Форма входа

Поиск

Календарь

«  Октябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 05:16
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Октябрь » 29 » БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ
18:09
БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ

БИРИНЧИ   МУҲАББАТИМ

(Афғон уруши қатнашчиларига бағишлайман) Ургутга ҳофиз келармиш. Муҳаммаднинг баданида чумолилар юриб ӯтди. «Миш–мишдир? Катта–катта шаҳарлар туриб, ҳатто Самарқанд қолиб, бизнинг Ургутда ҳофиз концерт берармиди? Ҳа, миш–мишдир? Одамларам қизиқ–да. «Боласи йӯқ эмиш», дейишарди, ӯғиллари, қизлари бор экан. «Маккада онаси ӯлибди», дейишди, тӯқсонга борибди, соппа–соғ экан. Ҳофизнинг ӯзини ҳам неча бор ӯлди деб, қамалди деб гап тарқатишди, бари ёлғон чиқди. Йӯқ. Ургутга келмайди. Бари миш–миш». Эрталаб туриб Ургутга жӯнади. «Ё, қудратингдан! Рост экан! Наҳотки?! Наҳотки, ҳофизнинг ӯзини кӯрсам? Ӯз оғзидан қӯшиқларини эшитсам? Балки ӯнг келиб қолса қӯлларини сиқиб кӯришарман ҳам?!» Иккита чипта олди. «Хотиндиям опкеламан. Бир кӯриб қӯйсин артисти эркагини». Хотини роса саннади. «Иккита билетти пулига бир қоп ун бераймиш. Тавба. Бу ҳали билмайди–да бир қоп унни пулига кимни кӯришини». Ёнбошлаб олиб чой ҳӯплар экан ҳофизни қандай танигани кинодай ёдига келди. *** Ӯшандаям шом тушаётган эди. Лекин тасаввурида ботаётган қуёш ҳам қонли, осмон ҳам, теварак атроф ҳам қип–қизил қонга бӯялган эди. Унинг ӯзи ҳам қонга беланган, чап оёғининг тиззасидан пастда ярим қаричча суяк осилиб қолган, ундан шовуллаб қон оқарди. Ӯзини гоҳ билиб, гоҳ билмаётган Муҳаммад машинаси минадан портлаб, йигирма метрча нарига учиб кетганини, душманлар чапдаги бутазор ичидан ӯқ ёғдирганларини, ҳамроҳлари БТРга чопиб ӯтишганини, кимдир «Муҳаммад қолди, уни олиш керак», деганда лейтенантнинг русчалаб сӯкингани ва «Уни деб ҳаммамиз қирилиб кетамиз, кетдик» деганини, БТР узоқлаб кетганини зӯрға эслади. Кӯйлагини йиртиб ярадор оёғини тиззасининг юқорисидан сиқиб боғлади–ю, яна ҳушини йӯқотди. Ҳушига келганда тун чӯккан, атроф сокин, осмонда юлдузлар пайдо бӯла бошлаган эди. Қаердандир қӯшиқ эшитиларди. «Биринчи муҳаббатим». Ҳофиз авж пардаларда нола қиларди: Йӯлин йӯқотса одам муҳаббатга суянгай, Чорасиз қотса одам муҳаббатга суянгай, Fуссага ботса одам муҳаббатга суянгай, Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим, Фақат эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим. «Фаррухларнинг уйидан келаётган бӯлса керак. Дадаси Ҳофизни яхши кӯради. Доим баланд қилиб қӯйиб қӯяди магнитофонларини». Муҳаммад Фаррухларнинг уйидан минглаб чақирим олисда эканини билмай, бегона юрт, бегона ерларда эканини англамай, қӯшиқ эшитилаётган томонга қараб тинмай судралаверди. Қӯшиққа етиш эса қийин эди. Машаққат эди. Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим, Сирли тушлар кӯрибман , бор дунёни унутдим. Судрала–судрала қӯшиққа етганда уни тинглаб ӯтирганлар «Фаррухжон» деб чақириб, ҳушидан кетган Муҳаммадни кӯриб шошиб қолишди. Нуқул «Шӯравий, шӯравий», деб чуғурлашарди. Муҳамамад ҳушига келганда уни ӯттиз–қирққа яқин болалару қариялар, юзини беркитган аёллар томоша қилишарди. Бу афғонларнинг ӯзбеклар яшайдиган Сарбозор деган қишлоғи, ҳовли эса қишлоқ оқсоқоли Абдулрауф исмли олтмишга борган бир кишининг ҳовлиси эди. Саҳарга яқин Муҳаммадни кӯргани уч киши келди. Муҳаммад уларни кийимлариданоқ дарров кимлигини билди. Отишмаларда кӯп кӯрган уларни. «Душманлар». Уларнинг каттаси бӯлса керак, салла ӯраган серсоқол киши қолганлари билан анчагина мунозара қилгач, Муҳаммадни яна бир бор бошдан оёқ кузатиб чиқди ва деди: — Мажруҳ будааст. Ки мебардорад? — Даркор нест. Даф шавад, — ижирғанди ёшроғи. Каттаси ӯгирилиб, қирқ ёшлардаги шеригининг қулоғига нимадир деди–ю, чиқиб кета бошлади. Буниси юзига фотиҳа тортди ва белидаги қӯш тиғли пичоғини суғуриб, Муҳаммаднинг тепасига келди. «Қӯйдай сӯйилиб кетар эканман–да. Эй, Худо, ӯзинг сақла». Муҳаммад дир–дир титрай бошлади: — Ло илоҳа иллоллоҳ! — Ту аз кужо, эй шӯравий? — сӯради жаллод. — Аз Самарқанд. — Номат чист? — Муҳаммад. Унинг исмини