Форма входа

Поиск

Календарь

«  Июль 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 07:09
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2014 » Июль » 30 » “УСТОЗИМ”НИНГ УСТОЗИ (Ҳажвия)
14:18
“УСТОЗИМ”НИНГ УСТОЗИ (Ҳажвия)

“УСТОЗИМ”НИНГ УСТОЗИ (Ҳажвия)

Уни яна “устоз” десам, тилим кесилсин!..

Шу сўзим бир кун бошимга бало бўлишини қаёқдан билибман?..

 

Бунақа “муомала”га ўзилари ўргатишган. Масъул котибимиз Сайдилла Умаров заифа зотини “онам” дейди. Ҳатто, фаррош хотинни ҳам… Куракда турмайдиган қилиқларини билса-да “онам”лайверади…

Ундан “андоза” олган собиқ ҳамкурси – жингала сочли мусаҳҳиҳимиз Вали Восиқ эса ҳаммани «отам» дейди. Пўстак лақабли бу одам юз грамм отиб олганида “ота”ларининг саноғига етолмайсиз. Ҳали бўйдоқ бўлишимга қарамай мени ҳам… Товба, уни “ўғлим” дейишим керакми?..

Чиллаки чиллакини кўриб чумак ургани каби камина ҳам баъзиларни «устоз!» дея бошладим. Бу каломни айтиш билан кимларнидир шунчалик ноқулай аҳволга солиб қўйишим ҳақида эса ўйлаб кўрмаган эканман. Ана шундан панд едим… Бўлмаса, Вали Восиқни ҳам “устоз” дермидим?!

Бир пайтлари ичкилик Пўстакни сондан чиқарган экан. Қадрдон дўсти Сайдилло Умаров уни йўлга солиб, мусаҳҳиҳ қилган экан. Олий маълумотли журналист ўшандан буён кичик вазифада бўлса-да ҳар қалай таҳририятда (!) ишлаётганига шукр қиларкан.

Шифокорлар: “қачон қадаҳ кўтарсангиз, ўша – охиргиси бўлади!..” деб огоҳлантирганидан буён Пўстак шиша деган нарсага қарамайдиган бўлиб қолди. Ичкиликбозликдан у ичолмайдиган бўлиб қолгач, қутулди… Ичмай қўйгач, вазифасига бошқачароқ ёндошадиган бўлди. Ҳаммаси яхши бўлди-ю, бироқ каминанинг ижодига “қора кўзойнак” ортидан қараётгани ғашимга тегарди. Ўзи тузикроқ нарса ёза оладими-йўқми, қатъи назар айнан менинг “хато”имни топишга устаси фаранг бўлиб қолди… Тирноқ орасидан ҳадеб кир ахтараверса чатоқ экан…

Мусаҳҳиҳнинг вазифаси – саҳифани қўлёзмалар билан солиштириб, имловий хатоларини тузатиш. У бўлса, “таҳрир”га киришиб кетади; қизил қалами билан бўяб, ўзича “ижодий” ёндошаётганини кўз-кўз қилаверади. Бўлмаса, шуям гапми; “сабабли” сўзини “туфайли”, “аммо”ни “бироқ” қилиб ўзгартириб чиқади-да, бош муҳаррирга кўрсатади. Бу билан: “ёш журналист ёза олмайди” деган “даъво”сини исботлашга чиранади…

Ҳақлигимни исботлашга ҳаракат қилсам – юзгачопар, деган маломатга қоламан. Тилимни тишлаб юраверсам, “нўноқлигим”ни тан олган бўламан… Бир нарсани тушунмайман; фисқу фасоддан ҳузур қиладиганлар исталганча топилади-ю яхшиликни қўллаб-қувватлайдиганлар негадир анқонинг уруғига ўхшайди. Худо ёрлақаб, жуда зўр асар яратсам ҳам уни йўққа чиқаришга қодирлар топилади. Битта Пўстакнинг ўзи автар-астарини чиқариб ташлаши ҳеч гапмас. Ўшанда баъзиларнинг қийқириб кулишларини бир кўрсангиз…

