Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 21:21
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 12 » ЙЎЛКИРА
15:49
ЙЎЛКИРА
11.09.2012, 14:58
ЙЎЛКИРА
РУСТАМ ЖАББОРОВ
Бундан анча илгари таҳририят топшириғи билан халқимизнинг таниқли санъаткоридан интервью олгани борувдим. Қайсидир саволимга жавобан у мазкур воқеани сўзлаб берганди. Интервьюни қоғозга тушириш асносида бу воқеани интервьюга киритишнинг имкони бўлмади. Қачондир буни алоҳида ҳикоя тарзида оққа кўчиришни дилимга тугиб қўйгандим. Ҳикоя қаҳрамонининг ким эканини айтмаслик маъқул кўринди. Воқеани эса ўша номаълум қаҳрамоннинг тилидан ҳикоя қилиб бера қолай. 
-Театр жамоаси ёзги таътилга чиққанида мен ҳам ўзим туғилиб-ўсган томонларни бир зиёрат қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Очиғини айтиб қўя қолай, шахсий машинам йўқ. Автобус, поездга ўхшаб кўпчилик чиқадиган жамоат транспортига чиқолмайман. Йўқ, издиҳомдан, мухлислар таъқибидан қочиш учун эмас, албатта. Тушунтириб беролмайман, ишқилиб... қандайдир ноқулай-да!
Сал қимматроқ бўлсаям, енгил машинани афзал кўраман. Нима қипти, ортиқча беш-тўрт сўм кетса-кетибди-да! Таътилга ҳар куни чиқиб ётибманми?
Биз томонга жўнайдиган таксилар қўналғасига боришим билан тўрт-бештаси атрофимни ўраб олди. Шунақа тортишувларни ҳам жиним суймайди. Кўзимда қора кўзойнак бўлгани учунми, ҳайдовчилар менга эмас, кимнинг машинасига чиқишимга кўпроқ диққат қилишарди. Тавба қилдим, булар йўловчини худди бўрилар чангалига тушган қўйдек талашиб тортқилашади. Ахийри биттаси бошқаларидан зўрроқ чиқди.
-Акагинам, буларнинг машинасида биттаям одам йўқ, камида бир соат ўтириб машина тўлишини кутасиз. Мен фақат сизни кутиб ўтирувдим, холос. Юринг-е, кетдик.
Хуллас, қўярда-қўймай, қўлимдан судраб, орқа ўриндиққа ўтқизди.
Чиндан ҳам олдинги ўриндиққа ёши каттароқ бир киши, орқада беш-олтита картон қути ва бир йигит ўтирган экан. Саломлашгач, бемалол ўрнашиб олдим.
Кейин маълум бўлдики, ҳайдовчи йигит йўловчилардан ташқари бировнинг анча-мунча юкини элтиб беришни ҳам бўйнига олган экан. Шунинг учун орқа ўриндиққа икки киши жойлашдик, холос.
Баъзида одамлардан ўзингни олиб қочишда кўзойнак ҳам иш бермай қолади. Олдиндаги киши бир-икки оғиз гапимдан дарров таниди.
-Э, сиз фалончи артистмисиз? Овозингиздан танидим. Қаранг-а, сиз билан битта машинада ўтириб кетаман, деб сира-сира ўйламаган эканман,-деб қолди.
Машина моторини ўт олдираётган ҳайдовчи ҳам унинг гапидан сергак тортиб, юзимга диққат билан тикилди:
-Йўғ-е, ростданам сиз артистмисиз? Битта очкийизни ечинг, ака! Э, яшанг! Бўлди танидим, сиз ҳалиги... оти эсимда йўқ, қайсидир кинода ўйнагандийз. Ҳозир айтаман... так-так-так... Ҳа, бўлди, анув битта негрнинг рўмолчасини хотинининг ўйнашига обориб бергансиз. Кейин ўша негр хотинини рашк қилиб, бўғиб ўлдиради.
