Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Понедельник, 20.05.2024, 00:18
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 12 » БЕЗОВТА РУҲ
15:37
БЕЗОВТА РУҲ
БЕЗОВТА РУҲ
Кўкни булут қамраб, енгил ёмғир ёғмоққа бошлаганди. Қиз 23 ёшлар атрофида бўлиб, эгнига оппоқ халат ташлаб олганди. Деразадан ёпирилиб кирган шамол қоп-қора сочларини тўзғитиб, уни янада жозибакор қиёфага солди. Шу вақт телефон безовта жиринглади. Гўшакни кўтарган қиз бир оз тинглаган бўлиб, "ҳозир чиқаман", деди. Эшик олдида уни ички ишлар бўлимига қарашли хизмат машинаси кутиб турарди. Сабрия воқеа содир бўлган жойга етиб борганда у ер хавфсизлик ходимлари томонидан ўраб олинганди. Бир неча сураткаш, ерда узала тушиб ётган жасадни суратга олиш билан овора. Сабрия эътибор қилди. Бу 26 ёшлар атрофидаги, кўк рангдаги варонка куртка ва шимдаги жувон эди. Марҳуманинг уст боши бурдалаб ташланган, танаси жароҳат изи билан тўлиб тошганди. Юзи таниб бўлмас даражада, бош суяги мажақлаб ташланганди. Қотил ишини ўта ваҳшиёна тарзда, ҳаттоки жуда бемалол, одатий ва оддий юмушни бажараётган сингари амалга оширганди. Марҳумани ўлгандан сўнг ҳам, бетон плиталар узра обдон судраган кўринади, ҳаммаёқ қон. 
-Ўҳ-ҳў, иш мен ўйлагандан жиддий-ку?
Қиз ортига ўгирилди. Ўнида костьюмини елкасига ташлаб олган, оқ кўйлак, қора шимдаги сочи калта қилиб олинган, оқ-сариқдан келган йигит турарди.
-Муслимбек,-дея ўзини таништирди йигит.
-Сабрия.
-Экспертсиз, шундайми?
-Ҳа.
-Бу қотиллик сизга ғайри-одатий туюлмаяптими?
-Ҳа, шундай. 
-Менга сиз билан бирга ишлаш топширилди. Бирор янгилик бўлса, хабардор қилинг.
-Хўп, миннатдорман.
-Ҳозирча! Йигит шундай дедию узоқлашди. Сабрия бир муддат йигит ортидан тикилиб турди-да, ишга киришди. Эртаси тушдан сўнг йигит кириб келди. 
-Мана, марҳума Узукжамол Хўжаева, 27 ёшда. Маълумоти олий. Ҳеч қаерда ишламас экан, -деди Муслимбек. Уни қотиллик юз берган тунда, "Олтин балиқ" барида бир йигит билан кўришган. У йигит Маннон Ортиқов бўлиб чиқди. Маҳаллий тадбиркорлардан, бенза калонкаси, иккита савдо дўкони бор экан. Марҳума билан бир олийгоҳда таҳсил олишган экан. Йигит ҳозирча қидирувда.Сизда нима гап?
-Ҳеч гап йўқ, -деди қиз. Иккита қовурға синган, бош суяги мажақланган. Чап қўл билак суяги ва тос суяк ҳам синган. Ички аъзолари эзилиб кетган. Бу одатдаги қотиллик эмас. Нимасидир ғалати.
Муслимбекнинг қўл телефони жиринглади.
Яна бир қотиллик, юринг, мен билан -деди у. Машина ўз манзилига етиб борганда мазкур майдон одамлар билан гавжум эди. Оломонни ёриб ўтишгач, таниш манзарага рўбарў келишди. Йўлакча четида ётган жасад четида худди кечагидек, сураткашлар суратга олиш ишларини олиб боришмоқда. Ўғиб ўтган ёмғирдан сўнг қоронғуликда асфалт йўл ялтираб кўзга ташланади. Марҳум кечаги марҳумага тенгдош йигит бўлиб чиқди. Қотиллик аломатлари ҳам ўша-ўша. Атрофдаги симёғочлар ҳам, асфалт йўлакча ҳам марҳумнинг қони билан бўялган. Асфалт йўлакчада аёвсиз тарзда судралганидан бўлса керак, марҳумнинг юз териси буткул сидирилиб тушиб, очилиб қолган оппоқ жағи суяклари узра тўдаланиб, хунук осилиб, чакиллаб қон томиб турарди турарди. Оломон кечаги тундаги қотилликдан ҳам хабар топган, даҳшатли, аёвсиз қотил ҳақида ҳар ким ўз билганича фикр юритарди. 
-Қотилликнинг гувоҳи йўқми?-сўради Муслимбек, оломонни тинчлантиришга уринаётган ички ишлар майоридан. 
-Бир кампир бор, алкаш. Унинг кўрсатмаларига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмаяпмиз,-деди у. 
-Қани, менга уни кўрсатинг!
Олтмишларни қоралаб қолган, қоқсуяк, рус кампирни унга рўбарў қилишди. 
Нимани кўрдингиз, онахон?-Mуслимбек кампирга рўбарў келиб кўзларига тикилди. 
-У билан бир йигит ҳам бор эди,-дея гап бошлади капир, марҳумга ишора қилиб. -Кейин кутилмаганда, бу осмонга учиб кетди, худди кимдир уни кўтариб учиб кетгандек. У бақириб юборди, шериги эса атрофга аланглаб олди-да, қочиб кетди. Бу ерга келиб урилди, яна учди. Яна урилди. Учди. Ҳаммаёғи қонга бўялди. Кейин уни ҳув анави, -кампир рўпарадаги беш қаватли иморатнинг тўртинчи қаватидаги қон доғлари сачраган бир неча жойни кўрсатди,-жойга олиб бориб урди. Кейин асфальт бўйлаб роса судради. Аммо ҳеч кимни кўрмадим.
