Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 20:46
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 18 » МАЪНАВИЙ ҚИЁМАТ… У ҚАЧОН БОШЛАНГАН?
13:53
МАЪНАВИЙ ҚИЁМАТ… У ҚАЧОН БОШЛАНГАН?
МАЪНАВИЙ ҚИЁМАТ… 

У ҚАЧОН БОШЛАНГАН?

«Беш кунлик дунё», «қайтар дунё», «бевафо дунё» иборалари барчамизга таниш. Қайтарилавериб, сийқа гапга ўхшаб қолган бу ибораларнинг мағзи аччиқ, аммо биз бепарволик туфайли уларнинг туб маъноси ҳақида кўп ҳам бош қотириб ўтирмаймиз. Тирикчиликнинг тошдан қаттиқ ташвишлари кетида югура-югура қалбимиз ҳам қотиб бораётганини сезмай қоляпмиз шекилли. Йўқса, бемаъни урф-одат, тобора ҳакалак отиб бораётган балои нафсимиз етовида қилаётган гуноҳ ишларимиз билан ўз ҳаётимизни ўзимиз қийинлаштираётганимизни, заҳарлаётганимизни аллақачон сезган, турли азоб-уқубатлар, беҳузурликлар, ташвишлар, армонларга тўла туюлаётган ҳаёт йўлини саодат манзили томон буришга жаҳд қилган, нафсимизга жилов солган бўлардик. Охир замоннинг, қиёматнинг қўрқинчлари борасида барчамиз ҳам ўзимизга етгудек тасаввурга эгамиз. Гоҳида олатасир тўполонларни, жангу жадал ва жанжалларни «гўё қиёмат қўпгандек бўлди», дея таърифлаймиз. Қиёмат кунининг етиб келмоғидан қўрқамиз. Аммо билмаймизки, қиёматни яқинлаштираётган амалларимиз сероб. Маънавий «қиёмат» эса аллақачон бошланган…
Худодан қўрқмаслик касри
Тилимизда ақлли гапларни айтамиз, феълимиз билан уларга қарши ишларни қилишдан уялмаймиз. «Бир ожиз бандаман», «Аллоҳнинг қулиман», деймиз, аммо ҳаётда ўзимизни ожиз банда, қул каби эмас, гўё дунёнинг абадий бойваччасидек, ҳеч ўлмайдиган, бетизгин, эгаси йўқ жонзотдек тутамиз.
«Аллоҳ ҳаммамизнинг ризқимизни белгилаб қўйган», деймиз, лекин гап дунё бойликларига бориб тақалганда барча «ақлли гап»ларимиз ёдимиздан фаромуш бўлиб, боқий яшайдигандек, камида ўн йилликларга мўлжаллаб мол-дунё йиғамиз, йиққанларимиз билан шодланамиз, шундан озгинасини йўқотсак, дард дунёимиз қоронғу бўлиб, қайғуришга тушамиз. Ризқимизнинг белгилаб қўйилганини эътироф эта туриб, кўпроқ пул топиш илинжида ҳар кўйга тушамиз.
«Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи, ҳаммамиз ҳам ўтамиз, ҳеч ким дунёга устун бўлмаган», деймиз. Лекин қилиқларимизнинг ҳеч бири «ўткинчи»никига ўхшамайди. Асосий вақтимизни дунё билан ўралашиб ўтказамиз. Яралишдан мақсадимиз бу дунё билан овора бўлиш, яхши еб-ичиб, ҳузур-ҳаловатда яшаш, бола-чақа орттириш-у, баланд-баланд уйлар қуриш, кети йўқ орзу-ҳаваслар ортидан эргашиш эмаслигини тафаккур қилмаймиз.
«Аллоҳдан қўрқаман», деймиз-у, лекин кези келганда Худонинг номини ўртага қўйиб ёлғон қасам ичишдан, Аллоҳ маън этган ишларни қилишдан чўчимаймиз.
«Бир-биримизга биродармиз», деймиз, аммо манфаатларимиз йўлида бировнинг кўзига чўп солишдан, оёғидан чалишдан тоймаймиз. Бу манфаатлар йўлида гоҳида ота болани, бола отани тан олмайди. Пул, бойлик ўртага тушгудек бўлса, қон-қариндошлар ёвлашади, ака-укалар, опа-сингиллар ўртасидаги муқаддас ришталар узилади, яқин одамлар душманга айланади, фарзандлар ота-онага оқ бўлади.
