Форма входа

Поиск

Календарь

«  Сентябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 22:16
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Сентябрь » 2 » НОН. ИМОН. ИНСОН.
06:28
НОН. ИМОН. ИНСОН.

НОН. ИМОН. ИНСОН.

 
 

Карим Баҳриев

Маданиятимиз тақдири ҳақида мулоҳазалар

МЕНИНГ РИВОЯТИМ: Узун кечаларда айвонга чиқиб олис юлдузларга термулганимда: “Шу милтир юлдузлардан нарида нима бор экан?” — деб ўйлардим. Балким яна юлдузлар бордир. У юлдузларнинг ортида-чи? Нима бор экан? Энди биламан — қоронғулик бор, чексиз-тубсиз зулмат бор…

Қоронғулик излаб, юлдузлардан нарига бориш шарт эмас — уйингиздаги чироқни ўчирсангиз, бас, ҳаммаёқ зим-зиё бўлади, дарҳол зулмат етиб келади чироқлари ўчган юртларга.

Улуғ файласуф Умар Ҳайём биздан ҳам олдин ер бор эди, биздан кейин ҳам қолади, деган экан. Менга туюладики, дунё улкан бир қабристондир, ахир минг йиллар бўйи одамларни ерга кўмганлар, бугун ҳам кўммоқдалар, эртага яна кўплаб кўмадилар…

Заминда одамзод суяклари бир неча қатлам бўлса керак.

Ана шу қоронғу қабристон — дунё кенгликларида имонли, тирик одамлар шамларидай унда-бунда куйиб ётадилар. Шунинг учун инсон ўлганда дунё ногоҳ қоронғулашади.

Чўлпон ҳалок бўлган куни Туркистон узра оғир зулмат чўкди. Бугунгача юртнинг ўша чекини қоронғу босиб ётибди. Чўлпон каби ёна оладиган фарзандлар туғилса юрт ёришади…

Кўнгиллар ёришсагина юрт ёришади, кўнгилни ёритадиган нур эса тафаккур ёғдуси, маданият шаъмидир. Буюк асарлар колхоз, совхоз бўлиб ёзилмайди, уларни даҳолар ёзадилар…

Уч йил аввал Шарқий Оврўпо мамлакатларида саёҳатда бўлгандим. Ўшанда сафар таассуротларини ёзмаган эдим, чунки бошқаларнинг сафарномаларини ўқиганимда: “Мана биз шунақа жойларда бўлганмиз, деб мақтаниш учунгина ёзибди”, — деган хаёл кечган эди. Мен бошқа бир сабаб билан ўша сафарни эслаяпман.

Польшадан Олмонияга ўтишимиз билан ғаройиб бир аҳволга тушдик.

Гарчанд йўл четида, “Озода бўлайлик!” шиори бўлмасада, йўллар чиннидай тоза. гулларнинг юрагидан шабнам учиб улгурмаган. Одамлар-чи?! Одамлар бирам хушмуомала, сиз туртилиб оёғини босиб олсангиз ҳам узр сўрайди. Ҳар икки гапнинг бирида: “Бит-тэ”, “Плиз” — “Марҳамат”, “Жоним билан”, — деб туришади. Сўкишиб дарғазаб бўлиб турган бирор кимсани учратмадим.

Айтишингиз мумкин: “Уларнинг дўконида ҳамма нарса бор, магазинлар молга тўла бўлса, нега дарғазаб бўлсин?!” Хато қиласиз. Сиз ўйлайсизки, уларда яшаш осон, уч қулоч чит, икки кило шакар, излаб биздай сарсон бўлсалар, хушмуомалаликдан асар ҳам қолмасди, сиз ўйлайсизки…

Йўқ, уларда ҳамма нарса борлиги учун улар хушмуомала эмаслар, аксинча, улар хушмуомала бўлганликлари учун уларда ҳамма нарса бор, уларнинг кўчалари тоза бўлгани учун улар тартибли эмас, аксинча, улар тартибли бўлганлари учун кўчалари тозадир. Сизни ишонтира олдимми? Кенгроқ мулоҳаза юритайлик. Бизда ҳеч нарса йўқлиги учун биз маданиятсиз эмасмиз, биз маданиятсиз эканимиз учун бизда ҳеч вақо йўқ. Бизда ҳеч вақо йўқлиги учун бизда ўғрилар кўп эмас, бизда ўғрилар кўплиги учун ҳеч вақо қолгани йўқ, бизда халқ очлиги учун порахўрлар кўп эмас, аксинча, бизда порахўрлар кўплиги учун халқ очдир… Бугун мен дунёнинг бир тилсимини билганга ўхшайман.

Хун бўлиб кетасан: яхши қонунлар бор, адолат ваъда қилаётган ҳокимлар бор, фармонлар бор… Нега яшаш кундан-кунга қийинлашмоқда? Ишлаб чиқарувчи корхоналарга эркинлик берилди, тадбиркорлик қонунлаштирилди, хоҳлаганлар томорқа олмоқда… Нега фаровонликдан асар ҳам йўқ? Менинг назаримда, биз маданиятимизга чап кўз билан қараб келаётганимиз учун оммавий чаласаводлик, маърифатсизлик ва унинг оқибатида юзага келган қаллоблик, порахўрлик, иккиюзламачилик авжига чиқди, энди биз заминни шу иллатлардан тозаламай бу элни иқтисодий бой қила олмаймиз. Ўз пайтида 1866 йилги Австрия — Пруссия урушида пруссиялик мактаб ўқитувчиси ғалаба қилди, деган ибора машҳур эди, яъни пруссиялик аскарлар мактабда яхши ўқигани учунгина Пруссия давлати урушда ғолиб келди. Биз мактабларимизга — маорифга эътибор бермас эканмиз, иқтисодга сарфлаган харажатларимиз беҳуда кетаверади, чунки чаласавод ишчи ясаган бузуқ машина ҳам дўкон пештахтасига келиб тушмайди, зеро уни йўлдаёқ ночор мактабимизни битирган “чаққон ўқувчи” ўмариб кетади.