«Отелло» спектакли эсимга тушиб, кулимсирадим. Ҳайдовчининг жайдари таассуроти чиндан ҳам кулгили эди. Майли-да, қачондир чала-чулпа бўлсаям кўрибди, нимасидир эсида қопти, шунисига шукр.
-У киномас, спектакл,-дедим унинг гапига тузатиш киритиб.-«Отелло» трагедиясида Яго ролини ижро этганман. Унгаям кўп йиллар бўп кетди.
-Киноми, спектаклми, ҳаммасиям бир хил нарса-ку,-ҳайдовчи яна ўз фалсафасини сўқишда давом этди.-Ишқилиб кўрганман-да! Лекин ўша Йога рўлини жа қойиллатиб қўйгансиз.
-Кейин яна битта спектаклда ўғри ролидаям чиққансиз-а? Ҳалиги подшонинг хазинасини ўмарган ўғри бориди-ку!
Тўғри, бир пайтлар болалар учун ўзбек халқ эртаги асосида кичкина бир спектакл суратга олинувди. Ўшанда кичикроқ бир ролни беришган. Ҳар учала ҳамроҳим мени маълум даражада танишини англаб, ич-ичимдан хурсанд бўлдим.
Ҳамроҳларим билан тез тил топишиб кетдик. Йўл-йўлакай суҳбатимиз роса қизиди. Савол устига савол бериб қўйишмайди. Сен билан қизиқишса, фақат сенинг ишларинг, қизиқишларинг ҳақида сўрашса, бу яхши-ку! Ким ўзи ҳақида гапириб бошқаларнинг оғзини очириб қўйишни истамайди. Гап-гап билан иккита вилоят ҳудудини босиб ўтганимизни ҳам билмай қолибмиз.
Навбатдаги назорат постига яқинлашганда, ҳайдовчи машинасини секинлатди.
-Шу ерда қаттиқ текширади. Чегара бу ердан камида юз километр бўлишига қарамасдан, божхоначиларни қўйиб қўйишганига ҳайронман. Аксига олиб, беш-олти коробка лампочкани юклаб олганимни айтинг.
-Қанақа лампочка бу ўзи?-сўради ёнимда кетаётган йигит негадир қоғоз қутиларни чертиб кўраркан.
-Э, ҳозир янгича лампочкалар чиққан-ку, кам ток сарфлайдиган, кейинги пайтларда ҳамма шунисидан қўйяпти уйига. Бир танишим юклаб жўнатди. Бугун кечқурун дўконига элтиб топширишим керак. Ҳали анавилар бошни қотиришмаса гўргайди.
Бу пайтда машина аллақачон постдаги шлагбаум олдига етиб келган, назоратчи йигит таёқчасини кўтариб тўхташ учун жой кўрсатишга ҳам улгурган эди.
-Жуда гаранг қиловурса, мана,-олдинда кетаётган амаки менга ишора қилди.-Манави артист укамиз бир кўриниш бериб қўйса, чест бериб, ўтказворишади.
Ҳайдовчи умидворлик билан менга термулди. Мен ҳам ғалати аҳволда қолгандим. Бу вазиятда ёрдамим тегишига унча ишонмаганим учун, мажҳул қиёфада елка қисдим.
Ҳайдовчи аввалига назоратчилар томонга бир ўзи кетди. Улардан бирини эргаштириб қайтди-да, машина юкхонасини очиб, кўрсатди. Чамаси, у ерда манави матоҳдан уч-тўрт қути ортилган экан. Назоратчи билан анча пайт муросага келолмай тортишишди. Ниҳоят ҳайдовчи орқа эшикни очиб, менга юзланди:
-Ака, ўзингиз чиқинг, мана, юк сизники, гаплашинг! Командир ҳеч кўнмаяпти.
«Таваккал» дедим-у, кўзойнагимни ечиб, машинадан тушдим. Сержант формасидаги йигит мени кўриб, хиёл тараддудланди. Кейин кулимсираб, кўришгани қўл узатди.
