Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 19:48
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 12 » КУЗ
15:48
КУЗ
КУЗ
11.09.2012, 15:55
Куз.Йўлак четидаги ўриндиқларнинг бирига омонат чўккан қария нурсиз кўзларини ботаётган қуёш томон маъносиз тиккан эди.
-Мумкинми? Ассалому алайкум!
Хаёлга берилган эканми, кутилмаган овоздан сесканиб ўгирилди. Рўпарасида ўзидек бир мўйсафид турарди. Унинг кўзлари, юз ифодаси, соғлом ва тетик кўринишиданоқ бирор ёшни бериш қийин эди.
-Ваалейкум-ассалом, қани, марҳамат!-деди қария ва ёнидан жой кўрсатди.
-Узр, сизни безовта қилдим,-деди у.
-Зарари йўқ. Аслида хаёл билан бўлиб келганингизни пайқамаганлигим учун мен узр сўрашим керак.
-Ширин-аччиқ хотиралар, кексаликнинг мулки шу-да.
-Нимасини айтасиз? Ҳозир ҳам ўтган умримни сарҳисоб қилиб ўтиргандим.
-Ҳаётда кўп азият чеккан кўринасиз?- сўради қария.
-Тақдиримдан нолимайман, шукур қиламан.
-Шундай дейсиз-у, аммо кўнглингизда азият бор, буни кўзларингиз айтиб турибди.
Қария тишсиз милкини кўрсатиб, юзини ажинга тўлдирганича енгил табассум қилди.
-Синчилик ҳам қарияликнинг бир неъмати-да, -деди у. –Кўнглимга бунчалик кўп қўл солдингиз?
-Юрагингиз тўлиб турибди, бўшатиб олсангиз, енгил тортардингиз! Одам одамга ғанимат.
-Тўғри, одам-одамга ғанимат. Аммо сиз айтаётган оғриқлар тузга айланиб, юрак тубига чўкиб бўлди, лойқалатишга не ҳожат? Энди уни ўзимиз билан олиб кетиш қолди, холос.
-Ўлим ҳақида ўйламанг, сиз ҳали узоқ яшайсиз!
-Сиз буни қаердан биласиз?
-Менга кўп нарсалар аён!
-Тушунмадим?-қария бирдан ҳушёр тортди.-Бу билан нима демоқчисиз?
-Ҳа, мен сиз ҳақингизда деярли ҳаммасини биламан,- деди қария ҳамроҳининг норозилик ва ҳайрат балққан нигоҳларига эътибор бермай.-Етимлик кезларингизда тортган азобларингизни ҳам, жуда катта машаққат ва азоб-уқубатлар эвазига ўзингизни тиклаганингизни ҳам, бир вақтлар омадингиз чопганлигини ҳам.
Сиз кунда икки маҳал: тонг ёришаётган вақтда ва кун ботаётганда шу ерга келасиз. Ўша ердаги инжиқ қарияларнинг минғир-минғири, нолиши ва ғийбатига чидай олмасдан қочиб келаяпман, деб ўйлайсиз, аммо ҳақиқат бошқа ерда.
-Мен ўзимни одамлар орасида эмас, мана шу дарахтлар орасида яхши ҳис қиламан.
-Ёлғон кексаликнинг кўрки бўлолмайди.
-Сиз нимани ҳам билардингиз?!
-Биламан, жуда яхши биламан. Биз бир неча маротаба учрашганмиз...
-Ҳазиллашманг!
-Бизнинг ёшда ҳазилга ўрин қолармикан?
-Мен сизни биринчи маротаба кўриб турибман.
-Сиз шундай деб ўйлайсиз!...
-Ривоят қилишларича, Хизр алайҳиссалом одамларнинг ўзи ҳақидаги фикрини билмоқчи бўлибди ва биринчи бўлиб рўбарў келган чўпондан: Хизрни кўрганмисан дея сўрабди. Йигит атрофга аланглаб олиб:-Хизр алайҳиссалом ё сиз, ё мен, дея жавоб берган экан,-деди қария.
-Одамзоднинг энг катта айби: ақли етмаган нарсани ё рад этади ёки илоҳийлаштиради: тиланг, тилагингизни!
Чол кексаларга хос вазмин ва синиқ жилмайди:
-Бизнинг ёшда Хизрнинг ёрдамига эҳтиёж қолармикан?
-Наҳот, бирор истагингиз йўқ?-сўради қария.
-Бор. Ростини айтсам, қилган хатойим ва гуноҳларимни англаб уялаяпман. Эртага Яратганнинг ҳузурига қай юз билан бораман?! Ўғирлик қилдим, керагида кимгадир ёмонлик ҳам қилдим. Жонимни асраш учун ёлғон гапирдим, гумроҳлик ўтиб, кимларнингдир аёлларини йўлдан ҳам урдим. Тўғри, ўшанда меҳрга муҳтожликдан бу ишга қўл ургандим, аммо кейин жуда қаттиқ пушаймон бўлганман. Аммо энди не наф? Агар иложи бўлса, шу гуноҳларни қилмаган бўлардим.
-Мен сизга ёрдам беришим мумкин!
-Қандай қилиб?
Қария хиёбоннинг ўртасига қараб чўзилган кенг йўлакнинг чорраҳагача бўлган қисмини кўрсатди.
-Шу йўлакдан югуриб кетаверасиз, ҳар қадамингизга тўрт йилингизни қайтараман. Умрингизнинг фараҳли йилларидан қай бирини танласангиз, ўша эшикдан киринг!
-Қанча юрсам, шунча яшараманми?
-Ҳа. Фақат чорраҳадан нари ёққа ўтманг!