Миллий маданият, шарқий маънавият, ўзбекона ғурур тикланмас экан, давлат иқтисоди ҳам қад ростлай олмайди. Айтишларича, Саудияда пулингизни йўлда тушириб қолдирсангиз, ўн кундан кейин ҳам биров тегмас экан. Чунки Саудияда кимнидир пули йўқолибди, деган гап бутун халқнинг номига иснод келтиришини ҳар бир араб билади. Бироқ бизнинг “Пахтакор” футбол командаси ўйинчилари, дейлик, москваликларга ютқазганда, ўша куни бир стадион тўла ўзбек бошини эгиб чиқишини, ўша кеч ойнаи жаҳон қаршисида ўтирган йигирма миллион ўзбек ўриснинг кўзига тик қарай олмаслигини ўйламайди. Ўйласа, дурустроқ ўйнарди. Институтга пора олиб киргизаётган ўзбек домласидан тортиб газета сотаётиб уч тийин “юлиб” қолаётган ўзбек дўкондоригача ўзбек халқига обрў келтирмаётганини билиб олиши керак. Миллий ғурур тиклансин, ахир.

Бир вақтлар Москва журналларида ” ўзбеклар порахўр”, деган гаплар босилганда мен ҳам уларга қарши: ” Москвада порахўрлар биздагидан кам эмас, бизда порахўрлар бошқа ерлардагидан кўп эмас! “-деб ёзгандим. Бу бир норози кўнгилнинг эътирози эди холос. Бугун айтиш керакки, бундай мақтанчоқликнинг вақти ўтди. “Сизда қаллоблик биздагидан кам эмас! ” -демоқлик : ” Бизда ҳам қаллоблик сиздагидан кам эмас, биз ҳам қаллобликда сиздан қолишмаймиз! — демоққа тенг, умуман бу мақтанадиган иш эмас. Бугун Иттифоқдан қутулган жумҳурият мустақилликка даъвогар экан, шўро даврининг ” мероси”дан — порахўрлик, ўғрилик, чаласаводлик — маънавий қашшоқликдан ҳам мустақил қутулмоғи керак. Бу “мерос” билан узоққа бориб бўлмайди.
Маданият дунёни қутқаради, дейишади. Лекин маданиятни ким қутқаради? Агар бугун жамият маданиятини асраса эртага, фақат эртага маданият жамиятни асрайди. Унинг дарди кўп, яраси оғирдир…

Минг-минг йиллик маданиятимиз ҳақида ўйлаганда, биз унинг ноқобил меросхўрларимиз. Ҳа, улкан дарёнинг қирғоғида туриб, ундан бир қултум ича олмайдиган авлодмиз. Зеро, 1929 йилда халқимиз 13 аср давомида қўллаб келган имлодан жудо қилдилар. Бугун оддий ўзбек ўқувчисининг японча китобга ҳам, бобоси Алишер Навоийнинг китобига ҳам баробар тиши ўтмайди.

Маданиятимиз бошига тушган оғир мусибатларни мен икки даврга бўлган бўлар эдим. Биринчи давр Октябрь инқилобигача бўлган вақтни ўз ичига оладики, бу пайтда маданиятимизга қароқчиларча муносабатда бўлинди. Темурийлар замонида ўзининг Уйғониш даврини бошидан кечирган маданиятимиз дунёнинг тўрт томонига довруғ таратган эди. Бу заминда осмонўпар миноралар қад кўтарди, мадрасаларда талабалар диний ва дунёвий илмларни ўрганардилар, фалаккиёт, ершунослик, кимё, табобатдан сабоқ олардилар. Гарчанд боболаримизни яқин-яқингача “саводсиз” деб келишган бўлса-да, биламизки, шу заминда энг мураккаб илм бўлмиш Алжабр — алгебра дунёга келган. Мовароуннаҳр ҳунармандлари — ҳаттотлар, мисгарлар, кулоллар, гиламдўзлар. косиблар, меъморлар, наққошлар, заргарлар, темирчилар, чилангарларнинг шуҳрати сарҳадлардан ошган эди. Қолаверса, Темур империяси даврида жуда кўп моддий ва маданий бойликлар хазиналарга келиб тушди, нодир қўлёзмалар кутубхоналар жавонидан жой олди. Ўзининг қонуний, ҳуқуқий, маданий тизимига эга бўлган бепоён давлат юзага келди. Ва, табиийки, унинг ғанимлари пана-панада бойликларимизга кўз тикиб ётган бўлсаларда, тажовуз қилишга ботина олмаган эдилар.

Афсуслар бўлсинким, вақт ўтиши билан Амир Темур қудрати ва заковати билан бунёд этилган мамлакат емирила бошлади. Бунинг қатор сабаблари бор, аммо асосийси — ноаҳиллигимиздир. Алишер Навоий, Бобур, Мирзо Улуғбек, Хўжа Аҳрор каби ҳазратларимизнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан “ворис”ларнинг ҳокимиятпарастлиги, очкўзлиги, калтафаҳмлиги оқибатида ҳар бир воҳа ўзини хонлик, деб эълон қила бошлади. Хонликларга бўлиниб кетаётган мамлакатни ғанимлар аста-секин талай бошладилар. Ўрислардан анча олдин мўғуллар, эронийлар, инглизлару фаранглар човут солиб келдилар. Мисол учун, 1740 йили юртимизни босган Эрон шоҳи Нодиршоҳ кўп ёдгорликларни — Амир Темур қабри устидаги яшм тошни, Шоҳизинда дарвозасини, Соҳибқироннинг мақбара ичига қўйилган олтин сопли қилич ва қалқонларини, қабр устида турадиган Қуръони Каримни Самарқанддан талаб олган ҳисобсиз ўлжалари билан олиб кетади. 1831-1833 йиллари Ост-Инд компаниясининг лейтенанти А.Борис Бухорода яшаб, 200дан ортиқ қадимий тилла ва кумуш тангаларни йиғиб, Британия музейига тақдим қилади.