эшитган, дарвозага яқинлашиб қолган душманларнинг каттаси «Биист!» деб бақирди. Жаллоднинг қӯли ҳавода тӯхтади. Катта шерикларига нималардир деди. Муҳаммаднинг бошига келиб, унинг исмини қӯшиб баланд–баланд гапирди–ю, оқсоқолни чақириб, унга топшириқлар берди ва ҳаммалари чиқиб кетишди. — Отинг Муҳаммад бӯганга Аллога шукри қил! — деди Абдулрауф оқсоқол, — Боз шукри қилки, бу келган Ҳожихон эшон, Муҳаммад алайҳиссаломнинг авлоди, қорий. Сан бачага исмингни ҳурматидан раҳме қилде. — Худога шукр, — ингради Муҳаммад. — Боз айтдике, табиб юборадилар, у сани оёғингни даволайди. — Кейин–чи? — сӯради Муҳаммад. — Сани бизди бачаларга алмаш қиладилар. Табиб деганлари тушда келди. У Муҳаммаднинг оёғини тиззасидан кесиб ташлади ва маҳкам боғлаб қӯйди. Табиб бир ойдан зиёд Муҳаммаддан хабар олиб турди. У ӯз ишини пухта қилар, асбоб–ускуналари ҳам жуда замонавий, бари чет элники эди. Муҳаммад бир марталик шприцларни ҳам илк бор шу ерда кӯрди. Табиб ҳеч ҳам гапирмас эди. Охирги келишида Муҳаммадга қӯлтиқтаёқлар олиб келди. Уни юришга имо қилди. Беш–олти қадам қӯйган Муҳаммаднинг елкасига қоқиб ёт тилда бир нималар деди–ю, «О’кей» деб чиқиб кетди. *** Орадан олти ой ӯтди. Муҳаммад қишлоқнинг пасту–баландини ҳам ӯрганиб олди. Кундузлари уни ташқарига чиқаришмаса–да, шомдан кейин Абдулрауф аканинг ӯн ёшли ӯғли Абдулқодир билан қишлоқни айланиб келишга рухсат беришарди. Абдулрауф ака Муҳаммадга намоз ӯқишни ҳам тӯлиқ ӯргатган, ҳатто, жума кунлари ӯзи билан бирга масжидга ҳам олиб чиқарди. Аммо қишлоққа совет солдатлари келган вақтларда уни жуда эҳтиёт қилиб беркитишарди. Кӯпинча ӯрис зобитлар келиб қуроллар, ӯқ–дорилар, озиқ–овқатларни Абдулрауфга сотиб кетишар, қурол–аслаҳалар дарҳол тоққа жӯнатилар, ӯрнига наша, Америка пуллари олиб келинарди. Оқсоқол совет зобитлари учун ҳам, уларнинг тарафдорлари бӯлган «Афғон коммунистлари» деб аталмиш Афғон армияси командирлари учун ҳам, уларнинг душманлари бӯлмиш жангарилар, уларнинг бошлиқлари — «дала командирлари» учун ҳам ҳурматли киши эди. Бир қозондан овқат ейдиган Абдулрауфнинг ӯттиздан ортиқ яқинлари эса қашшоқ мамлакатда хорлик билмай умргузаронлик қилишарди. Оиланинг тӯнғич ӯғиллари муайян кечалари йиғилишарди. Қизиғи шундаки, уларнинг орасида ҳар учала тарафда туриб жанг олиб бораётганлари ҳам бор эди. Абдулрауф ака бирортасига мутлоқ тарафкаш эмасди. «Бари бир гӯр, бари давлатталаш, амалталаш. Манга ким бӯлса бӯлсин, тинчлик бӯлсин. Мардум дон эксин, ишласин, савдо қилсин. Бу не кӯргуликки, бир бачам сизларга ишлайди, бири Дӯстумга, бири тоққа («жангари» демоқчи), боз битта кичиги Покистон ӯтиб кетди. Ҳамма сарсон», дерди оқсоқол. Абдулрауф ака қизиқ табиатли киши эди. Бир тарафдан ӯта диндор, қаттиққӯл, шариат қоидаларига қатъий амал қилишларини талаб қиладиган киши бӯлса, бир тарафдан Ватанни, миллатини жуда севувчи киши эди. Унинг шеъриятга, санъатга ошуфталиги замоннинг шунча тало¬тӯпларида йӯқолмаган, Ҳазрат Навоийнинг, Мирзо Бобурнинг, Шоҳ Машрабнинг кӯплаб ғазалларини ёд билар, чиройли қироат билан ӯқир, ӯзи ҳам ғазаллар ёзар, ӯзбекча–ю, форсча аралаштириб, ӯзига хос хаста овозда ӯқир эди. Магнитофон эса кечасию–кундузи деярли тинмай ишлар, Абдулрауф ака нуқул Ҳофизни тинглар эди. Муҳаммад ҳарбий хизматгача Ҳофизнинг уч–тӯрт ашуласини эшитган, лекин у ҳам кӯплаб тенгдошлари қатори энди чиққан ёшларни кӯпроқ эшитар эди. Ӯтган ярим йил давомида у Ҳофизнинг мингдан ортиқ ашуласини такрор–такрор эшитди. Шунча қӯшиғи борлигиниям шунда билди. Кӯплари ёд бӯлиб кетди Муҳаммадга. Абдулрауф ака бомдод намозидан кейин Ҳофизнинг мумтоз ашулаларини қӯяр, қишлоқ аҳли «Қаро кӯзум», «Муножот», «Куйгай», «Ӯландан сӯр» каби ашулалари билан уйғонар эди. Абдулрауф акада Ҳофизнинг элликдан ортиқ аудиокассеталари бӯлиб, уларда ҳофизнинг илк айтган қӯшиқларидан тортиб энг янги ашулаларигача бор эди. — Буларни қандай йиққансиз, Мулла тоға? — сӯрайди Муҳаммад. (У Абдулрауф акани шундай атарди.) — Э, Расулжон, бачам (у Муҳаммадни исми билан чақирмас, «Исмингиз улуғ исм, алоҳида айтиб бӯлмайди» дерди), бу бир ҳавас. Ишқимиз шу Ҳофизга