Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 23:31
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 12 » ЙИҒЛАЁТГАН КОНДУКТОР
15:58
ЙИҒЛАЁТГАН КОНДУКТОР
ЙИҒЛАЁТГАН КОНДУКТОР
Фарзанд - дилбанд,
Фарзанд - қанот.
(Мақол)
Эрта тонгдан ишга отландим. Янги иш жойим шаҳарнинг нариги четида. Янги ходим бўлганлигим учун ҳаммадан вақтлироқ бориб, бошлиқ кўнглидан чиқишга тиришардим. Бунинг учун эрталаблари болаларни уйқудан уйғотиб юбормаслик учун эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилдим. Эшикдан чиқаётганимда улар ширин уйқуда ётишганди. Бундай манзарани кўриб, бир зумга болалигимга қайтишни қўмсадим: «Бахтли болалик...»
Тонг бироз салқин, қуёш уфкдан энди бош кўтармоқда. Кўчага чиққанимдан керакли йўналишдаги автобус келди. Буни ҳам ўзимча бугунги кундаги омадимни белгиси деб билдим, кайфиятим анча кўтарилди. Автобус деярли бўш эди. Ўриндиққа жойлашиб олиб, бугунги режаларим ҳақида яна бир бор ўйлаб, ойнадан шаҳарнинг тонгги манзарасидан завқ олиб кета бошладим. Кейинги бекатга етганда кондукторнинг бақириши қулоқни қоматга келтирди - у йўловчи чақирарди.
Кондуктор эндигина эътиборимни тортди. Ёши ўн беша ҳам етмаган, сочлари жингалак, ўзи қорачадан келган, эгнида ўзига катта жемперни ўраб олган. Кўзлари уйқуга тўймагани шундоқ билиниб турарди. «Ўғлим билан тенгдош экан» деб хаёлимдан ўтказдим. Шу пайтда фарзандларимнинг ширинги-на бўлиб ухлаётгани кўз олдимда гавдаланди. «Бахтли болалик...»
Йўловчилар автобусга чиқди, автобус силжиган вақтда бола эшикка суяниб, мудрай бошлади. Совқотди, шекилли, жемперини тортиб ўраниб олди. Яна уйқу элита бошлади. Автобуснинг чайқалиб юриши уни оҳиста тебратар, у тик турганча кўзларини юмиб кетарди. Кейинги бекатга келганда ҳам бола уйғонмади, автобуснинг эшиклари бирдан очилишидан ташқарига ағанаб кетди. Автобус ичидагилар ҳам, бекатдагилар ҳам бирдек бақириб кулиб юборишди. Ҳайдовчи эса салондаги аёллар кўплигига қарамай шундай бўралатиб сўкиндики, бола боягидан ҳам қаттиқроқ овозда йўловчи чақира бошлади.
Бола йўловчиларни чиқариб, ўзи автобусга минганида ҳам кулги давом этар, ҳайдовчи ҳамон минғирлаб сўкинарди. Боланинг юзлари хижолатдан қизарган, ҳам уятдан, ҳам ножўя иш қилганидан изза бўлиб, ердан кўз узмасди. Автобуснинг оҳиста тебраниши яна уни мудрашга, бироз мизғиб олишга ундаётган бўлса-да, у кўзларини ишқалаб ухламасликка тиришар, ўзини чалғитиш учун қўлидаги пулларни қўлдан-қўлга ўтказиб ўйнаб кета бошлади.
Шаҳарнинг ўрталарига етганимизда қуёш энди анча кўтарилган, автобусга мактаб болалари ҳам чиқа бошлаганди. Шу вақт кондуктор болага қараб ичимдан зил кетди. У мактаб формасида турли мавзуларда қизғин суҳбатлашиб, гоҳ бир-бирини маъқуллаб, гоҳ тортишиб кетаётган тенгдошларига ҳавас билан қараб кетаётганди. 
Мактаб ўқувчиларининг охирги гуруҳи ҳам автобусдан тушганда бола уларга анча вақт тикилиб қолди. Шу бекатда ҳатто бақириб одамларни чақирмади ҳам. Бунинг учун ҳайдовчидан яхшигина дакки эшитган бўлса-да, боягидек юзлари қизармади. У ҳеч нарсани эшитмаётгандек эди. Кўзлари бир нуқтага тикилиб қолган. Чуқур хўрсиниб қўйди. Мени тикилиб турганимни сезди, шекилли, ялт этиб қаради. Унга тикилиб турганимга уялиб кетдим. Шундан кейин у томонга умуман қарамадим.