Муслимбек ўйланиб қолди. 
-Бу кишини ушлаб турингизлар, гапида жон бор кўринади. Сиз,-у Сабрияга мурожаат қилди,-мен билан юринг!
Улар марҳумнинг шахсини аниқлашди,-бу Маннон Ортиқов бўлиб чиқди. У билан бирга бўлган ва қотиллик вақтида қочиб қолган шахс, унинг дўсти, Акрам Алияров экан. Акрам Алияров марҳум ва марҳума билан бирга олийгоҳда ўқиганлиги ҳам маълум бўлди.
Оиласи, ота-онаси ҳам Акрамнинг қаерда эканлигини айтиб бера олишмади. Излаш ва изланишлар эса самара бермасди. Шунда Муслимбек барча гап уларнинг олийгоҳда ўқиш вақтидаги даврга боғлиқ деб билди. Ишни уларнинг курсдошларини излашдан бошлади. Уларнинг манзилларини аниқлашгач, иккиси икки томонга йўл олишди. Самарқанд, Бухоро, Хоразм, хуллас, республикани кезиб чиқишди. Сабрия қоронғу тушавериб, Қашқадарё вилоятига кириб борди. Муслимбек қўнғироқ қилиб, бир неча соатдан сўнг етиб боришини, гап борлигини айтди.
Сабрия тоғ-даралар орасида жойлашган қишлоққа кириб келганда, атрофни зулмат буткул қамраб олганди. Уни 27 ёшлар атрофидаги, хонадон соҳибаси Саида Маматмуродова қарши олди. Унинг зафаърон юзига кўз ташлаб, Сабрия уни узоқ вақтдан буён дард қийнаб келаётганлигини англади. Уйдан ҳам дори ҳиди баралла анқиб турарди. Сабрия муддаога кўчди, аммо қотиллик ҳақида сўз очмади. 
-Ҳа, танийман уни,-дея гап бошлади у. -Мен Акрамни севардим. У вақтларда мен кўримсиз ва инжиқ қиз эдим. Акрам эса жуда бадавлат хонадоннинг фарзанди эди. Билмадим, қандай қилиб, кутилмаганда у қалбимга кириб келди. Аммо у мени менсимасди, шу сабаб муҳаббатим яширин дардлигича қолиб кетаверди. Акрам ва Маннон дўст бўлиб, Узукжамол Акрамнинг эрмаги эди.
Орадан бир йил ўтиб, иқтисод бўлимига Нафиса исмли қиз ўқишга келди. У чиндан бошқача эди. Қиз бола бўла туриб, ҳали ҳеч қачон қиз болага бу қадар ҳавас ва ҳасад қилган эмасман. Табиат унга жуда ортиқча жозиба ва ҳаддан зиёд мурувват кўрсатиб юборганди. Тоғлик бу қизнинг юзи биллурдек тиниқ, жуда оқ, қош кўзлари ёниб турарди. У камдан-кам жилмаяр, ним табассуми ва фусункор нигоҳи ҳар қандай йигитни довдиратиб қўярди. "Шу қиз ҳам одам боласига кўнгил қўярмикан?"-деб ўйлардик. Кейинчалик маълум бўлдики, у бир қишлоқлик Муҳаммад исмли йигитни яхши кўрар экан. Бу дув-дув гап бўлиб кетди. Акрам ҳам бу қизга бефарқ эмасди. Биламан, у қизнинг кўнглини овлаш учун жуда кўп уринди, нафи тегмади. Ахийри пасткашлик йўлига ўтди, шериклари билан қизни ўғирлашди. Муродига етгач, номусга чидай олмаган қиз ўз жонига қасд қилди. Муҳаммад улар билан муштлашиб, Акрам ва Манноннинг дабдаласини чиқаради. Узукжамол гувоҳликка ўтди... пул ўйнади. Хуллас, Нафисанинг топталган номуси Муҳаммаднинг бўйнига қўйилиб, Акрам ва Маннон ҳимоячига айланди. Қамоқхонада эса Муҳаммад уларнинг ёлланма одамлари томонидан обдон калтакланади. Орқа мияси қаттиқ лат егач, Муҳаммаднинг оёқ қўллари ишламай қолди. Қамоқдан озод қилиниб, уйига қайтариб юборилганлигини биламан. Бошқасидан хабарим йўқ, лекин, уларнинг муҳаббати чиндан гўзал муҳаббат эди,-дея гапини тугатди Саида. Тонгга яқин Муслимбек ҳам етиб келди. Ҳайрон қоларлиси, унинг ранг-рўйи жуда ўзгариб кетган, мутлақо бошқа одамга айланган, фақат алланимасидиргина унинг Муслимбек эканлигини англатиб турарди. "Тоби йўқдир-да", деб ўйлади у. Саиданинг эса ранги қув учди. Сабрияга киши билмас, "шу", "шу",-дея имо қилди. Қиз буни англамади.
-Тобингиз йўқми?-сўради қиз.
-Ҳаммаси жойида, эътибор қилманг, ўтиб кетади,-деди Муслимбек сирли жилмайиб. Воқеа биз ўйлагандан мавҳумроқ, менда хоҳлаган одамнинг қиёфасига кира олиш қобилияти бор. Аниқладингизми? 
-Аниқладим!
-Мен ҳам. 
Илк маротоба учрашиб туришганига қарамай, хонадон соҳиб ва соҳибалари Муслимбекни жуда катта эҳтиром билан қарши олишди. Муҳаммаднинг отаси Муслимбек билан кўришар экан ҳайрати ва кўз ёшларини яшириб ўтирмади.
-Ўғлим, ўғлимга ўхшар экансиз!-деди у ҳирқироқ овозда. -Худди ўғлим қайтиб келгандек бўлди, тавба, одам ҳам шундай ўхшаш бўладими?
-Ўзи қаерда?-сўради Муслимбек. 
-Икки ойдан ошди, қўйганимизга,-деди отахон. 