-Ҳа, командир, нима бўлди? Чиндан ҳам бу лампочкалар меники. Мени биласиз, ҳеч қанақа савдогар ё олиб-сотар эмасман. Шунчаки, уй қураётгандим, шунга олиб кетяпман.
Сал нарироқда бизни кузатиб турган жигарранг либосли офицер яқинлашди:
-Салом алайкум, ака,-ёшгина капитан одатига кўра, кафтини аввал пешонасига тираб, кейин мен тарафга узатди.
-Сизни танидик, ака! Яқинда қандайдир кўп қисмли видефильм кетди-ю, мафия тўғрисида, ўшанда опергруппанинг бошлиғи, подполковник бўлиб ўйнагансиз, топдимми?
Мени таниганидан ич-ичимдан севиндим. Энди иш осонликча кўчса керак деб ўйлагандим. Аммо...
-Хўш, ака, бу... нималар опкетяпсиз?
-Шу озроқ... лампочка, иморат бошлаб қўювдик. Таниш-билишлар шуни тавсия қилишди. Камроқ ток сарфларкан, боягина машинада эшитган гапимни такрорладим.-Шунга боп экан, деб, бир-икки қути олдик.
-Тўғри,-капитан қутилардан бирини очиб, ичидан оппоқ бурама лампочкани чиқариб кўрди. Лекин... сиз қанақа уй қурмоқчисиз?
-Шу ҳамма қатори... Беш-олти хонали участка-да!
-Унда беш-олти дона лампочка етиб ортарди. Бу ерда қанча борлигини биласизми? Мана, бир блокида 24 дона экан. Бир коробкада олти блок, демак 144 дона лампочка бор. Юкхонада тўрт коробка, салонда,-капитан машинанинг ичига бош суқиб, қаради.-Салонда яна иккита, жами олти коробка лампочка бор экан. Қанча бўлади?-Мен эс-ҳушимни йиғиб олмай туриб, ўзи ҳисоблаб ташлади.-Саккиз юз олтмиш тўртта. Ол-а, нақ Бруней султонининг саройига ўхшатиб, шоҳона қаср қурмоқчимисиз? Унда бунча лампочкани нима қиласиз?
Нима деяримни билмай қолгандим. Тамом. Анавиларнинг гапига кириб шарманда бўлдим. Нимагаям бош қўшдим шу ишга? «Меники эмас», деб туриб олсам бўларди-ку! Энди нима бўлса бўлди. Гапимдан қайтсам, манави божхоначи, милисаларнинг олдида қолган-қутган обрўйим ҳам бир пул бўлади.
-Э, укалар, рости...-бу гал оғзимга келганини қайтармадим.-Ортганини таниш-билишларга, униси-бунисига сотаман. Нима, қуруқ ойлик билан тирикчилик қилиб бўлардими? Рўзғор бор, бола-чақа бор.
-Тушуниб турибман,-капитан йигит хайрихоҳ, аммо иложсиз оҳангда гап қотди.-Аммо бунақа моллар махсус рухсатномалар билан олиб юрилади. Сизда шу молга тааллуқли бирор ҳужжат борми? Йўқ. Биз ҳозир бу молларни мусодара қилишдан бошқа иложимиз йўқ. Қонун-қоида шунақа.
Менга-ку, барибир эди. «Нима қилай?» дегандек, машина эшигига суяниб турган ҳайдовчига қарадим. У «бор умид сиздан» дегандек, мўлтираб турарди.
-Энди, укалар, бир марта қўйворақолинглар. Менам бунақа қонун-қоидани тушунмасам, бир бошим айланиб, шу ишга қизиқиб қолувдим-да. Энди қайтиб олди-сотдига аралашмаганим бўлсин.
Капитан «нима қилдик» дегандек, шерикларига бирма-бир қараб чиқди.