Омадим мен ўйлагандан ҳам кўпроқ келганди. Ишхонада ҳамкасбларим ажойиб инсонлар эди. Худди олдиндан танишдек тил топишиб кетдик. Аммо тан олиб айтишим керакки, кун бўйи кўнглим хижил бўлиб юрди. Кондуктор боланинг маҳзун чеҳраси кўз олдимдан кетмасди.
Иш вақтим тугаган бўлсада, кетишга шошилмадим. Албатта, бугунги муваффақиятни оилам билан яхшигина нишонлаш учун юрагим типирчиларди. Лекин ҳамкасбларим орасида яхшигина таассурот қолдириш учун кетишга шошилмадим.
Кўчага чиққанимда шаҳарга тун чўкаётганди. Осмондаги ой тўлишига яқинлашиб қолганди. Аммо бу сафар автобус анча ҳаяллади. Эндигина
такси тўхтатмоқчи бўлганимда автобус келди. Охирги бекатлардан келаётганлиги учунми, яна одам сийрак эди. Бўш ўриндиқларнинг бирига жойлашиб, бугунги ютуқ ҳақида оиламни қанчалар хушнуд қилишимни ўйлаб, ҳаяжонлана бошладим. Кейинги бекатда таниш овоздан сергакландим. Ажабо! Кун бўйи хаёлимдан қуволмаганим - кондуктор бола бор овозда бақириб йўловчи чақирарди. Яна ўша автобусга чиққанимга эътибор бермабман. Негадир хурсанд бўлиб кетдим. Автобус юра бошлагач, илдамлик билан ўзини ичкарига урган болага қараб турдим. Менга кўзи тушган пайти бошимни ирғаб қўйдим. Аммо у мени танимади, шекилли, бепарво нигоҳ ташлади-да, эшикка суяниб, қўлидаги пулларни тахлай бошлади. Унинг бу қилиғидан заррача жаҳлим чиқмади. У битта, йўловчилар кўп бўлса, кимни эслаб қолсин?
Яна унга синчиклаб ти-килдим. Эрталабкидан кўра, анча чарчагани билиниб турарди. Мени тахминим ўзини оқлади - бекат ўтгани сари уни овози пастроқ чиқа бошлади. Мен тушиб қоладиган бекатга келганда у анча ҳолдан тойганди. Чўнтагимдан икки кишилик йўл ҳақига пул олдим-да, қўлига тутиб, индамай тушиб қолдим. Унга бундан ортиқ яхшилик қилолмаганимга ўкиндим.
Ўша оқшом уйдаги хурсандчилик ҳам менга татимади. Кечки овқат вақти тўртинчи синфга борадиган ўғлим мактаби ҳақидаги таассуротларини гапира кетди. Уни эшитишга, ўзимни яхши суҳбатдош сифатида тутишга ҳаракат қилдим.
- Дада! Синфимиздаги Анвар дарсга келмай қолди. Айтгандим-ку сизга Анвар ҳақида. Калласи жуда зўр ишлайди. Менинг яқин ўртоғим. Ўша Анвар уч кундан бери келмаяпти. Бугун ўқитувчимиз «эртага уйига бориб келаман», деди. Танаффусда Ойбарчин мендан Анварни сўради. Ойбарчин ҳар доим Анвар билан ўйнайди, битта партада ўтиради, ҳамма уларни «келин-куёв» деб масхара қилади.
Эрталаб кечагидан ҳам барвақт кўчага чиқдим. Яна омадимдан дарак бериб дарров келган автобусга чиқмадим. Сабаби, у бошқа автобус эди. Мен туни билан кечаги болани хаёлимдан нари қилолмагандим. Кейингисини кута бошладим. Адашмаган эканман. Бола автобус тўхтар-тўхтамас сакраб тушиб, жон-жахди билан йўловчи чақира бошлади. Бу сафар мени таниди. Бош ирғаб салом берган бўлди. Кун худди кечагидек давом этаётганди. Фақат... фавқулодда бир воқеа юз бериб, бола ҳақидаги тасаввурларим анча равшан бўлди.