Буларнинг ҳаммаси ўткинчи дунёнинг бевафо зийнатлари туфайли содир бўлаётир. Оқ-қорани ажратишга, яхши-ёмонни фарқлашга қодир бўла туриб, тилимизда Аллоҳни зикр қила туриб, шайтонга хизмат қилишимиз қиёмат бўлмай, нима?!
Одамзотнинг яхшиси Худодан қўрқади. Худодан қўрққан одам қаноатли бўлади, тақдиридан рози ўтади, ўзига ато этилган неъматларнинг шукрини адо этади, нафсини ғайриқонуний йўллар билан топилган, нопок фойдалар билан сийламайди, тили ва дили бир бўлади, асосийси, кўраётган кунидан (у ҳар қанча оғир ва қийин ўтаётган бўлса ҳам) ҳасрат қилмайди.
Имом Ғаззолийнинг баён этишларича, бир киши Ҳасан Басрийга деди:
- Мен сўнгги вақтларда қилаётган ибодатларимдан, хайрли амалларимдан завқ ололмай қоляпман. Илгари бундай эмас эди…
Ҳасан Басрий унга жавобан:
- Эҳтимол, сен Аллоҳдан қўрқмайдиган бир одамнинг юзига қараган бўлсанг керак, – дедилар.
Худодан қўрқмайдиганнинг касрини қаранг!
Ҳанафийларнинг машҳур фақиҳи ва каломчиси Имом Абул-Лайс Самарқандий бу масалада шундай ёзадилар: «Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади:
1. Тилда: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, бошқаларга бўҳтон қилишдан ва бекорчи сўзларни айтишдан тияди.
2. Қалбда: Аллоҳдан қўрққан одам ҳасад, бахиллик қилиш каби ғайриинсоний туйғуларни қалбидан йўқ қилади, бошқаларга нисбатан кўнглида душманлик ҳис қилмайди. Аллоҳнинг Расули буюрганларки, «Олов ўтинни еб битиргани каби, ҳасад ҳам инсоннинг гўзал амалларини еб битиради».
3. Кўзда: Аллоҳдан қўрққан одам ейишда ҳам, ичишда ҳам, кийишда ҳам ва бош¬қа хусусиятларда ҳам кўзини ҳаромдан эҳтиёт қилади. Дунёга ҳирс билан ва ҳар нарсани қўлга киритиш иштиёқи билан эмас, ибрат назари билан қарайди.
4. Меъдада: Аллоҳдан қўрққан одам меъдасига нопок луқма тутмайди. Аллоҳнинг Расули айтганларки, «Инсон зоти меъдасига бир луқма ҳаром тушганда бу луқма унинг меъдасида қанча вақт турса, еру кўкдаги фаришталар шунча вақт унга лаънат ўқийдилар».
5. Қўлда: Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди, қўли билан бошқаларга зиён етказмайди.
6. Оёқда: Аллоҳдан қўрққан одам исён йўлида эмас, Алоҳга итоат йўлида одимлайди. Илм-маърифат ва яхши ахлоқ ўрганиш мақсадида олимлар ва солиҳ кишилар мажлисига боради.
7. Итоатда: Аллоҳдан қўрққан одам риёдан, инсонларга ўзини ва ишларини кўз-кўз қилишдан ва иккиюзламачиликдан сақланади».