Аммо миллий бойликларимизни талон-тарож қилишда Рус империясининг олдига тушадигани бўлмади. Бу қароқчилик 150-160 йилдан буён давом этмоқда. Петербургдаги Осиё музейи директори Х.Д.Френ 1834 йили Туркистондан излаб топиш мумкин бўлган Шарқ муаллифларининг қаламига мансуб “Юз асарнинг хронологик рўйхати”ни тузиб чиқди. Россия молия министрлиги Оренбургдаги божхонага ушбу қўлёзмаларни савдогарлар орқали сотиб олиб, кутубхоналарга келтиришга фармойиш берди, шу тариқа яқин ва Ўрта Шарқ халқлари тарихи, жуғрофиясига доир нодир қўлёзмалар олиб кетилди. Бу бошланиши эди, узоқ давр мобайнида чор Россияси аскарлари босиб олган ҳар бир шаҳарнинг кутубхоналари, хазиналари таланди, ўрис олимлари қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, муҳрлар, тангалар, антиқа буюмларни йиғиб, пойтахтларига жўнатавердилар. Жойларнинг ҳокимлари ва губернаторлари ҳам “билимдон” қароқчилар эди — гиламлар, соплари дуру гавҳарлар билан безалган пичоқлар, заргарлик буюмларининг энг нодирларини қўлга киритдилар. Хонликларнинг кутубхоналари, хазиналари таланди, уларнинг қўлидан саройларнинг, минораларнинг ўзини кўтариб кетиш келмасди холос, ичи эса аёвсиз шилинди (Ўзбек халқи моддий ва маънавий бойликларининг Туркистондан олиб чиқиб кетилиши тарихи ҳақида Нафиса Содиқованинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1991 йил 19 июль сонидаги “Талон-тарож қилинган мулк” мақоласидан тўлиқроқ танишишингиз мумкин).

Халқимизнинг муқаддас мулки бўлмиш Туркистон ўлкасининг маънавий, моддий, тарихий бойликлари бугун жаҳоннинг барча музейларидан жой олди. Бу сочилган мулкни йиғиштириб келиш лозим. Алмаштириш, сотиб олиш, адолат билан эгасига қайтариш орқали уларни асл юртига келтириш мустақил Ўзбекистон давлатининг бурчидир. Бу узоқ ва изчил сиёсатни талаб қилади.

Бироқ биз “Қардошлар оиласи”да яшаган собиқ СССР ҳудудида, асосан Россияда тўпланган бойликларимизнинг тақдири ҳақида қайғуришни кечиктириб бўлмайди. Булар — Лениграддаги Эрмитажда сақланаётган Хива ва Қўқон хонликларидан олиб кетилган осори атиқалар, Самарқанддаги Амир Темур мақбарасининг қабр дарвозаси, шамдонлар, қандиллар, сарой пештоқидаги чинни кошинлар, битиклар, соҳибқирон мақбарасидаги тош ойна ва қурол-яроғлар, Эрмитажнинг нумизматика хазинасини бойитиб турган Туркистоннинг хонлик ва шахсий хазиналарининг қадимий олтин, кумуш тангалари, шохлик муҳрларидир. Булар — Москванинг Қурол-аслаҳа палатасида сақланаётган Хива хонининг тахтидир. Булар — Бухоро, Хива, Қўқон ва Туркистоннинг бошқа шаҳарларидан босиб олиб кетилган сон-саноқсиз нодир қўлёзмалар, хонлик архивлари, сарой кутубхоналаридир. Бу бебаҳо асарлар Лениграддаги Салтиков Шчедрин номидаги давлат кутубхонаси мусулмон фондининг жавонларида ва Шарқшунослик институти Ленинград бўлими қўлёзмалар фондида нам тортиб, чанг босиб ўқиб-ўрганилмай ётибди. Ҳолбуки, уларни ўқишса, ўша ердагиларнинг ақли кирган бўларди. Бу нодир бойликлар Ўрта Осиёга келтирилиши лозим. Бу шак-шубҳасиз тезда амалга оширилиши шарт бўлган ишдир.

МЕНИНГ РИВОЯТИМ: “Маданият министри” деган иборани ҳазм қилолмайман. Бу “одоб-аҳлоқ министри”, “фаҳм-фаросат министри” деганга ўхшаш гапдир. Бутун бошли маданият министрлиги битта Мукаррама Турғунбоевадай рақс тушиб беролмайди, ёзувчилар уюшмасининг аппарати бригада тузиб ишласа ҳам Абдулла Ориповдай битти шеър ёзиб беролмайди, албатта. Мен бозордан бодринг сотиб олганда уни эккан деҳқон қайси партиянинг аъзоси экан деб ўйламайман. Тарвуз еб ўтирганда, унинг мазасига тарвуз эккан деҳқоннинг сиёсий дунёқараши таъсир қилади, деган хаёл кулгилидир. Худди шундай ижодкорни ҳам андозаларга солиш аввало жаҳолат белгисидир. Ҳаммани бир хил фикрлашга мажбур қилиб бўлмайди. Гарчанд буни энг юксак лавозимли зот хоҳласа-да. Балким, ҳаммани бир хил гапиришга мажбур этиш мумкиндир. Шунда ҳам ҳамма бир хил гапираётган, лекин ҳар хил ўйлаётган бўлади. Сизга бировнинг фикри ёқмаса, у билан дўст бўлманг, қизингизни унга эрга берманг, борингки, кўрганда саломлашманг, лекин у ҳам яшаши керак, у ҳам сиздай одам, фақат сиз хоҳлагандай фикр юритишга виждони йўл қўймайди.

