Форма входа

Поиск

Календарь

«  Август 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031

Статистика


Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0




Воскресенье, 19.05.2024, 22:16
Приветствую Вас Гость | RSS
"ҚУМ СОАТ" МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ САЙТИ
Главная | Регистрация | Вход
Главная » 2013 » Август » 12 » Ҳожибой ака ҳақ экан...
15:50
Ҳожибой ака ҳақ экан...
Ҳожибой ака ҳақ экан...
11.09.2012, 14:55
Ҳожибой ака ҳақ экан...
Олдинги ишхонада баъзан тушликдан сўнг бўлимдаги ҳамма эркаклар Тўлқин аканинг кабинетига кириб бир пиёла "тўлқини чой” ичардик. Тўлқин ака чойни бутун қонун қоидасига риоя қилиб дамларди. Дамлай туриб чойнинг келиб чиқиш тарихи, уни қандай дамлаш ва ичиш лозимлиги ҳақидаги бор билимларини баён қила кетарди. Шунинг учун ҳамкасблар у дамлаган чойни "Тўлқини чой” дердик. Одатда "Тўлқини чой” бирор муҳим футбол ўйини арафасида ёки ундан кейин уюштириларди. Ўхшатмагунча учратмас, деганларидек, бўлимдагиларнинг ҳаммаси футбол ишқибозлари эди...

Икки ҳамкасбимиз бўларди, бошқалардан ажралиб турарди. Ёши биздан каттароғи ўта тортинчоқ ва уятчан эди, асти қўяверасиз. Ўн чоғли ҳамкасблар йиғилган хонада баъзан унинг борлиги сезилмасди ҳам. Биздан ёшроғи ўта кеккайган ва димоғдор эди, доим ўзини кўрсатишга интиларди. Ҳаммага лақаб қўйиб юрадиган Тўлқин ака бир куни уларни "ака-ука комплекслар” деб атади. Иккиси икки олам бўлган бу одамларни бир тоифага киритиши ғалати туюлиб кулиб қўйдим. 

Шунда психологиядан анча-мунча билими бўлган Тўлқин ака таърифлай кетди: 

"Бир хил одамлар бошқаларга қараганда ўзларини камчилиги, нуқсони кўп деб ҳисоблайди, ҳар нарсада, ҳар бир ҳолатда андиша-ю, юз-хотирга берилади. Бундай одамларга қиёсан номукаммаллик комплексига (комплекс непольноценности) дучор бўлган киши деб баҳо беришади.

Яна бир тоифа одамлар борки, ўзларига жуда ишонади, ҳар нарсада олдинга интилади, ўзини кўрсатишга уринади. Балки бундай одамлар юқоридагиларнинг бутунлай акси деб ўйларсан? Асло ундай эмас, балки улар ҳам номукаммаллик комплексига учраган бўлишлари мумкин. Қанақасига дейсанми? Манави китобларни ўқиб кўр. Кейин тушунганларингни ёзиб кел. Балки бирон нима чиқиб қолар”- деб қўлимга уч-тўрт китоб берди. Қизиқиб кўрдим. 

"Номукаммаллик комплекси” атамаси бир пайтлар Германиялик таниқли олим ва врач Альфред Адлер томонидан таклиф қилинган экан. У бу атамани истеъмолга киритишгач, бунда ҳеч қандай муаммо кўрмаган, ҳатто баъзан уни фойдали ҳам деб атаган, одам бу комплексни енга туриб, такомиллашиб боради, деган фикрни илгари сурган экан.

Мени эса бу одат ёки нуқсоннинг номи, қандай аталиши эмас, бошқа нарса қизиқтириб қолди. Тан олиш керак, кўпчилик билиб-билмай ўз болаларида номукаммаллик комплексини тарбиялаб борар экан. Лекин шу тўғрими?



Ҳожибой ака ҳақ экан...

Номукаммаллик комплексига эга одам одатда кўпчилик йиғилган жойда қисиниб-қимтиниб туради, кўзга ташланмасликка ҳаракат қилади, муштига оҳиста йўталиб қўяди ва ҳ.к.. У ўз овози ёқимли эмас, деган ўйда жим ўтиради, кулмайди ("менинг тишим сўйлоқ”), ҳеч қачон суҳбатдошига тик боқмайди ("менинг бурним қийшиқ”) ва умуман ўзини мавжудлиги учун узр сўраётгандек тутади.

Бундай комплекс тури болалик пайтидаёқ шакллана бошлайди. Бола бошқаларни ўзига жалб қилиш учун турли баҳона билан катталарга шикоят қила бошлайди ва катталар эътибор беришлари билан ўзини яхши кўришларини билиб, тинчланади. Аста-секин бу доимий одатга айланиб боради.

Бундай ҳолат ижобий ҳисларни бўлар-бўлмасга намоён этавермайдиган оилаларга хосдир. Бола яхши ўқияпти, соғломми? Жуда яхши шундай бўлиши керак-да. Агар бола йиқилиб лат еса, касал бўлиб қолса, уни хафа қилишса, унга эркалатиш меҳр кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш, буни унга намоён қилиш мумкин.