Кимда шу хислатлар бўлмаса, демак, у Худодан қўрқмайдиган кимсалар қаторида экан. Худодан қўрқмайдиганнинг бошида ҳар куни қиёмат қўпмайдими?! Бир фикр қилиб кўринг-а, бунақа кимса ўз нафсидан хавотир олишнинг ўрнига доимо йиққан мол-дунёсининг совурилиб кетишидан ҳадикда юради. На уйқусида ҳаловат бор, на уйида тинчлик. Унга фақат мол-дунёси туфайли ошно бўладилар. Бу шўринг қургур ичидаги нафс илонини шу қадар зўр эътибор билан боқиб катта қилмоқдаки, кун келиб бу илоннинг аждарга айланиб кетмоғидан ва ўзининг икки дунёсини куйдириб кул қилмоғи мумкинлигидан ғофилдир. Ўзи серобчиликларга ғарқ бўлгани ҳолда бошқанинг озгинагина омади юришганини кўрганида ҳасад ўтида қоврилаверади. Ўзини ўтга-чўққа уриб ҳашаматли бинолар қуради, энг сара уловларни минади, егани олдида, емагани кетида, ҳаёти дориломон… Аммо ороми, ҳаловати йўқ! Мол-мулкини кўпайтириш учун уринар экан, ўзи истайдими-йўқми, порахўрларга, судхўрларга иши тушади. Ўзини дунёнинг устуни санайдиган ақли ноқис валломатларга юкинади. Бировга пора беради, бировнинг ҳақидан уриб қолади, бировни алдайди, бировни хонавайрон қилади ва шу тариқа гуноҳлар ботқоғига ботиб бораверади. Бу ботқоқдан қутулмоқ учун бандага тавба, шукр, қаноат қанотлари керак. Аммо бу бечора у саодат бойликларини қайдан олсин! Виждонини, имонини дунёга бой берган бўлса… Фарзандлари ҳам унга ота деб эмас, пул бериб, тўкис ҳаёт билан таъминлаб турадиган манба сифатида қарайдилар. Умр йўлдошидан тортиб, ёнида дўстман деб юрганларнинг юз-кўзларида таъма, унутилган жигарларининг кўзларида, сўзларида таъна… Бу қиёмат эмасми?!
Гоҳида Яратгандан одамлардан қўрқ¬қанчалик қўрқмаймиз, атрофдагиларга ёқиш учун ўзимизда йўқ хислатларни бордек кўрсатишга, уларни қойил қилишга уринамиз, биз ҳақимизда турли гап-сўзлар урчимасин деган хавотирда юрамиз, аммо имонимизни, одамийлигимизни бой бериб қўяётганимиздан хавотиримиз йўқ.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюради: «…Инсонлардан қўрқманг, мендан қўрқинг…» («Моида» сураси, 44-оятнинг бир қисми), «…Агар мўмин бўлсангизлар, улардан эмас, мендан қўрқингизлар…» («Ол-и Имрон» сураси, 175-оятнинг бир қисми). Лекин биз барибир ўзимиз қатори бандаларнинг йўриғига юрмасликдан кўпроқ қўрқамиз. Афсуски, бу ҳақиқат ўзини мулло санаб, эл ичра дин ва шариатдан ваъз айтиб юрадиган айрим кишиларга ҳам тааллуқлики, уларнинг баъзи ҳоллардаги бемулоҳазаликлари одамлар орасида муқаддас диний қадриятларнинг беқадр бўлишига, ҳақ билан ботилнинг алмашиб қолишига, ҳатто бидъатларнинг авж олиб кетишига ҳам олиб келмоқда. Қуйидаги мулоҳазаларимиз шу масалага оиддир.
Баъзи муллаларнинг ташрифи…
Давлатимиз раҳбари «Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда» асарида динни илм-маърифатдан ажратиб қарамаслик лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Негаки, муқаддас динимиз дунёни ва охиратни ўзига қамраб олган мукаммал илмдир. Шу боис, диний илмдан хабардорлик дунёвий илмлар соҳасини ривожлантиришга фақат ва фақат ёрдам беради. Исломий қадриятлар ҳеч қачон «замонавийлик» тушунчасига зид келган эмас. Юртбошимиз ибораси билан айтганда, «Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз» (Каримов И.А. «Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз», 7-жилд, «Ўзбекистон», 1999. 350-бет).
Имом Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк аждодларимиз ўз ўлмас асарлари орқали соғлом исломий илм-маърифатни халқ онгига сингдириб борганлар ва бу асарлар ҳамон ўз кучидадир.
