Форма входа

Поиск

Календарь

«  Апрель 2016  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Четверг, 09.05.2024, 03:04
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2016 » Апрель » 4 » “ЖОНИМДАН ЎЗГА ЁРУ ВАФОДОР ТОПМАДИМ...”
15:32
“ЖОНИМДАН ЎЗГА ЁРУ ВАФОДОР ТОПМАДИМ...”

“ЖОНИМДАН ЎЗГА ЁРУ ВАФОДОР ТОПМАДИМ...”

Кўзгудаги аксимга қараб туриб, ўйга ботдим. Сочларимга оқ тушибди. Жилоси бироз хира тортибди. Юзимга ажин оралабди. Бироз қуруқшаганми-ей. Лабларим ҳам пўст ташлаб, қурибди. Хижолат чекдим аксимдан. Йўқ, ташқи кўринишимдан кўнглим тўлмагани ёки ёшим ўтиб аввалги чиройим, кўркимнинг оҳори тўкилаётгани учун эмас, аксинча, шу кунга қадар Яратган менга инъом этган ҳуснни қадрламаганим, бор бўй-бастим билан менинг суратимда яралган мўъжизанинг шукурини қилмаганим учун  ўзимдан уялдим. Уят ўлимдан қаттиқ деганларича бор экан, кўзгу қаршисидаману кўзларимдан ёш чиқиб кетди.
Дунёда бизга манфаат истамай, таъма кутмай хизмат қиладиган ҳеч нарса йўқ. Ёки сиз инкор этасизми? Келинг, оддийгина уйимизни олайлик, вақт-вақти билан уни тозалаб, супуриб-сидирмасак, икки-уч йилда бир таъмирламасак файзсиз, кўримсиз ҳолатга тушиб қолади. Рўзғор анжомларимиз ҳам шу. Автомашинамизни-ку айтмаса ҳам бўлади. Баъзан, автомашинадай иззатталаб, эътиборталаб буюмнинг ўзи бўлмаса керак, дея ўйлаб қоламан. Папалаб, силаб сийпалаб, ўзимизни “сен”, машинамизни “Сиз” дея бошқармасак салга “қовоғи тушиб”, “эркаланади”.
Эҳтиёжларимиз учун зарур бўлган бошқа жиҳозларимиз ҳам шундай. Вақти келиб эскиради, эскирса кўнгилдагидек хизмат қилмайди. Харажат, эътибор ва вақт талаб қилади. Таъна аъзоларимиз эса беминнат хизматчиларимиз. Таъма қилмайди, талаб қилмайди, “Ҳой, чарчадим-ку, инсофинг борми, мени ҳам аягин!” деб жар солмайди. Шоирнинг “Жонимдан ўзга ёру вафодор топмадим” деган сатрлари қуйилди хаёлимга шу он. Ҳақиқатдан ҳам жисму жонимиз, вужудимиз бебаҳо дўстимиз экан. Ажабо, нега бу ҳақида аввалроқ ўйламадим экан?..
Чекиндим кўзгу қаршисидан. Дераза олдига бордим. Баҳор нафаси уфуриб турган бобоқуёш нурлари кўнглимни ёритиб юборди. Яна мулоҳазага ботдим. Фикр қилдим. Кўнгил, ҳис қилиш, қувониш, ранжиш, севиш, нафратланиш, ҳурмат қилиш... Аллоҳ бу туйғуларни фарқ этиш қобилиятини инъом этган бизга. Қачон шукурини қилдик, азизларим? Мудом кўзларимиз ҳаракатда. Қўлларимиз толмайди. Оёқларимизга-ку баъзан раҳм қилмаймиз. Тағин оқлов ўрнидаги изоҳимиз ҳам тайёр: “Аёлнинг жони қирқта!” Илоҳим, шундай бўлсин. Илоҳим, ҳеч қачон ҳолдан тойиб йиқилмайлик, Аллоҳ ҳеч кимни бировга қаратиб қўймасин. Бироқ бу неъматларни бахт санамайдиган, қадрига етмайдиганлар озмунчами? Бошқаларни қўя турай, шу пайтга қадар ўзим ҳам жисму жоним омонлигига, тўрт мучам хизматимга шай эканига шукур қилмаган эканман...
  Деразам оша олис-олисларда ястаниб ётган, қор билан қопланган “оқсоқол” тоғларга қарайман. Уззукун комьпютерга тикилсам, телефоним экранига термулсам, баъзан “Нега қичишяпти-я” деб оғриниб ювилмаган бармоқларим билан ишқаласам-да, олисдаги гўзалликларни менга яна-да сўлим кўрсатаётган кўзларимдан миннатдор бўлдим.     
Иш столимга ўтирдим. Аллоҳ инъом этган яна бир бебаҳо неъматдан баҳраманд эканман — Ўзи кўнглимга илҳом қилганни рақам қилиш ва бу юздан минглаб кўнгилларга ошуфта бўлиш имкони берилган менга. Қачон шукурини қилдим буларни?!..
Инсонни гўзал қиёфада яратиб, унга ақл, онг, идрок, туйғу ва яна бир қанча имкониятларни бериб “Ол, бандам, фақат хайрли ишларга, яхшиликларга сарфла!” деган Яратганга беадад шукурлар бўлсин!
Шукур бўлсинки, аввало икки кўз бериб, уларни нурга, меҳр-муҳаббатга тўла қилгани учун! Шукур бўлсинки, юлдуздек чақноқ кўзларим билан ота-онам, жигарларимни,табиат гўзалликларини ҳар куни кўраман!
 Шукур бўлсинки, ҳусним мукаммал яратилган! Олуча лабларим, нур ёғилиб турган чеҳрам, бир ҳуснимга минг латофат қўшаётган, ёзда офтоб жазирамасидан, қишда қаҳратон аёзидан ҳимоя қилувчи сочларимнинг борига шукур. 
Фарзандимнинг муаттар ҳидини туйиш бахтини берган бурнимга ташаккур!
Ота-онам, устозларимнинг ўгитини тинглаб, улардан бахтли ҳаётим учун ибрат олишимга ёрдам берган қулоғимнинг борига шукур!
Ота-онам, жигарларим, фарзандимнинг мунис юзидан ўпиб, муҳаббатимни билдириш имконини бергани учун лабларимга раҳматлар ёғилсин!
Мени фақат хайрли йўлларга, ота-онам, яқинларим томонга беминнат элтадиган, елиб-югуриб хизмат қилишим, дуолар олиб шод бўлишим учун асосий ёрдамчим- оёларимнинг соғлигига шукурлар бўлсин!
Фарзандимни қучиб эркалашим, онамнинг оппоқ сочларини силашим, жуфти ҳалолимга ширин таомлар тайёрлашим ва кўнглимда уйғонган ҳисларни қоғозга муҳрлашим учун менга беминнат ёрдам бераётган қўлларимнинг омонлигига шукурлар бўлсин!

 

Ва яна бу ҳақиқатларни менга вақтида  англатгани учун шукурлар бўлсин!..

Умида

Просмотров: 933 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024