Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 08:08
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Июль » 18 » CАВОЛ-ЖАВОБЛАР, МАСЛАҲАТЛАР
09:40
CАВОЛ-ЖАВОБЛАР, МАСЛАҲАТЛАР

CАВОЛ-ЖАВОБЛАР, МАСЛАҲАТЛАР

ҚОНДА ҚАНД МИҚДОРИ...

Қизалоғим 6 ёшда. Лекин қисматни қаранг-ки, у қандли диабет касалига мубтало бўлиб қолди. Дунём қоронғу. Ҳали инсулин бошламадик. Унга нима мумкин? Нима мумкин эмас? Наҳотки, энди ҳаётимиз бутунлай ўзгариб кетади?!

Ҳайитова Г. Самарқанд вилояти.

* * *

Қонда қанд кўпайиб кетмаслиги учун ҳаёт тарзингиз ва фарзандингизни овқатланишини ўзгартиришга тўғри келади. Ширинликларни, нон, ёрма (гречкадан ташқари), макарон маҳсулотлари, сут ва қатиқ маҳсулотлари, картошка, жўхори истеъмол қилишни чеклаш лозим. Дуккакли ўсимликлар ҳам қонда қанд кўпайтириши мумкин. Шунинг учун болага уларни кам миқдорда, онда-сонда берган маъқул. Болани кунига 5-6 маҳал овқатлантиринг. Қизингиз овқатни яхшилаб чайнаб, шошилмай есин. Кунига 3-4 маҳал қондаги қандни глюкометр асбоби билан ўлчаб туринг. Кучли жисмоний зўриқтирадиган ҳаракатларни қилдирманг. Чунки зўриқиш қондаги қандни бирдан тушиб кетишига олиб келади. Бу эса ҳушдан кетишига сабаб бўлиши мумкин. Лекин енгил жисмоний ҳаракат бола учун жуда муҳим. Ҳаракат меъёрини беморнинг ёши, диабетнинг даражаси ва бошқа касалликларини ҳисобга олган ҳолда шифокор белгилайди.

ОВОЗИМ—ИШ ҚУРОЛИМ

Мен мактабда ишлайман. Ўқувчилар билан мулоқотим овоз билан бўлади. Овозим - иш қуролим. Баъзан шунақа кўп гапиришга тўғри келади-ки... Кечқурун эртага эрталаб гапира оламанмикан, деб ўйлаб қоламан. Овоз пайларини қандай асраш мумкин?

Комилова М.

У У У

Товуш пардалари зўриқадиган иш фаолиятида махсус қоидаларга амал қилиш керак. Асосийси ҳар бир имкониятда овозга дам беринг. Яхшиси танаффусда ҳамкасблар билан суҳбатлашгандан кўра, гапирмай нафас ростлаганингиз маъқул. Ишдан сўнг, тоза ҳавога чиқишдан аввал, айниқса қишда, 15-20 дақиқа овоз пардаларини тин олдиринг. Агар ҳаво совуқ ва нам бўлса, кўчада гапирмасликка ҳаракат қилинг. Бундай об-ҳаво товуш пардалари учун жуда хавфли. Уйга келиб ялпиз, чўл ялпизи (шалфей) билан иссиқ, юмшатувчи ингаляция қилинг. Қайнаган бир стакан сувга бир ош қошиқ ўтни солиб, ундан чиқаётган буғдан бир неча дақиқа нафас олинг.

ҚУЛОҚ ОҒРИГАНДА...

Ўғлимнинг гўдаклигидан қулоғи оғрийди. У доим оғриқдан бақирар, ҳатто овқатлана олмасди. Шифокор чақирдик. У касалхонага ётишни тавсия қилди. Рози бўлмадим. Тағин қулоқ оғриғи билан бориб, бошқа касалликларни орттириб келмайлик. Қолаверса, бир ярим яшар бола билан касалхонада ётишни ўзи бўлмайди. Онаси эса олиб ётолмайди. Яна кичкинамиз бор. Тилхат ёзиб бериб, уйда қолдик. Бола эса чириллаб йиғлашдан тўхтамасди. Таниш шифокоримизга у болалар шифокори бўлмаса-да, мурожаат қилдик. Дўстим қуйидаги маслаҳатни берди: Борний спирти билан глицеринни тенг миқдорда олиб, аралаштирасиз. Пахтадан пилик қилиб, уни аралашмада ҳўллаб, болани қулоғига қуясиз. Кичкинтойни яхшилаб ўраб, ухлатасиз. Бу муолажани уч бора такрорладик. Оғриқ қолди. Ўғлим ҳозир катта бўлиб қолди. Орадан анча вақт ўтса-да, уни қулоғи сира безовта қилмади. Ўйлаб-ўйлаб бу муолажани сизларга тавсия қилдим. Чунки кўпчилик болаларнинг қулоғи бўлмаганда бирор марта бўлса-да, оғриб, безовта қилади. Шунда бу маслаҳат ота-оналарга асқотиб қолар.

