Форма входа

Поиск

Календарь

«  Апрель 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 00:18
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Апрель » 18 » ЛОҚАЙДЛИКМИ ЁХУД БЕПИСАНДЛИК?
11:17
ЛОҚАЙДЛИКМИ ЁХУД БЕПИСАНДЛИК?

ЛОҚАЙДЛИКМИ ЁХУД БЕПИСАНДЛИК?

тожик мактабТожикистон маориф вазири Нуриддин САИДОВ номига мурожаат ўлароқ ёзилаган бу мақола, маҳаллий газеталарда эълон қилиниши пайсалга солиниши ортидан ”қувғинга учраб” бизгача етиб келди. Унда билдирилган фикрларнинг кўпчилигига қўшилиш, айримларига қўшилмаслик мумкиндир, балки. Лекин, мавзу ва унда кўтарилган муаммо анча долзарб, Тожикистонлик ўзбек ёшлари  маънавияти ва келажагига дахлдор бўлгани боис, уни эълон қилиш лозим деган фикрга келдик. Хулоса чиқариш ва баҳо беришни ўқувчилар ихтиёрига қолдирамиз.
****

Шу кунларда ”Устоз” газетасида чоп этилган янги ”Ўзбек адабиёти ўқитиш дастури” биз ўқитувчиларнинг қўлимизга келиб тегди. Камина ҳам ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлганлигим сабабли ўқув дастури кимлар томонидан ва қандай тузилганлиги билан қизиқдим. Янги дастур филология фанлари доктори, профессор Абдусалом Абдуқодиров таҳрири остида тайёрланган бўлиб, тузувчилар Б. Мўминов, Э. Назаров, Ж. Умурзоқов, А. Сафаров, С. Эргашевлар эканлиги кўрсатилган.
Ўқув дастури билан танишиб чиққач, шундай хулосага келдим: Агар беш – олтита савияси ҳаминқадар шоир ёзувчиларнинг янги дастурга кириб қолганини айтмасак, дастурни қайтадан тузиб чиқишнинг ҳожати ҳам йўқ эди.

Модомики, ”Ўзбек адабиёти ўқитиш дастури”ни тузишдек хайрли ишга қўл урилган экан, бу иш тўрт- бешта шу соҳага алоқадор бўлган – бўлмаган шахсларнинг нуқтаи назари билан эмас, балки кенг жамоатчиликнинг, айниқса, мактабдаги таълим жараёнига бевосита гувоҳ бўлаётган ўқитувчиларнинг фикр – мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши лозим эди.

Бунинг учун ҳар бир мактаб ўқитувчисининг уйига бориб ундан маслаҳат сўраш шарт эмас, (ўқув дастурини тузувчилар шундай иддао қилишлари мумкин) балки шу дастурга киритилиши мўлжалланаётган адиблар рўйхатини айнан шу ”Устоз” газетасининг ўзидаёқ жамоатчиликнинг муҳокамасига ташлаш мумкин эди.

Адабиёт ўқитиш дастурини тузиш учун бел боғлаган киши, аввало, ўқувчининг ёшига мос ўқимишли асарларни танлай олиши шарт. Ўқувчининг ёшига мос асар деганда эса, жўн тилда ёзилган тутуриқсиз нарса эмас, балки содда, халқона оҳангдаги бадиий жиҳатдан етук асар тушунилиши керак.

Қўлимиздаги ”Адабиёт ўқитиш дастури” га А. Эшон, А. Бекмуҳаммад, Зулфия Бобоева, Ж. Пиримов, С Эрматов, Мафтун Жўра, Омон Ражаб, Отабек Ғойиб сингари бир қатор адиблар ижодидан намуналар киритилган. Бу шоиру ёзувчиларнинг аксарияти халқ орасида тузукроқ танилмаган ҳам.

Тўғри, ” Ватан адабиёти”га киритиш учун адибнинг таниқли бўлиши шарт эмас, аммо асарлари эл томонидан севиб ўқилмаган ижодкорнинг ўқув дастуридан ўрин олиши мутлақо нотўғридир.