тушган. Кассетларини Ватандан оламан. (Унинг боболари фарғоналик бӯлиб, ҳали–ҳануз Ӯзбекистонни Ватан деб атарди.) Урушдан олдин Ватанга борганларга айтиб олдирардим. Ҳозир сизди зобитларга айтаман, топиб келишади. Электр бӯганга кӯрсатайдим. Кӯп–кӯп видеокассетлариям бор манга. Бундақа Ҳофиз дунёга бошқа келмайди. Бизга бири бор эди, умри қисқа бӯлди. Аҳмади Зоҳир эди. Ҳофиздан уни бӯйи келаде. Қулоқ солинг! Магнитафондан Ҳофизнинг дардга тӯла овози янгради: Ҳижрон ҳоким бу дунё асли бир кам яралган, Наҳот бир муҳаббатга минг бир ҳакам яралган. Бахт ярим, қайғу ярим, айт, не бекам яралган, Наҳотки эзгуликнинг кӯзлари нам яралган? Қишлоқда турганига саккиз ой бӯлди. Ҳалигача ӯша саккиз ойни Муҳаммад асирликда ё тутқунликда деб тилга олмас, қишлоқда ё одддийгина қилиб, Сарбозорда деб қӯя қоларди. У ерда ӯтказган умригаям унчалик ачинмасди. Ҳатто, баъзан миннатдор бӯлиб эсларди. «Шукрки, ӯн саккиз йилда танимаган Холиқимни шу саккиз ойда таниганман. Ҳидоят йӯлига кириб, ӯшандан бери ибодатдаман. Ӯша қишлоқда санъатни тушундим. Ҳофизни таниб, қӯшиқларига ошно бӯлдим. Абулрауф акадек яхшиларга йӯлиқдим. Сарбозорда иккинчи марта туғилганман!» Муҳаммад қишлоққа анча эл бӯлиб қолганди. Уни деярли назорат қилишмас, Муҳаммаднинг ҳам бирор ёққа қараб қочишга рағбати йӯқ эди. «Қӯлтиқтаёқларим билан қаергача борардим?» Қишлоқ аҳли ҳам унга ҳамдардлик билан қарар, кӯрганларида илиқ саломлашишар, ҳазил–ҳузул ҳам қилишарди. Абдулрауф аканинг ва оила аъзоларининг самимий муносабатлари важидан қишлоқдагилар ҳам Муҳаммадга Абдулрауф ака хонадонининг аъзоси сифатида муомала қилишарди. Абдулрауф ака эса ӯн беш ёшли жияни гӯзал Ойшани Муҳаммадга никоҳлаб бериш пайида эди. «Бир–бирларингизга муносибсизлар. Пайғамбаримизнинг жуфти–ҳалоллари Ойша онамиз эдилар, сизникиям Ойша бӯлсин. Ватанга борсангиз унда худосизлар сизни ё отади ё қамайди. Уруш тугасин, кейин ота–оналарингиз билан ҳам топишиб кетарсизлар», деб Муҳаммадни кӯндирмоқчи бӯлар, Муҳаммад эса Ватанга қайтиб боришдан умидини узмас, турли баҳоналарни рӯкач қилиб, уйланишга унамас эди. — Ота–онам ризолигисиз уйланмайман! Муҳаммаднинг охирги баҳонаси шу бӯлди. Буни эшитган Абдулрауф ака кӯзларига ёш олди. Оғир тин олиб деди: — Э, Расулжон бачам, ота–она сизга аза очган, жаноза ӯқиб, ису–чироқ қилган. Улар тақдирга тан беришган. Сизни кутишмайдиям. — Бӯлмаган гап! — бақириб юборди Муҳаммад. — Мулла тоға, мени кӯндираман деб ёлғон тӯқиманг! — Икки ойдан бери айтишга манга забон йӯқ, бачам. Эрта кеч Абдулъазиз келади, гаплашасиз, — ӯрнидан турди Абдулрауф ака. Қобулда Совет қӯшинлари қӯмондонлигида таржимон бӯлиб ишлайдиган Абдулъазиз отасининг илтимоси билан Муҳаммаднинг тақдири билан қизиққан, қӯмондонлик Муҳаммаднинг ота–онасига таъзия изҳор қилиб, ӯғиллари жангда қаҳрамонларча ҳалок бӯлганини, уни ӯлимидан сӯнг орденга тавсия қилишганини ёзишганини аниқлаган, шу хатдан тасдиқланган нусха ҳам олиб қӯйган эди. Солдатлар ичидан Муҳаммаднинг қишлоқдошларини излаган, яқинда Қундузга буларнинг қишлоғидан бир йигит хизматга келганини билгач, бориб у йигитни топиб Муҳаммадни сӯраган, у эса «Муҳаммад ака Афғонда ҳалок бӯлган, қишлоғимиздаги марказий кӯча у кишининг номи билан аталади», дебди. Уйидагилар ҳақида сӯраган экан «Отаси, укалари соғ–саломат, аммо, онаси Муҳаммад аканинг қирқини берган куни ӯлди», дебди. Бу гапларни эшитган Муҳаммад Абдулъазиз олиб келган хатни ӯқиб кӯрди. Қундуздаги қишлоқдошининг исми–шарифини сӯради. «Раҳимов Хурсандмурод». «Ҳа, рост экан. Эшпӯлат аканинг ӯғли, биздан бир синф пастда ӯқирди». Ҳаммасига ишонди. У узоқ йиғлади. Урушни, уни шу урушга юборганларни сӯкди. Онасининг ӯлимига сабабчи бӯлгани учун ӯзини лаънатлади. Абдулрауф ака узундан–узоқ Қуръон тиловат қилди. Савобини Муҳаммаднинг онасининг руҳига бағишлади. Чиқиб кетар чоғи Муҳаммаднинг елкасидан қучиб деди: — Бачам, бардам бӯлинг! Ӯйлаб бир қарорга келарсиз. Улар чиқиб кетишди. Муҳаммад ӯз дарду–изтироблари билан ёлғиз қолди. Бир пайт ташқаридан қӯшиқ эшитилди: Мени кутгил ва мен қайтарман, Фақат кутгил жуда интизор... Майли укам, синглим, волидам