Аксинча, илми қанчалик саёз ва юзаки бўлса, ўрганган нарсаларини тўғри ва теран фаҳмламаса, бу каби хатарли масалаларда фатво беришга, хулоса чиқаришга журъатли бўлиши, ҳақ йўлдан адашиши, залолатга юз буриши шунчалик осонлашиб қолар экан. Аллоҳ таоло бундай жоҳилларга қарата: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Наҳл, 43), деб таълим беради.

Шу ўринда мана шундай хатоларга йўл қўймасликнинг муҳим шартларидан бўлмиш диний илм, хусусан ақида илмини ўрганишда устозни тўғри танлаш зарурати ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз. Бу борада энг яхши устоз умрини шу билимларга бағишлаган, ақида ва фиқҳ илмларини чуқур эгаллаган, Ислом таълимотлари ҳақида теран фикрловчи шайх ва уламолардир. Ўтмиш уламоларимизнинг айтишларича, “Олдинлари илм кишиларнинг зеҳнида бўлган, кейинчалик у китобларга кўчди, лекин калитлари ўзларида қолди”. Яъни, инсон ўзи ўқиб-ўрганиши билангина илмни тўла эгаллай олмайди, у ҳамиша бир оқил устозга муҳтождир. Имом Шотибий “Мувофақот” китобида илмни устозлардан олиш баракоти ҳақида бундай ёзади: “Қанчадан-қанча масалалар борки, илм толиблари уларни китобдан ўқиб-ёд олади ва доимо такрорлаб юрадию аммо маъносига тушунмайди. Агар ўша масалаларни олим киши баён этиб-шарҳлаб берса, дарров тушунишади. Бу тушуниш талабанинг ақли етмаган жойни шайх изоҳлаб бериши орқали ёки шунчаки устоз олдида турган талабага Аллоҳнинг марҳамати сабабидан ҳосил бўлиши мумкин”. Бунга мисол қилиб саҳобаларнинг Қуръонни тушунишдаги ҳолатларини келтириш мумкин. Баъзи оятлар нозил бўлганида ўзича тушундим деб ҳисоблаган саҳобийлар кейинчалик Расулуллоҳдан (с.а.в.) мазкур оятда ирода қилинган маъно бошқача эканини билиб олганлари маълум ва машҳурдир.

Булардан шу нарса аён бўладики, динимизнинг асл таълимотларидан анча чекинилган бугунги кунда айрим ёшларимиз дин ва ақида хусусида бир-икки рисолача билан танишиб олиб ёки интернет тизимидаги баъзи сайтлар келтирган маълумотларга таяниб, у ёки бу масалада ўзларини олим санашга, ҳатто фатво беришга ҳам журъат қилишяпти. Бу билан азалдан бир мазҳаб ва соф ақидада тинч яшаб келаётган юртимиз мусулмонлари, хусусан тенгдошлари онгини заҳарлашга уринишяпти. Уларнинг асл мақсадлари яхшилик қилиш ёки дин ҳақида жон куйдириш эмас, балки четдаги ҳомийлари ишончини ва маблағини оқлаш йўлида қилинаётган фитна ва бузғунчиликлардир. Ҳар бир мусулмон ақида илмини яхши ўзлаштириши, ақидада собит бўлиши зарурлиги аён бўлади. Бежизга атоқли шоиримиз Сўфи Оллоҳёр бундай ёзмаганлар:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдур.

Хулоса сифатида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги бир неча ўн йиллар мобайнида Ислом уммати ўртасида фитна ва бузғунчилик уруғларини сепишга ҳаракат қилган “Ал-ҳижра ват-такфир” каби фирқаларнинг “дарға”лари ўзларининг бу фикрлари Аҳли сунна вал жамоа фикрий йўналишига асло тўғри келмаганини эътироф этиб, бу хато фикрларидан қайтганларини эълон қилишди. Уларнинг мусулмон кишини “кофир”га чиқариш, у яшаётган жамиятни “жоҳилият”га нисбат бериш ҳақиқатан Исломнинг барҳаёт таълимотларига хилоф эканини кеч бўлса-да охири тан олишлари ва буни барчага маълум қилишлари, ўйлаймизки, ушбу хато ғоя ва фикрларнинг издошларига ҳам тўлалигича тааллуқлидир. Шундай бўлгач, ҳозирги ҳолатимизни жоҳилият даврига тенглаб, унга жиҳод қилиш фарз деб “фатво” чиқараётган кимсалар бу қилмишлари билан Ислом умматига орасига фитна солишаётгани, Ислом бирдамлигига путур етказишаётганини, мусулмонлар тинчлиги ва осойишталигини бузиб, фасодга йўл қўйишаётганини бир ўйлаб кўришса, ёмон бўлмас эди.

Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Просмотров: 891 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024