Қолаверса, бу адибларнинг ўқув дастурига киритилиши кўпгина зиёлилар орасида ҳам норозиликларга сабаб бўлмоқда. Сўзимиз исботи учун ёзувчи ва журналист Ҳуснинисо Аҳмедованинг ”Халқ овози” газетасида босилиб чиққан ”Хуфиёна ошкоралик” номли мақоласини келтириш мумкин. Ҳ. Аҳмедова янги ” Ўзбек адабиёти ўқитиш дастури” тузувчиларини хуфиёна иш тутганликда, боз устига ўз ишларига ҳафсаласизлик билан ёндошганликда айблайди. Бунинг оқибатида эса, бадиий жиҳатдан саёз, ўртамиёнадан паст асарлар ўқув дастуридан ўрин олганлиги ҳам мақолада таъкидлаб ўтилади.

Мен ҳам ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, қолаверса, ўқувчи, шеърхон сифатида, янги ўқув дастури тўғрисида фикрларимни баён этишга ўзимни ҳақли деб ҳисоблайман.

Янги ”Адабиёт ўқитиш дастури”га киритилган адиблардан бири шоир Жамшид Пиримовдир. У ўзининг 8-синф учун мўлжалланган шоҳ ва шоир тимсолларини акс эттирувчи шеър – эртаги билан дастурдан ўрин олган. Энди, агар 8-синф ўқувчиси шеър эртак ўқиши шарт бўлса, унда марҳамат мумтоз адабиётдаги шеърий ҳикоятларни ўқисин. Айтайлик, А. Фирдавсийнинг ”Шоҳнома”сида бундай мисоллар истаганча топилади. Ёки Навоий, Саъдий Шерозийларнинг ҳикоятларини мутолаа қилсин. Нафсиламрини айтганда, 8-синф ўқувчиси шеър эртак ўқиб ўтиришининг ўзи кулгили ҳолатдир.

Ўзининг насиҳатомуз шеърлари билан 7- синф ўқув дастуридан ўрин олган бошқа бир шоир Абдували Бекмуҳаммаддир. Агар ўқувчига панд- ўгит керак бўлса, бунинг учун Яссавий ҳикматларидан яхшироқ нарсани топиш мушкул. Тўғри, ўқувчининг замонавий адиблар ижодидан ҳам хабардор бўлгани яхши, аммо агар ўша ижодкорларнинг асарлари ўқишга арзигулик бўлмаса, у ҳолда мумтоз адабиётимиз намояндалари ижодини пухта ўргангани афзалроқдир.

Зулфия Бобоева. Ўзининг ”Ватан шу” ҳамда ”Она бургут” шеърлари билан 6- синф ўқув дастуридан ўрин олган. Бирор бир шеърнинг Ватан, она, дўстлик ва шу каби мавзуларда ёзилганлиги ўша шеърнинг ”Ватан адабиёти” дарслигидан ўрин олиши учун омил бўлолмайди. Шу мавзулардаги сийқаси чиққан гапларни бир қолипга солиб, уни дарсликка киритишга ва ёш авлодни шу шеърларни ёд олишга мажбурлашга ҳеч кимнинг маънавий ҳаққи йўқ!

Агар ”Ўзбек адабиёти ўқитиш дастури” тузувчилари ўз ишларига бироз ҳафсала билан ёндошганларида ва тузукроқ изланганларида эди, замонавий шеъриятда шу мавзуларда ёзилган гўзал шеърларни топган бўлишарди. Мисол учун шоир Усмон Азимнинг ”Бахшиёна” туркумидан бир парчани олиб кўрамиз:

Майсага эзмайман, деб айтдим,
Дарахтга кесмайман, деб айтдим.
Тупроғимга, сен деб ўлсам,
Оғриқни сезмайман, деб айтдим.
Қушларга отмайман, деб айтдим,
Еримга сотмайман, деб айтдим.
Ҳақни айтсам- ўтда куймайман,
Сувларга ботмайман деб айтдим.

Ёки Ҳалима Худойбердиеванинг ”Онагинам” шеъридан бир парча:

Онагинам,
Дориломон кунлар келди, шафақлари ол,
Чор тарафда шайланишар ва созлашар тор,
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол,
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.

Элу юрт дардини теран англаган оловқалб шоирлар Шавкат Раҳмон ва Асқар Маҳкамнинг ҳам Ватан мавзуида ёзилган таъсирчан ва бетакрор шеърлари борлиги закий шеърхонга яхши маълумдир. Ахир, эртами, кечми фарзандларимизни нафис шеърият дурдоналари билан таништиришимиз керак-ку.