Бундай оилада тарбия топган бола катта бўлгач ҳам ўзига-ўзи нолиб, шикоят қилиб юради ва бундан қониқиш ҳосил қилади. Лекин бундай одат бошқа сабабдан ҳам келиб чиқиши мумкин. Масалан, ота-оналар болани бошқа болалар билан таққослаб доимо камситаверсалар ҳам шундай бўлиши мумкин.

Кўпинча ўзингиз ҳам болангизни "Сен яхши ўқимаяпсан, синфдошинг фалончини кўрдингми, қандай аълочи? Сен бўлса...” деган пайтларингиз бўлмаганми. Ёки оналар "қўлингдан ҳеч иш келмайди, фалончи холангнинг сен тенги ўғли (ёки қизи) уйда ҳамма ишни ўзи қилади” деб фарзандини койиб қўядилар. Тўғриси баъзи оналар бу пайтда ота ҳам шу атрофда бўлса "... сен бўлса дадангга ўхшаб ношудсан”, – деб отани ҳам бир "чақиб” оладилар...

Бундай онани тушуниш мумкин. У фарзандининг "фалончи” болага ўхшаб ақлли, аълочи, уддабурон бўлишини истаб шундай дейди. Лекин ўғли ёки қизининг фикридан шу заҳотиёқ "ҳеч қачон фалончига ета олмас эканман”, деган ўй ўтаётганлигини хаёлига келтирмайди ҳам. Айниқса, "отанг шу-да, ундан ортиб қайга борардинг” каби қиёслар болани тушкунликка тушириши турган гап. Энди бундай боланинг (айниқса, қиз боланинг) онгида келажакда ҳам ўртача бўлишим керак, мендан одам чиқиши қийин, деган тушунча шакллана боради.

Шу жойга келганда машҳур қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоевнинг французлар ўз боласини қандай уйқудан уйғотиши-ю, бизникилар болани қандай ўриндан турғазишлари ҳақидаги латифаси эсимга тушаверади. Эсладингиз-а? Бўлмаса, бир кўринг. Аслида қизиқчимиз болалар тарбиясига оид жуда катта муаммони кўтариб чиққан.

Ҳар гал шуни кўрганимда юрагим ачишиб кетади. Томошабинлар мириқиб кулади, Ҳожибой қизиқ эса ғамгин кўзлари билан зални кўздан кечиради. Мен бу номерни Ҳожибой Тожибоевнинг энг сара (аслида бу қизиқчида шунчаки асарнинг ўзи йўқ) номерларидан бири деган бўлардим.
Уч марта "Йўқ” денг
Биринчи марта «Йўқ»! Йўқ. Сиз ўз камчиликларингизни бўрттирманг. Акс ҳолда "номукаммаллик комплекси” "бутунлай яроқсизлик комплекс”га айланиб қолади. Тўғриси, атрофдагилар бизнинг наздимиздаги "ўта ёмон” камчиликларимизни сезмайдилар ҳам. Сезмайдиларгина эмас, ҳатто уларни хислат сифатида қабул қилишлари ҳам мумкин. Бу гапда мантиқ қани дейсизми. Ана шу мантиқни топиш мақсадида тиниб-тинчимас тадқиқотчилар ХХ асрнинг 80-йилларида тадқиқот ўтказишган экан.

Компьютер дастурчилар "идеал” қиёфа моделини тузмоқчи бўлишган. Бу уларнинг назарида мутлоқ симметрик ва пропорционал юз бўлиши керак эди. Ҳамма ҳисоб-китоблар, хулосалар, рақамлар, маълумотлар компьютерга киритилган ва натижада мониторда юзида қилт этган ифода бўлмаган... ниқоб сурати чиққан.

Демак, гап шундаки, биз қисиниб юрган "камчилик”ларимиз, бор-йўғи ҳар биримизнинг индивидуал хусусиятларимиз бўлиб, бу ҳар бир шахсни такрорланмас одамга айлантираркан. Хўш, бунисига қалайсиз. Ана энди агар сизни "бурним қийшиқ”, "кўзим қисиқ”, "тишларим чиройли эмас”, "дарозман”, "қулоғим шалпанг” ва ҳ.к. қабилидаги "номукаммаллик комплекси” қийнаётган бўлса, бунақа ўзингизни камситишни йиғиштиринг. Менга ишонмасангиз компьютер кўрсатиб турибди-ку.

Қиёфасиз одам бўлишдан ёмони йўқ ахир. Масалан, кўзим қисиқлигидан ўкинмайман. Кўряпман-ку, шунга ҳар лаҳзада шукрона айтаман. Болалигимда устимдан кулишган. Тортиниб юрувдим. Бир куни қишлоғимизга янги видеофильм олиб келишди. Брюс Ли деганини ўшанда кўрганмиз. Кассетани алмаштиришаётганида, чироқ ёқилди. Синфдошим Брюс Лига ўхшаркансанми деб қолди. "Йўқ мен унга эмас, у менга ўхшайди” дедим фахрланиб. Буни албатта шунчаки айтдим-қўйдимда.