Маданиятимиз мусибатларининг иккинчи босқичини жаҳолат замони, бадавийлик асри деса тўғри бўлади. Бу инқилобдан кейинги даврдир. Илгариги Рус чоризмининг қароқчилик сиёсатини қайсидир маънода тушуниш мумкиндир. Улар буюк маданиятимизни тан олар эдилар, бу қимматли нарсаларни ўғирлаб, эгалик қилувчи босқинчилар, савдогарлар сиёсати эди. Аммо инқилобдан сўнг ҳокимиятга келган большевиклар маданиятимизни ҳам, халқ сифатида ўзимизни ҳам йўқ қилишга киришдилар. Инқилобдан олдинги чоризм ўзбекнинг уйини босиб, энг қимматли буюмини ўғирлаб кетган бўлса, большевизм бу уйга кўчиб кириб, ўз тартибини ўрнатди, салласини ечиб, ўзидай шапка кийдирди. “Шашмақом”ни эмас, “Интернационал”ни куйлашга мажбур қилди.
Фожеанинг улканлиги шундаки, аввал бир халқ иккинчи халқни босиб, талаган бўлса, энди мавҳум бир ғоя ҳамма халқларни талай бошлади. Янги тузумдан ўрисларнинг ўзи ҳам мислсиз озор чекди, черковлари бузилди, китоблари ёқилди, одамлар қурбонликка сўйилди. Бугунги кураш ўрис бюрократиясининг ўзбек демократиясига қарши жанги эмас. Ўрис ва ўзбек бюрократиясининг ўрис ва ўзбек демократиясига қарши жангидир. Фалакнинг чархини кўрингки, энди биз ҳокимиятни ҳокимлардан, динни — дин пешволаридан, халқни — “халқ номидан” сўзлаётганлардан, аскарларни Мудофаа министридан ҳимоя қилишга мажбур бўлмоқдамиз. Ҳокимият “халқ хизматкори” бўлиши лозим эди, аммо халқ ҳокимиятнинг қулига айлантирилди. Бугун жумҳурият Кремль империясидан озод бўлаётганда биз унинг “ёмон одатлари”дан ҳам озод бўлишимиз, шляпа кийган золимдан қутулиб, дўппи кийган золимга тутилмаслигмиз лозим. Шу пайтгача бу империяда маданиятга ўгай кўз билан қараб келинди, бугун озод Ўзбекистонда ишни маданиятга — маориф, санъат ва адабиётга муносабатни ўзгартиришдан бошлаш шарт.

Маданиятимиз мусибатларининг совет даври ҳақида гапирганда йўқотишларимизнинг бутун кўламини назарда тутиш керак. Унинг энг қаттол ғаними “ғоявийлик, синфийлик, ва партиявийлик назарияси” бўлди. Бутун маданият бир ғояга — “Коммунистик ғоя”га хизмат қилдирилди. “Инсоният тарихи — синфлар курашидир” — деган эди большевикларнинг доҳийси Ленин. Икки синф — икки маданият назарияси умуммаданиятнинг тинкасини қуритди. Гўё дунёда “буржуа маданияти” ва “пролетар маданияти”гина бор экан. Лениннинг сиёсий курашлари назарда тутган қарашларини кейинчалик энг нозик соҳаларга, шу жумладан маданиятга ҳам тадбиқ этилди — “ВКП/б/ тарихи курси”нинг тўртинчи бобида Иосиф Сталин шундай ёзган эди: “Эски ғоя ва назариялар борки, улар ўз вазифаларини ўтаб бўлганлар ва жамиятнинг қолоқ кучларига хизмат қиладилар. Улар жамият ривожига халақит берадилар, унинг олға интилишига тўсқинлик қиладилар. Янги, илғор ғоялар ва назариялар жамиятнинг илғор кучлари манфаатларига хизмат қиладилар” (История ВКП/б/ Краткий курс, 1938 йил, 111-бет). “Эскилик сарқити” саналиб масжидларимиз бузилди, муқаддас китоблар гулханга ташланди, Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Усмон Носирлар отилди, Беҳбудийлар сўйилди. Ҳар бир асардан, ҳар бир ижодкордан икки маданият изларини ахтаравериб тадқиқотчиларнинг миялари ғовлаб кетди. “ўовлаган миялар”нинг даври келди.

Адабиётимизни “социалистик реализм” услубига солдилар. Бу ерда ҳам шундай йўл тутилди — минг йиллик маданиятимиз синфийлик “элаги”дан ўтказилди: “Ким бойларга хизмат қилган?” “Ким камбағалларни ҳимоя этган?”, “Ким динни улуғлаган?”, “Ким шайхларни масхара айлаган?” ва ҳоказо. Алишер Навоий, Бобур, Жомий, Низомий, Лутфий, Саъдий, Муқимий, Фурқат, Гулханий, Аваз Ўтар каби салафларнинг ижоди бир томонлама узуқ-юлуқ ўрганилди. Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллаёр, Рабғузий, Машраб асарлари, маданиятимиз ва эътиқодимизнинг асоси бўлиши “Қуръони Карим”, диний китоблар умуман на халққа, на илм аҳлига яқин йўллатилмади. Олис-олис қишлоқларда оқсоқол қариялар, ривоятчи момоларгина шивирлаб юрдилар.

Шўро даври адабиётида ҳам шу андоза ҳукмрон эди. Маяковский ўзини отди, уни “Совет шеърияти асосчиси” деб эълон қилдилар. Ҳамзани ўлдирдилар, аммо уни “диндорлар ўлдирди”, деб гап тарқатдилар. Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Усмон Носирнинг қатағон қилинишидан сўнг Ҳамза байроқ қилиб кўтарилди. Шубҳамиз йўққи, 29-йилда ўлмаганда у ҳам 37-йилда отилар эди.

Бундай қувғин узоқ давом этди. Чўлпон, Фитрат оқланиб, китоблари чоп этилди. Айни пайтда Эркин Воҳидовнинг бошига не кунлар солинди… Оқланиш учун отилиш керакмикан?

Албатта, бугун азобларнинг барчаси учун қасос олишга чақираётганимиз йўқ. Бизни не куйга солганларини тушунмоқчимиз, холос. Маданий йўқотишларимиз изсиз кетмади. Не аҳволга тушганимизни билиш учун остона ҳатлаб кўчага чиқиш кифоя. Йўлаклар ифлос, кўчалдар уйдим-чуқур. Автобусга чиқинг, билиб оласиз, одамлар ҳар куни чўмилмайдилар. Мен шунчаки “кундалик турмуш маданияти” ҳақида гапирмоқдаман. Кўчада, метрода, ишда бирорта хурсанд одамни учратмайсиз, ҳамма тунд, елкасини сиқиб, пилдираб ишга боради, пилдираб ишдан келади, на қўшни билан, на қариндош билан иши бор. Салом берсангиз ўқрайиб қарайди, гўё сиз кеча унинг уйини ўмариб кетгансиз. Қани, эй инсон, ўзбекчилигимиз, маҳалладошлигимиз, юртдошлигимиз. “Бир муштдан урса, ўлдиради, бир тишламдан берса, тўйдиради”, — дейишарди аҳиллигимиз ҳақида. Бугун бир муштдан уриб, ўлдириши мумкин, лекин ярим тишлам ҳам бермайди. Қўполлик, ёлғончилик, ўғрилик, порахўрлик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик авжига чиқди, улар ўзбекнинг кушандасидир.