Ҳозирда қирғизистонлик ўзбекзабон шоир деб эътироф этилаётган Авлиёхон Эшоннинг кўчирмачи шоир эканлиги тўла исботлаб берилган.

Унинг Рауф Парфи, Абдували Қутбиддин, Муҳаммад Солиҳ каби машҳур шоирлар шеърларидаги фикр ва образларни ўзлаштириб олганлиги ”Тонг” газетасининг 2008 йилги сонларида узоқ давом этган баҳсу мунозараларга сабаб бўлган эди. Жумладан, шоирнинг 8-синфлар учун мўлжалланган ”Вазифа” номли шеъри ҳам Муҳаммад Солиҳнинг ”Орзу фуқароси” китобига киритилган ”Мен сўзларни енгишим керак”, деб бошланувчи шеъридан ҳеч иккиланишсиз кўчириб олинган. Шу сабабларнинг ўзиёқ унинг ”Адабиёт ўқитиш дастури»дан ўрин олишга ҳақли эмаслигини кўрсатиб беради. Бундан ташқари, Қирғизистон фуқароси бўлган А. Эшоннинг Тожикистонда ўқув дастурига киритилиши мумкин бўлгани ҳолда, нима учун Ўшда туғилиб вояга етган Шавкат Раҳмоннинг бу дастурдан ўрин олиши мумкин эмас?

Яна бир ўта муҳим масала бор. Биз тожикзабон биродарларимиз билан бир заминда истиқомат қилаётган эканмиз, демак бизнинг билим ва салоҳиятимиз уларникидан паст бўлмоғи мумкин эмас. ”Ўзбек адабиёти ўқитиш дастури”ни тузган биродарларимизга бир таклифим бор: Агар ўзингиз тузган ўқув дастури қай аҳволда эканлигини билмоқчи бўлсангиз, уни тожикларнинг адабиёт ўқитиш дастурига солиштириб кўринг. Бугунги тожик ўқувчиси замонавий адиблардан кимларнинг ижодини ўқиб ўрганаётганлигини кўриб чиқамиз: Нақибхон Тўғрал, Т. Асирий, А. Фитрат, С. Айний, Лоҳутий, Пайрав Сулаймоний, М. Турсунзода, С. Улуғзода, Ж. Икромий, М. Миршакар, Лойиқ Шерали М. Қаноат, Кароматулло Мирзоев ва бошқалар.

Энди айтингчи, шу саналганлар орасида А. Бекмуҳаммад, Зулфия Бобоева, А. Эшон, С. Эрматов, Омон Ражаб, Отабек Ғойиб, Ж. Пиримовлар каби бирорта савияси паст шоир ёки ёзувчи борми?

Энг ажабланарлиси шундаки, ўқув дастурида Тожикистонда яшаб самарали ижод қилаётган Ўринбой Усмон, Шойим Бўтаев, Ҳуснинисо Аҳмедова, Одил Икром, Шоди Саттор сингари адиблар ижоди учун бир соат ҳам ажратилмаган. Асқар Маҳкам асарлари эса фақатгина 8-синф ўқув дастуридангина ўрин олган, холос. Ваҳоланки, унинг ижоди кенгроқ ўргатилса, бошқа синфлар ўқув дастурларидан ҳам ўрин олса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Агар бу адиблар асарлари орасидан ”Ватан адабиёти”га киритиш учун яроқли ҳеч вақо топилмаган бўлсаю, ( Ҳолбуки, яхшилаб қидирилса, кўп яхши асарлар топиш мумкин эди.) қолган ижодкорларнинг савияси А. Эшон, А. Бекмуҳаммад ёки Зулфия Бобоева кабилар даражасида бўлса, у ҳолда бизнинг олдимизда учта йўл бор:

Биринчидан: Ўқувчи бу адибларнинг асарлари ўрнига ҳам мумтоз адабиётимиз вакиллари ижодини ўргансин.