Ҳақиқат минг эгилиб-букилмасин, у барибир синмаслигига ишонаман. Пўстакнинг “таҳрир”ини тан олмай, «бўялган» мақоламни шарт республика газеталарига жўнатардим! Катта газетада ёритилгач, ғолиблик шоҳсупасини ишғол этгандек ҳис этардим ўзимни! Қилдан қийиқ топишга устаси фаранг Пўстак бунга ҳам лой чапларди:

– Ўша таҳририятларни “ўтмас пичоқ”лар босиб кетди. Биз билан бирга ўқиганда бурнини зўрға артиб юрадиганлар энди бош муҳаррир, ўринбосар, масъул котиб, бўлим мудири… Талабалик пайтимиз улар ёзган машқларини менга кўрсатишга юраклари дов бермасди. Ҳаммасини чизиб ташлардим! Қачон “оргинал” нарса, теша тегмаган мавзуларни ёзасилар деганларим сира эсларидан чиқмаса керак. Ана ўшалар раҳбарлик отига миндими, газетаси ўлди деяверинг. Бизнинг “Олға” – туман нашри бўлса-да, уларникидан анча савияси юқори! Олди-қочди нарсалар бизда ҳечам чиқмайди!..

Бу билан у ўзини катта таҳририятдагилардан ҳам каттароқ тутар, айни вақтда менинг материалларимни “олди-қочди”га чиқарарди!..

Шунда ўзимни гўлликка солиб, “жон жойи”дан тутаман, дилимда пайдо бўлган гапни тилимда сал бошқача ифода этаман:

– Ўзингиз нега ёзмайсиз?

Бу – “ўзинг ёза олмайсан-ку” ёхуд “ёзиш қўлингдан келмайди-ю…” деганим бўлади. У эса одатига кўра тағин осмондан келади:

– Шунақа ёзгандан кўра ёзмаган маъқул!..

– Хўш, қанақа ёзиш керак?..

Саволим жавобсиз қолади. Гўё у бу ҳақда гапиришни эп кўрмайман, деган қабилда бошини ликкиллатиб қўя қолади.

Оқ сочлари оқиллигидан далолат бериб турадиган бош муҳарриримиз Доно Оқилович унча-мунча гапга учмасада негадир Пўстак айтганларини маъқуллайверади. Ўзи таҳрир санъатини яхши билсада менинг “нўноқлигим” ҳақидаги уйдирмаларни инкор қилмайди…

…Ўзларича ёш кадрни шу йўсинда тарбиялаётгандир?..

(…Ўша хулосам нақадар тўғри эканлигига кейинчалик иймон келтирдим. Йиллар ўтиб, бош муҳаррир бўлганимда айрим «сиркаси сув кўтармайдиган», «ҳавойи» ёш ҳамкасбларни тарбиялашда устознинг шу усули роса қўл келган!..)

Пешонаси ярқираган бўлим мудиримиз юқорироққа кўтарилиб кетгач, ўрнига кимни қўйишаркин, деган савол тинчлик бермай қўйди… Ўзимдан бошқа ким ҳам бўларди! Шундоқ умид қилишимга асос бор; уч йилдан бери Маданият бўлимида фаол ишлаётган, «Олға»нинг олға қадам босиши учун бор кучимни сарфлаётган бўлсам!.. Баъзи раҳбарлар ибораси билан айтганда «пишиб-етилиб!» қолган кадрман… Буёғини очиқ айтадиган бўлсак, ёшларга эътибор берилсин, дея энг юқоридан ҳам қўллаб-қувватлаб туришибди!

Долзарб мавзудаги мақолаларим шов-шувларга сабаб бўляпти! Эрталаб ойнаи жаҳонда намойиш этиладиган «Газеталар шарҳи»да номим жаранглаб туради! Қанча танловлар ғолиби бўлганман. Ютуқларимни кимдир билиб-билмасликка олиши ё ҳасад ўтида бурнини жийириб қўйиши мумкин. Бош муҳарриримиз эса истеъдодли ёщларга ғайирлик қилмаслигига ишонаман! Адолат юзасидан каминани шу лавозимга тайинлашса, ютқазмаслигини у киши яхши тушунади!..