Барча мулкнинг умумийлашуви оқибатида инсон ўз меҳнати самарасидан бегоналашди, мулкка ётлашди, меҳнатдан кўнгли совуди. Ўзи дилдан меҳнат қилмайдиган одам бегонанинг меҳнатини ҳам қадрламайди, автобусга чиқса, ўтирғични йиртиб кетади, кўчада юрса телефон дастасини узиб олади, ҳамма нарсани уйига ташийди.

Бугун жумҳуриятимизда мулкнинг барча шаклларига тенг ҳуқуқ берилмоқда, хорижий капиталга йўл очилди, ижарага, хусусий қўлларга мулк узатилмоқда, вазирликларнинг аралашуви камайди, деҳқонлар бироз эркинлашди…

Эндиги вазифа-маданиятга эътибор қилмоқдир. Бугунги жуда кўп кулфатларимиз маданиятсизлик оқибатидир. Оммавий жиноятчилик, ўғирликлар ишга қўл учида муносабатда бўлиш, лоқайдлик — бир сўз билан айтганда, маънавий қашшоқликнинг таъсири сиёсатда ҳам, иқтисодиётда ҳам, миллий муносабатларда ҳам кўринмоқда. Ўзбекистонда давлат маданият харажатларига жон бошига кунига 1 тийин сарфларди…

“Бир тийинлик маданият”нинг таъсири ҳамма томондан кўриниб турибди. Олий Кенгаш сессияларидан, депутатларнинг ўзини тутишидан ҳам бизда маданиятга жуда кам пул сарфланаётганини билиб олса бўлади. Сиёсий баҳсларимизни олайлик. Ҳеч ким бошқа бировни эшитмайди. Ҳамма баравар қичқираётганда, ҳеч кимни эшитиб бўлмайди, гарчи ҳамма ҳақиқатни айтаётган бўлса-да. Ҳақиқат… Айримлар ҳақиқатни фақат мен айтаман, деган фикрдалар. Уларга гувоҳномага қўшиб берган.

МЕНИНГ РИВОЯТИМ: Айтишларича, америкалик мактаб ўқувчиси билан совет мактабининг ўқувчиси “Артек” пионер лагерида учрашиб қолишибди. Апельсин еб ўтирган америкалик болакай совет ўқувчисидан сўрабди: “Сизларда ҳам апельсин борми?”, “Йўқ, — деб жавоб берибди бизнинг ўқувчимиз. — Бизда апельсин йўқ, аммо социализм бор!” “Бэ-э, нима бўпти? Керак бўлса, биз ҳам Америкада социализм қуришимиз мумкин?” “Унда сизларда ҳам апельсин бўлмайди”… Шунақа гаплар.

Биз шундай жамият қурдикки, бу ерда бойларни ёмон кўришади, камбағалларни мақташади. Камбағални яхши кўриш эмас, унга ачиниш керак, бой бўлиш учун шароит яратиш лозим. Сингапурнинг ҳукумат раҳбаридан: “Нега мамлакат бирданига фаровонлашиб кетди, сабаби нима?” — деб сўраганда, у шундай жавоб берди: “Бунинг уч сабаби бор: 1) астойдил меҳнат; 2) ҳақиқий таълим — тарбия; 3) ҳалол ҳукумат. “Одамларнинг дангаса бўлиб кетгани ҳаммамизга аён. Биз чет элликларга ҳавас қиламиз, лекин улар жуда қаттиқ меҳнат қиладилар. Бир хорижлик кулиб гапириб берган эди: “Ҳайронман — сизлар ўзбеклардай ишлаб, японлардай яшашни хоҳлайсизлар!” Ҳа, японлардай меҳнат қилиш керак. Ва Японияникидай ҳукумат ҳам лозим.

Японияни гапираётиб, бир сибирлик дўстимнинг ҳикоясини эсладим. Айтишимча, япон ҳарбий асирлари энг ифлос хандақ қазиш ишаларига ҳам тоза, оҳорли оқ кўйлак кийиб чиқар, белларига оппоқ сочиқ тугиб олар эканлар. Улар озод этилгач, баракларни тозалашга боришибди. Чунки бизнинг маҳбусхоналаридагидай ахлат уюмлари, деворларга уят cўзлар уюб ёзилгандир деб ўйлашгандир-да. Қарашса, поллар ярқирайди,оппоқ деворларда японча табиат манзаралари… Қамоқхона комендантининг айтишича япон асирлари баракка киришдан аввал оёқ кийимларини ечар эканлар.

Сезяпсизми, ҳаммаси бир-бирига боғлиқ. Японлар ҳатто асирликда инсоний қиёфаларини йўқотмаганлар, биз эса икки дона совун топилмаса ҳаммани уриб-сўкишга тайёр бўлиб қолдик. Бизга қасдма-қасд совундан дарак йўқ. Совун эса биз урушишдан тўхтаб, ишлай бошласак, албатта, бўлади. Маданият мавзуига қайтайлик.