Иккинчидан: Замонавий тожик адиблари асарларининг таржимасини ўқисин. Шоир Одил Икром замонавий тожик шеъриятидан Нақибхон Тўғрал, Лойиқ Шерали, Фарзона, Озарахш каби шоирларнинг сара шеърларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Фикримизча, бу адиблар ижодини ўрганиш ёш авлод учун фойдадан холи бўлмайди.

Учинчидан: Замонавий ўзбек адабиётидан Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Тоғай Мурод сингари адиблар ижодини ўргансин. Ахир, адабиётга, санъатга сарҳад йўқ. Адибнинг шахсияти, унинг қайси миллатга мансублиги, қаерлик эканлиги муҳим эмас, энг муҳими, унинг ижоди, асарлари қай даражада эканлигидир. Агар ”Адабиёт ўқитиш дастури”га фақат тожикистонлик ўзбекзабон ижодкорлар асарлари арзимаса ҳам, киритилиши керак, дейдиган бўлсак, у ҳолда Абдулла Орипов шеъридаги ”Кўлмак ҳовузчани дунё деб билган тилла балиқча”дан фарқимиз қолмайди.

Янги ”Ўзбек адабиёти ўқитиш дастури” ни тузишда йўл қўйилган яна бир хато ”Мустақиллик даври адабиёти” сарлавҳаси остида 50 га яқин ижодкорнинг обзор тариқасида 11-синф ўқув дастурига киритилишидир. Дастур тузувчиларининг фикрича, адабиёт фани ўқитувчиси бору йўғи 2 соат давомида 50 та адиб тўғрисида қисқача бўлса-да маълумот бериб ўтишга улгурмоғи даркор.

Кўриниб турибдики, ”Ўзбек адабиёти ўқитиш дастури” тузувчилари ўз ишларига пухта тайёргарлик кўрган ҳолда киришишмаган. Ошна-оғайнигарчилик юзасиданми ёки дурустроқ асарлар қидириб топишга ҳафсала қилмаганлариданми, ишқилиб ўқув дастурига бадиий жиҳатдан саёз, савияси паст асарларни тиқиштириб қўя қолишган.

Дарвоқе, ёзувчи Ҳуснинисо Аҳмедова дастур тузувчиларидан бири Б. Мўминовни ўз мақоласида тилга олиб ўтади. Ҳ. Аҳмедованинг сўзларига кўра, Б. Мўминов ўқув дастури ҳафсаласизлик билан тузилганини ўз сўзлари билан шундай изоҳлайди: ”Бу дастур, энсиклопедия эмас. Бир йилдан кейин ўзбек мактаблари ёпилади. Ўзингиз ёзган китобни ана ундан кейин ўзингиз ўқиб юраверасиз”.

Б. Мўминовнинг икки қардош миллат ўртасига парокандалик солиши мумкин бўлган бу сўзларни ҳеч бир асоссиз айтишининг ўзиёқ ўта жиддий масала. Умуман олганда, бундай масалалар Б. Мўминов каби шахслар томонидан эмас, балки тегишли идораларнинг махсус қарори асосида ҳал этилмоғи лозимдир.

Бундан ташқари, бутун бошли ўзбекзабон халқнинг тақдирига бунчалар беписандлик билан қараётган Б. Мўминовдек одам яна шу халқнинг болаларига ”Адабиёт ўқитиш дастури” тузиб бераётганлиги жуда аянчлидир.

Сўзимиз бошида янги ”Ўзбек адабиёти ўқитиш дастури” филология фанлари доктори, профессор А. Абдуқодиров таҳрири остида тайёрланганини айтиб ўтган эдик. Энг ачинарлиси, яхши асар билан ёмон асарнинг фарқини жуда яхши билган профессор ўртага халқ боласининг тақдири қўйилган бир паллада ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошади ва ўқув дастурига ўртамиёнадан паст, мағзи пуч асарларнинг кириб кетишига йўл қўйиб беради.

Узун гапнинг қисқаси шуки, халқнинг боласи кўчада қолган эмас! Унинг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун ҳар биримиз масъулдирмиз.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, биз ўқитувчилар Тожикистон маориф вазирлиги мутахассисларидан мазкур ”Ўзбек адабиёти ўкитиш дастури” ни кайтадан кўриб чикишларини сeраймиз.

Шуҳрат ТОШТЎХТАЕВ, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. Исфара.

Просмотров: 871 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024