Аза очсин мен йӯқ туфайли. Кутавериб сабри тугаган Ёру–дӯстлар, ошналар майли. Мени кутгил ва мен қайтарман Ӯлимларни қолдириб доғда, Иши ӯнгдан кепти десинлар Кутмаганлар бизни у чоғда. Мени кутгил! «Мен ҳам қайтаман. Ҳар қандай чегараларни бузиб бӯлсаям уйга қайтаман. Майли, қамасинлар, майли, отсинлар, аввал уйга бораман. Эртагаёқ жӯнайман. Эртага хуфтондан кейин жӯнайман. Аллоҳга таваккал». *** Муҳаммад жӯнай олмади. Ҳожихон эшон шомда келди. Муҳаммадни олиб кетгани келишганини, катта айирбошлаш бӯлишини айтишди. Абдулрауф ака Ҳожихон эшон билан жуда кӯп тортишди. Қӯллари боғланган Муҳаммад уларнинг баҳсидан деярли ҳеч нарса тушунмас, аммо Абдулрауф аканинг оғзидан ӯз исмини, Ойшанинг исмини эшитгач, гап ӯзи ҳақидалигини, Абдулрауф ака ӯз ниятлари хусусида гапираётганлигини фаҳмлади. Эшон фақат бош чайқарди. Бир маҳал Абдулрауф ака ӯрнидан шарт туриб, ичкари хонадан бир қанча автоматлар, иккита пулемёт, бир белбоғ ӯқ кӯтариб чиқди. Бошини сарак–сарак қилиб кулимсираб турган Ҳожихон эшонга тикилиб турди–ю, яна кириб кетиб ичкаридан бир халта пул кӯтариб чиқди. Ҳаммасини ӯртага уйиб, Муҳаммадни кӯрсатиб, баланд–баланд гапирди. Ҳожихон эшон унинг елкасини силай–силай бир нарсалар деди. — Сизни Аллоҳ паноҳига олсин, бачам. Ҳожихон ҳеч кӯнмади. «Бошим кетади буни обормасам», дейди. Катталари сизга қизиқиб қолган эмиш, — деди Абдулрауф ака ва Муҳаммад билан уни қучоқлаб видолашди. — Бизлар сизга ямонлик қилмадик, бизларни унутманг. Алвидо, бачам! Аллоҳ ҳофиз! Муҳаммаднинг кӯзларини ҳам боғлаб, отга миндиришди. Ӯн–ӯн икки ёшлардаги бола уни мингаштириб, отни ҳайдаб кетди. Қӯллари, кӯзлари боғлиқ Муҳаммад шу тариқа бу қишлоқ билан, унинг тақдирида кӯп ӯзгаришлар қилган, унга қадрдон бӯлиб қолган бу мӯъжазгина қишлоқ билан видолашиб борар эди. Орқадан, Абдулрауф–Мулла тоғанинг ҳовлисидан қӯшиқ эшитиларди. Ҳофиз фиғон чекарди: Сайдинг қӯябер, сайёд, сайёра экан мендек, Куйган жигар–бағри садпора экан мендек... *** Икки кеча йӯл юришди. Муҳаммаднинг кӯзларини ечишганда аввалига ҳеч нарсани кӯролмади. Аста–секин кӯзлари ёруғликка ӯрганди. Қуёш бир терак бӯйи кӯтарилган, чор–атроф тоғу–тош эди. Ҳаво тоза, турли тоғ гиёҳларининг ҳиди димоққа уриларди. Нарироқда сойнинг шовуллаб оқиши эшитилар, сой бӯйидаги дарахтларда ҳар турлик қушлар сайраб ётарди. Тинимсиз сайраётган булбулларнинг овозини эшитган одам бу ерларда уруш бӯлаётганига сира ишонмасди. «Нима бало, икки кечада ӯзимизнинг Омонқӯтон тоғларига опкеб қӯйишдими, дейман?» Йӯқ, бу Омонқӯтон тоғлари эмасди. Муҳаммад ҳов нарироқда, ёнғоқлар остида иккитадан қилиб боғлаб ташланган, тошлар устида қӯл–оёқлари боғлиқ юзтубан ётган «ӯзимизникилар»ни кӯргач, қаердалигини англаб етди. Қӯлтиқтаёқсиз юролмагани учун унинг қӯлларини ҳам ечиб қӯйишди. Муҳаммад бандиларни айланиб чиқди. Элликка яқин эдилар. Ҳеч кимни танимади. Турли миллатга мансуб бу йигитлар ичида мӯйлаби энди сабза урганлариям, кӯкрагини тӯлдириб соқол қӯйиб юборганлариям бор эди. Кӯпларининг таёқ зарбидан бошлари ёрилган, қон излари қотиб қолган, юзлари моматалоқ бӯлган эди. Баъзилари кӯкарган, шишиб кетган кӯзларини зӯрға очиб турар эдилар. Кӯпларининг кийим бошлари йиртилиб, увадаси чиқиб кетган эди. Баъзилари фақат шимда турар, кӯйлаклари йӯқ эди. Душманлар кийимини кийиб олган, соқол қӯйиб, салла ӯраган, афтидан кавказлик бӯлган икки йигит ҳам бор эди улар орасида. Қирларда турган соқчилар «Омаданд–омаданд», деб чувиллаб қолишди. Ӯзимизнинг зобитлар минадиган яп–янги ҳарбий машинада, дала командирлари кийимида бир киши келди. Дарров саф тортдилар. Улар ӯз тилларида қӯмондонларини роса олқишладилар. У ҳам буларга нималардир деб ҳайқирди. Унинг ҳайқириғини «Аллоҳу–акбар, Аллоҳу–акбар», деб бӯлиб–бӯлиб туришди. Асирларнинг қӯл–оёқларини ечиб, ювиниб саф тортишларини буюришди. Қӯмондон ёнидаги тӯрт йигитдан биттаси саф тортганларга мурожаат қилди: — Это наш великий полевой командир, генерал Нуриддин Аманяр. Он хочет с вами побеседовать. Кейин Нуриддин Омонёр деганлари машинада тик туриб анча гапирди. Ҳалиги йигит русчага ӯгириб турди. Бу кишига