Амалпараст экан, деб ўйламанг. Гап шундаки, бирор савлатинг қурғур мудир бўлиб қолишидан юрагим безиллайди. Ёзиш қўлидан келмайдиганлар таҳририятда истеъдодлиларнинг кушандаси бўлишади… Бировнинг ижодини «бўғиш»ни қойиллатишади. Шулардан биттаси – Восиқ! Бу пиёнистага амал тегиб қолса борми… Бўлмаса, «учинчи даражали» лавозим – таҳририят касаба уюшмаси раиси этиб сайланганидан буён менинг қадамимни ўлчаб юрадиган одат чиқарган. Бошқа газетада мақолам чиқди дегунча айюҳаннос солгани солган. Гўё маошни бу ердан олиб, бошқаларга хизмат қилаётган эмишман… Сўнг, «интизомсизлик қилганим» учун «тушунтириш хати» ҳам ёзишга мажбур бўламан. Менга кўрилган чора эса раҳбарларимиздан бири – масъул котибимизга жуда ёқади…

Дилимда борини бош муҳаррирга дангал айтишга истиҳола қиламан. Амал талашяпти, деган фикрга бориши ҳеч гапмас. Мудирликка кимдир тавсия этса-да!.. Хўш, ўша жонкуярим ким бўлиши мумкин? Қуюқ қошлари сермулоҳаза эканлигидан далолат бериб турадиган масъул котибимизнинг гапи тош босади! Бирор иш усиз битмайди-ку…

Хўш, дилимдаги гапни қовоғидан ҳамиша қор ёғиб турадиган Сайдилло акага қандоқ айтаман? “Ёш бўлсанг ҳам амалпараст экансан-а” дея дашном берса-я?! Ёки ҳар нарсага етган ақли шунга қолганда ҳам оқсамай, ўзи мени бўлим мудирликка тавсия этмоқчидир? У ҳолда ишни бузиб қўймайманми?.. Мен ҳақимда мутлақо ўйламаётган бўлса-чи? Кеч қолсам, нима дейиши аниқ: «после пожар…»

Қай бир масалада ҳам «ўзи билар» деб юравергандим. Аксинча бўлгач, гина қилсам шундоқ деганди: «Ичимдагини топ» демай, очиқча айтсангиз бўлмасмиди?! Дангал гапирганни яхши кўраман!..

Ўзи шундоқ деб турган одамга нега дардимни айтмаслигим керак? Ахир камина ҳам таҳририят келажагини ўйлаб… Демак, отни қамчилаш зарур!

Гоҳо инсон ўз илдизига ўзи болта уриб яшаётганини билмаскан. Ахир, энг яхши гапим бошимга тўқмоқ бўлиб тушишини қаёқдан билай? Умрида бирор нарса ёзмаган масъул котибга «устоз» дейишим қандоқ таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабман…

«Устоз!» дейишимдан масъул котибнинг аввал энсаси қотди. Дилимда унга ўзимни ҳеч қачон шогирд ҳисобламаслигимни сезсада, индамади. Аммо хушомадим ёқаётгани қийиқ кўзларидан аён билинарди.

Ишларим юришаётганини кўриб, ўзимча хулоса чиқардим: «Илгарироқ фалончиларгаям шунақа муомала қилганимда, қанча ишим битиб, эшагим лойдан ўтаркан!». Шу-шу «устоз»ларим кўпайиб кетди… Ишим тушган зот борки – «устоз!» Навбатчи бўлган куним ҳатто Пўстакни ҳам устоз дейман. Ўзида йўқ суюниб кетган мусаҳҳиҳ бунга жавобан «отам!» деб қўяди…

Маданият бўлимини мудирсиз ҳам гуллатиб юрибманми, энди адолат юзасидан каминани шу лавозимга тайинлаб қўя қолишса бўларди. Негадир «ташкилий масала» раҳбариятимиз хаёлига келмаётганга ўхшарди. Ахийри, масъул котибдан ўсмоқчилаб сўрадим:

– Шу-у… бўлим мудирлиги масаласи нима бўларкин?..

– Қанақа мудирлик?!– Кўзойнаги оша кўз ташлади Сайдилло ака.– Тушунмадим?

– Бизнинг Маданият бўлимига мудирликни айтаяпман…

– Ҳозир шу зарилмиди?– Қўлидаги линейка ва қаламини макет қоғози устига ташлаган кўйи зарда қилди у.– Хўш, кимни қўяйлик? А?! Шахсан сиз кимни тавсия этасиз?..

