Форма входа

Поиск

Календарь

«  Октябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 01:28
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Октябрь » 29 » АЙРИЛИҚ
17:55
АЙРИЛИҚ
1. Айрилиқ они яқиндур, кема йўл бонгин чалур, Ваҳ мани ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур. Жон бориб жоно била соҳилда бир жисмим қолур, Ҳар қачонким кемага ул ой сафар раҳтин солур, Мавжлиғ дарё каби ошуфта қалбим қўзғолур, Ваҳ, мани ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур. Аёлим кўзда ёш билан кириб келди. Юрагим ёмон бир хабарни сезди. Юрагим менга тегишли ёмон хабарлигини-да сезди. Тиззамдан дармон кетди. Аёлим айтиш билан айтмаслик орасида иккиланган икки дақиқа икки аср юкини юклади елкамга. – Айтмаганим билан бировдан эшитасиз. Биламан, доду фарёд урмайсиз, аммо ичингиздан куясиз. Илтимос, дадаси, сиз бизга кераксиз. Ҳалиги… Гулюз… бўлмапти… Бўлмапти… Бўлмапти… Бўлмапти… Хаёлим мени олис қишлоғимга, унданам олис ўспиринлигимга, унинг осмонида чарақлаган юлдуз тўла оқшомларига олиб кетди. Беғубор, покиза бир муҳаббат сари олиб кетди... * * * – Гулюз, чиқ, Ражаббой кепти. Аммо дарров қайтинглар, даданг билиб қолса, балога қоламиз. Биз «балога қолмаслик» учун қуёш чиқмасдан қайтамиз. Тонггача гаплашамиз. Булбуллар биз келганимизни билгандек, нақд тонг отгунча тинмай сайрайдилар. Ким билсин, улар ҳам бир-бирларига роз айтишар балки? У тунлар нимагадир ёруғ, чароғон бўлиб хотирамда қолган. Ростдан, узоқдан келаётган одамнинг кимлигини танирдик. Ўзимизни дарахтлар панасига олардик. Баъзан иккаламизнинг ҳам устозимиз бўлган Алфия опаникида учрашардик. Кейин мен Гулюзни қўшни қишлоққа, унинг уйигача кузатиб қўярдим. Ғаюрлар менинг номимдан сохта мактуб битиб, орамизни буздилар. Мени хуш кўрмаган Гулюзнинг дадасига Гулюзнинг мендан аразлаб юриши қўл келди ва темирни қизиғида босиб, биз нима бўлганини тушуниб етмасдан, бир ҳафтанинг ичида Гулюзни узатиб юборди. Мен ҳам «Сенсиз яшай олмайман», деб ойдай яшаб кетган Гулюзга аччиқ қилиб, онам айтган қизга уйландим-қўйдим. Болали, чақали бўлдим. Гулюз-да ўғил-қизли бўлди. Унинг дугонасига уйланган дўстимнинг ўғил тўйида учрашдик. Гиналар айтилди. Сирлар очилди. Нима қилиб қўйганимизни англадик. Аммо энди кеч, жуда кеч эди. Энди унинг ўз оиласи, менинг ўз оилам бор эди. Оиламиз олдидаги, фарзандларимиз олдидаги бурчимиз бир-биримиздан узоқ бўлишимизни тақозо этарди. Энди мен унга, у менга бир умрлик армонга айланган эдик. – – Ҳали-ҳали тушларимда сизни кўраман! – Мен ҳам сени кўп ўйлайман! * * * Гулюзнинг бедаво дардга чалинганини эшитдим. Эҳ, номард эркак, бир бориб кўришга, аҳволини сўрашга ярамадим. Боришнинг йўлини тополмадим. Уни кўргани бориб, уни маломатга қолдираман, деб ўйладим. Ўзимни ўзим енгиб, боришга қарор қилганимда Гулюз мени келмасин дебди… Гулюз мард экан. «Мени бу кўйда, озиб-тўзиб кетган ҳолимда кўрмасин, шу ҳолимда унинг хотирасида қолишни истамайман. Унинг хотирасида ёш, соғлом бўлган ҳолимда, гўзал бўлган ҳолимда қолайин», дебди. Аммо жони узиладиган куни ҳам дугонаси Манзурадан мени сўрабди. Сандиғидан бир тахлам газеталарни олиб, Манзурага берибди. Булар мен турли йилларда битган шеърларим босилган газеталар экан. Тепасида «Сен ўша… бировсан» деган менинг Гулюзга атаб ёзган манзумам қўйилган экан. * * * – Эртага чиқаришар экан, – хаёлимни бўлди аёлим. Эртагача бир аср бор. Бир аср ўзим билан ўзим олишдим. «Нима деб бораман? Кимиман деб бораман? Тиригида ҳол сўрамаган номарднинг ўлигида боришга ҳаққи бормикан? Йўқ, бунга менинг ҳаққим йўқ». Бормасликнинг-да, иложи йўқ! «Айрилиқ они яқиндур». Жаноза намози ўқилди. Одамлар денгизи узра бир кема «йўл бонгин чалди». Одамлар дарёси янглиғ «ошуфта қалбим қўзғолди». Мени фироққа ташлаб «Ёр йироққа йўл олди». 