-Майли, ака! Бир гал сизнинг бу «қоидабузарлигингиз»ни кўриб-кўрмасликка оламиз. Бошқа одам бўлганида, ҳеч иккиланмасдан олиб қолган бўлардик. Бугун мана, бошқа идораларнинг вакиллари биз билан бирга рейд олиб боришяпти. Ҳар қанча қийин бўлсаям, бор масъулиятни бўйнимга олиб, халқимизнинг таниқли бир санъаткорининг жонига оро кирмасам бўлмас.
Бошқалар ҳам «маъқул» дегандек кулимсираб, бош чайқашди.
-Э, ака, яхшиям сиз бор экансиз,-мамнун қиёфада бош чайқаб кулди ҳайдовчи машинани елдек учириб бораркан.-Мен бўлсам, шунча молнинг пули гарданимда қоладигандек, умидимни узиб ўтиргандим. Қаердан билай бугун бу ерда бунақа қўшма рейдми, бир бало ўтказилаётганини? Бу ерда «таможенник» деганининг уруғи ҳам бўлмасди.
-Ака, бу ерда ўзи неча пуллик юк бор?-сўради ёнимдаги йигит ҳайдовчидан.
-Билмадим, «икки миллион сўмликка яқин», дегандек бўлувди. Хуллас, бу мени қизиқтирмайди. Мен шу юкни етказиб борсам, қўлимга юз минг беради. Менга тегадигани шу.
-Ҳа, бу акангиз сизни жуда катта бир ташвишдан қутқарди,-ҳайдовчининг ёнидаги амаки гап ташлаб қўйди.-Агар анавилар юкни опқолишса, икки милённи ёнингиздан тўлаб берардингиз. Энди, битта чойхона палов қилиб берсангиз ҳам ҳақингиз кетмайди бу артист укамизга.
Ҳайдовчи индамай, бош ирғаб қўя қолди.
Манзилга яқин қолгани учунми ё гапиравериб, гап тугаб қолдими, энди ҳамма жим борарди. Биринчи бўлиб катта йўлнинг ёқасида, чамаси ўз маҳалласи бўлса керак, ҳалиги амаки тушиб қолди. Тушаётиб, келишилган пулни ҳайдовчига тутқазиб, ҳаммамиз билан хайр-хўшлашди. Менга қараб:
-Ука, анави бор-ку, «Оталар сўзи», ўшанда тез-тез чиқиб туринг, қолдирмасдан кўриб бораман,-дея хайрлашиш учун қўл узатди.
Яна ярим соатча юрилгач, ёнимдаги йигитча ҳам ғимирлаб қолди.
-Ака, мана шу катта ЗИЛнинг орқасида тўхтайсиз. Ҳа, бўлади. Тушинглар, чой қилиб бераман. Ака, сиз билан танишганимдан жа хурсандман. Ҳали ошналаримга роса мақтайман, «Анави ўғрибоши... йўғ-е, машҳур актёр билан ёнма-ён ўтириб келдим», деб.
Ҳайдовчи унинг пулини санаб бўлгач, «тўғри» дегандек бош ирғади. Машинамиз яна силлиқ йўлдан ўқилондек йўрғалаб кетди. Мен ҳам манзилимга яқин қолганидан хурсандман. Ҳадемай яқинларим, жигарбандларим билан дийдорлашувимни ўйлаб, тўлиб кетяпман. Мана, ниҳоят, Тошкентга қатнайдиган машиналарнинг сўнгги манзилига етиб келдик. У томонга машина юролмайди. Ингичка сўқмоқ бўйлаб, юз-икки юз метрча пиёда юришим керак.
-Ҳе, барака топинг, шопир ука. Эсон-омон манзилга опкелганингиз учун минг раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин.-Шундай дея чўнтагимга қўл суқдим-у... тошдек қотдим. Во ажаб. Уйдан киссамга солиб чиққан бир даста пул йўқ. Боягина постда пайпаслаб кўрганимда бор эди. Аниқ эсимда. Демак, ёнимдаги анави маҳмадана йигит... Ростдан ҳам ўғирладимикин? Гарчи умид қилиш бефойда бўлса ҳам шоша-пиша бошқа чўнтакларимни қараб чиқдим. Сумкамниям титкилаб кўрдим. Қаёқда, бир тийин пулим қолмабди.