шӯроларнинг энг катта муфтийси Покистонда учрашиб, шахсан мурожаат қилганлари, буларда тутқунликда бӯлган мусулмон фарзандларини шӯроларда асир бӯлган «ватанпарвар»ларга алмаштиришга ризолик сӯраганини айтди. Омонёр Муфтийнинг олимлигини, мусулмон оламида ҳурмати баландлигини ҳисобга олиб, қолаверса Қуръони Каримга замонавий гӯзал тафсир ёзганларининг ҳурматига бунга рози бӯлганлигини айтди. Таржимон эса ӯзидан қӯшиб шундай дедики, алмаштириб олишганлари билан буларни узоқ–узоқ муддатга қамашлари аниқ экан, «Балки отиб ҳам юборишар», деди. Шунинг учун ким Нуриддиннинг армиясида хизмат қилишга рози бӯлса, уларнинг ҳаётига кафолат берилишини, маош олишларини, уйланиб, рӯзғор қилишлари мумкинлигини айтиб, рози бӯлганларнинг олдинга чиқишини сӯради. Икки кавказлик деганимиз ҳалиги йигитлар ва яна икки рус йигит ҳеч ӯйланмай олдинга чиқишди. Уларни ажратиб олиб, алоҳида кийим–бош беришди. — Тепер мусулмане, вперёд! — буюрди тилмоч. Етти–саккиз йигит қолди, қолганлари икки қадам олдинга чиқишди. Ҳалиги етти–саккиз йигитни тилмоч яна бир бор ӯзларига қӯшилишга ундади, бӯлмаса ӯлиб кетишларини айтди. Улар рози бӯлишмади. Уларни сой томонга олиб кетишди. Автоматларнинг тарриллашидан ҳурккан бир тӯп қуш осмонга кӯтарилди. Машинадан уч–тӯрт қопдаги яп–янги гимнастёркалар, этиклар, бош кийимларни туширишди ва лойиқларини олиб кийишларини буюришди. Бирпасда йигитлар асирликда бӯлмаган солдатлардек пӯрим бӯлищди–қолишди. Нуриддин Омонёр машинадан тушиб сафни айланиб чиқа бошлади. Унинг ҳар бир асир билан қилган савол–жавобини видеотасвирга олишарди. У ҳар бир асирнинг исми–шарифини, қаерданлигини, мусулмонми, мусулмон эмаслигини сӯрар, баъзиларидан биргина калима сӯраса, баъзиларидан бирор сура ё бирор оят ӯқишларини ҳам талаб қиларди. Бир қозоқ йигити калимайи–шаҳодатни билмай қолди. Нуриддин Омонёр шу заҳоти тӯппончасини чиқариб, ҳалиги йигитни пешонасидан отиб ташлади. Бу шундай тез рӯй берди–ки, асир йигит бирор сӯз айтишга ҳам улгурмади. — Ал казобби ло умматий! — ҳайқирди Омонёр («Ёлғончилар биздан эмас», ҳадис). — Аллоҳу–акбар, Аллоҳу–акбар! — ҳайқиришди қолганлари. Омонёр саф айланишда давом этди. Муҳаммаднинг рӯпарасига келганда сал нарида турган Ҳожихон эшонга қараб: — Ҳамин аст? — деб сӯради. — Оре, — деди Ҳожихон эшон. Нуриддин Омонёр Муҳаммадга тикилиб турди–да, нималардир деди. Таржимон русчага ағдарди: — Это всё начал твой отец. Он в Узбекистане бунт поднял. Таржимонлик қилаётган рус йигити Муҳаммаднинг отаси ӯғлининг тириклигини, Нуриддин Омонёрнинг қӯлида эканини билиб, ҳарбий қӯмондонлар уларни алдашганини айтиб, Москвагача борганини, охирида ёрдам сӯраб Муфтий ҳазратга учрашганини айтиб берди. (Ҳамма ҳақиқатни аниқлаган заҳоти Абдулъазиз ҳақиқий аҳволни баён қилиб, Муҳаммаднинг отасига хат ёзиб, Ватанига қайтаётган бир ургутлик йигитдан махфий жӯнатгани тӯғрисида камтарлик юзасидан индамаган эди.) Бу катта шов–шувга сабаб бӯлганини, шунинг учун Нуриддин Омонёр ҳам Муҳаммаднинг ӯрнига советларда асирда бӯлган бир дала командирларини талаб қилганини, шӯроларнинг катталари кӯп талашиб–тортишганларидан сӯнг рози бӯлганликларини айтиб, рус йигити Муҳаммаднинг елкасига қоқиб қӯйди: — Молодец твой пахан! * * * Покистонга яқин бир жойда асирларни алмаштирдилар. Икки асирни булар қӯйиб юбордилар, икки афғонни кӯприкнинг у тарафидагилар қӯйиб юбордилар. Шу тахлит алмаштириш Муҳаммаднинг хаёлида бир аср давом этди гӯё. Уни охирида қӯйиб юборишди. Уни юришга ундаб, елкасига енгилгина туртган Ҳожихон эшон «Оллоҳ ҳофиз», деб қӯйди. Кӯзларидан ёш қуйилаётган Муҳаммад унга бош ирғаб қӯйди. Қӯлтиқтаёқларини дӯққиллатиб, кӯприкнинг нариги тарафига йӯл олди. Кӯприкнинг ӯртасида елкалари нақд бир метр келадиган, қӯлларини жун қоплаган, юз–кӯзидан важоҳат ёғилиб турган, улкан, девсифат бир одамга рӯбарӯ келди. «Шу эканда менга айирбошлашган дала командирлари. Бу Кинг–конг ким–у, мен чӯлоқ кимман?», ӯйлади Муҳаммад. Девсифат Муҳаммадга ҳеч нима демади. Ӯнг қӯлининг икки панжасини бош кийимига сал теккизиб қӯйди. Унинг саломи ҳам, раҳмати ҳам, хайру–хӯши ҳам ана шу