2. Мен неча айтдим: «Кўнгул, жондан кечиб ёр севма», деб, «Сўнг йироққа кетса ташлаб, урма оҳ, дод дема», деб. Кетди ёр, бас, энди ким айтди: «Ёшингни тийма», деб, Йиғлама эй кўз «Надин соҳилга чиқмас кема», деб, Ким ёшинг дарёсидур, ҳар сориким эл кўз солур, Ваҳ, мани ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур. Менку «жондин кечиб ёр севмадим». Аммо у ташлаб йироққа кетган чоғ оҳ урмаслик, дод демаслик қўлимдан келмади. Кўз ёшим дарёсига ҳар тарафдан «кўз солур эл», томошабин кўп бўлди. Устимдан кулар кўп бўлди. Ҳар не бўлса-да, мени фироққа ташлаб, «Ёр йироққа йўл олди». Манзура қўлимга бир мактуб тутқазди. «Алвидо». Гулюзнинг ёзуви. Шоша-пиша мактубни очиб, сатрларга кўз югуртираман. «Салом Ражаб ака! Мен бир куни иккаламиз учрашамиз, қадимгидай тўйиб-тўйиб суҳбатлашамиз, деган ишонч билан яшадим. Тўғри, ўша ёшлигимиздагидек, жийда ҳидига ва булбулларнинг хонишига маст бўлиб, тонг отгунча анҳор ёқалаб сайр қилишимизга кўзим етмасди, аммо ё сиз келиб, ё мен бориб, икки соатгина бўлса-да, суҳбатлашишимизга умид қилардим. Ўшанда мен сизга бор ҳасратларимни тўкиб солардим. Сизнинг, фақатгина сизнинг ўйларингиз билан яшаганимни айтардим. Сизнинг эса бундай дейишингизнинг ҳожати ҳам йўқ. Сабаби, сиз ҳам мени унутмаганингизни, мени кўп ўйлаганингизни биламан. Буни ёзганларингиздан билиб олганман. Уларнинг барчаси менга аталган. Ҳаммасини йиғиб қўйганман. Биринчи чиққан шеърингиздан то охиргисигача. «Кеча кўчангдан ўтдим…»гача. Ражаб ака! Афсус, тақдиримиз қўшилмаган экан. Билмадим, айб кимдан ўтди? Аммо энди айбдорни қидирадиган пайтмас. Умрим, куним эмас, нафасларим саноқли қолган. Сиз билан бир суҳбатлашишга интиқ бўлдим. Сиз келишга изн сўрабсиз. Шунинг ўзигаёқ суюндим. Аммо изн бермадим. Кутганимда келмадингиз, келишни ихтиёр қилганингизда мени кўришингизни хоҳламадим. Забун ҳолимни кўрманг дедим. Афсус, бир тўйиб суҳбатлашиш қиёматга қолди. Мен сиздан розиман. Борингизга шукур. Ўзингиз ҳақингизда ўйлатганингизга шукур. Сиз ҳам рози бўлинг! Мени кечиринг, энди ёзадиганларингизни маҳзун қилиб кетаётганим учун. Умрида Сиздан бошқани севмаган Гулюзингиз». 3. Эй фалак, бас, йиғлама, йўқ фойда, ул ой кемада, Ўртада дарё-ю, мен бу жойда, ул ой кемада, Келмас энди ойда не, минг ойда, ул ой кемада, Сабр кангулда, кангул ул ойда, ул ой кемада, Ваҳки, бориб термулиб кўз, мунграйиб жоним қолур, Ваҳ, мани ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур. Табиатнинг кўп ҳодисаларини инсон боласи тушунишга, шарҳлашга ожиз. Қуёш чарақлаган бир кун эди. Қайдан келди бир тўп булут, ҳеч ким англаёлмай қолди. Бирпасда ҳаммаёқ ҳўл бўлди. Гулюз тушган «кема»ни олиб бораётганларнинг уст-боши шалаббо бўлди. Осмон ҳам йиғлади Гулюзни деб. Ёки менинг ёш юваётган юзларимни бошқалар билан бир хил бўлсин, деди. Табиатнинг-да ичи ачиди охират сафарига чиққан Гулюзга. «Эй фалак, бас, йиғлама, йўқ фойда, ул ой кемада». Гулюз кемада чайқалиб кетарди. Гулюз билан қўшилиб, менинг жоним кетиб борарди. Менинг руҳим кетиб борарди, унга