Ҳаяллаётганимдан диққати ошган ҳайдовчи хиёл норози оҳангда гап қотди:
-Ҳа, ака, намунча тимирскиланиб қолдингиз? Пулни юзароқ жойга қўяди-да, одам. Мана, ўзингизниям, мениям вақтимни оляпсиз!
-Ука, пул йўқ,-дедим тан олишдан бошқа иложим қолмай.-Аниқ биламан – шимимнинг чўнтагида эди. Бояги йигит ўмариб тушган кўринади. Бўлмаса... қани... турарди-да!
Шу гапларни гапираётиб, хижолатдан қора терга ботганим ҳалиям эсимда. Ким билсин, ҳайдовчи мен ҳақимда нотўғри хаёлга боргани аниқ.
-Ака, одам бунақа бўлмайди-да,-тўнғиллади ҳайдовчи.-Мен у йигитни энди қаердан топаман? Танимасам, билмасам. Ишқилиб, битта жойни банд қилиб келдингиз. Бошқа одам бўлганда ҳам берарди шу пулни. Мениям тушунинг-да, машина ўзимникимас. Бир ойда фалон минг пул топшираман эгасига.
Ўша пайтда ўн жойимга пичоқ урса, биридан қон чиқмасди. Не ёзиқки, пулимнинг бори ўша, ён чўнтакда эди ва бу пуллар бояги «мухлисим» томонидан қоқиб кетилган эди.
-Қани, нега қараб турибсиз, бир иложини қилинг. Мен кетишим керак. Паспорт-маспортни қолдириб, уйингиздан опчиқасизми?
Жин урсин, аксига олиб, ёнимда на паспорт, на бирор ҳужжат олиб чиқибман. Уям майли-ю, уйга кира солиб, укам ёки отамдан «Йўлкирага пул беринг», деб қандай сўрайман? Ёш бола ёки талаба бўлмасам? Ҳайдовчим эса менга бетоқат тикилиб турарди. Унинг кўзларида боя машинада кўрганим – жайдари хайрихоҳликдан ҳам, постда, машина эшигига суяниб турган пайтдаги илинж ва умидворликдан ҳам асар қолмаган, ўша аснода уни мен беришим лозим бўлган 15-20 минг сўм пулдан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмасди. Вазиятдан чиқиш учун постдаги ёлғончилигимни эслатишни тасаввуримга сиғдиролмасдим. Бировга яхшилик қилиб, орқасидан миннат қилишни жинимдан баттар ёмон кўраман.
Ниҳоят сўнгги чорани қўллашга қарор қилдим. Яқиндагина бир ҳамкасбим совға қилган қимматбаҳо қўл телефонини чўнтагимдан чиқардим.
-Мана ука, шундан бўлак пичоққа илингулик ҳеч вақойим йўқ. Камида юз минг турса керак. Ҳали кўришиб қолармиз, ўшанда пулингизни бериб, телефонни қайтариб оламан.
Ҳайдовчи аввал менга худди биринчи марта кўраётгандек синчиклаб тикилди. Кейин телефоннинг у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди. Ҳатто кимнингдир рақамини териб, гаплашиб ҳам кўрди. Кейин қониқиш ҳосил қилгандек чўнтагига урди.
-Майли, ака, мени «любой время» бояги стоянкадан топасиз. Пулни бериб, соткангизни опкетаверасиз. Хўп, хайр,-у шундай дея машинасини орқага қайириб, бир зумда кўздан йўқолди.
...Бор гап шу. Ўша таниқли артист ҳайдовчининг қарзини тўлаб, телефонини қайтариб олдими-йўқми, бунисини сўрамабман.
Просмотров: 803 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024