Аммо орамизда ўзи ислом аҳкомларини тўлиқ бажармайдиган, диннинг асл моҳиятини англашдан узоқ бўлгани ҳолда диндорликни даъво қилиб юрган кишилар ҳам бор ва уларнинг айрим хатти-ҳаракатлари на шариат йўл-йўриқларига ва на давлатимиз юритаётган одилона, халқпарвар сиёсатга тўғри келмаётир. Саҳифаларимизни доимий кузатиб борадиган муҳтарам газетхонлар яхши биладиларки, «Маърифат гулшани» газетасида бериладиган мақолалардаги ҳеч бир фикр асоссиз, далил-исботсиз айтилмайди. Жумладан, мазкур фикрларнинг юзага келишига сабаб бўлган асосли омиллар ҳам кўп. Бу омилларнинг асосийси мухлислардан келаётган мактубларда, телефон қўнғироқлари орқали билдирилаётган фикрларда бўлса, ўз кузатишларимиз натижаси ўлароқ юзага келган мулоҳазалар ҳам талайгина.
Шу ўринда муҳтарам газетхонларни таҳририятга айни мазмунда йўлланган мактублардан бири билан таништириб ўтмоқни жоиз деб топдик.
«…Яқинда дўстим билан энг яқин кишиларимиздан бирининг тўйига – наҳорги ошга бордик.
- Маҳалла имомига таклифнома берилдими? – дея сўради тўйбоши маҳалла фаолидан. Маҳалла фаоли «ҳа» деган маънода калласини секингина қимирлатиб, маъноли кўз қисиб қўйди. Мен маҳалла фаолидан бу ишоранинг сабабини аста суриштирдим. Унинг сўзларига кўра, имомга бериладиган таклифномали хатжилд ичига камида ўн ёки йигирма минг сўм пул (агар ўзига тўқроқ оила бўлса, ҳатто юз долларгача) солиб бериши керак эмиш, акс ҳолда тўйга келишга имомнинг «вақти бўлмаслиги мумкин» экан…
Воқеанинг энг кулгилиси ва айни вақтда ачинарлиси юртга ош тортиладиган пайтда бўлди. Биз тўйбошининг яқинлари қаторида тўйхонага келаётганларга «Хуш келибсиз» деб турган эдик. Бир пайт тўйхонага эгнига чиройли чакмон кийган, бошига оқ салла ўраган, мулласифат, ёшгина уч йигит кириб келди. Улар ичкарига кириб кетишгач, маҳалла фаоли дарров тўй эгасидан олтмиш минг сўм олди-да, уларни йигирма мингдан қилиб алоҳида-алоҳида тахлади. Муллалар ичкаридан чиқишгач, маҳалла фаоли уларнинг ҳар бирига қўл узатиб, «Қадам ранжида қилганингиз учун раҳмат», дер экан, ҳалиги пулларни секингина уларнинг кафтига қистирди. Муллалар «Овора бўлманг, қўяверинг», дейиш асносида пулларни чакмонларининг чўнтагига киши билмас қилиб солиб қўйдилар. Шу билан маҳалла фаолига юклатилган «вазифа» ниҳоясига етди.
Мен ва дўстим бу ҳолатдан жуда эсанкираб қолдик. Бир қарашда муллаваччаларга ачинсак, бир қарашда уларни шунга ўргатган одамлардан хафа бўлдик. Ахир муллаларнинг бу ҳаракатлари таъмагирликнинг ўзгинаси-ку! Бу ҳолатларни кўрган, ўз қўли билан муллаларга пул қистирган фуқаролар шу муллаларнинг тўйларда, турли йиғинларда қилган маърузаларига итоат қилади, уларнинг айтган насиҳатларига қулоқ солиб, ўгитларига амал қилади, деб ким айта олади? Одамларга зиё тарқатадиган, улар орасида муқаддас таълимотларни ёядиган, тўй-ҳашамларнинг тўрида эъзоз топадиган бу каби муллаларнинг тўй эгаларини дуо қилиш ўрнига, «Қанча пул берар экан?» дея таъмаланиб ўтиришлари қайси ўлчовларга сиғади?..
Зафар Диёр
Наманган юридик коллежи ўқитувчиси».