бӯлди. Аслида бу одам Нуриддин Омонёрга ҳам бундай эҳтиром кӯрсатмаган эди. Кӯприк охирига борди–ю, шу ерда турган «Жип»га ӯтириб ёввойи овозда қичқириб, қум ичида чанг–тӯзон кӯтариб, ғойиб бӯлди. Муҳаммадни Муфтий ҳазратлари ва бир қанча ҳарбий бошлиқлар кутиб олишди. Муфтий ҳазратларини кӯриб Муҳаммад худди отасини кӯргандек бӯлди. Юзларидан нур томиб турган бу фариштасифат алломани қучоқлаб, овозини баралла қӯйиб, йиғлаб юборди. Ҳазрат уни қучоқлаб, пешонасидан ӯпди. — Йиғламанг, иним! Ҳаммаси ортда қолди. Энди ҳаммаси яхши бӯлади, иншоолллоҳ. Яратганга шукр, ниятимизга етказди. Қобулда Муҳаммадни бир ҳафта текширишди. Хизмат қилган қисмидан уни билган аскарлар, зобитларни чақиришди. Ӯша машъум воқеалар тафсилотларини тиклашди. Қовун олиб келамиз деб кетган икки рус йигити кечаси қайтмади. Эрталаб уларни ичак–чавоқлари олиб ташланиб, ичига биттадан қовун тиқиб қозиққа ӯтқазиб қӯйилган ҳолатда топишди. Лейтенантнинг буйруғига кӯра у йигитларнинг аламини қовунлардан олиб полизни пайҳон қилиб юрганларида Муҳаммад бошқараётган «Урал» минага дучор бӯлган эди. Қолганлар БТР га ӯтиб қочиб кетишганини, ярадор Муҳаммадни олишга лейтенантнинг рухсат бермаганини, уни ташлаб кетишганини кӯрган аскарлар айтиб беришгач, Муҳаммадга жавоб беришди. Лекин бу гапларни ҳеч кимга айтмасликка сӯз олишди. Ӯзлари тӯқиган ёлғон–яшиқларни уқтиришиб, самолётга чиқаришди. Самолёт Тошкентга қараб парвоз қилаяпти ҳамки, Муҳаммад ишониб–ишонмай борарди. Бир маҳал самолёт бортидаги карнайлардан ашула янграб қолди: Олтинқанот қушлар учсин, қушлар учсин, Бизни мудом бахтлар қучсин, бахтлар қучсин. — Наҳотки?! Наҳотки, ҳадемай Ватанга етсам?! — ҳайқирди Муҳаммад. — Наҳотки шулар ӯнгимда бӯлаяпти? — Ҳадемай Тошкентда бӯламиз, иним, — жавоб берди унинг ёнида учаётган Муфтий ҳазрат. — У ерда сизни отангиз кутиб турибдилар. Кӯзлари ёшга тӯлган Муҳаммад иллюминатор ойнасига пешонасини босиб беихтиёр қӯшиққа қулоқ солди: Бу ҳаёт ӯрмон экан, Жон борки қасди жон экан, Бунда қатл осон экан, Жайрон ӯзинг, сиртлон ӯзинг. * * * Тошкент аэропорти йиғи–сиғига тӯлиб кетди. Муҳаммаднинг қулоғига ҳеч нарса кирмас, у ердаги митингни ҳам, сӯзловчиларнинг, ҳатто Муфтий ҳазратнинг ҳам сӯзларини англамас, худди овозсиз кино кӯраётгандек эди. У фақат йиғлар, қучоқлаб олган отасини ҳеч қуйиб юбормас, унинг юз–кӯзларидан ӯпаётган отасининг «Соғ кетиб, бир оёқда келган болам–а», дея ӯртанишларига ҳам жавоб қилмас, унинг елкаларидан қучиб, бир оғиз сӯзига маҳтал турган тоғаларини эса ҳали пайқамаган ҳам эди. Муфтий ҳазратнинг кӯмагида Ватанга қайтган ӯттиз олти нафар йигитларнинг ота–оналари ҳазратдан айланиб–ӯргилишар, елкасига тӯнлар ёпишиб унга, давлат катталарига раҳматлар айтишарди. Уларнинг орасида ӯз жигарбандини етти–саккиз йиллаб кутган, ахтарган мушфиқу–зорлар ҳам бор эди. Муҳаммадни тӯғри Отчопар бозорига олиб келишди. — Болам, кӯнглинг нимани тусаса айт, барини олиб бераман, — Муҳаммаднинг сочларини силади Абдулла ака. — Менга ҳеч нарса керак эмас, отажон. — Ундай дема, болам, ӯлди деган боламни Тангрим қайтариб берди. Бор давлатим сеники, ӯғлим! Муҳаммадни қӯярда–қӯймай бозорга олиб киришди. Унга ҳозир урф бӯлган чиройли костюм, бир нечтадан кӯйлаклар, шимлар, ич кийиму рӯмолчаларгача олишди. Унинг номидан укалари ва синглисига совғалар ҳам олишди. Энг қийини туфли савдоси бӯлди. Энг охирида қилинган бу савдо маҳали отасининг ҳам, тоғаларининг ҳам кӯзларидан дув–дув кӯз ёшлари тӯкилди. — Ҳеч нарса керак эмас девдим–ку сизларга, — ӯкинди Муҳаммад. Бозордан чиқишларида бир нима ёдига тушгандек, Муҳаммад бир неча дақиқа тӯхтаб қолди. Унинг ниманидир айтишга истиҳола қилаётганини фаҳмлаган отаси сӯради: — Болам, нимадир олмоқчимидинг? Тортинмай айтавер. — Шу, охирги пайтлари кӯп вақтимни магнитофон эшитиб ӯтказардим. Фақат қӯшиқ эшитиб овунардим, — тортина–тортина сӯзлади Муҳаммад. — Иложи бӯлса битта магнитофон ва Ҳофизнинг кассеталаридан уч–тӯртта олиб берсангизлар! — Э, шуми, бор–йӯғи? Магнитофоннинг зӯрини сизга мана, биз олиб берамиз–да, жиян, — Муҳаммаднинг елкасига қоқиб қуйди Толиб тоғаси ва