Форма входа

Поиск

Календарь

«  Октябрь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 04:05
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Октябрь » 29 » “ТИРИКЧИЛИК”НИ ТИНЧ ҚЎЯЙЛИК!
17:25
“ТИРИКЧИЛИК”НИ ТИНЧ ҚЎЯЙЛИК!

“ТИРИКЧИЛИК”НИ ТИНЧ ҚЎЯЙЛИК!
«Тирикчиликнинг айби йўқ» деган гапни кўп эшитамиз, кўп гапирамиз. Қайсидир айб ишимизни оқламоқчи бўлсак, хатоларимизни хаспўшламоқчи бўлсак, «сабаби тирикчилик» деймиз. Ўғри эгри қўллигига, қаллоб инсофсизлигига, фирибгар виждонсизлигига, порахўр нафси бузуқлигига, таъмагир таъмасига «тирикчилик» дея ном қўйиб олган. «Тирикчилик» баҳона тарозудан урилади, муттаҳамлик қилинади, дўстнинг кўзига чўп солинади, пора берилади, пора олинади, одамлар алданади... 
Нима, беш панжамизни оғзимизга тиқмасак, тирикчилигимиз ўтмайдими? Тириклик фақат «тирикчилик» кўйида юриш дегани эмасдир?
Бор жонзотнинг, осмондаги қушлардан тортиб ер ва сувдаги ҳайвонлар, паррандаю даррандалар, қурт-қумурсқаларгача - барининг тирикчилиги бор. Лекин уларнинг тирикчилиги бизники каби васвасага айланиб кетмаган ва шу жиҳати билан (не уятки!) улар бугун инсониятдан устун. Бу гапга эътирозингиз борми? Унда бир эътибор беринг-а: қорни тўйган моллар яна емак илинжида бўкирмайди, гўштга тўйган йиртқич ҳайвонлар яна ўлжа излаб изғимайди, ҳатто қузғунлар бошқа ҳайвонларнинг емиш қолдиқлари билан кифояланса кифояланадики, ортиғини излаб ўзини ҳар ёнга урмайди... Бу нима, уларнинг тафаккурсизлигими? Онгсизлигими?
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло дейдики: «Эй Одам фарзандлари! Агар ҳайвонлар сизларнинг ўлим ҳақида билганларингизни англаганларида эди, ейиш-ичишдан тийилиб, оч ва чанқоқ ҳолда ўлиб кетишарди». Яна марҳамат қилади: «Эй Одам фарзанди! Ризқ учун ғам чекма. Ризқингга мен кафилман. Кафилликка олинган нарсанинг ташвишини елкангга ортма». 
Йўқ, биз бу ташвишларни бажонидил орқалаймиз: «тирикчилик экан, кўпроқ пул топмасак бўлмайди!». Обидларнинг, олимларнинг гапини гапирамиз-у, нодонларнинг амалини қилаверамиз. Лекин қай биримиз ризқимиздан ортиқ бирор тишлам нон ея оляпмиз? Дунёнинг у чеккасига югурсак ҳам, бир кунда бир қоп пул топсак ҳам, бизга ризқ қилиб белгиланганигина буюради. Ризқимиз бор эканки, неча юз минглаб масофа узоқдаги ўзга мамлакатлар боғларида пишган анвойи цитрус мевалар бозорларимизни безаб турибди. Ризқимизнинг ўзи бизни талаб қилиб келяпти, ёки ўзингиз ҳар куни Африкага бориб банан узиб келяпсизми? Унда «тирикчилик»ни ниқоб қилган васвасаларимиз нечун?

Эҳтиёжсизлик айнитади

Бир косиб йигит билан суҳбатлашдим. Қўллари меҳнатдан ёрилган, юзлари шамолу офтобда қорайган, эгни-боши бир аҳволда. Камхаржлиги туфайли ўттиз беш ёшгача уйлана олмабди. 
- Яқинда уйланаман. Ҳеч ким тоқ яратилмаган, мана менинг жуфтим ҳам бор экан, шукр, - дейди юзлари ёришиб. Ориқ елкаларини чиқариб, букчайиб олганча қўлидаги пойафзалга қатим тортади. Юзларида мамнуният, ўз ишидан, ҳаётидан қониқиш ҳисси...
Бир ишбилармонни биламан. Моддий ҳаёти тўкисдан-тўкис. Лекин доим нимадандир нолийди. Етти яшар ўғилчасига атаб қураётган серҳашам уйининг бу йил ҳам битмай қолаётганидан сиқилади:
- Менга бир бало бўлган ўзи. Ҳеч ишим юришмаяпти. Ёки кўролмаганлар «илму амал» билан йўлимни боғлаб ташлаганмикин-а?.. 
- Тирикчилик қилиш ҳам қийин бўп кетди-да, - дея нолийди бошқа гал қимматбаҳо уловига норозиланиб қараркан. - Лекин ишнинг кўзини биладиганлар мазза қилиб яшаяпти...
Одамни тирикчилик ташвишлари эмас, эҳтиёжсизлик айнитаркан. Айнимаса, қанчадан-қанча емайдиган, киймайдиган нарсаларни умри-ю соғлигини, инсонийлигини йўқотиш эвазига тўплармиди одамзот!