Бу каби ҳолатларга ўзингиз ҳам шоҳид бўлган бўлсангиз керак, азиз муштарий. Ҳақ ва ботилни аралаштириб юбориш мана шу эмасми! Ҳазрат Имом Ғаззолийнинг «…Ўзгарувчан бир тоифа бор. Бу тоифа ибодат ҳам қилади, гуноҳ ҳам қилаверади!.. Фақат гуноҳлари ибодатларидан кўпроқ. Лекин улар мағфиратни кутадилар ва яхши амаллари устунроқ деб топилишига ишонадилар… Булар нафс билан ҳисоб-китоб қилмайдиган кимсалардир. Улар гуноҳларини назорат остида тутмайдилар… Бу ҳол, тушунганлар назарида, аслида катта бир бахтсизликдир…» («Мукошафат-ул қулуб», 2-китоб, 210-211-212-саҳифалар), деган фикрлари юқоридаги каби кишиларга ҳам тааллуқлидай туюлмаяптими?
Инсоннинг шайтондан ҳам ёмон душмани – НАФСдир. Ўз нафсига кучи етмайдиган одамнинг бошқаларга ақл ўргатмай қўя қолгани маъқулроқ.
Юқоридаги каби воқеаларда «Мулланинг айтганини қил-у, қилганини қилма», деган аччиқ нақлнинг исботини кўргандек бўлади одам. Бунақа чаламуллаларни (узр, бошқа ном тополмадик, ҳарқалай, илми чала бўлмаган одам қадамини пулга чақмайди-да!) тўйларга айтишдан мақсад нима экан? Нима, мулла дегани ашулачимидики, «Тў¬йимга ташриф буюриб, уни чиройли ўтказиб берганингиз учун ҳақингизни олиб қўйинг», деб уларга пул қистирсак! Тавба демай илож йўқ.
Бир тўйда ҳам шунақа воқеа бўлган. Яқин кунларда тўй қилиши керак бўлган бир киши тўй эгасидан сўраяпти:
- Фалончи муллага қанча бердингиз? Мен ҳам тўйимга шу кишини айтсам девдим, вақт¬лари бормикин?..
Бизга аён бўлгани шуки, бу «фалончи мулла»ни наҳорги ошга таклиф қилинаркан. У «зоти муборак»нинг бор-йўқ «вазифа»лари давра тўрида савлат тўкиб ўтириш-у, бир калима тиловат қилиш бўлар экан. Бунинг «ҳақи» ҳам анча-мунчагина экан.
Халқ ўзини мулла атайдиган кишиларни давраларнинг тўрига ўтқазиб ҳурматлайди. Лекин унутмаслик керакки, издиҳом тўрида ўтирмоқнинг ўзига яраша масъулияти, юки бор. Давра тўрида иззатланаётган одамнинг ҳар бир сўзи, қилаётган амаллари кўпчилик учун андоза вазифасини ўташини унутмаслик керак.
Ҳақиқий олим – дунёвий ва диний билимлардан баравар хабардор бўлган олимдир. Афсуски, айрим муллаларнинг таъмагирлиги, маънавиятсизлиги туфайли эл орасида баъзи сохта удумлар урфга кириб қолмоқда, бидъатлар шаклланмоқдаки, буларнинг негизида айнан билимсизлик, маънавиятсизлик ётибди.
Маълумки, юртимизнинг жуда кўп жойларида катта маросимлардан олдин Аллоҳнинг розилиги, эзгу ниятлар, солиҳ тилаклар ижобатини сўраб хатми Қуръон қилинади. Минг афсуски, кейинги вақтларда айрим муллалар ана шу вазифа учун ҳам катта нарх белгилаб олмоқдалар. Хатми Қуръон қилиб, элга эҳсон учун дастурхон ёзиш мақсадида бўлган одамлар ҳатто «Хатмнинг нархи қанча бўляпти?» дея бир-бирларидан сўрайдиган, ҳолига қараб уйига мулла, қори таклиф қиладиган бўлиб қолганлар.