бозор оралаб кетди. — Мен ҳам бир нарса совға қилай бӯлмасам, — деб Fолиб тоғаси ҳам ичкарига йӯл олди. Ота–бола отлар ҳайкали яқинда турган Fолиб аканинг машинаси ёнига келиб туришган ҳам эдики, бир қӯлида каттакон қути, бир қӯлида етти–саккизта кассета кӯтариб Толиб ака етиб келди. — Зӯридан олдим, жиян, «Панасоник». Ётган жойингиздан пульт билан бошқараверасиз. У Муҳаммадни тезроқ хурсанд қилгиси келиб, қутини апил–тапил очиб, каттагина магнитофонни Муҳаммаднинг тиззалари устига қӯйди. — Батареяларини ҳам қӯйдириб олдим, жиян, маза қилиб эшитиб кетамиз. Қани, бир қӯйиб кӯринг–чи? Муҳаммад кассета танлаб улгурмай, Fолиб тоғасиям етиб келди: — Манави видеомагнитафон бизди совға, Муҳаммаджон, — ӯз совғасидан ӯзи хурсанд эди Fолиб ака. — Иккита кассетаям олдим. Бири ҳофизни Америкада берган концерти экан. Бошқаси ҳофизни ӯзи олиб, бош ролниям ӯзи ӯйнаган киноси экан, маъқулми? — Раҳмат тоға! — миннатдорчилик билдирди видеокассеталарни оларкан Муҳаммад. — Узр, сизларни харажатдор қилдим. — Э, омон қолган бошингиздан садаға, жиян, — деди Fолиб тоғаси. — Булар ҳали ҳолва, — деди Толиб тоғаси. — Харажатнинг каттаси энди бӯлади. Қӯша–қӯша тӯйлар қиламиз, жиян! Тӯй бӯлади, тӯй! — Мендан қайтмаса Худодан қайтсин! — деди Муҳаммад. Fолиб ака машинани юргизди. Аудио ва видеокассеталардаги ҳар бир суратни ардоқлаб, ӯпиб, кӯзларига суртаётган Муҳаммад аудиокассеталардан бирини олиб магнитофонга қӯйди ва керакли тугмани босди. Дил–дилингни мавжлантириб юборадиган, бутун борлиғингни чулғаб оладиган, ӯзингни бунда қӯйиб, руҳингни кӯкларга олиб кетадиган куй таралди. Ҳам у куйга монанд «мурда жисмингни зиндалар қилғувчи» нафас соҳибининг тирикнинг баданига ларзалар солгувчи, эшитиб турганингда сени Ҳаққа яқин тутгувчи сеҳрли овоз янгради: Тарихингдур минг асрлар ичра пинҳон, ӯзбегим, Сенга тенгдош Помиру оқсоч Тиёншон, ӯзбегим.... Йиғлади фурқатда Фурқат ҳам муқимликда Муқим, Ҳасратингдан Ҳинду Афғон қилди афғон, ӯзбегим. Қӯшиқ шу ерга етганда: — Ҳофиз ҳофизларнинг султони–да, жиян, — деди олдинги ӯриндиқда кетаётган Толиб ака ва орқага ӯгириларкан, қӯшимча қилди: — Пайғамбарсифат шу одамга Оллоҳнинг назари тушгани рост, нима дедингиз? Абдулла ака «жим? дегандек шаҳодат бормоғини лабига босиб, бошини сарак–сарак қилди. Муҳаммаднинг кӯз ёшлари юзларини ювиб тушаётган эди. У ҳофизни тингларди. Сел бӯлиб тингларди. Юраги билан тингларди: Қайга бормай бошда дӯппим, ғоз юрарман гердайиб, Олам узра номи кетган Ӯзбекистон, ӯзбегим. Бу қасидам сенга, халқим, оқ суту туз ҳурмати, Эркин ӯғлингман, қабул эт, ӯзбегим жон ӯзбегим. *** Э–ҳе, қанча сувлар оқиб ӯтди ундан бери. Не–не воқеа ҳодисалар бӯлиб ӯтди. Муҳаммад Москвага бориб ясама оёқ қӯйдириб келди. Оқсамай юрадиган ҳам бӯлди. Қӯшнининг қизи Манзурага уйланди. Ӯғиллик, қизлик бӯлди. Ӯғлига Ҳофизнинг исмини қӯйди. Қизини Ойша деди. Хотини кӯп дуруст аёл. Уқувли, сабрли. Баъзида Муҳаммаднинг Афғонда орттирган касали қӯзиб, асабийлашиб қолса ҳам чидайди, хонасига қамалиб олиб икки–уч кунлаб ташқарига чиқмай қӯйса ҳам чидайди. Муҳаммад хотинидан рози. Битта айби шу–ки, қӯшиқни яхши тушунмайди. Яқинда чиққан пастига шим кийиб юқорисини бекитмай чиқадиган бир–иккита заифа ашулачини эшитади. «Мен боримда шуларни қӯйсанг, телевизордиям, магнитафондиям мажақлаб ташлайман», деб пӯписа қилиб қӯйган. Муҳаммад борида бошқа хонандани эшитмайди. «Иккита чиптани пулига бир қоп ун берармиш. Ӯе, ...» * * * «Бир қоп уннинг пулидан кечиб» концертга келган минг–минглаб ургутликларни, нафақат ургутлик, концерт дарагини эшитиб келган бошқа туманлардан, ҳатто Қашқадарёю, Сурхондарёдан келган ҳофизнинг ихлосмандларини кӯрган Манзура эрининг қулоғига шивирлади: — Сизга ӯхшаган Машраблар оз эмас экан! Ниҳоят, ҳофизни саҳнага чорлашганда минглаб томошабин бирдан оёққа турди. Халқига таъзимлар қилаётган севимли ҳофизини халқ қарсаклар билан тик туриб узоқ олқишлади. Ҳофиз олдинги сафда турган оппоқ соқолли отахонлар қошига тушиб, улар билан қучоқлашиб кӯришди. Уларнинг фотиҳасини олиб, саҳнага кӯтарилди. Соғинган дилларга малҳам бӯлгувчи, жонга ором бергувчи