-Акрам шу ердами?

-Ҳа, шу ерда,-деди отахон.

-Унда, ҳаммасидан хабарингиз бор эканда?

-Ҳа, хабарим бор. Мендан ёрдам сўраб келди. Боламнинг қотили, оёғим остида тиз чўкиб ёрдам сўради. Худонинг иши, иродаси дедим. Йўқса, у манфурни шу қўлларим билан бўғизлаб ташлардим. Ўн кун бўлди уйқу нелигини билмайман. Ҳар тун у келади. Кундуз кунлари тинч, ҳаммаси тунда бошланади. Бўкиради, чинқиради, деразани муштлаб, эшикни тортқилайди. Мен эса боламнинг қотилини сақлаш учун тонгга қадар Қуръон тиловат қилиб чиқаман. Бир лаҳза тин олмайман, агар тин олсам, сақлай олмай қоламан. Қироатни бошлашим билан, у атрофда шарпа каби кеза бошлайди, фурсат пойлайди. Ҳолим қолмади, қарилик қилаяпман. Ўғлим, сиз ёрдам қилмасангиз, йигитчанинг ҳоли ҳароб. 

-Мени уни ёнига бошлаб боринг!

-Юринг, ўғлим.

Кичкина хоначада у кўрпачага буткул бурканиб олганди. Отахон унинг устидан кўрпани тортиб олганди, Акрам чинқирганича деворга қапишиб олди. Қўрқувдан унинг кўзлари катта-катта очилиб кетган, дағ-дағ титрарди. 

-Сен?!...Сен?!!-деди у Муслимбекка бақрайганича дилдираб.

Муслимбек жавоб қилишга фурсат бўлмай, кутилмаганда, у бақириб йиғлаганича, Муслимбекнинг оёқларига ёпишиб олди. Тинмай кечирим сўрай бошлади. Қўрқувдан у ақлдан озар даражага етганди.

Муслимбек, Сабрия ва отахон билан биргаликда хонадан чиқишди.