Бу қадар бигизли саволга нима деб жавоб беришим мумкин? Қай бир шеърда ёзилганидек «Мени сайланг…» дейинми? Ҳозир тешиб юборгудек тикилиб турган масъул котибнинг кўзига қарашдан кўра пориллаб ёнаётган «сварка»га тикилиб туриш минг марта осонроқ эди… Тағин «қовун тушириб» қўйишдан истиҳола қилганча елка қисиб қўя қолдим.

Ўша «хатоим» туфайли шунчалик жабр кўришни билганимда бир умр тилимни тишлаб юрмасмидим…

Ўша онданоқ Сайдилло аканинг муносабати ўзгариб қолди. Ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқман… Энг ёмони, ёзган нарсаларимни бўяйдиган қалам иккита бўлди. «Летучка»да фақат менинг «бўш-баёв» мақолаларим муҳокама қилинади, аниқроғи – қораланади. Ҳеч бир сабабсиз мукофотлардан маҳрум этишади, мақолаларимга қалам ҳақи ҳаминқадаргина қўйилади… Сабабини сўрасам, нима дейди денг:

– Амал талашганингиз камлик қилгандек энди беш панжаниям оғизга урмоқчимисиз?.. Қайси ахмоқ ўзига мукофот сўрайди? Мукофот фақат яхши ишлаганларга рағбатлантириш мақсадида берилади!

– Мен кимдан кам ишлаяпман?!– Тутақиб кетдим бир куни.

– Ия, ия,– деди масъул котиб ясама илжайиб.– Ҳали ҳаммадан кўп иш бажараяпман, денг! Доно Оқиловичдан ҳам кўпроқ ишлаяпман, дерсиз? Хўп, унда бош муҳаррирга бериладиган мукофотни сизга берамиз! Қутулдикми?

Шу тобда қўшни хонадан мусаҳҳиҳнинг ғўлдираган товуши эшитилди:

– Ахмоқ ўзини мақтайди…

Шунақа «қўланса» гапни эшитгандан кўра бемукофот юрганим минг марта афзал эмасми? Тилимни зўрға тишлаганча хонадан отилиб чиқдим…

Мен қанчалик камтар бўлишга интилсам, масъул котиб билан мусаҳҳиҳ шу қадар ҳаддидан оша бошлади… «Ўйин» сабаби навбатдаги «летучка»да ошкор бўлди. Ҳафта мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирган Сайдилло Умаров  газетамиз муваффаққиятли чиқишида бош муҳарриримиз ва тажрибали ходимларнинг меҳнатлари салмоқли бўлаётганини алоҳида таъкидлагач, мен томон бир кўз ташлаб, томдан тараша тушгандек нима дейди денг:

– Толмас Тошбек ёш бўлса-да…– У ўқчиб қолди. Ҳозир «ёш бўлса-да, қалами ўткир журналист!» қабилидаги гапларини кутгандим. Афсуски, гап нишаби бошқа ёққа бурилди.– … анчагина қувлиги бор. Бизнинг соҳада, ҳа, айнан бизнинг таҳририятда бунақаси кетмайди!..

Келишиб олгандек худди шу пайт Пўстак устма-уст акса урди.

Ҳамма менга қаради.

Доно Оқилович «давом этаверинг» дегандек масъул котибга юзланди.

Бундан «илҳомланган» масъул котиб «нутқ»ини давом эттирди:

– Мана бу каби,– деди у қип-қизил қилиб бўялган қўлёзмаларимни кўрсатиб,– ўта таҳрирталаб қилиб ёзишини айтмасам ҳам бўлади. Сийқа гап ва жумлалари жонга текканини ҳам гапирмоқчи эмасман. Бахтимизга Вали Восиқ шунақа хом нарсаларни пишитиб, эпақага келтириб беряпти. Ҳозир бошқа нарсани айтмоқчиман; ёш ходимимиз муомаласини тузатиб олсин… Хафа бўлсаям юзига айтаман: худди масхара қилгандек қайдаги қаланғи-қасанғиларга қўшиб мениям «устоз» дейишини сира ҳазм қила олмаяпман. Очиғи, ўз ўрнида айтилмаган ёхуд носамимий айтилган гап худди ҳақоратдек туюларкан. Катта адиблар билан суҳбатлашганда ҳам уларга «устоз» дейишга истиҳола қиламиз. Аслида уларни ҳар қанча устоз дея эъзозласак арзийди!.. Бироқ… майли, уёғини айтмай қўя қолай. Энди-и мен аламимни ичга ютиб ўрганганман. Толмасжон ўзича мени калака қилишини ҳам яхши биламан. Бироқ, Доно Оқиловичга ҳам, у кишига ғайирлик қилиб юрган босмахона директорига ҳам бирдек «устоз» дейишига қандоқ тоқат қилиш мумкин?.. Тунов куни директор ўз оғзи билан нима дейди, денг: «Анови шоирсифат боланинг устоз-устоз дейиши жонга тегди, ахир, мен шеър ёзмасам…»