Қария бир ишониб, бир ишонмай ўрнидан турди ва йўлакка биринчи қадамни қўяр экан, тетиклашганини ҳис қилди. Рўпарасида пайдо бўлган эшикни очиб ҳам ўтирмади: "кечаги" кўнгилсизлик кимга ҳам керак?"
Иккинчи қадамдан қадди тикланиб, бели ва бошидаги оғриқлар тарк этганлигини сезди. Аввалига имиллаб, оқсоқланди, кейин тетиклашгач, ҳассасини ҳам улоқтириб югура бошлади. Баробар ҳам руҳан, ҳам жисмонан тетиклашиб бораверди.
Мана, эшикларнинг бирини очди: нафақага кузатишаётган даври, кўп минг сонли одам сиғадиган катта залда ўтказилаётган шодиёна.
Яна бир неча қадам қўйди ва навбатдаги эшикларнинг бирини очди: ёш куч-қувватга тўла раҳбарлик онлари!
Эшикларни очиб-ёпаверди: бирини зиёфат, турли йиғин, меҳмонхона, соҳибжамол аёллар ва саёҳатлар... Олқишлар, мукофотлар, бахтли ва дав-лантманд бўлган фараҳбахш онлари...
Ҳар қадамда фасллар; ён томондаги эшиклар ичра ўтган ўтмиши худди кинотасма сингари кўз олдида алмашаверди. Бирида кулди, бирида йиғлади, югураверди: бирида суюнди, бирида куюнди, югураверди.
Эшикларнинг бирини очиб: унга хиёнат қилган, панд берган лаганбардор "дўст"ларига рўбарў келди. Мана, тайёр вазият! Улардан қасос олишни қанчалик истаган эди! Уларнинг ҳар бирига нима жазо бериш, қандай азоблашни хаёлидан ўтказмаганди! Лаззатбахш қасосли онлари унга мунтазир эди! Шу эшикдан кириб уларнинг амалга оширмоқчи бўлган макр-разолатларига чек қўйиши, йўлидан бутунлай супуриб танлаши мумкин! Лекин у бундай қилмайди, эшикни орқасидан ёпди: ёпгандай қилиб ёпди!
У истаган даврида тўхташи, ҳаётини ўша еридан бошламоғи мумкин эди. Югуришни бошлаган вақтда мункиллаган қария эди, энди вужуди куч-қувватга тўла, соғлом ва бахтиёр эркакка айланганди...
Бир томонида тақдири учун мунтазир эшиклар, бир томонда хазон тўла хиёбон.
Эшикларнинг бирини очди: мана, фарзандларининг гўдаклик онлари: улар болалик чоғларида нақадар ширинтой бўлишган! Катта қизининг атак-чечак қилаётган даври. Шу қизи эмасми, отани қариялар уйига жўнатиш, уйни сотиб, пулини бўлишишни режалаштирган... Шу қизига фидо қилмаганмиди, борини, жони-жаҳонини. Шу қизига кўнгли деб дея кимларга зулм қилмади, кимларнинг ҳаққини емади.
Қизалоғи жажжи қўлчаларини узатиб, эшик олдида турган отасига талпиниб, ширин тили билан бидирлади: "Дада, дадажон!"
У ҳозир кирса, ҳаммаси ўзгаради! Ўзгартиради! Аммо не наф? Сценарийга йўғрилган тақдирнинг нима қизиғи бор? Ҳаммасининг истагингдек бўлишидан нима наф? Не мақсад, маъно яшашдан?
Қизалоғи этагидан торт-қилади, баробар унинг юраги оғринди, эшикни ёпиб яна юрди...
Яна бир неча қадам қўйиб, эшикларнинг бирини очди; худди мана шу хиёбон: енгил, салқин куз шабадаси эсмоқда. Азим дарахтлар у вақт ёш, навқирон эди. Йўлак четида озғиндан келган, қош-кўзи қоп-қора йигит-ўзининг ёшлиги турибди. Эгнида униққан палъто, қўлида гул.
У ўзига, навқирон, беғубор ёшлигига суқланиб тикилди. Унга етиши, эришиши мумкин. Энг гўзал давр, ҳаётини қайта бошлаш учун муҳим бу онлар: у қадам қўймоқчи бўлди, аммо шу тоб узоқдан одмироқ либосда қимтинибгина келаётган қиз-бўлажак рафиқаси кўринди.
"Э-ҳа, мана нима учун у бу ерга шошаркан? Бу илк ва абадий муҳаббатини учратдим деб ўйлаган, бахтдан масрур дамларидан хотира экан-да!?"
У шу ерда қолиши, ҳаётини-тақдирини ўзи истагандек измига солиб олиши мумкин эди. Аммо қизни кўргач, бу истагидан қайтди:
"Кечиришга кучим етмайди!"
Юрди, югурди. Энди бирорта эшикни очмади. Очса юраги, қалби пора-пора бўлишини биларди. У ўтган умрининг ҳар бир даврига кириши, гуноҳларига тик қараши мумкин, аммо болаликдаги азобланган онларига элтувчи эшикдан ичкарига қарашга юраги бетламасди. У давр хотирасидаги энг оғриқли нуқта эди. Нафсиламбрини айтганда, аслида у бола-ўзининг қорачиқларидаги мунг ялаб ўтган уқубат изларига қарай олмасди...
Энди...энди хиёбон йўлагида пилдираб паҳмоқ сочли, юпун, йиртиқ-ямоқ эгни-бошдаги исқирт болакай изиллаб йиғлаганича кетиб борарди. У чорраҳага етгач, кўзи тўла ёш ортига ўгирилди. Ўзи томон қараб турган нуроний қарияга енгил таъзим қилиб, қўл силкиди-да, синиқ жилмайганича ўтиш таъқиқланган чорраҳадан ўтиб, борлиққа сингиб кетди...
Эркин НОРСАФАР.
Просмотров: 915 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024