-Сизлар шу ерда бўлиб, ундан кўз қулоқ бўлиб турингизлар, бир жойга бориб келаман. Қоронғу тушгунча улгуришим керак. Назаримда, унинг ҳам сабри тугаган кўринади,-деди Муслимбек.

-Шундай қилинг, болам, менинг ҳам чидамим тугади, кучим етмайди,-ўтинди отахон.

Муслим йўлга тушгач, улар Акрам жойлашган хона томон юришди.

Қош қорая бошлагач, барчалари баробар хавотирга тушишди.

-Улгура олмаса-я, болам?

-У улгуради, ишонаверинг, ота-деди Сабрия.

Қоронғу тушиб, осмон фонида юлдузлар милтиллай бошлади.Барча юрак ҳовучлаган. Акрам бошини кўрпага буркаб олди, отахон титраганича тиловат қилишга тутинди. Сабрия юрак ҳовучлаган, бунинг оқибати нима билан тугашини кутар, ичида тинимсиз билган оятларини қўрқув ва ҳаяжоннинг зўридан пала-партиш ўқирди. Ҳовлида енгил шабода турди. Тезда кучайиб, қуюнга айланди. Дераза ойналарига қум, майда тошлар сочилиб урилар, дарвоза тинимсиз ғичирларди. Ойналарнинг бири синиб ичкарига шабода ёпирилди. Ҳовлида нимадир жаранглаб кетди, аёл кишининг чинқириғи эшитилиб, жавондаги идишлар ерга тушиб сина бошлади. Чироқ ўчиб ҳаммаёқни қоронғулик қамраб олди.Толиқди шекилли, отахонинг овози бўғриқиб чиқа бошлади, шамол эса кучайди.Хона ичида ҳамма нарса ағдар тўнтар бўлди. 

Бу вақтда Муслимбек йўлда эди. Телефони жиринглади.

-Муслимбек,-Сабрия қўрқувдан энтикар, овози титрарди. -У келди, Акрамни олиб кетди,-дея йиғлаб юборди.

-Хавотирланманг!-деди йигит.

Улар кенг дала оралиғидаги қабристонга етиб келишганда узоқдан "гуп" этган шовқин ва кимнингдир инқиллаган овози эшитиларди. Машинанинг орқа эшиги очилиб, калта бўйли, тепакал, корейс миллатига мансуб кекса киши тушди.

Қабристон ўртасига етишганда, ғалати манзарага кўзлари тушди: Акрам ҳавода қўлларини силкитганича муаллақ турар, ҳар-ҳар дамда ерга зарб билан урилиб, яна ҳавога кўтариларди.

Улар яқин келишгач, ёруғлик кучайиб, жуда гўзал қиз пайдо бўлди. У Нафиса эди. Ундан бетакрор гўзал ва нафис тарофат таралиб турар, гўзал шаклу-шамойили, ҳусни жамоли билан малакларга ўхшарди. 

-Сиз?-деди руҳ янада порлаб йигитга кўзи тушгач. 

-Йўқ, мен у эмасман,-деди Муслимбек. -Илтимос, уни қўйиб юбор. 

-Йўқ, у менинг бахтимга раҳна солди. Бизни ўлдирди.Уни келади, дейишганди, кутиб олмоқчи эдим. У бошқа оламга тушди, кўра олмадим, кўп қувват йўқотиб, йўлдан адашдим.

-Мен кетишинггга ёрдам қиламан, илтимос уни қўйиб юбор. Қасос олгувчи бор, яқин. Барчасини Унга қўйиб бер! 

Корейс отахон қиз қабрини кавлай бошлади. Майитни чиқариб олиб, узоқ тиловат ўқиди, кейин қандайдир суюқликни унга сепиб ўт қўйиб юборди.

Жасад ловиллаб ёна бошлади. Руҳ Акрамни итқитиб юборди. Йигит "ҳиқ", этиб ерга тушди. 

-Вужудингда армон қолганди, бу кучингни бўлган. Уни биз дуо ва олов билан бартараф қилиб, сени халос қилдик, энди қайтишинг мумкин,-деди Муслимбек. Унинг сўзи тугар-тугамас самодан руҳ боши узра илоҳий бир нур тушди ва руҳ майин табассум қилганича кўздан ғойиб бўлди.

Акрам эса тиз чўкканича йиғлаб юборди. Муслимбек унга ачиниш билан кўз ташлади-да: "Кетдик, ҳаммаси тугади", деди. Бу иш чиндан ҳам тугаганмиди ё...

АНВАР НАМОЗОВ
Просмотров: 794 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024