Гур-р кулги кўтарилди.

Кулгини авжига чиқариш учун Пўстак атай чапак урганча хо-холарди…

Бопладимми, дегандек, Сайдилло Умаров ясама тиржайганча ҳаммага бир-бир кўз ташларди.

Фақат, Доно Оқилович вазмин ўлтирар, қуюқ қошлари остидан ғалати қараб қўярди…

Ўҳ, номард! Қандоқ нишонга урди-я. Қанчалик устамонлик қилди-я… Худди аксиомадек – исбот талаб қилишга мутлақо ҳожат қолмайдиган гап!.. Бу гап туҳмат эканлигини исботлаш ҳам шарт эмас. Исботлаганинг билан фойдаси йўқ. Бош муҳаррир билан босмахона директори ҳеч қачон келиша олмаслигидан қандоқ зўр фойдаланди-я…

Ўзимни оқлаш учун бош муҳарриримизга ётиғи билан тушунтиришга уриндим:

– Устоз…

Доно Оқилович «бас!» деган маънода қўлини шартта кўтарди:

– Менга бошқа «устоз» деманг!..

«Ўйин»да ғолиб чиққан масъул котиб эса яна нишонга урди:

– Мени ҳам!..

Шунда гўё орага тушган совуқчиликка барҳам бермоқчидек Пўстакнинг луқмаси қизиқ бўлди:

– Аммо лекин, мени бемалол «устоз» деяверинг…

Бу гал у негалир «отам» демади. Гўё мен бунга арзимайдигандек ғалати термулди. Шу қарашида ойнаги ортидан ҳақиқий кўзларини кўриб қолдим; у ҳам қўйнини тошга тўлдириб олгани, мабодо «ортиқча гап» айтсам, ҳужумга шай тургани аниқ эди… Демак…

Шалвираб қолганимни кўргач, масъул котиб асл муддаосига ўтди:

– Айтса-айтмаса, Вали акангизни устоз десангиз арзийди. Тарбиясини олсангиз ютқазмайиз. Аввало камтарлиги сизга сабоқ бўлсин. Қаранг, ҳар бир ишини билиб қилади. Ҳатто, сиздан ёрдамини аямайди, яъни, бўш-баёв мақолаларингизни эринмай таҳрир қилади. Сиздан беш-ўн кўйлакни ортиқ йиртганига қарамай амал талашмайди! Бўлмаса, қанча лавозимларга таклиф қилгандик. Йўқ, ҳақиқий ижодкор учун мансаб ортиқчалик қилади, дегани деган. Энди-и, бош муҳарриримиз маъқул десалар, Вали Восиқни шу бўлим мудирлигига тайинлашнинг фурсати етган!..

Ўзидан бўлак ҳеч кимни тан олмайдиган мафкура бўлими мудирининг ҳам луқмаси қизиқ бўлди:

– Ёш ҳамксбимиз чиндан ҳам Вали акадек устозидан ўрганиши керак!

Бош муҳарриримиз сукут сақларди.

Пешонамдан чақмоқ ургандек бўлди.

Юрагимга нимадир ханжардек ботди.

Мансаби бошидан қолсин, шу тобда ундан минг чандон қимматроғини бой бергандим, яъни, Доно Оқиловичдек ҳақиқий устозимни ўз номи билан аташдан жудо бўлгандим…

Қайдаги қаланғи-қасанғиларни «устоз» деган тилимни узиб олгудек тишлардим…

 

Тўлқин ЭШБЕК

Просмотров: 894 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024