тиниқ ва дардли овоз янгради: Онагинам! Доруламон кунлар келди, нурлари ял–ял, Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор... Ҳофизнинг ӯзини илк бор кӯриб турган Муҳаммад, Ҳофизнинг барча қӯшиғини ёддан билган Муҳаммад, Ҳофизни тинглаб кӯп балоларни енгиб ӯтган Муҳаммад, Ҳофиз қӯшиқлари қанотида руҳи ҳаққа етган Муҳаммад, Ҳофизни кӯраётган кӯзларига ишонмаётган Муҳаммад, Ҳофиздан кӯзларини сира уза олмаётган Муҳаммад дир–дир титрай бошлади. У яна ҳеч нарсани эшитмай қолди. Ҳофиз узоқ–узоқларга, булутлар орасига кириб ғойиб бӯлди. — Сизга нима бӯлди, дадаси, ҳой хӯжайин? — унинг билакларидан ушлаб тортқилаётган Манзурага қараб ӯзига келди. Ҳофиз энди саҳнадамас, уни жонидан ортиқ кӯргувчи мухлислари орасида куйларди: Куйларим етгаймикан сенга бориб, Тингласа кетгаймикан тошлар эриб? Суҳбатингдан баҳра олсам ӯлтириб, На бӯлар, келсанг қучоғимга кириб, Гулбадан?! Ҳофизга гуллар тутишар, оналар, оталар дуо қилишар, қӯллари Ҳофиз томонидан сиқиб қӯйилган мухлислар эса бу ӯзлари учун чексиз фахрланишга арзигулик мурруват эканлигини яшириб ӯтирмасдан қийқирардилар. Ёшлар эса баланд пардаларда Ҳофизга жӯр бӯлардилар: Қаро кӯзли санамжон, ӯзинг яхши биласан, Кӯксимдаги дардимни сӯраб нима қиласан? Ҳофизни тинмай суратга олишар, ӯнлаб камера кӯтарган йигитлар ҳофизни видеотасвирга олишар, Ҳофиз эса уларга танбеҳ берарди: — Сураткашлар! Бизнимас, кӯпроқ отахонларни, онахонларни, маза қилиб қӯшиқ эшитаётганларни олинглар! Ҳофиз навбатдаги қӯшиқни бошлади: Кеча оқшом фалакда ой бӯзариб ботганда, Зуҳро юлдуз милтираб хира ханда отганда, Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда, Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим... Яна Ҳофиз узоқлашиб кетди. У энди уфқ ортида хониш қиларди. Уфқ эса қип–қизил, қонли эди. Атроф қонга бӯялган эди. Муҳаммаднинг чап тиззаси қақшаб оғрий бошлади. Кимдир «Муҳаммад қолди, уни олиш керак», деб бақирди. Муҳаммад ӯша томонга қаради. Лейтенантни кӯрди. — Чёрт с ним, оставьте его. Поехали! Лейтенант БТР га чиқиб кетди. Оғриқдан Муҳаммаднинг кӯзларидан ёш чиқиб кетди. — Маза қилиб қӯшиқ тинглаётганларни олинглар. Йиғлаб тинглаётганларни олинглар! — Ҳофиз тасвирчиларга Муҳаммадни кӯрсатиб, уни тасвирга олишни имо қилиб, ӯзи ҳам Муҳаммадга томон юра бошлади: Фақат эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим, Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим... Муҳаммад судрала–судрала қӯшиққа қараб кета бошлади. Унга эса етиш қийин эди. Жуда қийин: Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим, Сирли тушлар кӯрибман, бор дунёни унутдим... Қӯшиқ келаётган тарафдан унга қараб Абдулрауф ака ёнида ӯғиллари Абдулъазиз, Абдулқодир, Ҳожихон эшон, орқароқда Ойшабону билан пешвоз кела бошладилар. Мадори қуриган Муҳаммад бор овози билан «Мулла тоға», деб чақирди. Унга яқин келиб қолган Абдулрауф ака афсус билан бош чайқаб деди: — Расулжон бачам. Биз энди сизларнинг орангизда йӯқмиз. Ҳожихон эшон тоғда ӯққа учди. Сиз кетгандан кейин келган кофир ӯруслар Ойшани олдин зӯрлаб, кейин отиб ташлашди. Наша топиб бермаганим учун кӯз олдимга Абдулқодирни ҳам ӯлдиришди. Покистондан толибон сафида келган ӯғлим Абдулқаҳҳор Абдулъазиз акангизни ватанфуруш деб эълон қилиб, осиб ӯлдирди. Тинч бир бехавотир кунга, Бомдод намозини адо этиб турган жойимга масжидга келиб тушган амриколикларнинг ракетаси мени ҳам шаҳид фарзандларимнинг қошига етказди. Муҳаммад яқин келиб қолган Абдулрауф–Мулла тоғасига қӯлларини узатди. Абдулрауф Муҳаммадни бағрига босди. Муҳаммад унинг қайноқ бағрида ӯзига келди. У қӯшиққа етган эди. Қӯшиқ ижрочиси бир қӯли билан кӯз ёшларини яширмаётган, овозини баралла қӯйиб, «дод» деб йиғлаётган Муҳаммадни бағрига босиб, иккинчи қӯли билан микрофонни тутиб, ӯнлаб тасвирчи–ю, сураткашлар қуршовида авж пардада куйларди: Фақат эслаб йиғлайман, биринчи муаббатим, Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим...

                                                       КАРИМБЕРДИ ТӮРАМУРОД

Просмотров: 972 | Добавил: lenger | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024