қўшилиб. «Мен сабрлилар билан биргаман», дейди Аллоҳ. «Мусибат етганда сабр қилган чин умматимдир», дебдилар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам. Аммо Ҳазрат айтаётганларидек, «Сабр кангулда, кангул ул ойда, ул ой кемада» бўлса қандоқ қилай?! Гарчи, мен ундан олисда, одамлар наздида ўз ташвишим билан, оилам, рўзғорим ташвишлари билан яшаётган бўлсам-да, хаёлим Гулюзнинг хаёли билан банд эди. У менинг илҳом манбаим эди. Ёзганларимдаги маҳзунлик унинг фироқидан ранг олган эди. Сатрларим орасидаги ҳар замон «милт» этиб кўриниб қолгувчи масрурликлар у билан бирга ўтган «ўшал дамлар, ўшал дамлар»нинг ширин хотираларидан шўълаланган бўларди. Асли етишган муҳаббатингдан етишмаган муҳаббатинг кўпроқ ўйлатиши, кўпроқ куйлатиши рост экан. Бўзлатиши рост экан. «Ваҳ мани ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур». 4. Эй шамол, жим тур, само, мавжудот, бир лаҳза жим, Тингла олам, тингла одам, сен агар бўлсангда ким, Булдур устод панди: «Сийми тандин ўзга сўрма сийм, Кирма савдо баҳриға оламдан истаб судким, Сийм нақди тушса лекин, умр нақди сийғолур». Ваҳ, мани ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур. Шамол тинди. Ёмғир тинди. Само, мавжудот жим бўлди. Кўз ёшлар-да тинди. Аммо энди гап тинмади, сўз тинмади. «Кап-катта одам кўчаларда йиғлаб юрганмиш». «Эси жойида бўлса, бировнинг хотинига ҳам аза тутадими?» «Шуни айтинг, ўз эриям бунчалик куйганмас». «Мозорига кимдир бир қучоқ қирмизи атиргулларни қўйиб кетганмиш». «Ўша девонадан бошқа ким қиларди бу ишни?» Мен-ку савдо баҳриға оламдин суд истаб кирмадим. Аммо дунё олди-сотдиси билан банд бўлиб қолган бу одамлар мени қайдин тушунсин? «На билғай ҳолимизни четда турган юки енгиллар?» «Кангул мулкини тарож айлаган» ишқ дардини қайдин англасин? «Сийм нақди тушса лекин, умр нақди сийғолур». Нақадар топиб айтилган ҳикмат. Гулюз «сийм нақди»га эришган, уй-жойи рисоладагидек бўлиб, ўғил-қизлари бўй етиб, жони ҳаловат топаман деганида «умри нақди сийғолди». Меҳнатлари роҳатини кўришга дард йўл бермади, ажал сабр қилмади. 5. Сун қадаҳ, бергил менга жоним ҳақин, эй, пири дайр, Ким қадаҳлар зарбидин чиқсин чақин, эй, пири дайр, Борму Эркинга ул устоддан яқин, эй, пири дайр, Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй, пири дайр, Илкига чунким Навоий бода киштисин олур, Ваҳ, мани ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур. Ғам қайиғини йўқлик уммони ғарқ этиши андоғким, вақт ҳаким, дардингга малҳам қўяди, ғамларингни эскиртиради. Вақт сени кўнмаган нарсаларингга кўндиради. Шоирни англамаган, Ҳазратни тушунмаган одам «Бунинг давоси қадаҳ экан, қадаҳлар зарбидан чақин чиққунча ичмоқ керак экан», дея мушоҳада юритади. Фозил эса майдан мурод ибодат эканини, чақин чиқарар даражада қасд қилиб, ибодат қилишни, «жони ҳақини» ибодат билан Аллоҳдан сўраши лозимлигини англайди. «Илкига чунким Навоий бода киштисин олур». Мен ҳам Гулюз учун ибодат қилишим лозимлигини англадим. Нафл намозларимнинг савобини унинг руҳи покига бағишладим. Хатмул Қуръонлар савобини бағишладим, унинг руҳи покига. Энди мен билан уни боғлайдиган биргина нарса қолди. Бу дуо. Гулюз айтганидек, «Бир тўйиб суҳбатлашиш» насиб этадиган қиёматгача давом этадиган дуо! «Ваҳ мани ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур».
КАРИМБЕРДИ ТӮРАМУРОД
Просмотров: 1158 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024