Маданиятимизга катта зарар етказган ақида Лениннинг “Санъат халқникидир” иборасини жўн талқин этилиши бўлди. Маданият ҳаммага тегишли, аммо унга эга бўлиш учун миянинг зангини ювиб, ақлни ишлатиш керак бўлади. Навоийни тушуниш осон эмас, лекин шу қийинчиликдан эринмаган инсон ўзини бойитади. “Санъат-халқникидир”, лекин халқ санъатга эга бўлиши учун ҳаракат қилиш керак, яъни “санъат — ақлини ишлатган халқникидир”. Бизнинг буюк аждодларимиз, нодир китобларимиз бор, аммо улар ўқилсагина биз қалбан бой бўлишимиз мумкин. Улкан маънавий меросимиз бор, лекин унга “меросхўрлик варақаси” райижроқўмдан берилмайди, бу мерос ҳамма учун очиқ, фақат ўқинг, ўйланг, кўнгилга солинг…

Маданий эҳтиёжлар қашшоқлашиб кетди, айтиш мумкинки, таъб хиралашди. Навоийни ўқиш қийин, одамлар енгил шоирни ўқишмоқда. “Шашмақом”ни тушуниш оғир, одамлар “Дўлана-дўлана”ни тинглашмоқда. Бозор иқтисоди маданиятни савдогарлаштирмоқда, суюқ фильмлар, енгил-енгил қўшиқлар, бозори чаққон маиший томошалар, фолбину экстрасеанслар ҳақиқий маданиятни четга сура бошладилар. Шарқни қилич билан ололмаган ўарб шу йўл билан забт этиши мумкин.

Фикри тиниқ кишилар бозор иқтисодиёти шароитида маданиятнинг ҳимоясиз қолиши хавфи борлигини сездилар. Маданиятни асрашга чақириқлар унда-бунда эшитилмоқда. Лекин сўздан ишга ўтиш керак. “Ҳар бир одам жамиятнинг маданий ҳаётида эркин қатнашиш, санъатдан роҳатланиш, илмий тараққиётда иштирок этиб, унинг меваларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқига эгадир”, — дейилади, халқаро инсон ҳуқуқлари декларациясининг 27-моддасида. Ўз табиатига кўра маданият соҳасидаги муносабатларнинг замирида ижодкор шахси туради. Бу муносабатлар фақат тенглик асосида ривожланиши мумкин, бу ерда ҳокимликнинг фойдаси йўқ.

Маданиятда бошқарувчи ва буйсунувчи бўлиш мумкин эмас. Э.Воҳидов буйруқ асосида шеър ёзмади. Ижодда буйруқбозлик ижод эркинлигини бўғади. Бу ижодкор билганини қилаверади, дегани эмас. Хўш, маданиятга қонун нега керак? Ижод эркинлиги ҳуқуқсиз бўлмайди, яъни қонун ижод эркинлигини кафолатлайди. Маданият соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг тартибга солинмаганлиги, яратувчи ижодкор шахсининг ҳуқуқий мақоми йўқлиги, ҳимоясизлиги аслида эрксизликдир, чунки ҳимояловчи қонунлар йўқлиги учун ижодкорнинг қисмати министрликдаги маъмурларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. А.Пушкин Императорнинг ҳимоясидан қонуннинг ҳимояси афзалдир, деган эди.

Бизнинг мамлакатимизда ҳокимиятнинг “санойи нафиса ва адабиёт”га ғамхўрлиги унинг назорати ва цензураси билан боғлиқ бўлиб келди. Маданият ғоявийлик занжирига боғлаб қўйилди, “социалистик реализм” аталмиш рост ёзувчи ижодкор оғзига тиқилган латта узоқ сўзлашга имкон бермай келди, ҳақиқатни ёзганлар “социализмни кўролмаганлар, антисоветлар” деб аталди. Кейинги йилларга келиб очиқ қатағонлар бўлмаса-да, зимдан сиқувлар, маъмурий партиявий зўравонлик давом этди. Албатта ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам ғоявий ҳокимиятни ўз қўлига олган ягона хўжайин — давлатнинг маданиятини ҳуқуқий таъсир ўрнига маъмурий бошқарув йўли билан ушлаб туриши табиий эди. Бунинг натижасида ижодкор ҳуқуқнинг субъекти эмас, объекти эди, холос. Яъни унинг истеъдоди билан ҳеч кимнинг иши йўқ, давлат истаса жазолайди, истаса кечиради, истаса мукофотлайди.

Ижодкор икки ўт орасида қолди: “у ё санъатга, ё ҳукуматга хизмат қилиши керак?” Санъатга хизмат қилса, ҳаёти оғирлашади, ҳукуматга хизмат қилса унвон олади, амал поғонасига кўтарилади, аста-секин даҳо инсон оддий давлат хизматчисига айланади. Бундан буён мустақил Ўзбекистонда ижодкорга муносабат тобелик эмас, тенглик асосида бўлиши керак. Маданият ҳақидаги қонуннинг асосий ғояси — шахснинг ижодий мустақиллиги ва эркинлигини ҳуқуқий таъминлашдир. Демократик ҳуқуқий давлатнинг асоси — маданият. Мустақил Ўзбекистон давлатининг маданий сиёсати қуйидаги принципларга қурилиши мақсадга мувофиқдир: маданиятда ижод ва ишлаб чиқариш эркинлиги таъминланади; маънавий бойликларни яратиш, улардан фойдаланиш ва тарқатишда барча фуқаролар имкон ва ҳуқуқларининг тенглиги кафолатланади; миллий ва дунёвий маданиятнинг нодир бойликларидан баҳраманд бўлиш ва маданий ҳаёт кечиришни таъмин этувчи таълим тизими ривожлантирилади; маданият соҳасида яккаҳокимликка йўл қўйилмайди; маблағ билан таъминлашда давлат бюджети, тижорат ва хайр-эҳсонга таянилади; маданият соҳасидаги халқаро ҳуқуқий актларнинг устиворлигига эришилади.