Шу масалага оид бир воқеа. Камбағалгина, боқувчисини йўқотган бир оила тўйдан олдин хатми Қуръон буюрди. Таклиф қилинган уч-тўрт қори Қуръонни хатм қилиб бўлгач, уларнинг даврасида ўтирган шу маҳалланинг бир вакили тўй қилаётган аёлнинг олдига бориб, қориларга бериладиган пулнинг миқдорини секингина шипшиган эди, аёлнинг ранги ўзгариб кетди. Бунча пулни топиб беролмаслигини айтиб, «Атаганим шулар эди», дея белбоғларга тугилган чопон, дўппиларни кўтариб чиқди. Икки ўртада узоқ пичир-пичир, тортишув бўлди. Маҳалланинг вакили «ғолиб» келди шекилли, аёл қўшнисидан қарз кўтариб, унинг қўлига тутқазди. Аёлнинг ўн уч – ўн тўрт ёшлардаги ўғли эса азбаройи онасига ачинганидан, «Билганимизда хатми Қуръон қилдирмас эдик», деди алам билан…
Хўш, айтингчи, Қуръонни хатм қилган бу қорилар савоб топдими ёки гуноҳ? Хатми Қуръон туфайли бечораҳол онасининг қарз¬дор бўлиб қолганини, қориларнинг «аталганни» киссага уриб, бамайлихотир кетганини кўрган болакайнинг кўнглида динга нисбатан қандай туйғулар уйғонди экан? Булар динга ҳурматсизлик, риёкорлик эмасми? Ҳақиқий адашиш, чалғиш эмасми?
Юқорида айтиб ўтганимиздек, асл илм кишисида диний ва дунёвий билимлар малакаси юқори бўлади. Лекин ўгитларини пулга чақаётган айрим чаламуллалар дунёвий билимлар борасида қашшоқ бўлганларидек, уларнинг диний билимлари ҳам ҳавас қилгудек эмас. Шундайларнинг бир-иккитаси билан суҳбатлашиш асносида уларнинг ҳатто ҳадис илмининг султони бўлмиш Имом Бухорий, «Ҳужжат ул-ислом» дея улуғланган, ислом динининг ҳақиқатларини бутун инсониятга очиб кўрсатган ҳазрат Имом Ғаззолийнинг асарларидан умуман бехабар эканларини билдик. Ва яна бир ҳақиқат қайта ойдинлашди: диний билимлардан яхши хабардор бўлган, Худо йўлидаги одам илмини пулга сотмайди!
Айтмаса бўлмайдиган яна бир дилхиралик бор. Одамлар диний маросимларга муллаларни, имомларни, қориларни таклиф қиладилар. Уларнинг тиловатларидан баҳраманд бўлиб савоб олишни истайдилар. Кейинги вақтларда эса ана шундай маросимларга «овози ширали» қорилар кўпроқ таклиф қилинадиган бўлган. Бу энди ҳаммамизнинг калтабинлигимиз, қадрдонлар. Қуръонга ҳушёр кўз билан боқсангиз, расо ақл билан эътибор берсангиз унинг бошидан охиригача ҳушёрликка, огоҳликка даъват этувчи, гуноҳкорларни (беайб – Парвардигор, ҳаммамизнинг ҳам ўзимизга яраша гуноҳларимиз сероб) қўрқитувчи оятлар билан тўла эканини кўрасиз. Имом Ғаззолий айтадилар: «Қуръонга имон келтирган ва ундаги оятларнинг мағзини чаққан бирон бир мутафаккир йўқки, узундан-узоқ хаёлларга толиб, маъюс тортмаган бўлса, беадад даҳшатга тушмаган бўлса…». Ҳазрати Умардек ахлоқи мукаммал зот Қуръони Каримнинг айрим оятларини эшита туриб, ҳушдан кетиб қолар эканлар. Бу қўрқинч шу даражада эканки, бир куни қўлларига сомон чўпини олиб, «Кошки сомон чўпи ёки эсланмайдиган бир хас бўлсайдим. Кошки онам мени туғмаган бўлсайди», дея йиғлабдилар…
Сиз издиҳомларда Қуръон оятларини тинглаб йиғлаган одамларни ҳеч кўрдингизми ўзи? Биз бу оятларнинг тафсирини билмаганимиз, маъносини яхши уқмаганимиз туфайли ҳам қориларнинг ширали овозига маҳлиё бўлиб, уларни яхши бир қўшиқ тинг¬лаётгандек, мамнун бош тебратиб ўтирганча, бамайлихотир эшитамиз. «Овози ширали» айрим муҳтарам қориларимиз ҳам бор эътиборни овозни бўғизнинг қаеридан чиқишига, қайси товушни қандай талаффуз этишгагина қаратадилар, янги-янги нолалар ўйлаб топадилар. Гўё бу оятларда огоҳ этилган жазоларнинг бизга ҳеч бир алоқаси, аҳамияти йўқдай! Бундай маросимларда қориларни қарсак чалиб олқишлашимиз қоляпти, холос…
Акобир етти тобеинлардан бири бўлган Ибн Йасор ал-Ҳилолий шундай ривоят қиладилар:
Аллоҳнинг Расули буюрдилар:
- Инсонлар шундай замонларга етиб борадиларки, у пайтларда баданларни ёпиб турадиган либослар эскириб, чиригани сингари инсонлар қалбида ҳам Қуръон шу тарзда эскириб, чирийди. Аллоҳдан қўрқмайдиган бу инсонларнинг бутун хатти-ҳаракатлари биргина нарса – таъмага қаратилган бўлади. Бир одам бир яхшилик қилиб қолса, «Бу яхшиликни мен қилдим, бу – мақбул бўлиши турган гап!» деб керилади. Ёмонлик (гуноҳ иш) қилса, «Аллоҳ мени авф этади», деяверади.