Абдураҳмонов А. Навоий шаҳри.

ЗИРАПЧАГА ҚАРШИ - КАРТОШКА

Ёз бўлди дегунча болаларимни олиб, қишлоққа кетаман. Икки ўғлим бор. Табиат қўйнида яйрашади. Куни билан кўчада бўлишади. Шўхликлари ҳам ўзларига етгунча. Бу йил ҳам дам олишга чиқдик. Бир куни улар қўллари шилинган, кафтлари тилиниб, ёрилган ҳолда келишди. Болалар қайсидир хароба уйга кириб ўйнашган, биттаси тасодифан рандаланмаган тахтага кафти билан тойиб, йиқилган. Иккинчиси ҳам ёрдам бераман деб шу аҳволга тушган. Болаларимни қўлларига қараб бўлмасди: териси шилинган, зирапча тўла. Бир чеккадан зирапчаларни териб ола бошладим. Уларнинг чинқириғи уйни кўтарди. Амаллаб, зирапчаларни териб ташладим. Лекин кафтларига на перекис, на йод қуйишимга беришмади. Ўйинларини қизғаниб, кўчага шаталоқ отишди. Эртасига... уларни қўллари шишиб, газак олибди. Нима қилишимни билмай, қўшни кампир холаникига чиқдим. Бирорта дори-дармон топилар деб. Лекин у менга оддий даволаш усулини айтди. Картошкани пўсти билан қайнатилади. Пўсти арчилиб, ичига иссиқ сариёғ солинади. Ёғли томони кафтга қўйилиб, эрталабгача латта билан боғлаб қўйилади. Кейинги куни қолган зирапчалар чиқиб кетади. Сариёғли картошка йирингни тортиб олади. Шилинган жойлар анча битиб, оғриқ ҳам қолди. Яна икки кеча болалар кафтларида картошка билан ухлашди. Агар қўшни буви бўлмаганида болаларимни шаҳарга олиб кетиб, даволатишимга тўғри келарди.

Рустамова Н. Фарғона вилояти.

ТАБИИЙ ЎТЛАР - МАЛҲАМ

Қизимнинг соғлиғи билан доим муаммога дуч келамиз. Қизалоғим Нозимахон нимжон туғилди. Дисбактериоз, диатез касаллиги доим безовта қилади. Мана энди устига-устак аллергия бўлиб қолди. Шамоллашдан-ку бошимиз чиқмайди. Ўтган йили ҳар ой оғриди-я, гўдаккинам. Хонадон шифокори, тўғриси, биздан безор бўлди. Кўришни ҳам истамайди. Доимий бурун оқиши, бронхит... Дори берай десам, аллергияси бор. Қандай қилиб даволаш мумкин, ҳайронман. Лекин, қандай қилиб бўлса ҳам бу муаммони ечиш керак. Худо асрасин, бронхити сурункали бўлиб қолса борми?! Ниҳоят мени тушунадиган шифокор топдим. У: "Агар кимёвий муолажани болага ижобий таъсиридан кўра, салбий жиҳати кўп бўлса, халқ табобатига мурожаат қилган маъқул", - деди. Бронхитни ҳам табиий ўтлар билан даволаш мумкинлигини ўша нажоткор менга айтди. Яхшиямки Нозимахонни асалга аллергияси йўқ. Дастлаб, мен қуйидагича ширин дори тайёрладим: 200 гр. асалга 100 гр. бодрезак мевасини солиб, 5 дақиқа қайнатдим. Кунига 4-5 маҳал 2 ош қошиқдан боламга иссиқ сув билан ичирдим. Шамоллаш, бронхитнинг даволашни яна бир усулини тавсия қиламан: Бир чой қошиқдан хантал (горцича) кукунига ўсимлик ёғи, ароқ олиб аралаштирасиз. 3 ош қошиқ кепак ва озгина иссиқ сув солиб, кулча тайёрлайсиз. Уни юпқа мато устидан боланинг елкасига қўйиб, елим халтадан бир парчасини кесиб олиб, ёпасиз. Эҳтиётдан кулчани юрак томонга қўйманг. Агар бола каттароқ бўлса, кулчани кўкрак устига ҳам қўйинг. Фақат бола териси куйиб қолмасин. Тери қизариши билан кулчани олиб ташланг. Бу муолажаларнинг иккинчи куни, ишонсангиз, йўтал пасайиб, бир ҳафта ичида қизалоғим касалдан фориғ бўлди. Қувонганимни кўрсангиз. Аввалари уч ҳафталаб ишга чиқа олмай уйда ўтирар эдим. Шундан сўнг халқ табобатига ихлосим ортди. Қиш кунлари боламга бир чой қошиқдан бодрезак билан асал аралашмасини ичириб тураман. Касалнинг олдини олган яхши. Буни ёш болали оналаримиз жуда яхши тушунишади.