Мустақил Ўзбекистон давлати ўз маданий сиёсатини ўзи белгилайди, маданиятнинг ҳуқуқий бошқарувини таъмин этади, халқнинг миллий-маданий бойликларини асрайди ва кўпайтиради, уларнинг ноқонуний олиб кетилиши ёки сотилишига йўл қўймайди, ҳар қандай ноқонуний “эгалари”дан қайтариб олишни талаб қилади, ижодкорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Умид қиламизки, мустақил Ўзбекистон давлати СССР давридаги маъмурий зўравонликдан воз кечади, ижод эркига тажовуз қилмайди, яккаҳокимликка йўл қўймайди. Албатта тушунаман, давлат маданий фаолиятга аралашадиган нуқталар бор, бирoқ улар қатъий белгилаб қўйилиши керак. Менимча, мустақил Ўзбекистон давлатининг маданий фаолиятига аралашуви уруш, зўравонлик ва шафқатсизликнинг, миллий, ирқий ва диний ман этиш билангина чегараланиши керак. Ижодий жараёнга бевосита аралашишга, шунингдек ижод эркинлигини чегаралашнинг бошқа шаклларига йўл қўйилмайди.

Албатта, қонунни амалга оширувчилар ҳадларидан ошишлари мумкин. Дейлик миллатчилик ва миллатпарварликнинг чегараси шартлидир. Айнан бир асар учун ёзувчи “миллатчи” аталиб қораланиши ёки “миллатпарвар” аталиб оқланиши мумкин. Ўки беҳаё дейиладиган асарда қаҳрамон қай даражада яланғоч бўлиши керак, бунинг беҳаёлик “даража”сини ким аниқлайди? Маъмурий аралашувга йўл қўймаслик учун ижодкорда унинг ҳуқуқи чекланган ҳар бир ҳолда судда ҳимояланиш ҳуқуқи бўлиши керак. Маданият соҳасидаги ҳар қандай чеклаш фақат қонун билан белгиланиши лозим.

Қонунни фуқароларнинг маданий соҳасидаги ҳуқуқлари бобидан — ўзига хос инсоннинг маданият ҳуқуқлари декларациясидан бошласак, тўғри бўлади. Унинг асосида ижод эркинлиги, ижодни касб қилиб олиш ва унинг мевасини эркин тарқатиш ҳуқуқи ётиши лозим. Фуқароларнинг ҳуқуқлари уларнинг маънавий бойликлардан баҳраманд бўлиши, миллий ва диний ўзлигини асраши, таълим олиши, бирлашуви ва маданият корхоналари ташкил этишини кафолатлаши шарт. Дейлик, ёзувчилар битта уюшмага эмас, ўз услуби, йўналиши аҳлоқий принциплари бўйича бир неча уюшмаларга бўлиниши, ўзаро мусобақага киришиши мумкин. Мен Олмонияда Хенрих Манн ҳавасмандлари клубида бўлган эдим.

Клубнинг ўз Президенти, аъзолари, ҳатто тамадди қиладиган қаҳвахонаси бор. Нега бизда чойхонаси бор Навоийшунослар ёки Чўлпонсеварлар уюшмаси бўлмаслиги керак. Ўки Мақомсеварлар уюшмаси бўлиши мумкин. Ҳар бир ижодкор ҳуқуқий шахс деб тан олиниши, ҳимояланиши лозим. Ижодкорларнинг бирлашмаларини мақсадга мувофиқ эмас деб рўйхатга олмасликка йўл қўйилмасин. Рўйхатга олмасин учун фақат қонуний асос бўлиши шарт, ижодкорларда ман этилгач, суд орқали ҳал этиш ҳуқуқи сақланиши лозим.

Ва ниҳоят, маданий қимматлар ва миллий маданий бойлик мақоми белгиланиши, рўйхатга олиниши керак, қўриқланиши, олиб чиқиб кетилиши, қайтариб келтирилиши ва мулкий эгалик шартлари қонунда қатъий белгиланиши шартдир. Масалан, биргина Бухоро вилоятида жумҳурият аҳамиятидаги 154 тарихий ёдгорлик қайд этилган. Бу машҳур Арк, Масжиди Калон, Лаби Ҳовуз, Халифа Худойдод ансамблларидан тортиб олис Когоннинг Ўвачўли қишлоғидаги Қасри Орифон масжидини ҳам ўз ичига олган рўйхатдир. Энди бу ёдгорликларни асраш керак.

Таассуфлар бўлсинким, маданиятни маблағ билан таъминлаш шу пайтгача давлат эътиборининг бир четида бўлиб келди. Лекин бошқа бир фикр ташвишлантиради. Маданият арбоблари ҳар икки гапнинг бирида давлат раҳбаридан маданиятга “ғамхўрлик қилиш”ни “кўпроқ маблағ ажратишни” сўраб келмоқдалар. Уларнинг фикри қуйидаги йўналишда ишлайди: “Раҳбар хоҳласа ёрдам бериши мумкин, хўш, мумкин экан, ёрдам бериши шарт.

Демак, уни ишонтириш керак!” Ҳа, агар маданият қашшоқ бўлса, унга ёрдам бериш керак, лекин, ўйлаб кўрайлик, давлат маданиятини қанчалик кўп пул билан таъминласа, маданият шунчалик давлатга қарам бўлиб қолаверади, пул тўлаган давлат маданиятни ўз йўриғига юргизади.
Маълумки, маориф халқ Комиссариати (Наркомпрос) ўзининг 1917 йил 29 октябрдаги фуқароларга мурожаатномасида барча маданий-маърифий фаолиятни мустақил қилишга, марказни эса фақат “моддий, ғоявий ва маънавий ёрдам манбааларини ташкил этишга” чақирди. Афсуски молияни марказлаштирган Ленин маҳаллий амалдорлар маданиятига бир чақа ҳам бермайдилар, шунинг учун маблағ марказдан ажратилиши, бошқа ёққа берилиши таъқиқланиши лозим, деб ҳисоблади. Вақтинча, маҳаллий амалдорлар маданият қадрини англагунча белгиланган 1918 йил биринчи ярмининг маданият сметаси марказлашган давлат маблағидан тузилди. “Вақтинча” сиёсат мана 73 йил давом этди, соҳа йиллар давомида маъмурлашди, ижодий ва маърифий фаолият устидан яккаҳокимлик ўрнатилди.