Қаноат қилмасак...

Тирикчилик нима дегани? Маним фикри ожизимча, тирикчилик - тирикликнинг шукронаси, тирикчилик - қаноат. Қаноат қилмадик - хиёнаткор савдогар бўлдик, риёкор ҳунарманд бўлдик, назари оч бой бўлдик, ёлғончи камбағал бўлдик... 
«Тирикчилик» деган ном остида ўзимизга шундай сиртмоқ тўқидикки, энди бу сиртмоқ тортилгани сайин оёқларимиз ердан узилиб боряпти. «Тирикчилик» шиори остида топган-тутганларимиз кўзимизни ёғ бостирди. Ўзимиздан мамнунмиз, ўзимизга қойилмиз: ундоқ қилган эдик, бундоқ бўлди, фалон тадбир қўллаган эдик, писмадон бўлди! Ваҳоланки, шу «ўлиб-тирилиш»ларимизсиз ҳам биз жуда бой эдик: Аллоҳ бизга Ерни тўшак ва бешик қилиб берди, бошимизда яхши ҳимояланган, керак пайтда бизга зиё бериб, керак пайтда парда тортадиган осмон бор, атрофимиздаги ҳайвонот ва наботот олами ҳикматларга тўла, бир қултумгина сувда катта неъмат бўлгани ҳолда, пойимизда анҳорлар оқади, тоғларнинг бағрида олтин, кумуш, лаъл, феруза сингари қимматбаҳо жавҳарлар, темир, мис, қўрғошин сингари қазилма бойликлар тўлиб-тошиб ётибди. Олтингугурт, нефт каби ер ости бойликларининг ўзи бир олам, уларнинг энг арзонбаҳо ва арзимаси - туз! Ердан униб чиқадиган ўт-ўлан ва гиёҳларнинг одамзотга келтирадиган манфаат ва фойдаларидан-ку ҳали тўлиқ хабардор ҳам эмасмиз. Бу мўъжизавий бойликлар дунёсида бизга биргина вазифа бор - ИНСОН бўлиш. Инсон бўлишни уддалолмасак... йўқ, бу ҳолда ҳам айбимизни тан олгимиз келмайди. Қиёфамизни йўқотиб бориш асносида ўзимизни инсофсизларча оқлаб ҳам оламиз: «тирикчилик деб, не кўйларга тушмайди киши...». 
Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари «Тафаккур китоби»да ёзадилар: «...Булут ёғдирган ёмғир томчисининг ҳар қайсиси ўзига белгилаб қўйилган чизиқдан четга чиқмасдан ва бир-биридан ортда қолмасдан тақдир қилинган гўша ёки водийга бориб тушади... Сен бу томчилар ўз-ўзича осмонга кўтарилиб, ерга тушаверади деб ўйламагин... Ҳар бир томчи устига кўз билан идрок этилмайдиган илоҳий хат билан у томчи фалон тоғнинг этагидаги фалон қуртнинг ризқидир ва фалон вақт чанқаган пайтда етиб боради, деб ёзиб қўйилган...». Бу дунёда арзимас бир қуртнинг ҳам ризқсиз қолмаслигини исботлаб турган ҳақиқатлар бизнинг орзу-ҳаваслар кетидан елиб-югуришларимизнинг бемаъни бир ҳаракатлар эканини далилламайдими?
Эҳтимол, бундай ҳақиқатларни тан олмайдиганлар хилидандирсиз? Майли, нима бўлган тақдирда ҳам бир гапни унутмайлик, бизнинг ўз жиғилдонимиз ва қорнимизни суйиб қилган хатоларимизга тирикчиликнинг ҳеч бир дахли йўқ.
                      Дилфуза КОМИЛОВА.

 

Просмотров: 741 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024