Яҳёева Л. Тошкент шаҳри.

Ўғлим ўртоқлари билан муштлашиб уйга кўзларини кўкартириб келди. Моматалоқ бўлган жойни қандай қилиб кетказиш мумкин?

Ш.Солиева, Пастдарғом тумани.

Аввало, фарзандингизнинг кўчада муштлашиб юришига йўл қўйманг. Модомики, шундай бўлган экан, қуйидагича даволаш усулини қўллаб кўринг. Ўша жойга совуқ компресс босинг-да, сўнг бироз муз қўйиб туринг. Иссиқни қайтарадиган дори (аспирин) ичира кўрманг, у қон айланишини ёмонлаштиради. Парацетамол ва бир неча кун С дармондорисидан ичиши мумкин.

Мени вақти-вақти билан ҳиқичоқ тутиб туради. Сув ичсам ҳам тўхтамайди. Уни тўхтатишнинг бошқа усуллари ҳам борми?

К.ТоҲирова, Китоб тумани.

Ҳиқичоқни тўхтатишнинг анъанавий усулларидан бири нафас олмай турищдир. Ўпкангизни тўлдириб нафас олинг-да, узоқроқ ичингизга ютиб туринг. Яна бир усул. Бир чой қошиқ шакарни тезлик билан ютиб юборинг. Агар сувни бошингизни энгаштириб ичсангиз ҳам фойда беради. Ёки:

Тик турган ҳолда қўлингизга ярим қилиб илиқ сув қуйилган стаканни олинг. Стаканга энгагингизни тиқинг, лабингиз стаканнинг четига тегиб турсин. Кейин сал энгашиб сувни ютинг. Ҳиқичоғингиз бир зумда тўхтайди, қолади.

БОЛА БЕТОБЛИГИНИ СЕЗСАНГИЗ

Ҳар қандай ҳолатда ҳам шифокорга мурожаат қилиш керак. Ҳеч бўлмаганда болага тўғри ташҳис қўйиш учун. Ёдингизда сақланг: болани даволаётганингизда баъзи бир муолажаларни амалга ошириш мутлақо мумкин эмас: Қорин оғриётган маҳал оғриқ қолдирувчи воситалардан умуман фойдаланманг. Чунки бу ҳаракат ташҳис қўйишда қийинчилик туғдиради. (Масалан, кўричакни аниқлашда). Оғриётган қоринга грелка қўйманг. Болангиз учун махсус, алоҳида дори миқдори кўрсатилмаган рецептдан фойдаланманг. Имкон қадар шифокор тавсия қилмагунча болага таблеткалар берманг. 38 даража иссиқликдан юқори тана ҳарорати бор болага иситувчи компресс қилманг. Иссиғи чиққан болага фақатгина иссиқ сувнинг ўзидан клизма қилманг. Сув хона иссиқлиги даражасида бўлсин. Туғилиш даврида жароҳат олган, марказий асаб системаси зарарланган, бош ичида қон босими бор болаларнинг ҳароратини кескин туширманг. Зудлик билан шифокор чақиринг. Ошқозонни ҳеч қачон марганцовка билан ювманг, у заҳарли. Бунинг устига танадан бутунлай чиқиб кетмайди. Аста йиғилиб, мияни зарарлаши мумкин. Фарзандингизни ичи кетганда ич тўхтатувчи воситалар берманг. Агар ич суриш бирор инфекциядан бўлса, касаллик оғир кечиши мумкин. Шифокор ҳузурига боришни пайсалга солманг. Болажонингиз соғлиғи борасида бирор шубҳа туғдирувчи ҳолатни сезсангиз ё кўнглингиз шу болагинангиздан нотинчроқ бўлса, яхшиси шифокорга мурожаат қилинг. Бу фақат сизнинг фойдангиз ва фарзандингизни соғлиғи йўлидаги уриниш бўлади.

ДИЛБАР ва ҲАМИДА тайёрлашди. 

Просмотров: 1009 | Добавил: lenger | Рейтинг: 2.0/1
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024