Энди қадимдан қолган бир мисолни эсга олсак. Машҳур нотиқ Демосфен болалигида ғўлдираб гапирган, товушларни аниқ талаффуз қилолмаган. Шуни бартараф этиш учун оғзига майда тошлар солиб, машқ қила бошлаган. Узоқ машаққатлардан сўнг шундай "сайрайдиган” бўлганки, замондошлари "Демосфен ундай деди”, "Демосфен бундай деган” каби ибораларни қўллай бошлаган.

Иккинчи марта «Йўқ»! Йўқ. Сиз энди ўзингизни бошқалар билан солиштирманг ва мавжуд бўлмаган идеал қидирманг. Чунки шу ҳолингизда бошқаларга ўхшамайсиз. Агар «қоматим ўхшовсиз» деб ўксинаётган бўлсангиз, нотўғри тасаввурдасиз. Чунки, фалончининг қомати (бурни, қулоғи, кўзи, сочи) менда бўлса эди, дейиш кулгили. Унда сиз сиз эмас, фалончи бўлишингиз керак-ку.

Учинчи марта «Йўқ»! Йўқ. Сиз ўз хислатларингизни камайтириб кўрсатманг. Отангизга балли. Комплекси бор одамлар, кўпинча шундай қилишади. Улар ўз ютуқларини, хислатларини, айтиш мумкинки, зийнатларини ўзлари сезмайдилар ёки сезса-да, "бошқалар нима деркин” деган ўйда инобатга олмайдилар. Шундай экан бир эслаб кўринг-а, ҳаётда сиз эришган ютуқлар ҳам бор: масалан, бирор соҳада тажрибангиз, маълумотингиз, касбингиз ёки бирор моддий бойлигингиз. Кўрдингизми: сизда ўзингизни ҳурмат қилсангиз бўладиган ютуқлар, хислатлар бор экан-а!



Бунисига нима дейсиз?

Агар одам такаббур ва димоғдор бўлса, уни номукаммаллик комплексига дучор бўлган деб хулоса қилиш қийин. Аслида ҳам шундай. Бўлмаса, нега у зўр бериб атрофдагиларга ўзининг устунлигини исбот қилишга уринаверади? Жавоби оддий – чунки унинг ўзи бунга ишонмайди.

Дарвоқе, ўша машҳур олим Альфред Адлер буни "манманлик комплекси” ва номукаммаллик комплексининг қарама-қарши томони деб атаган эди. Нима бўлганда ҳам у ҳар иккала ҳолатни ҳам комплекс деб атаган.

Манманлик комплексига учраган одам бошқалар берган баҳога лоқайддек туюлса-да, аслида у атрофдагилар нима дейишига жуда боғланиб қолган бўлади. Ўзини бошқалардан устун қўювчи бундай одам, атрофдагилар уни мақтаб турмаса, унинг хатти-ҳаракатидан ҳайратланмаса, хафа бўла бошлайди. Ростдан ҳам шундай.

Бунинг ёмон томони эса, бундай одам ўзининг хулқ-атворини эмас, балки атрофдагиларнинг ўзи ҳақидаги фикрларини ўзгартиришга уринади, бошқаларга ҳукмини ўтказмоқчи, уларни, ўзига бўйсундирмоқчи бўлади ва шу билан ... номукаммаллик туйғусининг ўрнини тўлдиради. Бошқа кўплаб сифатлар ва хислатлар каби шахснинг бундай хусусияти болаликда шакллана бошлайди.

Энди бир кўз олдингизга келтиринг. Бундай одамлар қандай оилада вояга етади. Албатта ота-она ўз фарзандини фақат жуда яхши, одобли, гапга қулоқ соладиган бола деб биладиган оилада-да. Бундай оилада туғилган шахс улғая бориб ўзи англамаган ҳолда атрофдагилар, ўртоқлари, ҳамкасблари, танишларига ўзининг одобли, интизомли, жуда яхши эканлигини кўрсатишга уринаверади. Чунки у ўзидаги бошқа камчиликлар кўзга ташланиб қолишидан қўрқарди. Шу ерга келганда Тўлқин аканинг "ака-ука комплекслар” дегани ёдимга тушаверади-да.

Хуллас, нима бўлганда ҳам инсон характеридаги бу икки хислат болалик давридан шаклланиб бораркан. Нима бўпти, дейсизми? Менимча оилада, мактабгача тарбия муассасаларида, мактабда ҳар бир бола тарбиясига алоҳида ёндошиш, боланинг дилида не ўйлар кечаётганлигини билиб туриш, унинг характерида кибр ва манманлик ёки ўта тортиночқлик илдиз отиб кетишига йўл қўймаслик лозим. "Бола бошдан” деган гап бекорга айтилмаганга ўхшайди. Буни юқоридаги мисолларда ҳам кўрдингиз.



Норсафар ИМОМОВ
Просмотров: 958 | Добавил: lenger | Рейтинг: 5.0/2
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:

Copyright MyCorp © 2024