“Мамлакатда маданиятга давлат бюджетидан 1,2 фоиз ажратилиши — шармандалик!” — дейишди бизнинг арбоблар. Шубҳасиз: шармандалик. Аммо дейлик Италияда маданиятга бор-йўғи 0,6 фоиз ажратилади, лекин у ерда маданият юқори даражададир. Бунинг сирини очишга ҳаракат қилайлик.
Хўш, “давлатнинг шармандалиги”ни кўрсатувчи 1,2 фоизнинг ўзи қаердан олинади? Унинг 5,5 фоизи касаба уюшмалари, жамоа ва шўро хўжаликлари, корхоналарнинг мустақил харажатларидир. Аслида давлат уларни “ажратмайди”, бор-йўғи “ҳисобга олади”, холос. Кейин: “маданиятга ажратилган бюджет”нинг 56 фоизи сиз ва бизнинг пулимиз — кино, музей, концерт, театрга тушиб, тўлаган пулимиздир, яъни бу пулларни ҳам маданиятнинг ўзи ўз “бюджети” учун ишлаб топган. Бунинг ёнига “маданият соҳаси”нинг билвосита харажатларини (маданият корхоналари ва ташкилотларнинг даромад солиғига тўлаган маблағи, соҳа ходимларининг маошидан олинадиган солиқлар ва ҳоказо) қўшсак кўриниб турибдики, маданиятимиз унчалик “текинхўр” соҳа эмас. 83-87 фоизга ўзини-ўзи таъминламоқда. Демак “маданият бюджети”нинг ўндан биринигина давлат бермоқда, холос, демак, маданиятга унинг ўз пулини “ажратиб” давлат шунга қарамай унинг устидан хўжайинлик қилиб келмоқда.

Қатор кинотеатрлар пул ишлаш учун сийқа фильмларни кўрсатишга киришиб кетди. Уларнинг “яширин” даромади миллиардлабдир. Театрларга беш-ўн-йигирма киши кирмоқда, холос. Кинотеатрларда ҳар тўрт ўриндан учтаси бўшдир. Қишлоқдаги “оммавий” кутубхоналарга кунига 3-4 киши келади. Клубларнинг эшиги ҳафталаб, баъзан ойлаб очилмайди. Лекин ходимлар маош олаверадилар, “Давлат бюджети” соғин сигирдай боқаверади. ўарбда бундай корхоналар аллақачон инқирозга учрар эдилар.
Менинг назаримда, тамомила янгича маданий сиёсат зарур. Давлат маданиятни алдамасдан маблағ билан таъминлаш билан бирга бошқа манбааларнинг юзага келишига шароит яратиши лозим. Давлат бюджетидан маълум минимал фоиз белгилаб қўйилсин, токи ҳеч бир раҳбар шундан паст белгилай олмасин. Маданият ўчоқлари, соҳа корхоналарининг маблағи ажратган маблағлари солиқдан озод қилинсин. Хайр-эҳсон тадбирлари, ютуқлари, тижорат ўйинларидан тушган маблағлар маданият ҳисобига берилсин. Тижоратга алоқаси бўлмаган янги маданий ташкилотлар беш йил давомида солиқдан озод қилинсин. Бу қонуншуносларимиз қилиши мумкин бўлган, давлатимизнинг қўлидан келадиган ишлар.

Аммо бу ҳаракатларнинг барчаси умумхалқ бирдамлигисиз зое кетади. Ҳаммамиз биргалашиб, юртнинг келажаги бўлмиш — маданиятни тиклайлик. Маданиятни ҳаммому кутубхона, театру клуб маъносида тор тушуниш хатодир. Юртимизда қадимда ривожланган маданий институтлар системаси — масжид ва мадрасалар, Беруний ва Форобийни, Хоразмий ва Ибн Синони улғайтирган билимгоҳлар бўлган. Абдуқаҳҳор Иброҳимов маълумотларига қараганда биргина Тошкентда 1911 йилда 26 мадраса бўлган. Улардан 23 таси 30-йилларда, ундан кейин бузиб ташланган. Ҳозир шаҳарда Бароқхон, Кўкалдош ва Абулқосим мадрасалари сақланиб қолган. Бу мадрасалар маърифий фаолиятини тиклаши лозим.

Мен Москва дорилфунунида таҳсил олдим. Бироқ Тошкент ёки Самарқанд дорилфунунининг талабаси ҳам мен билан бир хил ўқув дастурига эга эди. Ахир, Шарқдаги дорилфунуннинг ўзлиги қайда? Энди биз жумҳурият дорилфунунининг тарих куллиётида Амир Темур “Тузуклари”ни Шарофиддин Али Яздий “Зафарнома”сини, Вамбери ва Клавихо саёҳатномаларини ўқитайлик, ҳуқуқшунослик факультети дастурига Исломнинг шариати, Бурҳониддин Марғилонийнинг “Ҳидоя” китобини киргизайлик, Яссавий, Сўфи Оллоёр, Рабғузий ҳазратларидан таълим берайлик, фалсафа куллиётида толиб ва талабалар ўаззолий, Нақшбандий, Румий, Бедилнинг фалсафий қарашларини ўргансинлар. Шунда биз таълимнинг Шарқ мамлакатига эга бўламиз, шунда ҳавас қилиб Хитой ва Румдан, Сўғдия ва Мисрдан талабалар келаверадилар.

Давлат муаммоларни ҳал қилмайди, ҳал қилишга пул беради, дейишади. Маданиятимизнинг тақдири ўзимизнинг қўлимизда қолди. Мустақиллик олдида хавотирга тушмайлик. Шу пайтгача қафасда эдик, ҳаётимизнинг мазмуни шу қафасни бузиш эди. Энди озод бўлгач ҳаёт янги мазмунга эга бўлиши керак. Қафасда яшаш оғир эди, лекин озод яшаш ундан-да оғир, аммо шарафли ишдир.

Жамият маданиятни қутқармаса, ўзини ҳам қутқаролмайди, чунки кўпчилик маданиятсиз бўлган ерда сиёсат ё зўравонликка, ё бебошликка юз тутади, бозор иқтисоди эмас “олиб сотарлар бозори” пайдо бўлади. Маданиятли эл ўзини ҳам улуғлайди, бошқаларни ҳам ерга урмайди.

Карим БАҲРИЕВ,

1991 йил.

Просмотров: 716 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024