Бу ҳадисдан англашилгани шуки, Қуръон оятлари маъносини яхши билмаган одамдагина Аллоҳдан қўрқинч туйғуси бўлмайди ва шунинг учун ҳам унинг ҳамма ҳаракатлари таъмага қаратилган бўлади.
Энди айтингчи, муҳтарам муштарий, Қуръон тиловатини, уни хатм қилишни нархлаш, исломдан таъма мақсадларида фойдаланиш, Аллоҳнинг каломини сотиш билан нафс¬ни қондириш, тиловатни ашула тинглагандай тинглаш, турли бидъатларни, мусулмончиликка тўғри келмайдиган урф-одатларни жорий қилиб олиб, улар учун ўлиб-тирилиб тер тўкиш, ўзлигини йўқотиш ҳам қиёмат бўлмай, нима?!
Насиҳат таъсир қилмаса…
Баъзи ёшлардан тез-тез нолиб қоламиз. Уларни тарбиясизликда, ахлоқсизликда айблаган пайтларимиз кўп бўлади. Лекин ўйлаб кўрдингизми, уларга тарбияни ким беряпти? Ўзимиз-ку! Ёшлар бизни ўзимиз айтиб амал қилмайдиган ишларда айбламаяпти. Шунчаки, биздан ўрганяпти, андоза оляпти, холос.
Тан олинг, ароқ ичадиган ота ўғлига майхўрликнинг ўта ёмон одат, гуноҳ экани борасида юз йил насиҳат қилса ҳам, унинг сўзи боласига ўтмайди.
Эрига шаллақилик қиладиган хотиннинг ақлли бўлиш борасидаги ҳеч бир маслаҳати (улар дунёдаги энг доно маслаҳат бўлса ҳам) қизларига кор қилмайди.
Қайнотани келиннинг олдида беҳурмат қиладиган тили узун қайнона келинидан ўғлига нисбатан ҳурмат кутмай қўя қолсин.
Эрини яқинларидан жудо қилган хотин фарзандлари келажакда бир-бирига оқибатли бўлишидан умид қилмаса ҳам бўлади.
Зинодан ҳайиқмайдиган ота ўғил-қизидан уят, андишани талаб қилса, ноўрин бўлар.
Шунингдек, ёшлигида бебош ўтган қариянинг насиҳатлари ҳам ёшларга сира таъсир қилмайди.
Ёшлигида очиқ-сочиқ кийиниб, ота-онасининг сўзини олмай, «мода»нинг кетидан тушиб юрган, ёши ўтгач эса (бир юмалаб) маъсума бўлиб, оқ рўмолларга ўраниб ўтирган аёлнинг гапи қиз набираларига ўтади, дейсизми? Ёшлар ҳам анойи эмас, улар бувисининг ёшлигидаги суратларини кўриб, аллақачон у ҳақдаги хулосани чиқариб қўйганлар…
Машҳур француз ёзувчиси Жан Жак Руссо «Инсоннинг тарбияси у туғилган пайтдан бошланади: у ҳали гапирмайди, ҳали қулоқ солмайди, аммо ўрганаётир. Тажриба таълимдан олдин келади», деганида юз фоиз ҳақ эди.