Мактаб ўқувчилари бекатларда кўрина бошлаган пайтда мактаб формасида сочларини икки томонга
бирдек қилиб турмаклаб олган, жажжи формаси ўзига ярашган қизча автобусга орқа эшикдан чиқди-да, одамларни турта-турта олдинга интилди ва тўғри кондуктор олдига келиб, пул тутди. Доимгидек пулларни қўлларидан бир-бирига ўтказиб турган бола пулни олди-да, ким пул берганини таниб қўяй дедими, қизчага қараб, қотиб қолди. Ранги оқариб, кўзларини катта-катта очганча анграйиб қолди. Қизча унга жиддий қараб турар, қоп-қора кўзчаларидан болага нисбатан чуқур меҳрни пайқаш қийин эмасди.
- Нега мактабга бормаяпсан? - деди қиз дона-дона қилиб.
- Ўқитувчимиз бугун уйларингга кетди...
Бола чўчиб тушди. Қизга тикилган кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Ҳатто қалтирагандек ҳам бўлди. Йўловчилардан ҳеч бири бу ҳолатга эътибор қилмас, ҳамма ўзи билан ўзи эди.
- Нима?! Ўқитувчимиз кетдими? - деди дудуқланиб.
- Ҳм, - деди қизалоқ узун киприкларини пирпиратиб. - Ойинг билмасмиди? Дарслардан ҳам қолиб кетдинг.
Кейинги бекатда қизча тушиб қолди. Боладан қаттиқ араздалигини ошкора кўрсатиб, тез-тез юриб кетди. Кондуктор бола мунғайганча қолди. Шу билан боланинг қовоғи очилмади. Бекатларда бақириб, йўловчи чақирмади. Ҳайдовчининг бўралатиб сўкишлари ҳам таъсир қилмади. Ишхонамга етгач автобусдан тушиб, пул узатсам, бола олмади.
- Кеча... бергандингиз, - деди-да, автобусга чиқди. Овози қалтираб чиққанлигидан ичи тўлиб турганлигини пайқадим.
Бўлиб ўтган воқеалар шунчалар жумбоқ эдики, кечкурун уйда ўғлим орқали ҳаммасига ойдинлик киритишимга умид қилардим. Кондуктор боланинг Анвар бўлиб чиқишини жуда хоҳ-лардим.
Ишдан қайтаётганимда таниш автобусга ўтирдим. Автобусда одам камлигидан фойдаланиб, болани гапга тутмоқчи бўлдим.
- Анвар!
Бола менга ялт этиб қаради.
- Ойбарчин сендан хафа бўлди! - дедим унинг Анварлигидан руҳланиб.
У менга лол бўлиб тикилиб турарди. Бир муддат шу алфозда тургач, барибир болалигига борди - ҳаммасини тан олди-қўиди.
- Эртага мактабга бораман... - деди бироздан кейин ерга қараб. - Дадам хорижга ишга кетганди. Анча бўлди. Дадам билан кетганларнинг ҳаммаси келди.Дадам бўлса... ойим ҳар куни йиғлайди. «Тинчликмикан, соғ-саломатмикан» дейди. Бир куни қўшнимиздан қарзга пул сўраганида қўшнимиз «ортиқча пул йўқ!» деб эшигини тарс ёпганида ойимни кўриб эзилиб кетдим. Шунга... ҳар куни мактабга бораяпман деб...
Томоғимга бир нарса тиқилгандек бўлди. Боланинг кўзларидан бир томчи думалаб тушди. Шу пайт уни маҳкам қучиб олгим, даданг яқинда сизларга кўп пул жўнатади, ўзи ҳам келади, деб айтгим, уни жойимга ўтқазиб қўйиб, ўрнига ўзим кондукторлик қилгим келди. Ам-мо... нимадир мени ўзимни босишга ундар, мен ўша ниманидир измидан чиқолмасдим.
Эртаси куни ўғлимнинг гапларини ҳар қачонгидан ҳам диққат билан эшитдим.
- Дада! Кеча Анвар келди. Жуда хурсанд. Ўқитувчимиз ҳам уришмади. Анварни айтишича, кеча дадасидан пул келибди. Дадаси телефон қилиб яқинда ўзи ҳам келишини айтибди. Анварга яхши ўқи, дебди.
Кўзларимдан ёш чиқиб кетишидан қўрқиб, ташқарига чикдим. Осмонда ой хира нурларини сочмоқда. «Болалик бари-бир бахт» дедим ўзимга ўзим.
Ҳусан НИЗОМИДДИНОВ.
Просмотров: 758 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024