Қизларимизнинг тўй олди ташвишлари фақат кийим-кечак, гўзаллик салони-ю, алламбало соч турмакларидан иборат. Ўғилларимиз куёвлик бўсағасида никоҳ сайрига нечта машинада бориш ташвишидан ортмайдилар. Қўғирчоқдек бўлиб кийинсам-у, келинсаломни қо¬йиллатсам, рисоладагидек келин бўламан, дея хомхаёлга бориб юрган қизларимизга, никоҳ ўқитишга ширакайф ҳолда бораётган, никоҳ, оила масъулияти деган тушунчалар билан «бошини оғритиб ўтирмайдиган» ўғилларимизга гапимиз ўтмаяпти. Негаки, ўзимиз тўйга кетадиган харажатлар-у, сарпо-суруғлар, қизга қилинадиган мебеллар-у, келинга тақиладиган узуклар ташвишида куйиб-пишиб юрибмиз. Ҳаддидан ошиб, тўйларда европача бемаъни одатларни урфга киритаётган ёшларга қараб завқланиб ўтирибмиз. Келинсаломга эгилганда баданининг яширин қисмлари баралла кўриниб кетаётган «замонавий» келинчакнинг, май таъсирида кўзлари сузилиб, жуфтини ҳамманинг кўз ўнгида рақсга тортиб ўйнатаётган куёв йигитнинг пешонасидан ўпиб, қутлаб, уларга (ҳатто ҳали шаръий никоҳ ўқитиб улгурмаган бўлсалар ҳам) «қўчқордек» ўғиллар тилаяпмиз. Бу кетишда тўйларимизда ёшлар келин-куёвга қарата «горька» деб қичқириб, уларни ҳамманинг кўз ўнгида ўпишишга даъват этсалар ҳам илжайиб ўтиришдан нарига ўтолмасак керак. Чунки биз ўз вақтида ёшларга муқаддас қадриятларнинг моҳиятини ўргатиб боришдан кўра, телевизор қаршисида ёнбошлаб, сериаллар кўришни маъқул билганмиз. Насиҳат қилишга, ақл ўргатишга йўл бўлсин энди…
Худо кўрсатмасин, ўғил-қизимизнинг оиласи бузилгудек бўлса, энг аввало диққатимиз ўртадаги мол-мулк масалаларига қаратилади. Икки оила ўртасида мол талашишлар, шармандали муҳокамалар бошланади. Ажрашган қизга «Ҳали бахтинг олдинда, ташвиш қилма, тор қорнимга сиққан кенг уйимга сиғмасмидинг!» деб, ажрашган ўғилга «Сени онаси ўпмаган қизга уйлантириб қўяман, хотининг бир куйиб ўлсин!» деб таскин берамиз. Уларнинг айбини тушунтириш, хатосини кўрсатиб, хулоса чиқаришга ундаш қаёқда! Икки ўртада эса норасида болалар сарсон. Оталик масъулияти деган тушунчалардан йироқ «ёш ота» уларга нафақа тўламасликнинг минг бир йўлларини қидиради. Келинсаломдан бошқасини қойиллатолмаган «ёш она» судма-суд юриб ҳақ талаб қилади. Сарсон бўлаётган болакайларнинг кўзлари тўла мунг, алам… Булар қиёмат бўлмай, нима, замондош?!
Яшаш дегани – еб-ичиш, макон қуриш, зурриёт кўпайтириш дегани эмас. Бунақа ҳаёт учун ҳайвонот дунёси бор.
Аллоҳ фаришталарни яратиб, уларга фақат ақл берди, нафс бермади. Ҳайвонотни яратиб, уларга фақат нафс берди, ақл бермади. Инсонни яратиб, унга ақл ҳам, нафс ҳам берди. Ақл борасида (нафс нималигини билмайдиган) фаришталарга тенглашолмаймиз, бу аниқ. Лекин нафс борасида (агар уни тизгинлолмасак) ҳайвондан ўзиб кетишимиз ҳеч гапмас. Инсон ақл ва нафс ўртасидаги мувозанатни сақлолмай, ақлини нафсига бой берар экан, унинг ҳаётида маънавий «қиёмат» бошланади. Бошингизда қиёмат қўпишидан ўзингизни асранг, замондош!
Дилфуза КОМИЛОВА
Просмотров: 831 | Добавил: lenger | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024